Азиз Несин. Денгиз оёқ остида (ҳажвия)

Истанбулнинг уч томони денгиз. Тўғрироғи, денгиз Истанбул заминига ҳар томондан ёриб кирган. Лекин шундай бўлса ҳам, Истанбулда денгизга кириш нариги дунёда жаннатга киришдан ҳам қийин. Истанбулнинг у учидан бу учигача денгиз соҳилларини баъзи одамлар сотиб олган. Денгизнинг сотиб олинишига ақл бовар қилмайди. Худога шукрки, денгизни сотиб олганлар ҳавони ҳам сотиб олишмабди. Аслида денгиз билан ҳаво орасида унчалик катта фарқ йўқ. Уни ҳам сотиб олиб, бизни ҳавосиз қолдирмаганларига шукр қилайлик. «Қовоқлар»дан «Чекмече»гача, «Шиле»ден «Пендик»ка қадар шу гўзал Истанбул соҳилларида денгизга текин кириладиган бир қарич ҳам бўш жой қолмаганлигини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайман.
Бундан ўн йил олдин бўлган бир воқеани сизга сўзлаб берай. Анадўлу бўйлаб саккиз йиллик кўч-кўчлардан кейин ниҳоят Истанбулга қайтдик. Айниқса, бола-бақра ўзида йўқ шод эди. Истанбулга келдикми, ҳеч бўлмаса, денгиз соҳилида бир уйни ижарага олиб, роҳат қилайлик, деган хаёлга бордик. Аммо бунинг иложини тополмадик. Денгиз соҳилида бўлмаса, денгизга яқин бир жой бўлсин, дедик. Бу ҳам бўлмади. Майли, ҳеч бўлмаса, денгиз кўриниб турган жой бўлсин, дедик. Узоқдан бўлса ҳам денгизга қараб кўнглимиз, кўзимиз қувонади. Аммо денгизга узоқдан боқиш ҳам осон иш эмас экан. Шундай жой қидириб юрган кунларимиздан бирида «Жаҳонгир» маҳалласида денгизга қараган бир уй бор, деб қолишди. Уй эгаси бизга ҳали хонани кўрсатмай туриб:
— Икки юз лира, — деди.
— Йўғ-е…
— Истасангиз, шу. Икки хона, бир даҳлиз…
— Жудаям қиммат, ҳам кичкина…
— Аммо денгиз кўринади, афандим.
Денгизни кўриш орзуси устун чиқди. Икки хона учун ўша пайтнинг пули билан икки юз лирага рози бўлдик. Уй эгаси бизга хонани кўрсатадиган бўлди. Уй тик тепалик ёнбағрига қурилган экан. Эшикдан кириб, зина билан бир қават пастга тушдик. Ие, бу қанақаси бўлди… Одатда, денгизни кўриш учун юқорига чиқилар эди. Бундай ер остига тушилмасди. Ҳали бу ҳам ҳолва экан. Яна бир қават пастга тушдик. Ичимда, денгизни эҳтимол остидан тепага қараб томоша қилсак керак, деб хаёл қилдим. Қоп-қоронғу бир жойда тўхтадик. Уй эгаси чақмоғини чақди. Электр тугмасини топиб, буради.
— Эҳ, электр оқимини узиб қўйишибди-ку, — деди.
Чақмоқ ёруғида эшикни очди, ичкарига кирдик. Хона ичи ғира-шира ёруғ эди. Уй қияликда қурилгани учун бир томони ернинг остида, иккинчи томони эса ернинг устида экан.
— Сиз иккинчи қават дегандингиз-ку? — дея сўрадим уй эгасидан.
— Худди шундай, — деди у, — бунинг остида яна икки қават бор.
Уйнинг ташқарига қараган учта деразаси бор эди. Учала деразадан ҳам диққат билан қарадим. Бир неча дарахт ва девордан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. қизиқ, денгиз деганлари қаёқда экан?
— Сен ҳам яхшилаб бир қара, мен денгиз-пенгизни кўрмаяпман, — дедим хотинимга.
— Мен ҳам на денгиз, на бир унга ўхшаш нарса кўраяпман, — деди у.
Уй эгасидан сўрадим:
— Афандим, сиз денгиз кўринади, демаганмидингиз? Ёки деворга денгиз расми осилиб, унга қараладими?
— Нималар деяпсиз! Уйимдан денгиз кўринмаяптими?
Қарасам, авзойи бузуқ, уйимни ҳақорат қилди, деб бизни судга беришдан ҳам тоймайди.
— Кечирасиз, афандим, — дедим, — мақсадим уйингизни ерга уриш эмас… На мен, на хотиним денгизни кўра олдик. Балки бошқаларга кўринар. Аммо бизга кўринмади.
— Курси опкелинг! — дея юқорига овоз берди. Хизматчи бир курси келтирди.
Уй эгаси курсининг устига чиқди. Христофор Колумбнинг қуруқликни кўриб, «Ер кўринди» дея ҳаяжонланиб қичқирган кемачисидай:
— Ана-ку денгиз! — деб бақирди, — баркашдай ялтиллаб оёғингизнинг остида турибди-ку!
У пастга тушди, курсига мен чиқдим. Ие, бу қанақаси бўлди?! Кўз илғайдиган жойда денгизга ўхшаш бирорта ҳам нарса йўқ. Нима бало, бу одамнинг кўзига сароб кўринганми ё жинни-пинними? Ё бўлмаса, «денгиз бор, денгиз бор» деб бизга руҳий таъсир қилиб, охири кўрганимизга иқрор қилмоқчими?
— Кечирасиз, афандим. Мен денгизни яхши биламан. Истанбулда туғилиб, ўсганман. Деразадан қараяпман, бир неча бўлак мовийликдан бошқа ҳеч нарса кўринмаяпти. У ҳам осмонда бўлганлигидан, булут бўлса керак, — дедим.
— Бўйингиз қанча? — деб сўради мендан уй соҳиби.
Бошқа пайт бўлганида бўйим қанчалигини айтмас эдим. Бироз бўшашиб:
— Биру эллик саккиз,— дедим.
— Ҳа, гап буёқда экан-да, — деди у. — Мен бу одам нега денгизни кўролмаяпти, кўзини парда қоплаганми деб, ҳайрон бўлаётган эдим. Энди нега денгизни кўрмаганингиз маълум бўлди.
— Нега кўролмаётган эканман?
— Бўйингиз паст экан-да… Денгизни кўриш учун энг ози биру етмишлик бўй керак. Оёғингизнинг учида туринг-чи, кўрармикансиз?
Оёғимнинг учида туриб қарадим, аммо денгиз яна кўринмади.
— Бироз сакранг, ўшанда кўрасиз.
Денгизни кўраман деб курсининг устида сакрай бошладим. Бошим шифтга тегай-тегай дейди. Лекин денгиздан дарак йўқ.
Уй эгаси:
— Стол келтиринг, — деб бақирди, — балкондаги кичик столни…
Столни келтирдилар. У столнинг устига курсини қўйди. Курсининг устига эса мен чиқдим.
— Энди нимани кўраяпсиз? — деб сўради у.
Мен қувонганимдан курсидан циркчилардай ўмбалоқ ошиб тушишимга сал қолди.
— Кўрди-и-и-м, кўрдим! — дея бақириб юбордим.
— Нимани кўрдингиз?
— Денгизни кўрдим, денгизни…
Хотиним ҳам қувониб кетди:
— Худога шукур, ҳаётингизни таҳликага қўйиб бўлса ҳам, столнинг устидаги курсидан охири денгизни кўрдингиз. Табриклайман. Денгизнинг қаери кўринаяпти? Мармара тарафими ё Бўғоз тарафими?
— Қайси тарафи эканлигини билолмадим. Бир қарич қадар денгиз кўринаяпти.
Уй эгаси бу сўзимдан ўпкаланди:
— Истанбулликман, дейсиз-да, денгизни танимайсиз. Сиз денгизнинг қиз минорасидан икки юз метр ғарби ва у билан Саройбурну орасидаги қисмини кўриб турибсиз.
Уй эгаси, эшикбон ва хотинимнинг ёрдами билан курсидан тушдим.
— Эҳ, кўнглим ёришди, — дедим, — денгиз ҳавоси бошқача бўлади-да.
Хотиним анчагина тўла бўлганлиги учун афсусланди:
— Мен курсига чиқиб кўролмайман-да.
— Албатта, стол, курсига чиқиш осон эмас, — дедим. — Бу ерга кўчиб келгач, бир чорасини топармиз. Масалан, чиғириққа ўхшаган бир нарса…
— Инсон денгизни уйида, ётган еридан кўрганига нима етсин, — эътироз билдирди хотиним.
— Ётган ерингиздан ҳам денгиз кўринади, — деди уй эгаси.
— Қанақасига? Столнинг, курсининг устига ётиладими?
— Йўқ. Сиздан олдинги кирачилар ётган жойларидан денгизни бемалол томоша қилишарди. Ҳалиги, сув ости кемаларининг перископи бор-ку, ўшандай бир перископ топсангиз, бўлди. Хотиржам ерга ётасиз-да, оёқларингизни деворга тираб, бемалол денгизни томоша қилаверасиз.
— Перископ дедингизми? Бу асбобни топиб бўладими?
— Топганда қандай. Узоқ вақт Истанбулда бўлмаганингиз кўриниб турибди, ҳозир Истанбулдаги уйларнинг саксон фойизида перископ бор. Перископ ҳар бир уй учун керакли ашё. Оқшомлари уйингизга чарчаб келганингизда ундан денгизни бир томоша қилсангиз, баҳри дилингиз очилади.
— Тушунарли, афандим, бу уйнинг қадрига етмапсиз.
Уй соҳиби ҳайрон бўлиб сўради:
— Нега?
— Бу хона ойида икки юз эмас, энг ози кунда икки юз лира келтиради.
— Қанақасига?
— Қанақа бўларди, газеталарга «Ажойиб денгиз манзарасини томоша қилишни истаганларга қулай имконият. Соати икки ярим лира» деган бир эълон беринг. Эшикда патта йиртишга ҳам улгуролмай қоласиз.
Сал бўлмаса у билан муштлашиб кетардик. Шу заҳоти ташқарига чиқдик. Зинада хотиним минғирлади:
— Шу ергача келиб, бир мартагина бўлсаям денгизни кўролмадим-да!

Туркчадан Носир Муҳаммад таржимаси.
 “Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон