Айвар Калве. Харсанг юмалатиш осонми? (ҳикоя)

— Маҳкам ушла!
— Пишанг сурилиб, чиқиб кетяпти!
— Ушлагин, деяпман!
— Мадорим йўқ, сирпаняпти, э-эҳ!
— Тўхта, Малвина, мен қўлларим билан…
— Эҳтиёт бўл, ҳой, жиннивой, бармоқларим тош тагида қолди! Нам майсага ётмагин… Мисрангни қўйиб юбораман!
— Малвина!
— Бу аҳволда тошни тушга қадар манзилига юмалатиб боролмаймиз!
— Мисрангни бекорга қўйиб юбординг-да, Малвина, — Вилис ўрнидан тураётиб, ҳорғинлик билан деди.
— Сен, Вилик, ўз кучингга ишониб ишга киришсанг яхши бўлар эди. Жойингга ўтиргин-да, тошни қаёққа юмалатиб юбориш хусусида обдон ўйлаб кўргин.
— Қаёққа, қаёққа, — Вилиснинг жаҳли чиқди. — Унинг жойи ҳаммомнинг ортида.
— Ў-ўҳ, шунчалик узоққа юмалатиб бориш керак экан-да?!
— Агар оғир бўлса, айтгин.
— Бу аҳволда тош юмалатишдан воз кечишим ҳеч гапмас!
— Дарров хафа бўлдингми? — сўради Вилис ҳансираганича.
— Мен шунчаки сенинг ўжарлигингга таажжубланаман. Ўжарлик бобида қари такадан бир тукинг ҳам кам эмас. Соқолинг ерга тегай дейди, энди бўлса, тош юмалатишга қарор қилибсан.
— Топган сўзингни қарагин-а, така эмиш!
— Хўш, така бўлмасанг кимсан?
— Бақирма, Малвина, — хотиржамлик билан деди Вилис.
— Ҳалиям бақираётганим йўқ! — Малвина зардаси қайнаб деди. — Хўроз қичқирмасдан ўрнимиздан турдик. Ёлчитиб нонушта ҳам қилмадик. Эрталабданоқ тош юмалатишга киришдик. Бунақа воқеа ҳали ҳеч қаерда юз бермаган, Вилис.
— Нонушта масаласида ёлғон гапиряпсан. Ахир, ўзинг тухумни чарви ёғига қўшиб қовурдинг-ку? Устига-устак, қовурдоқнинг ярмини паққос туширдинг. Балки меникида егани ҳеч вақо йўқ, демоқчидирсан?
— Ҳай, йўғ-ей, мен бошқа масала хусусида гапирмоқчи эдим…
— Ана шунақа гаплар, оғзингга тўғри келган гапни қайтармасдан минғирлайверасан. Худо хотин зотига нечун тил ато этган? Сафсата сотиш учун. Энди тошни нари юмалатамиз. Шунча дам олганимиз етар?!
— Сен, Вилик, нима бўлганда ҳам қонхўрсан. Мени қийнаб ўлдирмоқчисан. Агар билганимда эди, ўла қолсам ҳам сенга турмушга чиқмасдим.
— Агар менга турмушга чиқмаганингда, ўзингнинг парти кетиб, шарти қолган кулбангда, сомон тўлдирилган қоп устига чиқиб олиб, хуррак отардинг.
— Кулба деяпсанми? Менинг уйим сеникидан ўлса ўлиги ортиқ. Кўрмаяпсанми? Уйингнинг ҳамма гўшаларидаги тахталар чириб битган. Ошхонангдаги полни ҳам путури кетган. Ўчоқ ёнида ош-овқат қилгани турганимда оёқларим совуқда акашак бўлиб қолди.
— Сен менинг уйимга тил тегизма!
— Тўғри гап туққанингга ёқмас, деб шуни айтадилар-да?! Ёқмайди, тўғрими?
— Пастдаги икки чорчўпни аллақачон алмаштириш фурсати етиб келган, буни инкор этмайман. Фридис ёрдам бераман деганди. Мен ғўлаларни ҳам тайёрлаб қўйганман, хоҳласанг, кўрсатишим мумкин.
— Нима, мен ғўлаларни бошимга урармидим? Улар ҳақида қанча гапириш мумкин, ахир?!
— Бунақа ғўлаларни кундуз куни чироқ ёқиб тополмайсан. Биласанми, ана шу ғўлалар учун одамлар менга катта пул ваъда қилишганди.
— Модомики шундай экан, уларни сотавермайсанми?
— Менга пул керакмас, менда ҳамма нарса етарли. Ғўлалар эса уй учун зарур бўлиши турган гап.
— Сенинг нурашига бир баҳя қолган кулбанг билан андармон бўлиш учун Фридиснинг вақти бор, деб ўйлайсанми?
— Фридис фақат уйнинг бурчагини кўтарса кифоя. Чириган хариларни ўзим суғуриб олавераман.
— Сенинг кулбанг бунга бардош беролмайди, деб қўрқаман-да, Вилис. Вақтинча менинг уйимда яшашинг учун илтимос қилишингга тўғри келади.
— Балки харсангни юмалатармиз? — ботинмай таклиф қилди Вилис.
— Илоҳо, бу харсангнинг оти ўчсин!
— Тўхта, аввал мен юмалатаман. Шундай. Энди ушлаб тургин. Пишангни қўлингга олгин. Ушлаб туришга кучинг етадими?
— Кучим етади.
— Энди ушлаб тургин. Мен ерга янада чуқурроқ суқиш учун понамнинг учини ўткирлайман…
— Нима, ақлдан оздингми?
— Бўпти. Харсангни шу туришида юмалатамиз. Қани, аҳиллик билан ишга киришдик. Бир, икки, уч! Ҳой, нега харсангни жўякка ағдармоқдасан?
— Тошни жўякка сен ағдармоқдасан. Билдингми?
— Ҳозироқ қўлларим билан ишга киришаман… Малвина, ҳарҳолда сен нечоғли каллаварамсан-а!
— Тилингни тишла, битта бақиришинг етмай турганди менга.
— Харсанг гулзорга ағанаб кетди, — деди Вилис таъби тирриқ бўлиб. — Энди биргина пишанг билан иш битиролмайсан.
— Қани эди кўзларим шу лаънати харсангни кўрмаса!
— Жим бўлгин. Тошни жўяклардан қандай қилиб чиқариб олиш хусусида мулоҳаза юритиб кўриш лозим… Балки узунроқ пишанг излаб топиш керакдир ёки бошқа бирон-бир нарса қўйиш керакдир?
— Омборхонамни бориб кўрай-чи, ҳали замон у ерда араванинг янги шотисини кўргандим.
— Мен бу харсангга қайтиб қўл текизмайман. Бу аҳволда бутун ичак-чавоғимдан ажралишим ҳеч гапмас.
— Малвина, нима, биз тошни ҳовли ўртасида шу аҳволда қолдирамизми?
— Харсангни жўяк бўйлаб юмалатмаслик керак эди. Сенга айтдим-ку, ҳай, қари така, шу ишга қўл урмагин деб.
— Сен ҳамиша мендан кўра ақллироқсан…
— Мана, сендан кўра ақллироқман ҳам. Фридис тракторда келаман, харсангни занжир билан боғлайман, кейин уни истаган жойингга олиб бориб ташлайман, деб айтди-ку?!
— Йўқ-ку, у, Малвина. Қаёқларда қолиб кетди экан-а?
— Гапингни қара-ю. Гўё билмайдигандай гапирасан. Ғаллани экиб бўлиб, боши оққан томонга жуфтакни ростлаб қолган у.
— Ўзи ичмас эди. Одамлар ялиниб кўндиришган. Сенинг дўконда ишлайдиган дугоналаринг биргина Фридисни эмас, ҳар қандай бўрини ҳам тузоққа илинтиришади.
— Менинг дугоналарим шунақа, — Малвина гап билан узиб олди.
— Ақлимга сиғмайди — сенга нега керак бўлиб қолдим, ўша дугоналаринг билан давру даврон суриб ўтиравермасмидинг? — Вилис сўзида давом этиб деди. — Афтидан, кўнглинг ёнингда бирон-бир одам бўлишини истаб қолгандир. Ўша одам билан тўйгунча суҳбатлашиш, уни парваришлаш ҳисси…
— Балки, ростдан ҳам бундай хоҳишларни кўнглим тусаб қолгандир. Бироқ сенинг қанақа разил одам эканлигингни энди тушуниб етдим. Ёлғиз яшашимнинг нимаси ёмон эди? Тонг саҳарлаб уйқудан турасан, сигирни соғасан, сутни бидонга қуясан, вассалом. Кейин эркин қуш янглиғ кўнглинг тусаганича парвоз қилиб юраверасан.
— Ўргилдим, сендақа эркин қушдан. Яхшиси, харсангга ўтиргин-да, ҳордиқ чиқаргин.
— Мен-а? Яйдоқ харсангга-я?!
— Мана, тагингга менинг пиджагимни тўшагин.
— Тумов бўлиб қоласан, Вилик, тонг рутубатли.
— Мени тумов бўлади, деб ўйлайсанми? Умримда тумов бўлмасман…
— Мақтангин-а, мақтангин.
— Ишонмайсанми? Ўтган декабрнинг қор-қировли кунида қудуқ ёнида ювингандим!
— Ўт ёқиб, сув иситишга эринардинг. Шунинг учун мудом ювинмасдан юрардинг-да. Дуппа-дуруст эркакнинг бақо оламига рихлат қилаётганлигини кўриб, ҳар қандай одам ҳам ачиниб кетарди.
— Сендай раҳмдил аёлдан юз айландим, — гап қайтарди Вилис. — Бунақалардан қанча узоқ юрсанг, шунча яхши…
—Хўш, нега энди? Афтидан, бўйдоқ юриш жонингга тегиб кетган бўлса керак. Яна гапирасан.
— Нима, бунга мен айбдорманми?
— Йўқ, албатта, Вилис. Менинг ўзимда-чи? Ҳар бир хонамда биттадан тирик жон яшар эди… Мана энди, ҳеч ким йўқ, — Малва андуҳ билан “уҳ” тортди.
— Менинг қариндош-уруғларимнинг ҳаммаси етти қават ер остида ётишипти, — Вилис пича сукут сақлади-да, деди. — Қаёққа шошиламиз?
— Эшитяпсанми, Вилик, какку сайради!
— Қулоғим бироз оғирроқ. Какку сайради, дедингми? Илгари бу қушлар қайинзорларда тез-тез каккулашарди.
— Бунисининг сайраши, афтидан, узоқдан келмоқда.
— Мен ҳам айтяпман-ку, узоқда сайраяпти. Қайинзорда сайраганида эшитган бўлур эдим. Илгари гоҳо уларнинг сайрашидан бутун ҳовли оҳангга тўлиб кетарди.
— Топган гапингни қара-ю, — Малвинанинг жаҳли чиқди. — Нуқул илгари, илгари! Нима, илгари бу қушлар ҳозиргисидан йирикроқмиди? Сен, Вилик, яхшиси, қулоғингни тозалагин.
— Сенинг сўзларингни яхши эшитяпман. Қани, харсангни жўяклардан чиқаришга бир уриниб кўрайлик-чи? Ахир уни шу аҳволда гулзорда қолдиролмаймиз-ку?!
Улар ихраб-сихраганларича яна тошнинг атрофида куймаланиб қолишди.
— Ётган жойида “қилт” этай демайди-я, лаънати, — ингради Малвина.
— Пишангни қандай ушлаясан? Елканг билан итаргин.
— Ўзинг итаргин!
— Бир, икки, итардик! Ана, қарагин, уни жойидан силжитдик! Яна бир марта итарайлик! Бир, икки, итардик!
— Оҳ, қани эди камроқ бақирсанг, кўпроқ фойда бўларди, — гап билан узиб олди Малвина.
— Ниҳоят, тошни жўякдан чиқариб олдик. Мен сенга нима дегандим!
— Ҳадеб унақа гердаявермагин. Девор устига қўниб олган хўрозимга ўхшаб.
— Сен, яхшиси, ўғлинг келганида ана шу хўрозни сўйиб, шўрва қилгин.
— Ё азиз-авлиёлар, бошингга урасанми, шу хўрозни?
— Мен уни ўз қўлларим билан…
— Хўрозсиз хўжалик хўжалик бўлармиди, Вилик. Сен, у бирон-бир жонзотсиз яшашнинг ҳавосини олгин. Сенга омборхонадаги темир-терсаклар орасида овора-абгашта бўлиш бўлса. Мен эса бундай қилолмайман.
— Унга хўроз керак эмиш!
— Бу йил жўжалар ҳам сотиб оламиз.
— Бир ками шу эди… Қани, харсангни юмалатдик.
— Бироз нафасимни ростлаб олай.
— Бўпти. Пишангинг қани?
— Жинни! Битта ўзинг юмалатмоқчимисан, тошни? Вилик, ёлғиз ўзингнинг ишлашингга йўл қўймайман!
— Бу ёғи қиялик, ёлғиз ўзим ҳам эплай оламан.
— Зўриқиб, шикаст топасан, Вилик, — деди Малвина шикоятомуз.
— Хўроз эмиш… Оббо, қарагин-а…
— Модомики биргаликда умргузаронлик қилмоқчи эканмиз, сигир сотиб олсак яхши бўларди, — деди Малвина.
— Нима, ҳазиллашяпсанми?
— Молхонанг бинойидай. Тўғри, ҳаммаёғини гўнг босиб кетган. Биз уни марказга сотамиз. Жон-жон деб харид қилишади.
— Гўнгни-я?
— Ҳа-да. Сен, Вилик, бамисоли Ойдан оёғи шалвираб тушгандайсан. Ҳозир гўнгнинг нархи жа баландлашиб кетган. Шу чоққача уч нафар харидор менга учрашиб: “Гўнг сотмайсизми?” — деб сўради.
— Афтидан, ўзинг дўконга кириб, ҳаммаёққа овозаю дарвоза қилган бўлсанг керак. Йўқса, улар сенинг молхонангда гўнг борлигини қаёқдан билишади?
— Сенинг қандай яшаётганлигингни одамлар билишади, ҳа, билишади.
— Нима, сенга сут камлик қиладими? Самс кеча идорада туриб, фермадан сут олиш мумкинлиги ҳақида сўзлади. “Кексаларнинг текин сут олишга ҳаққи бор”, — деди. Фақат ҳар ким ўзининг бидони билан келса кифоя эмиш.
— Унинг сутини кўнглим тортмайди!
— Нега ҳадеб уни ғийбат қилаверасан!
— Икковингиз ҳам темир ҳайкалдан бир туки кам эмассиз. Мен эса сигирсиз яшай олмайман.
— Модомики шундай экан, нега уни сотдинг? Нима, ўғлингга пул зарур бўлиб қолдими?
— Тушунмайман, нега яшаш учун сеникига кўчиб ўтдим, ўзи?
— Бўпти, Малвина, шунча мижғовланганинг етар, — Вилис томоғини бир қириб олди-да, деди: — Яна бироз ғайрат қилайлик, қарабсанки, харсангни ҳовлидан юмалатиб ўтказамиз.
Қайинзорда какку сайради. Уй узра сўфитўрғайлар чаппор уриб парвоз қилишмоқда эди. Икки нафар кекса одам улкан харсанг ёнида ихраб-сихраб куймаланганларича, уни ҳовли бўйлаб борган сари нари юмалатишарди. Харсанг эса оғир гурсиллаганича, у ёнидан-бу ёнига ағдариларди.
— Буткул дармоним қолмади… — шикоят қилди Малвина.
— Қарагин, агар инсон ақлни ишга солса, не-не муаммоларни ҳал этмайди, дейсан! — деди Вилис.
— Кимга керак экан, бу ўтмас матоҳ?..
— Чанқадим. Бориб қайин шарбатидан ичиб келай.
— Ҳозир мавриди эмас, Вилик, ҳозир аъзойи баданимиз шунақа қизиганки.
— Шу чоққача ҳали ҳеч ким қайин шарбати ичиб ўлмаган.
— Вилик, мен билан баҳслашмагин.
— Бўпти, яхши, хоҳламайсанми — керакмас. Чидаймиз.
— Елкангга пиджагингни ташлаб олгин, шамол турди, — ғамхўрлик билан деди Малвина.
— Мени ҳали кўкракдан чиқмаган гўдакдай ҳаммаёғимни ўраб-чирмамоқчи экансан-да.
— Вилик…
— Хўш, нима дейсан, Малвина?
— Мен билан ёнма-ён ўтиргин.
— Афандимисан? Йўлдан ўтиб бораётганлар кўриб қолишади, — хижолат чекиб деди Вилис.
— Хўш, нима бўпти? Кимдан яширинамиз?
— Жиннилик қилма, Малвина.
— Бизнинг нечоғли аҳил яшаётганимизни ҳамма кўрсин.
— Шусиз ҳам одамлар тўйимизда роса яйрашди…
— Тўйимиз нечоғли яхши ўтди-а, тўғрими, Вилик? Шу… шу… умримнинг охиригача миннатдор бўламан…
— Малвина, кўзёши тўкиш не ҳожат?
— Нечоғли бахтли эканлигимни тушунмайсан! Айтгин-чи, не сабабдан ҳамма-ҳамма нарса фақат ёшлар учун? Вилик, хўш, келгин бу ёққа…
— Қандайдир анқов-лакаловсан-да.
— Бунақа демагин!
— Харсанг устига иккаламиз сиғмаймиз.
— Агар бир-биримизга зичроқ қапишиб олсак… Ана, кўрдингми? Қўлингни елкамга ташлаб олгин. Энди сукут сақлаймиз… Эшитяпсанми — баҳор… Қизқушлар сайрашмоқда! Ҳар бир дўнгликда бир жуфт қизқуш.
— Андак карман.
— Ўзингни карликка солма, Вилик.
— Малвина…
— Сен нимадир демоқчимидинг?
— Агар шунчалик хоҳишинг бор экан, у ҳолда сигир ҳам сотиб олиш мумкин… Менинг омборхонамда бинойидай ўроқ машинаси турипти. Ўзим йиққанман. Ўтган йил ёзида савхоз учун трактор киролмайдиган ҳамма хилват гўшаларни ана шу машинам билан ўриб ташладим.
— Вилик, ахир мен ёлғиз сутнигина назарда тутганим йўқ…
— У ҳолда сигир, нима, газагингга дори бўлармиди?
— Молхонада бирон-бир ҳайвон туришига ўрганганман… молхонага бориш керак. Иннайкейин… Нега энди ўрнингдан туриб кетдинг-а, икковлашиб ишласак яхши эмасми?
— Кимдир йўлдан ўтиб бормоқда.
— Ўтса, ўтаверсин. Менга нима!
— Малвина, бу аҳволда ҳали узоқ вақт салқинлашиб ўтирамизми? — тўнғиллади Вилис.
— Нечоғли одамхўрсан-а. Лаънати экансан!
— Бақирмагин. Бинойидай эшитиб турибман.
— Кар чулчут.
— Пишангни олгин, буниси сеники.
— Йўқ, сеники. Меникини бергин.
— Бўпти, яхши. Нима фарқи бор? Пишангларнинг қайси бири сеники, қайси бири меники эканлигини унутган бўлсанг керак.
— Вилик, тошни қанчалик узоққа юмалатсак, у шунчалик катталашиб бормоқда.
— Ёлғонни ҳам ямламай ютар экансан!
— Мен билан қай йўсинда гаплашмоқчисан, Вилик!
— Ўнг томондан киргин. Мана шундай. Энди мен. Шундай… Шундай… Бир, икки, юмалатдик! Пишангни синдириб қўймагин, тағин?
— Бўпти. Яна бир марта. Ана шундай. Йўқ, йўқ, пишангни бошқа томондан суқиш керак эди. Наҳотки шунга ақлинг етмаса-а?
— Асабийлашма, Вилик! Сигирингни бошимга урармидим? Шусиз ҳам ҳозир сени фалаж ўз исканжасига олади.
— Тилингни тийсанг яхши бўларди! Харсангга қайси томонидан ёндашиш лозимлигини бир ўйлаб кўрай. Пишангни қаёққа сурмоқдасан?
Чолу кампир ихраб-сихраганча, ҳансириб, харсангни юмалатишар, қушлар эса шундайгина уларнинг биқинлари тагида чуғурлашарди.
— Вилик, харсанг нақ кўзимиз ўнгида катталашиб бораётганлигини наҳотки кўрмаётган бўлсанг!
— Бўлар-бўлмас гапларни ўйлаб топишга устаси фаранг экансан!
— Нимага зарур экан, бу харсанг?.. Унинг қаерда ётгани сен учун қандай аҳамиятга эга? Менинг қўлларимни қарагин, терак баргидек титрайди.
— Малвина, яна озгина ғайрат қилайлик… Мана шундай! Бир, икки, юмалатдик! Қани, чуҳ жонивор.
— Ҳадеб “чуҳ” деявермагин. Мен сенга байтал эмасман.
—Малвина, яна озгина, — ялинди Вилик. — Манзилга етай деб қолдик.
— Эҳ-ҳе, манзилга етишимиз учун ҳали қанча тер тўкишимизга тўғри келади.
— Ҳовуздан нариёғига ишимиз осон кечади.
— Яхшиси, мени мана шу ҳовузга чўктириб юборсанг бўларди. Тамом-вассалом. Ортиқчасига дармоним йўқ.
— Малвина!
— Нима дейсан?
— Пича дам олгин. Мен сенга гапиряпман — бундан бу ёғига иш осон кўчади.
— Яхшиси, мени чўктириб юборгин!
— Топган гапингни қара-ю!
— Мени ҳаётида кам азоб-уқубат чеккан деб ўйласанг керак-да? Ўйлайсанки, биз қўл қовуштириб ўтирганмизда-а? Сен мени нима сабабдан бунчалар қийнаяпсан? —деди бироз ҳордиқ чиқарган Малвина бидирлаб.
— Бўпти, таёқни ташлагин. Бир ўзим эплайман, — деди Вилис хафа бўлиб.
— Таёқни қўлдан ташлаш хусусида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайман.
— Кўрдик. Жа иззатталаб бўлиб кетибсан.
— Мана энди қарагин — харсанг қандай тарвақайлаб ётибди.
— Ахир у махсус ўтирғич-да.
— Қўполлик қилмагин, Вилик.
— Биз анави ботқоқликдан ўтиб олсак бас. У ёғига ишимиз сариёққа пичоқ суққандек осон кечади.
— Сен даққиюнусдан қолган анави тракторингни ўт олдириб, Фридисга бориб келсанг яхши бўларди.
— Модомики ваъдасига вафо қилмас экан, унинг башарасига тупурган бўлур эдим.
— Чамаси, унутган. Ваъдаси бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетган.
— Фридис бунақа эркаклардан эмас. Қарагин, у далани қандай қойиллатиб шудгорлаган. Қараб кўз тўймайди. Мелиораторлар ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлашганди, бўлмаса. У эса бутун далани силлиқлаб юборди.
— Унга нима, асакаси кетармиди; тракторга ўтириб олади-да, рулни бошқараверади.
— Сен ҳеч нарсани тушунмайсан, Малвина.
— Албатта, анқов-лакалов бўлсак. Сизларга баравар келиш бизга йўл бўлсин… Мен ўзимнинг даламни ўзим шудгорладим. Менинг ёнимда яшаганингда эди, ҳаммасини кўрган бўлардинг.
— Ёлғонни ҳам қотирар экансан.
— Нима, сен мени шудгорлашни эплолмайди, деб ўйлайсанми?.. — Малвина ғазаб отига минди.
— Омочни ким бошқариб борганди?
— Вилик?!
— Шунақа гаплар: Вилик бошқариб борганди!
— Мен ўз умримни иккинчи марта яшамаган бўлур эдим… Эҳ-ҳе, неча-неча йил белни майиштириб, жон койитиб меҳнат қилишга тўғри келди. Ҳатто эслашга юрак дов бермайди…
— Ҳамма ҳам иккинчи марта яшамаган бўлур эди.
— Гапирма, Вилик, нима бўлганда ҳам сиз, эркакларга осон.
— Ҳар бир чумчуқ, Малвина, ўзига тегишли бўғот тагида ин қуради…
— Нега пишангни ушлаб олдинг? Барибир ўрнимдан қўзғалмайман. Сен мени хоҳла, калтаклагин, хоҳла, сувга чўктириб юборгин — барибир ўрнимдан қўзғалмайман.
— Малвина, жиннилик қилмагин.
— Сенда кўз деган нарса анқога шафе бўлса керак. Кўрмаяпсанми, харсанг демаганинг ер бағрига ботиб кетибди. Энди уни икки дунёда ҳам чиқариб ололмайсан. Бу масалада мен, гарчи аёл бўлсам ҳам ақлим етиб турибди. Уни шу ерда ҳовуз ёнида қолдираверайлик.
— Сигир сув ичгани бормоқчи бўлса, занжирга ўралиб қолади.
— Нима бўпти? Уни занжирдан дарҳол халос этаман. Бунақа ишлар менга чўт эмас.
— Малвина, мен бирон-бир ишни ярим йўлда қолдиришга одатланмаганман. На яйловда бир қўлтиқ пичан, на далада бошоқ қолдираман.
— Қара-я, қулочингни нечоғли кенг ёйибсан. Ситамгар, золим экансан!
— Бақирма, йўлда ўтиб бораётганлар эшитиб қолишади.
— Эшитишсин. Сенинг қанақа одам эканлигингни билиб қўйишсин. Мен сенинг Самсинингга ҳам бораман-да, ҳаммасини сўзлаб бераман. Ишонмайсанми?
— Котибнинг қабулига кириб бўпсан.
— Нима, сен менинг оёқларимни пишанг билан уриб синдирармидинг? — Малвина қиқирлаб кулди. — Нега уни худди калтакка ўхшатиб сермайсан? Қўрқитмоқчимисан?
— Сени қўрқитиш билан ишга солиш осон дейсанми?..
— Нима деб ўйласанг ўйлайвергин, Вилик, мен қўрқоқларданман.
— Ўзингни жинниликка солма, Малвина.
— Мен оёқларим важидан қўрқаётганим йўқ; бошқа масала важидан чўчиётирман — бундай оғир меҳнатдан кейин иккимиздан биримиз яна ёлғиз қолмасак гўрга эди.
— Туф-ей, сенга! — Вилис қалби тубидан туфлади.
— Вилис, яхшиси, сен қушлар чуғурига қулоқ солгин. Шимол шамоллари бир ой муддатга узлуксиз эсади, улар эса пинагини ҳам бузмайди.
— Ким ҳам уларнинг ҳалқумини бўғарди…
— Чуғурчуқлар уясида ҳам жўжалари чийиллашади, тухумини барвақт очиб чиқишибди. Роса совуқда жунжикишса керак, бояқишлар. Уларга ичим ачийди.
— Қорағат ва қулупнайни совуқ уриб кетди. Нўхат эса аёзга бардош берди. Икки кундан бери тонг отиш арафасида сув юзини муз қопламоқда. Ҳатто Фридис ўз тракторида далага чиқолмасдан қолди. Ҳаммаёқни булдуруқ қоплаб олди, — Вилис ҳар бир сўзни дона-дона қилиб талаффуз этарди. — Чамаси, бошқа ғўла топишга, уни харсанг тагига қўйишга тўғри келади, бу ерда биргина пишанг билан иш битириш қийин.
Малвина бошини ёнбошлаб эгиб, сўфитўрғайнинг сайрашини тингларди. Ҳадемай Вилис қўлида кичкинагина палён билан қайтиб келди.
— Мана бу ярайди.
— Вилик, мен эса ўрнимдан турмайман.
— Бас қил, Малвина.
— Тош ҳаддан ташқари катта-да.
— Сенга ҳазил гап бўлса, бас.
— Агар мени қўлимдан ушлаб кўтарсанг, ўрнимдан тураман-да, тўппа-тўғри пансионатга қараб йўл оламан. Нима бўлганда ҳам у ерда харсанг юмалатишга мажбур қилишмайди.
— Тўрт томонинг қибла! Хўрозингни ҳам ўзинг билан олиб кетишни унутмагин. Бу ерда қичқиравериб, ҳаммани безор қилмасин.
— Унутмайман!
— Шундай, шундай, фақат қизиқ: уни нимага солиб олиб кетасан?
— Бирон-бир қафас ясаб берарсан?
— Қани, яна бир марта зўр берайлик, Малвина, акс ҳолда тош ер бағрига буткул чўкиб кетади.
— Уни ер қанча тез ютса, шунча яхши. Вой, сен мени харсангга қўшиб юмалатиб юборасан, деб қўрқаман. Қўлингни тийгин, деяпман! Туряпман, туряпман.
— Бир, икки, кўтардик! Шундай, энди ушлаб тургин, палённи харсангнинг тагига суқаман. Ушлаб тургин, деяпман. Нима, қўлларинг қуриб қолганми?
— Борди-ю, мўъжиза юз бериб, қўлларим қуриб қолса, у ҳолда сочларинг¬ни нима билан текислайман? Бу хусусда ўйлаб кўрдингми? — жилмайди Малвина.
— Пича чакагингни ўчириб тургин. Уни бу ердан олиб чиқиш ҳақида мулоҳаза юритиб кўрайин. Ер оёқ остида билчиллаб ётибди. Жим бўлгин.
Улар бир-бирларининг нафас олишларига қулоқ солганларича жим қолишди. Вилис зўр бериб пишилларди.
— Ўпкангга нимадир бўлган чоғи, Вилис. Кўпдан бери шу дардга чалинганмисан?
— Жим бўлгин!
— Вилик, сен ҳадеб валақлайверма. Эртагаёқ районга бориб, ўпкангни рентгендан ўтказамиз.
— Мен ҳеч қаёққа бормайман.
— Борасан. “Ғинг” демай борасан. Нега буни илгари пайқамаган эканман? Худди паравоз янглиғ пишқирасан.
— Ўнг томондан бир уриниб кўрайлик.
— Ҳой, ҳадеб понангни сермайвермагин!
— Ўзинг-ку, биқинимга суйканган. Кел, қани дастлаб мен уриниб кўрайин-чи?
— Паҳлавон топилганига ўлайми?
— Сен ўзинг… Бир, икки, силжитдик…
— Вилик, сен мени қўлимдан келмайдиган юмушни бажаришга мажбур қилмагин. Мен ҳар қандай юмушни бажаришга розиман. Фақат тош юмалатмасам бас.
— Биз уларнинг ҳаммасини битта қўймасдан ташиб битказамиз. Эртага эрталаб, индин ишласак бас. Ҳаммасини ташиб битказамиз.
— Эртага мени тўшакдан турғизолмайсан. Сенинг ғашингга тегиш учун атайлаб ухлайман.
— Ҳеч ҳам-да… Хўрозга дон бериш учун биринчи бўлиб уйқудан турасан.
— Мен унга кечқурун кўпроқ дон сепиб қўяман.
— Бир, икки… Яна бир марта!.. Чиқариб олдик уни, Малвина! Энди харсанг ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди, — гердайиб деди Вилис.
— Бироқ қолган харсанглар бундан каттароқ.
— Уларни ҳам юмалатиб битказамиз.
— Ҳа-да, шундай келасан-у, уни юмалатиб ташлайсан.
— Оҳ, агар менинг аввалгидек дармоним бўлганидами, бу харсангларнинг ҳаммасини тап тортмасдан юмалатиб ташлардим. Тошларни ким шудгордан юмалатиб чиқарганди? Улар ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек ҳаммаёқни босиб кетибди. Мен эса уларнинг ҳаммасини қулоғидан битта-битта ушлаб, офтобга чиқардим.
— Дам олайлик, Вилик.
— Энди у бизники. Манзилга довур юмалатиб ташлаш чўт эмас.
— Қизиқ, сен у билан бирга ҳаммомни қандай айланиб ўтасан-а?
— Омон бўлсак кўрамиз. Ақлу фаросат билан ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайман.
— Вилик, наҳотки бу жаҳаннамий азоб-уқубат сенга қувонч бағишласа?
— Бунақа масалаларга бурнингни тиқма. Аёллик ақлинг қисқалик қилади. Муҳими — биз уни енгдик.
— Эшитяпсанми, Вилик, назаримда трактор…
— Бундай бўлиши мумкинмас.
— Бу — Фридис! Пишангни ташлаймиз!
— Катта йўл бўлгач, ундан кимлар ўтмайди дейсан? Ҳеч нарса эшитмаяпман.
— Ҳа, сен пича карсан-ку, ахир. Уни кутиб олишга чиқсанг бўлармиди, йўқса тўхтамасдан ўтиб кетади.
— Ҳеч қаёққа бормайман.
— Мен нима дегандим? Биз томонга қараб бурилмоқда. Энди кўряпсанми?
— Афтидан, унга ўхшайди, — Вилик ишонқирамай ва гўё афсуслангандай, чўзиб деди. — Балки у бошқа юмушлар билан бу ёққа йўл олгандир?
— Нега жойингда депсиниб турибсан, боргин-да, харсангларни қаердан олиш лозимлигини кўрсатгин! Худди ердан ўсиб чиққандай турибди, худди ғўлага ўхшаб!
— Бориб картошга арчисанг яхши бўларди, — жаҳл билан деди Вилик.
— Ҳозир югуриб бораман, Вилик, ҳозир югуриб бораман.
Вилик трактор шовқини қушлар чуғурлашини аста-секин босиб кетаёт¬ганлигини эшитди. У яна ўзининг зўриқиб нафас олаётганини ва юраги гурсиллаб ураётганини тинглади.
Юрак одатий, ишчи маромда бир текис урарди; бундай кезларда инсон ўзининг тирик эканлигини, қадрдон заминда мустаҳкам оёқда туришини ҳис этиши унга қувонч бахш этади.

Рус тилидан Шерали Сокин таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 11-сон