Артур Конан Дойл. Изқуварнинг инқирози (ҳикоя)

I

Шерлок Холмс уни доимо «Бу Аёл» деб тилга оларди. Уни қандайдир бошқача ном билан аталганини камдан-кам ҳоллардагина эшитиб қолардим. Унинг назарида ўша аёл дунёдаги жамики гўзалларнинг тимсоли эди. Лекин уни Ирэн Адлерга ипсиз боғланиб қолган, унда кўнгли бор деб бўлмасди. Барча ҳис-туйғулар, айниқса, муҳаббат унинг совуққон, босиқ табиатига, тийрак ақл-заковатига ёт эди. Менинг назаримда, у фикр юритадиган, кузатувчан энг мукаммал машинага ўхшарди: олам аҳли ҳали бунақасини кўрмаган бўлса керак. Аммо у ошиқ сифатида бошвоқсиз қолиши турган гап эди. У нозик ҳис-туйғулар ҳақида ҳар доим заҳарханда билан, камситиш оҳангида гапирарди. Унга қолса, нозик ҳис-туйғулар томоша қилса арзигулик — инсоннинг асл ниятларию интилишларини фош этиб қўядиган ажойиб восита эди, холос. Сир эмаски, ўткир заковат соҳиби исмсиз дардга мубтало бўлса, унинг сайқалланган, батартиб ички дунёси алғов-далғов бўлиб кетади, ўз ақли билан эришган барча ҳақиқатлар чиппакка чиқади. Холмсга ўхшаган инсонлар учун муҳаббат дегани — бу сезгир асбоб устига тушган қум заррасидай ёки ўша асбобнинг маҳобатли кўзгуларининг бири дарз кетгандай бир гапдир. Шунга қарамай, Холмс учун дунёда ягона аёл мавжуд эди: ўша аёл марҳум Ирэн Адлер бўлиб, у кишида шубҳа уйғотадиган даражада ном таратган эди.

Кейинги пайтлари мен Холмс билан аҳён аҳёнда кўришиб турардим — менинг уйланишим бизни бир-биримиздан узоқлаштириб қўйди. Мен гўё арши аълода юрардим. Албатта, эндигина рўзғор бошлиги бўлган кишининг бутун диққат-эътиборини оилавий ташвишлар қамраб олади. Айни пайтда, асилзодалар турмушини, у қандай кўринишда бўлмасин, лўлилардан ҳам баттар ёмон кўрадиган Холмс ҳамон Бейкер-стрит кўчасидаги бизнинг уйимизда истиқомат қиларди: атрофида эски китоблар уюлиб ётарди, ҳафта оралатиб кокаинга муккасидан кетарди, гоҳ-гоҳ шуҳратпарастлиги қўзиб қоларди, бангидан кайф сурарди — ёввойи ғайрат-шижоат унинг табиатига хос хусусият эди.

Одатдагидек у бутун борлиғи билан жиноятни текширишга шўнғиб кетган эди. У ўзининг улкан қобилиятини, фавқулодда кузатувчанлик истеъдодини расмий полиция томонидан поёнига етиб бўлмайди деб тан олинган хуфия жиноятларни фош этишга, жилла қурса, калаванинг учини топиб олишга сарфларди. Ора-орада мен унинг ишлари ҳақида ҳар хил мишмишлар эшитиб қолардим: гоҳ Треповнинг фожиали ўлими муносабати билан уни Одессага чақириб қолишарди, гоҳ Тринкомалида ака-ука Аткинсонларнинг қотиллари изига тушган бўларди, охири, Голландия қироллиги оиласи томонидан махсус топширилган вазифани қойилмақом қилиб адо этгани тўғрисида шов-шув тарқаларди.

Шунга қарамай, мен кўпчилик ўқувчилар сингари дўстимнинг фаолиятига алоқадор маълумотларни газетада босилган хабарлардан билиб олардим, холос. Лекин жонажон ўртоғимнинг ўзи ҳақида деярли ҳеч нарса билмасдим.

Бир куни кечаси (бу воқеа 1888 йил 20 март куни бўлган эди) мен мижозим ҳузуридан қайтаётиб, — мен яна хусусий ишлар билан шуғуллана бошлаган эдим, — беихтиёр Бейкер-стрит томон бурилдим. Менга қадрдон бўлиб қолган эшик ёнидан ўтар эканман, қаллиғимга совчи қўйиб юрган пайтларим ва “Қизғиш тусли манза” билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз воқеалар бир-бир кўз ўнгимда гавдаланди. Туйқус бутун борлиғимни Холмсни яна бир марта кўриш истаги чулғаб олди: ҳозир унинг теран ақл-идроки қандай масалаларни ҳал этиш билан машғул экан? У яшайдиган уйнинг деразаси ёп-ёруғ эди. Мен юқорига қарадиму новча, озғин гавдани дарров илғаб олдим — унинг қоп-қора сояси икки марта дераза пардасига тушди. У хона бўйлаб тез-тез юрарди, бошини эгиб олибди, қўлларини орқасига чалмаштирган. Унинг кайфиятини, қилиқларини яхши биладиган камина дарров кўп нарсани пайқади: хонанинг у бурчагидан-бу бурчагига бекордан бекорга зув-зув бориб келмасди. Демак, яна бир ишни бошлаб қўйган эди. У гиёҳвандлик натижасида пайдо бўлган саробдан фориғ, энди қандайдир жумбоқнинг ечимини излаш билан овора кўринарди. Мен қўнғироқни жиринглатдим, мени хонага бошлаб киришди: қачонлардир бу хонанинг бир қисми каминанинг ихтиёрида эди.

У мени тантанали гап-сўзлар билан кутиб олмади. Умуман, уни тантанали кайфиятда учратиш амримаҳол эди. Лекин сездимки, мени кўриб хурсанд бўлди. У деярли сўзсиз суратда хушчақчақлик билан мени ўтиришга таклиф этди, олдимга сигарет қутисини суриб қўйди, сўнг вино сақланадиган ертўлага ишора қилди. Кейин ўрнидан турди-да, ўчоққа орқа ўгирган кўйи менга синчиклаб разм солди.

— Оилавий ҳаёт сизга ёқибди, — деб таъкидлади у. — Менимча, Уотсон, мен сизни охирги марта кўрганимдан буён сиз етти ярим қадоқ семирибсиз.

— Етти қадоқ.

— Ростданми? Йўғ-е, сал кўпроқ шекилли. Ишонаверинг, оз-моз кўпроқ. Англашимча, сиз ишлаяпсиз, чоғи. Ишга бел боғлаб турганингиз ҳақида менга лом-мим демаган эдингиз.

— Хўш, сиз буни қаёқдан билдингиз?

— Мен аҳволингизни кўриб турибман, мен хулоса чиқаряпман, холос. Масалан, сиз яқинда паққос ивиб кетганингизни, уйингиздаги оқсоч ўтакетган палпис хотин эканини мен қаёқдан биламан?

— Азизим Холмс, сал ошириб юбордингиз, — дедим мен. — Шубҳасизки, агар бир неча аср илгари яшаганингизда борми, сизни гулханда куйдиришарди. Тўғри, пайшанба куни шаҳардан ташқарига чиққан эдим ва мен уйга ҳаммаёғим ифлос бўлиб қайтиб келдим. Лекин дарҳол костюмимни алмаштирганман, ҳозир устбошимда ёмғирнинг излари қолмаган-ку ахир. Энди Мери Жен масаласига келсак, ростдан ҳам унга бир гапни уқтириш жуда қийин: хотиним аллақачон уни огоҳлантириб қўйган — ишдан бўшатиб юбормоқчи. Шунга қарамай барибир ҳайрон қолдим, буларнинг барини сиз қаёқдан билдингиз?

Холмс товушини чиқармасдан кулди-да, узун-узун асабий қўлларини силаб-сийпалади.

— Бундан осони йўқ! — деди у. — Кўзларимнинг шаҳодат беришича, чап оёғингиздаги бошмоқнинг ички томонида, айнан нур тушиб турган жойида, деярли паралел равишда олтита тимдаланган чизиқ кўриниб турибди. Равшанки, пошнангизда қотиб қолган лойни тозалаётган кимса пала-партишлиги туфайли бошмоқни тимаб қўйган. Шунинг учун, сиз амин бўлганингиздек, мен қўшалоқ хулоса чиқардим: Сиз ёғингарчиликда ташқарига чиққансиз ва лондонлик оқсочларнинг энг бетамиз нусхаларидан биттасини уйингизда сақлайсиз. Энди сиз машғул бўлган иш масаласига келсак, агар йодоформ анқиб турган, ўнг қўлининг кўрсатгич бармоғига азот кислотасидан доғ тушган, устига-устак, цилиндрсимон шляпаси дўмпайиб турган, яъни стетоскопини қаёққа яшириб қўйганини яққол сездириб қўйган жентльмен менинг ҳузуримга ташриф буюрсаю, лекин уни шифокорлик оламининг вакили эканини илғаб ололмасам, билингки, қипқизил аҳмоқ бўламан.

Мен ундан қай тарзда муайян бир тўхтамга келгани хусусидаги гапларни эшитар эканман, беихтиёр кулиб юбордим.

— Сиз ўз мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашган чоғда ҳамма нарса менга кулгили даражада оддий туюлади — буларнинг барчасини ўзим ҳам осонгина идрок этишим мумкин эди-ку, — деб таъкидладим. — Лекин ҳар сафар янги далил келтирган пайтингизда мен бутунлай эсанкираб қолдим, фақат ўз фикр-мулоҳазаларингизни баён этганингиздан кейингина ўзимга келдим. Ўйлашимча, менинг кўзларим ҳам сизникидан хира эмас.

— Мутлақо тўғри, — деди Холмс папиросини тортиб-тортиб чекар экан, кейин у креслога ястаниб олди. — Сиз кўриб турибсиз, лекин синчиклаб кузатаётганингиз йўқ — буларнинг ўртасида жуда катта тафовут бор. Айтайлик, сиз ушбу хонага олиб чиқадиган зинапояни жуда кўп бора кўрганмисиз?

— Кўп кўрганман.

— Неча марта?

— Хўш, бир неча юз марта кўрганман.

— Жуда яхши. Ўша зинапоянинг нечта поғонаси бор?

— Нечта? Ҳеч эътибор бермаганман.

— Ана кўрдингизми, ҳеч эътибор бермагансиз. Лекин уларни кўргансиз! Ҳамма гап ана шунда. Майли, лекин мен биламанки, зинапоянинг ўн еттита поғонаси бор, чунки мен уларни ҳам кўрганман, ҳам кузатганман. Дарвоқе, сиз менинг касбим билан боглиқ ҳолда ҳал этиладиган баъзи бир масалаларга қизиқиб юрардингиз, чоғи. Ҳатто каминанинг икки-учта арзимас тажрибаларини қоғозга ҳам тушириб қўйган эдингиз. Шунинг учун, эҳтимол сизни мана бу хат қизиқтириб қўйиши мумкин.

У стол устида ётган қалин, қизғиш почта варақасини олдимга ташлади.

— Ҳозиргина олдим, — деди у. — Товушингизни чиқариб ўқинг-чи.

Хатнинг юборилган вақти ҳам, адреси ҳам кўрсатилмаган эди, имзосиз эди. «Бугун кечаси, ўн бешта кам саккизда, муҳим иш бўйича маслаҳат сўраш учун ҳузурингизга битта жентльмен боради, — дейилган эди хатда. — Яқинда Европадаги қирол оиласига кўрсатган ёрдамингиз натижасида аён бўлдики, сизга фавқулодда муҳим ишларни ҳам ишониб топширса бўлар экан. Кимдан сўраб-суриштирмайлик, сизга ана шундай юксак баҳо беришди. Айтилган пайтда уйда бўлишингиз сўралади. Хавотирланманг. Ҳузурингизга ташриф буюрадиган кимса ниқобдор бўлиши мумкин».

— Ҳақиқатан ҳам хуфия ишга ўхшайди, — дедим. — Ўзингиз нима дейсиз?

— Ҳозирча қўлимда ҳеч қандай маълумот йўқ. Далил-исботсиз назария яратилса, охири бахайр бўлмайди. Киши ўзи билмаган ҳолда фактларни назарияга мослаб чийлай бошлайди, фактларни нотўғри талқин қилади. Аслида эса назарияни фактлар билан асослаш лозим. Лекин хат қойилмақом ёзилибди! Сиз хат хусусида қандай хулосага келишингиз мумкин?

Мен хатни ҳам, хат ёзилган қоғозни ҳам синчиклаб кўздан кечирдим.

— Афтидан, ушбу хатни ёзган одам хийла бадавлат кўринади, — дедим, дўстимнинг иш усулига тақлид қилишга уриниб. — Бундай қоғознинг бир қутиси энг камида ярим крон туради. У анча мустаҳкам, қалин.

— Ғалати дейилса, муносиброқ таъриф берилган бўларди, — деб таъкидлади Холмс — Бу Англияда тайёрланадиган қоғоз эмас. Уни нурга тутиб кўринг-чи.

Мен уни нурга тутдиму ғира-шира белгиларни пайқаб олдим; катта «E» ва кичкина «г», кейин «П» ва катта «Г» кичкина «ш» ҳарфлари билан кўринди.

— Сиз бундан қандай хулоса чиқаришингиз мумкин? — деб сўради Холмс.

— Шубҳасизки, бу фабрика эгасининг исми шарифи бўлса керак, аниқроғи унинг монограммаси[1] шекилли.

— Ана, хато қилдингиз! Катта «Г» билан кичкина «ш» — бу «Геселл-шафт» сўзининг қисқартма кўриниши: немисча сўз, «ширкат» деган маънони англатади. Бу одатий қисқартма сўз бўлиб, худди инглизларнинг “Ко” белгисига ўхшайди. «П» эса, албатта «Папиер» демакдир, яъни «қоғоз». Энди «E» ҳарфининг мағзини чақишимиз керак. Қани, чет мамлакатларининг жуғрофий маълумотномасини варақлаб кўрайлик-чи… — у китоб жавонидан сарғиш муқовали, оғиргина, катта маълумотномани қўлига олди. — Еглов, Еглунитц… Мана, топдик: Егеристон. — У ерликлар немисча гаплашишади, Богемида — Карлсбадга[2] яқин жой. Валленштейн[3] ҳалок бўлган қадамжо, у ер кўплаб ойна заводларию қоғоз фабрикалари билан донг таратган… Ҳа-ҳа-ҳа, тойчоғим, сиз энди бундан қандай хулоса чиқарасиз? — унинг кўзлари тантанали чақнади, сўнг папиросидан пағапаға кўкимтир тутун буруқситди.

— Қоғоз Богемида тайёрланган, — дедим.

— Худди шундай. Хат ёзган киши эса немис. Сиз дағал жумла тузилганини пайқадингизми: «Кимдан сўраб-суриштирмайлик, сизга ана шундай юксак баҳо беришди». Француз ёки рус бу қадар паришон хат ёзмайди. Фақат немисларгина иш-ҳаракатни ифодаловчи сўзларни шунақа — беписанд оҳангда ишлатаверадилар. Шундай қилиб, энди фақат бир нарсани билишимиз даркор: Богемида тайёрланган қоғозга хат ёзадиган ва асл қиёфасини кўрсатмаслик учун юзига ниқоб тутиб юришни лозим топган бу немисга нима керак? Янглишмасам, ана, ўзи ҳам келиб қолди шекилли. Бизнинг барча гумонларимизни унинг ўзи тарқатиб юборса ажаб эмас.

Биз яқингинадаги йўл четидан эшитилаётган отларнинг дупур-дупурига, арава ғилдиракларининг, ғижирлашига қулоқ солдик. Кўп ўтмай кимдир эшик қўнғроғини зарб билан чалди.

— Товушига қараганда, бир жуфт от қўшилган аравага ўхшайди… — У деразадан пастга мўралади-да, давом этди:

— Ана, айтмадимми, бежиримгина соябонли аравага иккита йўрға қўшилган… ҳар бирининг баҳоси юзу эллик олтин танга туради. Нима бўлганда ҳам пулнинг ҳиди келяпти, Уотсон.

— Холмс, мен сизларни ёлғиз қолдирсам тузук бўлармиди-а?

— Йўқ, йўқ, кетманг! Таржимаи ҳолимни ёзаётган инсон кетиб қолса, қўл-оёғим боғланиб қолади-ку! Сезишимча, қизиқарли ишга ўхшайди. Агар сиз қатнашмасангиз кейин афсус қиласиз.

— Лекин сизнинг мижозингиз…

— Ҳечқиси йўқ, парво қилманг. Менга ҳам, унга сизнинг ёрдамингиз зарур бўлиб қолиши мумкин… у келяпти. Доктор, мана бу креслога ўтиринг, хаёлларингизни чалғитманг.

Зинапоядан, йўлакдан эшитилган оғир-вазмин қадам товушлари биз ўтирган хона остонасига яқинлашганда тинди-қолди. Кейин эшигимиз қаттиқ-қаттиқ, амирона тақиллатилди.

— Киринг! — деди Холмс.

Хонага бўйи олти қаричу олти дюмдан[4] кам чиқмайдиган, паҳлавон келбат киши кириб келди. У дабдабали кийинган эди, лекин бундай дабдабабозлик Англияда рўдаполик ҳисобланарди. Унинг авра-астари қалин пальтосининг енгию олд қисмига қоракўлдан энлик жияк қадалган эди; елкасига ташланган қорамтир-кўкиш плашнинг ҳошиясига шафақ ранг-қизғиш шойи тикилган бўлиб, зарҳал боғич билан бўйнига боғлаб олган эди. Қўнжиси болдирининг ярмигача етган этигининг сиртига қимматбаҳо сарғиш мўйна қопланган — булар унинг бутун қиёфасидан кўриниб турган тўқликка шўхлик аломатларини янада кучайтирарди. У кенг соябонли шляпасини қўлида ушлаб турарди, юзининг юқори қисми қоп-қора ниқоб билан тўсилган эди, ниқоб унинг ёноқларидан пастроққа тушган эди. Афтидан, дубулға пардасини эслатадиган ниқобни у ҳозиргина юзига тутиб олганга ўхшайди. Чунки хонага кирган чоғда ҳам ҳали қўлини пастга тушириб улгурмаган эди. Юзининг қуйи қисмига қараб ҳукм чиқарадиган бўлсак, бу киши кучли ирода кўринарди: қалин, дўрдоқ лаблари ва узун, гирд тушган ияги унинг қатъиятли ҳамда ўжар эканидан далолат бериб турарди.

— Сиз менинг хатимни олдингизми? — деб сўради у паст товушда, унинг дағал талаффузидан немис лағжаси яққол сезилиб қоларди. — Мен сизнинг ҳузурингизга боражагим ҳақида хабар берган эдим. — У гоҳ биримизга, иккинчимизга назар ташларди. Чамаси, у кимга мурожаат этишни билмасди.

— Марҳамат, ўтиринг, — деди Холмс. — Бу киши менинг дўстим, доктор Уотсон. У жуда ҳам меҳрибон, баъзан менинг ишларимга ёрдамлашиб туради. Ким билан гаплашаётганимни билсам бўладими?

— Сиз каминани граф фон Крамм — богемилик аслзода деб ҳисоблашингиз мумкин. Умид қиламанки, мана бу жентльмен, сизнинг дўстингиз, тўла-тўкис ишончли одам бўлса керак — унинг олдида фавқулодда муҳим иш ҳақида гапиришим мумкинми? Агар мумкин аса, мен сиз билан яккама-якка гаплашишни афзал кўрардим.

Мен хонани тарк этиш учун ўрнимдан турдим, лекин Холмс қўлимдан тутиб яна креслога ўтқазиб қўйди.

— Гапингизни ё иккаламизга айтасиз, ёки умуман айтмайсиз. Мен билан юзма-юз қолган пайтда нималарни гапиришингиз мнмкин бўлса, бу жентльмен олдида ҳам ўшаларни бемалол айтаверинг.

Граф яғриндор елкаларини қисди.

— Ундай бўлса, аввало, сизлар мен ҳозир айтадиган гапларни икки йилгача сир сақлаймиз деб ваъда беришларингиз керак. Икки йил ўтгандан кейин бу гапларнинг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди. Ҳозир эса заррача мубалағасиз айтишим мумкин: бу воқеа шу даражада жиддийки, ҳатто Европанинг тақдирига ҳам таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.

— Ваъда бераман, — деди Холмс.

— Мен ҳам.

— Юзимга ниқоб тутиб олганим учун маъзур кўрасизлар, — деб сўзида давом этди ғалати меҳмон. — Менга топшириқ берган шахснинг истаги бўйича, у кафолот берган вакилни сизлар билмаганларинг маъқул. Ростини айтсам, мен у ўзимни таништириш чоғимда айтган унвоним ҳам унчалик тўғри эмас.

— Буни ўзим ҳам пайқадим, — деди Холмс қуруққина оҳангда.

— Вазият бениҳоя қалтис, шу туфайли мислсиз машмаша бошланиб кетмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўриш тақозо этилади. Чунки охир оқибатда Европада ҳукмронлик қилаётган династиялардан биттасининг обрўйи тўкилиши мумкин. Очиғини айтганда, бу иш ҳукмрон Ормштейнлар —

Богеми қироллари оиласига алоқадор.

— Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим, — деб ғулдиради Холмс ва креслога ястаниброқ ўтириб олиб, кўзларини юмди.

Меҳмон очиқ-ойдин ҳайратланганча дангасалиги тутиб, ёнбошлаб олган лоқайд одамга тикилиб қолди: шубҳасизки, бу кишини унга Европадаги изқуварлар орасидаги энг ғайратлиси, зуккоси сифатида таърифлашган эди. Холмс аста кўзларини очди-да, ғўлабирдай мижозига шошмасдан назар солди.

— Агар жаноблари ўз ишлари билан бизни таништирсалар, мен сизга йўл-йўриқ кўрсатишга унчалик қийналмасдим — деди у.

Меҳмон стулдан сапчиб турди-ю, жазаваси тутиб хонадан уёқдан-буёққа юра бошлади. Кейин юзидаги ниқобини шаҳд билан сидириб полга улоқтирди.

— Сиз ҳақсиз мен қиролман! — деб ҳитоб қилди у. — Буни яшириб ўтиришимнинг нима кераги бор?

— Дарҳақиқат, нима кераги бор? Жаноби олийлари ҳали гап бошламасдан илгариёқ рўпарамда Вилгелм Готтсрейх Сигизтунд фон Ормштейн, яъни улуғ княз Кассел-Фелштейгски, яъни Богемининг меросхўр қироли турганларига имон келтирган эдим.

— Лекин биласизми, — деди ғалати меҳмон ва яна жойига ўтирдию оппоқ, кенг пешонасини ишқалаб қўйди — биласизми, мен бундай ишлар билан шахсан машғул бўлишга одатланмаганман! Шунга қарамай, масала шу даражада қалтиски, мен полицияда хизмат қиладиган жосуслардан бирортасига тақдиримни ишониб топширишни лозим топмадим — чунки мен ишонган айғоқчининг ўзи бошимга чиқиб олиши мумкин. Мен Прагадан атайлаб яширинча келдим, сиздан сўраб келдим.

— Марҳамат, маслаҳат сўрайверинг, — деди Холмс у яна кўзларини юмиб олди.

— Воқеанинг қисқача мазмуни қуйидагича: бундан беш йилча муқаддам, узоқ вақт Варшавада яшаган пайтимда, ҳаммаёққа донғи кетган Ирэн Адлер деган енгилтак асл билан танишдим. Ҳеч шубҳасизки, бу исм сизга ҳам таниш бўлса керак?

— Доктор, малол келмаса, менинг рўйхатнома бир қараб юборсангиз, — деб ғулдиради Холмс кўзларини очмай.

Бир неча йиллар олдин у одамларга, ҳодисаларга алоқадор фактларни қайд этиб борадиган система жорий қилган эди. Шунинг учун бирор шахс ёки предмет ҳақида дарҳол маълумот бериш унчалик мушкул эди. Мен шу тобда яҳудий руҳонийси билан чуқур сув ҳавзаларида яшайдиган балиқлар ҳақида илмий асар ёзган бир штаб бошлиғининг таржимаи ҳоллари орасидан Ирэн Адлернинг таржимаи ҳолига оид варақларни олдим.

— Кўрсатинг-чи, — деди Холмс. — Ҳм-м. Ню-Жерсида 1858 йили туғилган. Контральто, ҳм-м… Ла Скала[5], шундай-шундай… Варшавадаги император опера театрида асосий ролларни ижро этган аёл, ҳа-я! Опера саҳнасини тарк этган, ўҳ-ҳў! Лондонда яшайди… мутлақо тўғри! Жаноби олийлари, каминанинг фаҳмлашича, бу жонон сизни ипсиз боғлаб олган, сиз унга бошқалар олдида обрўйингизни тушириб қўйиши мумкин хатлар ёзгансиз, энди ўша хатларни қайтариб олмоқчисиз.

— Гапларингиз тўппа-тўғри. Лекин қандай қилай?

— Сиз пинҳоний равишда унга уйланганмисиз?

— Йўқ.

— Ҳеч қандай ҳужжат ёки гувоҳнома ҳам йўқми?

— Йў-ўқ ахир.

— Ундай бўлса, жаноби олийлари, мен сизнинг муддаонгиз нима эканини тушунмадим. Агар ўша жувон сизнинг хатларингиздан товламачилик ёки бошқа мақсадларда фойдаланишни истаса, уларнинг асл нусха эканини қандай қилиб исботлайди?

— Менинг дастхатим таниқли-ку.

— Бекор гап! Қалбаки.

— Хат ёзадиган шахсий қоғозим-чи?

— Ўғирланган.

— Шахсий муҳрим-чи?

— Ясама.

— Фотосуратим-чи?

— Сотиб олинган.

— Лекин биз бирга суратга тушганмизку!

— Ў-ў, шуниси ёмон бўлган экан! Жаноби олийлари ҳақиқатан ҳам жуда катта хатога йўл қўйган эканлар.

— Мен Ирэнни кўрсам — бас, ақлу ҳушимдан айрилиб қолардим.

— Сиз жиддий равишда обрўйингизни тўкиб қўйибсиз.

— Мен у пайтлари бор-йўғи тахт вориси эдим, холос. Ёш эдим. Ҳозир ҳам эндигина ўттизга кирдим.

— Суратни қандай бўлмасин қайтариб олиш зарур.

— Биз ҳаракат қилиб кўрдик, лекин сираям иложи бўлмади.

— Жаноби олийлари чиқимдан қочмаслиги лозим: Суратни сотиб олиш керак.

— Ирэн сотишни истамаяпти.

— Ундай бўлса, ўғирлаш керак.

— Беш марта ўғирлашга уриниб кўрилди. Мен ёлланма қулфбузарларни икки марта ишга солдим, улар унинг уйини ағдар-тўнтар қилиб юборишди. Бир гал, у саёҳатга чиққан пайтда, юклари ҳам бирма-бир тинтув қилинди. Авраб-алдаб уни икки бора тузоққа туширдик. Лекин ҳеч қандай самарага эришганимиз йўқ.

— Ҳеч қандайми?

— Ҳа. Ҳеч қандай. — Холмс кулиб юборди. — Тузуккина жумбоқ экан-ку! — деди у.

— Лекин бу мен учун ҳаёт-мамот масаласи! — деб эътироз билдирди қирол таънаомуз.

— Ҳа, тўғри. Хўш, улар суратни нима қилишмоқчи ўзи?

— Мени хароб қилишади.

— Аммо қай йўсинда?

— Мен яқинда уйланмоқчиман.

— Бу ҳақда эшитдим.

— Клотилда Лотман фон Саксен-Менингенга уйланмоқчиман. Эҳтимол, сиз бу оиланинг қатъий тартиблари мавжуд эканини биларсиз? Клотилда — бу покизалик тимсоли. Менинг ўтмиш ҳаётимга оид озгина гумон туғилса, охири айрилиққа бориб тақалади.

— Ирэн Адлер нима деяпти?

— У, суратни қаллиғингнинг ота-онасига юбораман, деб дағдаға қиляпти. Юборишдан ҳам тоймайди, албатта юборади! Сиз уни билмайсиз. У табиатан темирдек мустаҳкам. Ҳа, ҳа, у сиртдан ёқимтой аёлга ўхшайди-ю, лекин юраги тош-метин. Мени бошқа бировга уйлантирмаслик учун қўлидан келадиган ҳамма номаъқулчиликларни қилишга ҳам тайёр.

— У суратни ҳозирча қаллиғингизга жўнатмаганига ишончингиз комилми?

— Ишончим комил.

— Нима учун?

— У суратни мен қаллиғимга расман унаштириладиган кунда жўнатишга сўз берган. Ўша воқеа мана шу келаётган душанба куни рўй беради.

— Ў-ў, ихтиёримизда фақат уч кун муҳлат қолибди-ку! — деди Холмс эснаб. — Шунисига ҳам шукр, чунки мен ҳозир баъзи бир муҳим ишлар билан шуғулланишим лозим. Жаноби олийлари ҳозирча Лондонда қолсалар керак-а?

— Албатта. Сиз мени Лангхем меҳмонхонасидан топишингиз мумкин. У ердан граф фон Крамм исмли зотни сўрайсиз.

— Ундай бўлса, мен сизга хат жўнатаман — ишлар қандай кетаётгани ҳақида хабар қиламан.

— Сиздан ўтиниб-ўтиниб сўрайман. Мен жудаям ҳаяжонланяпман!

— Хўш, пул масаласи нима бўлади?

— Ўзингиз биласиз, керагича сарфлайверинг. Сиз кўнглингизнинг кўчасига қараб, эмин-эркин ҳаракат қилишингиз мумкин.

— Бутунлайми?

— Бўлмасам-чи, мен ўша сурат эвазига ўз қироллигим тасарруфидаги ҳар қандай ўлкани инъом этиб юбораман.

— Кундалик харажатлар-чи?

Қирол плашининг қатидан оғиргина ҳамён чиқариб, уни столга ташлади.

— Бу ерда уч юз фунт тилло танга ва етти юз сўм алоҳида маблағ бор, — деди у.

Холмс ён дафтарчасига тилхат ёзди-да, варақни йиртиб қиролга узатди.

— Хонимнинг адресини берасизми? — деб сўради у.

— Брайони-лож, Серпантайн кўчаси, Сент-Жонс-вуд.

Холмс ёзиб олди.

— Яна битта саволим бор, — деди у. — Сурат хонабоп размерда олинганмиди?

— Ҳа, хонабоп.

— Энди хайрли кеч, жаноби олийлари, умид қиламанки, тез орада биз хушхабарнинг шоҳиди бўламиз… Хайрли кеч, Уотсон, — деб қўшиб қўйди у, қирол араваси кўприкни тарақлатиб ўтаётган пайтда. — Марҳамат қилиб, эртага соат учда ҳузуримга ташриф буюрсангиз, мен сиз билан мана шу иш борасида суҳбатлашмоқчиман.

 

II

Эртаси куни роппа-роса соат учда мен Байкер-стритга бордим, лекин Холмс хали қайтмаган экан. Иқтисодчи аёлнинг гапига қараганда, у саккизларда уйдан чиқиб кетган эди. Мен ўчоқ рўпарасига ўтирдим: уни қайтгунча кутишга қарор қилдим. Тергов ишларига ниҳоятда қизиқиб қолдим. Тўғри, бу иш илгари бошқа ўринда ҳикоя қилганим икки мудҳиш жиноят каби ғаройиб ва мавҳум васиятларга эга эмасди. Лекин бу ҳодиса ўзига хос жиҳатлари ва мижознинг юксак мавқеи билан алоҳида ажралиб туради. Майли, дўстим олиб бораётган терговнинг асл моҳиятини бир четга қўйиб турайлик, аммо вазиятни у нечоғли муваффақиятли, моҳирона бахҳолай олганига, хулосаларида нечоғли қатъий, рад этиб бўлмас мантиқда амал қилганига тан бермай иложимиз йўқ, ахир! Абжир, мухтасар усуллар ёрдамида энг чалкаш синоатларнинг хам авра-астарини ағдариб ташлаётганини кузатиш менга ҳақиқий ҳузур-ҳаловат бағишларди. Мен унинг кетма-кет зафар қозонишига шу даражада кўникиб кетган эдимки, у ҳам инқирозга учраши мумкин эканини хаёлимга сиғдиролмасдим.

Эшик илкис очилиб, чакка соқолли, ҳурпайган саватсоч, юзлари бўғриққан, одмигина ва бетартиб кийинган ширакайф отбоқар хонага кириб келган пайтда соат тўртларга яқинлашиб қолган эди. Мен дўстимнинг ўз қиёфасини хам ўзгартира оладиган беназир қобилият сохиби эканига илгари сира-сира кўникма ҳосил қилмаганим учун қаршимда чайқалиб турган кимса ҳақиқатдан-да Холмсми ёки бошқа бировлигини аниқлаш мақсадида унга бошдан-оёқ уч марта синчиклаб разм солишга мажбур бўлдим. У йўл-йўлакай менга бош силкитиб қўйдию индамай ётоқхонасига кириб кетди ва беш минутлардан сўнг чиқди: эгнига қора костюм кийиб олибди, кўриниши одатдагидек мулойим эди. Қўлларини чўнтакларига тикан кўйи оёқларини ловуллаб гулхан ёнаётган ўчоқ томон узатди-да, бир неча минут қиқир-қиқир кулиб ўтирди.

— Мўъжиза! — деб хитоб қилди у, кейин уни йўтал тутди ва яна хохолаб юборди, токи ҳолсизланиб қолгунча кулаверди, охири мажолсизланиб кресло суянчиғига ўзини ташлади.

— Нима гап?

— Кулгили, ҳаддан ташқари кулгили! Ишончим комилки, мен эрталабки вақтимни қандай ўтказганимни, охири нима қилганимни сиз икки дунёда ҳам ўйлаб тополмайсиз.

— Тасаввур қилолмайман. Менимча, сиз Ирэн Адлернинг одатларини, ёки, эҳтимолки, хонимнинг уйини кузатган бўлсангиз керак.

— Мутлақо тўғри, лекин натижаси мен кутгандан ҳам зиёда бўлди… Яхшиси, бир бошдан гапириб бераман. Соат саккиздан ўтганда мен ишсиз отбоқар қиёфасида уйдан чиқдим. Отга ошно бўлган кишилар ўртасида ўзига хос биродарлик, ғаройибона меҳр-оқибат мавжуд. Ишонмасангиз, отбоқар бўлиб кўринг — бирпасда ўзингизга керакли ҳамма нарсани билиб оласиз. Мен Брайони-ложни хеч қийналмасдан топдим. Бу мўъжазгина, муҳташамгина икки қаватли вилла экан; кўча томонда эшиги бор, орқаси чорбоғ. Чорбоғ эшикда отнинг калласидай қулф осиғлик. Чап қаноти кенг-мўл меҳмонхона: яхшигина безатилган, деразалари катта-катта — деярли уй баравар келади, эшигига бемаъни инглиз лўкидони қадалган, уни ёш бола ҳам очиши мумкин. Уйнинг кетида диққатга сазовор хеч нарса кўринмади, фақат иккинчи қаватдаги айвонга от-аравалар турадиган бостирманинг томи орқали чиқса бўлар экан. Мен шу бостирманинг тўрт томонини ҳам синчиклаб кўздан кечирдим, лекин эътиборга молик бирон нарсани учратмадим. Мен кўча бўйлаб кетдим ва худди кутганимдай, чорраҳада чорбоғ деворига тақаб сурилган отхонага дуч келдим. Мен отбоқарларга отларни ювиб-тарашда ёрдамлашиб юбордим, бунинг эвазига икки танга пул, бир стакан арақ, икки ўрам тамаки хамда Адлер хониму унинг қўни-қўшнилари ҳақида бурнимдан чиққунча маълумотлар олдим. Қўни-қўшнилари мени заррача хам қизиқтирмасди, лекин уларнинг таржимаи холларини эшитишга мажбур эдим.

— Сиз Ирэн Адлер ҳақида нималарни билиб олдингиз? — деб сўрадим.

— Асти сўраманг, у шаҳарнинг мана шу қисмида яшайдиган барча эркакларнинг бошини айлантириб қўйибди! У ер юзида рўмол ўраб юрадиган аёллар орасида энг зебо санам. Серпантайнлик отбоқарлар бир овоздан шундай дейишяпти. У беозоргина хаёт кечиради, баъзан концертларда иштирок этади, ҳар куни соат бешда сайр қилгани отланади ва роппа-роса еттида тушликка етиб келади. Сайр вақтини камдан-кам ҳоллардагина — қўшиқ айтиши лозим бўлган пайтлардагина ўзгартиради, холос. Уни биттаю битта эркак йўқлаб туради — ягона эркак, аммо тез-тез йўқлаб туради. Қорачадан келган, келишган, олифтанамо; ҳар куни унинг ҳузурига келади, баъзан бир кунда икки марта ташриф буюриши мумкин. Унинг исми шарифи мистер Годфри Нортон, темпллик[6]. Кўрдингизми, аравакашларнинг ишончини қозониб олсангиз зиён қилмайсиз! Улар ўша эркакни Серпантайн отхонасидан йигирма мартача уйига элтиб қўйишган ва у ҳақида ҳамма маълумотларни билиб олишган. Мен уларнинг гапларини охиригача тингладим-да, яна Брайони-лож атрофида сайр эта бошладим, кейинги қилинадиган ишларнинг режасини

туздим. Бу Годфри Нортон, афтидан, ҳамма ишларда асосий вазифани бажараётган шахс шекилли. У ҳуқуқшунос. Бу хунук эшитилади. Хўш, уларни нима боғлаб турибди, қандай сабабга кўра улар тез-тез учрашадилар? Ирэн унга ким бўлади — мижозими? Дўстими? Ўйнашими? Агар Адлер унинг мижози бўлса, равшанки, ўша суратни юз қорачиғидай асраш учун унга бериб қўйгандир. Мабодо ўйнаши бўлса, бермаган бўлиши мумкин. Мана шу масалани бир ёғли қилиб олсам, бундан кейин ишни Брайони-ложда давом эттиришим ёки Темплда яшайдиган анави жентльменнинг квартирасига эътиборни қаратишим лозимлиги маълум бўлади. Бу масала хийла қалтис, энди менинг изланишларим доираси анча кенгаяди… Уотсон, мана шунақа икир-чикирлар сизнинг жонингизга тегмаса гўргайди деб қўрқаман, лекин сиз вазиятни батафсил билишингиз учун майда-чуйда қийинчиликларни ҳам очиқ-ойдин айтишим лозим.

— Мен сизнинг хикоянгизни диққат билан эшитяпман, — дедим.

— Брайони-ложга бежиримгина соябонли арава келиб тўхтаган пайтда мен хамон бу ишни ўзимча тарозига солиб кўриш билан машғул эдим. Аравадан қандайдир жентльмен сакраб тушди, у хавас қиладиган даража келишган, мўйлови қорача, бургутбурун. Афтидан, бу боя таърифини эшитганим кимса эди. Кўринишидан у жуда ҳам шошаётган эди ва нихоятда хаяжонланарди. У аравакашга кутиб ўтиришни буюрди-да, эшикни очган оқсоч ёнидан чопқиллаб ўтиб кетди, фақат бу уйда ўзини хўжайиндай хис этадиган кишигина ана шундай эмин-эркин ҳаракат қилиши мумкин. У ичкарига кирди-ю ярим соатча йўқ бўлиб кетди. Лекин мен меҳмонхона деразасидан унинг хона бўйлаб уёқдан-буёққа юраётганини, бир нималарни қизишиб гапираётганини, қўлларини арра-арра қилаётганини кўриб турардим. Мана, ниҳоят, кўчага чиқди, у янада ташвишлироқ кўринарди. Аравага яқинлашар экан, чўнтагидан тилла соатини чиқарди-да, унга хавотирланиб назар ташлади. Сўнгра: «Қора қуюндай ўчиринг! — деб бақирди аравакашга. — Аввал Рижент-стритдаги Гросс ва Хэнк хузурига кириб ўтамиз, кейин Эжвер-роуддаги муққаддас Моника ибодатхонасига борамиз. Агар манзилга йигирма минут ичида етказиб қўйсангиз, ярим сўлкавой бераман!» Улар шитоб билан қўзғолишди. Мен эндигина уларнинг орқасидан йўлга тушсаммикан деб ўйлаб турган эдимки, бирдан ўша уй олдига усти очиқ, мўъжазгина, иккита от қўшилган арава келиб тўхтади. Аравакаш пальтосининг тугмалари ярми қадалмаган эди, бўйинбоғи бадбарак бўлиб бўйнига ўралиб қолибди, отнинг қоринбоғи эса тўқадан чиқиб кетибди. Аравакаш отни тўхтатган заҳотиёқ Ирэн эшикдан отилиб чиқиб, ўзини аравага урди. Мен унинг юзларини аранг кўриб қолдим, лекин шунинг ўзи етарли бўлди: у ниҳоятда ёқимтой аёл экан, бундай офатижон аёлни эркаклар бир марта куриб қолсалар — бас, кейин бир умр ўша фариштанинг ишқида ўтадилар. «Жон, муқаддас Моника ибодатхонасига ҳайда! — деб қичқирди у. — Агар манзилга йигирма минут ичида етказиб қўйсангиз, ярим сўлкавой бераман!» Бундай қулай вазиятли қўлдан бой бермаслик лозим эди, Уотсон. Мен ҳам яхши булар экан деб ўйлай бошладим; орқасидан югурсам тузукми ёки араванинг шотисига осилиб олсам дурустми? Шу пайт бирдан кўчада бир отли извош кўриниб қолди. Аравакаш мендай бадбашара йўловчига икки марта ҳайратланиб қараб қўйди, лекин мен у эътироз билдиргунча ўриндиққа ўрнашиб қолдим. «Мутсаддас Моника ибодатхонасига ҳайданг! — дедим. — Агар манзилга йигирма минут ичида етказиб қўйсангиз, ярим сулкавой бераман!» Соат йигирма беш минути кам ўн икки эди. Албатта, гап нимада эканини англаб олиш унчалик мушкул эмасди. Менинг извошчим отни қандай учириб кетди. Мен умрим бино қадар катта тезликда юрганимни сира эслай олмадим. Бирпасдан кейин извош ҳам, бир жуфт от қўшилган арава ҳам ибодатхона остонасида турарди. Извошчи билан ҳисоб-китоб қилдим-да, зинапояга югуриб чиқдим. Ибодатхонада мен ҳозиргина орқаларидан қувиб келган кимсалардан бошқа бирор жонзот йўқ эди. Айтмоқчи, яна руҳоний бор эди, афтидан, уларга таънаомуз мурожаат қиларди. Уччаласи ҳам меҳроб қаршисида туришарди. Мен ён томондаги қўшимча меҳроб атрофида худди бу ерга тасодифан кириб келган йўловчидай бепарволик билан айланиб юра бошладим. Кутилмаганда, мени ҳайратга солиб, уччаласи мен томонга ўгирилишди ва Годфри Нортон менга қараб югурди.

«Худога шукр! — деб қичқирди у. — Бизга айнан сиз керак эдингиз. Юринг, кетдик! Юринг!»

«Нима гап ўзи?» — деб сўрадим.

«Юринг, юра қолинг энди, туришингиздан яхши одамга ўхшайсиз-ку, фақат уч минутга, холос!»

Мени меҳроб қаршисига деярли судраб олиб боришди ва ҳали ақл-ҳушимни йиғиб олмасимдан, қулоғимга пичирлаб туришган аллақандай гапларни такрорлай бошладим: ўзим мутлақо билмайдиган кимсалар номидан қасам ичдим, хуллас, келинчак Ирэн Адлер билан куёв Годфри Нортоннинг никоҳдан ўтишларига ёрдам бердим. Буларнинг ҳаммаси бир дақиқа мобайнида рўй берди: мана, бир томондан жентльмен, иккинчи томондан леди менга ташаккур изҳор эта бошладилар, руҳоний бўлса ўзида йўқ хурсанд — нуқул жилмаяди, холос. Мен эсимни таниганимдан бери бунақа бемаъни ҳолатга тушиб қолмаган эдим. Мана энди ўша ҳолатни эсласам кулгим қистаяпти. Назаримда, келин-куёвлар қандайдир расм-русумларни адо этишмаган шекилли, шунинг учун агар битта гувоҳ бўлмаса, руҳоний никоҳ маросими ўтқазишдан бутунлай бош тортаётган эди. Менинг ибодатхонада пайдо бўлиб қолишим куёвни гувоҳ қидириб кўчага қараб югуриш ташвишидан фориғ этди. Келинчак менга бир сулкавой берди, мен буни ўз саргузаштимдан хотира сифатида соатимнинг занжирага осиб юраман.

— Иш чаппасига кетибди-ку, — дедим мен. — Энди нима бўлади?

— Албатта, мен режаларим хавф остида қолаётганини дарҳол англадим. Афтидан, иш куёв-қаллиқ билан саёҳатга чиқишмоқчи эди, шунинг учун дарҳол, қатъий ҳаракат қилишим лозим эди. Бироқ, улар ибодатхона остонасида ажралишди: йигит Темплга қараб, келинчак ўз уйи томонга жўнади. «Мен одатдагидек соат бешда бомдодда сайр қилгани чиқаман», деди Ирэн хайрлашаётиб. Мен шундан бошқа ҳеч нарса қилмадим, мен ҳам изимга қайтдим. Энди олдиндан ҳозирлаб қўйилган ишга қўл урмоқчиман.

— Қилинадиган иш нимадан иборат?

— Оз-моз совутилган гўшт ва бир стакан пиво, — деб жавоб берди Холмс ва қўнғироқ ипини тортди. — Мен ниҳоятда банд эдим, хатто овтқатланиш ҳам эсимдан чиқиб қолибди. Эҳтимол, бугун кечаси ташвишларим яна ҳам кўпайиб кетса ажаб эмас. Айтмоқчи, доктор, менга ёрдамлашиб юборсангиз ёмон бўлмасди.

— Жоним билан.

— Ишқилиб, сиз қонунбузарликдан қўрқмайсизми?

— Зиғирчаям қўрқмайман.

— Қамоққа тушиб қолишдан хам ҳайиқмайсизми? Хайрли иш учун бунгаям тайёрман.

— Ў-ў, хайрли бўлганда қандоқ!

— Ундай бўлса, мен хизматингизга мунтазирман.

— Сизга ишонишим мумкин эканини билардим.

— Лекин сизнинг асл ниятингиз нима ўзи?

— Ҳозир миссис Тернер овқатни олиб келсин, кейин ҳаммасини тушунтириб бераман… Мана ҳозир, — деди у, бизнинг иқтисодчимиз тайёрлаб берган камтарона овқатни иштаҳа билан тановул қилар экан, — мен овқат маҳали сиз билан иш хусусида гаплашишга мажбурман, чунки ихтиёримда жуда ҳам кам вақт қолди. Шу тобда озгинаси кам беш бўлди. Икки соатдан кейин биз ўша жойда ҳозиру нозир бўлишимиз лозим. Ирэн сизгина ёки аниқроғи, Ирэн хоним боғ сайридан еттида қайтиб келади. Биз уни кутиб олиш учун Брайони-ложга боришимиз керак.

— Кейин нима қиламиз?

— Уёғини менга қўйиб бераверинг. Кейин бўладиган ишларнинг ғамини еб қўйганман. Мен сиздан фақат бир нарса талаб қиламан; ҳар қандай воқеа рўй берса ҳам сиз аралашмайсиз. Тушундингизми?

— Мен холис бўлишим керакми?

— Худди шундай. Хеч нарса қилмаслигингиз лозим. Сезишимча, арзимас кўнгилсизлик рўй бериши мумкин, лекин аралашмайсиз. Охири мени уйга олиб кириб кетишади. Орадан беш-олти минут ўтгач, меҳмонхонанинг деразаси очилади. Сиз ана ўша очилган деразага яқинроқ, жойда туришингиз даркор.

— Яхши.

— Мен қўлимни мана бундай тарзда юқорига кўтарган пайтим, сизга олдиндан бериб қўйган нарсани хонага ирғитиб юборасиз-да, айни замонда: «Ёнғин!» — деб қичқириб соласиз. Гапимни тушундингизми?

— Тушундим.

— Бунда хавфли ҳеч нарса йўқ, — деди у, чўнтагидан йўғон сигарета шаклидаги ўрамни олар экан. — Бу одатдаги тутантириқ ракета: икки томонида мурвати бор — ўз-ўзидан аланга олиб кетиши учун мўлжалланган. Сиз қиладиган ҳамма иш шундан иборат. “Ёнғин!” — деб қичқиришингиз биланоқ ортингиздан чиққан сўзни оломон бирваракайига такрорлай бошлайди. Шундан кейин бамайлихотир кўча адоғига бориб турасиз, мен минутлардан сўнг сизга етиб оламан. Умид қиламанки, ҳамма гапимни тушундингиз-а?

— Мен деразага яқинроқ жойга бориб, ҳеч бир ишга аралашмай туришим лозим. Сизнинг ишорангизни кутаман ва ўша нимарсани зудлик билан деразага қаратиб ирғитаман, айни замонда ёнғин чиққани ҳақида шовқин кўтараман, кейин кўчанинг бурилишида сизни пойлаб тураман.

— Мутлақо тўғри.

— Менга ишонишингиз мумкин.

— Жуда соз. Энди мен бугун ўйлашим лозим бўлган янги ўйинга ҳозирлик кўраман.

У меҳмонхонага кириб кетди ва бир неча минутлардан кейин мулойим, содда руҳоний қиёфасида пайдо бўлди. Унинг кенг соябонли қора шляпаси, шалвираган шими, оппоқ, бўйинбоғи, жозибалилигини ва умуман қиёфасидан балқиб турган меҳрибон бир ажойибот таърифга сиғмасди. Гап фақат Холмс костюмини алмаштирганида эмас. У ҳар сафар янги вазифани бажараётган пайтда юзларидаги ифодаю хулқ-атворини, ҳатто ички оламини ҳам ўзгартиргандай туюларди. Театр санъати Холмс тимсолида буюк бир актёрдан маҳрум бўлди, илм олами эса — синчков донишмандни йўқотди: у жиноятларни текширадиган мутахассис касбини танлади.

Олтидан ўн беш минут ўтганда биз ундан чиқдик, кўзланган манзилга — борган пайтимизда ўн беш минут бўлган эди. Қоронғи туша бошлади, кўчада фонарлар ёқилди, биз Брайон-лож ёнида сайр этиш билан машғул бўлдик; уй соҳибларининг қайтишига махтал бўлиб турдик. Уй Шерлок Холмснинг қисқача таърифидан кейин қандай тасаввур этган бўлсам — худди шундай эди, лекин бу жойлар мен кутгандан кўра гавжумроқ экан. Аксинча, шахар чеккасидаги бу торгина, тинчгина кўчада оломон қайнаб ётарди. Бир бурчакда қандайдир қаланғи-қасанғилар сигарета чекишиб, ҳиринглашиб туришарди, буталарнинг ёнига пичоқ чархлайдиган косиб чархини қўйиб қўйган эди, икки аскар эса хизматкор аёлга гап отиш билан овора эдилар, оғзига сигарета қистириб олишган бир нечта олифта йигитчалар кўча бўйлаб саланглаб юришарди.

— Кўрдингизми, тўй ҳашамлари ишимизни ҳийла енгиллаштиради, — деди Холмс уй ёнидан ўтаётган чоғимиз. — Энди сурат икки юзи чархланган қуролга айланиб қолади. Эҳтимол, Ирэн суратини мистер Годфри Нортон кўриб қолишини хоҳламас, айни пайтда бизнинг мижозимиз хам ўша суратга қироличанинг назари тушиб қолишини асло истамайди. Энди ҳамма гап биз суратни қаердан топишимизда қолди, холос.

— Дархақиқат, қаердан топамиз?

— Албатта, Ирэн уни доимо ўз ёнида олиб юришига ишониб бўлмайди. Хонага осиб қўйишга мулжалланган суратни аёлларнинг кўйлаги остига яшириб қўйиш амри-маҳол. Ирэн биладики, қирол уни бир четга алдаб-сулдаб чақириб туриб тинтув ўтқазишдан ҳам тоймайди. Шу мақсадда икки марта уриниш ҳам содир бўлган. Демак, биз кўнглимизни тўқ қилишимиз мумкин: у суратни ёнида олиб юрмайди.

— Бўлмасам, қаерда сақлайди?

— Ўзининг банкчисига ёки адвокатига бериб қўйган бўлиши мумкин, ё унисида, ёки бунисида, лекин қайси биттасида эканини аниқ айтолмайман.

Аёллар табиатан хуфия ишларга мойил бўлишади ва изларини сирли тилсимларга чулғаб юришни яхши кўришади. Нега энди у ўз тилсимидан бошқа бировни хабардор қилиб қўйиши лозим экан? У ўзига ишонган ҳолда ҳар қандай буюмни сақлаши мумкин. Лекин сирдан воқиф қилинган ишбилармон киши сиёсий ёки бошқа бир тазйиққа дош бера олишига у тўла-тўкис ишониши даргумон. Бундан ташқари, эсингизда бўлса, у тез кунларда суратни харакатга келтиришга аҳд қилган.

Шунинг учун уни истаган пайтда қўлини узатса етадиган жойда сақлайди. Сурат унинг ўз уйида бўлиши керак.

— Лекин қулфбузарлар уйни икки марта ағдар-тўнтар қилиб ташлашган-ку.

— Сафсата! Улар қандай йўсинда излаш лозимлигини билишмаган.

— Сиз қай тарзда излайсиз?

— Мен излайман.

— Ҳеч жаҳонда изламай ҳам топиб бўларканми?

— Мен шундай қиламанки, Ирэннинг ўзи уни менга кўрсатади.

— У бари бир кўрсатмайди.

— Ҳамма гап шундаки, кўрсатмасдан иложи қолмайди… Шошманг, ғилдирак товуши қулоғимга чалиняпти. Бу унинг араваси. Энди менинг кўрсатмаларимни пишиқ-пухта бажарсангиз — бас.

Шу пайт кўча бурилишида соябонли араванинг ён томонидаги фонарлари кўринди ва ҳадемай бежирим арава Брайони-лож остонасига келиб тўхтади. Арава тўхтаган заҳотиёқ бурчакда турган саёқлардан бирови файтон эшикчасини очиш ва бунинг эвазига сариқ чақа ишлаб олиш илинжида югуриб келди, лекин уни худди шу ниятда чопқиллаб келаётган бошқа бир саёқ, итариб юборди. Улар шафқатсизларча муштлашиб кетишди. Саёқлардан биттасининг ёнини олган икки аскар билан бошқа саёқни ҳимоя қила бошлаган чархчи гулханга гўё мой сепиб юборишди. Файтондан тушган хоним бир зумдаёқ юмалашиб ётган, бир-бирларига аёвсиз мушт тушираётган, бир-бирларини калтаклар билан савалаётган оломон орасига кириб қолди. Холмс хонимни ҳимоя қилиш учун ўзини тўс-тўполонга урди. Бироқ, у аёлга яқинлашган пайт бирдан қичқириб юборди. Юзлари қип-қизил қонга бўялганча гурс этиб йиқилди. У йиқилиши билан аскарлар — бир томонга, қаланғи-қасанғилар бошқа томонга тумтарақай бўлиб қочишди. Ур-йиқитда иштирок этмаган бир нечта беодоб кишилар хоним билан ярадорга ёрдам кўрсатиш учун шошилишди. Ирэн Адлер (мен уни ҳамон эски номи билан атайман) зинапояга югуриб чиқди-да, унинг юқорисидаги майдончада тўхтаб, кўчани кўздан кечира бошлади; унинг офатижон қадди-қомати меҳмонхонадан тушаётган шуълада яққол кўзга ташланиб турарди.

— Шўрлик жентльмен оғир яраланибдими? — деб сўради у.

— У ўлиб қолибди, — деб жавоб қайтаришди бир неча киши.

— Йўқ, хайрият, у ҳали тирик экан! — деб қичқирди кимдир. — Лекин уни касалхонага олиб боргунингизча — йўлдаёқ жон таслим қилади.

— Қўрқмас инсон экан! — деди қандайдир аёл. — Агар у бўлмаганда анавилар хонимнинг ҳамёнини ҳам, соатини ҳам тортиб олишарди. Уларни бутун бошли шайкаси бор, жуда хавфли. Вой, у нафас ола бошлади!

— Уни кўчада қолдириб бўлмайди… Хоним, уни уйингизга олиб киришимизга рухсат берасизми?

— Албатта! Меҳмонхонага олиб киринглар. У ерда диван бор. Марҳамат, буёққа!

Холмсни қўлларида намойишкорона кўтаришганча аста-секин Брайони-ложга олиб киришди-да, меҳмонхонага ётқизиб қўйишди. Мен эсам деразага яқинроқ жойда бўлаётган воқеаларни зимдан кузата бошладим. Лампалар ёқиб қўйилган эди; дераза пардалари туширилмагани учун мен диванда ётган Холмсни яққол кўриб турардим. Найрангбозлик қилаётгани сабабли унинг виждони қийналармиди ёки йўқми, билмадим-у, лекин мен бу ёқимтой аёлнинг ярадор теварагида гиргиттон бўлаётганини кўриб турган дамларимда ўзимдан ўзим шу қадар уялиб кетдимки, қани энди шу тобда ер ёрилсаю ернинг остига кириб кетсам! Шунга қарамай, мен Холмснинг топшириғини бажармасам ҳам виждонимга хиёнат қилган бўлардим. Юрагим увишиб, пальтомнинг остидан тутатқи ракетани чиқардим. «Охир-оқибатда биз унга ҳеч қандай зиён етказмаяпмиз-ку, фақат уни бошқа бир одамга зиён етказишига халақит беряпмиз, холос», деб ўзимга таскин бердим.

Холмс астагина дивандан қўзғолди ва кўрдимки, у худди нафаси бўғаётган киши сингари мажолсизгина қадам ташлаяпти. Хизматкор аёл дераза ёнига югуриб келди-да, уни очиб юборди. Айни шу чоқ Холмс қўлини юқори кўтарди; мен мана шу ишорага биноан ракетани хонага қаратиб ирғитдиму: «Ёнғин!» — деб қичқирдим. Бирпасда хонани қуюқ тутун қоплади ва очиқ деразадан ташқарига ўрлай бошлади. Мен одамларнинг меҳмонхонада елиб-югураётганини кўриб қолдим; бир оздан сўнг бу ёлғондакам ваҳима эканига кимларнидир ишонтирмоқчи бўлаётган Холмснинг гап-сўзлари қулоғимга чалинди.

Мен оломон орасидан ёриб ўтдим-да, кўчанинг бурилиш жойига бориб олдим. Бахтимга, ўн минутдан кейин Холмс мени қувиб етди ва аста қўлтиғимдан қўлини ўтказди: биз шиддатли воқеалар рўй бераётган масканни тарк этдик. Бир қанча пайт у жадаллаб юрди ва Эжверродга олиб чиқадиган сокин кўчага бурилгунимизга қадар лом-мим демади.

— Доктор, сиз ҳамма ишни жуда абжирлик билан адо этдингиз, — деб таъкидлади Холмс. — Қойил қилдингиз. Ҳаммаси жойида.

— Суратни қўлга киритдингизми?

— Мен уни қаерга яширилганини билиб олдим.

— Қандай қилиб?

— Аввал каромат қилганимдай, уни менга Ирэннинг ўзи кўрсатди.

— Мен барибир ҳеч нарсага тушунмаяпман.

— Мен эсам, бор гапни айтяпман, — деди у кулиб. Ҳаммаси оддийгина рўй берди. Ҳойнаҳой сиз фаҳмлаган бўлсангиз керак — кўчадаги барча бекорчихўжалар менинг ҳамтовоқларим эди. Мен уларни ёллаб қўйган эдим.

— Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйловдим.

— Менинг қўлимда оз-моз қизил бўёқ бор эди. Ур-йиқит бошланган чоқда мен олға ташландим, йиқилиб тушдим, қўлимни юзимга суртдим ва қонга бўялган ҳолда гавдаландим… Эски усул.

— Буни ўзим ҳам пайқаган эдим…

— Улар мени уйга олиб киришди. Ирэн Адлер каминани қабул қилишга мажбур бўлди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да. Мен меҳмонхонада пайдо бўлиб қолдим, аслида, ҳамма гумоним ана шу хонада эди. Сурат шу яқин орада бўлиши керак: ё меҳмонхонада, ёки ётоқхонада. Мен айнан қаерда эканини аниқлашга қатъий қарор қилдим. Мени юмшоқ ўринга ётқизиб қўйишди, мен бўлсам худди нафасим қисаётгандай ҳунар кўрсата бошладим. Улар деразани ланг очиб қўйишга мажбур бўлишди; сиз бўлсангиз ўз ишингизни бажариш учун қулай имкониятга эга бўлдингиз.

— Хўш, бунинг эвазига сиз нимага эришдингнз?

— Кўп нарсага. Аёл зоти уйидан ёнғин чиққанини ўйласа, у беихтиёр ўзи учун энг азиз нарсани сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Бу энг кучли ички туртки; мен ундан бир неча марта фойдаланганман. Дорлингтон машмашаси чоғида ҳамда Арнсвор саройи билан боғлиқ ишларда ҳам шу усулни қўллаганман. Эрга теккан жувон — боласини, эрсиз қизлар эса қимматбаҳо тақинчоқлари солинган қутичани асрайдилар. Энди мен аниқ биламанки, бизнинг хоним учун уйида биз излаётган нарсадан бошқа қимматлироқ ҳеч вақо йўқ. У айнан ўша нарсани асраб қолиш учун жон ҳалпида ташланди. Ёнғин ваҳимаси жуда уддабуронлик билан уюштирилди. Темир асабларни титратишга тутун билан бақир-чақирлар кифоя қилди. Ирэн худди мен кутганимдай талвасага тушиб қолди. Сурат қўнғироқнинг боғичи тепасидаги нари-бери суриладиган тахта ортида — махфий жойда сақланар экан. Ирэн бир зумдаёқ ўша ерда пайдо бўлиб қолди: ҳатто суратнинг ярмини ташқарига чиқаришга ҳам улгурди, мен унинг бир четини кўрдим. Фақат бу ёлғондакам ваҳима, деганимдан кейингина Ирэн суратни қайтариб жойига тиқиб қўйди, ракетага кўз қирини ташлади-да, хонадан югуриб чиқиб кетди, шундан сўнг мен уни кўрмадим. Мен ўрнимдан турдиму узр сўраб, уйдан жуфтакни ростладим. Суратни дарҳол олмоқчи эдим, лекин хонага аравакаш кириб келиб, мени синчиклаб кузата бошлади. Шундай қилиб, ниятимни ҳозир амалга оширолмаслигимни англадим — буни кейинги сафарга қолдирдим. Шошқалоқлик панд бериб қўйиши мумкин.

— Энди нима бўлади? —деб сўрадим.

— Сирасини айтганда, бизнинг қидирув ишларимиз тугалланди. Эртага биз — қирол иккаламиз Ирэн Адлер ҳузурига борамиз. Агар бизга ҳамроҳ бўлишни истасангиз, сиз ҳам юринг. Бизга, меҳмонхонада кутиб туринглар, дейишади, лекин меҳмонларнинг истиқболига чиққан хоним на бизни, на суратни топа олмаса ажаб эмас. Балки, уни яширинган жойидан ўз қўлларн билан суғуриб олиш жаноби олийларига кўнгилли туюлар.

— Сизлар уёққа қачон жўнайсизлар?

— Эрталаб соат саккизда. Хоним ҳали иссиқ ўринда чўзилиб ётган бўлади — биз бемалол ҳаракат қилишимиз мумкин. Бундан ташқари, жадал суръатда ишни битиришимиз лозим, чунки кечаги никоҳ унинг турмуш тарзини, одатларини тубдан ўзгартирнб юбориши эҳтимолдан холи эмас. Мен ҳозир қиролга зудлик билан телеграмма жўнатишим керак.

Биз Бейкер-стритгача гаплашиб бордик-да, уйимиз остонасига етганда тўхтадик. Холмс чўнтакларини пай-паслаб калитни қидира бошлади. Шу пайт қандайдир йўловчи:

— Хайрли кеч, мистер Шерлок Холмс! — деди. Йўлкада бир неча киши уймалашиб туришарди, аммо биз билан саломлашган кимса, афтидан, ёнимиздан ўтиб кетаётган узун пальтоли, келишган йигитча эди.

— Мен қаердадир бу товушни аввал ҳам эшитганман, — деди Холмс, ғира-шира ёритилган кўчага назар ташлар экан. — Лекин унинг кимлигини сира эслолмаяпман, жин урсин!

 

III

Мен шу кеча Бейкер-стритда ётиб қолдим. Эрталаб хонага Богеми қироли шитоб билан кириб келган чоқда биз қаҳвага қотган нон ботириб еб ўтирган эдик.

— Сиз ҳақиқатдан ҳам суратни қўлга киритдингиз-ми?! — деб’ хитоб қилди у Шерлок Холмснинг елкалари-дан қучиб. Сўнг қувонч билан юзларига тикилди.

— Ҳозирча қўлга киритганим йўқ.

— Лекин сиз уни қўлга киритишдан умидвормисиз?

— Умидворман.

— Ундай бўлса, кетдик! Мен энди ортиқ кутолмайман, ёниб кетяман!

— Бизга файтон керак.

— Менинг файтоним кўчада турибди.

— Бу ишимизни анча енгиллаштиради.

Биз пастга тушдик-да, яна Брайони-лож томон жўнадик.

— Ирэн Адлер турмушга чиқди, — деди Холмс.

— Турмушга чиқди? Қачон?

— Кеча.

— Кимга тегди?

— Инглиз адвокатига, унинг номи Нортон.

— Лекин, албатта, Ирэн уни яхши кўрмаса керак-а?

— Умид қиламанки, яхши кўради.

— Сиз нега умид қиляпсиз?

— Негаки, жаноби олийлари, бу ҳол сизни келажакдаги барча кўнгилсизликлардан асрайди. Агарда хоним ўз эрини яхши кўрса, демак у жаноби олийларини яхши кўрмайди, шундан кейин унда жаноби олийларининг режаларнга халақит беришга арзигули ҳеч қандай асос қолмайди.

— Тўғри, тўғрику-я. Шундай бўлса ҳам… Эҳ, мен уни менга муносиб асилзода оиладан бўлишини жуда-жуда истардим! У беназир қиролича бўларди!

У маъюс тортиб қолди, то Серпантайн кўчасига кириб боргунимизча миқ этмади.

Брайони-лож вилласининг эшиклари очиқ экан, зинапояда кексароқ бир аёл турарди. Файтондаy тушаётган пайтимизда у бизга худди мазахлаётгандан тикилиб қолди.

— Мистер Шерлок Холмсмисиз? — деб сўради у.

— Ҳа, мен Шерлок Холмсман, — деб жавоб берди дўстим унга ҳайратланиб қараганча.

— Ана, ўзи экан! Менинг бекам, ҳойнаҳой, сизнинг келишингизни билгандай каминани огоҳлантириб қўйган эди. У бугун эрталаб, соат бешдан ўн беш минут ўтганда, эри билан биргаликда Черинг-крос вокзалидан қитъага жўнаб кетди.

— Нима?! — Шерлок Холмс довдираб орқасига чекинди. Кутилмаган зарбадан унинг ранги ўчиб кетди, дили сиёҳ бўлди. — Сиз уни Англиядан чиқиб кетди демоқчимисиз?

— Ҳа. Бутунлай.

— Қоғозлар-чи? —деб сўради қирол ҳирқираб. — Ҳаммаси барбод бўлди-ку!

— Кўрамиз! — Холмс хизматкор аёл ёнидан жадал юриб ўтди-да, меҳмонхонага ўзини урди.

Қирол иккаламиз унинг орқасидан кирдик. Хонадаги барча мебеллар тартибсиз равишда уёқдан-буёққа сурилган эди, тахта токчалар бўм-бўш, ғаладонлар очилиб ётибди — равшанки, бека қочиб кетишдан аввал ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб юборган эди.

Холмс қўнғироқ боғичига ёпишди, деворга қадалган кичкина тахтани ўрнидан сурди ва махфий ковакка қўлини тиқди-да, у ердан сурат билан битта хатнн суғуриб олди. Бу Ирэн Адлернинг тунги кўйлакда тушган сурати эди. Хатнинг устига эса: «Мистер Шерлок Холмсга. У келган пайтда қўлига топширилсин», деб ёзилган эди.

Дўстим дарҳол конвертни йиртди ва биз уч кишилашиб хатни ўқий бошладик. Хатга ўтган кечанинг числоси қўйилган бўлиб унда қуйидагилар ёзилган эди:

«Қадрдоним мистер Шерлок Холмс, сиз ҳақиқатан ҳам ажойиб томоша кўрсатдингиз. Дастлабки пайтлари мен сизга чиппа-чин ишонган эдим. Ёнғин васвасасига қадар менда ҳеч қандай шубҳа уйғонмади. Лекин кейин, яъни ўз сиримни фош этиб қўйган пайтимда фикр-мулоҳаза юритишдан бошқа иложим қолмади. Бир неча ой муқаддам, агар қирол жосуслар хизматидан фойдаланишга аҳд қилса, у албатта сизга мурожаат этажаги ҳақида мени огоҳлантиришган эди. Менга адресингизни беришди. Шунга қарамай, сиз мендан ўзингиз билишни истаган сирни билиб олдингиз. Мен қанчалик бадгумон бўлишимдан қатъий назар, мушфиқ, меҳрибон, мўйсафид руҳоний хусусида ёмон фикрларга боришни ўзимга эп кўрмадим… Бироқ, ўзингиз ҳам биласизки, мен ҳам актриса бўлганман. Эркакларнинг костюмини кийиб саҳнага чиқиш мен учун янгилик эмас. Мен тез-тез эркакларнинг уст-бошидан фойдаланиб тураман, эркакча кийиниб олсам, ўзимни эмин-эркин ҳис этаман. Мен аравакаш Жонни сизни назорат қилиб туриш учун юбордим-да, ўзим юқорига чопиб чиқиб сайрбоп эркакча уст-бошимни кийиб пастга тушдим. Сиз айни ўша пайтда кўчага чиқиб кетаётган экансиз. Сизнинг изингиздан остонангизгача кузатиб бордим ва менга ҳақиқатдан ҳам машҳур Шерлок Холмс қизиқиб қолганига ишонч ҳосил қилдим. Сўнгра хийла эҳтиётсизлик билан сизга хайрли кеч тиладиму Темплга, эримнинг ҳузурига жўнадик.

Бизни шунчалик қудратли рақиб таъқиб этаётган бўлса, қутулмоқнинг энг яхши йўли — қочмоқликдир деган қарорга келдик. Ана энди сиз эртага қадам ранжида қиласизу, бўм-бўш уйга дуч келасиз. Сурат хусусида сизнинг мижозингиз хотирини жам қилсин; мен ундан ҳам афзалроқ бўлган инсонни яхши кўраман. Ўша инсон мени ҳам яхши кўради. Қирол ўзининг ғамини еб нимаки қилмоқчи бўлса, ҳаммасини қилаверсин: бир пайтлар хўб ёмонлик қилган кишисидан асло хавфсирамасин. Фақат ўзимнинг хавфсизлигим учун, қўлимда қалқоним қолиши учун, келажакда қирол томонидан уюштириладиган ҳар қандай тажовузлардан ўзимни асрашим учун мен бу суратни сақлаб қўяман. Мен бу ерда бошқасинн қолдиряпман. Эҳтимол, шуни у асраб қўйса кўнгли ором олар. Қадрдоним мистер Шерлок Холмс, мен ҳамиша сизга содиқ бўлиб қоламан, деб Ирэн Адлер, туғуруқ фамилиям Адлер».

— Ў, қанақа аёл-а, қанақа аёл! — деб хитоб қилди Богеми қироли, уч кишилашиб хатни ўқиб чиқишимиз биланоқ. — Мен сизга у бениҳоя топқир, ақлли, эҳтиёткор демаганмидим? Ахир у қойилмақом қиролича бўлмасмиди? Эҳ, агар унинг мартабаси менга лойиқ бўлганда борми?

— Мен бу хонимни яқиндан билганимдан сўнг англадимки, ораларингда ҳақиқатдан ҳам жуда катта тафовут бор экан, — деди Холмс совуқ оҳангда. — Афсуски, жаноби олийлари топшириқларини муваффақиятли якунлай олмадим.

— Аксинча, қадрли сэр! — деб хитоб қилди қирол. — Бундан аълороқ бўлиши мумкин эмас. Мен биламанки, у қиз доимо сўзининг устидан чиқади. Энди суратнинг менга зиёни тегмайди — гўё ёқиб юборилгандай.

— Мен жаноби олийларидан бундай гапларни эшитаётганимдан хурсандман.

— Мен эсам, сиздан қарздорман. Марҳамат, айтинг, сизни қандай тақдирласам бўлади? Мана бу узукни…

У бармоғидаги зумрад кўзли узукни ечди-да, уни Холмснинг кафтига қўйди.

— Жаноби олийларида мен учун бундан ҳам қимматлироқ бойлик бор, — деди Холмс.

— Сиз фақат айтсангиз кифоя.

— Бу сурат.

Қирол унга ҳайратланиб назар ташлади.

— Ирэнникими?! — деб сўради у тўлқинланиб. — Марҳамат, агар у сизга керак бўлса — олинг, буюрсин!

— Миннатдорман, жаноби олийлари. Мана энди орамиз очиқ, бир-биримиздан қарзимиз қолмади. Мен сизга яхши кунлар тилайман.

Холмс таъзим бажо келтирди-да, қиролнинг унга узатилган қўлини сиқмасдан — унга эътибор бермасдан мен билан бирга уйига жўнади.

Богеми қироллигида мисли кўрилмаган машмаша бошланиб кетаёзгани, мистер Шерлок Холмснинг устомонлик билан тузилган режалари аёл зотининг ақл-заковати туфайли чиппакка чиқарилгани ҳақидаги ҳикоя ана шундан иборат. Холмс доимо аёлларни «сочи узун — ақли калта» деб масхаралаб юрарди, кейинги пайтлари мен ундан бундай таҳқиромуз сўзларни эшитмай қўйдим. У қачон Ирэн Адлер хусусида гап бошласа ёки унинг суратини эслаб қолса, албатта: «Бу Аёл», деб қўяди тантанали оҳангда. Бу ибора Холмс талаффузида гўё унвон мисоли жарангдор эшитилади.

Набижон Боқий таржимаси

[1] Монограмма — икки ҳарфли, яъни исм ва фамилиянинг бош ҳарфларидан иборат расм.

[2] Карлсбад — Ҳозирли Карлова Вари, Чехиядаги курорт.

[3] Валленштейн — XVII асрда яшаб ўтган немис қўмондони.

[4] Дюйм — тахминан 1 метр 90 сантиметрга тўғри келади.

[5] Ла Скала — Миландаги (Италия) машҳур опера театри.

[6] Темпл — Лондондаги ҳуқуқшуносларнинг маҳкамалари жойлашган қасаба.