Азиз Несин. Борига барака (ҳажвия)

Унинг таксига ўтирмаганига тўрт йилдан ошганди. Аммо бугун ўтиришга тўғри келиб қолди. Зарурат юзасидан. Уйланмоқчи бўлган қизи билан бирга эди.
Қаторлашиб турган машиналар орасидан энг эскисини танлашди.Эшагига яраша тушови – янги машинанинг кира ҳақи ҳам ўзига яраша бўлиши маълум.
Уларнинг бахтига ҳайдовчи ҳам кексароқ экан. Албатта, тажрибали ҳайдовчи инсофлироқ бўлади. Улар машинага ўтиришди. Ҳайдовчи ҳисоблагични ишлатиб қўйди.
У кўз қири билан ҳисоблагични кузатиб борарди: 60- 65 – 70 75…
– Бугун об-ҳаво ажойиб-а?
– Ҳа… Тўғри…Ажойиб…
105- 110 – 120…тик-так, тик-так, тик-так. Ҳисоблагич тинимсиз ишларди.
Қиз сўраб қолди:
– Сизга бир нима бўлдими? Ўйланиб қолдингиз.
– Э йў-ўқ…Ҳеч нима бўлгани йўқ. Худо ҳаққи ҳеч нарса бўлмади…
– Лекин ташвишга тушиб қолдингиз.
– Билмадим. Ҳо-ҳо! Аксинча. Мен жудаям ҳурсандман. Ҳо-ҳо! З55, тик-так, 360, тик-так…
– Биз шу ерда тушиб қоламиз, жаноб ҳайдовчи!
Қизга билинтирмай ҳисоблагичга бирров қараб қўйди – 395 куруш ҳақ ёзилганди. Дарҳол хаёлида ҳисоблаб чиқди. Ҳай, борингки тўрт лира (бир лира 100 курушга тенг ) бўлсин. Икки баробар қилиб тўлайди – саккиз лира. Ёнингда аёл киши бўлганда улар доимо кўпроқ сўрайди. Ҳай майли, ўн лира бера қолади!
– Қанча беришим керак сизга, жаноб ҳайдовчи!
– Борига барака-да, бейафандим.
– Йўқ, бунақаси кетмайди. Айтинг, қанча бўлади?
– Э нималар деяпсиз, азизим, бу ахир машина-ку, от эмас, туя эмас, қанча берсангиз шунча бўлади-да.
– Йў-ўқ! Ўртамизда ҳафагарчилик бўлмаслиги керак!
– Ҳай, бир нима берақолинг энди. Мен оз экан, кўп экан деб ўтирмайман.Менга барибир!
– Ё тавба! Мен сиз учун нима озу нима кўплигини қаердан биламан?
– Мен сизга бир нима деёлмайман. Борига барака.
Дунёда шунақа юмшоқкўнгил, инсофли, яхши одамлар ҳам бор-а! Агар унга ўн лира берса камлик қилмасмикин? Шунча масофани босиб ўтишди. Ҳарқалай, кўпроқ бергани маъқул. Йўналишли таксиларда бунча жойгача олти ярим лира олишади.
– Оғайни, мени ортиқча қийнама. Илтимос, айтақол, қанча хоҳлайсан?
– Сиз ортиқча ташвишланманг, бейафандим. Борига барака. Мен очкўз одам эмасман. Ахир мен «Оз бердинг, кўп бердинг» дея олармидим? Берганингизга шукур қилиб кетавераман!
– Яхши, аммо белгиланган нарх йўқми? Мен қанча беришим лозимлигини қаердан биламан?
– Сиз ҳам, афандим, хом сут эмган бандасиз. Биз анча масофани босиб ўтдик. Борига барака қиламизда энди.
У оз бериб қўйишдан эмас, янглишиб кўпроқ берворишдан қўрқарди. Майли, нима бўлса бўлар! Борини пешонасидан кўраверади. У ҳамёнидан ўн лиралик тангалар ва яна икки ярим лира чиқариб, ҳайдовчига узатди:
– Марҳамат, олинг!
Икки ярим лирани у ҳайдовчининг хушмуомалалиги, очкўз бўлмагани ва ҳар икки гапининг бирида «Борига барака» деб тургани учун, мукофот тариқасида устига қўшиб бераётганди. Албатта ортиқчаси билан тўлаётганди, аммо унга бунинг аҳамияти йўқ эди. Бугун севгилисининг қўлини сўрамоқчи эди. Бунақа кунда тантилик қилса арзийди.
Ҳайдовчи қўлидаги пулни санаб кўрди:
– Бу нимаси?
– Ўн икки ярим лира.
– Сиз ақлдан оздингизми, афандим?- дея тутоқди ҳайдовчи.- Шундай бемаҳалда-я?!
Қиз гапга аралашди:
– Бундан икки кун олдин шунча масофага етти ярим лира берувдик.
Ҳайдовчи пулларни йигитнинг юзига отиб юборди:
– Чойчақанг ўзингга буюрсин!
Пуллар ҳайдовчи билан боёқиш йигитнинг ўртасидаги ерда сочилиб ётарди.
– Э уят-э! Ҳеч бўлмаса қизингдан уялсанг бўларди!
Йигит яна икки ярим лира қўшиб узатди.
Ҳайдовчи баттар жазавага тушди:
– Сен нима, менга садақа беряпсанми? Кераги йўқ! Одамда инсоф бўлиши керак! Мен уни олийҳиммат одам деб «Борига барака» десаму у бўлса…
Йигитча ҳайдовчининг овози ўчиши учун бор давлатини беришга тайёр эди. Қизининг олдида шарманда қилди-я. У яна беш лира чиқарди. Ҳайдовчи ҳамон жаврарди:
– Яна ёнига қизини ўтқазиб олганига ўлайми! Олийжаноб одам деб ўйлабман. Тўқимтабиат экансан-ку!..Агар « Борига барака» деган бўлсам, бу менга садақа берсаям бўлаверади дегани эмас-ку! Мен ўз ҳақимни талаб қиляпман, ўз ҳақимни! Тушуняпсанми?!
Мабодо ҳайдовчи ерда сочилиб ётган пулларни олмай жўнаворса нима бўлади? Йигит ҳамёнидан яна беш лира чиқарди ва ердаги пулларга қўшиб ҳайдовчига узатди.
У пулни олди. Газни босди. Машина силжиётганда ҳайдовчи яна қичқириб қолди:
– Албатта мен ўзим айбдорман. Бунақаларни машинага ўтқазиш керак эмас! Одамнинг оласи ичида бўларкан-да. Мен уни олийҳиммат одам деб ўйлаб « Борига барака» деб ўтирибман. У эса мени чув туширмоқчи бўлди. Ҳозирги одамлар шунақа айниб кетган!
Йигит билан қиз шаҳар четидаги емакхонага киришди. Шу тобда йигитнинг ичига қил сиғмасди. Калласида ҳали-ҳамон ҳайдовчининг бояги шанғиллаши акс-садо бериб турарди. Агар у кўпроқ беролганда эди! Қанча лозим бўлса шунча берарди-да!
– Нима дединг?
– Атрофимиздаги манзара чиройли экан деяпман,- деди қиз.
– Сен айтчи, ўзингга қанча керак?
– Мен… тушунмадим!..
– Нега энди ўзингга қанча кераклигини тўппа-тўғри айтиб қўя қолмайсан?
Қиз кескин юзини ўгирди ва орқасига қарамай тепаликдан пастга чопиб кетди. Жон-жаҳди билан бу ердан узоқлашди.
Ҳаммаси тамом бўлди.

Шодмон Отабек таржимаси