Азиз Несин. Айиқнинг ташаккури (ҳикоя)

Тавр тоғи томонларда бир деҳқон ўрмонга бориб, катта бир дарахтни ағдарибди-да, ўтин тайёрлашга киришиб кетибди. Шу орада қаердандир айиқ пайдо бўлиб, унинг қаршисига келиб ўтирибди-да, ҳаракатларини зимдан кузата бошлабди. У тарафларда нима кўп, айиқ кўп. Лекин одамга ҳужум қилмайди. Шуни билгани учун ўтинчи деҳқон бемалол ишини қилаверибди.
Бир маҳал у тўнкани ёрмоқчи бўлиб, пона тиқибди-да, қўлидаги болтанинг орқаси билан ураверибди. Кейин тушлик қилиб олиш учун бир чеккага бориб ўтирибди. Унинг кетганини кўрган айиқ тўнканинг олдига келиб, ёш боладай понани ўйнай бошлабди. Понани жойидан қўзғатмоқчи бўлиб уёққа тортқилабди, буёққа тортқилабди, охири пона отилиб кетиб, тўнканинг ёриғига оёғи қисилиб қолибди. Айиқ жон аччиғида бўкириб юборибди. Деҳқон югуриб келиб тўнкага каттароқ пона тиқибди, ёриқнинг оғзини кенгайтириб, айиқнинг оёғини суғуриб олибди. У боёқиш чўлоқланганича ўкириб-ўкириб йўлига равона бўлибди.
Шу куни иши чала қолган деҳқон эртасига эрта билан ўша жойга келса, кечаги тўнканинг устида мумкатакда асал турганмиш. Шунда у кечаги қилган яхшилиги учун айиқ шу асал билан миннат-дорчилик билдирмоқчи бўлганини тушунибди.

Турк тилидан Миад Ҳакимов таржимаси