Аркадий Аверченко. Соҳибжамол аёл (ҳажвия)

Ўрмонда сайр қилиб юрган амалдор Плюмажёв дарё бўйига чиқиб келди ва тўхтаб, ойнадек тиниқ сув бетига бемақсад тикилиб қолди.
Узоқни яхши кўролмайдиган амалдор нариги қирғоқни кўздан кечира бошлади. Ихчам сариқ чўмилиш кийимидаги қандайдир бир гавда сувга келди ва тизза бўйи жойда тўхтаб, бошидаги яшил чепчик устидан ҳовучлаб сув қуя бошлади.
“Аёл! – ўйлади Плюмажёв. Кўзларини қисиброқ қараган эди, у иккита ингичка чизиқчага ўхшаб кўринди. – Худо ҳаққи, аёл! Ёшгина шекилли!”
Унинг кексаларга хос озғин тиззалари титраб, баданини совуқ қалтироқ босди.
– Аҳ, – инграб қўйди Плюмажёв. – Лаънати кўролмаслик… Қандай аҳмоқона одат-а бу дурбин олиб юрмаслик.
У хўрсиниб қўйди ва кўзларини ишқади:
– Оқ ва йўл-йўл нималарнидир кўряпман. Ўлдирсанг ҳам шундай зўр томошадан воз кечмайман. А-ҳа! Ана у ерда кимдир сув ўртасидан чиқиб келяпти. Панароқда ўтириб кутиб турай-чи, балки яқинроққа сузиб келар. Аттанг!
У қуюқ бутазордаги яққолроқ кўринадиган тепаликка қалтироқ қўллари билан бир амаллаб тиришиб-тармашиб эндигина чиқиб олганда қоқилиб кетди. Яшил бутоқлар орасида гимназиячилар фуражкаси, қайсидир хизмат пайтида кийиладиган мошранг блуза ва кулранг шим кийган йигитча ҳаракатсиз қадалиб ётарди. Йигитча унинг йиқилганини кўриб нима деб ўйладийкин.
– Оббо олғир-э… Жойлашиб олганини-чи! – ҳасад билан уф тортди Плюмажёв.
У ётиб олган гимназиячининг қўлида нариги қирғоққа қаратилган қора дурбинни кўриб қолди.
Гимназиячи ўгирилди ва Плюмажёвга илжайганча дўстона кўз қисиб деди:
– Э, сиз ҳамми?
“Ярамас! Яна бетакаллуфлигини-чи”, – ўйлади Плюмажёв, гимназиячини юлиб ташлагиси келди, бироқ дурбин эсига тушиб, ўтлар устига – унинг ёнига чўкди ва тилёғламалик билан ҳингиллади:
–Ҳи-ҳи! Ажойиб-а?
– Чиройликкина! – деди йигитча.
Плюмажёв тилининг учини қуруқшаган лаби устидан юргизиб, сабрсизларча деди:
– Бир дақиқага… бериб туролмайсизми… дурбинни!
Гимназиячи бош чайқади:
– Э, йўқ, амакижон! Бунақаси кетмайди! Акангизнинг ўзига керак.
Плюмажёв қалтироқ қўлларини чўзди:
– Бериб туринг! Бир дақиқага.
– Ҳечам-да! Текингами, мен уни холамнинг кийим жавонидан сўрамай олиб келганман! Агар сизда дурбин бўлганида менга ўзингизникини бермаган бўлардингиз, албатта!
– Берсангиз-чи!
– Халақит берманг! Оҳо-ҳо.
Йигитча ўрнидан туриб, дурбинни кўзига босиброқ олдинга шунақанги қарай бошладики, оқибатда миясига каттагина хатар таҳдид солаётганидан бехабар қолди.
– Оҳо-ҳо-ҳо! Орқасини ўгирди… Аммо мен унинг энсасини шунақа гўзал деб ўйламагандим.
Ёнида ётган Плюмажёв эса ясама бепарволик билан тескари ўгирилиб олди, бироқ унинг лаблари дилсиёҳликдан ва қаттиқ ғазабдан титрар эди.
– Тўғрисини айтганда, – аламини ола бошлади у қақраган овозда, – чўмилаётган аёлни яширинча кузатишга ҳаққингиз йўқ. Ахлоқсизлик бу.
– Сиз мендан дурбинни сўрадингиз! Ўзингиз ҳам!.. Ўзларига бемалол-у, менга мумкин эмас экан-да.
Плюмажёв индамади.
– Хоҳласам, дурбинни тортиб олардим. Мушт ҳам туширардим. Кучлиман-ку ахир…
– Ўҳ-ҳў! Тортиб олиб кўринг-чи… Шундай қичқираманки, бутун чорбоғдагилар югуриб келишади. Менга-ку фарқи йўқ, ёш боламан, аммо сизнинг жуда бўлмаганда қулоғингизни чўзиб, таъзирингизни беришса, бу шармандаликдан ёз бўйи уялиб юрасиз. Сиз ёши улуғ кекса киши бўла туриб шунақа аҳмоқона ишлар билан шуғулланиб ўтирибсиз. Энди у яна олдинга ўгирилди. Хоҳлайсизми, мен сизга нима кўринса, барини айтиб тураман?
– Йўқолиб кет!
– Ўзинг йўқол! – совуққонлик билан гап қайтарди йигитча.
– Қўпол…
– Шунақадан эшитдим.
Плюмажёв тишларини ғижирлатганча болакайнинг гарданига мушт тушириб, ҳозироқ уйга кетишни мўлжаллади, бироқ бунинг ўрнига тупугини ичига ютиб, ясама мулойим оҳангда йигитчага мурожаат қилди:
– Тили ўткир экансиз, йигитча… Гап бундай, дўстим, агар вақтинча бериб туришни хоҳламасангиз, унда… сотинг!
– Нима… сотинг… Кейин холам менга бировнинг дурбинини сотиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди!
– Ишонаманки, яхши йигит, – хушомад қиларди Плюмажёв, – холангиз сиздалигини сезмайдиям. Ундан кейин хизматкор ўғри хотин ўтиб кетди… Мен сизга тўлиқ ҳақини ҳозироқ бераверайми?
Гимназиячининг юзида қарама-қарши икки ҳиссиёт акс этар, у ўйлаётганди.
– Ҳм… Менга қанча бермоқчисиз ўзи?
– Уч сўм.
– Уч сўм? Сиз менга ярмини таклиф қиляпсизми? У магазинда саккиз сўм туради.
Йигитча нописандлик билан елка қисиб қўйди ва яна нариги қирғоққа қарай бошлади.
– Хўп, бўлмаса, беш сўмга розимисиз?
– Ўн сўм беринг!
– Буниси энди разиллик. Ўзингиз, янгиси саккиз сўм туради, дедингиз, тағин ўн сўм ундирмоқчисиз. Юлғич.
– Камми дейман! Керак бўлса баъзан йигирмани ҳам бағишлаб юборишга тўғри келади… Мана… Саёз жойга чиқди, оёқлариям кўринди. Болдирлари, тўпиқлари жуда ажойиб, сизга айтсам!
Аввалига гимназиячи шунчаки завқ олаётганди. Энди бўлса у олди-сотди ҳам қила бошлагач, завқ-шавқи икки ҳисса ошиб кетди.
– Иэ! Буниси нима экан? Елкасидаги чуқурчалар… Чиндан ҳам! Қўллари эса оппоқ….Тирсаклариям нафис!! Белидаги чуқурчалар…
– Яхши йигит, – хириллаб унинг гапини бўлди Плюмажёв, – хоҳласангиз… мен сизга саккиз сўм бераман…
– Ўн!
– Бошқа йўқ… менда… мана ҳамёним… ўн тийинлик билан саккиз сўм. Ҳамённи ҳам қўшиб олинг, майли. Ҳамён янги, уч сўм туради.
– Шу янгими! Эски-ку, ярим баҳосига арзиса ҳам катта гап.
Плюмажёв йигитчанинг эски дурбин учун осмондан келиб ҳақ сўраётганига эътироз билдирмоқчи эди, бироқ ич-ичидан чўчиб турарди: қандай бўлмасин, болакай аразлаб қолмаслиги керак.
– Ўҳ-ҳў! Орқасига эгилди! Бу нимаси! Ҳа, албатта! Чўмилиш кийимининг боғичини ечди ва…
– Қулоқ солинг! – қаттиқ ҳаяжондан овози бўғриқиб хитоб қилди Плюмажёв. – Мен сизга саккиз сўмдан ташқари ҳамёнимни, яна пишиққина пичоқчам ва анавинақа суратларни ҳам бераман!
– Ўткирми?
– Ўткир, ўткир! Кечагина сотиб олдим.
– Тамакингиз ҳам борми?
– Бор, бор. Маъқул бўлса, тақдим этаман.
– Йўқ, сиз менга ҳаммасини беринг. О-о! Чарм тамакидон… Майли, агар тамакиларни тамакидони билан, пичоқча ва суратларни пулга қўшиб берсангиз, дурбинни сизга сотаман!
Плюмажёв бу очкўз болакайни яхшилаб сўкиб бермоқчи бўлди-ю, аммо бунинг ўрнига шундай деди:
– Хўп, майли… Фақат менга бир жуфт тамаки қолдиринг… йўлда…
– Ажабо, ана янгилик! Бор-йўғи олти дона экан ўзи. Алмашишни истамасангиз, майли, керак эмас.
– Хўп, хўп… олинг, олаверинг… Мана сизга, ҳисоблаб кўришингиз мумкин: саккиз сўму ўн тийин! Мана пичоқча. Шошмай туринг… У кетиб қолмадими ўзи?
– Бутун гўзаллиги билан намоён бўлиб турибди. Энди ён томони. Манг, қаранг.
Йигитча севиниб ҳуштак чалганча Плюмажёвнинг оёғини шўхчан чимчиб олди-да, ўзининг қимматбаҳо нарсаларини ола солиб ўрмон ичига ғойиб бўлди.
Плюмажёв ҳирс билан илжайганча дурбинни кўзига тўғрилаб қарай бошлади: чўмиладиган жой ёнидаги қумлоқ саёзликда йўл-йўл чўмилиш кийимида хотини Плюмажёва Маря Павловна тик турганча қўлини бошига кўтариб, чепчигини тартибга солмоқда эди.
Плюмажёвнинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди… У нималардир деб тўнғиллаб-тўнғиллаб, ғазаб ичида қўлидаги кераксиз дурбинни зарб билан тўппа-тўғри сувга улоқтирди.
Ана шу қирғоқдан нариги томонга ўтиш мумкин бўлган кўприккача ва у ердан унинг дала ҳовлисигача уч чақирим йўл юриш лозим эди…
Оёқлари зирқираб оғриганидан букилиб-букилиб бораётган Плюмажёвнинг, ўлгудай тамаки чеккиси келаётганди, аммо афсус, тамаки йўқ эди…

Рус тилидан Шаҳзода ҲАКИМОВА таржимаси