Шифокорлар қасамёди ҳали ҳам амалдами?

Агар шифокор хатога йўл қўйса, мажбуриятларига масъулиятсизлик билан ёндашса, уни Гиппократ қасамёдига зид равишда иш тутганликда айблашади. Барча хабардор бўлган, аммо унинг тўлиқ мазмуни ҳақида озчилик биладиган ўша машҳур қасамёд аслида қандай, унинг пайдо бўлиш тарихи нима билан боғлиқ? Умуман, антик давр илм-фанининг дарғаларидан бири – Гиппократ номи билан аталадиган шифокорлар қасамёди ҳозирда ҳам ўз таъсир кучига эгами?

Мозийга назар…

Маълумки, шифокор бўлишни истаган ҳар бир инсон Гиппократ қасамёдини қабул қилади. Шу боис мутахассис у ёки бу сабаб тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортса, беморлар унинг мажбуриятларини айнан шу онт орқали эслатишга уринадилар. Чунки кўпинча Гиппократ қасамёди шифокорнинг инсонларга садоқатли хизмати ва унинг инсонийлик, холислик, фидойилик ғояларига содиқлиги билан уйғун ҳолда тушунилади.

Аслида шифокорларнинг ахлоқ меъёрларини тартибга солувчи қоидалар азал-азалдан мавжуд бўлган. Бизгача етиб келган манбаларда (денталревуэ.орг сайтида келтирилишича) Гиппократ қасамёди милоддан аввалги В асрда қадимги юнон тилининг ионча шевасида ёзилган. Мана шу ердан қатор даврий номутаносибликлар бошланади. Умуман олганда, кенг жамоатчиликда қасамёд шахсан Гиппократ томонидан ёзилган, деган қарашлар шаклланган. Лекин кўплаб мутахассислар қасамёд матни бироз кечроқ – мутафаккир вафотидан сўнг, милоддан аввалги 356 йиллардан кейинги даврда ёзилган, деган фикрда. Вақт ўтиши билан у сайқаллашиб борган. Кўп маротаба қайта ишланган ва таҳрир қилинган матн илк маротаба кенг жамоатчилик учун 1848 йилда Женевада «Тиббий бурч» журналида чоп этилган. Аммо 2400 йил аввал ёзилган Гиппократ қасамёдининг асл нусхаси бизгача етиб келмагани рост.

Эвтаназия тақиқланган

Ҳаёти давомида тиббиёт ходимлари билан тўқнаш келган ҳар қайси одамнинг кўз ўнгида шифокор юқори малакали, шунингдек, меҳрибон ва куюнчак инсон сифатида гавдаланади. Бунда Гиппократ қасамёдининг маълум маънода ўрни бор. Шу ўринда ушбу қасамёднинг (Медиcинежоурнал. cом сайтидан олинган) лотин тилидан таржимасини келтириб ўтишни жоиз топдик:

«Шифо берувчи Апполон, Асклепий, Гигей ва Панатсея ҳамда барча илоҳларни гувоҳликка чақирган ҳолда куч-қудратим ва ақл-заковатим етганича қуйидаги қасамёд ва ёзма мажбуриятни бажаришга – менга таълим берган инсонни ота-онам қаторида кўриб, боримни у билан бўлишишга, муҳтожлигида унга кўмаклашишга, унинг авлодларини оға-иниларим сифатида қабул қилишга, даволаш санъатини ўрганмоқчи бўлишса, беминнат ўргатишга, тиббиёт илмига дахлдор барча панд-насиҳатлар, оғзаки дарслар ва бошқаларни тиббий қонунлар қасамёди ҳамда мажбуриятини олган ўғилларим, устозимнинг ўғиллари ва шогирдларига маълум қилишга (улардан бошқа ҳеч кимга айтмасликка) онт ичаман.

Даволаш усулини имконим борича билимимга таянган ҳолда бирон-бир зиён ва адолатсизликка йўл қўймай, беморлар манфаатига қаратаман.

Ҳеч қачон ўлимга олиб келувчи дорини уни сўраган инсонга бермайман, бундай ниятни амалга ошириш йўлини кўрсатмайман. Пок ва ҳалол яшайман, даволаш санъатимни ҳам худди шу йўл билан амалга ошираман.

Тош касалликлари аниқланган беморларни ҳеч қачон жарроҳлик йўли билан даволамай, мазкур ишни мутахассисга қолдираман.

Қайси хонадонга кириб бормай, зарарли, ғаразли ва ноҳақ ниятларни эмас, балки фақат бемор фойдасини кўзлайман.

Даволаш давомида, шунингдек, бошқа пайтларда ҳам инсон ҳаётига тааллуқли ва ошкор этилмаслиги керак бўлган ниманики кўрсам, эшитсам, уларни сир сақлайман.

Агар мен қасамёдни бузмай амал қилсам, ҳаётим ва даволаш санъати соҳасида омад, одамлар орасида машҳурлик берилсин, ёлғон онт ичиб, сўзидан қайтганлар эса бунинг аксига мубтало бўлсин»

Энди бугунги кун нуқтаи назаридан Гиппократ қасамёдини таҳлил қилиб кўрайлик. «Ҳеч қачон ўлимга олиб келувчи дорини уни сўраган инсонга бермайман, бундай ниятни амалга ошириш йўлини кўрсатмайман». Бу қоида билан шифокорга аниқ ва равшан қилиб эвтаназия (бемор ёки унинг яқинлари рухсати билан уни ҳаёт билан боғловчи аппаратдан узиш) тақиқланаётганини тушуниш учун тиббиёт соҳасида чуқур билимга эга бўлиш талаб этилмайди. Айтиш жоизки, ушбу қараш бугун ҳам аксарият давлатларда юксак қадрланади. Медиcинежоурнал. cом сайтида келтирилишича, Голландия, Белгия ва АҚШнинг штатларидан бири – Орегонда расмий равишда эвтаназия рухсат этилган. Демак, баъзи ҳолларда шифокор ўзи истамаган (ҳаттоки билмаган) ҳолда Гиппократ қасамёдига амал қила олмайди. Тош касалликларини жарроҳлик йўли билан даволамайман, дея қайд этилган қасамёд бандида ўша давр қарашларига кўра ҳам ҳар бир касалликни ўз мутахассиси даволаш лозимлигини уқтирилади. Зеро, билиб-билмай даволаш ёмон оқибатларга олиб келиши аён.

Умуман, қасамёд матнидан маълумки, унинг мазмуни беморларга нисбатан бир муносабатни шакллантиришни, яъни уларга зарар етказмасликни назарда тутади.

Замонавий турдагилари ҳам бор

Баъзи ҳолатларда анъанавий Гиппократ қасамёди бугунги жамият талабларига зид келиши ҳоллари ҳам йўқ эмас. Шу боис, бутун дунё мамлакатларида унинг асосида замон талабларига мос меъёрлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйила бошланди.

Абоут-ҳеалтҳ-cаре.cом саҳифасида маълумот берилишича, кўплаб давлатларда ўз жамияти шароити ва талабларидан келиб чиққан ҳолда меъёрлар ва қасамёдлар қабул қилинган. Масалан, бугунги кунда АҚШ ва Европада 2006 йили қабул қилинган «Шифокорнинг касбий кодекси» амалда. Қўшма Штатларда Гиппократ қасамёди «Ҳомеланд Сеcуритй Аcт» ҳужжати асосидаги суд претсенденти билан чекланган.

Россияда ўтган асрнинг 90-йилларида «Шифокор қасамёди»нинг номи ўзгартирилиб, «Россия шифокори қасамёди» деб атала бошланди. 1999 йили унинг матни мамлакат Думаси томонидан тасдиқланди. Ҳозирда олий таълим муассасасини битираётган бўлажак шифокорлар диплом олиш маросимида тантанали равишда айни шу қасамёдни қабул қиладилар.

1948 йили Бутун дунё тиббиёт ассотсиатсиясининг Бош Ассамблеяси Гиппократ қасамёди асосида яратилган Женева декларациясини қабул қилди. 1949 йили эса декларация Тиббиёт этикаси халқаро кодекси таркибига киритилди, дейилади ливежоурнал. cом сайтида.

Мазкур ҳужжат матнида қуйидагилар тилга олинади: «Мен бутун ҳаётимни инсоният хизмати учун бағишлашга қасамёд қиламан. Устозларимга миннатдорчилик билдирган ҳолда уларни ҳурмат қиламан; ўз касбий мажбуриятларимни сидқидилдан бажараман; беморнинг соғлиғи асосий вазифамга айланади; менга ишониб айтилган сирларни сақлайман; ўзимда бор барча воситалар ёрдамида шифокорлик касбининг улуғ анъаналари ва мавқеини сақлашга ҳаракат қиламан; ҳамкасбларга ака-укаларим каби муносабатда бўламан; диний, миллий, ирқий, сиёсий ёки ижтимоий сабаблар беморга нисбатан бўлган мажбуриятимни амалга оширишга ҳалал беришига йўл қўймайман; инсон ҳаётига чуқур ҳурмат ҳиссини сақлайман; хавф остида бўлсам-да, ўз билимларимни инсонийлик қоидаларига қарши қўлламайман. Мен юқоридагиларнинг барчасини сидқидилдан ва ихтиёрий бажаришга тантанали равишда қасамёд қиламан».

Мамлакатимизда эса бўлажак шифокорлар буюк бобокалонимиз, тиббиёт илми алломаси Абу Али ибн Сино номи билан қасамёд қиладилар. Унда инсонларни даволаш вазифасининг муқаддаслигига урғу берилганини «бутун шифокорлик фаолиятим давомида ва инсонлар ёрдамга муҳтож барча ҳолатларда бемор ҳаёти учун курашаман», деган сўзлардан ҳам билиш мумкин. Шу билан бирга, қасамёдда бемор ва унинг яқинлари билан боғлиқ тиббий сирлар сақланиши, соғлиққа хавф солувчи ҳолатларга жиддий ёндашган ҳолда уларни бартараф этиш, ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат бемор манфаатларини кўзлаб иш тутиш масъулияти юклатилади.

Такомиллашув – давр талаби

Хориж матбуоти, хусусан, «Wашингтон Пост» нашрида таъкидланишича, Америка ва Европа қитъаларида Гиппократ қасамёди эскирган, деб эътироф этилиб, уни такомиллаштириш фикри илгари сурилмоқда. Чунки у бугунги кун реал ҳаётидаги шароитларга мос эмас экан. «Гиппократ даврида тиббиёт ходимларининг бошқа касб мутахассисларига ҳурмат ва беморнинг танлаш ҳуқуқи каби муҳим принтсиплар мавжуд бўлмаган. Қолаверса, шифокорлар жамият ва ҳукуматнинг доимий назоратига дуч келмаган эди» дейилади шу газета электрон саҳифасида.

«Ланцет» тиббий журналида эса янги қасамёд негизида қуйидаги тамойиллар акс этиши зарур дейилмоқда:

«Ҳар бир бемор юқори стандартлар асосида даволаниш ҳуқуқига эга.

Бемор ва шифокор ўртасидаги муносабатлар холис бўлиши, керакли ҳолларда сир тутилиши даркор.

Даволанувчига нисбатан шифокорнинг (моддий ёки бошқа турдаги) таъмаргирлигига йўл қўйилмаслиги зарур».

Яхшилаб мулоҳаза қилинса, аслида шифокорлар ҳам бошқалар каби оддий инсонлар. Уларнинг ҳам ўзига яраша фазилатлари ва камчиликлари бор. Чунки тиббий билимлар ва тажриба осонликча эгалланмайди, даволаш эса «ҳар ким уддалаши мумкин бўлган соҳа» эмас. Шу ўринда Гиппократнинг замондоши Суқротнинг гапини келтириб ўтишни лозим топдик. «Бир куни бу донишманддан шогирдлари инсонлар ҳаётидаги энг мушкул нарса нима, деб сўрашганда, у: «Энг қийини инсонларни ўқитиш, даволаш ва уларга ҳукм чиқаришдир» деган экан».

Наргиза Иброҳимова,
«Маърифат» газетасидан олинди.