Абу Наср Форобий. Афлотун фалсафаси

I

1. Афлотун аввало инсон баркамоллигини тадқиқ этади: инсонда қандай фазилатлар бор ва қайси фазилат инсоннинг саодатманд бўлишига ёрдам беради? Етук инсонга хос фазилатларнинг ҳаммаси комиллик (ал-камол), баркамолликдир. Сўнгра у, инсон, гўзал рухсори, мулойим бадани бўлгани учунгина ёки инсоннинг шулар қатори яна ота-онаси, уруғ-аймоғи, машҳур қариндошлари, дўстлари ва ошнолари кўп бўлгани учун баркамолми ёки яна у катта бойлик эгаси ва уларга ҳукм ўтказадиган, жамоа ё шаҳар бошлиғи бўлиши, улар (жамоа, шаҳар аҳолиси) эса уни ёқтирганлари учун уни ҳимоя қиладиларми, деган масалаларни кўриб чиқади. Инсон баркамолликка эришишига сабабларнинг энг юксаги ҳисобланмиш саодат соҳиби бўлишнинг ўзи инсонга етарлими, деган масалани ҳам ўртага қўяди.
Афлотун шу масалани кўриб чиқар экан, бундай хулосага келди: Ё ўша, нарсалардан бирига эга бўлишни одамлар бахт-саодат деб ўйлаб, янглишадилар, ёки инсон буларнинг ҳаммасига ёки бир қисмига эришса ҳам, яна нимадир етишмагани учун бахти тўлиқ бўлмайди.
Кейин у ўша нарса нима бўлиши мумкинлигини тадқиқ қилади. Инсоннинг бахтга эришишига сабаб бўлувчи нарса, бу – қандайдир билим ва қандайдир ҳаёт тарзи эканлиги Афлотунга равшан бўлади. Буларнинг ҳаммаси унинг “Биринчи Алкивиад” номли китобида баён этилган. Ушбу китоб яна “Инсон табиати ҳақида” номи билан машҳурдир.

II

2. Сўнг Афлотун Одамлар интилган бахт-саодатга етишув илми борми, бўлса у нима ва у қандай билим эканлигини аниқлайди Бу – атрофимиздаги нарсаларнинг моҳиятини билишдир, бу билим – инсон баркамоллигининг ибтидоси ва унинг энг буюк мақсадидир. Булар унинг “Теэтет”, (Толитийтус)1 номли китобида ифодаланган.
3. Афлотун яна ҳақиқий бахт ўзи нима, у қандай билимга тааллуқли, қандай хислат ва ҳаракат (фаолият) инсонга бахт келтиришини аниқлайди ва буларнинг ҳаммасидан, бахт-саодат деб ўйлайдиганлари нима ва бахт эмас деб ўйлайдиганлари нима эканлигини кўрсатади. У фазилатларни касб этиш, фозилларча яшашга эришиш –ҳақиқий саодат эканлигини тушунтиради. Буларни у “Филеб” номли китобида ёзган.
4. Афлотун инсон бахтининг ибтидоси бўлган ўша билим ва ўша ҳаёт тарзи ўзи нималигини тушунганидан кейин у аввал билимни ва инсон мавжуд нарсалар ҳақида хоҳлаган мақом (даража)да ёки Протагор айтган даражада билим ола биладими, шуни ўрганиб чиқди. Протагор эса бундай деган эди: инсон мавжуд нарсалар ҳақида билимни ола билмайди, у фақат туғма билимларга эга бўлиши мумкиндир. Аммо бу, бизни қуршаб турган атрофдаги нарсаларни англаш туфайли ўзлаштирилган билим эмас.
Мушоҳада қилувчилар ушбу масалани – айрим-айрим кўриб чиқадилар, токи уларнинг ҳар бири ҳақида тўла ишонч ҳосил бўлгунича. Ҳар бир айрим (билимда) ишончга эришишга муваффақ бўлган нарсага инсоннинг туғма билими мос келади. Протагор фикрича, бу билимга интилиш ва унга эришиш шарт эмас. Протагор айтганини, яъни зиддият муаммосини кўриб чиққанидан кейин, Афлотун “Теэтет” рисоласида хислатлари айтиб ўтилган ўша билимга етишиш ва эришиш мумкинлигинии ва Протагор айтган билим эмас, балки бошқа билим инсоний баркамоллик эканлигини тушунтиради. Булар унинг “Протагор” (“Афрутоғарис”) китобида баён этилгандир.
5. Афлотун етишиш мумкин бўлган билимни кўриб чиқади: унга тасодифан эришиладими ёки тадқиқот, ўқитиш ёки ўрганиш туфайли ўрганиладими ва бу билимга эришишга ёрдам берувчи тадқиқот услуби мавжудми ёки Менон айтган билимга эришиш учун бундай тадқиқот, ўқитиш ва ўрганиш мутлақо мавжуд эмасми? У, тадқиқот, ўқитиш ва чуқур ўрганиш бекор ишдир, улар фойда келтирмайди ва билимга олиб келмайди, деб тасдиқлайди. Аксинча, ё инсон нарсани тадқиқ этиш, ўқиш ва чуқур ўрганиш туфайли англайди ёки у одам жоҳил ва унга на тадқиқот ёрдамида, на ўқиш ёрдамида ва на чуқур ўрганиш ёрдамида ўргатиб бўлмайди ҳатто билиш ҳақида гапирувчилар учун балоғатга етишнинг усули тадқиқот, ўқиш ўрганиш бўлса ҳам. Жоҳил одам доимо, умрбод жоҳиллик ҳолатида қолаверади, (Сўнгра у) тадқиқот ва амалий малакалар ёрдамида (бахт-саодат ҳақида) билимга эришиш мумкин, ушбу тадқиқот эса ана шу тадқиқот ва амалий қобилиятлар туфайли юзага келган, дейди. Булар ҳақида унинг “Менон” (“Монун”) номли китобида ёзилган.

III

6. Атрофдаги нарсаларни билиш, англашга ёрдам берадиган санъат ва қобилиятлар ҳамда яна тадқиқот, ўқиш ва чуқур ўрганиш инсонни баркамолликка эриштирувчи билимга етишиш воситаси эканлиги Афлотунга равшан бўлгач, қандай санъат бундай билимни бериши мумкинлиги ва бундай билимга ниманинг ёрдамида эришилишини текшириб кўришни ўзига мақсад қилиб қўйди. Афлотун маълум санъатлар ва маълум тадқиқотларни чуқур ўргана бошлайди.
Аввал у диний нуқтаи назарлар ва атрофдаги нарсалар ҳақидаги диний таълимотларни кўриб чиқишга киришади: улар ўша билим ва изланаётган (ал-матлуб) ҳаёт тарзини берадиларми? Атрофдаги нарсалар ва ҳаракат (фаолият) тарзини тадқиқ этувчи диний силлогистик (ал-қиёс ал-шаръ) (Фаробий шу атамани қўллаган. Тарж.) санъат ушбу билимни берадими ёки атрофдаги нарсалар ҳақидаги ўша билим ва у берадиган ўша ҳаёт тарзи етарли эмасми? Шунинг учун у, атрофдаги нарсалар ҳақидаги билимларнинг ва фаолият тарзи ҳақидаги билимларнинг қанчасини диний таълимотлар ва диний силлогистик санъат беришини текширади. Ва у ўша миқдор етарли эмаслигини тасдиқлайди. “Евтифрон” рисоласида буларнинг ҳаммасидан эҳтиёт бўлишга чақиради…
7. Тилни билиш санъати ўша санъатларга кирадими ёки кирмаслигини Афлотун текшириб чиқади. Агар одам, ушбу тилда сўзлашадиган халқдаги маънога ва ўша нарса ҳақидаги таълимотга мувофиқ равишда нарсаларнинг номларини ва уларни тилшунослар услубларига мос ҳолатда билса, ўша нарсаларнинг моҳияти ҳақида у (яъни тилни билиш санъати – Тарж.) хабардор этадими; у туфайли инсон изланаётган билимга эришадими? Ушбу санъат (тил билиш санъати – Тарж.) зарурий билимни бермаслиги Афлотунга аниқ-равшан бўлади. Афлотун ушбу билимга олиб борадиган йўлни топиш учун билимнинг қанча миқдори кифоя эканлигини тушунтиради. Булар унинг “Кратил” («Иқроталис») асарида баён этилган.
8. Санаб ўтилган санъатлар орасида зарурий билим бера оладигани бўлмагани учун, ушбу билимни берувчи санъат, шеърий санъат бўла олишини; шеър ёзиш малакаси, шеъриятни ва шоирона ибораларни яратишга имконият берувчи нарсаларни идрок этиш қобилиятини ва ўша билим билан атрофдаги (бизни қуршаб турган) нарсаларни билиш малакасини; достонлар ва уларда мужассам бўлган маъно ва маслаҳатларни тушуниш атрофдаги табиий нарсалар ҳақидаги билимни ҳамда матлуб ҳаёт тарзи ҳақидаги билимни берадими ёки бермайдими, шуни ўрганади.
Шеърий санъатда мавжуд бўлган тавсиялар ёрдамида агар инсон ўзини тузатаётган бўлса, шоирона тарбия унинг мукаммал инсоний ҳаёт тарзига эришиши учун етарлими, йўқми? Шеърият ёрдамида атрофдаги нарсаларни ва ҳаёт тарзини билиш, ушбу билим ва ушбу ҳаёт тарзига эришиш усули топиладими, йўқми? Шу билан бирга шеърият қайси даражада билим бериши ва шеъриятнинг башарият учун қанчалик яроқли эканлиги Афлотунга равшан бўлади. Маълум шоирона (шеърий) йўл мутлақо ҳеч нарса бермаслигини, аксинча, (мақсаддан) жуда узоққа олиб кетишини тушунтиради. Бу ҳақда “Ион” номли китобида сўз юритган.
9. Кейин у нутқ санъатини текширади: воизлик санъати ёки риторик услубдан фойдаланиш атрофдаги нарсаларни кўриб чиқишда ўша билим ва ўша ҳаёт тарзини берадими? Ва улар бу нарсаларни бермайди, деб тушунтиради (яъни нотиқлик санъати ва риторик услубдан фойдаланиш ўша билим ва ўша ҳаёт тарзини бермайди, деб тушунтиради – Тарж.). Шу билан бирга риторик санъат қанча миқдордаги билим бериши ва ушбу миқдордаги билим ўзи етарлими, йўқми унга равшан бўлади.
10. Шу йўсинда у софистик (“санъат ас-суфистанийа”) санъатини текшириб чиқади. Ўша – матлуб билимни бизга берувчи тадқиқот софистиками ёки йўқми? Афлотун софистика ушбу билимни бермаслигини ва бундай тадқиқот ушбу билимга олиб бормаслигини тушунтиради. У худди шу равишда софистикага бўлган қобилиятни тушунтиради. Булар унинг “Софист” (“Суфистис”) ва “Евтидем” (“Атудимас”) номли китобларида ёзилган.
Афлотун ўзининг машҳур “Софист” асарида софистик санъат ўзи нималигини, “софист” ўзи кимлигини, у қандай масалалар доирасини кўриб чиқишини, ўзи софистикани қандай қўллашини, ундан ўзи қанчалик манфаатдор эканлигини тушунтиради. Инсонга матлуб билимни берувчи тадқиқотни кўрганини ва ҳақиқатда билим мавжуд бўлган масалаларни кўриб чиқмаганини у ўзи учун аниқлаб олади. “Евтидем” китобига келсак, Афлотун ушбу асарида софистик тадқиқот ва софистик ўргатиш қайси тарзда ўйин (эрмак) бўлишга яқинлигини тушунтиради? Улар ўша билимни ва назарий ёки амалий санъатда фойдаланиладиган билимни бермайдилар.
11. У яна, диалектиклар санъати ва диалектик тадқиқот инсонга ўша билимни берадими ё бермайдими, ўша диалектик тадқиқот билим беришга етарли миқдорга эгами ё йўқми, деган масалани кўриб чиқади. Диалектик тадқиқот ушбу билимга етишиш учун улкан қобилиятга эга эканлигини тушунтиради: токи билишга диалектик тадқиқот қўлланилмас экан кўп нарсаларнинг билимига эришиб бўлмайди, шундай бўлса ҳам у, дастлабки асослашданоқ ўша билимни бермайди, шунинг билан бирга у (диалектик тадқиқот – Тарж.) то ўша билимга эришмагунича диалектик машқ қобилиятини тўлдирувчи бошқа бир малакага муҳтож бўлади. Ушбу масалалар унинг машҳур “Парменид” (“Барменид”) номли асарида кўриб чиқилган.

IV

12. Афлотун, назарий ёки мушоҳада сифатида маълум бўлган барча санъатларни кўриб чиққанидан ва мавжуд нарсалар ҳақида ҳамда бахтли ҳаёт тарзи ҳақида билимни берадиган ҳеч нарса топа олмаганидан кейин у амалий санъатлар ва уларнинг ҳосиласи бўлган фаолиятларни ўргана бошлади. Буларнинг ҳаммасига ёки уларнинг бир қисмига эга бўлган инсон барча мавжуд нарсалар ҳақида билимни оладими ё ололмайдими? Ушбу санъатлар изланаётган бахтли ҳаёт тарзига олиб борувчи фаолиятни берадиларми? Модомики, ушбу санъатлар ҳам билимни, ҳам ҳаракатни ўзида бирлаштирар экан, Афлотун ушбу санъатлардан олинадиган билим – ўша билимми, ҳосила ҳаракатлар эса – бахтли ҳаёт тарзими – шуни текшириб чиқади. Афлотун улар ҳам ўша билим ва ўша ҳаёт тарзини бермасликларини тушунтиради. Лекин ҳақиқатан ҳам билим олаётганлар уларга (ўша билим ва ўша ҳаёт тарзига – Тарж.) интиладилар, аммо бу беназир (энг юқори) камолот эмас, билим олаётганлар эса, уларнинг ёрдамида фақат фойдали ва манфаати тегадиган ишларни бажариш учун уларга интиладилар. Эҳтимол фойдали билим зарур бўлар, манфаатлилиги эса ҳаммавақт ҳам зарурий ва афзал бўлмас. Одамлар ушбу санъатлар воситасида ё зарурий нарсаларни ёхуд афзал бўлган манфаатни олиш (ўзлаштириш)га интиладилар.
Шунинг учун ҳам ушбу барча амалий санъатлар ҳақидаги масала ойдинлашганидан сўнг, Афлотун ўзи нима заруру нима манфаатли эканлигини ўргана бошлади. Манфаатлилик ва афзалликни у қандай тушуниши орасида ҳеч қандай фарқ йўқ, чунки уларнинг ҳаммаси битта маънога етиб борувчи синонимлардир. У, халқ орасида фазилат деб ҳисобланадиган фазилатни, халқ фойдали деб тан оладиган фойдалиликни, ҳақиқатан ҳам улар фазилатлар ва манфаатларми деган масалани ўрганади. Яна у фойдалиликни халқ нуқтаи назаридан ўрганади, яъни фойдали деб ўйлаганлари у ҳақиқатан ҳам фойдалими ёки фойдали эмасми?
Афлотун аслида бундай эмаслигини тушунтиради ва халқ орасида афзал ва фойдали деб ҳисобланадиган барча нарсаларга шундай ёндашади. Булар унинг “Алкивиад иккинчи” асарида ёзилган.
13. Кейин у ҳақиқатан ҳам фойдали ва афзал ишларни текширади. Афлотун халқ орасида фойдали ва манфаатли деб ҳисобланадиган нарсалар ва ҳақиқатда фойдали ва манфаатли бўлган нарсалар ўртасидаги нисбатни ҳамда ушбу нисбатнинг қандайлигини тушунтиради. Ҳақиқий манфаатни юзаки манфаатдан ажратиб олиш учун восита бўлувчи ўша билим ва ўша ҳаёт тарзини ташкил этувчи манфаатлар ва муносиб нарсалар маълум амалий санъатларда етарли эмас. Булар ҳақида унинг “Гиппарх” китобида сўз юритилади.
14. Афлотун, бундай матлуб баркамоллик ва изланаётган мақсадга мунофиқлар ва ўз интилишларида адашиб юрганларнинг ҳаёт тарзлари орқали эришиб бўладими деган масалани текшириб чиқади. Айтиб ўтиш керакки, улар илтифотга ана шу интилишлар ёрдамида муяссар бўладилар ва бошқа мақсадга чуқур кириб боришга ҳаракат қиладилар. Ҳаётнинг бундай тарзи ҳақиқатан ҳам матонат бўлиб, у халқ томонидан қабул қилинган ва инсон ана шу ҳаёт тарзи туфайли саодатли бўлади (аслида бундай эмаслигини Афлотун қуйироқда тушунтиради – Тарж.). Афлотун булар ҳақида халқ қандай фикрлашини чуқур ўрганади. Буларнинг ҳаммаси, ҳаёт тарзи ва қилган ишлари бўйича софистлар деб ҳисобланувчи икки одам исми билан аталган китобида баён қилинган. Бу одамларнинг иккаласи ҳам баҳсда ва сўз билан ҳамда фаолият билан софистларча ишонтиришда ўз мақсадларига эришдилар, уларнинг иккаласи ҳам матонатли ва мард одамлар эдилар. Бу китобларнинг бири “Ион”, иккинчиси “Софист Эвен” деб аталган. Афлотун, ушбу ҳаёт тарзи билан эзгу мақсадга эришиб бўлмаслигини, балки аксинча ундан узоқлаштиришини тушунтиради.
15. Афлотун ҳузур соҳиби бўлган одамларнинг ҳаёт тарзини текширади; инсон ушбу ҳаёт тарзи туфайли матлуб баркамолликка эришадими ё эришмайдими? Афлотун, ҳақиқий ҳузур ва кўпчилик фикрича (зунуни машҳура бўйича) ҳузур нималиги ҳақида сўз юритади. Ҳақиқий ҳузур – изланаётган баркамоллик билан боғлиқ ҳузурдир. Ҳузурланиш имкони бор одамлар ҳузур-ҳаловат топаётган нарсалар ҳақиқий ҳузур келтирувчи нарсалар эмасдир. Унинг ҳузур ҳақидаги китоби Суқротга тааллуқли дейилади.

V

16. Қачонки ҳам назарий, ҳам амалий барча умум қабул қилган санъатлар (“санъати машҳура”) ҳамда умум қабул қилган ҳаёт тарзи – буларнинг ҳаммаси ҳақиқий бахт-саодатга эриш учун зарур билимларни бермаслиги Афлотунга равшан бўлгач, у ўша нарсани аниқлашга зарурат борлигини ҳис қилади. У, мавжуд нарсалар ҳақида ушбу билимни берувчи мушоҳадага асосланган абстракт мулоҳаза санъати қандай бўлиши кераклигини ва инсонга ўша изланаётган ҳаёт тарзини берувчи амалий санъат қандай бўлиши маъқуллигини тушунтиради. У ўзининг машҳур “Базм” китобида ушбу тафаккур санъати фалсафа эканлигини, ушбу билимни берувчи одам эса – файласуфлигини тушунтиради. Афлотун “Файласуф” сўзининг маъносини баён қилади.
17. Сўнгра у ўзининг машҳур “Аристон” китобида фалсафа фақат ҳақиқатан ҳам арзигулик нарсаларнигина эмас, балки инсоният учун ниҳоятда зарур фойдали нарсаларни ҳам кўриб чиқишини тушунтиради.
18. Афлотун ўша матлуб ҳаёт тарзини берувчи амалий санъатни ўрганади, бу санъат дилларни тузатади ва тўғри йўл (ҳидоят) га йўналтиради. У давлат ва фуқаролик санъатини ва “ҳукмдор”, “давлат арбоби” сўзларини тушунтиради, кейин у, файласуф ва ҳукмдор– бир шахснинг ўзи эканлигини (бир хил маънода эканлигини – Тарж.) ва уларнинг иккаласи ҳам бир малака ёрдамида, айнан бир хилда машқ қилиб баркамолликка эришишларини; уларнинг ҳар бирида энг дастлабки асосдан бошлаб матлуб билим ва матлуб ҳаёт тарзини берувчи умумий машғулот борлигини; ва фақат уларгина (файласуф ва ҳукмдор – Тарж.) чинакам халоват берадиган саодатга эришишларини тушунтиради.
19. Умумий мулоҳаза (“зунун”) бўйича фазилат деб ҳисобланадиган эзгуликни ва ҳақиқатан ҳам эзгулик бўлган эзгуликни ҳамда одамлар эзгулик деб ҳисобласалар-да, аслида сохта эзгулик нима эканлигини; ҳақиқатда эзгулик ўзи нима ва ҳақиқатан ҳам фазилатли (яъни эзгу ишлар, қилувчи – Тарж.) одамларнинг ҳаёт тарзи қандай эканлигини Афлотун текшириб чиқади. У умум қабул қилинган мулоҳаза (“зунун”), ҳақиқатдаги эзгуликнинг ўзи нималигини билмаслигини аниқлайди. Бу ҳолатлар унинг машҳур “Ҳармид” асарида баён этилган.
20. Афлотун яна шаҳарликларга маълум бўлган жасурликни тадқиқ этади. У, умум мулоҳазаси бўйича қабул қилинган жасурлик нимаю ҳақиқатан мардлик нималигини тушунтиради. Бу унинг “Лахет” (“Лоахс”) китобида баён этилган.
21. Афлотун муҳаббат ва дўстликни текшириб чиқади. У умум мулоҳазаси бўйича қабул қилинган дўстлик ва муҳаббат билан ҳақиқий муҳаббат ва дўстликни ҳамда нима ҳақиқий муҳаббатга лойиқ нарса ва умум мулоҳазаси бўйича муҳаббатга лойиқ нарса нималигини кўриб чиқади.
22. Таҳсинга лойиқ ишларни амалга ошириш учун, тақдир томонидан файласуф ёки давлат арбоби бўлишга интилган инсон ўзи қандай бўлиши кераклигини текшириб чиқади; бундай одам таҳсинга лойиқ ишларга ўзини сафарбар этиб ва бошқа ҳеч нарсани ўйламай фақат ана шундай ишларни кўпайтириши зарурлигини таъкидлайди. Шунинг учун қачонки бундай ишларга бўлган мойиллик ёки уларга хоҳиш муҳаббат турига кирса, бу ҳолатда Афлотун муҳаббатни, ана шу тур бўйича нима эканлигини чуқур ўрганади, текширади. Агар мойиллик ва хоҳиш муҳаббатнинг ҳосиласи бўлса, у ҳолда улардан нима умум мулоҳазаси бўйича номақбул, нима эса – умум мулоҳазаси бўйича таҳсинга лойиқ ҳамда нима ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ? Худди шулар унинг тадқиқ мавзуси бўлди.
Нимагадир бўлган мойиллик ва хоҳишдаги ҳаддан ошиб кетиш васваса ва жиннилик билан боғлиқ бўлгани ва уларнинг иккиси ҳам дастлабки тушунчадаёқ ёмонланганлиги сабабли бошқалар танбеҳга лойиқ деб ҳисоблаган васваса ва жинниликни ҳам тадқиқ этади. Афлотун васваса ва жинниликни ёмонлаганлар ҳақида эслатиб ўтади, гарчи агар илоҳий нарсалар туфайли васвасага тушадиган ва жиннилик қиладиганлардан кўпчилиги табиий нарсаларни истиқболда билиб оладилар, баъзилар эса уларга хайрли иш (немаът) бўлган муҳаббат ёрдамида ва масжид ҳамда ибодатхоналарда амалда бўлган эзгуликларни афзал билиш орқали эришадилар, деб ўйлаб баъзида мақтайдилар ҳам.
Афлотун мақтовга лойиқ истак, мойиллик, эҳтирос, васваса, телбалик (ақлдан озиш)ни текшириб чиқади. Агар улар илоҳий бўлсалар у ҳолда улар қандай қилиб инсон ва унинг дилига яқин бўладилар? У, бундай дейдиганлар ҳақиқатан ҳам бунга ишонадилар, деб эслатади. Илоҳий дил соҳиби бўлган инсон ҳақиқатан ҳам илоҳий нарсаларга интилади. Афлотун ушбу дилни, мойиллик, ният, эҳтирос, ақлдан озиш ва васвасани улардан қайси бири моҳиятан илоҳий ва мақтовга лойиқ, қайсилари – инсоний ва танбеҳга лойиқ эканликларини тадқиқ этади. Афлотун жинниликни арслонсимон, буқасимон ва эчкисимон жинниликлар деб тасниф этади. Афлотун ҳайвоний жиннилик билан илоҳий нарсалар туфайли келиб чиқадиган телбалик (девоналик)ни таҳлил қилиб чиқди ва улар орасидаги фарқни кўрсатиб берди.
Кейин Афлотун, илоҳий деб ҳисобланадиган хайрли нарсаларга бўлган васваса ва мойиллик даражаларини чуқур ўрганади. Афлотун, фалсафа, маданият, баркамоллик туфайли эзгу (хайрли) мақсадни изловчи инсон дили оқил бўлиши мумкинлигини ва уларсиз на файласуф, на давлат арбоби, на бошқа ҳар қандай одам эзгу мақсадга эришишга ёрдам берувчи ёки ўзи васвасага тушиб қолишига сабаб бўлувчи ишни бажара олмайди, деб тушунтиради.
Кейин Афлотун инсон фаолиятининг хос йўлларини кўриб чиқади ва бундай йўллар иккита: тақдир йўли ва тартибот йўли эканлигини эслатиб ўтади. Кейин у, икки услубдан – риторик (нотиқа) ва у диалектик (ал-жадал) деб атайдиган ўқитиш (таълим бериш) усулларини текшириб чиқади. Бу иккала услубни юзма-юз суҳбатда, мулоқотда ва мактуб (ёзув)да ишлатиш мумкин. Сўнгра у юзма-юз суҳбатнинг яроқлилиги қандай ва ёзувнинг яроқлилиги қандай эканлигини, ўқитиш жараёнида суҳбатсиз фақат ёзувнинг ўзи бўлиши етарли эмаслигини, ёзув билан нимага эришиш мумкинлигини; ёзувсиз фақат оғзаки суҳбатнинг ўзи етарли эмаслигини тушунтиради. Ҳақиқатан ҳам, ўқитишнинг биринчи поғоналаридан бири оғзаки нутқ, ёзма услуб эса ундан кейинги поғона бўлган. У файласуф бўлиш учун инсон нималарни билиши кераклигини тушунтиради. Буларнинг ҳаммаси унинг “Федр” номли китобида баён этилган.
23. Ушбу санъат, маълум бўлган санъатларга кирмаслиги ва ҳақиқатда хайрли, эзгу бўлган ҳаёт тарзи эмаслиги ҳамда на баркамол файласуф, на баркамол ҳукмдор ўз ҳаракатлари (фаолияти)ни уларнинг даврларида мавжуд бўлган халқлар ва шаҳарларда ишлата олмасликлари Афлотунга равшан бўлгач, у кимда-ким уларни ўз аждодларидан топган бўлса, ўшаларнинг мулоҳазалари (зунун)га асосланиш керакми ёки ўз шаҳри аҳолисининг мулоҳазасига асосланиш керакми деган масалани ҳамда уларнинг ҳаёт тарзлардан келиб чиқиш мумкинми деган масалани текшира бошлайди. Уларнинг чуқур танқидий ўрганмай туриб ва ўз шаҳри аҳолисининг мулоҳазаси (зунуни), уларнинг ҳаёт тарзи ва мулоҳазаларида мавжуд зиддиятларга барҳам бермай туриб, уларга асосланиб бўлмаслигини тушунтиради. Мулоҳазалардаги мавжуд ҳақиқатга ва ҳақиқатан хайрли, эзгу иш бўлган хайрли ҳаёт тарзига эришиш зарур. Булар унинг “Критон” (“Иқритун”) ва “Суқрот мадҳи” (“Ихтижожи Суқрот”) китобларида баён этилган.
24. Афлотун ўзининг кейинги китобида инсон хунук ҳаёт тарзига, қабиҳ, ёмон бўлган жоҳилона ишларга таъсир ўтказиши (чора кўриши) керакми ёки уларга эътибор бермаслиги керакми деган масалани тадқиқ этади. Инсоннинг қандай яшаши ва мавжуд бўлиши билан, инсон эмас, бошқа ҳайвонлардан бўлган қабиҳ мавжудот қандай яшаши ва мавжуд бўлиши орасида фарқ борми? Инсоннинг ўлиши ва мавжуд бўлмаслиги билан унинг жаҳолатда яшаши ва хунук ҳаёт тарзида яшаши орасида ҳамда энг ваҳший ҳайвондек бўлиши орасида фарқ борми? Нима афзалроқ: ҳайвонларнинг энг ваҳшийси бўлган ҳайвоннинг ҳаёт тарзидаги ҳаётми ёки ўлим? Агарда одам хайрли (эзгу) ҳаёт тарзи ва фалсафага мувофиқ яшашдан умидини узган бўлса ва унга ўзининг ҳаёти чеккаси (сўнги)да турганини ва шунга қарамай ҳайвон ҳаёти тарзида ҳаёт кечираётгани ёки ҳаёт тарзи уни ваҳший ҳайвонга айлантириб қўяётгани маълум бўлиб қолса, у ҳолда ул одам шундай ҳаёт билан яшайверсинми ёки унга чора кўриш керакми? Ажални афзалроқ кўриш маъқулми?
Агар у одам камтар, жасур ёки қандайдир хайрли иш соҳиби бўлишни хоҳласа, лекин хайрли ишлар, камтаринлик ва мардлик чиндан ҳам эзгу иш бўлмаса, балки фақатгина сохта бўлса, у ҳолда инсон ўз ҳаёти ёки ўлимига чора кўришига арзирмикин? Бу нарсаларни Афлотун ўзининг “Суқротнинг афиналикларга қарши норозилиги” (“Суқрот мадҳи”) ва “Федон” мадҳи асарларида таҳлил этди.
Афлотун, ёмон ҳаётга ўлим билан чора кўриш (таъсир этиш) кераклигини тушунтиради. У, бундай тубан ҳаётга инсон икки ҳолатда тушади дейди: ё унинг феълида фақат ҳайвоний ишлар қилиш бўлса, ёки – ҳайвоний ишлардан ваҳший, қабиҳ ишлар унга хос бўлса. Инсонга ҳайвонийликнинг ҳатто энг баркамоли хос бўлганидаги билан у ўзини гўё ўлган ҳисоблаганидаги ёки ҳайвонга айланган ва ҳайвоннинг ташқи кўринишига эга бўлганидаги ҳолатлари орасида ҳеч қандай фарқ йўқ.
Қилмишлари ҳатто энг баркамол ҳайвон (балиқ) ишига ўхшаш бўлган одам билан ташқи кўриниши инсоний (одам сурат) ва ишлари инсонийга ўхшаш ҳайвон (балиқ) орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Одамнинг ташқи кўриниши балиқнинг ташқи кўринишига ўхшаш бўлса, унинг ишлари – балиқнинг ишларига ўхшаса, бу ҳолат билан ўзининг ишларини тузатиши борасидаги мулоҳазалар орасида фарқ йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийликдан унда фақат мулоҳаза, фикрлаш мавжуд бўлади ва ана шу мулоҳаза ёрдамида у ўша ҳайвон ишини яхшилайди. Бу – инсон онгидир.
Ўша, ҳайвоннинг ишидаги ҳатто энг баркамол нарса ҳам инсоний ишдан жуда узоқ туради ва ташқи кўриниши ҳайвоннинг ташқи кўринишига ўхшаган, лекин инсоний мулоҳаза (фикр)ли ва энг баркамол ишлари билан бўлса-да, агар ушбу ҳайвоннинг ишлари (қилиғи) жонли жисмдан чиқадиган бўлса, шунда ҳам бу фақат ҳайвондан келиб чиқиши мумкинлигини тушунтиради. Ва ўша нарса (энг баркамол нарса – Тарж.) ушбу ҳайвон ишида қанчалар баркамол бўлмасин, у барибир инсоний ишлардан жуда йироқдир. Шунинг учун Афлотун, инсонийликдан узоқ, ҳайвоний ҳаёт кечираётган одам худди Суқротдек ўлишга интилмайди, дейди. Чунки Суқрот келгусида фақат “ёлғон нуқтаи назарлар”да яшашга мажбур лигини биларди ва шунинг учун у адолат учун (адолатни деб) ўлимини афзал кўрди. Агар инсон фозил халқ ва шаҳар (шаҳар ҳам шаҳар ҳамда давлатни англатади – Тарж.) билан низо қилса, у ҳолда унинг ҳаёти инсон ҳаёти бўлмаслиги Суқротга равшан бўлди. Агар узлатга чекинишни ва улардан (фозил халқ ва шаҳардан – Тарж.) нари бўлиб ёлғизликни хоҳласа ва баркамолликка эришишга интилса, у ҳолда унинг ҳаёти бахтсиз ва унинг хоҳиши рўёбга чиқишдан узоқ бўлар эди. Шунинг учун у икки йўлдан бирини: ё ўлимни ёки ҳақиқатдан воз кечишни танлаши керак бўларди.
25. Афлотунга ўз даврида мавжуд бўлган ўша шаҳар ва ўша халққа эмас, балки бошқа шаҳар ва бошқа халққа эҳтиёж борлиги аниқ бўлиб қолди. Чунки у ўша шаҳар қандайлигини текшириши учун шундай эҳтиёж бор эди. Афлотун адолатни кўриб чиқа бошлайди, адолат ўзи нима, адолат қандай бўлгани маъқул, у шаҳарларда қандай бўлиши керак ва ундан (адолатдан) қандай фойдаланиш зарурлигини чуқур ўрганиб чиққач, бу адолат – охир-оқибатда тўлақонли ва энг қабиҳ адолатсизликдир ва адолат – ўзининг энг юқори ҳолатида, токи шаҳарлар ўша-ўша аҳволда қолсалар, ҳам кучсизланмайдиган, ҳам тўхтамайдиган энг улуғ қабиҳлик ёмонлик эканлигини аниқлади. Энди, ҳозир мавжуд бўлган бундай шаҳар эмас, бошқа бир шаҳар ҳақиқий адолатни ва ҳақиқатан ҳам эзгулик (фазилатли) бўлган эзгуликни яратиши керак бўлади. Ва бу шаҳар, унинг аҳолисига бахт нимани берса, ўша нарсадан бенасиб қолмайдиган шаҳарга айланади ва фақат ўша шаҳарда улар уни (бахт-саодат берадиган нарсани – Тарж.) топадилар. Ва у шундай шаҳар бўладики, у ерда яшайдиган ҳар бир одам, ўша шаҳарда ниманинг ёрдамида бахтга эришилса, ўша нарса бўлганлиги учун давлат фаолиятида қатнашиши керак бўлади; давлат фаолиятига том маънодаги фалсафа кирган бўлиши зарур ва файласуфлар эса унинг (давлат фаолиятининг – Тарж.) энг буюк қисми бўлиши зарур ҳамда улар (файласуфлар) бошқа фазилатли одамларга эҳтиром кўрсатишлари керак. Кейин Афлотун бу шаҳарга қарама-қарши шаҳарлар ва уларнинг ҳар бирининг ҳаёт тарзини эслатиб ўтади. Фозил шаҳарларни ўзгартириб юборадиган ва уларни қарама-қаршисига айлантириб юборадиган сабаблар ҳақида эслатади. Бошқа шаҳарда эмас, айнан ана шундай (фозил) шаҳарда излаётган (матлуб) саодатини топади. У ўзининг “Сиёсатчи” рисоласида шуларни баён этган.
26. Афлотун ўзининг “Тимей” китобида ёзишига кўра ушбу шаҳар одамларнинг ақлий машғулотлари ҳақида ғамхўрлик қилиб қонун чиқаради, (илоҳий) фанлардан табиий фанларни келтириб чиқаради. Ушбу шаҳарда тартиб ўрнатиш учун зарур бўлган илмнинг барча нав (хил)ларидан фойдаланади.
27. Буларни Афлотун ушбу шаҳар аҳолиси ўзига дастуриламал қилиб оладиган “Хайрли ҳаёт тарзи қонунлари ҳақида” китобида кўриб чиқади.
28. Кейин Афлотун, ақлий, маданий ва амалий фанларни ўзида бирлаштирувчи инсоният қандай баркамолликка эришишини ва ушбу шаҳарга муносиб бўлиш учун у (инсоният – Тарж.) қандай даражага етишишини тушунтиради. Буларни Афлотун ўзининг “Критий” номли машҳур китобида айтиб ўтган. Ушбу китобда Гермократ баён қилганидек, Тимей таъриф қилган одам қандай бўлиши кераклиги ёзилган, яъни “Тимей” китобида нима баён қилинган бўлса, ўша нарсаларнинг ҳаммасини Суқрот қандай қилиб бирлаштирганлиги ёзилгандир.

VI

29. Шундан кейин, ушбу шаҳарда буларнинг ҳаммасига амалда эришиш қолади. Афлотун, қачонки шаҳар баркамол ҳукмдор томонидан бошқарилса, ўшанда шундай бўлишини эслатиб ўтади. Шунинг учун ҳам у соҳиби қонун (қонун чиқарувчи) қандай одам бўлиши кераклиги ва унинг мавжуд бўлиши учун нималар зарурлигини тадқиқ этиб чиқади. Буларнинг ҳаммаси Афлотуннинг “Евтидем” номли асарида баён этилади.
30. Афлотун ушбу масалани муҳокама қилиб бўлгач, шаҳарлар аҳолисини ўша билимга ўргатиш ва бунинг учун уларни ўша ҳаёт тарзида тарбиялаш ҳамда қандай йўл билан – Суқрот фойдаланган йўл биланми ёки Фрасимах йўли билан бориш керакми деган муаммони чуқур ўргана бошлади. Бу ерда у Суқротнинг ҳикоясини қайтаради, унда (Суқрот) ўзининг зарурий билимлари йўқлигидан ғафлатда қолганлиги учун ўз халқидан узр сўрайди. Афлотун, Фрасимахнинг йўлини тушунтиради ва у (Фрасимах – Тарж.) ёшларни тарбиялашда ва халқни илмларга ўқитишда Суқротдан иқтидорлироқ дейди, гарчи Суқротда адолат ва эзгу иш (фазилат)ларни тадқиқ этишга малакаси ҳамда муҳаббатга қобиллиги бўлса-да, лекин унда (Суқротда – Тарж.) ёшларни ва халқни тарбиялашга иқтидор йўқ эди. Файласуф, ҳоким ва соҳиби қонун иккала йўлдан (яъни Суқрот ва Фрасимах йўлидан – Тарж.) фойдаланишга иқтидорли бўлишлари зарур. Суқрот услуби тадқиқот ишларига, Фрасимах услуби эса – ёшлар ва халқни тарбиялашга таллуқлидир.
31. Афлотун, ҳокимлар, файласуфлар ва энг муносиб одамларнинг фуқаролар орасидаги ўрни қандай бўлиши кераклиги, фуқаролар уларни қандай ҳурмат қилишлари ва муносиб одамлар ҳамда ҳокимларни қандай ардоқлашлари кераклигини текшириб чиқади. Буни у “Менексен” китобида ҳикоя қилади. Афлотун ўз салафлари буларнинг ҳаммасини назардан қочирганликларини эслатади.
32. Кейин ўз замондошлари бўлмиш шаҳарлар аҳолиси ва халқларга қайтиб Афлотун баркамол ва энг фазилатли, мўътабар одам – тадқиқотчи инсон эканлигини эслатиб ўтади, бундай одам улкан аҳамиятга эга, чунки у нафақат ўз ишларини бошқаради, балки улар (баркамоллик ва фазилат – Тарж.) унга қаердан: ҳаёт тарзи ва ҳақиқатга бўлган нуқтаи назарларидан ва эзгу, хайрли ҳаёт тарзи ёки уларга яқин бўлгани учун келганлигини тушунтиради. Афлотун, халқларнинг ҳаёт тарзи ва шаҳарларда мавжуд бўлган бузилган қонунларни қандай барбод этиш кераклиги, уларни қандай тузатилишини, халқларнинг ҳаёт тарзларини қандай ислоҳ қилиш зарурлигини рисолаларда баён қилди. Ушбу рисолаларда у (Афлотун), эзгу хайрли ҳаёт тарзига ва тўғри қонунларга аста-секин олиб борувчи тадбирлар деб ўйлаган ўз фикрларини баён этади. У, афиналиклар ва уларнинг ҳаёт тарзларини эслатиб, бунга мисоллар келтиради, улар (афиналиклар – Тарж.) ўз қонунларини қандай бузганларини, бу қонунларни қандай қайта ишлаганларини тасвирлайди. Афлотун, уларни аста-секин ўзгартириш бўйича тадбирлар ўтказишга доир ўз мулоҳазаларини баён қилди. Афиналиклар ўз ҳаёт тарзлари ва ўз қонунларини ўзгартирганларидан кейин уларга хос бўлиб қолган нуқтаи назарлар ва қонунлар ҳақида сўзлади.
Афлотун фалсафасини кўриб чиқиш шу ерда тугайди.

Рус тилидан Урфон Отажон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 6-сон.