Акутагава Рюноскэ. Афсунгарлик мўъжизалари (ҳикоя)

Кузнинг ёмғирли оқшоми эди. Мени олиб кетаётган рикша Онори қишлоғи тепаликларидан гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб борарди. Ниҳоят у бамбук дарахтлари панасига яширинган европача услубдаги кичкинагина уй рўпарасида тўхтади. Эшик тепасида япон ёзувида битилган «ҳинд Матирам Мисра» деган ёзувга кўзим тушди.
Мисра-кун асли калкутталик бўлиб, Ҳиндистон мустақиллигининг ашаддий курашчиларидан эди. Шу билан бирга у таниқли браҳман Хасан-хон қўл остида афсунгарлик сирларини ўрганган моҳир афсунгар ҳам эди.
Бир ойча илгари бир дўстим мени Мисра-кун билан таништириб қўйганди. Биз у билан турли сиёсий масалаларда анча баҳслашган, аммо унинг афсунгарлик мў‘жизаларини қандай амалга оширишини шу пайтгача кўришга муяссар бўлмагандим. Шунинг учун унга бу оқшом менга афсунгарлик томошасини кўрсатишини илтимос қилиб мактуб ёзган ва рикшада Мисра-кун яшаётган Онори қишлоғига келгандим.
Кучли жала остида турганча, мен фонарнинг хира нурида қўнғироқ тугмасини топдим ва босдим. Эшик шу заҳоти очилди. Ичкаридан Мисра-кунга хизмат қиладиган пастаккина япон кампири чиқиб келди.
— Жаноб Мисра уйдами?
— Албатта, албатта, марҳамат! У сизни анчадан бери кутиб ўтирибди.
Кампир шу сўзлар билан мени Мисра-куннинг хонасига бошлаб кирди.
— Хайрли кеч! Шундай ёмғирда келганингиз учун раҳмат!
Чўзинчоқ юзли ва кўзлари катта, мўйловли Мисра-кун керосин чироқ оловини пасайтирар экан, мени илиқ кутиб олди.
— Йўқ, санъатингиз мў‘жизасини кўриш учун ҳар қандай об-ҳавода ҳам келишга тайёрман. Ёмғир нима бўлибди!
Мен курсига ўтирдим ва керосин чироқ ёритаётган ним қоронғи хонага разм солдим.
Европача услубдаги ғарибона ҳолат.
Ўртада катта стол, девор ёнида китоб жавони, ойна олдида кичкинагина стол… Шунингдек, иккита курси, бор-йўғи шу. Стуллар ҳам, столлар ҳам эски, шалоғи чиққан. ҳаттоки, қизил гуллар тасвири туширилган дастурхон ҳам титилиб кетганди.
Салом-алик тугади. Мен бир оз ёмғирнинг бамбук дарахтларига урилаётган шовқинига қулоқ солиб ўтирдим. Бирпасдан кейин қари оқсоч пайдо бўлди ва иккита пиёлада кўк чой келтирди.
Мисра-кун сигара қутисини очди:
— Марҳамат, сигарадан олинг!
— Раҳмат!
Мен сигарани туташтиргач, сўз қотдим:
— Менимча, сизга бўйсунувчи арвоҳ жин бўлса керак. Ҳозир мен кўрадиган афсунгарлик мў‘жизалари жин ёрдамида амалга оширилса керак?
Мисра-кун ҳам сигара туташтирганича айёрона жилмайди ва тутун пуфлади.
— Жинларга юзлаб йиллар илгари ишонишган. Айтайлик, «Минг бир кеча» замонида. Мен Хасан-хондан ўрганган афсунгарлик — сеҳр-жоду эмас. Агар истасангиз, буни сиз ҳам қила оласиз. Бу фан тили билан айтганда, бор-йўғи гипноз. Қўлни шундоқ силкитсангиз бас…
Мисра-кун қўлини кўтариб ҳавода учбурчак шаклини чизди, сўнг қўлини стол устига туширди ва дастурхонга чизилган қизил гулни узиб олди. Мен ҳайратланганча курсимни яқинроқ сурдим ва гулни диққат билан кўздан кечирдим. Ҳеч қандай шубҳа йўқ эди: ҳозиргина у дастурхонга чизилган нақшнинг бир бўлаги эди. Лекин Мисра-кун гулни бурнимга яқинлаштирганда унинг хуш бўйини сездим.
Ҳайратдан оғзим очилиб қолганди. Мисра-кун жилмайганича гулни қўлидан тушириб юборди. Гул дастурхонга тушиб, яна нақшга айланди. Уни узиб олишнинг иложи бормикан? Ҳаттоки, битта япроғини ҳам қимирлата олмаслигим аниқ!
— Хўш, нима дейсиз? Ишониш қийин-а? Энди мана бу чироққа қаранг.
Мисра-кун шу сўзлар билан стол устидаги чироқни сурди. Шу заҳоти чироқ турган жойида айлана бошлади. Дастлаб мен ўт кетиб қолишидан қўрқдим. Мисра-кун эса бемалол чой ҳўплаб ўтирарди. Қўрқувим бир оз чекинди ва мен чироқнинг борган сари тезроқ айланишидан кўз узмай ўтирардим.
Бу ажойиб манзара эди! Чироқ шу даражада тез айлана бошладики, назаримда у айланмаётгандек эди. Бир лаҳзадан сўнг тушундим: чироқ аслида айланмаётганди.
— Ҳайрон қолдингизми? Булар болалар учун кўрсатиладиган фокуслар! Хоҳласангиз сизга яна бир нарсани кўрсатаман.
Мисра-кун китоб жавонига ўгирилди. Сўнг қўлини кўтариб, кимнидир имлагандек бармоғини қимирлатди. Бирдан жавонда терилган китоблар бирин-кетин стол устига учиб кела бошлади. Улар худди ёз кечасидаги кўршапалаклардек муқовасини силкитганича учиб келишарди. Мен сигарани тишлаганимча қотиб қолгандим. Китоблар чироқ устида бир айланиб, тартиб билан стол устига териларди. Кейин эса яна жавон томон уча бошлашди.
Юпқа муқовали китоблардан бири эса шифтга кўтарилди. У бир оз вақт стол узра парвоз қилди, сўнгра тиззамга тушди. «Бу нимаси?», — ўйладим мен ва китобга қарадим. У мен бир ҳафта илгари Мисра-кунга ўқиб туриш учун берган франтсуз романи эди.
— Китобингиз учун раҳмат, — деди Мисра-кун жилмайиб.
Барча китоблар жавонга терилиб бўлганди. Мен худди ҳозиргина уйқудан уйғонгандек бирор нарса дейишга ожиз эдим. Бирдан Мисра-куннинг сўзлари ёдимга тушди: «Агар истасангиз, буни сиз ҳам қила оласиз».
— Мен сиз ҳақингизда кўп эшитгандим. Аммо тан оламан, санъатингиз мен кутгандан ҳам ажойиб экан. Лекин сиз, мен ҳам буни ўрганишим мумкинлигини айтдингиз. Ҳазиллашган бўлсангиз керак-а?
— Ишонтириб айтаманки, йўқ! Афсунгарликни ҳар қандай одам ўргана олиши мумкин. Фақат…
Мисра-кун менга диққат билан қаради ва жиддий оҳангда гапиришга ўтди.
— Фақат бойликка ўч киши эмас! Агар Хасан-хоннинг санъатини ўрганмоқчи бўлсангиз, аввало ўзингиздаги бойликка бўлган ҳирсни енгишингиз лозим. Бу қўлингиздан келадими?
— Шундай деб умид қиламан, — жавоб қайтардим мен. Лекин кўнглимда қандайдир ишончсизлик сезиб, қўшимча қилдим: — Менга устозлик қилишга рози бўлсангиз бас!
Мисра-куннинг юзида шубҳа ифодаси бор эди. Лекин у, афтидан, қайсарлик қилиш одобдан бўлмаслигини ўйлади шекилли, рози бўлди.
— Нима ҳам дердим, майли, ўргатаман. Бу оддий, лекин бирданига ўрганиш қийин, вақт керак. Бугун менинг уйимда қолинг.
— О, сиздан жуда миннатдорман.
Афсунгарлик санъатини ўрганишимдан қувончга тўлиб, мен миннатдорчилик сўзларини ёғдирдим. Лекин Мисра-кун ҳеч нимани эшитмаётгандай хотиржамлик билан ўрнидан турди ва чақирди:
— Буви! Буви! Меҳмон бугун бизникида қолади. Унга жой ҳозирланг.
Юрагим гупиллаб урарди. Сигара кулини қоқишни ҳам унутиб Мисра-куннинг юзига тикилдим.

Мисра-кундан афсунгарлик сабоқларини ўргана бошлаганимга ҳам бир ойдан ошганди. Худди ўшандай ёмғирли оқшомлардан бирида мен Гиндза кўчасидаги клублардан бирида дўстларим билан суҳбатлашиб ўтирардим.
Клуб Токио марказида бўлгани учун саноқсиз автомобиллар томига урилаётган ёмғир шовқини Онори ўрмонидаги каби қайғули туюлмасди.
Клубдаги хона ҳам шинам эди: ёрқин электр нури, чарм қопланган катта креслолар, ялтироқ паркет — Мисра-куннинг ним қоронғи хонасига умуман ўхшамасди.
Қиз сигара тутатганча от пойгаси ва ов ҳақида суҳбатлашардик. Дўстларимдан бири сигара қолдиғини каминга ташлади ва менга ўгирилди.
— Эшитишимча, кейинги пайтда сиз афсунгарлик билан шуғулланаётган эмишсиз. Бизга бирор нарса кўрсатолмайсизми?
— Марҳамат, — дедим мен худди буюк афсунгардек ишонч билан.
— Унда ўзингиз истаган нарсани кўрсатинг. Фақат бу оддий фокусчи кўрсата олмайдиган мў‘жиза бўлсин.
Уни ҳамма қўллаб-қувватлади ва курсиларини яқинроққа суришди.
Мен дарҳол ўрнимдан турдим.
— Диққат қилинг. Афсунгарлик санъати ҳеч қандай ҳийлакорликни талаб қилмайди.
Шу сўзларни айтарканман, мен кўйлагим енгини шимардим ва хотиржамлик билан камин ичидан бир неча дона кўмир чўғини кафтимга олдим. Шунинг ўзиёқ томошабинларни қўрқитиб юборди. Улар куйиб қолишдан чўчиб, ўзларини ортга ташлашди.
Мен эса хотиржамлик билан кўмир доналарининг ланғиллаб туришини бир оз кўрсатиб турдим, сўнгра уларни полга ташладим. Бирдан полда жаранглаган овоз янгради… Қўлимдан тушган чўғлар тилла тангага айланганди. Дўстларим худди туш кўришаётгандек эди. Улар ҳатто олқишлашни ҳам унутиб қўйишганди.
— Мана сизларга оддий нарса!
Ва мен ғолибона табассум билан кресломга чўкдим.
— Менга қаранглар, наҳотки булар ҳақиқий тилла бўлса? — сўради беш дақиқадан сўнг дўстларимдан бири.
— Ҳақиқий тилла тангалар. Ишонмасангиз, қўлингизга олиб кўринг.
— Йўқ! Қўлимни куйдиришни истамайман.
Томошабинлардан бири эҳтиёткорлик билан тангалардан бирини қўлига олди ва хитоб қилди:
— Соф олтин экан! Эй, офитсиант, супурги билан челак олиб келиб мана бу тангаларни йиғиштириб ол!
Офитсиант унинг айтганини қилди ва тангаларни стол устига тўкди. Дўстларим столни ўраб олишди.
— Ўҳ-ҳў, бу ерда бир минг икки юз иэн бордир!
— Йўқ, йўқ, кўпроқ, яхшиям стол бақувват экан, акс ҳолда синиб кетиши мумкин эди.
— Гап йўқ, сиз ажойиб сеҳргарликни ўрганибсиз. Бир лаҳзада кўмирни тилла тангага айлантириш, тасаввурга сиғмайди!
— Бир ҳафтада миллионер бўлиб, Ивасаки ёки Митсунга етиб олишингиз ҳеч гапмас.
Томошабинлар менинг санъатимдан завқланишар, мен эса кресло суянчиғига ястанганимча сигара тутатардим.
— Йўқ, бойлик учун афсунгарлик санъатини ишга солиш мумкин эмас. Тангаларни томоша қилиб бўлсангизлар, уларни каминга ташлайман.
Бу сўзларни эшитиб, дўстларим бир овоздан қаршилик қилишди.
— Бунча катта бойликни кўмирга айлантириш бемаънилик-ку! — дейишарди улар.
Лекин мен сўзимда қатъий туриб олдим: Мисра-кунга берган ваъдамга мувофиқ тилла тангаларни каминга ташлайман. Бироқ, айёрлиги билан ном чиқарган дўстларимдан бири заҳарханда қилди:
— Сиз бу пулларни яна кўмирга айлантирмоқчимисиз? Биз эса буни истамаймиз. Бу аҳволда баҳсимиз тугамайди. Мен бир нарсани ўйладим: келинг, биз билан қарта ўйнанг! Сиз мана шу тиллаларингизни тикасиз. Агар ютсангиз — бемалол уларни кўмирга айлантирасиз. Агар биз ютсак, бор тиллангизни бизга берасиз. Баҳсимиз иккала томон учун ҳам шу тарзда якун топади.
Лекин мен бош чайқадим. Мени кўндириш осон эмасди. Дўстим янада заҳарли кула бошлади. У бир менга, бир тиллалар уюмига қаради.
— Сиз бу пулларни бизга бермаслик учун қарта ўйнашни истамаяпсиз. Яна бўлса, мў‘жиза содир этиш учун бойликка бўлган ҳирсни енгдим, дейсиз. Сизнинг бу гапингизга ишонгим келмаяпти…
— Ишонинг, бу пулларни сизга беришни истамаганим учун кўмирга айлантирмоқчи эмасман…
Биз тўхтовсиз баҳслашардик ва ниҳоят мен таслим бўлдим. Қарта ўйнаш учун пулларни тикишга рози бўлишдан бошқа иложим қолмади. Ҳамма хурсанд эди. Бирпасда қарта топиб келишди.
Аввалига мен истар-истамас ўйнадим. Одатда, қарта ўйинида омадим келмайди. Аммо бу оқшом негадир омадим кулаётганди. Аста-секин қизиқишим ортиб борди. Ўн дақиқадан сўнг барча нарсани унутиб ўйинга қизиқиб кетдим.
Шерикларим менинг олтинларимни олиш учун бу ўйинни бошлашган эди. Лекин ютқазганлари сайин уларнинг ранги оқариб бораётганди. Уларнинг барча уринишлари зоэ кетаётганди! Мен бирор марта ҳам ютқазмадим. Аксинча! Мен ўйин бошланганида қанча пулим бўлса, яна шунча ютдим. Ана шунда мени қарта ўйнашга мажбурлаган дўстим қичқирди:
— Мана. Қартани олинг! Мен бор мол-мулкимни — ерларим, уйим, отларим, автомобилим, барча-барча нарсамни тикаман! Сиз эса бор тиллангизни ва бугунги ютуғингизни тикасиз. Олинг!
Шу пайт менда очкўзлик ҳисси уйғонди. Агар ҳозир ютқазиб қўйсам, бор тилла-ю ҳозирги ютган пулларимни бераманми? Лекин агар ютиб олсам, дўстимнинг бор бойлиги менга ўтади! Бундай бойликка эга бўлиш учун афсунгарликни ишга солса арзийди!
Шу хаёл билан мен ўзимни бошқара оладиган ҳолатда эмасдим ва билдирмасдан афсунгарлик санъатини ишга солдим, сўнг рози бўлдим:
— Бўпти! Қарта тортинг.
— Тўққиз.
— Қирол! — тантанавор хитоб қилдим мен ва ранги девордек оқариб кетган рақибимга қартамни кўрсатдим.
Лекин шу лаҳзада — мў‘жиза! — қартадаги қирол худди тирикдек бошини кўтарди ва қартадан энгашиб менга қаради. У қиличини баланд кўтариб, илжайди.
— Буви! Буви! Меҳмонимиз уйига қайтмоқчи. Унга жой тайёрламай қўяверинг, — таниш овоз эшитилди.
Мен бирдан ўзимга келдим. Атрофга алангладим. Мен ҳали ҳам Мисра-куннинг рўпарасида ўтирар, у эса керосин чироқнинг хира шуъласида қартадаги қиролдек илжаярди.
Бармоқларим орасидаги сигаранинг кули ҳали тушиб улгурмаганди. Менга бир ой ўтиб кетгандек туюлганди, аслида эса бор-йўғи икки-уч дақиқа ўтганди, холос. Лекин мана шу қисқа вақт ичидаёқ мен Хасан-хоннинг афсунгарлик сирларини ўрганишга нолойиқ одам эканлигимни иккаламиз ҳам яққол англаб етгандик.
Мен уялганимдан бошимни эгганча бир оғиз сўз деёлмасдим.
— Афсунгарлик санъатини ўрганишдан олдин бойликка бўлган ҳирсни енгиш керак. Лекин бу қўлингиздан келмади, — деди Мисра-кун тирсакларини қизил гулли дастурхон ёзилган стол устига тираркан менга ачиниш билан қараб.

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.