Александр Куприн. Паганини скрипкаси (ҳикоя)

Венециялик буюк скрипкачи ва бастакор Никколо Паганини сеҳр-ли скрипка эвазига Иблисга иймонини сотганлиги ҳақидаги ривоятни ким ҳам билмайди? Ҳаттоки ҳамма нарсадан шубҳаланувчи, даҳрий ва ҳажвчи бўлган атоқли шоир Ҳенрих Ҳейне ҳам бу афсонага ишонган. Лекин бу келишувда ким ютиб чиққанлиги – инсонми ёки унинг душманими – бу ҳеч кимсага аён эмас. Венгриядаги кўчманчи лўлилар орасида бир ғалати ривоят юради. Бунга ишонасизми йўқми – ўзингизга ҳавола.
Тақдир ёш Никколога ўта шафқатсизлик қилди. Ўша йили у қарзларидан, омадсизликдан ва юзлаб майда-чуйда кўнгилсизликлардан қочиб, Венециядан Венага йўл олди. Бу ерда у тўйма-тўй изғиб, ҳувиллаган қаҳвахоналарда арзимас чойчақага скрипкасини чалиб юрди. Жулдурвоқи кийимлари туфайли дурустроқ меҳмонхоналарга уни қўйишмасди.
Айниқса, 21 октябр унинг учун энг оғир ва мушкул кун бўлди. Ўша куни эрталабдан қор аралаш ёмғир ёғди. Илма-тешик бошмоқлари шалоплаб, ҳар қадамда лой сачратиб борарди, ўзи эса ботқоқдан чиққан кучукдек бошдан-оёқ ивиб кетганди.
Кечга томон шаҳар ҳавоси янада хиралашиб, аллақандай мудҳиш тун бошланди. Унда-бунда фонуслар ёмғир томчиларини ёритиб хира нур сочарди.
Бундай рутубатли кунларда инсон ўз қалбини ҳаммага ҳам очавермайди, ўзганинг қайғу-ҳасратига ҳамдард бўлавермайди. Бундай пайтларда қашшоқ одам совуқ, очлик ва ёлғизликни бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилади.
Кун бўйи Паганини сариқ чақа ҳам ишлаб топмади. Кечқурун алламаҳал бўлганда бир мисгар чала қолган, тамаки кули тушган пивони унга узатди. Бошқа бир жойда эса ширакайф талаба учта майда чақани унга улоқтирар экан:
– Бу сенга чойчақа, фақат чалишни бас қил!– деди.
Зарда билан берилган бу садақанги Паганини қўлига оларкан: “Майли! Машҳур бўлганимдан сўнг садақа берганингни эсимга соларсан!” деб тишларини ғижирлатиб қўйди. Шуни айтиш керакки, тақдир бошига қанча балолар ёғдирмасин, Паганини ўзининг даҳо эканлигига сира шубҳа қилмасди. “Дурустгина кийим-кечак, қулай шароит ва тузукроқ скрипкам бўлса мен дунёни ҳайратга солардим!” деб ўйларди у. Сўнгги қаҳвахонада ҳам уни кўчага ҳайдлашди. У ҳар қадам босганда кўлмак ҳосил бўларди.
Учта чақага кичкина бир бўлак оқ нон сотиб олди ва йўл-йўлакай иштаҳасиз кавшаниб борди. Баланд чордоқдаги каталакдай хонасига базўр кўтариларкан, умидсизликка тушиб, ғамгин қалби ғазабга тўлди. Намиққан аянчли скрипкасини бир тепиб бурчакка тиқди ва кўкрагига муштлаб, аянч билан бақирди.
–Иблис! Иблис! Агар сен калтафахм хотинлар ўйлаб топган афсона эмас, ҳақиқатан ҳам бор бўлсанг, ҳозироқ ҳузуримга кел! Мағрур инсоннинг мағрур қалби ижодкор даҳо билан бирга арзонга сотилади. Кела қолсанг-чи! Акс ҳолда ўзини осган бир камбағалдан сенга қандай наф тегади?
Шу ондаёқ Иблис пайдо бўлди. Олтингугурт тутунига чулғаниб, жуфт оёқли сассиқ така кўринишида эмас, балки камтарона кекса ишбоши ёки нотариусдек кийинган, кулранг покиза камзули жимжимадор сариқ тўр билан безатилган кийимда пайдо бўлди. У сиёҳдон, ғоз патидан ишланган ручка ва шартномалар дафтарини ҳам қўлида тутган эди, уларни шошмасдан, жиддий тарзда чўлтоқ столга ёйиб қўйди. Мой чироқ атрофни ёритди.
–Кўриб турганингиздек, йигитча,– дея хотиржамлик билан гап бошлади Иблис,– шовқин-суронсиз, масхарабозлик қилмасдан, дўзахни эслатувчи кийимларсиз дарҳол етиб келдим. Сиздан қон билан ёзилган тилхат ҳам талаб қилмайман.
Ўрта асрлардан қолган бундай аҳмоқона ясама машмашаларга берилиб ўтирмаймиз. Бизнинг асримиз – хушмуомалалик, оддий ҳисоб-китоб асри. Яшириб ўтирмайман. Биз шайтонларга соддадил алдовлардан кўра ҳалоллик билан хизмат қилиш қулайроқ ва фойдалироқдир. Шунинг учун бу келишувимизда мен фақат харидор сифатида, керак бўлса ҳимоячи сифатидагина қатнашаётганимга ҳайрон бўлманг. Шундай экан, иймонингиз эвазига нимани хоҳлардингиз?
–Пул! Олтин! Умрбод беҳисоб олтин!
–Мана, кўрдингизми? Ҳуқуқий маслаҳатим ҳам керак бўлиб қолди. Бу истакларни ҳар қандай эси паст, шалпангқулоқ йигитча ҳам айтган бўларди. Шон-шуҳрат борасида нима дея оласиз?
–Бунинг йўли осон! Шон-шуҳратни пулга ҳам сотиб олиш мумкин. Бунинг учун зиқналик қилинмаса бўлди.
–Йўқ, дўстим, шошқалоқлик қилаяпсиз. Олтин билан фақат тилёғламачиларнигина сотиб олиш мумкин. Бу билан сиз атрофингиздаги хушомадгўй ва лаганбардорлардан нарига ўтолмайсиз. Яхшиси, менга бошқа бирор нарса ҳақида айтинг. Масалан, севги ҳақида.
–Жин урсин! Ахир севгини бошқа нарсалардан кўра осонроқ сотиб олиш мумкин!
–Ҳар қандай севгиними? Сиз шундай деб ўйлайсизми? Бекорга, бекорга шундай деб ўйлаяпсиз, ёш дўстим Никколо! Агар шундай бўлганда эди, ер юзи аллақачон бутунлай ва абадиян Иблис ихтиёрига ўтган бўларди. Биз эса текин овқатдан семириб, ялқов-дангаса бўлиб қолардик. Хоҳласангиз жудаям махфий бир сирни – нима сабабдан Иблис дунёда энг бахтсиз эканлигини сизга айтайми? Чунки у бор вужуди билан севишни истайди, лекин уддасидан чиқа олмайди… Йўқ, йигитча, агар ҳар иккаламиз учун ҳам фойдали бўлган келишувга кўнсангиз, ўша дастлабки камтарона шартларингизда қолинг: дурустгина кийим-кечак, қулай шароит ва тузукроқ скрипка.
Паганини бир неча дақиқа ўйлади ва журъатсизлик билан деди:
–Мен ўз аҳдимдан қайтмайман. Сиз ҳақсиз, жаноб мутасадди. Лекин шошқалоқлик қилиб абадий азоб-уқубатга маҳкум қилинган иймонимни арзон баҳога сотмаяпманми?”.
–Иблис энгашиб стол остидан ҳўкиз терисидан ишланган ғилофни олди ва эҳтиёткорлик билан Паганинига узатди.
–Скрипкани ўзингиз кўришингиз ва чалишингиз ҳам мумкин. Бу – текинга.
Паганини эҳтиром билан тилла суви югуртирилган бронза илгакни ечиб, ғилофдан уч қават чойшабга ўралган асбобни олди: юмшоқ тери, духоба ва ипак чойшабларни столга ёйди ва ниҳоят сирли асбобларни, гўё бутун гўзаллиги билан яланғоч аёлнинг адл қоматини эслатадиган шакл-шамойилдаги скрипка кўринди. Бу – кичкина бошчасини кўтариб турган, узун бўйнига туташган ясси елкаси силлиққина нозик белига туташиб, бақувват сонига майинлик билан уй-ғунлашган аёл қиёфасидаги скрипка эди.
– Бу Страдивари эмас,– дея завқ билан хитоб қилди Паганини,– бу ҳатто Амати ҳам, Гварнери ҳам, Гваданани ҳам эмас! Бу мукаммал скрипка, бундан ортиғи инсон қўлидан келмайди ҳам! Демак, сиз менга бироз чалишга рухсат берасиз-а?
–Ҳа, марҳамат,– эринибгина, истар-истамас оҳангда деди Иблис,– Мен сизга айтгандим-ку.
Скрипка торлари созланган, камончаси етарли даражада мумланган эди.
Паганини алангали эҳтирос билан чалар экан, куй шу даражада янградики, қашшоқликдаги бечораҳол аҳволи яширин истеъдодини юзага чиқармаганлигини ўзи ҳам тушунди.
У хурсанд ҳолда деди:
– Соҳиб, хизматингизга тайёрман ва менга берган маслаҳатингиз учун сизга миннатдорчилик изҳор қиламан. Лекин, агар сизга оғир ботмаса, айтинг-чи – нима сабабдан маъюс тортиб қолдингиз, хафа бўлдингиз – мендан хафа бўлдингизми?
–Тўғрисини айтсам,– деди Иблис, ўрнидан турар экан,– истеъдодингиз мен кутгандан ҳам кўра чексизроқ эканлиги мени бироз хафа қилди. Лекин айтилган сўз – отилган ўқ, сўзимнинг устидан чиқаман. Скрипка сизники, умрбод эгалик қилинг. Мана сизга кичкина халтачада олтин – бу ҳозирчаликка, Эртага ҳузурингизга сарой аъёнлари кийимларини тикувчи ва веналик энг уста сартарош келади. Эртасига эса арцегерцогнинг шахсан ўзи уюштирган тантанали мусиқа танлови ўтказилади, ўшанда қатнашасиз. Энди, марҳамат қилиб, мана бу саҳифадаги шартномага имзо чекинг. Ҳа, мана шундай. Яхши. Раҳмат, кўришгунча хайр, яхши йигит.
–Кўришгунча? – айёрлик билан сўради венециялик Паганини.
–Унисини билмадим,– қуруққина жавоб берди Иблис.– Ўйлайманки, сизга ажратилган муддат тамом бўлгунча, ундан олдин эмас. Сиз мендан узоқ умр сўрамадингиз, шекилли?.. Мақтовимни қабул қилинг, маэстро!
Иблис скрипкачини ҳеч бир алдамаганди. Ҳамма воқеа режадагидек амалга ошди. Мусиқа танловидан сўнг тож-тахт вориси – валиаҳд олдида Паганини обрўси кўкларга кўтарилди, кўзларни қамаштирди ва ҳозирги кунларгача камайгани йўқ. Аммо Никколо Паганини дунёда энг бахтсиз одам бўлиб қолди.
Қондирилмаган эҳтирослар, шуҳратпарастликка ўчлик, пулга телбаларча очкўзлик, шу билан бирга жирканч ва пасткаш хасислик: нафақат ўтмиш ва ўз даврининг етук скрипкачиларига, балки келажакдаги буюк скрипкачиларга нисбатан ҳам енгиб бўлмас ҳасад унинг иймонини заҳарлаб, кулга айлантирди. У ўзи тўқиган мусиқа асарларини ноталарга жойларкан, шу даражада чалкаштириб, топишмоққа айлантириб ифодаладики, уни ўзидан бошқа кимса англай олмасди. Лекин у санъатининг шу даражада чексизлиги вақти келиб унинг ўрнига ўзидан ҳам зўрроқ мусиқачи келишига, унинг иблисона топишмоқларидан ҳам гўзалроқ ва осонроқ тарзда ундан ҳам ўтиб кетишига ақли етарди. У келажакка мана шундай олдиндан нафрат ва ҳасад билан қарарди.
Пули ошиб-тошиб кетганига қарамай, у кўчада кетаётиб қоғозларними-е, арқон бўлаклариними-е, ахлатними-е териб юрар, бир кунлик овқати бир талердан ҳам ошмасди. Унинг ғайритабиий санъатидан завқланган қанчадан-қанча гўзал аёллар унга мунтазир бўлиб, ўзини, қалбини, тақдирини, борлиғини бахшида қилганларида ҳам, улар менинг олтинларимни эгаллаш ниятида келган, деган хаёлда улардан нафратланиб, юз ўгирарди.
Эри давлат мажлиси раиси бўлган, ўз бойлиги, шон-шуҳрати, севгисидан воз кечиб, ажралиш шармандалигини ҳам бўйнига олган, унга муштоқ бўлган аслзода хонимнинг ҳам севгисини рад этиб, олдига бир нечта чақа ташлаб: “Шу уч тангани эрингизга бериб қўйинг. Уларни менга бир замонлар бошқа скрипка чалмаслик шарти билан берганди. Сизни эса бу ердан кетишингизни илтимос қиламан, ҳозир мен машғулот билан бандман”, дея ҳайдади.
Қанчадан-қанча ҳақиқий дўстлари, қадрига етган мухлисларини: “Сен менинг бойлигим ва шуҳратимга шерик бўлиш учун ортимдан юрибсан”, деган таъналар билан ўзидан узоқлаштирди.
У аянчли аҳволга тушган, умри руҳий азоб-уқубатда ўтар, таскин берадиган яқин одами йўқ эди. Чунки у ҳеч кимга ишонмасди.
Ажал вақти келганда унинг ҳузурига бўзарган Нотариус кириб келди ва Паганини унга хотиржамлик билан деди:
–Мен тайёрман, хўжайин. Аммо менинг ҳаётим қувончсиз ўтди.
–Ҳа, очиғини айтганда, мен ҳам сиздан бирор наф кўрмадим. Иккаламиз тузган битим иккимизга ҳам фойда келтирмади. Мана бу дафтардаги шартномалар рўйхатини кўринг, у ерда сизнинг номингиз йўқ. Уни кимдир ўчириб юборган. Кимлигини айтишга журъат эта олмаймиз.
–Энди мен нима қиламан?– кўнгилчанлик билан сўради Паганини.
–Ҳеч нарса,– жавоб берди бўзарган Нотариус.– Ҳеч нарса, дўстим. Бирорта ҳам концертингизни ўтказмасдан ҳаммасига бордим ва шу билан сиздан қарзимни уздим. Раҳбарларим менга салбий баҳо беришди. Сиз ҳам ўз навбатида ўша номини тилга олишга журъат этолмаганимиз олдида қарзингизни уздингиз. Ҳақиқий санъатни биз эмас У яратади. Лекин ҳсиоб-китобни ким қилади? Алвидо. Бу гал энди умрбод хайрлашамиз. Скрипкани сизга қолдираман. Э, йўқ! Мендан хавотир олманг. Бу хизматимдаги арзимас кўнгилсизлик, холос. Хайр…
–Эртасига эрталаб буюк Паганинининг жони узилди: пешонасидаги ажинлар ўша тириклик пайтидагидек мағрур ва шафқатсиз, лабларида эса шодиёна бахтли табассум қотиб қолганди.
Иблис скрипкаси эса изсиз йўқолди.

Русчадан Абдунаби Абдулқодир таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 4-сон.