Алберт Малтс. Энг бахтли одам (ҳикоя)

Жесси йиғидан аранг ўзини тутиб турарди. У стулда Томнинг келишини кутиб, яллиғланган оёғига дам бериб ўтирганидан хурсанд ва Томнинг «Нега йўқ дерканман, албатта, хоҳлаган пайтда иш бошлашинг мумкин» дейишидан катта умид қиларди.
Икки ҳафтадан буён у ёмғирли кечаларда ухламай, ҳам очиқиб, Канзас шаҳридан Миссури, Тулза ва Оклахомага кўчиб юриб, охири қидирган ерини топди. Ниҳоят, Том хонага кириб келди. У Жессига эътибор бермагандай, шунчаки қараб қўйди. Уни танимади чамаси. Аслида, Жесси Томнинг жияни эди. Тўғри, улар беш йил бир-бири билан кўришмади. Фақат Том ўша илгариги Том эди. Ё Худо, наҳотки у шунчалик ўзгариб кетган бўлса?
Том Брекет телефонда гаплашиб бўлиб, стулга суяниброқ ўтирди. Хунук боқиб турган кичкина мовий кўзларини Жессига қаратди. У илгаригидай пишик тадбиркорларга ўхшаб ўтирарди.
«Эшитаман, деди у ниҳоят, – мендан бирор нима хоҳлайдиларми?»
«Сиз мени танимадингиз чамаси, -деди Жесси. – Мен Жесси Фултон бўламан.
«А-ҳа» деди Брекет, бошка ҳеч нарса демади.
«Ҳа-ҳа, бу менман, Элла сенга салом йўллади.»
Брекет ўрнидан турди ва бурчакда ўтирган жиянига юзма-юз келди. Жесси астагина қўзғалди. Брекет бурдаланган от гўштини кўздан кечираётгандай ғалати қараш қилди, унинг кўзларида ачиниш аломати бор эди.
«Ҳа, ана энди ишондим, бу ростдан ҳам сен экансан, фақат Худо ҳаққи, бутунлай ўзгариб кетибсан.»
«Беш йил ҳазил гапми ахир, бунинг устига мени бир-икки боргина кўрган бўлсангиз.»
«Жуда озиб кетибсан-ку»
Жесси жим бўлиб қолди. Орага сукунат чўкди. Бирдан Брекет жонланиб «Нимага қаққайиб турибсан, қани кел, ўтир-чи укам» деди ва Жессининг қўлини қисиб қўйди. «Сени кўрганимдан жудаям хурсандман, шу холос, бошқа ҳеч нарса деб ўйлама!»
«Ҳечқиси йўқ» минғиллади Жесси ва секингина жойига ўтирди.
«Нимага оқсоқлаяпсан?»
«Тошга қаттиқ қоқилиб кетдим; туфлимни ҳам йиртиб олдим.»
У оёғини стул остига яширди, туфлисининг йиртиқлигидан уялиб кетди. Эрталабдан бери бирор ишни бошлашдан аввал туфли сотиб олишни ўйлаб ўтирувди.
Брекет унинг туфлисига қаради. У боланинг аҳволини тушунди ва раҳми келиб кетди. Бу ҳолни умрида биринчи марта кўриб туриши эди. Синглиси унга ҳар ҳафта хат ёзиб турган бўлса-да, лекин бирор марта шунчалик ёмон аҳволда яшаётганини айтган эмасди.
«Яхши, менга қулок сол, -гап бошлади Брекет, – қани, менга ҳаммасини айтиб бер-чи, Элланинг аҳволи калай?»
«О, у жудаям яхши» дарҳол жавоб қилди Жесси.
«Болалари-чи?»
«Улар ҳам ёмон эмас»
«Ўзинг-чи? Ўзинг нима иш қиляпсан? Ишинг нима буляпти?»
Жесси худди шу саволни кутиб турган эди:
«Том, эшит, сенинг олдингга маслаҳатга келдим. Ёрдамингга муҳтожман»
Брекет инграб юборди. У Жессининг шундай дейишини биларди, шу боис дарҳол жавоб берди: «Қўлимдан келмайди. Ҳафтасига бор-йўғи 35 оламан холос.»
«Биламан, -деди Жесси, – биламан, сен бизга пул беролмайсан. Лекин биз сенинг қўлингда ишлайдиган киши билан гаплашдик. У шаҳримизга келган экан. Ўша одам менга иш топиб бера олишингни айтди.»
Брекет бақиргна бўлиб сўради: «Сен Канзас шаҳридан 2 ҳафта ичида пиёда келганинг учун иш топиб беришим керакми?»
«Бўлмаса-чи, Том, йўқса мен нима ҳам қила оламан?»
«Худо ҳаққи, менда бирорта ишнинг ўзи йўқ бўлса. Бунинг устига нефт иши қандай бўлишини ҳам билмайсан-ку.»
Жесси бўш келмади.
«Ахир ўша одам сенга ҳар доим ишчи кучи кераклигини айтди-ку!»
«Воэй… Сен менинг бўлимимдаги ишни назарда тутяпсанми?» сўради Брекет паст овозда.
«Ҳа, Том, шундай!»
«Йўўқ, бўлмайди, сен бўлимимда ишлашни хоҳламайсан, сен бунинг қанақалигини билмайсан ахир!»
«Нега билмас эканман, биламан!, – қаттиқ туриб олди Жесси, – ўша одам сенинг диспетчер эканингни айтди-ку, сен юк машиналарини жўнатар эмишсан, шундайми?
«Ким экан ўзи ўша одам?»
«Адашмасам, унинг оти Эверет…»
«Эгберт эмасми эҳтиёт, бўйи мен билан тенг» сўради Том.
«Ҳа-ҳа, Эгберт эди, Эгберт, энди эсимга тушди.
Том бармокларини бир-бирига чалиштирди. Юзи ғалати тус олди. «Йўқ, менга маъқул эмас» деди у.
Жесси бақириб юборди. У Том иш беришга рози бўлади деб ўйлаганди. «Йўқ, -деди у ва ялинишга тушди, – бошқа бирон иш йўқми?»
«Иш бор, деди Том, – Эгбертнинг иши бор!»
«У ишдан кетдими?»
«У ўлди. Иш жараёнида ўлди. Ўтган кечаси тамом бўлди, агар билмоқчи бўлсанг.»
«Оҳ! Шундай дегин…
«Энди менга қара Жесси, сенга баъзи нарсани айтиб қўяй. Сен ҳайдайдиган нарса оддий нарса эмас. Бу – нитроглитсерин!
«Хабарим бор, сен мени билмайди деб ўйлама»
«Жим тур бир оз, – буюрди Брекет, – сен бир марта акса берсанг, бу нарса ҳама томонга учиб, бирпасда заҳарлайди. Биласанми уни қандай қилиб олиб юришларини?
«Мен аста-секин, эҳтиёт бўлиб ҳайдайман», деди Жесси, – машина бошқаришни жуда яхши биламан.»
Брекет баттар бақириб берди: «Сен Эгберт эҳтиёт қилиб ҳайдамаган деб ўйлайсанми?»
«Том, – илтимос қилди Жесси, – шаштимдан қайтарма, қандай бўлса ҳам эплайман, Эгберт 1 мил учун 1 доллар ҳақ олишини айтди, мен ҳам шундай қилсам бўлмайдими?
«Албатта, сен ҳам шунча олишинг мумкин. Бу айтишга оппа-осон. Фақат нимага компания бунча кўп пул тўлайди деб ўйлаб кўрганмисан ўзи? Бу осон – Эгбертга ўхшаб бошинг тошга бориб урилмагунча юраверасан. Вақти келиб, машинанг билан бирга ағдарилиб тушганингда биласан. Биз энди Эгбертдан унга нима бўлганлигини сўраб билолмаймиз. Бирор нарсани аниқлаш учун машинаси ҳам энди йўқ. Танаси ҳам ҳолмади. Ҳеч вақо йўқ! Ҳа йўқ! Энди тушунгандирсан?»
Орага бир оз сукут чўкди. Жесси узун ориқ қўлларини чалиштириб ўтирарди. У кўзини юмди-да, мулойим овозда «Ҳеч нарсага аҳамият бермайман, Том, сен менга бир яхшилик қилиб, иш берсанг бўлди», дея ўтинди.
Брекет қўлини столга қарсиллатиб урди. «Йўқ!»
«Мени эшит, Том, – давом этди Жесси, – нега мени тушунмайсан?» У кўзини очди. Улар жиққа ёшга тўлган эди. «Менга қара, мен энди ортиқ бундай яшолмайман. Агар кўчада тентираб юраверадиган бўлсам, уйда очимиздан ўламиз, Том.»
«Ундай бўлса, сен менга айтишинг керак, – бақирди Брекет, – эркак киши оиласи оч турганда, сохта ғурур билан бемалол юришга ҳечам ҳаққи йўқ! Мен озроқ қарз оламан ва биз уни Эллага жўнатамиз.»
«Ундан кейин-чи?»
«Кейинми, кейин озроқ кутишга тўғри келади. Ёш бола эмассан, ҳаётдан тўйдим деб айтишга-да ҳаққинг йўқ. Албатта, бир кунмас бир кун иш ҳам топасан.
«Йўқ!,- деди Жесси ўрнидан сапчиб, – йўқ, мен ҳам шунга ишонардим, лекин энди бундай кутиб ўтиролмайман. Сен бошимни кўтариб юришимга кўмаклаш. Ёки яна 5-6 йил кутиб ўтиради деб ўйлаяпсанми?»
Брекет ўрнидан турди. «Хўп, шундай деб ҳам ўйлайлик. Сен нима, ўзингча Эллани ўйлаяпман дейсан. Қилаётган ишинг унга ёқади деб ўйлайсан шекилли. Мабодо бир кори ҳол бўлса-чи?»
«Балки менинг бахтим кулиб боқар», – ўзини оқлади Жесси.
«Афсуски ҳамма шундай деб ўйлайди, – тўнғиллади Том нафрат билан. – Бу ишни бошлаганингдан кейин эса, ўз-ўзидан омад сўроқ белгисига айланади-қўяди. Аниғи шуки, эртами-кечми барибир ўласан.»
«Шундай бўлса ҳам майли , – дарҳол жавоб қилди Жесси. Ўлдирса ўлдирибди-да! Ахир унгача нимагадир эга бўламан-ку. Ўзимга туфли сотиб оламан, болаларга қанд-қурс дегандай. Ўзимнинг ҳам қорним тўйиб юради. Ҳар кун бир марта бўлса ҳам озроқ пиво ичиб турарман. Эллага яхши кийимлар олиб беришни хоҳлайман. Оилам билан кинога боришни истайман…»
Брекет яна жойига ўтирди. «Бўлди, бас қил!»,-деди у.
«Йўқ,-давом этди Жесси, – мендан асти қутила олмайсан. Эшит, Том, ўйлаб кўр, агар 3 ой ишласам, минг доллардан ошиқ пул ишлар эканман. Ким билсин, балки мен бундан кўпрок яшарман. Эллани ҳам оёққа турғизарман.»
«Нимага бундай деб айтяпсан?- қарши чиқди Брекет, -ўйлашимча, сен жудаям бахтиёр бўлмоқчисан-а? Ҳар дақиқа, юрганингда, ётганингда тинчинг бўлмайди аҳмоқ, юрагингни ҳовучлаб эртага ўламанмикин, деб турасан-ку. Энг ёмони ҳордиқ кунларида ишламай ётганингда билинади. Бу кунлардаги асаб қақшашини ким ортга қайтариб берарди сенга? Қандай қилиб бахтиёр бўлишинг мумкин-а?»
Жесси илжайди. «Мен албатта бахтли бўламан! Сен ташвишланмай қўявер. Шунчалик бахтиёр бўламанки… Том, фақат… мен ҳам бошимни кўтариб яшасам бўлди»,-деди у.
«Э-э, бўлди қил энди»,-жеркиди яна Брекет.
Болакай жим бўлди. Озроқдан кейин унинг пичирлагани эшитилди: «Том, ўтинаман, ундай дема. Том, ёрдам бер… Том, мени ташлаб қўйма…»
Орага қайта жимлик чўкди. Брекет икки қўлини бошига кўтарган ҳолда кафтларини чаккасига қаттик босиб турарди.
«Том, Том», – ялинди Жесси.
Брекет индамади. Ва ниҳоят «Ҳай, майли!», деди у, – «Сен айтганча бўлақолсин. Худонинг ўзи мадад берсин сенга.» Унинг овози зўрға эшитилди. «Агар бугун кечаси ҳайдайман десанг, майли, бугундан бошлайқол.»
Жесси индамади. Аниқроғи, у ҳеч нима деёлмасди. Брекет унга қаради. Шашқатор ёшлар Жессининг юзига оқиб тушмоқда эди.
Брекет туришга шайланаркан «Ишим кўп, майли» деб айтди.
Жесси аста юриб ташқарига чиқди. Юрагида қандайдир тасвирлаш қийин булган қувонч ғимирлади. «Мен дунёдаги энг бахтли одамман», пичирлади у ўзига-ўзи. «Мен бутун ер юзидаги энг бахтиёр кишиман.»

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди

* * *

ДУНЁДАГИ ЭНГ БАХТЛИ ОДАМ

Жесси йиғлаб юборишга ҳам тайёр эди. У Томни телефондан бўшашини кутавериб хуноб бўлганди. Том унинг поччаси эди. Жесси ҳоли ҳароблигидан ўзининг ҳам юраги эзилиб ўтирарди.
Тўғри, улар беш йилдан буён бир-бирларини кўришмаганди, аммо Том ҳозир беш ёшга улғайган кўринади, бор фарқ шунда, холос. У ҳалиям Томлигича турибди-ку. Худойим-ей! Ё у шунчалар ўзгариб кетганмикан?
Ниҳоят, Том Бракет телефон гўшагини жойига қўйди. У ўриндиғига ястанганча ўтираркан, гумондор ва совуқ боқувчи кичкинагина тиниқ мовий кўзлари билан Жессига бир қур кўз югуртириб чиқди. У қирқ беш ёшлардаги басавлат эркак бўлиб етилганди. Бракет айнан ўткир бизнесменлардай бўлиб кўринар – унинг асли касби ҳам шундай эди. У Жессига вақтини кеткизишга норозидай совуқ беписандлик билан кўз ташлади.
“Хўш?”- деб қолди Бракет тўсатдан. “Хизмат?”
“Мени танимадинг чоғи, Том”, – деб ўнғайсизланди Жесси. “Мен Жесси Фултонман. Элла сенга салом айтиб юборганди”.
Бракет ўрнидан турди-да, чақирилмаган меҳмони билан юзма-юз бўлиш учун у томонга бир-бир босиб келди. У эсига тушган қайинукасига ўхшаш қиёфани унда топишга ҳаракат қилгудай бўлиб Фултонни бошдан-оёқ кўздан кечирди.
“Ҳа, ростданам Жесси экансан”, – деди Бракет охири. “Лекин росаям ўзгариб кетибсан”.
“Ё, раббим, ахир орадан беш йил ўтиб кетади-ю, ўзгармай бўларканми?”- деди Жесси. “Бунинг устига сен мени фақат бир-икки бор кўрган бўлсанг керак. Ўзгармай қолармидим? Ҳаммаям ўзгаради-ку, тўғрими?”
“Сенинг қарашларинг жиддий эди”, – дея сўзида давом этди Бракет майин, ажабсинаган оҳангда. “Сезишимча, бироз озгандайсан?”
Жесси миқ этмади. У Бракет унинг жиғига тегиш учун ўзини ҳар кўйга солаётганини фаҳмлаб турарди. Бироқ бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдиришдан фойда йўқлиги сабабли ўзини оғирликка оларди. Сукунат чўзилган сайин Жессининг ичини ит таталади. Бракетнинг виждони уйғонди чоғи, туйқусдан мулозамат йўлига ўтиб олди:
“Қани, ўтир-чи. Яхши келибсан-да, куёв”, – у Жессининг қўлидан тутиб, уни қисиб қўйди. – “Сени кўрганимдан хурсанд бўлдим; ҳеч нарсани ўйлама! Негадир кўзимга сиқилганроқ бўлиб кўриняпсан”.
“Ҳаммаси жойида”, – деб минғиллади Жесси. У стулга ўтираркан, бармоқлари билан жингалак, чигал сочларини тароқлаган бўлди.
“Нимага оқсоқланяпсан?”
“Битта тошни босиб олгандим; қирраси билан туфлигимнинг тагини тешиб қўйибди”.
Жесси оёқларини стулнинг тагига тортди. У туфлиларидан уялаётганди.
Бракет бўлса Жессининг оёқларидан кўзларини узмай ўтирарди. У куёвининг кўнглидан нималар кечаётганини англаб турар, унга қараб юрагини ачиниш ҳисси қоплаб борарди.
“Ҳа, майли, қулоғим сенда”, – дея сўз бошлади Бракет, “ҳаётингдан гапир. Элла қалай?”
“О, у ўйнаб-кулиб юрибди”, – деб жавоб берди Жесси паришонхотирлик билан. Унинг майин боқувчи кулранг кўзлари билан уйғунлашиб кетган юмшоқ, итоаткорона, анчагина тортинчоқ оҳангли овози бор эди.
“Болалар-чи?”
“О, улар ҳам зўр…Биласанми-”, – энди бироз қатъият билан илова қилди Жесси, “кенжатойимиз тасма (икки елкасидан ўтказилиб шимга тақилади) тақадиган бўлиб қолибди. Биласан, у ўзи пул тополмайди. Аммо росаям уддабуррон. Расмлар солади, у-бу иш қўлидан келади, бундан ўзингнинг ҳам хабаринг бор”.
“Ҳа”, – деб маъқуллаб қўйди Бракет. “Бу ишлари яхши”. У иккиланиб қолди. Орага бир нафаслик жимлик чўкди. “Элла менга ишларинг ёмонлиги борасида лом-мим демаганди, Жесси. Сенга ёрдам берган бўлармидим”.
“Худо сендан рози бўлсин”, – деб миннатдорчилик билдирди Жесси майин оҳангда. “Ўзингнинг ҳам ишларинг бошингдан ошиб ётибди-ку, тўғрими?”
“Тўғри.”- Бракет ўриндиғининг орқасига суянди. Унинг қизғиш юзлари ғамгин ва ачинарли тус олди.
“Том, қулоқ сол”, – дея муддаога ўтди Жесси. “Мен бир мақсад билан бу ерга келгандим”. У яна бармоғи билан сочини тараб қўйди. “Менга ёрдам беришингни истайман”.
Бракет шу гапни кутаётганди. “Мен кўп пул беролмайман. Ҳафтасига 35 доллар топаман, холос, бунгаям ўлганимнинг кунидан шукр қилиб, бир амаллаб яшаб келаяпман”.
“Албатта, биламан”, – ҳаяжонланиб таъкидлади Жесси. Уни тағин тонг саҳардан бери юрагини эгаллаб ётган ёввойи ғулғула чулғаб олди.
“Биламан, сен бизга пул томонлама кўмак беролмайсан. Лекин биз сенинг қўлингда ишлайдиган бир киши билан кўришиб қолдик! У бизнинг шаҳримизга келган экан. Ўша киши сени менга биронта иш топиб беришингни айтганди!”
“Ким айтганди?”
“О, нима учун шуни менга сен – ўзинг айтмагандинг?”- Жесси мана энди гинахонлик билан ёрилди. “Нимага айтмадинг, ахир мен бу гапни эшитганим заҳоти йўлга чиққандим. Мана, икки ҳафтадирки, худди девонага ўхшаб йўл юриб келдим”.
Бракет баланд овозда инграб юборди. “Сен мени иш бера олади, деган умид билан Канзас Ситидан икки ҳафта ичида етиб келдингми?”
“Бўлмасам-чи, Том, албатта-да. Қўлимдан бошқа нимаям келарди?”
“Жесси! Ҳозир ўлик мавсум. Устига-устак, сен бизнинг ишимизни нефть билан боғлиқ эканлигини тушунмайсан ҳам. Бу эса жуда муҳим. Менинг бу ердаям дўстларим бор, бироқ улар айни дамда ҳеч нарса қилиб беришолмайди. Мен сенга имконият туғилиши биланоқ иш айтган бўлардим, шу ўй ўзингнинг ҳам каллангга келмадими?”
Жесси дод деб юборди. “Лекин сен қулоқ солсанг-чи, ўша одам сени одам ёллайди, деб айтди! У менга гапириб берди! У сенинг қўлингда юк машинаси ҳайдар экан! Унинг айтишича, сенга ҳар доим эркаклар керак бўлар экан!”
“Оҳ!..Сен идорамни назарда тутяпсанми?”- деб сўради Бракет паст овозда.
“Ҳа, Том. Шуни айтяпман!”
“Оҳ, йўқ, сен менинг идорамда ишлашга чидай олмайсан”, – Бракет унга ўша паст овозда ман қилди. “Сен унинг нима эканлигини билмайсан ҳам”.
“Йўқ, биламан”, – Жесси ўз фикрида қатъий туриб олганди. “Ўша эркак менга барини тушунтириб берди, Том. Сен юк жўнатувчисисан, шундайми? Сен четга динамит ортилган юк машиналарини чиқарасанми?”
“Сен айтаёган ўша одам ким эди, Жесси?”
“Эверет, Эверет эди, янглишмасам”.
“Эгбертдир балки? Менинг гавдамдаги эркакми?”- деб сўради Бракет оҳиста.
“Ҳа, Эгберт экан”.
“Албатта, иш бор. Агар истасанг, ҳатто ўша Эгбертнинг ҳам жойи бўш турибди.”
“У ишдан кетдими?”
“Ўлди!”
“Оҳ!”
“Иш пайтида ўлди, Жесси. Жудаям билгинг келаётган бўлса, бу иш ўтган тунда содир бўлди.”
“Оҳ!..Нима бўлса бўлавермайдими, лекин менга барибир!”
“Ундай бўлса, мени эшит!”- деди Бракет. “Мен сенга келишингдан аввал сўрашинг лозим бўлган бир-иккита нарсаларни айтиб қўяй. Сен ҳайдайдиган юк машинасидаги динамит эмас. У нитроглицерин!”
“Лекин бундан менинг хабарим бор эди”, – деди Жесси уни тинчлантириб. “Ўша Эгберт менга маслаҳат берганди, Том. Мени ҳеч нарсадан хабари йўқ экан, деб ўйлашингнинг сираям ҳожати йўқ.”
“Бир дақиқага овозингни ўчириб турсанг-чи”, – деб буюрди Бракет ғазаб билан. “Эшит! Сен шунчаки бу нитроглицерин шўрвасига бир назар солиб кўрдинг, тушундингми? Сен шунчаки қаттиқ йўталгандинг, шундан кейин бу шўрва қайнаб, мана энди тошиб кетяпти”.
“Мени эшитсанг-чи, Том -”
“Ҳозир, бир лаҳзага шошмай тур, Жесси. Биламан, ишга ўлгудай муҳтожсан, бироқ сен тушуниб олишинг керак. Бу маҳсулот фақатгина махсус машиналардагина кетади. Қоқ тунда! Улар махсус йўналиш бўйича қатнайди! Биронтаям шаҳар ичидан ўтишолмайди! Бунинг қандай иш эканлигига ақлинг етиб турибдими?”
“Мен эҳтиёткорлик билан ҳайдайман”, – деди Жесси. “Мен юк машинасини қандай қилиб бошқаришни биламан. Секин ҳайдайман”.
Бракет оҳ тортди. “Сен Эгбертни ҳам эҳтиёткорлик билан ҳайдамаган ёхуд юк машинасини қандай бошқаришни билмаган деб ўйлаяпсанми?”
“Том”, – деди Жесси шиддат билан. “Сен мени қўрқитолмайсан. Мен миямга фақат битта гапни михлаб олдим! Эгберт айтдики, у бир миль масофа йўл учун бир доллардан ишларди экан. У ярим ойлик хизмати учун бир ойда 500-600 доллардан топардим, деб айтди. Мен ҳам айнан шундай ҳақ оламанми?”
“Албатта, шундай оласан”,- деди Бракет унга ваҳшийлик билан. “Бир мил учун бир доллар. Жуда осон-а. Бироқ нима сабабдан сен компанияни бунча кўп тўлаши керак деб ўйлаяпсан? Осонлигини қара – худди Эгбертга ўхшаб олд чироқларни ёққунингча қандайдир тошни босиб кетасан. Ёки бўлмасам, кўзингга нимадир кириб кетади-да, ғилдирак айланиб кетиб, машинага шикаст етказасан! Худо билади, тағин ким билмаган бошқа қандай кўргулик юз беради! Биз Эгбертга қандай кор-ҳол юз берганини аниқлай олмадик. Бирор-бир далил берувчи ҳеч қандай машина йўқ эди. Ҳеч қандай мурда ҳам топилмади. Ҳеч вақо йўқ! Эҳтимол, эрта бир кун кимдир маккажўхори даласидан бир парчагина мажақланган пўлатни топиб олар. Лекин барибир биз ҳеч қачон ҳайдовчини тополмаймиз. Бор билганимиз, у жадвал бўйича етиб келмади. Кейин полиция бизни чақиришини кутиб турдик. Ўтган тунда қандай воқеа юз берганини тушундингми? Кўприк устида қандайдир бир ишкаллик чиқибди. Балки Эгберт тажанг бўлиб тургандир. Балки у бир томонга машина ғилдирагининг қаноти билан бориб солгандир. Энди бўлса ҳеч қанақа кўприк ҳам йўқ. Машина ҳам йўқ. Эгберт ҳам. Энди тушунгандирсан? Бир мил йўл учун ўша Худо урган бир долларни қандай қилиб топиш йўли шу бўлади!”
Ўртага бир лаҳзалик сукут чўмди. Жесси узун, ингичка бармоқларини букиб-эгганча ўтирарди. Унинг оғзи очилиб қолган, юзи эса алам билан буришиб кетганди. Бир маҳал у кўзларини юмди-да, оҳиста сўзлай бошлади. “Мени нима бало бўлгани билан ишим йўқ, Том. Сен ҳаммасини тушунтириб бердинг. Энди эса менга бир саховат кўрсатиб, иш берсанг.”
Бракет столи устига қўлининг кафти билан тарсаки туширди.
“Йўқ”.
“Қулоқ сол, Том”, – деди Жесси ғарибона ҳолда, “Сен шунчаки тушунишни истамаяпсан-да”. У кўзларини очди. Унинг кўзлари ёш билан тўлиб қолганди. Бу нигоҳ Бракетни ундан юзини ўгиришга мажбур қилди. “Менга бир қарагин-а, Том. Сенга илтижоларим камлик қилдими? Том, мен ортиқ бу аҳволда яшай олмайман, тушунсанг-чи ахир!”
“Сен ақлдан озибсан”, – деб минғиллади Бракет. “Ҳар йили бешта ҳайдовчидан биттаси ўлдирилади. Бу ўртача кўрсаткич. Шуни ҳавас қилгудек жойи борми?”
“Айни дамдаги менинг ҳаётим ҳавас қилгуликмиди? Биз уйда шундоққина очликдан қурбон бўлаяпмиз, Том!”
“Буни менга илгарироқ айтишинг керак эди”, – дея хитоб қилди Бракет чўрт кесиб. “Бу ўзингнинг айбинг. Одам оиласи оч турганида сохта дабдаба билан юришга асло ҳақи йўқ. Мен биронтасидан озроқ пул қарз олиб тураман-да, уни Эммага телеграф қилиб жўнатиб юборамиз”.
“Хўш, кейин нима бўлади?”
“Кейин кутиб турасан. Сен қариб қолганинг йўқ. Бу ҳаётингдан юз буриб кетишга ҳақинг ҳам йўқ. Бирор кун иш ҳам топиб оларсан.”
“Йўқ!” Жесси ўрнидан сапчиб туриб кетди. “Йўқ, олдинлари бунга ишонардим. Аммо энди ишонолмайман”, – бақирди у куйиб-ёниб. “Сен менинг юрагимдаги бирдан-бир умидимсан”.
“Ақлдан озяпсан”, – минғиллади Бракет яна. “Мен бундай иш қилолмайман ахир. Худо ҳақи, бир лаҳзага бўлсин, Эллани ҳам ўйласанг-чи ахир”.
“Уни деб қайғураётганимни билмаяпсанми?”- сўради Жесси маъюс. У Бракетнинг енгидан тортди.
Бракет оёққа қалқди. “Сен Элла тўғрисида ўйлаяпман, деяпсан. Ўлиб кетсанг, уни қай ҳолга тушишини ҳам ўйлаяпсанми?”
“Балки, ўлиб кетмасман”, – илтижо қилди Жесси. “Баъзан омадим ҳам кулиб туради”.
“Ҳаммасиям шунақа деб ўйлашади”,- жавоб қилди Бракет эътиборсизлик билан. “Бу ишни бошлашинг билан сенинг омадинг ҳам савол белгиси бўлиб қолади. Бир нарса аниқки, эртами-кечми, барибир сени ўлдириб кетишади”.
“Унақа бўлса ҳам майли, розиман”, – деб бақирди Жесси унга жавобан. “Лекин бу орада бирор нимали бўлиб оларман, тўғрими? Жилла қурса, бир жуфт оёқ кийим сотиб оларман. Менга қара! Битта костюм сотиб оларман. Сигара чека оларман. Болаларим учун бироз ширинлик сотиб оларман. Ўзимнинг оғзимга ҳам бирон нима тегиб қолар. Ҳа, Худо ҳақи, бироз ширинлик егим келяпти. Кунда бир маҳал бир стакан пиво ичишни хоҳлайман. Эллани ясантириб қўйишни ҳам. Унга ҳафтада уч марта, эҳтимол тўрт марта гўшт едиришни хоҳлайман.”
Бракет жойига ўтирди. “Оҳ, бўлди қилсанг-чи”, – деди у.
“Йўқ”, – деди Жесси унга маҳзун, аммо жўшқин оҳангда, “сен мени тўхтатиб қололмайсан. Эшит, Том”, – у ўтиниб сўрай бошлади, “мен ҳаммасини ўйлаб чиқдим. Ойига 600 доллардан топсам, қара, қанча пул жамғарар эканман! Атига 3 ойгина ишлаб қўйсам, қара, қанча пул бўлади – 1000 доллар-а – унданам кўпроқ! Балким яна-да узоқроқ ишларман. Балким икки йил ичида Эллага ҳақиқий ҳаёт лаззатини инъом этарман!”
“Бу сенинг гапинг”, – дея унинг гапини бўлиб қўйди Бракет. “Тахминимча, сен бунақа ишда экансан, уни маза қилиб яшайди, деб ўйлайсан-да?”
“Мен ҳаммасини ўйлаб бўлганман”, – жавоб берди Жесси ҳаяжонга тўлиб. “У бу ҳақида сира билмайди, тушуняпсанми? Мен унга фақат 40 доллар ишлаб топаётганимни айтаман. Сен қолган пулни унинг банкдаги ҳисобига ўтказиб турасан, Том”.
“Эҳ, бас қил”, – уришиб берди Бракет. “Бахтли бўламан, деб ўйлайсанми? Ҳар дақиқада, уйғонганингда ҳам, ухлаётганингда ҳам, эҳтимол эртага ўлиб кетарман, деган талваса ичида азобланиб яшайсан”.
Жесси кулиб юборди. “Мен бахтли бўламан! Ташвиш қилма, мен шу қадар бахтли бўламанки, ҳатто куйлаб юбораман. Худо гувоҳ, Том, етти йил мобайнида биринчи марта ўзимдан-ўзим фахрланиб кетяпман!”
“Эҳ, бас қил, бас қил!”- деб қичқирди Бракет.
Орага тағин жимлик чўкди. Бракет иккала қўлини ҳам боши узра кўтариб, кафтларини чаккаларига босди.
“Том, Том – ” деди Жесси.
Бракет уҳ тортди. “Оҳ”,- деди у ниҳоят, “яхши, сени ишга оламан, Худо менинг мушкулимни осон қилсин. Агар шу кеча йўлга тайёр бўлсанг, бугун тунда машинани ҳайдайсан”. Жесси жавоб бермади. У жавоб бера олмасди. Бракет унга қаради. Жессининг юзидан кўз-ёшлари думалаб тушарди.
“Соат 6:00да бу ерга қайтиб кел”, – деди Бракет. “Мана сенга озроқ пул. Тузукроқ овқат олиб, еб олгин”.
“Раҳмат”,- деди Жесси. “Раҳмат, Том”.
“Том.”
“Нима дейсан?”
“Мен шунчаки – ” Жесси гапиришдан тўхтаб қолди. Бракет унинг юзига боқди. Жессининг кўзлари ҳамон ёш билан ялтираб турар, бироқ юзи энди яшнаб кетганди.
Бракет ундан юзини ўгирди. “Мен бандман”,- деди у.
Жесси кўчага чиқди. Кўзларидаги нам унга кўришга халал берар, бироқ бутун дунё ҳозир унга тиллага айланиб кетгандай бўлиб ярқираб кўринарди.
“Мен дунёдаги энг бахтли одамман”, – деб шивирлади у ўзига-ўзи. “Мен бутун ер юзидаги энг-энг бахтли одамман”.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси