Артур Конан Дойл. Боском водийсининг сири (ҳикоя)

Бир куни эрталаб рафиқам икковимиз нонушта қилаётсак, оқсоч хотин менга Шерлок Холмсдан келган телеграммани берди:

«Икки кунгина вақтингизни ажратолмайсизми? Боском водийсидаги фожиа муносабати билан мени Англиянинг ғарбига чақиртиришибди. Бирга кетсангиз хурсанд бўлардим. У ернинг манзараси, об-ҳавоси ажойиб. Паддингтондан 11:15 да йўлга чиқинг».

— Борасанми? — деб мулойимгина тикилиб сўради хотиним.

— Қайдам, билмадим. Ҳозир беморларим жуда кўп…

— О, Анструзер уларнинг ҳаммасини қабул қилади! Кейинги пайтларда жуда чарчаганга ўхшайсан. Сафар сенга ёқади. Бундан ташқари, сен Шерлок Холмс қўлга оладиган ҳар бир ишга жуда қизиқасан.

Афғонистондаги лагер ҳаётида орттирган тажрибамнинг ақалли шундай афзаллиги бор эдики, мен чиниққан ва чаққон саёҳатчи бўлиб қолган эдим. Сафарга оладиган буюмларим кам бўлгани учун бир зумда саквояжимга[1] жойладиму кэбга мўлжалимдан илгарироқ тушиб, ғизиллаганча Паддингтон вокзалига жўнадим.

Шерлок Холмс платформа бўйлаб юрар, устидаги кулранг йўл кийими билан мовут кепкаси унинг озғин ва новча гавдасини яна ҳам озғинроқ ва новчароқ қилиб кўрсатар эди.

— Келганингиз жуда ажойиб бўлди-да, Уотсон, деди у. — Орқа қилишим мумкин бўлган одам ёнимда бўлса, ўзимни бутунлай бошқача сезаман.

Маҳаллий полиция ё ҳеч нарса қилмаяпти, ёки янглиш изга тушиб қолган. Сиз икки бурчакдаги жойни эгаллаб турсангиз, мен билет олиб келаман.

Биз купега кириб ўтирдик. Холмс олакелган газеталарни ўқий бошлади; у аҳён-аҳёнда бошини кўтариб, нималарнидир ёзиб қўяр ва ўй суриб қолар эди.

Шу тариқа биз Редингга етиб бордик. Туйқусдан у ҳамма қоғозларни ғижимлаб каттакон қилиб юмалоқлади-да, тепадаги юк тўрига ирғитди.

— Сиз бу иш тўғрисида ҳеч нарса эшитганмидингиз? — деб сўради у.

— Бир оғиз ҳам. Бир неча кундан бери газета кўрмайман.

— Лондон матбуоти у қадар муфассал ҳисоботлар босиб чиқаргани йўқ. Тафсилотлари билан тузукроқ танишиш учун ҳозиргина газеталарнинг ҳамма сўнгги сонларини кўриб чиқдим. Бу, афтидан, ечилиши ҳамиша қийин бўладиган оддий ҳодисалардан бири шекилли.

— Сўзларингиз бир оз ғалатироқ эшитилаётибди.

— Аммо бу ҳақиқат. Ғайриоддий кўринган нарсаларда деярли ҳамиша сирни очиш имкониятини берадиган калит яширинган бўлади. Жиноят нақадар оддий бўлса, ҳақиқатни аниқлаб олиш шу қадар мушкул бўлади… Хуллас, марҳумнинг ўғлига жиддий айб тўнкалган.

— Демак, бу суиқасд экан-да?

— Ҳа, шундай деб тахмин қилишаётибди. Мен то иш билан танишмагунимча бирон нарса деёлмайман. Лекин масаланинг қай йўсинда эканлигини қандай тасаввур қилаётганимни бир-икки оғиз сўз билан тушунтириб бераман сизга…

Боском водийси — Хирфордширда, Росс яқинидаги қишлоқ бор жой. Ўша атрофдаги энг катта ер эгаси — мистер Жон Тэнер. У Австралияда сармоя орттириб бир неча йил муқаддам юртига қайтиб келган. У ўз фермаларидан бири Хазерлейни мистер Чарлз Мак-Картига ижарага берган. Униси ҳам собиқ австралиялик. Улар мустамлакаларда танишганлар, шунинг учун янги жойга кўчиб келгач, бир-бирларига яқинроқ ўрнашганларига ажабланмаса ҳам бўлади. Тўғри, Тэнер бадавлатроқ, шунинг учун ҳам Мак-Карти унинг ижарадори бўлиб қолган, аммо улар дўстона муносабатларини бузмаган бўлсалар керак. Мак-Картиннинг саккиз яшар ўғли, Тэнернинг эса у билан тенгқур биттаю битта қизи бор, иккала чолнинг ҳам хотинлари ўлган. Улар, афтидан, инглиз оилалари билан танишишдан қочганлар, танҳоликда умр кечирганлар, зотан ота-бола Мак-Картилар спортни севар, яқин орада бўладиган пойгаларга ўқтин-ўқтин бориб турар эканлар. Мак-Картиларнинг хизматкори ва оқсочи бор экан. Тэнернинг хўжалиги катта бўлиб, беш-олти хизматкори бор экан. Бу оилалар ҳақида билиб олишга муваффақ бўлганларим шулар, холос. Энди содир бўлган ҳодисага келайлик.

Учинчи июнь куни, яъни ўтган душанбада, Мак-Карти кундуз соат учда Хазерлейдаги уйидан чиқиб, Боском камарига қараб йўл олган. Бу Боском водийсидан оқиб ўтадиган жилға тошганидан пайдо бўлган кичикроқ бир кўл. Эрталаб у Россга бориб хизматкорига жуда шошиб турганини, соат учда муҳим бир учрашуви бор эканлигини айтган. У ўша учрашувдан қайтиб келмаган.

Хазерлей фермаси билан Боском камарининг ораси чорак миля келади. Мак-Карти ўша ёққа кетаётганда уни икки одам кўрган экан. Биринчиси кампир, унинг номи газеталарда эсланмаган, иккинчиси мистер Тэнернинг ўрмончиси

Уильям Краудер. Иккала гувоҳ ҳам, мистер Мак-Карти ёлғиз кетаётган эди, деб гувоҳлик берган. Ўрмончи мистер Мак-Карти билан учрашгач, салдан кейин унинг ўғли Жеймс Мак-Картини кўрганини илова қилишган. Йигитнинг қўлида милтиғи бор экан. Ўрмончи, у отаси кетган йўлдан кетди, деб таъкидлаган. Бу учрашув ўрмончининг хаёлидан кўтарилаёзган экан-ку, аммо кечқурун содир бўлган фожиани эшитгач, ҳаммаси эсига тушибди.

Иккала Мак-Картини Уильям Краудердан кейин бошқалар ҳам кўрганлар. Боском камарининг атрофи қалин ўрмон билан қуршалган, қирғоқлари эса қамиш билан қопланган. Боском моликонаси дарвозабонининг қизи, ўн тўрт яшар Пешепс Моран қўшни ўрмонда гул териб юрган экан. У кўлнинг яқингинасида мистер Мак-Карти билан унинг ўғлини кўрганини айтган. Назарида улар бир-бирлари билан қаттиқ айтишаётгандек туюлганмиш. У Мак-Картининг ўғлига ўдағайлаб бақирганини эшитганмиш. Ўғли эса отасини урмоқчи бўлиб, қўл кўтарганини кўрганмиш. Қизча буни кўриб эсхонаси чиқиб кетганидан уйига қараб югурибди, онасига ўрмондаги камар олдида ота-бола Мак-Картилар бир-бирлари билан жанжаллашиб қолганини, фалокат босиб уришиб кетишмаса, деб қўрққанини айтганмиш. Қизча шуларни айтиб улгурмасданоқ ёш Мак-Карти қоровулхонага югуриб кириб, отасининг ўрмонда ўлиб ётганини кўрганини айтиб, дарвозабонни ёрдамга чақирибди. У ғоятда ҳаяжонланган, милтиқсиз, шляпасиз экан; ўнг қўли билан енгида ҳўл қон юқи бор экан. Унга эргашиб дарвозабон сув лабидаги ўт устида чўзилиб ётган мурданинг олдига борибди. Марҳумнинг бош суяги аллақандай вазмин, тўмтоқ қурол билан мажағланган экан. Бундай жароҳат ўғли милтиқ қўндоғи билан уриш оқибатида юзага келиши мумкинмиш. Милтиқ марҳумдан бир неча қадам нарида, ўт орасида ётганмиш. Бу қатъий далиллар асосида йигитни дарҳол қамоққа олишибди. Сешанба куни терговчилар: «Ўйлаб қилинган суиқасд», деб дастлабки ҳукм чиқаришибди; чоршанба куни Жеймс Мак-Карти Россдаги чакана ишлар судига чақирилибди, суд ишни кўриб чиқишни маслаҳатчилар судига ҳавола қилибди. Терговчи билан полицияга маълум бўлган асосий фактлар шулардан иборат.

— Бундан қабиҳроқ ишни тасаввур қилиш қийин, — дедим мен. Агар қачон бўлмасин билвосита исботлар жиноятчини фош қилган бўлса, худди ана шу иш бунга мисол бўла олади.

— Билвосита исботлар янглиштириб қўйиши мумкин, — деди Холмс ўй сурганча. — Улар бир томоннигина мутлақо равшан кўрсатишлари мумкин, аммо сиз бу исботларни таҳлил қилишга қодир бўлсангиз, аслида улар бизни кўпинча ҳақиқатга қараб эмас, бутунлай бошқа томонга олиб кетаётганига амин бўласиз. Тўғри, ҳозир иш ўша йигитга қарши қаратилган: жиноятчи у бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бироқ, бир тўда қўшнилар, улар орасида ер эгасининг қизи мисс Тэнер ҳам бор, йигитнинг бегуноҳлигига амин эканлар. Мисс Тэнер судланувчини ҳимоя қилиш учун Лестрейдни таклиф этибди, у эсингизда бўлса керак? Лестрейд йигитни ҳимоя қилишни жуда мушкул ҳисоблаб, бу ишни менга топширди, мана энди икки ўрта яшар жентелмен уйларида бемалолгина нонушта қилиб ўтириш ўрнига соатига эллик миля тезликда ғарбга томон ошиқмоқда.

— Қўрқаманки, фактлар ғоят асосли, бу процессда устун чиқиш учун имкониятларингиз жуда чекланган бўлади, — дедим мен.

— Дунёда кишини аён кўриниб турган фактдан кўра алдаб қўядиганроқ нарса йўқ, — деб жавоб берди Холмс кулиб. — Бундан ташқари, биз мистер Лестрейдга аён-ошкор бўлмаган баъзи бир ошкора фактларга тасодифан дуч келиб қолишимиз мумкин. Сиз мени жуда яхши биласиз, буни мақтанчоқлик деб ўйламассиз. Мен Лестрейд тўплаган далиллардан фойдаланаман, ёки уларни мутлақо инкор этаман, чунки ўзи улардан фойдаланиш ҳам, уларни таҳлил қилишдан ҳам ғоятда ожиз. Чунончи, миямга келган биринчи фикрни олиб кўрайлик: менга мутлақо аниқки, сизнинг ётоқхонангизнинг деразаси ўнг томонда, аммо мистер Лестрейднинг ҳатто шундай очиқ-ойдин фактни ҳам пайқашига унча амин эмасман.

— Дарҳақиқат, буни қандай қилиб билдингиз?..

— Азиз дўстим, мен сиз билан кўпдан бери танишман. Сизга хос бўлган ғарбий интизомни яхши биламан. Сиз ҳар куни эрталаб соқолингизни оласиз, йилнинг бу фаслида эса қуёшнинг ёруғида юласиз; юзингизнинг чап томони ўнг томонига қараганда ёмонроқ қирилган, чапга сурилган сари ёмонроқ, ниҳоят бора-бора пала-партиш қирилган. Яққол кўриниб турибдики, юзингизнинг бу қисмига нариги томонга қараганда камроқ ёруғ тушган. Сизга ўхшаган тартибли одамнинг ҳаммаёқдан баробар ёруғ тушиб турганда ойнага қараб соқолини чала қиришини асло тасаввур этолмайман. Мен буни кузатувчанлик, хулосалар чиқара билишга оддийгина мисол сифатида келтираётибман. Менинг ҳунарим шундан иборат, бу ўтказадиган текширишимизда иш бериб қолса ҳам ажаб эмас. Сўроқ вақтида маълум бўлган бир иккита майда-чуйда деталлар бор. Улар диққатга сазовор.

— Нима экан булар?

— Ёш Мак-Картини ўша заҳотиёқ эмас, сал кейинроқ Хазерлейдаги фермага қайтиб келганидан кейингина қамоққа олганлар. Полиция инспектори, сиз қамоққа олиндингиз, деса, бу мени сира ҳам таажжублантирмайди, мен барибир жазоланишга сазоворман, деб жавоб берибди у! Унинг бу сўзлари ўз таъсирини кўрсатиб терговчининг кўнглидаги охирги гумонлар ҳам барҳам топибди.

— Бу иқрор бўлиш-ку! — деб хитоб қилдим.

— Йўқ, кейин у ўзининг мутлақо гуноҳсиз эканлигини айтибди.

— Шунча асосли далиллардан кейин бу шубҳали кўринади.

— Аксинча, — деди Холмс, — бу қора булутлар орасида мен кўраётган бирданбир шуъла. Ахир у ўз зиммасига қандай оғир шубҳалар тушаётганини билмаслиги мумкин эмас-ку. Борди-ю, қамоққа олинишини эшитганда у ўзини таажжубланган ёки ғазабланган қилиб кўрсатса, бу менга ниҳоят даражада шубҳали бўлиб кўринарди, чунки шундай вазиятда бу тариқадаги таажжуб ёки норозилик мутлақо ясама бўларди. Бундай хатти-ҳаракат унинг носамимийлигидан гувоҳлик бериши мумкин эди. Қамоққа олиниш пайтида унинг ўзини соддагина тутиши ё унинг мутлақо гуноҳсиз эканлигидан, ёинки, аксинча, зўр саботи, матонатидан дарак беради. Унинг, қамалишга сазоворман, деган жавобига келсак, бу ҳам мутлақо табиий, чунки у фарзандлик бурчини шу қадар унутиб, отасига дағаллик қилган, қизалоқнинг таъкидлашича, — унинг шоҳидликлари муҳим аҳамиятга эга, — отасига мушт ўқталган. Унинг ўкиниб виждоний азоб чекаётганидан дарак берувчи жавобини мен жиноий ниятлар далили эмас, балки одоб-ахлоқ белгиси деб биламан.

Мен бош чайқаб:

— Кўпларни бундай даҳшатли далилларсиз ҳам дорга осиб юборишган, — деб қўйдим.

— Гапингиз тўғри. Уларнинг орасида гуноҳсизлари ҳам кўп бўлган.

— Йигитнинг ўзи қандай далиллар кўрсатибди?

— Унинг далиллари ҳимоячиларга унча далда бермайди, зотан бир-иккита ижобий нуқталари ҳам бор. Сиз уларни газетадан ўқиб кўришингиз мумкин

У папкасидан Ҳартфордшир маҳаллий газеталаридан бир нечтасини олиб, саҳифаларни буклади-да, бахтсиз йигит бўлиб ўтган воқеаларни далиллаб берган изоҳларни қайд этувчи сатрларни кўрсатди. Мен купенинг бурчагига ўтириб олиб, диққат билан ўқишга киришдим. У ерда қуйидаги сўзлар ёзилган эди.

«Шундан сўнг марҳумнинг ёлғиз ўғли мистер Жеймс Мак-Карти чақирилди. У қуйидаги шоҳидликларни берди:

— Мен уч кундан бери уйда йўқ эдим: Бристолда эдим, худди ўтган душанба, учинчи куни эрталаб қайтиб келдим. Келсам, отам уйда йўқ экан, оқсоч хотин унинг отбоқар Жон Кобб билан Россга кетганини айтди. Орадан бир оз ўтгач, отам аравачаснинг ғилдираги ғижирлаётганини эшитиб деразадан қараган эдим, унинг ҳовлидан ғизиллаб чиқиб кетаётганини кўрдим, қаёққа кетаётганини билмасдим. Кейин қуёнлар яшайдиган ялангликни кўздан кечириш учун Боском камарига боришга қарор қилдим: яланглик кўлнинг нариги бетида жойлашган. Йўлда ўрмон қоровули Уильям Краудерни учратдим, буни у берган шоҳидликларида айтган: бироқ у мени, отасининг изидан қувиб кетаётган эди, деб янглишади. Отамнинг мендан олдинроқда кетаётгани хаёлимга ҳам келган эмасди. Камарга етишимга юз қадамча қолганда «Коу!» деган хитобни эшитдим, отам билан икковимиз одатда бир-биримизни шундай деб чақирардик. Ўша заҳотиёқ олдинга қараб югурдим. У камар ёқасида турган экан. У мени кўриб жуда таажжубланди шекилли, бу ерда нима қилиб юрибсан, деб ўдағайлаб берди. Гапимиз ғижиллашишгача етиб борди, уришиб кетишимизга ҳам сал қолди, чунки отам ғоятда жиззаки одам эди. Унинг қаҳр-ғазаби қайнаётганини кўриб, ундан нари кетишга қарор қилдиму Хазерлай фермасига қараб йўл олдим. Юз эллик қадамча ҳам юрмаган эдимки, орқамдам жон аччиғида қичқирган овозни эшитиб юрагим шувиллаб кетди-да, яна орқамга қараб чопдим. Қарасам, отам ерда чўзилиб ётибди, боши ёрилган, жони узилай деб турибди. Милтиғим қўлимдан тушиб кетди, отамнинг бошини кўтардим, худди шу дақиқада жони узилди. Мен марҳумнинг олдида бир неча минут тиз чўкиб турдим, кейин ёрдам сўраб мистер Тэнернинг дарвозабони ҳузурига бордим. Дарвозабоннинг уйи бошқаларга қараганда яқинроқ эди. Отамнинг қичқирганини эшитиб қайтиб келганимда унинг олдида ҳеч ким йўқ эди, уни ким ўлдирганини тасаввур ҳам қила олмайман. Уни камдан-кам одам танир, чунки у табиатан одамови, тунд киши эди. Аммо, ҳар қалай, билишимча, унинг чинакам душманлари йўқ эди.

Терговчи: Отангиз ўлими олдидан сизга ҳеч нарса демадими?

Гувоҳ: У минғиллаб бир неча сўз айтди-ю, мен фақат сўзга ўхшаган иборали

пайқаб қолдим.

Терговчи: Сизнингча бу нима бўлиши мумкин?

Гувоҳ: Билмадим. Алақлаган бўлиши мумкин.

Терговчи: Афсуски мен жавоб беришингизни талаб қилишга мажбурман.

Гувоҳ: Мен бўлсам бу саволга жавоб беролмайман. Сизни ишонтириб айтаманки, суҳбатимиз кейин юз берган мудҳиш фожиага мутлақо алоқасиз эди.

Терговчи: Буни суд ҳал қилади. Жавоб беришдан бош тортишингиз маслаҳатчилар судининг сайёр сессияси олдида жавоб бераётганингизда сизга зиён келтиришини тушунтириб ўтириш ортиқча бўлса керак.

Гувоҳ: Ҳар қалай, мен жавоб бермайман.

Терговчи: Афтидан, отангиз билан икковингиз ҳамиша бир-бирларингизни «Коу!» деб чақириб юрган бўлсаларингиз керак?

Гувоҳ: Ҳа.

Терговчи: Отангиз қанақасига ҳали сизни кўрмасданоқ, ҳаттоки Бристолдан қайтиб келганингизни билмасданоқ шартли чақириқни айтиб чақирган?

Гувоҳ: (жуда хижолат бўлиб) Билмадим.

Маслаҳатчи: Отангизнинг қичқирганини эшитиб югуриб келгач, унинг қалтис яраланганини кўраркансиз, кўзингизга биронта шубҳали нарса ташланмадими? Гувоҳ: Арзийдиган бирор нарсани кўрганим йўқ.

Терговчи: Бу билан нима демоқчисиз?

Гувоҳ: Мен ўрмондан югуриб чиққанимда шу қадар ҳаяжонланган, қўрқиб кетган эдимки, отамдан бошқа ҳеч нарсани ўйламасдим. Ҳар қалай, ўша пайтда чап томонимда ерда нимадир ётгани ғира-шира ёдимда. Назаримда, аллақандай кулранг либос ётгандай эди, эҳтимол адёлдир. Бир вақт ўрнимдан туриб ўша нарсани кўрмоқчи бўлиб қарасам ғойиб бўлиб қолибди.

— Сиз уни ёрдам сўрагани жўнаганингиздан олдин ғойиб бўлган, деб ўйлайсизми?

— Ҳа, олдин ғойиб бўлган.

— У нарсанинг нималигини аниқ айтиб бероласизми?

— Йўқ, шунчаки, назаримда у ерда бир нарса ётганга ўхшаб кўринган эди.

— Марҳумдан қанча нарида?

— Ўн қадамча нарида.

— Ўрмондан қанча масофа берида?

— Тахминан шунча масофа берида.

— Демак, бу нарса ғойиб бўлганида сиздан йигирма қадамча нарида экан-да?

— Ҳа. Мен унга орқа ўгириб турган эдим. Шу билан гувоҳни сўроқ қилиш тугайди.

— Менга шу нарса аён бўлдики, — дедим газетага кўз ташлаб, — сўроқ охирида терговчи ёш Мак-Картига нисбатан мутлақо аёвсиз бўлган. У ўғлининг берган шоҳидлигидаги зиддиятларни — отаси ўғли келганини билмай туриб уни чақирганини, шунингдек, отаси билан қилган суҳбатнинг мазмунини айтиб беришдан бош тортганини, кейин марҳумнинг сўнгги сўзларини ғалати изоҳлаганини жуда асосли равишда таъкидлаган. Терговчи таъкидлаб ўтганидек, буларнинг ҳаммаси марҳумнинг ўғлига қаттиқ шикаст етказиши мумкин.

Холмс қулай диванда чўзилиб ётганича, жилмайиб шундай деди:

— Терговчи билан икковларингнинг ҳам бир камчиликларинг бор: йигитнинг шоҳидликларидаги ҳамма ижобий нарсаларни инкор этаётибсизлар. Унинг фаросатини гоҳ жуда зўрайтириб, гоҳ жуда камайтириб юбораётганингизни наҳотки пайқамаётган бўлсангиз? Борди-ю, маслаҳатчиларда ўзига нисбатан хайрихоҳлик уйғотишга қодир жанжал сабабларини ўйлаб тополмаган бўлса — фаросатсиз, борди-ю, марҳумнинг каламуш ҳақидаги сўзларини эслатиб, ғойиб бўлиб қолган кийим ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топишгача бориб етган бўлса — жуда фаросатли экан, демоқчисиз. Йўқ, сэр, мен шундай нуқтаи назарга амал қиламанки, йигит айтган гапларнинг ҳаммаси — рост. Бу фараз бизни нимага олиб боради, ҳали кўрамиз. Энди мен чўнтакда олиб юрадиган Петраркамни[2] ўқийман. Ҳодиса содир бўлган жойга етиб бормагунимизча — бу иш ҳақида бир оғиз ҳам гаплашмаймиз. Иккинчи нонуштани Суиндонда қиламиз. Менингча, у ерга йигирма минутдан кейин етсак керак.

Биз ажойиб Страуд водийси ва жимирлаб турган кенг Северн дарёсидан ўтиб, ниҳоят, сўлимгина овлоқ шаҳарча Россга кириб бордик. Сассиққўзанга ўхшаган, жуда босиқ, пишиқ-пухта кийинган айёр кўзли паканагина бир одам бизни платформада кутиб турарди. Гарчанд у қишлоқ жой учун мос деб ялангқават жигарранг камзул ва этик кийиб олган бўлса-да, унинг Скотленд-Ярдда хизмат қиладиган Лестрейд эканини бир кўришдаёқ пайқадим. Биз у билан «Хирфорд Армз» меҳмонхонасига бориб тушдик, бизга хоналар олиб қўйилган экан.

— Мен карета тайинлаганман, — деди Лестрейд бир чинниоёқдан чой ичаётганимизда. — Сизнинг ишчанлигингиздан хабардорман. Ахир сиз жиноят содир бўлган жойга етиб боргунча тиниб-тинчиёлмайсиз-ку.

— Бу гапларингиз учун шоён таҳсин, — деб жавоб берди Холмс. — Энди ҳамма нарса барометрнинг нимани кўрсатишига қараб қолди.

Лестрейд ғоятда таажжубланди.

— Фикрингизни яхши тушунолмадим, — деди у.

— Барометр нималарни кўрсатаётибди. Йигирма тўққиз, шамол йўқ, осмонда бир парча ҳам булут кўринмайди — ёмғир ёғмайди. Менинг эса бир қути сигаретим бор, уларни чекиб бўлишим керак. Қолаверса, бу ердаги диван қишлоқ меҳмонхоналарининг одатдаги расво диванларидан кўра хийлагина дуруст. Ўйлайманки, бугун кечқурун каретадан фойдаланолмасам керак. Лестрейд илтифот билан кулиб қўйди.

— Сиз, албатта, газетадаги ҳисоботларни ўқиганингиздан кейин бирон хулосага келиб қўйганга ўхшайсиз, — деди у. — Бу иш худди чароғон кундек очиқ-ойдин, унга қанчалик чуқур кириб борсанг, шунчалик ойдинлаша боради. Лекин, албатта, аёл кишининг, айниқса гўзал бир аёлнинг илтимосини ерда қолдирса бўлмас. У сизнинг таърифингизни эшитган экан, зотан мен аллақачон қўл урган ишга сизнинг сира ҳам бош қўшмаслигингизни унга кўп марта айтишимга қарамай судланувчини ҳимоя қилиш учун худди сизни таклиф қилмоқчи бўлди. Ё раббий! Эшикка унинг экипажи келиб тўхтади.

У шундай дейиши биланоқ хонага бир қиз югуриб кирди, мен бундай дилбар қизни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Мовий кўзлари чарақлар, дудоқлари хиёл очилган, ёноқларида латиф нимпушти қизиллик ўйнар эди. Қаттиқ ҳаяжонланганидан одатдаги босиқлигини унутиб қўйган бўлса керак.

— О, мистер Шерлок Холмс! — дея хитоб қилди у, гоҳ унга, гоҳ менга қараб, ниҳоят аёлларга хос савқи табиийси билан назарини дўстимда тўхтатиб. — Келганингиздан ғоят хурсандман! Сизга шуни айтгани келдим. Ишонаманки, Жеймснинг гуноҳи йўқ. Сиз менга маълум бўлган нарсалар билан танишиб ишга киришингиз керак. Заррача ҳам шубҳалана кўрманг. Биз у билан болалигимиздан дўст эдик. Мен унинг қилмишларини ҳаммадан кўра яхши биламан, аммо унинг кўнгли шу қадар юмшоқки чумолига ҳам озор бермайди.

Жеймсни яхши биладиганларнинг ҳаммасига ҳам унга бундай айб қўйилиши жуда тутуруқсиз туюлаётибди.

— Умид қиламанки, биз уни оқлашга муваффақ бўламиз, мисс Тэнер — деди Шерлок Холмс. Ишонинг имконим борича ҳаракат қилишга тиришаман.

— Сиз ҳисоботларни ўқидингизми, содир бўлган ҳодисалар ҳақида маълум бир фикрга келиб қўйганмисиз? Биронта нажот йўлини кўраётибсизми? Унинг гуноҳсиз эканлигига ўзингиз аминмисиз?

— Мен, шундай бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман.

— Хайрият-ей! — дея хитоб қилди у бошини мағрур кўтариб ва Лестрейдга писанда билан тикилиб. — Эшитдингизми? Энди кўнглимда ишонч туғилди. Лестрейд кифтини учирди.

— Қўрқаманки, ҳамкасабам хулоса чиқаришда шошилаётибди, — деди у.

— Ахир у ҳақ-ку. О, мен аминманки, у ҳақ! Жеймс жиноят қиладиганлардан эмас. Отаси билан бўлган жанжалга келсак мен биламан: у терговчига бу тўғрида менга дахлдор жойи борлиги учун ҳеч нарса айтмаган.

— Қандай қилиб? — деб сўради Холмс.

— Ҳозир бирон нарсани яшириб қолишнинг мавриди эмас. Жеймс билан отаси ўртасида менинг важимдан катта кўнгилсизликлар бўлиб ўтган эди. Жеймснинг отаси бизларнинг бирга турмуш қуришимизни истарди. Жеймс билан биз бир-биримизни ҳамиша ака-сингилдек яхши кўрардик, аммо у, албатта, ҳали жуда ёш, турмушни яхши билмайди… Шу билан… хўш… хуллас табиийки, у уйланишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Шунинг оқибатида жанжал чиқиб турарди, ишонаманки, бу сафар ҳам ўшандай жанжаллардан бўлган.

— Сизнинг отангиз-чи? — деб сўради Холмс. — У сизларнинг қовушишларингизни хоҳлармиди?

— Йўқ, у ҳам қарши эди. Жеймснинг отасидан бошқа ҳеч ким буни истамас эди. Холмс қизга ўзининг одатдаги синчков назари билаи тикиларкан, унинг сарин юзини туташ қизиллик қоплади.

— Берган маълумотларингиз учун ташаккур, — деди у. — Эртага сизларникига кирсам отангиз билан кўриша оламанми?

— Доктор бунга рухсат бермас деб қўрқаман.

— Доктор?

— Ҳа, ҳали бундан хабарингиз йўқми? Сўнгги йилларда отам шўрлик бетоб бўлиб юрарди, аммо бу бахтсизлик уни батамом йиқитиб қўйди. У ётиб қолди, доктор Виллоузнинг айтишича, бошига тушган бу мусибатдан асаби қаттиқ қақшаганмиш. Дадамни бир маҳаллар Викторияда яшаган пайтларидан бери биладиган кишилардан ҳаёт қолгани мистер Мак-Картигина эди.

— Ҳм! Викторияда? Бу жуда муҳим гап.

— Ҳа, олтин конларида бўлган вақтида.

— Мутлақо тўғри, олтин конларида бўлган вақтида, фаҳмлашимча, мистер Тэнер сармояни ҳам ўша ерда орттирган бўлиши керак?

— Ҳа, албатта.

— Ташаккур сизга, мисс Тэнер. Сиз менга жуда яхши ёрдам бердингиз.

— Эртага биронта янгилик бўлиб қолса, илтимос, хабар қилсангиз. Сиз турмага бориб Жеймсни кўрсангиз керак албатта? О, агар кўрсангиз, мистер Холмс, айтингки, унинг гуноҳсизлигига имоним комил.

— Албатта айтаман, мисс Тэнер.

— Уйга тезроқ боришим керак, чунки дадамнинг касали оғир. Мен бўлмасам диққат бўлиб кетади. Хайр, худо сизга мададкор бўлсин!

У хонага қандай шошиб кирган бўлса, шундай шошганча чиқиб кетди, мана, йўлга тушган экипаж ғилдиракларининг тарақлаши эшитилмоқда.

— Мени уятга қўйдингиз. Холмс, — деди кибр билан Лестрейд бир дақиқа жимликдан сўнг, — Нега бировнинг қўйнини пуч умидлар билан тўлдирасиз? Мен бўлар-бўлмасга эриб кетаверадиганлардан эмасман-у, лекин сиз жуда шафқатсизлик қилдингиз.

— Мен Жеймс Мак-Картини қутқариш йўлини топгандекман, — деди Холмс. — Сизда турмага кириш учун ордер борми?

— Ҳа, аммо фақат икковимиз учун.

— Ундай бўлса, мен уйдан чиқмаслик тўғрисидаги қароримдан воз кечаман. Биз маҳбусни бугун кечқурун кўра олиш учун Хирфордга етиб бора оламизми?

— Бемалол.

— Унда жўнаймиз! Уотсон, сиз зерикиб қоласиз деб қўрқаман, аммо мен икки соатларда қайтиб келаман.

Мен уларни станциягача кузатиб қўйиб, шаҳар кўчаларини айландим-да, ниҳоят меҳмонхонага қайтиб келиб, чорпояга чўзилдим ва олди-қочди бир романни ўқий бошладим. Бироқ бу қиссанинг сюжети мен кўриб турган мудҳиш фожиа олдида жуда ҳам бачкана эди. Хаёлим ҳадеб китобдан воқеликка қайтаётганини пайқадим. Шунинг учун китобни хонанинг нариги бурчагига улоқтириб юбордим-да, шу бугун бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ўй суриб кетдим. Борди-ю, бу бахтсиз йигитнинг берган шоҳидликларини мутлақо ҳаққоний деб фараз қилсак, у отасидан йироқлашиб, кейин унинг қичқирганини эшитиб, яна қайтиб келгунча ўтган фурсат ичида ақл бовар қилмайдиган қандай ногаҳоний фалокат юз берди экан? Мудҳиш, даҳшатли бир ҳодиса юз берган бўлиши керак. Бу нима бўлиши мумкин? Ҳар қалай, врач бўлганлигим учун жароҳатнинг характери билан танишсам иш аён бўлса керак. Қўнғироқ чалиб, ҳамма тергов материаллари батафсил босилган маҳаллий газеталарнинг охирги сонларини сўраб олдим.

Хирург берган шоҳидликлардан аниқланишича, учинчи энса суяги ва гардан суягининг сўл қисми тўмтоқ қурол билан берилган кучли зарба оқибатида мажағланиб кетган. Шубҳасизки, бундай зарба фақат орқа томондангина берилган бўлиши мумкин. Мен бошимдаги ўша жойларни пайпаслаб топдим. Муқаррар, бундай зарба фақат орқадангина берилиши мумкин. Бу айбланувчини бир қадар шубҳадан халос қилар эди, чунки жанжал вақтида уни марҳум билан юзма-юз турган ҳолда кўрган эканлар. Аммо бунга ҳам кўп аҳамият бериб бўлмайди, негаки отаси зарба ейишдан олдин ўгирилган бўлиши

мумкин. Бироқ Холмсга шуни ҳам айтиш керак. Ундан кейин менга каламушнинг эслатиб ўтилиши ҳам жуда ғалати кўринди. Бу нима бўлиши мумкин? Ҳар қалай, алаҳлаш эмас. Қўққисдан тушган зарбадан ўлаётган одам ҳеч қачон алаҳламайди. Йўқ, афтидан, у ўз ўлимини қандай қарши олганини изҳор қилмоқчи бўлган бўлса керак. У нима демоқчи бўлди экан? Узоқ ўйлаб, биронта мос келадиган изоҳ топишга уриндим. Шунда ёш Мак-Картининг кўзига чалинган кулранг кийим ҳодисасини эсладим. Чиндан ҳам шундай бўлган бўлса, демак, қотил қочиб кетаётиб, бирон нарсасини, эҳтимолки, пальтосини тушириб қолдирган. Йигит марҳумнинг олдида тиз чўккан пайтда орқа томондан келиб, ундан йигирма қадамча нарида тушиб қолган нарсасини олиб кетишдан тап тортмаган. Бу ҳодисада сирли ва ақл бовар қилмайдиган нарсалар нақадар чалкашиб кетган. Мени Лестрейднинг фикри таажжублантирмади, аммо Холмснинг узоқни кўра олишига ҳам ишонардим, ундан умидвор эдим, шу вақтгача менга ҳар бир янги детал унинг ёш Мак-Картининг гуноҳсиз эканлигига бўлган ишончини мустаҳкамлаётгандек бўлиб туюларди.

Холмс қайтиб келганда жуда кеч бўлиб қолган эди. У ёлғиз, чунки Лестрейд шаҳарда ўрнашганлиги учун ўша ерда қолган эди.

— Барометр ҳамон пастга тушаётибди, деб қўйди у ўтираётиб. — Ҳодиса содир бўлган жойга етиб бормагунимизча ёмғир ёғиб қолмаса бўлгани! Ахир одам бундай ажойиб ишга ақли билан қалбининг бутун куч-қувватини бағишлаши керак. Ростини айтсам узоқ йўлдан толиқиб келиб дарҳол ишга киришмоқчи эмасдим. Мен ёш Мак-Карти билан кўришдим.

— Сиз ундан нималарни билдингиз?

— Ҳеч нарсани.

— Иш унча равшанлашмадими?

— Асло. Мен у жиноятчининг номини билади, буни яшираётибди деб ўйлаган эдим. Аммо энди аминманки — бу нарса бошқалар учун қанчалик жумбоқ бўлса, унинг учун ҳам шунчалик жумбоқ экан. Ёш Мак-Карти унча ақлли эмас, аммо жуда ёқимтой назаримда у одобли аҳлоқли йигитга ўхшайди.

— Агар чиндан ҳам мисс Тэнердай барно қизга уйлангиси келмаган бўлса, унинг дидига қойил қолмадим дедим мен.

— Э, бунинг замирида ғоятда кўнгилсиз бир воқеа бор! Қизни жуда севади. Бундан икки йил бурун, қиз ҳали пансионда бўлиб, йигит ўсмир эканлигида нима иш қилиб қўйганидан хабарингиз борми? Бу меров Бристолдаги бир буфетчи хотиннинг тузоғига тушиб қолиб, у билан никоҳ рўйхатидан ўтган. Бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, ўзи жон-жон деб қилиши мумкин бўлган нарса важидан, шундай қилмаётибсан, деб таъналар эшитиш унга қандай азоб беришини бир ўйлаб кўринг-а! Уни шу алам изтироби чулғаганда отасининг Тэнер қўлини сўраш ҳақидаги талабига жавобан мушт кўтарган экан. Иккинчи томондан, унинг ўзини ҳимоя қила олиш имконияти йўқ, ҳамманинг таъкидлашига қараганда, қаҳри қаттиқ отаси мабодо бор гапни билиб қолса, уни умрбод уйидан ҳайдаб чиқариши мумкин экан. Йигитча сўнгги уч кунни ўзининг буфетчи хотини билан Бристолда ўтказган, отаси унинг қаерда эканлигини билмаган. Ишнинг шу жиҳатини эслаб қўйинг, бу жуда муҳим. Ови юришмаганига, қарангки, бошига келган дови жонига оро кирибди. Газеталардан эрини оғир жиноятда айблаётганларини билиб, эҳтимолки уни тез орада осадилар, деб ўйлаган буфетчи хотин ундан дарҳол воз кечган, унга хат ёзиб, аллақачонлардан бери бошқа қонуний эри борлигини, унинг Бермуд докларида[3] яшашини, аслида ўзининг мистер Жеймс Мак-Картига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини изҳор қилган. Ўйлайманки, бу хабар ёш Мак-Карти чеккан барча изтиробларнинг ажри бўлса керак.

— Агар бу гуноҳсиз бўлса, унда қотил ким бўлди?

— Тўғри, унда қотил ким? Мен сизнинг диққатингизни шу икки жиҳатга тортардим. Биринчиси: марҳум камар ёқасида ким биландир учрашиши керак бўлган, лекин бу одам ўғли бўлиши мумкин эмас, негаки у Бристолга кетган, қачон қайтиб келиши эса номаълум эди. Иккинчиси: отаси ўғлининг қайтиб келганини билмасидан буруноқ «Коу!» деб қичқирган. Бу процеснинг оқибатини ҳал қиладиган асосий нуқталар… Келинг, агар майлингиз бўлса, энди Жорж Мередитнинг[4] ижоди ҳақида гаплашайлик, ҳамма иккинчи даражали ишларни эртага қолдирайлик.

Холмс башорат қилгандек ёмғир ёғмади: булутсиз ёрқин тонг отди. Соат тўққизда бизни олиб кетгани каретада Лестрейд келди, биз Хазерлей фермаси ва Боском камарига қараб жўнадик.

— Жиддий хабарлар бор, — деди Лестрейд. — Айтишларича, Холлдаги мистер Тэнернинг аҳволи тангмиш, узоққа бормаса керак, дейишаётганмиш.

— У жуда қари бўлса керак-да? — деб сўради Холмс.

— Олтмишларга борган, аммо у мустамлакаларда соғлигини йўқотган, анчадан бери жиддий касал. Бунда шу ишнинг ҳам катта таъсири бўлиши керак. У Мак-Картининг қадрдон дўсти, қолаверса, унинг чинакам валинеъмати экан. Кейин билишимча, ундан Хазерлей фермаси учун ижара ҳақи ҳам олмас экан.

— Шунақа денг! Бу жуда қизиқ! — деб хитоб қилди Холмс.

— Ҳа-да. Унга ҳар турли йўллар билан ёрдам бераркан. Бу ердагиларнинг ҳаммаси, мистер Тэнер марҳумга жуда меҳрибон эди, дейди.

— Нималар деяпсиз ўзи! Унча бадавлат бўлмаган бу Мак-Картининг мистер Тэнер олдида шу қадар бурчли бўлишига қарамай, уларнинг бутун мол-мулкининг вориси бўлган қизига ўғлини уйлантириш тўғрисида оғиз солиб юргани сизга ғалати кўринмадими? Яна буни шундай ишонч билан гапириб юрганки, илтимос қилса, бас — ҳамма иш жобажо бўлиб қоладигандек! Бу ғоятда ғалати. Ахир ўзингизга маълум-ку, Тэнер бу гапга қулоқ ҳам солгиси келмаган, бу ҳақда қизининг ўзи гапириб берди. Сиз ана шу гапларнинг ҳаммасидан дедукция методи билан қандай бўлмасин хулосалар чиқаролмайсизми?

— Биз дедукция билан ҳам мантиқий хулосалар билан ҳам шуғулланганмиз, — деди Лестрейд менга кўз қисиб. — Биласизми, Холмс, агар бундан кейин ҳам фактлар билан шу тариқа иш кўрилса, ҳақиқатдан йироқлашиб, тусмоллар билан хом хаёллар дунёсига кириб қолиш ҳеч гап эмас.

— Тўғри гапга тан бериш керак, — дея босиқлик билан жавоб қайтарди Холмс. — Сиз фактлардан жуда ёмон фойдаланасиз.

— Нима бўлса ҳамки, мен сиз тушуниб етишингиз жуда қийин бўлган бир фактни тасдиқлаб олдим, — дея ғижиниб эътироз билдирди Лестрейд.

— Яъни…

— Яъни катта Мак-Картини кичик Мак-Карти ўлдирган. Бу фактни инкор этувчи ҳамма назариялар — пуч гап.

— Хўш, ой шуъласи мавҳум тумандан кўра равшанроқ-ку! — дея кулиб жавоб берди Холмс. — Янглишмасам, чап томонимиздаги Хазерлей фермаси бўлиши керак.

— Худди ўзи.

Бу каттагина жойни эгаллаган, томи шифер билан ёпилган икки қаватли қулай бино бўлиб, унинг кулранг пештоқини катта-катта сарғиш пўпанак парчалари қоплаган эди. Деразаларидаги тушириб қўйилган пардалар, тутун чиқмаётган мўрилари бу уйга маъюс тус бериб турар, гўё мудҳиш жиноят унинг деворларини бутун оғирлиги билан келиб босгандек эди.

Биз эшик қўнғироғини чалдик, оқсоч хотин Холмснинг талаби билан хўжайинининг ўлдирилган куни кийиб юрган ботинкасини, ўғлининг ўша куни кийган оёқ кийимини кўрсатди. Холмс ҳамма пояфзални етти ёки саккиз жойидан пухталаб ўлчади-да, кейин бизни ҳовлига олиб чиқишларини илтимос қилди, у ердан биз эгри-бугри сўқмоқ бўйлаб Боском камарига қараб кетдик.

Шерлок Холмс янгигина тушган издан бораркан, бутунлай ўзгариб кетган эди. Бейкерстритлик лоқайд мутафаккирни биладиган одамлар уни ҳозир кўрсалар таниёлмас эдилар. У маъюслашиб, юзлари қизариб борар эди. Қора қошлари чимирилиб, улар остидан кўзлари пўлатдек чақнар эди. Боши пастга тушиб, кифтлари туртиб чиққан, лаблари қаттиқ қимтиниб, сермушак бўйнидаги қон томирлари ўйноқлаб кетган эди. Бурун катаклари таъқиб қилувчи кушанда сезгиси билан маст бўлган овчининг бурун катакларидек керкиб турарди. У олдида турган вазифага шу қадар чўмиб кетган эдики, ўзига берилган саволларга ё мутлақо жавоб қайтармас, ёки ғаши келиб ғижинар эди.

У ўрмон ва ўтлоқдан Боском камарига қараб кетган сўқмоқдан индамай жадал юриб борарди. Бутун водий каби бу ер ҳам овлоқ, ботқоқ жой. Сўқмоқ ва унинг майса билан қопланган атрофида кўпдан-кўп излар кўзга ташланиб турарди. Холмс гоҳ ошиқар, гоҳ тўхтар эди, бир марта эса изига шартта бурилиб, ўтлоқ бўйлаб, бир неча қадам орқага қараб юрди. Лестрейд икковимиз унинг орқасидан кетмоқда эдик, изтопар лоқайд ва эътиборсиз қиёфада борарди, айни вақтда эса мен дўстимни зўр қизиқиш билан кузатардим, чунки унинг ҳар бир хатти-ҳаракати ишни хайрли оқибатга олиб боришига ишонардим.

Боском камари эни эллик ярдча[5] келадиган қамишзор билан қуршалган, Хазерлей фермаси билан мистер Тэнер боғининг чегарасида жойлашган кичкина кўл эди. Нариги қирғоққа туташиб келган ўрмон узра бадавлат ер эгаси истиқоматгоҳи устида кўкка бўй чўзган найзадор қизғиш миноралар кўзга ташланиб турарди.

Хазерлей томонидаги ўрмон жуда қалин; энг четдаги дарахтларни кўл атрофини қуршаган қамишлардан эни йигирма қадамча келадиган нам босган ўтлоқ ажратиб турибди. Лейстрейд марҳумнинг жасади топилган жойни аниқ кўрсатиб берди; ер эса дарҳақиқат шу қадар нам эдики, мен марҳум йиқилиб тушган жойни аниқ кўрдим. Холмсга келсак, унинг ғайрат ва диққат-эътибори барқ уриб турган чеҳрасидан топталган ўтлоқда кўп нарсаларни кўрганини пайқадим. У изни топиб олган тозидек жонҳолатда уёқдан-буёққа югурарди, кейин эса ҳамроҳимизга мурожаат қилди.

— Сиз бу ерда нималар қилдингиз? — деб сўради у.

— Бутун ўтлоқни хаскаш билан тинтиб чиқдим. Бирорта қурол ёки далил бўладиган ашё топмоқчи эдим. Аммо сиз қандай қилиб пайқадингизки…

— Хўп, бас, вақтим зиқ! Сиз чап оёғингизни ён томонга буриб босасиз, ҳаммаёқда шу чап оёғингизнинг изи. Сизни ҳатто кўрсичқон ҳам қидириб топиши мумкин эди. Қамишга бориб излар ғойиб бўлаётибди. Эҳ, бу қўтослар подаси бу ерни пайҳон қилиб ташлагунча етиб келганимда иш нечоғли осон кўчар эди-я! Бу ерда қоровулхонадан келганлар турган, улар марҳумнинг атрофидаги олти ёки етти фут[6] жойдаги ҳамма изларни босиб тепкилаб юборишибди.

У ёнидан лупа олиб, яхшироқ илғаб олиш учун нам ўтмайдиган плашчига чўзилди-да, биздан кўра ҳам, ўзи билан ўзи гаплашаётгандек ғулдирай бошлади:

— Мана бу ёш Мак-Картининг излари. Бу ердан у икки марта ўтган, бир марта шу қадар тез чопганки, пошнасининг излари деярли кўринмайди, тагчарми учининг изи аниқ тушган. Бу берган шоҳидликлари тўғри эканлигини тасдиқлайди. У отасининг ерда ётганини кўргач, югурган. Мана булар эса отасининг уёқ-буёққа юриб тургандаги излари. Бу нима бўлди? Ўғли отасининг гапларига қулоқ солиб, суяниб турган қўндоғнинг изи. Бу-чи? Ҳа-ҳа, бу нима бўлди ўзи? Кимдир оёқ учида пусиб келган! Қолаверса, бу чор бурчак, мутлақо ғалати ботинка. У келиб қайтиб кетган ва яна қайтиб келган — бу гал албатта, пальтосини олиб кетгани қайтиб келган. Аммо қаёқдан келган?

Холмс баъзан изни йўқотиб, баъзан унга яна тўқнаш келиб уёқдан-буёққа чопарди. Ниҳоят ўрмон ёқасидаги каттакон кекса қайин соясига бориб етдик. Холмс қидирган изини шу дарахт орқасидан топиб, яна кўкси билан ерга ётиб олди, қувонганча қичқириб юборди. Холмс анчагача қимирламай ётди, хазон билан қуруқ шох-шаббани титкилади, кулга ўхшаган бир нарсани конвертга солди, ерни лупа орқали кўздан кечирди, шунингдек бўйи етган жойгача дарахт пўстлоғини ҳам кўздан кечирди. Пўпанак орасида қирраси ғадир-будир тош ётарди; уни олиб синчиклаб текширди. Кейин сўқмоқдан катта йўлга қараб кетди, у ерда излар йўқолган эди.

— Бу тош катта аҳамиятга эга, — деди у яна ўзининг одатдаги гап оҳангида. —Ўнг томондаги кулранг уй қоровулхона бўлиши керак. Мен Мораннинг олдига кириб, унга икки оғиз гап айтаман, бир энлик хат ёзаман. Шундан кейин биз меҳмонхонага иккинчи нонуштагача етиб оламиз. Сизлар каретага бораворинглар, орқаларингдан етиб оламан.

Ўн минутлардан кейин биз Россга қараб кетмоқда эдик. Холмс ўрмондан топган тошини ҳамон қўлида ушлаб келарди.

— Бу сизни қизиқтириб қолиши мумкин, Лестрейд, — деди тошни унга узатиб. — Марҳум шу билан ўлдирилган.

— Мен унда ҳеч нарсанинг асарини кўрмаётибман.

— Асари йўқ.

— Бўлмаса буни қандай қилиб билдингиз?

— Унинг тагида ўт ўсиб турган экан. Тош у ерда бир неча кундан беригина ётганга ўхшайди. Теварак-атрофда унинг ётган эски ўрни эса кўринмайди. Бунинг суиқасдда бевосита алоқаси бор. Хуллас, бошқа ҳеч қандай қуролнинг изи йўқ.

— Қотил-чи?

— У новча одам, чапақай, ўнг оёғи оқсайди, қалин чармли овчилар этиги билан кулранг пальто кийиб юради, мундштук билан Ҳиндистон сигараси чекади, Чўнтагида ўтмас қаламтароши бор. Яна бир неча белгилар ҳам бор-у, аммо сизнинг қидиришларингизга ёрдам бериш учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилади.

Лестрейд кулиб юборди.

— Афсуски, мен ҳамон умидсизлигимча қолганман, — деди у. — Сизнинг назарияларингиз жуда жойида, аммо биз калтафаҳм британ маслаҳатчилари билан мулоқотда бўлишимиз керак.

— Буни ҳали кўрамиз, — деб хотиржам жавоб берди Холмс — Сизнинг методларингиз бошқа, меники бошқа… Дарвоқе, мен бугун кечқурунги поезд билан Лондонга қайтиб кетсам ҳам ажаб эмас.

— Ишларингизни чала қолдириб-а?

— Йўқ, тамомлаб.

— Аммо сир нима бўлади?

— Сир аниқланди.

— Жиноятчи ким?

— Мен тасвирлаб берган жентльмен.

— У ким ўзи?

— Буни билиш жуда осон. Бу ерда истиқомат қилувчилар унча кўп эмас.

Лестрейд кифтини қисди.

— Мен бекорчи одам эмасман, — деди у, — чапақай ва оқсоқлигигина маълум бўлган жентльменни қидириш билан машғул бўлишга ҳеч иложим йўқ. Шундай қилсам бутун Скотленд-Ярдга кулги бўлардим.

— Яхши, — дея хотиржамлик билан жавоб берди Холмс. — Бу сирни очишингиз учун зарур ҳамма имкониятларни сизга тақдим этдим. Сиздан ҳеч нарсани яшириб қолмадим, сиз ўзингиз ҳам бу сирли жиноятни фош этишингиз мумкин эди. Мана, етиб келдик. Хайр. Жўнаб кетиш олдидан сизга мактуб ёзаман.

Лестрейдни эшик олдида қолдириб, биз ўз меҳмонхонамизга қараб кетдик, у ерда бизни нонушта кутмоқда эди.

Ўз фикрлари билан банд Холмс индамасди. Унинг юзи мушкул аҳволга тушиб қолган кишининг башарасидек тунд эди.

— Қани, қулоқ солинг, Уотсон, — деди у столни йиғиштириб олишгач. — Мана бу креслога ўтиринг. Мен сизга ўзимга маълум бўлган унча-мунча нарсаларни айтиб бераман. Нима қилишимни билмай қолдим. Сиздан маслаҳат олсам, деган эдим. Мана чекинг, мен ҳозир бошлайман.

— Марҳамат.

— Хўш, бу ишни ўрганиш жараёнида бизни ёш Мак-Картининг ҳикоясидаги икки нуқта таажжублантирди, зотан улар мени йигитнинг томонига оғдирган бўлса, сизни унга қарши қилиб қўйди. Биринчиси, отасининг ўғлини кўрмасдан бурун

«Коу!» деб қичқиргани. Иккинчиси, марҳумнинг жон бераётиб каламушнигина эслагани. Биласизми, у бир неча сўзни минғиллаб айтгану ўғли фақат биттасинигина пайқаб қолган. Бизнинг текширишимиз шу икки нуқтадан бошланиши керак. Йигит айтганларининг ҳаммаси ҳақиқатан тўғри, деб фараз қилайлик.

— «Коу» нима дегани?

— Афтидан, ўғлини чақирмаган шекилли, уни Бристолда деб ўйлаган. Ўғли бу чақириқни мутлақо тасодифан эшитиб қолган. «Коу!» деган хитоб билан у учрашиши керак бўлган кимсани чақирган. Аммо «коу» — австралияча сўз, уни фақат австралияликларгина ишлатадилар. Бу Мак-Карти Боском камари ёқасидаги учратмоқчи бўлган одамнинг австралиялик эканини тасдиқлайдиган кескин далил.

— Хўш, каламуш-чи?

Шерлок Холмс чўнтагидан бир тахта букланган қоғоз олди-да, уни столга

ёзди.

— Бу Виктория штатининг харитаси, — деди у. — Буни кеча кечаси Бристолга телеграмма бериб, сўратиб олдим. — У хаританинг бир қисмини қўли билан яширди. — Ўқинг, — деб илтимос қилди у.

— АРЭТ[7], — деб ўқидим мен.

— Энди-чи? — деб у қўлини кўтарди.

— БАЛЛАРЭТ.

— Мутлақо тўғри. Марҳумнинг жони узилаётганда айтган сўзи худди шу, ўғли эса унинг кейинги икки бўғининигина пайқаб қолган. Отаси қотилнинг номини айтмоқчи бўлган. Шундай қилиб, Балларэт.

— Во ажабо! — деб юбордим мен.

— Ҳеч қандай шак-шубҳасиз шундай. Энди, кўриб турибсизки, ҳалқа сиқилиб келмоқда. Жиноятчининг кулранг либоси борлиги учинчи нуқта эди. Мавҳумот топиб, кулранг пальто кийган, Балларэтдан келган аллақандай австралиялик пайдо бўлмоқда.

— Дарҳақиқат.

— Қолаверса, у шу ернинг ўзида истиқомат қиладиган одам. Чунки камар яқинида ферма билан қўрадан бошқа ҳеч нарса йўқ, бу ерга бегона одам келган бўлиши ҳам маҳол.

— Албатта.

— Ундан кейин бизнинг бугунги экспедициямизни олайлик. Мен тупроқни текшириб, баъзи майда-чуйда далилларни топдим, уларни боя анави бефаросат Лестрейдга гапириб бердим. Бу нарсалар жиноятчининг шахсини аниқлашга алоқадор эди.

— Сиз уларни қандай қилиб топдингиз?

— Сизга менинг методим маълум. У ҳамма ма да далилларни таққослашга асосланади.

— Сиз унинг бўйини, албатта, қадамининг узунлигига қараб тахминлаган бўлишингиз керак. Оёқ кийими қандай эканлигини ҳам изга қараб билиш мумкин эди.

— Ҳа, бу жуда аломат поябзал.

— Унинг оқсоқлигини қаёқдан билдингиз?

— Унинг оёғидан тушган излар чап оёғидан тушган изчалик аниқ эмас. Ўнг оёғига кам оғирлик тушади. Нима учун? Чунки оқсоқлайди, — у чўлоқ.

— Чапақайлигини қаёқдан билдингиз?

— Хирург тасвирлаб берган шикастларнинг характеридан сизнинг ўзингиз ҳам ҳайратланган эдингиз. Зарба туйқусдан орқадан, чап томондан берилган. Чапақай одамдан бошқа ким шундай қила олиши мумкин? Ота-бола суҳбатлашаётганларида у дарахт орқасида турган. Турган жойида ҳатто тамаки ҳам чеккан. Мен кулини топдим, турли навлардаги тамакиларни билишим туфайли унинг ҳинд сигараси чекканини аниқладим. Мен, ўзингизга маълумки, бу масала билан оз-моз шуғулланиб, трубка, сигара ва папирос тамакиларининг бир юз қирққа яқин навларининг куллари ҳақида кичкина монография ёзганман. Сигара кулини топгач, теварак-атрофга кузатиб югуртириб, сигарани ташлаган жойини топдим. Бу Роттердамда тайёрланган ҳинд сигараси экан.

— Мундштук билан чекканини қаёқдан билдингиз?

— У сигарани оғзига олмаганини кўрдим. Бинобарин, мундштукка солиб чекар экан. Сигаранинг учи тишлаб узиб ташланган эмас, кесилган жойи эса нотекис эди, шунинг учун ҳам, қаламтароши ўтмас бўлса керак, деб ўйладим.

— Холмс, — дедим мен, — сиз жиноятчининг қўл-оёғини чамбарас боғлаб ташлабсиз, энди у қутулиб чиқиб кетолмайди, сиз бугуноқ йигитнинг ҳаётини ҳам омон сақлаб қолибсиз, унинг бўйнини сиртмоқдан халос қилибсиз. Мен сизнинг далилларингиз қаерга бориб тақалаётганини кўриб турибман. Қотилнинг номи…

— Мистер Жон Тэнер, — деди официант эшикни очиб хонамизга бир кишини киритаркан.

Кириб келган кишининг гавдаси ғоятда аломат эди. Оқсоқланиб, эран-қаран юришлари ва мункайган елкалари уни заиф қилиб кўрсатар, айни бир вақтда қатъий, шиддатли қиёфадаги дағал юзи, баҳайбат қўл-оёқлари унинг жуда бақувват эканини кўрсатиб турар эди. Пахмоқ соқоли, оқ оралаган сочи ва кўзларига тушган бароқ қошлари унга мағрар ва ҳукмрон қиёфа бериб турарди. Аммо ранги зағил, бўзарган, лаблари билан бурун катаклари эса кўкиш эди. Бир қарашдаёқ унинг аллақандай бедаво бир дардга гирифтор эканлигини пайқадим.

— Марҳамат, диванга ўтиринг, — деб таклиф қилди Холмс мулойимлик билан. — Мактубимни олдингнзми?

— Ҳа, уни дарвозабон олиб келиб берди. Шов-шув бўлиб кетмаслиги учун сизни кўрсам, деган экансиз.

— Ўйлайманки, агар судда чиқиб гапирсам ҳар хил гап-сўзлар бўлиши мумкин.

— Мен сизга нима учун керак бўлиб қолдим?

Тэнер ошнамга қаради. Унинг ҳорғин кўзларида шу қадар алам акс этиб турардики, гўё ўз саволига аллақачон жавоб олгандек эди.

— Ҳа, — деб қўйди Холмс унинг сўзларидан кўра кўзларининг боқишига жавоб бериб. — Шундай. Менга Мак-Карти ҳақидаги нарсаларнинг ҳаммаси маълум.

Чол юзини қўллари билан яширди.

— Ўзинг мадад бер, раббим! — деб хитоб қилди у.

Аммо мен йигитчанинг ҳалок бўлишига йўл қўймасдим! Сизга чин сўз бериб айтаманки, агар иш маслаҳатчилар судининг сайёр сессиясигача бориб етса, унда бор гапни очган бўлардим…

— Бу сўзларингизни эшитишдан ғоят хурсандман, — деди Холмс қатъий.

— Агар қизалоғим бўлмаганда бор гапни аллақачон очган бўлардим. Бу нарса унинг кўнглини вайрон қилиши мумкин эди, у менинг қамалишимга чидаёлмасди.

— Ишни қамоққача олиб бормаса ҳам бўлади, — деб жавоб берди Холмс.

— Наҳотки?

— Мен расмий шахс эмасман. Модомики, мени сизнинг қизингиз таклиф қилган экан, унинг манфаатлари нуқтаи назаридан иш кўраман. Ўзингиз биласиз, ёш Мак-Карти озод қилиниши керак.

— Тез орада оламдан ўтаман, — деди кекса Тэнер. — Кўп йиллардан бери диабет касалининг азобини тортаман. Умрим бир ойдан нарига ўтишига докторимнинг кўзи етмаётибди. Ҳар қалай, турмада ўлгандан кўра, ўз бошпанамда қазо қилиш менга анча, таскин беради.

Холмс ўрнидан туриб, ёзув столи томон борди-да, алам билан қоғоз олди.

— Ҳаммасини бир бошдан айтиб беринг, — деб таклиф қилди у, — мен эса қисқагина қилиб ёзиб оламан. Сиз бунга имзо чекасиз. Уотсон эса шоҳидлик билдиради. Сизнинг иқрорингизни жуда зарур бўлиб қолган тақдирдагина, агар Мак-Картини омон сақлаш керак бўлиб қолсагина тақдим этаман. Агар зарурати бўлма-са, сизга ваъда бераманки, бу чорани қўлламайман.

— Дуруст, — деб жавоб берди чол, — сайёр сессиягача етиб бормасам ҳам эҳтимол, шу сабабдан бу мени унча ташвишлантирмайди. Мен Алисани, фақат Алисани бундай оғир кулфатдан халос қилмоқчи эдим. Энди сизга ҳамма гапни айтиб бераман. Бу нарса анчадан бери давом этиб келади-ю, аммо ҳозир бир зумда гапириб беришим мумкин. Сиз марҳум Мак-Картини билмайсиз. Сизни ишонтириб айтаманки, у бориб турган иблис эди. Сизни унинг панжасига тушиб қолишдан худо асрасин! Сўнгги йигирма йилдан бери унинг панжасида эдим, у мени сира кўз очирмай қўйган эди.

Аввал сизга унинг қўлига қандай тушиб қолганимни айтиб берай. Бу олтмишинчи йилларнинг бошларида, олтин конларида юз берган эди. Мен ўша вақтларда ҳар қандай ишдан тап тортмайдиган серғайрат, енгилтак йигит эдим. Ярамас улфатларга қўшилиб қолиб, ичкиликка ўргандим. Менинг чекимдаги жойда заррача ҳам олтин чиқмади — саёғ юриб, сизларнинг таърифларингиз билан айтсак, йўл тўсадиган азаматга айланиб қолдим. Биз олти киши бўлиб, дориломон, ваҳшиёна ҳаёт кечирардик. Ўқтин-ўқтин станцияларга ҳужум қилиб конларга олиб борадиган йўлларда фургонларни тўхтатардик. Мени Балларетлик қора Жек деб аташарди. Йигитларимни мустамлакаларда ҳалигача ҳам, Балларэт бандаси, деб эслашади.

Бир куни Балларэтдан соқчилар қўриқчилигида Мелбурнга олтин жўнатишди. Биз пистирмада ётдик. Олтинни олти соқчи қўриқлаб келмоқда эди, биз ҳам олти киши эдик. Қизғин тўқнашув бўлиб ўтди. Биринчи ўқ узишдаёқ тўрт кишини қулатдик. Ўлжани қўлга киритганимизда эса уч кишигина қолган эдик. Мен тўппонча оғзини аравакашнинг пешонасига тирадим — бу Мак-Карти эди. Аттанг, уни ўшанда ўлдириб қўяқолсам бўлар экан! Аммо раҳм қилиб уни омон қолдирдим, зотан юз қиёфамни эслаб қолмоқчи булгандек менга кичкина ғазабли кўзлари билан тикилаётганини пайқаган эдим. Биз олтинни қўлга киритиб, бой бўлиб кетдик, ҳеч нарса билмагандек Англияга қайтиб келдик. Бу ерда мен собиқ ошналарим билан умрбод видолашиб, осойишта, маъмур турмуш кечира бошладим.

Мен ўша вақтда савдо бўлиб турган шу моликонамни сотиб олдим, ўтмишдаги гуноҳларимни бирмунча ювиш учун, ўз пулларим билан ақалли унча-мунча фойда келтиришга уриндим. Бундан ташқари, уйландим, хотиним жуда ёш ўлиб кетган бўлса-да, азизимдан менга Алисагинам ёдгор бўлиб қолди. Алиса гўдаклигндаёқ жажжигина қўллари билан дунёда бирдан-бир раҳнамо бўлиб, менга тўғри йўл кўрсатиб турди. Хуллас, мен ўтмишимдан абадий воз кечдим. Мак-Картининг қўлига тушиб қолгунимга қадар ҳамма ишлар туппа-тузук кетаётган эди…

Олди-сотди ишларим билан шаҳарга тушганимда Риджен-стритда Мак-Картини учратиб қолдим. Эгнидаги пальтосига ҳам, оёғидаги поябзалига ҳам қараб бўлмас эди.

«Мана, биз ниҳоят учрашдик, Жек, — деди у қўлимга тақилиб. — Энди сиз билан биз ўла қолсак ҳам ажралишмаймиз. Мен ёлғиз эмасман: ўғлим ҳам бор, сиз биласизки, Англия аҳолиси қонунларга қатъий риоя қиладиган ажойиб мамлакат. Қолаверса, ҳамма ерда полисменлар ҳозиру нозир».

Шундай қилиб, у ўғли билан келиб еримнинг кун ботар томонига жойлашди, улардан қутулишнинг эвини қилолмадим; улар менинг еримда текин яшашяпти. На тинчлигим, на оромим, на ҳузур-ҳаловатим қолди. Қаёққа бормай, ҳамма ерда унинг айёрона тиржайиб турган башарасига дуч келардим. Қизим каттароқ бўлгач, аҳвол яна ҳам баттарлашди, чунки Мак-Карти қизим ўтмишимни билиб қолса, бу ҳар қандай полициядан кўра ҳам даҳшатлироқ эканлигини биларди. Кўнгли нимани тусаб қолса — ерми, иморатми ёки пулми, оғзига сиққан нарсасини оларди, ниҳоят у ҳаддидан ошиб кетди. Алисани талаб қилиб қолди. Биласизми, унинг ўғли ҳам, менинг қизим ҳам катта бўлиб қолишди, менинг касалим ҳаммасига аён эди, ўғлим унинг бор мол-мулкини эгаллаши учун бу ажойиб баҳона, деб ўйлаган, аммо бу гал мен сира бўш келмадим. Бу лаънатининг зоти менинг зотим билан қўшилишини хаёлимга келтиришни ҳам истамасдим.

Ўғли менга ёқмайди, деёлмайман-у, аммо йигитнинг томирида отасининг қони оқади-да, шунинг ўзи кифоя эди. Мен, ҳар қалай, фикримдан қайтмадим. Мак-Карти таҳдид қила бошлади: мен унинг тоқатини тоқ қилиб юбордим.

Биз ҳамма гапни гаплашиб олиш учун камар бўйида учрашишимиз керак эди. Шартлашилган жойга борсам, у ўғли билан нима ҳақдадир гаплашаётибди. Тамаки чекиб, у ёлғиз қолгунча дарахт орқасида кутиб турдим. Гапларини эшитган сарим зардам қайнаб, аламим ошиб кетаверди, бунга ортиқ чидаб туришим мумкин эмас эди. У ўғлини менинг қизимга уйланишга мажбур қилар, қизимнинг бу масалага қандай қарашини хаёлига ҳам келтирмас, гўё гап аллақандай суюғоёқ қиз ҳақида кетаётгандек эди.

Ардоқлаб юрганларимнинг ҳаммаси шундай одамнинг измига тушиб қолиши мумкинлигини ўйларканман, ақлдан озиб қолаёздим. Бу кишанни парчалаб ташлаганим маъқул эмасми? Ҳаётдан умид узиб, ўлимга юз тутган одам бўлсам. Гарчанд, зеҳним равшан, танамда куч-қувватим бўлса ҳам, умрим тугаб қолганини билардим. Аммо шаъним билан қизим-чи! Агар Мак-Картини тилини тишлашга мажбур қилсам, буларнинг иккаласини ҳам омон сақлаб қоламан… Мен уни ўлдирдим, мистер Холмс… Иложи бўлса уни яна бир карра ўлдирардим. Мен катта гуноҳкорман, аммо азоб-изтироблардан иборат ҳаётим гуноҳларимни ювиб кетмайдими? Мен тишимни тишимга қўйиб, ҳаммасига чидаб келдим, аммо қизим ҳам ўша тузоққа тушиб қолиши мумкин, деган фикрга ҳеч тоқат қилолмадим. Мен андиша қилиб ўтирмай, уни ярамас бир заҳарли газандадек ўлдирдим. Қичқирганини эшитиб, ўғли югуриб келди, аммо мен ўрмонга яширинишга улгурган эдим, лекин тушириб қолдирган пальтомни олиб келгани қайтиб боришга мажбур бўлдим… Бу чин ҳақиқат, жентльменлар, ҳаммаси ҳудди шундай содир бўлди.

— Майли, сизга нима деб ҳам таъна қилардим, — деб қўйди Холмс, чол берган шоҳидликлари тагига имзо чекаркан. — Ўйлайманки, биз ишни судгача олиб бормасак керак.

— Бунга шубҳаланмасангиз ҳам бўлади, сэр! Аммо сиз нима тадбир кўрмоқчисиз?

— Сизнинг сиҳат-саломатлигингизни эътиборга олиб ҳеч қандай тадбир кўрмоқчи эмасман. Ўзингиз яхши биласизки, ҳадемай бу дунёдаги суддан кўра баландроқ даргоҳда жавоб берасиз. Мен сизнинг иқрорингизни сақлаб қўяман, борди-ю, Мак-Карти ҳукм қилинадиган бўлса, ундан ана ўшанда фойдаланишга тўғри келади. Борди-ю, у оқланадиган бўлса — сизнинг ҳаёт бўлиш-бўлмаслигингиздан қатъий назар, худонинг биронта ҳам бандаси сирингиздан хабар топмайди, буларнинг ҳаммаси ўртамизда қолади.

— Ундай бўлса, яхши қолинг, — деди тантана билан чол. — Вақтики келиб қазойи муаллақингиз етса, менинг қалбимга қандай тасалли берганингизни ўйласангиз осойишта кўз юмасиз.

Баҳайбат гавдаси титраб чайқалганча у ўнг оёғи оқсоқланиб, хонадан аста-секин чиқиб кетди.

— Шўримиз қурсин, шўримиз! — деб хитоб қилди Холмс узоқ жим қолгач. — Тақдир биздек аянчли, ожизларни нега бунча ўйинчоқ қилар экан?

Маслаҳатчилар судининг сайёр сессияси Холмс тақдим этган кўпдан-кўп исботлар тазйиқи остида Жеймс Мак-Картини оқлади. Кекса Тэнер ўша учрашувимиздан кейин етти ойча яшади, ҳозир у оламдан ўтган. Жеймс ва Алиса уларнинг ўтмишларига соя солган қора булутлардан энди сира ташвиш тортмай, тотувликда бош қовуштириб, бахтиёр яшашлари мумкин, дейишга ҳамма асослар бор.

Ваҳоб Рўзиматов таржимаси

[1] Саквояж — сафар халтаси

[2] Франческо Петрарка (1304-1374) – итальян шоири.

[3] Док — кемалар қуриладиган ва таъмирланадиган порт иншооти.

[4] Жорж Мередит (1828-1909) — атоқли инглиз ёзувчиси.

[5] Ярд — 0,9 метрга яқин.

[6] Фут — 0,3 метрга яқин.

[7] Арэт — инглизчасига “каламуш” дегани.