Азиз Несин. Қарғалар сайлаган подшоҳ (ҳикоя)

Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим-қадим замонда бир мамлакатда бир бечора камбағал бўлган экан. Бир кун тўқ бўлса, уч кун оч ётар экан. Шунга қарамай шукрни тилидан туширмас экан. Бутун хаёли ҳаммага ёрдам бериш экан. Яхшилик қилишни хоҳлар экан, аммо қандай ёрдам бериш кераклигини билмас экан. Ора-сира, “Эҳ, кошки, кучим етса-да, ночорларнинг оғирини енгил қилсам…” деб ният қилар экан.
Унинг ниятини эшитганлар: “Қани айт-чи, ниятинг ижобат бўлиб, ғойибдан куч келса, қандай яхшилик қилган бўлардинг?” деб сўрашибди.
Камбағал: “Қандай бўларди, яхшилик қилардим ҳаммага… Аввал ўша куч келсин, ўзим биламан қандай яхшилик қилишни…” дебди.
Кунлардан бир кун тоғ чўққисига чиқиб “Тангрим, менга ёрдам бер, мен ҳам одамзодга яхшилик қилмоқчиман…” дея ёлворибди.
Тоғда гиёҳ териб юрган бир кекса одам унинг ёлворишларини эшитиб:
— Салом, ўғлим! — дебди.
Камбағал қайрилиб қараса, оппоқ соқолли бир нуроний бир чол тепасида турибди.
— Салом, отахон, — дебди ҳайратланиб.
— Боядан бери нима деб ёлворяпсан, Тангридан нималарни сўраяпсан?
Камбағал дардини чолга айтибди. Одамларга яхшилик қилиш истагида ёниб қоврулаётганини тўлиб-тошиб тушунтирибди.
Оқсоқол унинг сўзларини тинглаб бўлгач дебди:
— Сенга ўхшаб жуда кўп инсонлар бошқаларга яхшилик қилишни хоҳлаб ўтишди бу оламдан. Яхшилик қандай қилинишини билганингда эди, бу савдодан воз кечган бўлардинг. Одамзодга яхшилик қилиш, ёмонлик қилишдан кўра мушкул ишдир. Дунё бино бўлгандан бери бу ишни уддалаш жуда оз инсонгагина насиб қилган.
Оқсоқол қанча тушунтирса ҳам камбағал ўз билганини такрорлайверибди.
— Эҳ, қанийди, менга ҳам шундай имкон насиб қилса! Мен бошқаларга ўхшамаяман. Менга шундай мартаба берилса, дунёдаги барча ёмонликларни ер юзидан супуриб ташлайман. Бу дунёда камбағал одам қолмайди. Уриш-жанжалларни батамом унуттириб юбораман. Барча муаммоларни ҳал қиламан…
— Ниятинг дуруст, аммо қандай амалга оширишни билмайсан. Сендан аввал ҳам нима қилишни билмайдиган хаёлпарастларнинг кўпи келиб кетди.
Камбағал:
— Яхшилик қилишдан осони бор эканми? Бунинг нимаси қийин? — дебди.
Оқсақол унга жавобан:
— Ҳа, майли, демак яхшилик қилишни шунчалик истаётган экансан, бу ерда турма, юрт кезиб, оқ-у қорани танигин. Вақти келганда сенга ўзинг хоҳлаган имкон берилади. — дебди.
Яхшилик қилишни хоҳлаган одам оқсоқолнинг гапини дилига тугиб йўлга отланибди. Бир неча йил давомида турли мамлакатларни кезибди. Турфа халқ, турфа одатларни кўрибди, эл-юртни танибди. Қаерда тўхтаса, яхшилик қилиш истагида юрганлигини тилга келтирибди.
Шундай кунларнинг бирида, қуёш уфққа бош қўйишга чоғланган бир маҳалда бир қалъага етиб келибди. Қалъа айланасига баланд девор билан ўралган экан. Дарвозасини топиб, ичкарига кирибди. Қалъа ичига киргач хайратдан эси оғибди. Кенг майдонда тумонат одам. Ҳаммаси кўкка қараб ҳайқириб ётганмиш. Камбағал ҳам беихтиёр оломонга қўшилибди. Камбағал айтилаётган гапларга қулоқ солибди. Ҳамма бор овозда деярли бир хил гапларни айтиб бақиришаётган экан:
— Юртдошлар! Мен сизга яхшиликни раво кўраман. Қарғаларга айтинг, мени сайласинлар. Подшоҳ бўлсам, кўрасиз, сизларга беҳисоб яхшиликлар қиламан. Бу қалъанинг ариқларидан сув эмас, шарбат оқади. Йўлакларга тош эмас олтин тўшалади. Уйингиз қанд-у шакарга тўлади, ширинлик ейишдан безиб кетасиз. Шу даражада роҳат қиласиз-ки, ҳузур-ҳаловат сизни тинч қўймайдиган бўлади. Азиз, ватандошларим! Қарғаларга айтинг, мени сайласинлар…
Барчанинг оғзидан бир хил нидо чиқаётганини кўриб таажжубланибди камбағал. Бир ёнига қараса, не кўз билан кўрсин-ки, йиллар аввал тоғ тепасида учратган оқсоқол турганмиш.
— Салом, отахон! — дебди камбағал шоша-пиша.
Оқсоқол унга қараб:
— Салом, ўғлим! — дебди.
— Қизиқ, ҳамма бир хил гапни такрорлаяпти… Нега бақиришаётганини тушунолмай қолдим, дебди оқсоқолга.
Оқсоқол:
— Ҳамма фақат ўзининг яхшилик қилиши мумкинлигини таъкидламоқ истайди. Аммо ҳеч бири ўша яхшиликни қандай амалга ошира олишини тасаввур ҳам қилолмайди. Шунинг учун бақириш билан овора.
— Бу одамлар, ҳар доим шундай бақиришадими?
— Йўқ, сайлов арафасида бақиришади. Бу мамлакатда ҳар йили бир марта сайлов бўлади. Сайлов маҳали ҳамма ўзининг сайланишини хоҳлаб шовқин кўтаради.
— Нега?
— Чунки ҳамма ўзини ҳақ деб билади. Сайлангач яхшилик қила олишини ўйлайди. Ёмонлик қилишни ҳеч бири хоҳламайди.
— Кимни сайлашади бу сайловда?
— Подшоҳни сайлашади… Бу мамлакат бошқа мамлакатларга ўхшамайди. Баъзи давлатлардаги каби тахт отадан ўғилга мерос бўлиб ўтмайди. Ҳар йили халқ ичидан бир кишини сайлаб подшоҳ деб эълон қилишади. Танланган одам подшоҳлик муддати ичида халққа яхшилик қилса, ваъдасини амалга оширса подшоҳ бўлиб қолаверади. Акс ҳолда сайлов ўтказилиб, тахтдан узоқлаштиришади. Ҳозиргача бир йилдан кўп подшоҳлик қилган одам чиқмади бу мамлакатда.
— Тушунарли, нега ҳаммаси “қарға, қарға” деб бақиришмоқда?
— Бу ўлкада подшоҳни қарғалар танлайди-да шунга… — дебди оқсоқол.
Шу пайт осмонни қоронғилик қоплабди. Кўкда қуюқ булут мисоли қарға галаси пайдо бўлибди. Қарғалар қуёш нурларини тўсиб, қағиллашиб юрт осмонида айлана бошлашибди. Оломон:
— Қарғалар, қарғалар, қадрдон қарғалар… Мени сайланг, мени сайланг… — деб бақириша бошлабди.
Бир дона қарға айланиб-айланиб камбағалнинг бошига яқинлашибди ва бошига ахлат қўндириб яна осмон-у фалакка кўтарилибди.
— Учдан бир ҳисса подшоҳ бўлдинг, дейишибди оломон унга қараб.
Нима рўй берганини англолмаган камбағал ёнида турган оқсоқолдан сўрабди:
— Нима бўлди, нималар дейишяпти?
— Бу ерда подшоҳ сайлаш шу тарзда амалга оширилади. Бир қарға бир кишининг бошига уч марта ахлатини ташласа ўша киши подшоҳ бўлади. Сен ҳозир учдан бир ҳисса подшоҳсан. Дуо қилгинки, қарға яна икки марта бошингга ахлатини ташласин.
Кўп ўтмай, ҳалиги қарға яна ерга яқинлашибди ва камбағалнинг боши узра айланиб аҳлатини ташлаб ўтибди. Оломон ҳайқирибди:
— Учдан икки ҳисса подшоҳ бўлдинг!
Қарға учинчи бор яқаинлашганда халойиқ янада бадтар шовқин кўтарибди:
— Қарғажон, қарға, менинг бошимга … — деб бор овозда ёлвора бошлашибди.
Қарға бу сўзларга қулоқ солмай яна камбағал боши узра айланишда давом этибди ва яна бир бор унинг бошига ахлатини ташлабди. Халойиқ:
— Подшоҳ бўлдинг, энди подшоҳ сенсан… — дея бақиришиб қўл силкишибди. Камбағални елкасига кўтариб саройга олиб боришибди. Тахтга ўтиргандан кейин биринчи қилган иши қарғанинг яхшилигига жавоб тариқасида боғ-роғлардаги бутун қўриқчиларни олиб ташлаш ҳақидаги фармонни имзолаш бўлибди. Қарғага тош отганларни, уни боғидан қувганларни жазолабди. Бу ҳам камлик қилгандай, кунда бир бор атрофга дон-дун сочиб қарғаларни меҳмон қилишни амр қилибди.
Халқ эътироз қилса ҳам подшоҳ эътибор қилмабди. Унинг кўзи қарғадан бошқасини кўрмас эмиш. Шу тариқа йил ўтибди. Халқ яна сайлов учун майдонга тўпланибди. Яна айни ҳол, ҳамма ўзининг эзгу ниятларини тилга келтириб бақира бошлабди. Яна кўк юзини қарғалар қоплабди. Қарғаларнинг қағиллаши оламни тутибди. Ҳар йил подшоҳни бир қарға танлар экан. Бу йилги подшоҳдан беадад яхшилик кўрган қарғалар шукрона рамзи сифатида ичларидан ўн нафарини ер юзига юборибди. Ўн қарға ўтган йилги подшоҳ бошига яқинлашиб бир вақтининг ўзида ахлатини ташлашибди. Подшоҳ яна қайта сайланибди. Подшоҳ ҳам қарғаларга миннатдорчилик маъносида янги фармонини эълон қилибди. Энди ҳар бир оила уйида йигирма донадан қарға боқиши шарт эмиш. Қарғаларни турли табиий офатлардан ҳимоя қилиш мақсадида махсус уйчалар қуришни тайинлабди. Қарғалар бундай парваришдан мамнун бўлиб семириб-шишиб кетишибди. Ҳар бири ҳинди куркадай бўлиб кетибди.
Вақт ўтиб яна сайлов яқинлашибди. Халқ майдонга тўпланибди. Шикоятини тилига тўкса нима ўзгарарди-ки?! Куркадай юз қарға учиб келиб яна эски подшоҳни танлаганликларини намойиш қилибди. Учинчи бор подшоҳ бўлган одам:
— Қарғалар устида бир дона ҳам бит қолмаслиги керак. Қарғалар тозалансин! Битлардан ҳимоя қилинсин! Қарғаларнинг тирноқлари жилолансин! Ёғлаб ялтиратилсин! — дея халққа буйруқ берибди.
Қарғалар эътибор ва эъзоздан семириб қўйдай бўлибди. Урчиб кўпаяверибди. Аҳвол шу даражага борибди-ки, қарғалар кўпайиб қалъага сиғмай қолибди. Вақт айланиб яна сайлов куни яқинлашибди. Қарғалар подшоҳга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлибди. Бу сафар беш юзта қарға келиб ҳар бири уч мартадан подшоҳга “ҳурмат” бажо келтирибди.
Подшоҳ ҳам қарғаларга миннатдорчилик билдириш мақсадида янги фармонлар чиқарибди. Ҳаддан зиёд эъзозланган қарғалар туфайли шаҳарда инсонларга жой қолмабди. Одамлар уй-жойини, мол-мулкини ташлаб кўчиб кета бошлашибди.
Орадан бир йил ўтибди. Сайлов замони яқинлашибди. Бу вақт мобайнида боқилган қарғалар бўрдоқи сигирдай бўлиб катталашиб кетибди. Шаҳар осмонида сигирдай-сигирдай қарғалар пайдо бўлибди. Уларнинг шовқинидан қулоқлар батанг бўлибди. Қарғалар миннатдорчилик эвазига ҳаммалари тўпланишиб подшоҳнинг устига “ташаккур”ларини ёғдиришибди.
Халқ сайланган подшоҳни саройга элтиш учун майдон марказига йўл олибди. Келиб қарашса, подшоҳ қарға ахлатига ботиб ўлиб ётган эмиш.
Олдинига таажжубланган халқ кўп ўтмай яна шодон ҳайқира бошлашибди:
– Қарғалар, қарғалар, қадрдон қарғалар… Мени сайланг, мени сайланг…

1965

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси