Азиз Несин. Чегара устидаги уй (ҳажвия)

Янги уйга кўчиб келганимизнинг иккинчи куни эди. Ўнг томонимизда бир қўшни бор. Йўлимиз уларнинг уйи олдидан ўтади. Дераза ёнига ўтириб олган бир кекса киши бизга қараб:
— Бу уйга кўчиб келмасангиз яхши бўларди, — деди.
Қарияга жаҳл билан эътироз билдирдим:
— Одатда, бир кирачи энди кўчиб келганида қўни-қўшни келиб, янги уй қутлуғ бўлсин, дейдилар. «Келмасангиз яхши бўларди» деганингиз нимаси? қўшнига ҳам шундай дейдиларми?
Қария пинагини ҳам бузмади:
— Мендан айтиш, — деди,— у уйга ўғри киради, шунинг учун гапирдим.
Қизиқ, бизнинг уйга киради-ю, бошқаларникига кирмайдими? Юрагим сиқилиб, сигарет олиш учун бурчакдаги дўконга кирдим.
— Ғалати одамлар бор-да, билиб-билмай валдирайверишади, дедим.
— Тинчликми? — деди баққол менга ўгирилиб.
— Уйимизнинг ёнида бир эзма чол бор. Уйларининг ёнидан ўтаётсам, «Сизнинг уйингизга ўғри киради, кўчиб келмасангиз яхши бўларди», дейди-да.
— Тўғри айтипти, — деди баққол, — кўчиб келмаганингиз яхши эди.
Лом-мим демай дўкондан ташқарига чиқдим. Ўша куни оқшомгача ўзимни қўйгани жой тополмадим. Кечқурун чап томонимиздаги қўшнилар танишгани киришди. Ярим кечаси чиқиб кетаётиб:
— Бу уй яхши-ю, аммо ўғри киради, — дейишди.
Бу гапни эшикдан чиқаётганда айтганлари учун «нега бизнинг уйга кирган ўғри сизникига кирмайди?» деб сўролмадим.
Юрагим сиқилганини сезган хотиним мени тинчлантиришга уринди:
— Қўявер, ҳаммаси бўлмаган гап. Ҳозир ижарага берувчилар уйдан чиқаришнинг минг хил йўлини топганлар. Демак, бу ҳам бир йўли. Уйга ўғри киради деб қўрқитиб, бизни уйдан чиқармоқчилар. Уйнинг ижара ҳақи арзон бўлганлиги учун ё ўзлари кўчиб киришади, ёки бир танишларини олиб келишади.
Бироз хотиржам бўлдим. Аммо кечаси барибир кўзимга уйқу келмади. Учрашув тайинлаган одамдай ўғри ана келади, мана келади деб кутиб ётдим. Энди кўзим илинган экан, тиқирлаган товушдан сакраб туриб кетдим. Ёстиқнинг остидан тўппончамни олиб:
— Қимирлама, бўлмаса отиб ташлайман, — дея қоронғиликка қараб бақирдим. Уйга энди кўчиб келганлигимиз учун электр тугмасини тополмай қолдим. Уни қидириб у девордан бу деворга ёпишаман. Шу пайт оёқларимга нимадир илашдию гурсиллаб ерга ағанадим. Ўғри чалган бўлса керак деб ҳам хаёл қилдим. Нақ қорнини мўлжаллаб ўқларни бўшатардим-у, аммо йиқилганимда ўзим бир томонга, тўппонча эса бошқа томонга учиб кетган экан…
— Ҳа-ҳа-ҳа— қоронғиликдан этни жимирлатадиган қаҳқаҳа юксалди.
— Аблаҳ, сен билан сичқон-мушук ўйини ўйнаяпмизми, мард бўлсанг қаршимга чиқ, — дея бақирдим.
— Ҳар ҳолда электр тугмасини қидираётгандингиз, шекилли. Эшикнинг ўнг томонида. Янги ижарачилар ҳамиша уни топгунча шундай қийнали-
шади.
Овоз қоронғиликдан келарди.
— Қўлга тушсанг, нима қилишимни биласанми? — дея бақирдим.
— Билмайман, — деди қоронғиликдаги одам, — агар рухсат этсангиз, электрни ёқиб, сизга ёрдам қилай.
Шу пайт электр тугмасининг «чиқ» этган овози эшитилди, хона ёришди. Мен йиқилганда столнинг тагига кириб кетган эканман, хотиним эса каравотнинг остига беркинибди. Қаршимда мендан икки баравар қоматли, барваста одам турар эди. Агар ўрнимдан турсам, уни қўрқитолмаслигимга кўзим етди. Ётган жойимдан овозимни йўғонлаштириб:
— Сен кимсан? — дея сўрадим.
— Ўғриман.
— Менга қара, бошимни қотирма. Сен ўғри эмассан. Мен ўғриман деб бизни қўрқитиб, уйдан чиқармоқчисан. Кўзимга бир қара-чи…
— Ўғриманми, йўқми, ҳозир кўрасан, — деди у. Сўнгра отасининг уйига киргандек уёқ-буёқни титиб, керакли нарсаларни йиғиштириб ола бошлади. Бу иш орасида ўзича гапириб ҳам қўярди:
— Демак сиз бу хонани ётоқхона қилибсиз-да, олдинги ижарачилар бу ерни меҳмонхона қилишганди. Ундан олдингилари эса…
— Менга қара, — дедим, — сен ўғрилик қилаяпсан, аммо мен устингдан шикоят қиламан.
— Истасанг отангга шикоят қил, лекин мендан салом айтишни ҳам унутма.
— Аммо мен полицияга боргунимча сен қочиб кетасан-да.
— Қочмайман.
— Барибир қочасан. Уйда бор-йўқ нарсани тўплаб жуфтакни ростлайсан. Шунинг учун аввал сени боғлаб, кейин полицияга бораман.
Шу пайт хотиним бор овози билан бақирди:
— Ёрдам беринглар!..
Маҳалла аҳли гўё эшикнинг тагида пойлаб тургандек бир пасда уйни тўлдирдилар. Қўшнилар бепарвогина:
— Э, бу уйга яна ўғри кирибди-да, — дейишди.
Баъзилари эса:
— Кўрайлик-чи қайсиси экан, — дея бир-бирларидан сўрай бошлашди.
Қўшниларнинг ичида ўғрини таниганлар, у билан ҳол-аҳвол сўрашганлар ҳам бўлди. Ўғри эса шовқин-суронга эътибор ҳам бермай уёқ-буёқни кавлаштириш билан банд эди.
— Қани қўшнилар, ёрдам беринглар, бу ўғрини бойлайлик. Бориб полицияга хабар бераман, — дедим.
Қўшнилардан бири:
— Хоҳишингиз, аммо бекорга овора бўлаяпсиз-да, — деб қолди.
Қаерга кўчиб келиб қолдик ўзи, дея энсам қотди. Хотиним кир ёядиган ипларини олиб келди. Ўғри ҳам ҳеч қаршилик кўрсатмади. Унинг қўл-оёғини яхшилаб боғлаб, бир хонага киритиб қўйдик. Устидан қулфладик. Шу заҳоти полиция бўлимига чопдик. Хотиним барча воқеани комиссарга гапириб берди. Комиссар уйнинг адресини сўради. Айтдик.
— Ҳа, ўша уйми? — деди.
— Ҳа, ўша уй, — дедим.
— Афсуски, биз у уйга аралашолмаймиз, чунки у бизнинг ҳудудимиздан ташқарида, — деди комиссар.
— Хўш, биз нима қилайлик? Ўғрини бекорга боғлаб келдикми?
— Бир уй юқорида яшаганингизда бизнинг ҳудудга кирарди. У пайтда биз аралашардик.
— Юқоридаги уй бўш эмас экан-да, не қилайлик, — деди хотиним ачиниш билан.
Маълум бўлишича, бизнинг уйимиз икки полиция бўлими ҳудудининг нақ чегарасида жойлашган экан.
— Сизнинг уйингиз бошқа бўлимга қарайди, — деди комиссар.
У айтган бўлим анчагина узоқ экан. Биз у ерга боргунча тонг отди. Бўлимдагиларга воқеани тушунтирдик. Уйимизнинг адресини сўрадилар. Айтдик.
— Ҳа… Ўша уйми? — деди бир полициячи.
— Ҳа, ўша уй, — дедим.
— Бир уй пастда бўлганида биз қарардик. Сизнинг уйингиз бизнинг ҳудуддан ташқарида.
Шу пайт хотиним тилга кирди:
— Бечора одамни роса қисиб боғлаган эдик, ҳоли нима бўлди экан…
— Бизнинг уйимиз қайси ҳудудга киради, — деб сўрадим полициячидан.
— Сизнинг уйингиз жандарма ҳудудига киради, у ерга полиция аралаша олмайди. Сиз жандарма бўлимига боринг, — деб маслаҳат берди полициячи.
Яна йўлга чиқдик.
— Кел, аввал уйга бориб, ўғрига бир қарайлик, ўлдими-қолдими? — деди хотиним.
Чиндан ҳам, қисиб боғлаганимиз учун қони айланмай ўлиб қолса, нима бўлади? Ўғри ушлаймиз деб, қотил бўлиб қолмайлик.
Уйга бордик. Ўғри қандай боғлаган бўлсак, шундай турарди.
— Қалайсан? — дедим.
— Яхшику-я, аммо қорним очди, — деди.
Хотиним ўғрига овқат узатди. Аксига олиб уйда фақат ловия бор экан. Ўғри эса ловия емасмиш. Хотиним қассобдан гўшт олиб келиб пиширди. Уни ўғрининг олдига қўйиб, жандарма бўлимига шикоят қилиш учун жўнадик. Бориб бўлган воқеаларни тушунтирдик. Жандарма бўлими бошлиғи уйнинг адресини сўради. Биз айтдик.
— Ҳа… У уйми? — деди.
Бизнинг уйимиз ҳаммага отнинг қашқасидек маълум эди.
— Сизнинг уйингизга жандарма аралашмайди, полиция қарайди, — деди жандарма бўлими бошлиғи.
— Нималар деяпсиз, афандим, — дея эътироз билдирдим.— Полицияга борсак, жандарма қарайди, дейди, жандармага келсак, полиция қарайди, дейсизлар. Ахир, бизнинг уйга қарайдиган одам борми?
Жандарма бўлими бошлиғи бир харита чиқарди.
— Қаранг, — деди у, — харитани тушунасизми? Бу 140-рақамли горизонтал чизиқ. Бу ер сув босими минораси. Бу ер эса 208-рақамли тепа. Жандарма ҳудуди чегараси мана шу ердан ўтади. Агар сиз ўтирган уй икки метр шимоли ғарбда қурилганида жандарма ҳудудига кирарди.
— Ие, бор-йўғи икки метр экан-ку. Нима қилади бизнинг уйга ҳам қарасангиз?
— Нима қилишини сиз эмас, биз яхши биламиз. (Харитадан кўрсатди.) Қаранг, сизнинг уйингиз бу ерда. Жандарма билан полиция ҳудудларининг нақ чегараси устида. Тушундингизми? Бизнинг ҳудудга уйингизнинг ҳовлисидан икки ярим метрча кирган, аммо ўғрилик ҳовлида содир этилмаган.
Яна полиция бўлимига кетишдан бошқа чора қолмаган эди.
— Аввал бир уйга бориб, ўғрини кўрайлик. Худо асрасин, у ўлиб-нетиб қолса, бошимиз балога қолади-я, — деди хотиним ташвиш билан.
Уйга жўнадик. Бориб ўғрига:
— Қалайсан? — дедим.
— Ичим куйиб кетаяпти, тезроқ сув беринг, — деди у.
Сувни ичиб бўлиб тилга кирди:
— Менга қаранг. Сиз менинг эркимни бўғаяпсиз. Бунга ҳаққингиз йўқ. Бу ердан қутулсам, сизни судга бераман.
— Хўш, нима қилайлик, иним, — дедим унга. — Уйимизнинг қайси ҳудудга киришини аниқлай олмадик. Шикоятимизни қабул қилишмаяпти. Шундай жойга ҳам уй қуришадими? Нақ чегаранинг устида тиклашипти.
— Э… Мен айтмадимми? Сиз мени қўйиб юборинг. Бўлмаса, эркимни бўғганингиз учун маҳкамага берсам, овораи сарсон бўласиз, — деди ўғри.
— Кечқурунгача рухсат бер, — дедим унга ялингандек. — Яна бир марта полицияга бориб келайлик…
— Истаган жойингизга боринг. Бу иш нима билан тугашини яхши биламиз. Аввал уйнинг қайси минтақага кириши ҳал этилиши керак. Ё бўлмаса, ҳудудлар чегараси ўзгартирилиши лозим. У пайтгача етти қовун пишиғи бор…
Яна полиция бўлимига бордик. Комиссар ҳам бир харита кўрсатди.
— Қаранг, — деди у, — жандарма ҳудуди чегараси бу ерда. Ҳовли жандармага қарайди… Уйнинг бир қисми бизда, бир қисми жандармада.
— Ётоқхона сизнинг минтақангизга кирар экан. Ўғрилик ётоқхонада бўлди-ку, — дедим.
— Тўғри, — деди комиссар, — аммо буни исботлаш лозим. Қолаверса, ўғри ётоқхонага учиб кирмагандир, албатта, ҳовлидан кирган. Ҳовли эса жандарма ҳудудида…Албатта, бу биринчи воқеа эмас. Бу масала муҳокама қилинаяпти. Кўрайлик-чи, уйингизни қайси минтақага киритишса, шунга қараб иш юритамиз.
Уйга қайтдик. Ўнг томондаги қўшни уйнинг деразасидан яна ўша кекса киши бизга гап қотди:
— Ҳамдардлик билдираман, уйингизга ўғри кирипти.
— Ҳа, кирди, — дедим.
— У уйда ҳеч бир ижарачи ўтирмайди, шунинг учун арзонга беришади. Уй эгаси ўзи яшай олмайди, харидор ҳам тополмайди. Уйини бузиб, икки метр ичкарига олмоқчи эди. Ўшанда тўла бир минтақага кирар эди. Аммо сизни топгач, ижарага берипти.
Чолнинг хотини ҳам гапга аралашди:
— Албатта, айб сизда эмас, уй эгасида. Уй қураётганда суви, электри, гази ва ташқи кўринишини ўйлашади-ю, қайси ҳудудга киришини ҳеч ҳисобга олишмайди. Одам нақ чегара устида ҳам уй қурадими?
Бир йиллик ижара ҳақини олдиндан тўлаганимиз учун ҳеч қаерга кетолмасдик. Уйга кирдик. Ўғри ҳам биз билан дастурхонга ўтирди. Кечки овқатни биргаликда тановул қилдик. Сўнгра у ўрнидан туриб, бизга юзланди:
— Ҳозирча сиз билан хайрлашаман. Албатта яна келаман, — деди.
Шундан бери тўрт-беш ўғри уйимизнинг доимий меҳмонларига айланди. Маҳаллада уларни ҳамма танийди. Ҳатто улар билан ҳамкорлик ҳам қилдик. Бошқа, нотаниш ўғрилардан уйимизни биргаликда қўриқлаяпмиз. Кўрайлик-чи, нима бўлар экан? Ё шартномамиз битгунча уйда олти ўғри билан саккиз киши бўлиб яшаб турамиз, ёки бизнинг уйни бирор минтақага киритишар. У пайтда ўғриларни топа олсак, минтақасига қарайдиган полиция бўлимига шикоят қиламиз. Бир-биримизга шу қадар ўргандикки, шикоят ҳам айб бўлса керак…Чунки уйнинг айрим харажатларини улар кўтаришаяпти.

Туркчадан Носир Муҳаммад таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!