Анор. Қизиқарли тадқиқот (ҳажвия)

Ёш олим Болта Тешаев кўп йиллар мобайнида “Бир номаълум шоир ҳақида” жиддий тадқиқот олиб борар эди. Яқинда у ана шу мавзудаги диссертациясини тугатди. Қуйида биз шу диссертациядан бир парча келтирамиз.
“Диссертациямнинг асосий қисмига ўтишдан олдин унинг ёзилиш жараёнида ўзларининг қимматли маслаҳатлари, беғаразликлари, чуқур билимлари билан кўмак берган ва ҳурматли олимларимиз (уларнинг исм-фамилиялари бирма-бир келтирилган)га самимий ва чуқур миннатдор¬чилигимни изҳор қиламан.
Шунингдек, мен мазкур диссертациянинг ёзилишида бевосита иштирок этган, яъни мавзуни топган Талъат Талъатов, манбаларни ўрганиб чиққан Мидҳад Мидҳадов, иқтибосларни тўплаган Аҳад Аҳадовга, уларни аниқлаган Асад Асадовга, тарихий қўлёзмаларни ўқиган Қудрат Қудратовга, уларни таржима қилган Ҳидоят Ҳидоятовга, сўзлар, исм ва терминлар этимологиясини аниқлаган Фикрат Фикратовга, маълумотларни тизимга солган Аҳмад Аҳмедовга, уларни умумлаштирган Мамад Мамедовга, жами материаллардан умумий хулоса чиқарган Неъмат Неъматовга, диссертацияни қалам билан ёзиб чиққан Шавкатой Шавкатовага, диссертацияни сиёҳ билан ёзиб чиққан Иззатой Иззатовага, уни кўчирган машинкачи Исматхон Исматовага ва ниҳоят, диссертацияни муқовалаган Карапет Карапетовга ўзимнинг чуқур ва самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Мазкур илмий ишим номаълум асрда, номаълум шаҳарда яшаб ижод этган номаълум шоирга бағишланади. Баъзи тахминларга кўра ўша шоирнинг исми Чинор бўлган. Биз уни шартли ҳолда Чинор Гардамоний-Байлақоний деб атаймиз. Сабаби, шубҳасизки, у Гардамонда таваллуд топган бўлса, сўзсиз Гардамоний тахаллусини олган бўларди. Байлақонда туғилган бўлса — Байлақоний бўлиши табиий. Чинор Гардамоний-Байлақоний таржимаи ҳолини аниқлаш борасида олиб борилган кўп йиллик изланиш ва тадқиқотларимиз, афсуски, ҳеч қандай натижа бермади. Бундан қатъи назар, биз ҳеч қўрқмасдан айта оламизки, у мағрур, илғор, ўқимишли, ўз даврининг атоқли сўз санъаткори бўлиб, қомусий билимга эга бўлган ва эзилган халқнинг орзу-умидларини тараннум этган улуғ шоирдир. Бахтга қарши биз қўлимиздаги ғазалларнинг айнан Чинор Гардамоний-Байлақоний қаламига мансуб эканлигига ҳеч қандай далилимиз йўқ. Бундан қатъи назар, Чинор Гардамоний-Байлақоний улуғ гуманист ва реалист ижодкор сифатида шеърият осмонида фахрли ўрин тутади. Баъзи олимларимиз фикрича, “Булбул гулга зор, мен сенга хумор”, деган ҳикматли сатр Чинор Гардамоний-Байлақоний қаламига мансубдир. Шунингдек, бир гуруҳ тадқиқотчиларимиз “Жажжи булбул хониши, кўнглимнинг оройиши” деган ҳикматли сатр ҳам унинг қаламига мансуб деган тахминни ўртага ташлашмоқда. Биз ҳам кўп изланиш ва қанчалаб манбаларни кўриш натижасида шу хулосага келдикки, шу пайтгача муаллифи номаълум бўлган “Саратонда яшнаган бўстон, қаҳратонда ўлади” деган ҳикматли сатрда ҳам Чинор Гардамоний-Байлақоний қаламига мансубдир, деган хулосага келдик.
Хўш, биз бундай хулосага келишда нимага асосландик?
а) Сатрнинг муаллифи номаълум. Шунингдек, у Чинор Гардамоний-Байлақонийга ҳам қарашлими, бу ҳам номаълум. Демак, бу ҳикматли гапни Чинор Гардамоний-Байлақоний айтмаганига шубҳа қилишга асосимиз йўқ. Шундай экан, бу дурдона сатрни Чинор Гардамоний-Байлақонийники, деган фикримизга ҳеч ким эътироз билдира олмаса керак.
б) Чинор Гардамоний-Байлақоний асарларида “булбул”, “гул”, “қушгинам”, “ассалом”, “баҳор” каби сўзларни кўп учратамиз. Демак, ушбу образли сўзлар унинг ижодида характерли ўрин эгаллайди.
в) унга хос бўлган гениал соддалик, теран ақл, ўта кузатувчанлик ва фалсафий хулосалардан биз ниҳоятда етук, дунёни кенг мушоҳада қила оладиган, шаклланган оригинал ижодкорни кўриб турибмиз. Чинор Гардамоний-Байлақонийнинг қанча умр кўрганлиги бизга номаълум. Шунга асосланган ҳолда тахмин қилишимизча, ижодкор анча ташвиш ва ҳодисаларга бой бўлган катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. Ҳаёт аччиқ-чучукларини тотган ижодкор кексалик чоғида доно фикрларни айтиши табиий.
Биз қуйида ҳали шоирнинг топилмаган Девонидан бир ғазал келтирамиз:

Нега куймай, нега ёнмай — ёр кетди,
Дардимнинг давоси, танимдан мадор кетди.
Қомати сарв, кўзлари хумор кетди,
Дўзах азобига ташлабон, дилдор кетди.
Фақирни алдабон ваъдалар ила,
Саллона-саллона озор кетди.
Бинафшадай дудоғингга фидо бўламан,
Юракда ўт ёнса нидо қиламан,
Бераҳм санам бахт торим узиб кетди,
Жоду кўзлар ила оромим бузиб кетди.
Юзи ой, марвариддир тишлари,
Чинорни зор этиб нигор кетди.

Илова: Афсуски, ҳозирча ушбу ғазалнинг Чинор Гардамоний-Байлақоний қаламига мансуб эканлигини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далилга эга эмасмиз. Шунингдек, ғазалнинг Девондан олингани-ю, Девон бўлганми-бўлмаганми, у ҳам ҳозирча бизга номаълум. Баъзи бир тахминларга кўра, Чинор Гардамоний-Байлақоний “қўшма” жанрда ғазаллар битган. Ҳозирда шеъриятимизда “Сочма” услуби маълум. Аммо Чинор янгича “қўшма” жанрини ихтиро қилган. Қуйида келтирилган қўшма, шубҳасиз, унинг қаламига мансуб бўлиши мумкин:

ҚЎШМА

Сен турганда гул сарғайсин, майлига,
Яноғингда лола унсин, майлига,
Оқ манглайда қуёш кулсин, майлига,
Лаъли лабда бўёқ турсин, майлига.

Мўров тоғи кутмоқда, отни елдир тезроқ!
Ёшлигимиз ўтмоқда, шароб келтир тезроқ!
Нозик ёрим мени тўйга чорлабди,
Эгнида-чи шойи, атлас кўйлак порлабди.

Ёанимлар ўқталсин найза бизга эрта-кеч,
Қарға-қузғун дўқидан лочин қўрққанми ҳеч,
Кулбам аро ёр келса хоҳ эрта, хоҳ кеч,
Дастурхонга тўкилсин ноз-неъмат, майлига!

Кунинг битса, бир кун ҳам қолмайсан омон,
Яхшига яхшиман ўзим, ёмонга ёмон,
Чинорнинг қасидасин ўқинг бўлганда имкон,
Эшитган шоир соқов бўлсин, майлига.

Илова: Кўриниб турибдики, халқ ижодини чуқур билган шоир қўшмани янги бўёқ, истиора, қофия билан бойитди, шеъриятимизнинг марварид шодасига янги дурдоналар қўшди. У бизнинг шеърий гулхонамизга янги хушбўй гул навларини тортиқ этди.
Чинор Гардамоний-Байлақонийнинг бизга ҳали номаълум бўлган “З ҳарфи” номли шеъри мавжуд. У сочма вазнда ёзилган бўлиб, шу пайтгача бу вазндаги шеър замонавий адабиётимиздаги новаторлик деган фикрнинг нотўғрилигидан далолат беради. Бундай шакл адабиётимизда қадимдан мавжуд. Гардамоний-Байлақоний сочма вазнда бундан юз йиллар, эҳтимолки, минг йиллар аввал шеърлар битиб, ҳозирги давр адабиётимизнигина эмас, балки ҳозирги давр техника тараққиётини ҳам олдиндан кўра олган. Бунга далил сифатида унинг бу шеъридаги “телефон” сўзига эътибор бериш кифоядир.

Қулоқ тагида
Телефон трубкаси ғувиллайди.
Овоззз
Аридай ззувиллайди,
Ззорланиб
Ёшланиб
Қулоқ тинглайди,
Қулоқ ззувиллайди,
Аммо қунт ила тинглайди:
Ўша овоззни
Ёлғиззз
Ззорланган
Озоридан сўзлайди.
Овоззз
Ззувиллайди
Яна ззувиллайди…
Зззаррадек
Ззиғирдек
Овоззз
Ззувиллама!
Қўшниларда
Ззувиллар
Бир нима!..

Илова: Кўриниб турибдики, Чинор Гардамоний-Байлақоний катта истеъдодга эга бўлган ижодкордир. Баъзи олимларимиз тахминича, умуман, бундай шахс тарихда бўлмаган. Бугунги кунда биз бу масалада на ижобий, на салбий фикр билдирмоқчи эмасмиз. Сабаби, бу номзодлик диссертациямиз мавзусига кирмайди. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, муаллиф докторлик диссертацияси учун тадқиқотларни давом этказиб, Чинор Гардамоний-Байлақоний бўлганми ё йўқми, деган саволга яқиндан ёндашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

ХУЛОСА:
Муаллиф Чинор Гардамоний-Байлақоний ғазалларини ёзишда бевосита иштирок этган ғазалчи Жамшид Жамшидовга, қўшмани битган бахши Муршид Муршидовга ва “З ҳарфи” шеърини тўқиган “33-77” кибернетик машинага ўзининг чуқур миннатдорчилигини изҳор этади.

Русчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!