Абдурраҳмон Ал-Хомисий. Набавия (ҳикоя)

Набавия ҳақидаги ҳикоямни тинглайдиган одамни қайдан топсам бўлади? Унинг оғир ўтмишини, қиз бошига ёғилган мудҳиш кулфатларни эшитадиган бирор одам бормикин? Қани энди, Набавияни биладиган одам бўлсаю, у менга қизнинг қаердалигини айтиб берса. Мен қизнинг ёнига қанот боғлаб, учиб борардим.
Хотирамдан деярли ўчиб кетган қиз сиймоси кўз ўнгимда пайдо бўлса, томоғимга йиғи келиб, мени ғиппа бўғиб олади. Ҳаёт гирдобларида мен уни йўқотиб қўйдим. Уни зулмат чангалидан қутқариб ололмадим. У ғойиб бўлди. Қаёққа? Эҳтимол, Азроил қизнинг мижиғланган баданини, таҳқирланган, эзилган қалбини кўриб, унга раҳми келгандир ва уни азоблардан фориғ этгандир? Балки у ҳали ҳам бу расво дунёда ўз жаллодларининг ҳирсларини қондириб, бир амаллаб кунини кўриб юргандир? Ич-ичидан келаётган бир овоз менга Набавиянинг ҳаётлигидан хабар беряпти. Қорачадан келган, қотма, юз тузилишлари нозик. Катта-катта кўзлар унинг тубида ҳадик сезилиб турадиган бу қизни кўрган одам бўлса – ўтиниб, ёлбораман, унинг қаердалигини менга айтинг. “Ана Набавия” деб кўрсатинглар, одамлар. Худо ҳақи, жумла жаҳонда бор жамийки яхшиликлар ҳақи – уни менга топиб беринглар, азизлар. Худо ҳақига қасамлар бўлсинки, агар мен уни учратиб қолсам, қизни қутқариш учун ҳамма нарсани қилардим. Унинг нобуд бўлишига йўл қўймасдим. Шабнамлар бу қуруқшай бошлаган гулғунчанинг ташналигини қондирсин! Қаердасан ҳозир, Набавия? Эҳтимол, сени номусдан маҳрум этган, болалигингни тортиб олган, ёшлигингни бадном қилиб тортиб олган одамлардан даҳшатли ўч олишга тайёрланаётгандирсан?
Менга жавобан: “Хўш, нима бўпти? Бизнинг ҳаётимизда Набавияга ўхшаганлар сон мингта”. Бироқ ким менга шу гапни айтадиган бўлса, мен унга шундай деб жавоб берар эдим: инсон ҳаётини мажақлайдиган жамият фақат бир нарсага муносиб – уни кунпаякун қилмоқ керак, токи ундан асар ҳам қолмасин. Негаки, бундай жамият гулни тиканга, тозаликни – ахлатга, олийжанобликни разолатга айлантиради. Агар мен одамларга Набавия билан қандай учрашганимни айтиб берсам, унинг майиб бўлган ҳаётини ҳикоя қилсам, истаган одам менинг дардимни ҳам, қаҳримни ҳам англаган бўларди…
Юридик факультетда ўқиб юрган кезларимда, менинг Фавзи деган бир дўстим бўларди. Биз машғулотларга бирга тайёрланар, бирга сайр қилар, бирга хаёл сурар ва суҳбатлар қурардик. Ҳар биримизнинг жуда камсуқумлик билан жиҳозланган кичкинагина хонамиз бўлгувчи эди. Университетда ўқиш учун пойтахтга вилоятдан келган талабаларнинг ҳаммаси ҳам шунақа яшарди.
Бир куни Фавзининг олдига кириб, кирларини йиғиштираётганини кўрдим. Мен “нима гап? Тинчликми?” деб сўрадим. Менга жавоб бериш ўрнига у Набавияни чақирди.
Эшикдан қўрқа-писа бир қорамағиз қиз кириб келди. Унинг бўйи пастгина, орқасига ташлаб олган сочи тимқора, эгнидаги кийим-боши қишлоқча эди. Фавзи унга кирларни олиб кетишни буюрди.
– Кир ювадиган қизми? – деб сўрадим мен.
– Йўқ, – деб жавоб берди Фавзи. – Кирингиз бўлса беринг, ювиб берай, деб илтимос қилган эди. Лекин қанақа ювишини билмайман.
Набавия кирларни йиғиштириб, ваннахонага олиб кирмоқчи эди, бироқ бизнинг гапимизни эшитиб, луқма ташлади:
– Ҳойнаҳой, ишимдан рози бўларсиз, жаноб. Ажаб эмаски, дўстларингизга ҳам мени тавсия қилсангиз…
Мен шу куни кечгача Фавзиникида бўлдим ва кетаётиб, Набавиядан менинг ҳам кирларимни ювиб беришини илтимос қилдим.
Набавия жума куни келди… Устидаги кўйлаги эски, бир-икки жойидан ситилган эди, елкасидаги йиртиқлардан бадани кўриниб турарди. Чеҳраси толиққан, кўзлари ҳорғин. Тунни бедор ўтказгани яққол сезилиб турарди. Қизалоққа раҳмим келиб кетди. Фавзи буни билса, албатта, “кўнгилчанлигингни қўйсанг-чи, хомхаёл бўлаверма” деб койиб берарди.
– Бошқа гал ювиб бера қоласанми? – деб сўрадим Набавиядан.
– Йўқ, шу бугун ювиб бераман, хўжайин… — Унинг овозида қўрқув оҳанги бор эди, кўзларида ҳадиксираш сезиларди.
– Жуда толиқиб турибсан-ку? – дедим мен.
– Толиқиб? – деб қўрқа-писа қайтариб сўради қиз.
– Ана, башаранг ўзи айтиб турибди. Айни шу бугун кир ювдиришим шарт эмас.
– Лекин мен…
– Майли, ҳақингни бугун бера қоламан, кирни бошқа куни ювиб берарсан…
Қизнинг юзи қувончдан ёришиб кетди, кўзлари чақнади, у менинг қаршимда полда ўтирар эди.
– Нонушта қилганмисан? – деб сўрадим мен.
– Ҳа, – деб жавоб берди қиз. Лекин унинг ёлғон гапираётгани кўриниб турарди.
Мен унга қорним очлигини айтдим ва кўчадан нон билан ловия олиб келиб беришини илтимос қилдим.
Нонушта қилиб бўлганимиздан кейин, Набавия деди:
– Хўжайин, мени оқсочликка олсангиз-чи? Мен овқат қилишни биламан, пол юваман, хонани супуриб-сидираман, кир юваман, нимаики иш буюрсангиз, ҳамма-ҳаммасини қиламан. Ахир, сиз… Ахир, сизнинг юмушларингизни қиладиган ҳеч кимингиз йўқ-ку?
Мен ўйланиб қолдим – унинг таклифи чакки эмас эди. Кейин сўрадим:
– Сенга қанча ҳақ тўлашим керак бўлади?
– Ҳеч қанча. Фақат овқат билан бир бурчакдан жой берсангиз бас, ишлайвераман.
Мен унга ойига эллик пиастр бераман дедим.
Шундай қилиб, Набавия меникида қолди.
Машғулотлардан кейин университетдан қайтиб келганимда хонамнинг саришталигини, мени кутиб турган лаззатли таомни кўриб хурсанд бўлардим.
Аввалига Набавиядан биронта рост гап эшитишнинг имкони йўқ эди. Бир куни ундан қариндош-уруғларини суриштириб қолдим. У отаси Мангур шаҳрида туришини айтди, онаси эса Қоҳирада яшар экан. Кейин маълум бўлдики, Набавия на отасини, на онасини билар экан.
Бошқа бир гал у қайлиғи бўлганини гапириб қолди. Қаллиғи ҳунар билим юртининг талабаси экан, лекин унинг ота-онаси туфайли қаллиғидан воз кечишга мажбур бўлибди.
Набавия унинг ташқи қиёфасини батафсил тасвирлаб берди. Қандай қилиб, қайлиғи уни кинога таклиф қилганини, қанақа совға-саломлар олиб берганларини сўзлади, севган одамидан жудо қилган қисматини қарғади. Кейин маълум бўлдики, ҳеч қанақа қаллиғ-паллиғ деган нарса бўлмаган экан. Қиз бечора лоақал шу тарзда ҳаётини жиндай безамоқчи бўлган экан.
У ўзининг эл қатори қиз эканига, унинг ҳам ота-онаси, қаллиғи борлигига, ота-онаси туппа-тузук одамлар эканига, ўзларига тўқ турмуш кечиришларига мени ишонтиришга уринарди.
Мен унинг ёлғонларига кўп ҳам парво қилмасдим. Ҳатто ўзимни ишонгандай қилиб кўрсатишга ҳам ҳаракат қилардим, негаки, кўриб турардимки, эзилиб кетган бу шўрлик қиз ёлғони билан ўзини таҳқирлар ва камситишлардан ҳимоя қилишга уринарди. Унинг ҳаёти эса турфа хил таҳқирлар ва камситишларга тўла эди.
Бир куни уйга яқинлашиб келар эканман, Набавиянинг паст овозда ашула айтаётганини эшитиб қолдим. “О, тун! Қанчадан-қанча шўрликлар устига пардангни тортасан! Фақат сенгина, о, сирли тун, дунёда қанча қиз бир тишлам нон учун номусини сотаётганидан хабардорсан!”
Тунги сукунат бағрида таралаётган бу мунгли оҳанг олис-олисларга бориб сингиб кетмоқда эди.
Мен Набавиядан сўрадим:
– Сенга нима бўлди?
– Ҳеч нарса, – деб жавоб берди қиз ва бирдан алам билан ўксиб йиғлаб юборди.
Ниҳоят, мен Набавияни ҳамма гапни рўйирост айтиб беришга кўндирдим. У менга юрагини очди. Набавиянинг қалби ғам-ҳасратга ва аламли изтиробларга тўла эди.
Набавия на отасини, на онасини биларди. Фақат аллақандай одамларнинг уйида яшаганини эсларди. Улар эр-хотин эди. Эртаю кеч шўрлик қизни уришганлари уришган эди, унинг томоғидан ўтаётган ҳар тишлам таом учун таъна қилишар, “раҳмимиз келганидан сени боқиб ўтирибмиз” деб писанда қилишар, “текинхўр, ношукур, ялқов” деб дашномлар беришарди.
Набавия тонг қоронғусида уйқудан турар, полларни ювар, югуриб бозорга бориб келар, нонушта тайёрлар, кун бўйи бекаси ва хўжайиннинг кўзига яхши кўриниш учун елиб-югурар, тун яримлагандан кейингина уйқуга ётарди. Унинг ётадиган жойи йўлакда эди. У қуруқ полнинг устига ётарди-да, эрталаб тонг ёришмасдан яна югур-югурини бошламоқ учун уйқуга кирарди.
Бир куни кечқурун бека Набавияга чой қайнатишни буюрди. Набавия бехосдан чойнакни қўлидан тушириб юборди. Чойнак синди. Беканинг жон-пони чиқиб кетди. Fазабдан қизариб кетган, ола-кула кўзларидан ўт чақнаган бека Набавияга ташланиб, уни ура бошлади. Оғриқдан қизалоқ қанча баландроқ фарёд чекса, беканинг ғазаби шунча оловланиб борарди. У қизнинг сочидан чангаллаб, полда судраганича бурчакка олиб борди, у ерда унинг қўл-оёқларини боғлади-да, оташкуракни ўчоққа тиқиб қиздира бошлади.
Набавия дағ-дағ қалтираб, қўрқув ичида яна нима бўлишини, қандоқ қийноқларга дучор қилинишини кутарди. Бека эса бамисоли эсини йўқотиб қўйгандек кўринарди. У лағча чўғ бўлиб қизиган оташкуракни ўчоқдан олиб, қизнинг оёқларини савалай кетди. “Мен сенга кўрсатиб қўяман! Чойнак синдириш қанақа бўлишини билмас экансан!” — деб вайсарди у.
Набавия оғриқдан ғужанак бўлиб олганди. Қиз бечора туни билан йиғлаб чиқди. Таҳқирлар эртасига ҳам давом этди. Қоронғи тушганида Набавия куйган оёқларини зўрға босиб, кўчага чиқди.
Унинг борадиган жойи йўқ эди. Ўн икки яшар қизалоқ совуқдан дийдираб, йўлканинг бир чеккасида қунишиб ўтирарди. Оёғидаги ярадан қон сизиб оқарди. Унинг ёнига полициячи келиб, ўшқирди:
– Нима қилиб ўтирибсан бу ерда?
У юраги така-пука бўлиб, жавоб берди:
– Ҳеч нарса. Уйқум келяпти. Ухлайман.
Полициячи унинг юзига қаради. Кейин нима бўлганини сўраб-суриштира бошлади. Қиз бўлган воқеани айтиб берди.
– Қани, юр, бўлмаса… Меникида турасан…
Набавия индамай унинг орқасидан эргашди. Улар катта кўчадан анча юришди, кейин тор кўчага бурилишди, бир уйга бориб, ичкари киришди-да, айланма зинадан юқори кўтарилишди. Улар кирган уй икки хонали эди. Полициячи чироқни ёқди ва қизга деди:
– Мен кетаман. Эрталаб келаман. Сен бемалол ётиб, ухлайвер.
Полициячининг меҳрибонлигини кўриб Набавия ҳайрон қолибди — ахир, у қизалоққа раҳми келиб, уни уйига олиб келди…
Аста-секин қиз ўзига келди. хонани кўздан кечира бошлади. Хоналардан бирида каттагина каравот, жавон, диван турар, унинг полига бўйра тўшалганди. Иккинчи хонада эса битта хонтахта. Учта курси бор эди. Деворларида эса бир нечта суврат илинган. Орадан кўп ўтмай, ҳорғинлик қизни енгди ва у ухлаб қолди.
Мен сўрадим:
– Сенга билим юртининг талабаси уйланаман деган экан. Нима бўлди?
– Э, йўқ. Бу гапларни ўзим тўқигандим.
– Ҳозирги гапларингни ҳам тўқиб чиқараётганинг йўқми?
– Йўғ-е… Ҳозирги гапларимнинг ҳаммаси рост.
Мен унга ҳаммавақт рост гапириш кераклигини айтдим.
У жавоб берди:
– Йигитнинг менга “уйланаман” дейишини жуда-жуда истаган эдим. Менинг ҳам ота-онам бўлса дердим. Жиндай бахтли бўлишни хоҳлардим.
Қизалоқ индамай қолди.
Мен сўрадим:
– Ҳозир бирор гапни тўқиб чиқаргинг келмаяптими?
– Йўқ. Сизга фақат рост гапиргим келяпти. Сиз жуда меҳрибон одам экансиз. Шундай қилиб, эртасига эрталаб полициячи қайтиб келиб, мени уйғотди. У нон, пишлоқ, редиска,хурмо, жиндай гўшт олиб келибди. Сизга буларни батафсилроқ гапириб беришга қийналяпман, хўжайин, фақат бир нарсани айтаман, холос. Полициячи менинг номусимга тегди. Ҳолбуки, мен ўн икки ёшда эдим. Мен унга ҳам ўйнаш, ҳам оқсоч бўлдим.
– Йўғ-е. Бўлиши мумкин эмас, — деб хитоб қилдим.
– Ҳамма гапим рост, хўжайин.
– Кейин-чи?
– Нима “кейин-чи?”
– Буларнинг ҳаммаси қандай рўй бериши мумкин, Набавия?
У гапларини давом эттира олмай, бошини қуйи солди.
– Унинг уйида аҳволинг нима кечди? – деб сўрадим мен.
– У менга дурра, кўйлак олиб берди. Ҳатто ботинка совға қилди. Лекин “кўчага чиқмайсан” деб тайинлаб қўйди. “Гапимга кирмасанг, ўлдираман” деди.
– Хўш, кейин нима бўлди?
– Мен ундан жуда ҳам қўрқардим, хўжайин. Ростдан ўлдириб қўяди, деб ўйлардим. Остона ҳатлаб, ташқарига чиқишни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Бир куни унинг олдига қишлоқдан қариндошлари келди. Уларга мени “оқсоч” деб таништирди. Уларнинг гап-сўзларидан англадимки, қариндошлари унга қишлоқда келин топишибди. Ўша кундан бошлаб, унинг менга муомаласи совуди. Афтидан, менинг ҳам ундан кўнглим қолишини хоҳлади, шекилли.
– Хўш, кейин-чи? Кейин нима бўлди?
– Кейин у мени уйдан ҳайдаб чиқарди, номусингга текканимни бирор одамга оғзингдан чиқарадиган бўлсанг, ўлдираман деб пўписа қилди. Мен чиқиб кетдим… Чарчоқдан зўрға қадам босиб, кўчама-кўча кўп тентирадим. Кейин бир хотинга рўпара келдим. Унга оқсоч бўлмоқчи эканимни айтдим. У менга кир ювувчи бўлишни маслаҳат берди ва Қоҳирадаги бошқа шаҳардан келган талабалар яшайдиган маҳаллани кўрсатиб қўйди. Мен талабаларнинг кирларини ювиб юрибман.
– Фақат кирини ювасанми?
– Улар мени истаган кўйларига солишади.
У лабларини қимтиб, индамай қолди, кейин алам билан деди:
– Мен — шўрликнинг нима иложим бор? Кимдан ҳимоя излашим керак?
– Полициячиникида кўп яшадингми?
– Бир йилча яшадим-ов…
– Уйи қаерда эди?
– Йўқ, йўқ, айтмайман. Қўрқаман…
– Ўзинг биласан…
– Аввалги хўжайинимникидан кетмаслигим керак эди. Лекин улар мени ёмон калтаклашарди.
– Кир ювиш билан анчадан бери шуғулланяпсанми?
– Роса бир йил бўлди. Полициячиникидан кетганимдан бери…
– Хафа бўлма, Набавия. Эҳтимол, сен меникида туришни хоҳламай қоларсан? Унда айт, сени қишлоққа, ота-онангнинг ёнига жўнатаман.
– Кечки таомни еганмисиз, хўжайин.
– Ҳа. Тамадди қилгандим. Сен-чи?
– Менми? Унча иштаҳам йўқ.
– Майли. Бориб ёт, бўлмаса…
Анчагача ухлаёлмай ётдим. Шифтга тикилиб, шўрлик қизнинг фожеона тақдирини ўйладим. Мен уни ҳаётнинг совуқ ҳамла хуружларидан ҳимоя қилишни истардим. Мен қизнинг кўксовга ўхшаб йўталаётганидан хавотирда эдим.
Тонг отди. Тун бедор ўтгани учун жуда ланж кайфиятда тўшакдан турдим. Набавия ҳали уйғонгани йўқ. Уни уйғотгим келмади, кийиндим-да, энди чиқиб кетмоқчи бўлиб, қўзғалган эдим, тўсатдан кимдир эшикни қоқди. Келган одам Фавзи эди.
– Ие, ие, келсинлар. Хуш кўрдик…
– Ҳа, йўл бўлсин?
– Университетга.
– Бугун дарс бўлмайди, — деди Фавзи кулиб. — Кинога бормаймизми?
Мен жуда эрта турганимдан афсусландим. Чиқиб кетаётганимизда Фавзи бурчакда устига юпқа чойшаб ёпиниб, бурчакда ғужанак бўлиб ётган Набавияни кўриб қолди ва ҳайрон бўлиб сўради:
– Бу ким?
– Набавия…
– Яшавор-е! Сенга ҳам ақл кирадиган кун бор экан-ку…
– Сен адашяпсан, Фавзи.
– Ундай бўлса, ўзим ундан сўраб кўраман.
– Биласанми, Фавзи. Сенинг гапларинг менга малол келяпти.
Менинг аччиғим келаётганини кўрган Фавзи жиндай юмшади.
– Билганингни қилавер, дўстим. Менга деса, умрингнинг охиригача хаёлпараст бўлиб қолавер.
Мен ҳам бироз жаҳлдан тушдим, шўрлик қизнинг кечаси билан йўталиб чиққанини айтдим.
– “Йўталиб чиқди” дейсанми? Ундай бўлса, уни дарҳол уйингдан қувла…
– Йўқ, мен уни врачга олиб бораман.
– Хўп ғалати одамсан-да, дўстим. Албатта, сен нима қиламан десанг, ихтиёр ўзингда. Лекин менинг маслаҳатимга юрсанг, уни ҳозирнинг ўзида уйингдан ҳайдаб чиқар.
– Йўқ, мен уни врачга олиб бораман, унга дори-дармон олиб бераман, у шу ерда яшайди. Шу ердан у ё тузалиб чиқиб кетади, ё ўлиги чиқади. Шунда у бизга ўхшаганлардан халос бўлади.
– Сен мени бирор нарсада айблаяпсанми?
Фавзи дарғазаб бўлиб хонадан чиқди. Чиқиб кетаётганда, пўписа қилди:
– Бу уйга қадам изи қилсам, отимни бошқа қўйганим бўлсин…
Очиғини айтсам, дўстимнинг бу иши ғашимга тегди, аччиғим келди. Бунга ўхшаган одамнинг қалби йўқ. Бировнинг дарди уларга таъсир қилмайди. Бунақалар фақат муштлашишга ярайди, холос.
Кун энди бошланмоқда эди. Мен Набавияни шаҳардаги энг таниқли врачлардан бирининг ҳузурига бошладим. Врач уни синчиклаб кўриб чиқиб, нафас олиш йўллари шамоллаганини, бошқа ҳеч қандай қўрқинчли касали йўқлигини айтди. Буни эшитиб, хурсанд бўлиб кетган қиз, менга миннатдорлик тўла нигоҳини тикиб, шивирлади.
– Худо хайрингизни берсин. Мендан қайтмаса, худодан қайтсин.

Набавия сукутга чўмиб ўтирарди. Эҳтимол, у ўзининг қайғули ўтмишини ўйлаётгандир. Бирдан у қўллари билан юзини яшириб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Ҳа, нима бўла қолди?
– Билмайман…
– Биласан.
– Нега ишонмайсиз? Билмайман.
– Эҳтимол, бирор нарса эсингга тушиб кетгандир?
– Ҳа! Полициячи менинг номусимга теккани эсимга тушиб кетди. Кошки — у менга уйланган бўлсайди…
– Сен уни яхши кўрармидинг?
– Йўқ. Мен ундан қўрқардим.
– Нега бўлмаса, уни бот-бот эслаб турасан?
– Нега менга уйланмаганига сира ақлим етмайди. Мен…
– Ҳадеб ўтган гапларни кавлайверма, Набавия. Ундан кўра келажакни ўйла.

Набавия менинг хонамга кўникиб қолди. Менинг хонам гарчи унчалик файзли бўлмаса-да, унга жуда қулай ва файзли кўринарди. Нима бўлганда ҳам Набавия шу хонадан паноҳ топган эди.
Ҳар куни Набавия бозорга қатнар, сабзавот, гўшт, нон харид қилар, таом пиширар, хонани супириб-сидирар эди. Шу аҳволда у бир ой яшади, юзларига қон югурди, унга ҳаёт яна қайта бошлагандай эди.
Аммо кунлардан бирида пешинда эшик тақиллаб қолди. Набавия бозорга кетган, мен эса шу куни уйда қолган эдим. Эшик қоққан қирқ ёшлардаги, семиз, пак-пакана бадбашара аёл экан. Унинг юзи қорачадан келган, кўзлари қисиқ, устига қора чодра ёпиниб олибди.
– Келинг, хизмат? – деб сўрадим мен.
– Менга Набавия керак эди.
– Ўзингиз ким бўласиз?
– Мен унинг холасиман.
– Холаси? Набавия бозорга кетган. Келинг, ичкарига киринг.
– Йўқ, мен бошқа гал келарман. Сизга малол келмаса. Келганимни айтиб қўйсангиз…
Аёл кетганидан сўнг, бу хотин Набавиянинг меникида яшашини қаёқдан билиши мумкинлигини ўйлай бошладим. Набавия бозордан келиши билан уни сўроққа тутдим:
– Қоҳирада қариндош-уруғларинг борми?
Набавия олиб келган нарсаларини жой-жойига қўйди. Кейин менга ўгирилиб, юзимга тик қаради.
– Ахир, сен на отам, на онамни биламан деган эдинг-ку?
– Ҳа, деган эдим.
– Яна мени алдаяпсанми, Набавия?
– Йўқ, хўжайин.
– Ундай бўлса айт – ким бу хотин?
– У менга қариндош эмас, хўжайин.
– Уни қаёқдан танийсан, бўлмаса?
– Уни бозорда кўриб, танишиб қолганмиз. У менинг турмушимни сўраб-суриштира бошлади. Мен унга бор гапни гапириб бердим. У менга мунчоқ олиб берди. Кейин “менга қиз бўласанми? Менинг фарзандим йўқ” деди.
– Сени хафа қилмоқчи эмасман-у, Набавия, лекин бу хотинга ишониб бўлмайдиган кўринади. Жуда ҳам сўхтаси совуқ экан. Менимча, у бузуқ аёлга ўхшайди. Шунақалар қизларни йўлдан уриб қўшмачилик қилади.
Набавия қўрқиб кетиб, ҳадик тўла кўзларини менга тикди:
– Энди нима қиламан, хўжайин?
– У хотин билан бошқа учрашма.
– Лекин у мени яхши кўради-да. хўжайин?
– Мунча содда бўлмасанг, Набавия?
Дилимда эса “Бечора қиз, бирор кимсанинг меҳрига мунча ташна бўлмаса” деган фикр ўтди.
Мен Набавиянинг қувончсиз, азоб-уқубатларда ўтган болалигини эсладим. Унинг ўсмирлигини, у йилларда чеккан жабру жафоларини хаёлимга келтирдим. Мен унинг меҳр-муҳаббатга муштоқлигини сезиб турардим, ахир, у ота-онанинг меҳрини кўрмай улғайган-да! Меҳр-муҳаббат эпкини жиндай эсиб ўтса-да, унинг соғинчга тўла қалби қуёшни кўриб барг ёзган ғунчадек очилиб кетаверар эди. Лекин анави хотинга менинг ишончим йўк эди.
– Нима учун бу аёл сени яхши кўришига ишоняпсан?
– Унинг ўзи айтган. У мени қучоқлаб, ўпган…
– Майли, бу тўғрида ҳали сен билан яна гаплашамиз. Менинг маслаҳатларим сенга кор қилиб қолар дейман, нима дейсан?
– Нима десангиз шу, хўжайин. Ҳамма айтганингизни бажо келтираман.
Орадан бир неча кун ўтди.
Бир куни кечқурун Набавия мендан сўраб қолди.
– Онангизни анчадан бери кўрганингиз йўқми, хўжайин.
– Ҳа, анча бўлди.
– Жуда соғиниб қолгандирсиз?
– Нега буни суриштириб қолдинг?
– Негаки, онанинг меҳри – улуғ нарса. Унга етадиган ҳеч нарса йўқ.
– Сен буни қаёқдан биласан?
– Онамдан биламан…
Ортиқ у ҳеч нарса демади, лекин мен унинг ўз сирини очишга тайёр эканини ҳис қилдим. Беихтиёр анави семиз бадбашара хотин эсимга тушди, бироқ бу оқшом мен ўз ишларим билан шу қадар банд эдимки, Набавия билан суҳбатни давом эттиришнинг сира иложи бўлмади.
Бир куни университетдан қайтиб келиб, мен Набавияни уйдан топмадим. Аввалига мен уни бозор-ўчарга кетгандир деб ўйладим. Бироқ оқшом чўкди, ҳаммаёқни қоронғилик босди ҳамки, ундан дарак йўқ эди. У қаёққа ғойиб бўлдийкин? Наҳотки, унинг ғойиб бўлиши анави хотиннинг келиши билан боғлиқ бўлса? Ёки бу ерда бирор янги ёлғон бормикин? Фикрларим чувалашиб кетди. Эртасига ҳеч қаёққа бормай, уйда қолдим. Пешинда эшик тақиллади. Эшикни очиб, остонада ўша хотинни кўрдим. Роса ҳайрон бўлиб қолган эдим.
– Набавия қани?
– Набавия сизникида эмасми? Агар уни дарров топиб бермасангиз, полицияга хабар қиламан.
– Нима деб алжираяпсан, йигит! Қанақа полиция? Қани Набавия?
У ғазабланиб, бақириб-чақира бошлади.
– Сиз ёлғончи аёл экансиз, сиз унинг холаси эмассиз!
Аёл ҳанг-манг бўлиб қолгандай кўринди. У ўзининг чодрасига яхшилаб бурканиб олди-да, кетаётиб деди:
– Ҳа, мен унинг холаси эмасман. Мен унинг онасиман. У менинг измимга юради. Мен буни сенга исботлаб бераман…
Орадан тўрт ой ўтди, Набавиядан ҳамон дарак йўқ эди. Ахийри, мен ундан буткул умидимни уздим — энди қизни ҳеч қачон кўрмасам керак. Хаёлан мен унга яхшилик, тоза ҳаёт тиладим.
Оқшомлардан бирида остонада Набавия пайдо бўлганини кўриб, нечоғлиқ лол қолганимни кўрсангиз эди! Унинг кўзлари олазарак, юзида гуноҳкорлик ифодаси зуҳур этарди.
– Кир ичкарига.
У индамай ичкари кирди.
– Ўтир. Қаерда эдинг?
– Мен эрга тегдим.
– Бирон оғиз мен билан маслаҳатлашмай-а?
– У менга сизни розилик бермайди деди.
– Ким экан у?
– Самбо.
– Самбо деганинг ким экан?
– Ёш йигит. Менинг эрим.
– Эринг бўлса, қани у? Нима бўлди? Нега келдинг?
– Ажралишдик.
– Дарров-а?
– У менга бир чақа ҳам пул бермасди. Очдан оч ўтираверардим. Кейин менинг талоғимни берди.
– Ажралганинг ҳақидаги ҳужжатинг қани?
– Унинг қўлида.
– Унинг ўзи қаерда?
– У Зайнаб маҳалласида яшайди.
– Майли, бу гапларни қўй. Ҳаммасини унут. Ҳеч нарсани ўйлама. Менинг гапимни қулоғингга ол.
– Мен хато қилдим, хўжайин! Мени кечиринг.
Шундай деб Набавия ҳўнграб йиғлаб юборди.

Эндиликда мен Набавиянинг меникидан нима учун кетиб қолганининг сабабини билдим, лекин ҳарчанд уринмай, нима учун унинг иккинчи марта ғойиб бўлишининг сабабларини аниқлай олмадим. У қайтиб келганидан сўнг меникида йигирма кун турди-да, кейин яна ғойиб бўлди. Мен унинг бу ишини на тушундим, на оқлай олдим. Унинг биринчи марта ғойиб бўлиб қолганининг мендаги алами ҳали тарқамаган эди. Мен унинг қаршимдаги гуноҳини ҳис этишини ўйлаган эдим. Эндиликда шуни эсласам, ўзимга ўзим бамисоли бир жиноятчидай кўринаман.
Кунлар, кунлар кетидан ҳафталар ўтиб борарди. Шу аҳволда бир йил ўтди.
Бир куни ярим кечада Мизбах кўчаси бўйлаб уйга қайтиб келмоқда эдим. Тўсатдан биров орқамдан чақириб қолди.
– Хўжайин! Ҳо-о, хўжайин.
Орқамга ўгирилиб, Набавияни кўрдим.
– Набавия! Сенмисан?
Унинг рангида қон қолмаган, кўзлари ичига ботиб кетган, лаблари сўлғин эди.
– Гуноҳимдан ўтинг, хўжайин…
– Қаерларда юрибсан, Набавия?
– Мендан сўраманг, хўжайин. Мен…
Анави хотин эсимга тушди.
– Холангми?
– Ҳа, мени бу ерга ўша хотин олиб келди.
Қиз ўқчиб-ўқчиб йўталди. Қуруқ йўтал унинг бемалол нафас олишига йўл бермаётган эди.
– Мен билан кетасанми?
У менга қаради-да, шошилиб деди:
– Кетинг. Тезроқ кетинг бу ердан. Бўлмаса, улар сизни ҳам, мени ҳам ўлдиришади.
– “Улар” деганинг ким?
– Ким бўларди. Анави хотиннинг одамлари.
– Улар ботина олмайди, – дедим мен Набавияни тинчитишга уриниб.
– Улар — безорилар. Улар менинг ҳар бир қадамимни таъқиб қилишади. Менга ўхшаганларни таъқиб қилишади. Улар бу маҳалланинг қоронғи тор кўчаларида бизни пулга сотишади. Уни яна йўтал тутди. Шу чоқ унинг ёнига яғриндор бир йигит келди-да, қўпол оҳангда буюрди:
– Қани, юр, Набавия! – Шундай деб унинг билагидан тутди-да, қизни судраб, зимистон тор кўчанинг қаърига сингиб кетди…

Рус тилидан Озод Шарафиддинов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 8-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!