Тандир тўлиб ёпилди нон…

Нон энг кўп истеъмол қилинадиган озуқа ҳисобланиб, таркибига овқат толалари, фойдали қўшимчалар қўшиш соғлиққа яхши таъсир қилади. Фойдали қўшимчалардан буғдой кепаги ва ёрмаси, метил тселлюлоза, қора ун кабилар муҳим аҳамиятга моликдир. Уларнинг нондаги микдори 45% ташкил қилиши мақсадга мувофиқ. Шифобахш нонлар юрак-қон томир тизими касалликлари, семизлик ва ошқозон-ичак мажмуи хасталикларида қўл келади.

Айниқса, экологик вазият ёмон бўлган ҳудудлар аҳолиси учун бундай нонлар ўта фойдали ҳисобланади.

Шифобахш кепакли нон айрим касалликларда зарар қилиши ҳам мумкин. Кепакли нонни тселиакия касаллигига чалинган беморлар истеъмол қилиши таъқиқланган. Чунки улар бошоқли ўсимликлардаги глиадин оқсилига ўта таъсирчан бўлади. Ошқозон-ичак тизими касалликларида, ярали колит дардида ҳам бундай нон туридан фойдаланиш тавсия этилмайди.

Шифобахш нонларнинг қуйидаги турлари тафовут қилинади:

* тузсиз нон: буйрак, юрак-қон томир тизими, хафақон касалликлари билан оғриган беморларга мўлжалланган;

* кислотаси паст миқдорда бўлган нон: гиперсекретор гастрит ва ошқозон ярасига чалинган беморлар учун;

* ёд ва темир моддаси билан бойитилган нон: ёд танқислиги бўлган ҳудудларда, қалқонсимон без касалликлари ва камқонликда истеъмол қилинади.

Барчамиз у ёки бу озиқ-овқат маҳсулотининг таркиби ҳақида тўлақонли маълумотларга эга бўлишимиз керак. Масалан, эркакларда қондаги темир миқдори меъёрида бўлади, шунинг учун улар темир моддаси билан бойитилган нонни истеъмол қилишлари шарт эмас.

Ноннинг махсус қўшимчали турлари кунига 300 граммдан истеъмол қилинса, организмнинг фойдали моддаларга эҳтиёжи тўлиқ қопланади.

Асосий қўшимчалар оқ нон таркибига қўшилишининг сабаби шундаки, жавдар (қора буғдой) уни Вг В2 витаминлари, фолий кислотаси ва темир моддасига бой бўлади. Юқори навли оқ ун калорияларга тўйингани билан ундаги фойдали моддалар миқдори паст даражада. Шунинг учун оқ ун таркибига жавдар уни қўшилади.

Калорияликлари бўйича нонларнинг қуйидаги турлари фарқланади:

1. Калориялари кам бўлган жавдари нон;

2. Шакар ва ёғ қўшимчалари сиз буғдойли нон;

3. Шакар ва ёғ қўшилган нон;

4. Таркибида ёғ, тухум, шакар, сут қўшилган нон маҳсулотлари.

Янги ёпилган нонни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, чунки ундаги крахмал ҳали қуюқ ҳолда бўлиб ошқозонда емирилмай унинг деворларига ёмон таъсир қилади.

Қора ва оқ нонларни алоҳида сақлаган маъқул. Жавдари нон юқори кислоталикка эга бўлиб, намлигига қарамай узоқ сақланади ва моғорламайди. Буғдойли нонни эса тез моғор босади. Уларни бирга сақлаганда жавдари нон намлиги оқ нонга ўтиб моғор пайдо бўлади, шунингдек, қора ноннинг ҳам суви қочади. Бундан ташқари бирга сақланганда нон-нинг ҳиди ҳам ўзгариши мумкин.

Афсуски, ҳозирги кунда ноннинг фойдали турларини ишлаб чиқаришнинг улуши жуда кам. Бу кўрсаткичнинг кўтарилиши соғломлаштирувчи ноннинг фойдасини билган истеъмолчилар талаби, ишлаб чиқарувчилар, соғлиқни сақлаш мутассадилари қизиқишига боғлиқ, албатта.

Нуриимон Шифоий
«Одамлар орасида» газетасидан