Александр Беляев. КЭЦ юлдузи (қисса)

Константин Эдуардович Циолковский хотирасига бағишлайман

I. ҚОРАСОҚОЛ БИЛАН УЧРАШУВ

Арзимаган бир воқеа тақдиримни ҳал қилади, деб ким ўйлабди дейсиз.
У пайтда бўйдоқ эдим, илмий ходимлар турадиган бинода истиқомат қилардим. Ленинграднинг баҳор оқшомларидан бирида очиқ деразадан хиёбондаги яшил момиқ билан қопланган дарахтларни томоша қилиб ўтирардим. Уйларнинг юқори қаватлари ботаётган қуёшнинг сарғиш нурида чўмилар, пастки қаватлар эса кўкимтир қоронғилик қаърига ғарқ бўлмоқда эди. Узоқдан Нева дарёси ва Адмиралтейство қуббаси ярқираб кўринарди. Оқшом ниҳоятда сўлим эди, фақат куй етишмасди, холос. Радиоприёмнигим бузилиб қолган эди. Қўшни хонадан таралаётган майин бир куй деворларга урилиб, қулогимга элас-элас эшитиларди. Шу тобда қўшниларимга ҳавасим келиб кетди ва ниҳоят, қўшним Антонина Ивановна радиоприёмнигимни осонгина тузатиб бериши мумкин-ку, деган фикрга келдим. Мен у қиз билан яхши таниш эмасдим, лекин физика-техника институтида ассистент бўлиб ишлашийи билардим. Ҳар гал зинада учрашиб қолганимизда бир биримизга мулойимгина таъзим қилиб ўтардик. Шунинг ўзи унга ёрдам сўраб мурожаат қилишимга тўла ҳуқуқ берадигандай туюлди назаримда.
Ҳаял ўтмай қўшним эшигидаги қўнғироқ тугмасини босдим.
Эшикни Антонина Ивановна очди. У йигирма беш ёшлардаги сулув қиз эди. Унинг катта-катта қувноқ қўйкўзлари кишига андак истеҳзо билан такаббурона боқар, қирра бурни эса чеҳрасига қандайдир жўшқинлик ифодасини баҳш этарди. Эгнидаги жўнгина тикилган қора мовут кўйлаги қоматини қучиб турарди.
Негадир бирдан довдираб қолдим ва шоша-пиша, узуқ-юлуқ қилиб келишимнинг сабабини тушунтирдим.
— Бу замонда радиотехникани билмаслик уят,— деб гапимни бўлди у ҳазил аралаш.
— Мен биологман,— дедим ўзимни оқламоқчи бўлиб.
— Лекин ҳозир мактаб болалари ҳам билади радиотехникани.
У шундай дея текис тишларини ярқиратиб куларкан, таънасини юмшатгандай, орадаги ноқулайлик сал кўтиралгандай бўлди.
— Юринг, ичкарига кирайлик, чойимни ичиб бўлиб, приёмнигингизни даволагани бораман.
Мен бажону дил эргашдим.
Кенг ошхонадаги думалоқ стол ёнида семиз, икки юзи қип-қизил, очлари оппоқ аёл — Антонина Ивановнанинг онаси ўтирарди. У мен билан қуруққина кўришиб чойга таклиф қилди.
Мен рад этдим. Антонина Ивановна чойини ичиб бўлгач, бизникига чиқдик.
У приёмникни ғоятда чаққонлик билан қисмларга ажратди. Мен унинг узун, ҳаракатчан бармоқларига ҳавас билан тикилардим. Биз кўп гаплашолмадик. Қиз аппаратни бирпасда тузатиб, чиқиб кетди.
Бир неча кунгача фақат у ҳақда ўйлаб юрдим, яна кирмоқчи бўлардиму, бироқ ҳеч баҳона тополмасдим. Ниҳоят, айтишга ҳам уялади киши, приёмнигимни атайин бузиб қўйдим… Кейин унинг олдига кирдим.
Қиз приёмникни кўздан кечириб чиқди-ю, менга масхараомуз қараб қўйди-да:
— Приёмнигингизни тузатмайман,— деди.
Менинг лавлагим чиқиб кетди.
Аммо эртаси куни яна кирдим — бу гал приёмнигим жуда яхши ишлаётганини айтиш учун кирдим. Шундай қилиб, Тоняни кўриб туриш, — мен уни ўзимча шундай деб атардим,— мен учун ҳаётий эҳтиёжга айланиб қолди.
Қиз мен билан дўстона муносабатда бўларди, лекин мен унинг назарида кабинетда ўтириб қолган олим, тор доирадаги мутахассис, радитехникадан бехабар, характери бўш, табиати ўз лабораторияси ёки кабинетига мукка тушиб олган чолларникига ўхшаган бир киши эдим. Ҳар учрашганимизда у талай кўнгилсиз гапларни уйиб ташлар ва характеримни ўзгартиришни маслаҳат берарди.
Менинг иззат-нафсим ҳақоратланган эди. Қайтиб уникига кирмасликка қарор қилдим, лекин, албатта, бунинг уддасидан чиқолмадим. Бунинг устига, ўзим ҳам сезмай характеримни ўзгартира бошладим: кўпроқ сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган бўлдим, чанғи, велосипед ва ҳатто радиотехникага оид китоблар сотиб олдим.
Бир куни Ленинград кўчаларида сайр қилиб юриб, Йигирма Бешинчи Октябрь кўчаси билан Учинчи Июль кўчасининг муюлишида тимқора соқолли ёшгина бир кишини кўриб қолдим.
У менга диққат билан бир оз тикилиб турди-да, кейин истиқболимга шахдам юриб кела бошлади.
— Кечирасиз, сиз Артемьев эмасмисиз?
— Шундай, — жавоб бердим мен.
— Сиз Нина… Антонина Герасимовани танийсизми? Мен сизни бир куни у билан кўрган эдим. Мен унга Евгений Палей ҳақида баъзи нарсаларни айтмоқчи эдим.
Шу пайт нотаниш кишининг олдига автомобиль келиб тўхтади.
— Тезроқ! Тезроқ бўлинг! Кечикамиз!— деб қистади шофёр. Қорасақол машинага сакраб чиқиб олди.
— Айтиб қўйинг — Помир, Кэц…— деб қичқирди у машина гизиллаб бораркан.
Автомобиль тезда ғойиб бўлди.
Уйга бир алфозда қайтдим. Бу одам ким? Фамилиямни қаёқдан билади? Мени Тоня билан ёки у айтганча Нина билан, қаерда кўрган экан? Ҳамма танишларимни бир-бир кўз ўнгимдан ўтказиб чиқдим… Бундай қиррабурун ва қоп-қора чўққисоқол албатта эсда қолиши керак. Йўқ, мен бу одамни илгари учратмаганман… У тилга олган Палей-чи? У ким бўлди?
Тонянинг олдига кириб, бу ғалати учрашув ҳақида гапириб бердим. Ҳамиша оғир-вазмин бу қиз бирдан ҳаяжонланиб кетди. Палейнинг номини эшитиб ҳатто қичқириб юборди. Учрашувни бутун тафсилотлари билан қайтадан гапириб беришга мажбур қилди, кейин нега у одам билан бирга машинага ўтириб, ҳамма гапни сўраб олмадингиз, деб койишга тушди.
— Тавба, жуда қўймижоз одамсиз-да! — деди у сўзини тугатиб.
— Тўғри, — жавоб бердим мен жаҳл билан. — Американинг саргузашт фильмларидаги қаҳрамонларга сираям ўхшамайман ва бу билан фахрланаман. Нотаниш одамнинг машинасига чиқиб олиш… Афв этасиз.
У ўйга ботди, менинг сўзларимга қулоқ ҳам солмай, худди алаҳсирагандай ўзича пичирлай бошлади:
— Помир… Кэц… Помир… Кэц…
Кейин китоб жавонини титкилаб, Помир харитасини олди ва Кэц деган жойни қидира кетди.
Аблатта харитада Кэц деган жой кўрсатилмаган эди.
— Кэц… Кэц… Агар бу шаҳар бўлмаса, нима ўзи: кичкина қишлоқми, овулми, бирон ташкилотми?.. Кэцнинг нималигини билиш керак!.. — деб хитоб қилди у.— Шу бугуноқ ёки эртага эрталабдан қолдирмай қандай қилиб бўлмасин билиш керак.
Тоняни таниёлмай қолдим. Бамайлихотир ва тартиб билан ишлайдиган бу қизда шунча куч-ғайрат борлигини кўриб ҳайратда қолдим. Бу ўзгаришга фақат бир сўз — Палей деган сеҳрли сўз сабаб бўлган эди. Мен ундан Палейнинг кимлигини сўрашга журъат қилолмадим, уйга чиқиб кетдим.
Яшириб ўтирмайман, ўша кеча ухлай олмадим, таъбим жуда хира эди, эртаси куни Тонянинг олдига чиқмадим ҳам.
Аммо кечқурун унинг ўзи кириб келди. У одатдагидай мулойим ва хотиржам эди. Стулга ўтириб, гап бошлади:
— Кэцнинг нималигини аниқладим: бу Помирдаги ҳали харитага киритилмаган янги шаҳар экан. Эртага ўша ёққа жўнайман, сиз ҳам мен билан бирга боришингиз керак. Мен қорасоқолли кишини танимайман, сиз уни топишга ёрдам берасиз. Ахир Палей ҳақида маълумотга эга бўлган одамнинг фамилиясини билиб олмаганлигингиз сизнинг гуноҳингиз-ку, Леонид Васильивич.
Мен ҳангу манг бўлиб қолдим. Шу етмаётган эди-да, ўзиям. Лабораторияни, илмий ишимни ташлаб, қандайдир Палей исмли кимсани қидириб, Помирга борар эмишман-а!
— Антонина Ивановна, — дедим мен қуруққина қилиб. — Илмий тажрибаларимнинг самарасини фақат биргина ташкилот кутмаётганини яхши биласиз. Ҳозир, жумладан, меваларнинг пишишини тўхтатиб туриш масаласига бағишланган ишимни тугаллаяпман. Бу тажриба анчадан бери Америкада олиб бориляпти, бизда ҳам бошланган бу иш. Аммо натижа ҳали-ҳозирча қувонтирарли эмас. Эшитган бўлсангиз керак, ўрик, мандарин, шафтоли, апельсин, беҳи ва шунга ўхшаш маҳаллий мевалардан турли хил маҳсулотлар тайёрлайдиган жанубдаги консерва фабрикалари бир-бир ярим ой қаттиқ ишлаб, йилига ўн-ўн бир ой бекор туришади. Бунга сабаб, меваларнинг деярли бир вақтда пишиши ва уларни бирданига ишлатишнинг имконияти йўқлигида. Шунинг учун ҳам ҳар йили ҳосилнинг қарийб ўндан тўққиз қисми нобуд бўлади.
Йилига ўн ой бекор турадиган фабрикалар сонини кўпайтиришнинг ҳам фойдаси йўқ. Шу важдан менга ёзда Арманистонга бориб, ўша ернинг ўзида меваларнинг пишишини сунъий равишда кечиктириш юзасидан ғоят муҳим тажриба ўтказиш топширилган. Тушуняпсизми? Мевалар ҳали ғўралигида териб олинади, кейин заводларнинг улгуришига қараб аста-секин пишиб бораверади. Шундай қилиб, заводлар ишсиз қолмайди…
Тоняга қараб дудуқланиб қолдим. У сўзимни бўлмади, унинг бунақа одати йўқ эди, аммо чеҳраси борган сари хиралашиб борарди. Пешанасида, икки қошининг орасида ажинлар пайдо бўлиб, қовоқлари осилиб кетди. Узун киприкларини кўтарганида кўзларидаги нафратини пайқадим:
— Жамоатчи-олимни кўринглар-а! — деди у совуқ оҳангда.— Мен ҳам Помирга ўйнагани эмас, иш билан кетяпман. Қандай қилиб бўлмасин Палейни қидириб топишим керак. Сафар кўпга чўзилмайди. Мевалар пишгунича Арманистонга етиб ҳам борасиз…
Нима десам экан! Ахир унга мени қандай ноқулай аҳволга солиб қўяётганини айтолмайман-ку! Севган қизинг билан аллақандай Палей деган кимсани, балки ўз рақибингни қидириб юриш… Бу қандай гап! Тўғри, у ўйнагани эмас, иш билан кетяпман деяпти. Лекин унинг Палейда нима иши бор экан? Буни сўрашга ғурурим йўл бермади. Бўлди, етар. Севги ишга халақит беряпти. Ҳа, ҳа! Илгари лабораторияда ярим кечагача ўтирардим, энди эса соат тўрт бўлар-бўлмас жўнаб қоламан. Мен унга яна бир бор рад жавобини бермоқчи бўлиб турган эдим, яна Тонянинг ўзи гап бошлаб қолди:
— Майли, бир ўзим борадиганга ўхшайман,— деди у ўрнидан тураётиб.— Бу ишни анча қийинлаштиради, бироқ, сизнинг ёрдамингизсиз ҳам қорасоқолни топиб оларман балки. Хайр, Артемьев. Муваффақиятли пишишингизни тилайман.
— Менга қаранг, Антонина Ивановна!.. Тоня!.. Аммо у аллақачон чиқиб кетган эди.
Орқасидан борсаммикин? Қайтарсаммикин? Майли, розиман, дейми?.. Йўқ, йўқ! Бир гапда туриш керак. Ҳозир шундай қилмасам, кейин расво бўлади.
Дарҳақиқат, ўша куни кечқурун, тун бўйи, эртасига эрталаб ҳам гапимда турдим. Лабораториядаги тажрибам — олхўриларга қарагим ҳам келмасди.
Тоня, албатта, ёлғиз жўнайди. У ҳеч қандай қийинчиликдан қўрқмайди. Қорасоқолни ва у орқали Палейни топгач, Помирда нима воқеа юз бераркин? Агар у билан бирга бўлганимда ҳамма нарсани билиб олардим. Тоня билан бирга бормасам — бу алоқа узилди деган сўз. Кета туриб бекорга «хайр» дегани йўқ. Лекин, барибир бир гапда туриш керак. Ҳозир шундай қилмасам, кейин расво бўлади.
Албатта, мен бормайман. Лекин жудаям жоҳил бўлиш керак эмас-да. Тоняга йўл ҳозирлигини кўришда ёрдам бериш оддий бир илтифот-ку.
Хуллас, соат ҳали тўрт ҳам бўлмасдан тўртинчи қаватдан оёғимни қўлимга олиб пастга отилдим: Америка фильмларидаги қаҳрамонлардан қолишмай юриб кетаётган троллейбусга сакраб чиқиб олиб, уйга жўнадим. Чамамда, Тоняларникига тақиллатмасданоқ кириб борган бўлсам керак. Эшикдан кира солиб:
— Сиз билан бораман, Антонина Ивановна!— деб қичқирдим.
Бу хитоб қайси биримиз учун кутилмаган бўлишини аниқ билмайман, назаримда, мен учун бўлса кераг-ов!
Шундай қилиб, мен ажойиб-ғаройиб саргузаштлар гирдобига тушиб қолдим.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.