Азиз Несин. Чумчуқ ови (ҳикоя)

Адвокат дўстим Урхон Опойдин бир куни гап орасида:
—    Мен ҳам бир марта ёзувчилик қилганман, — деб қолди.
—    Қандоқ қилиб? — сўрадим мен.
У ҳикоя қилиб берди.
—    Бошланғич мактабда, тахминан учинчи синфда ўқиб юрган пайтларим эди. Якшанба кунлари далага чиқиб, маза қилиб ўйнаб келардик. Асосий эрмагимиз рогатка (сопқон)га тош солиб отиш эди. Ана шундай кунлардан бирида Бурхон акам билан ўйнаб юриб, қуш овлашга жазм қилдик. Резинка рогаткага майда тошлардан қўйиб, қушларни пойлаб отамиз, ҳечам тегмайди. Бир пайт қўққисдан рўпарадаги дарахтдан бир гала чумчуқ «пир» этиб осмонга кўтарилди. Бурхон акам дарҳол резинкани чўзиб туриб бир отган эди, битта чумчуқ «тап» этиб ерга тушди. Ўқимиз нишонга тегишини кутмаган эканмиз шекилли, икковимиз ҳам эсанкираб қолдик. Кейин чумчуқнинг теппасига югуриб бордик. Жон талвасада типирчилаб, тўлғаниб ётган қушчани кўриб, икковимиз бехосдан йиғлаб юбордик. Чумчуқ боёқиш учай деса учолмас, қочай деса қочолмасди. Ҳали тирик эди. Бу даҳшатли ўлим азоби бир-икки дақиқа давом этган бўлиши мумкин, аммо менинг назаримда у чексиздай туюларди. Чумчуқ ётган жойида типирчилаган сари биз баттар ҳўнграб йиғлардик. Охири у қимирламай қўйди. Қушчанинг жони узилган бўлса ҳам, ака-ука икковимиз ҳамон ҳўнг-ҳўнг йиғлардик. Мен унинг ўлимига сабабчи бўлган рогаткани олиб улоқтириб юбордим. Бурхон акам қўли билан ерни тимдалаб, чумчуққа гўр очди. Йиғи-сиғи билан уни кўмдик. Шундан кейин икковимиз бир оғиз чурқ этмай, хўрсина-хўрсина уйга қайтдик.
Eртаси куни синф ўқитувчимиз эркин мавзуда иншо ёзишни буюрди. Мен ўзимга ғоят таъсир қилган мана шу воқеани баён қилиб бердим. Ўқитувчимиз иншойимни ўқиб чиққач, жуда мақтади, кўкларга кўтарди. Хуллас, менинг умримда биринчи марта ёзган асарим шу бўлди.

Турк тилидан Миад Ҳакимов таржимаси