Элис Манро. Юз (ҳикоя)

Оилада фарзанд дунёга келиши бу катта қувонч ва чексиз бахтдир. Бўлажак отанинг туғруқхона эшиги олдида хушхабар кутаётган пайтдаги ҳаяжонлари эса бу бахтнинг қадрини яна бир карра ошириши айни ҳақиқат…
Билишимча, отам мени туғилганимда атиги бир марта кўрган. Ўша пайтларда эркакларни туғруқхона эшигига яқинлаштиришмас экан. Аёлларнинг бақи­риқлари ва эндигина туғилган чақалоқларнинг йиғи­сига тўлган касалхонада оталар фарзандларини фақат алоҳида хонага олингандан сўнггина кўришлари мумкин бўлган. Мен ва ойимни ҳам алоҳида хонага жойлаштиришгач, отам юрагида қанчалар ҳаяжон билан мени кўришга ошиққан бўлса, унинг эшик томон яқинлашаётган оёқ товушларини эшитган онамнинг қўрқуви шунчалар ошганини тасаввур этиш мушкул эмас. Барча эркаклар орзу қилган каби у эрига ўғил туғиб берди. Аммо раҳмат ва миннатдорлик ўрнига умр йўлдошидан:
– Бир парча гўштнинг ўзгинаси… Лекин буни уйга олиб бориш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирма! – деган гап­ларни эшитганида бечора онаизорим ўзини хўрлик ва таҳқир ботқоғига ботгандек ҳис этганини қалбан сезиб тураман. Ўз зурриёдига жирканиш нигоҳи билан қараётган отани кўришга унинг бардоши қандай етди экан-а?
Юзимнинг бир томони барча болаларники каби. Бўйим ҳам, оғирлигим ҳам соғлом чақалоқлигимни исбот этиб турган. Хуллас, оқ-сариқдан келган, дўн­диқ­қина гўдак бўлганман.
Болалик инсон умрининг тоғ чўққисидаги қорлар каби беғубор, гул япроғи устидаги шабнамдай тоза дамлари бўлиб, уни ҳаёт йўлингизнинг ҳар бир бекатида қўмсайсиз… соғинасиз… яна бир лаҳзага бўлса-да унга қайтгингиз келади. Аммо менинг бу ёруғ кунларим ҳасратнинг қора калхатларига ўлжа бўлгани учун, баҳорни кўрмай кузнинг совуқ елларида учиб кетган болалик орзуларим учун тақдиримдан хафаман… норозиман… шу туфайли баъзан дунёи-дунга ўт қўйгим келади. Буларнинг барига: отамнинг нафратига, ҳаётдан совишимга сабаб бўлган чап юзимдаги туғма доғни кўрмаслик учун ҳатто ойнага яқинлашмаган кунларимнинг адоғи йўқ. Кўрган кишининг кўзларига ҳайратни ошно қилувчи бу доғ юзимга атайлабдан сепилган узум шарбатини эслатади. Гўё кимдир бир пиёла шарбатни чап юзимга сепган-у, унинг томчилари то бўйнимга қадар сизиб тушгандек эди. Бурнимнинг атрофи ва кўзимнинг остигача ёйилган бу чандиқ ҳаётимни аламга тўлдиргани ҳар кўзгуга боққанимда ёдимга тушиб, юрагимни бир четдан кемирарди. Ўз-ўзимдан нафратланишимни истамаган онам эса кўнглимни кўтариш билан овора эди.
– Бу кўзингни яна ҳам маънодор қилиб кўрсатади, – дея мени тинчлантирар, менинг бола кўнглим эса бунга ишонар ва шу илиқ сўзлар тафтида исинарди. Отам эса мени тан олмас, ҳатто унинг зурриёди эканимдан ҳам тонишга тайёр эди. Аммо мени ранжитадиган нарса аслида бу эмасди. Менинг туғилишим, борлигим ота-онам ўртасида бузилмас девор бўлганига чидолмасдим, ўзимни кечиролмасдим. Уларнинг туганмас тушунмовчиликлари, адоқсиз дилхираликларининг сабабчиси бўлганимга ишонмасдим, ишона олмасдим.
Отам кўн заводининг эгаси бўлган тадбиркор кишининг фарзанди эди. Бувам қурган катта ҳовли ва боғ ҳозир ҳам мавжуд. Бу оиламизнинг мулки ҳисобланади. Отам коллежни тугатиб, суғурта бизнеси билан шуғулланган. Шаҳарда унинг ўзига яраша обрўйи бор эди. Ақлимни таниганимдан буён отам­нинг юзида наф­рат ва ҳазардан бошқа ифодани кўрмаганман. Бу икки сўз отам билан доимо бирга, худди унинг луғатида шундан бошқа сўз йўқдек. У ҳатто онам тайёрлаган овқатдан, мусиқадан, радиоэшиттиришлардан, телесериаллардан, ҳатто ўтаётган ҳар бир кунидан наф­ратланиб яшаётгандек туюларди менга. Отам ёлғиз ўзи нонушта қилар, тушликда уйга келмасди. Онам ҳар доим мен билан овқатланар, кечки овқатда отамни кутарди. Кечки овқат ҳам жанжалсиз ўтмасди. Мен эса бахтли турмушга сабаб бўлолмаган норасида бўлиб икки ўртада қолиб кетардим. Аммо ҳанузгача уларнинг қандай қилиб бирга яшашганига ақлим етмайди.
Онам коллежда ўқимаган, ўқитувчилар тайёр­лай­­­диган курсларга бировлардан қарз кўтариб қат­на­ган. Атрофдагиларнинг айтишича, онам отамни ҳай­ратлантирадиган аёл бўлмаганмиш. Чиндан-да, унинг лаблари лаб бўёғи кўрмаган, юзи упа-эликдан йироқ, кенг пешонасига бир толаси ҳам туширилмай орқага таралган сочлари нурсиз эди. Унинг кийимларига мода деган тушунча мутлақо ёт, ваҳоланки, унинг тенгқурлари мода, деса ўзини томдан ташлашга-да тайёр эди.
Отамнинг ҳаддан ташқари кўп ичиши ва чекиши охир-оқибат ўз таъсирини кўрсатмай қолмади, уни тўшакка михлади. Эллик ёшида отам ўлим билан юзлашди. У бир неча ой касалга чалиниб ётди. Онам эса унинг атрофида гирдикапалак бўлиб парвариш қилди. Волидамнинг шунчалар дарё кўнгли бор эдики, эрининг хўрлашларига, ҳолдан тойгунча ҳақорат қилишларига қарамай унга ғамхўрлик қилди, буни ўзининг вазифаси, деб билди. Таъзия куни бир мўйсафид аёлнинг менга айтган сўзлари ҳамон эсимда:
– Сенинг онанг авлиё.
Аммо бу аёл менга ёқмаганди. Ўшанда коллежнинг иккинчи босқичида ўқисам ҳам отамнинг жамоасига қўшилмадим, биров таклиф ҳам қилгани йўқ. Хуллас, унинг ишини давом эттиришни хоҳламасдим. Дўстларимнинг бири актёр, бири ёзувчи, бири яна кимдир бўлишни орзу қилиб юрарди. Онам мени ҳеч нарсага, ҳатто касал отамнинг олдига кириб муросаю-мадора қилишга ҳам мажбурламасди. У бутун борлиғини менга бағишлаганди. Аввал бошда уйда саводимни чиқариб, сўнг мактабга жўнатди. Бўйим баланд ва бақувват бола бўлганим учун ўзимни эплашимга ишонарди. Аммо катта бошим ва мурғак қалбим билан уйи­миздаги ёвузлик ва нафратнинг сабабчиси отам эканини, у туфайли уйимизда бахтсизлик ҳукмронлигини англай олардим. Беғубор нигоҳларимга отам йиртқич махлуқ, онам эса халоскор ва ҳимоячи бўлиб кўринарди. Аммо ҳикоямнинг ягона сабабчилари булар эмас. Ҳаётимдаги катта драманинг сабаби бошқа. Ана шу сабаб мени ёзишга ундади.
Мен актёр бўлдим. Қизиқ-а? Коллежда театрга яқин кишилар орасида ўралашиб юрардим ва охирги курсда ўқиётганимда бир пьесани саҳналаштирдим. Ўша пайтларда радио орқали турли сериаллар бериб бориларди, улар орасида энг машҳури ҳар якшанба куни узлуксиз узатиладиган Шекспир асарлари эди. Овозим ниҳоятда мослашувчан бўлиб, бир неча машқдан кейин қолипга тушиб кетарди. Аста-секин радиода ҳам ўз тингловчиларимга эга бўлдим. Иш фаолиятимнинг охирги йигирма йилини бир мусиқали шоунинг бошловчилигига бағишладим. Дастур катта муваффаққият қозонди, мактубларнинг кети узилмасди. Қариялар уйидан, кўзи ожизлардан, уйларида тозалаш, дазмоллаш, пишир-куйдир билан банд бўлган уй бекалари, кун бўйи рулда юрадиган ҳайдовчилардан, хуллас, барчадан мақтов эшитардик. Аммо менинг истеъфога чиқишим мухлисларга бироз бошқача таъсир қилди. Уларнинг айтишича, яқин дўстларидан ёки оила аъзоларидан айрилиб қолгандек ҳис этишибди ўзларини. Онамнинг вафотидан сўнг қалбимда яна тушкунлик пайдо бўлди. Бизга мерос қолган уйда яшамаганим учун уни ижарага бергандим, кейин уни сотмоқчи бўлдим. Ўзимни анчагача ёлғиз ҳис этган бўлсам ҳам, танишларим ва дўстларимнинг даврасида бу билинмай кетарди. Бир нечта аёл танишларим ҳам бўлиб, улар орасида мен ўзимга яқин оладиганим котиба бўлиб ишларди. Мен учун жуда ажойиб ва меҳрибон бўлган бу аёл тўрт боласи билан ёлғиз қолган эди. Мен истеъфога чиқиб, эски уйимга қайтганимдан кейин у билан телефонда кўп суҳбатлашардим. Уни уйимга таклиф қилишни режалаштириб юрганимда унинг турмушга чиқаётганидан ва тўйдан кейин Ирландияда яшашидан хабар топдим…
Эски уйимнинг атрофидаги бобом қурган боғ ни­ҳоятда катта бўлиб, у ерда кўп йиллик дарахтлар, бу­талар ўсиб ётарди. Болалигимда Пит исмли бир боғбон бўларди ва у боғда кун бўйи ишларди. Сабабини билмадим-у, негадир у бир оёғини судраб босарди. Гарчанд Пит онамнинг гулзор жўякларини тўғрилаш ҳақидаги таклифларига қулоқ тутмаса-да, онам унга мулойимлик билан муносабатда бўларди. Пит мени ёқтирмасди, чунки унга халал бериб, жиғига тегардим ва масхара қилиб қочардим. Аммо иккимиз ҳам бахтсиз тақдирнинг қурбонлари эдик. Аввал бувамнинг хизматкорлари яшаган хоналарнинг бирида Пит яшарди. Болалигимда бу ерда Шерон Сатлис деган аёл Ненси исмли қизи билан турарди. Унинг эри доктор бўлиб, бир неча йил олдин оламдан ўтганди. Ўшанда у пулсиз ва бошпанасиз қолганди. Кейин отамнинг суғурта офисига ишга кириб уйимизда яшашган. Биринчи марта Ненсини кўрганимда, у уч ёки тўрт ёшли қизалоқ эди. Мен унинг онасини миссис Сатлис деб чақирардим, чунки унинг исми ўша пайтларда жуда камёб эди. У кўпинча Ненсини биз билан соҳил бўйига олиб борарди ва бизга сузишни ўргатарди. Мен Ненси билан кўп тортишардим, онам эса:
– Ненси ҳали кичкина, сен унга акалик қилишинг керак, – дерди.
Кейинчалик биз яхши чиқишадиган бўлдик. Дарахтдан дарахтга сакраб ўйнаб юрардик. Қишда эса қордан коптокчалар ясаб, кўчадан ўтганларни савалардик. Ҳовли ўртасида катта қорбобо ясаб, сўнг уни бузиб ташлашдан иккимиз ҳам роҳатланардик. Ҳозир унинг юзини аниқ эслай олмайман. Фақатгина чиройли сочлари, рангли қалам билан бўяб қўйилгандек қип-қизил яноқлари ҳамон кўз олдимда. Биз у билан расм чизишни яхши кўрардик. Омборхона олдида расм чизиб, бир-биримизга кўрсатардик. Кунларнинг биридан мен чизган расмимни унга кўрсатмоқчи бўлдим, у эса:
– Мен бандман. Бироз кутиб тур, – деди менга орқасини ўгирганча ва бир оздан сўнг: – Сенга ўхша­димми? – дея менга юзланди. У худди қойилмақом иш қилгандек завқланарди. Мен эса унинг юзига қилт этмай қараб турардим. Уйда онамнинг иложи борича мени кўзгуга яқинлаштирмаслигининг, барча кўзгулар менинг бўйим етмайдиган жойга илиб қўйилганининг сабаби шу эканига ишона олмасдим. Ненсини кучим борича қаттиқ итариб ташладим-да, югуриб кетдим. Чопиб кетарканман, бунинг қўпол ҳазил эканини исботловчи бирор ойнани ёки кишини топишни хоҳлардим. Жаҳлим чиққанидан тишимни-тишимга қўйиб, фақат Ненсидан ўч олиш ҳақида ўйлардим. Ҳовлимиз томон шаҳд билан югуриб бориб, ҳовли ўртасида ойимга кўзим тушди-да, таққа тўхтадим. Кўнглим тўлиб кетганидан ҳиқиллаб йиғлай бошладим ва ойимга айта олган ягона гапим “Йў….ў..қ, менинг юзим қизил эмас, йў…ў..қ!” бўлди. Менга кўзи тушган ойим қандай қилиб олдимга келганини на мен, на ўзи англай олган бўлса керак. Унинг юзидаги ҳайрат ва тушунмовчилик ортимдан чопиб келган Ненсини кўриши билан ғазабга айланди. Лаблари титраб кетди-ю:
– Се..е..ен ёмон қиз э..экансан, – дея йиғлаб юборди. – Бизга яқинлаша кўрма, асло… Ёмон қиз экансан! Сенга инсоний шафқатни ўргатишмаган экан!
Бақир-чақирни эшитган Ненсининг онаси югуриб келди:
– Ҳа, нима гап, нега бақиряпсиз? – деди ойимга тикилиб.
Ойим чуқур нафас олди ва:
– Мен ҳали бақирганим йўқ. Қизингизга… шу шафқатсиз болангизга уйимизга қайта қадам босмаслигини айтяпман. Бировнинг нуқсони устидан кулмаслик кераклиги ўргатилмаган тарбиясиз болани ортиқ кўришни хоҳламайман, унинг тарбиясизлигига сиз айбдорсиз, – деди гўё ичидаги бутун нафратини тўкиб-солаётгандек. Мен эса унинг этагига осилганча:
– Бўлди, ойижон, бўлди!
Аммо унинг аҳволи ёмонлашиб кўзларида ёш қал­қир, тинмай титрарди. Ненсининг онаси эса:
– Эрингизнинг сизга ва болангизга бўлган наф­ратига биз айбдор эмасмиз. Аламингизни бор гапни айтган боладан олманг. Хоҳласангиз ёрдан беришим мумкин…
– Ба…а…ас! Бўлди қилинг! – дея бошини чангал­лади ойим. Шу маҳал қўшни аёл Ненсининг онасини ча­қириб қолди. – Кетинг, кўзимдан йўқолинг, – деб ба­қирарди онам.
Ҳаётимда кескин бурилиш ясаган кўнгил­сиз­лик­ларнинг бари шанба куни бўлиб ўтганди. Душанба куни улар уйимизни бўшатишди. Аммо ўша куни Ненсининг онасида ҳеч қандай афсусни ҳам, ачиниш ва асабийлашишни ҳам сезиш қийин эди. Шундан сўнг мен Ненсини анчагача кўрмадим. Тўғрироғи, ундан шунчалар хафа эдимки, ҳатто уни эслашни ҳам истамасдим. Онам баъзан у ҳақдаги саволларимга нари-бери, мужмал жавоб бериб қўя қолар, ўзининг ҳам, менинг ҳам, ҳали битмаган ярамизни қайта жароҳатлашни хоҳламасди. Унинг бор фикри-хаёли мени қайсидир мактабга жойлаштириш билан банд бўлиб қолди.
Отамнинг дафн маросимидан бир кун ўтгач, мен ойимдан ресторанга боришни сўрадим. Менинг бу гапим уни роса ҳайратлантирди:
– Мен шу лаънат теккан уйда бир умрга михланиб қўйилганман, деб ўйлардим.
Ўшанда онам биринчи марта мен билан вино ичди, ўзига бутунлай ёт муҳитда унинг руҳи бироз енгил тортганини сезардим. Аммо ўша куни айтган бир гапим онамнинг юрагида бир умрлик дард бўлиб қолганини асло унута олмайман:
– Отам менинг ҳақиқий отам эмасди! Шундаймасми?
– Эсингни йиғ! Гапингни ўйлаб гапир! – деди онам кўз остидаги асаб толаларининг титраганини кўрсатиб.
Мен ойимга юзимдаги ва овозимдаги мунгни кўрсатмаган бўлсам-да, юрагимни эзаётган гапларнинг кўпини тўкиб солгандим. Онам ҳам менга Ненси ҳақидаги бир гапни айтди. Айтишича, Ненси онаси билан бизнинг уйдан кетиб алоҳида яшашганида бир нохуш воқеа содир бўлган экан. Куз тонгларининг бирида онаси уни ювиниш хонасидан қонга беланган ҳолда топиб олади. Кичкина қизалоқ бўлган Ненси ёшлик қилиб устара билан юзининг терисини шилиб олган экан. Ўша пайтларда биз томонларга тез ёрдам машинаси келмасди, ҳисоб. Онаси бир амаллаб уни касалхонага олиб борган.
– Энди унинг яноқларида ҳам сеникидек чандиқ бор, – деди ойим чуқур хўрсиниш билан. Мен эса унинг сўзларини гўё нафас олмай эшитардим.
– Ўғил бола бўлганда ҳам майли эди. Лекин қиз болага бундай чандиқ билан юриш азоб, – қўшиб қўй­ди онам.
– Ҳозир пластик операциялар ривожланиб кетган. Бир иложини қилишгандир, – дедим ўзимни бепарво тутиб.
Онам то ўша пайтгача менга бу ҳақда айтишдан ёки ўзим бирор нарса сўраб қолишимдан қўрқиб юрганини ҳам айтди. Суҳбатимиз охирида Ненсига уйланишимни исташини эшитиб бироз ажаблангандим…
Бир неча кун олдин боғимиздаги бир эски олма дарахтининг атрофларини тозалаётганимда кўзимга нимадир кириб кетганини сездим. Кўзим шунчалик ачишиб қичишдики, чидай олмадим. Қандай қилиб касалхонага борганим ҳозир ёдимда йўқ. Ўзимга келганимда эса кўзларим боғланган ва шифокорлар бир кун касалхонада қолишим кераклигини айтишди. Кўз тўқималарим жароҳатлангани сабаб икки кўзимга ҳам дори боғлашди. Касалхонадаги бир кеча ниҳоятда нотинч ўтди. Кўзларим боғлангани сабабми, билмадим, худди бутун вужудим қулоққа айлангандек ва энг паст товушни ҳам эшитаётгандек эдим. Айниқса, хонам томон яқинлашаётган оёқ товушини. Бу аёл кишининг қадам босиши, лекин ичимда нимадир бу ҳамшира эмаслигини бот-бот такрорларди.
– Нимагадир ухлай олмаяпсизми? – деган саволдан овоз келаётган томонга ўгирилдим. – Мен сизга суҳбатдош бўлишим мумкин, – давом этди у, мен эса унинг қаердалигини билиш учун қўлларимни ҳавода ҳаракатлантирардим.
– Мен шунчаки, сиз билан гаплашиб ўтирмоқчиман, – деди ёқимли овоз соҳибаси. – Агар сиз хоҳласангиз, албатта. Бу ердаги кўп одамлар кўзлари боғланган ҳолда ётишдан зерикишади.
– Суҳбат мавзусини ўзлари танлашадими ёки сиз? – сўрадим мен.
– Албатта ўзингиз танлайсиз.
– Мен шеъриятни севаман.
– Мен унчалик ҳам маҳорат билан ўқий олмайман.
Буни мен аллақачон пайқагандим, чунки бу борада радиода орттирган тажрибам бор.
– Биз бир ўйинни ҳам ўйнасак бўлади, – деди у ҳамон кўтаринки овозда. – Мен шеърнинг бир ёки икки қаторини ўқийман, сиз эса қолганини топишга уриниб кўрасиз. Келишдикми?! Маъқулми сизга?
– Яхши.
– Қирол турар савлат тўкиб… – дея шеърнинг биринчи қаторини ўқиди ва менинг жавобимни кутарди.
– Қўлда қадаҳ, вино ичиб… – ҳозиржавоблигим уни руҳлантириб юборди ва шеърнинг давомини ўқишга тутинди. Унинг қувноқ кайфияти менга ҳам таъсир қилди ва шу тариқа анчагача мушоира қилдик.
– Жуда ажойиб! Худди радиодагидек. Мен сизни радио орқали тинимсиз эшитиб борардим.
– Наҳотки! Ростданми? – ҳаяжонланиб кетдим тў­сатдан.
– Албатта. Бир мен эмас, кўпчилик шундай қи­ларди.
У шеър ўқишни тўхтатди ва мен томонга яқин­лашди:
– Жуда қисқа нафас оляпсиз, – деди у ва юмшоқ қўлларини лабларим устида секин ҳаракатлантирди… Юзимга урилаётган иссиқ нафасидан унинг менга қанчалар яқин турганини ҳис этдим.
– Энди мен боришим керак. Аммо бир мисрани айтмоқчиман. “Ҳеч ким йиғламайди сенинг-чун узоқ, Сени соғинаман, қиламан дуо. Ёдинг қолар қалбимда шундоқ…”
– Мен буни олдин эшитмаган эканман, – дедим шеърнинг таъсирида ҳисларимга кўмилганча.
– Ростданми? – деди у. Гарчи унинг юзини кўр­маётган бўлсам-да, унинг кўзларидаги маънони уқ­қан­дек бўлдим.
– Ростдан. Сиз ғолибсиз…
Бу бизнинг биринчи ва охирги суҳбатимиз бўл­ди. Мен унинг юзини кўрмаган бўлсам-да, ҳамон қўн­ғироқдек овози қулоғим остида жаранглаб туради.
Кеч куз эди… Уйдаги эски китобларнинг бир қан­часини хайр-эҳсон ташкилотига бериш учун саралаётган эдим. Тўсатдан китоблардан бирининг ичидан сарғайиб кетган қоғозни топиб олдим. Унда қалам билан ёзилган бир шеър бор эди. Буни онам ёзмаганини аниқ биламан, бироқ отам ёзганига ҳам шубҳам бор. Унда ким? Билмадим! Шеърнинг ҳатто сарлавҳаси ҳам йўқ эди. Фақат қоғознинг охирида муаллифнинг номи «Волтер де ла Маре» дея қайд қилинганди. Шеърга кўз югуртирарканман, унда шундай сатрлар бор эди.
Йўқдир ҳеч қандай алам,
Руҳингга бўлай малҳам….
Қара, қуёш чарақлар,
Гуллар юзида ханда…
Аммо шеърнинг охирги сатрларини ўқиганимда бошимдан совуқ тер қуйилгандек, қалбимнинг бир четини кемириб ётган аллақандай номсиз туйғулар ғалаён кўтаргандек бўлди.
Ҳеч ким йиғламайди сенинг-чун узоқ,
Сени соғинаман, қиламан дуо.
Ёдинг қолар қалбимда шундоқ,
Гарчи сен бўласан мендан кўп йироқ.
Ҳа, бу ўша мен охирини тополмаган тўртлик… Ҳа, ўша… Бу шеърни ўқиганимдан сўнг қаттиқ туриб олган қароримни ўзгартиришни ўйлаб қолдим. Уйни сотмайман, деб таъкидладим ўз-ўзимга…
Ишончим комилки, агар мен Ненсини бирор ерда учратиб қолсам, кўчадами, бекатдами, умуман қаерда бўлсада, иккаламиз ҳам юзимиздаги доғдан уялиб, бир-биримизнинг кўзимизга қарай олмаган бўлардик. Наридан бери сўрашиб, ўзимизни шошаётгандек кўр­сатиб хайрлашган бўлардик. Балки бошқача ҳам бўлиши мумкиндир!
Биласизми, инсон ҳаётида шундай воқеалар бў­ладики, у бутун ҳаётингизни ўзгартириб юборади. Бу шунчаки воқеа эмас, унинг аҳамиятини сиз бир умр яшаб ҳам билмаслигингиз мумкин…

Инглиз тилидан Мукаррам Отамуродова таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон