Азиз Несин. Пашшалар бўлмасайди… (ҳажвия)

Ўн ёшга қадам қўйганида, у шундай деганди:
— Эҳ, агар менинг портфелим бўлганида борми! Эҳ, бошқа болаларда бўлгани каби китоб ва ўйинчоқларим бўлса эди! Ўшанда қандай ўқиш кераклигини кўрсатиб қўярдим. Аммо менда ҳеч нарса йўқ. Бундай аҳволда аъло баҳога ўқиш мумкинми?..
Ўн уч ёшга тўлганида, бошқа болаларда бўлгани каби, унинг ҳам дафтар-қалами, китоб ва ўйинчоқлари, портфели бор эди. Лекин ўқишни эплолмади.
— Кўриб турибсиз-ку, менинг уст-бошим ўртоқларим устидаги кийимдек башанг эмас, — нолиди у. — Онам, отам, укаларим — ҳаммамиз бир хонада яшаймиз. Шундай шароитда яхши ўқиш мумкинми? Эҳ, жилла қурса, ўзимнинг ёзув столим ва шкафим бўлса эди! Ўшанда мендаги қобилият яққол кўзга ташланарди.

* * *

Ўн саккиз ёшга тўлганида унга алоҳида хона ажратиб беришди.
— Шу ёшда ҳафтасига ақалли ўн лира чўнтакка тушмаса, қандай хотиржам ишлаш мумкин? Китоб ва картиналар сотиб олишим зарур! Ана ўшанда ўзимни кўрсатардим!
Йигирма ёшида унинг бу орзулари рўёбга ошди.
— Эҳ, ўқув курсини тезроқ тугатсайдим! Ҳаёт – бошқа, ўқиш – бошқа! Университетни битирсам, шундай шаҳд билан ишлайманки, шундай ишлайманки, мана кўрасиз! Мен шундай машаққатли меҳнат ҳақида ёзаманки, ўқиганлар… Эҳ, эҳ, тезроқ университетни тамомласам!
Университетни тугатганида, у йигирма тўрт ёшга тўлган эди, деди:
— Мен ўзим истагандай ишлолмаяпман. Бутун фикри-зикримни ҳарбийлик банд этиб турибди. Эҳ, тезроқ муддатли хизматни адо этсайдим, бош кўтармай кеча-кундуз ишлардим. Катта меҳнат катта куч талаб қилади. Шундай нарсани ёзардимки, ҳамма фақат мен ҳақимда гапира бошлайди. Эҳ, бу ҳарбий хизмат!

* * *

Ҳарбий хизматдан қайтганида у йигирма олти ёшда эди.
— Ишлолмаяпман! Ўзим истагандай меҳнат қилолмаяпман. Энг ёмони, ёзишга қўлим бормаяпти. Умуман, бундай аҳволда ёзиш мумкинми? Бир тишлам нон топишни ўйлаш керак. Агар кишида етарлича имконият ва даромад бўлмаса, у қандай қилиб ёзади? Эҳ, шарт-шароит рисоладагидек бўлганида борми! Кечқурундан тонгга қадар ишлардим ва бинойи бир асар ёзардим.

* * *

У йигирма саккиз ёшида муқим иш ўрнига эга бўлди.
— Ишлаб қониқмаяпман, мана шунақа! — депсинди у. — Мулоҳаза қилиб кўринг, қандай ишлаш мумкин, ахир? Одам деганнинг ўз уйи, радиоприёмниги бўлиши керак. Унинг қулоғини бурасанг, таралаётган мусиқадан руҳланасан, илҳомланасан! Шундай шароит бўлса, дам олмасдан ишлаш, оҳанг таъсирида ёзиш анча баракали кечади. Эҳ, ўзимнинг радиом бўлганида борми!
Йигирма тўққиз ёшида у бутун бир қаватни эгаллаган уйга эгалик қилди. Радиоприёмник ҳам сотиб олди. Аммо анча йиллардан бери орзу қилиб келаётган асарини ёзиш учун столга ўтиришга шижоат тополмади.
— Эҳ, бу ёлғизлик! — деди у. — Ёлғизлик азоби қурсин! Кўксимда ғор каби бўшлиқни ҳис қилаяпман. Шу аҳволда қандай ёзиш, ижод қилиш мумкин? Иш одамни ўзига жалб этиши керак. Ким учун ишлаяпман ўзи? Нима мени илҳомлантиради? О, муҳаббат, қайдасан?
Ўттиз ёшида севиб қолди. У севди ва уни севишди. Аммо анча вақтдан буён ўйлаб юрган асарини ёзмоқчи бўлиб столга ўтиришга журъат этолмади.
— Муҳаббат — муқаддас туйғу, — деди у, — албатта, бу ажойиб! Лекин… уйланиш керак. Кўрасиз, уйлангач, шундай ишлайманки, ҳаётим ўз маромига тушиб кетади! Эҳ, бир яхши жуфти ҳалолимни топсам эди! Бирор дақиқани ҳам бекорга ўтказмасдим!
Ўттиз икки ёшида уйланди. Бахтиёр бўлди, бироқ ўзи ўйлагандек меҳнат қилишга куч тополмади. Аммо у бунга ҳам асосли важ кўрсатишга уринди:
— Зиммамда турмуш ташвишлари турибди. Кун бўйи пул топиш илинжида ишлаб юрибман. Ижод учун вақт қайда! Ижодкор ҳар томонлама маълумотга эга бўлгандагина ўзини шу ишга бахшида этади. Шу топганларим билан бундай имкониятни яратишим мумкинми, ахир?!
Ўттиз олти ёшида унинг маоши ошди. Ойлиги кўтарилди, лекин унинг сўзларига қулоқ тутайлик-чи, нима деркин:
— Албатта, алоҳида уйим бор. Аммо… хоналари тор, бунинг устига болаларим ҳам ёнимда. Шундай биқиқ муҳитда ижод қилиш мумкинми? Эҳ, менда тўрт ёки беш хонали уй бўлганида эди! Шундай ишлардимки, эҳ, шундай меҳнат қилардимки!..
Ўттиз саккиз ёшида беш хонали уй олди. Шундай бўлса-да, унинг иши юришмади. У ишлаёлмади. Бунда унинг айби борми?
— Шаҳарда ижод қилиш қийин экан. Деразадан келаётган шовқин-суронда ишлаб кўринг-чи. Мослашиш учун менга осудалик керак. Бу ерда чанг-тўзон, кўча ҳайқириқлари баралла эшитилиб туради. Эҳ, агар шовқин-сурондан холи ҳовлим бўлганида эди, ҳаммага қандай истеъдод эгаси эканимни кўрсатиб қўярдим.
Қирқ ёшида, ўзи орзу қилганидек, барча шарт-шароит муҳайё ҳовлига эга бўлди. Ойналардан гўзал манзаралар кўриниб турарди. Теварак-атрофини сокинлик ва қулайликлар чулғаб олганди. Аммо…
— Айтинг-чи, уйингизда эътиборли нарсалар, деворга осиб қўйиладиган қимматли картиналар, катта ёзув столи, қулай кресло ва юмшоқ гиламлар бўлмаса, одам ижод қила оладими?! Ижод учун кўз қувонадиган нарсалар бўлиши керак. Мумтоз мусиқаларни эшитадиган мосламалар зарур. Ана ўшанда кўз ва қулоқларинг зийрак тортади — шунда сен ҳам чин дилдан ижодга шўнғиб кетасан. О, қудратли худо, қачондир менинг орзу-умидларим рўёбга чиқадими?!
Ниҳоят, унинг орзулари амалга ошди. Қирқ икки ёшида барча имкониятларга эга бўлди. Хўш, кейин-чи?
– Эҳ, сиз бир дақиқага мен бўлиб кўринг! Ташқаридан буни тушуниш қийин. Пулим бор, яхши яшаяпман. Болаларим ҳам бинойи. Кенг уйда ажойиб шароит мавжуд — барча қулайлик муҳайё. Ёруғ ойналардан мўъжизаларни томоша қилиш мумкин. Гўзал ва қимматбаҳо нарсаларим бор. Шунга яраша вақтим ҳам етарли. Аммо — лекин… пашшалар! Мени пашшалар енгаяпти. Столга тинчгина ўтириб, ижод қилишимга халақит бераяпти. Бу ҳашоратлардан қанчалик азоб чекаётганимни билсангиз эди! Улар туфайли кундузлари ухлолмайман, мириқиб ухлолмаганим учун эса кечаси ишлолмайман. Ойнани ёпсанг — дим, пардани тортиб қўйсанг — гўзаллик йўқолади. Қишда ишлаб кўрсаммикин? Совуқда пашшалар бўлмайдими? Бунга ишончингиз комилми? Нима учун қишда ҳам пашшалар яшаши мумкин эмас?.. Эҳ, мен ҳатто билмайман, пашшалар бўлмаганида эди, қандай асарлар яратган бўлардим-а!..

Рус тилидан Муродулла Ғафуров таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 31-сонидан олинди.