Гриппнинг олдини олиш мумкинми?

— Ҳар қандай турдаги гриппдан ҳозирча энг самарали ҳимоя унга қарши эмлаш (вакцинациялаш) ҳисобланади, — дейди профессор М. Костинов. — Грипп штаммлари ҳар йили ўзгариб туришига қарамай уларнинг вируси, одатда, битта бўлади. Гриппга қарши эмланган одам иммунитети вирус билан курашувчи антителалар ишлаб чиқаради. Эмлашдан сўнг икки ҳафтадаёқ шундай иммунитет шаклланади. Эпидемия пайтида ўтказилган эмлаш ҳам самарасиз эмас. Кўплар эмлашдан кўра бир марта грипп билан оғриган маъқул, деб ҳисоблашади. Бироқ шуни унутмангки, ҳар қандай хасталикдан бирор асорат қолиши мумкин. Шу боис, эмлаш йўли билан унинг олдини олган маъқул.

Грипп ёки шамоллаш вируси юқмаслиги учун бу касалликларга чалинганлар қанча вақт ўзини бошқалардан узоқ тутиши керак?

— Одатда 2-5 кун, яъни ҳарорат баланд бўлиб, йўтал ва бурун битиши барҳам топмагунча, — дейди профессор А. Карабиненко. — Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, касалликдан кучсизланган киши кейинчалик ҳам атрофдагиларга касални юқтириши мумкин. Айниқса, қонида вирус борларда бунинг эҳтимоли юқори бўлади.

Кўк чойнинг фойдаси ва зарари

— Кўк чойнинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Бироқ айрим хасталикларга чалинганда уни ичмаган маъқул, — деб ҳисоблайди доктор С. Агапкин. — Кўк чой таркибида кўплаб пурин моддалари мавжуд бўлиб, у организм учун заҳарли ҳисобланган сийдик кислотасига айланади. Бу кислота моддалар алмашинуви жараёни бузилишига олиб келади. Унинг организмдан чиқиб кетиши қийин кечади. Шу боис, бўғимлари оғриб турадиган ва подаградан шикоят қилувчи кишилар кўк чой ўрнига қора чой ичса ҳам бўлаверади. Бундай беморлар кўк чой ичишни тўхтатганларидан сўнг аҳволи яхшиланган.

Яхши уйқу нимага боғлиқ?

— Уйқусизликнинг бир нечта сабаби бор, — дейди профессор

Р. Бузунов. — Масалан, кислород етишмаганда ёки хуррак отганда, стресс ва депрессия ҳолатларида, шунингдек, кофега ўрганиб қолганларда уйқусизлик юз бериши мумкин. Куч-қувватни оширувчи турли дори воситалари ҳам уйқусизликка сабаб бўлади. Бу борада шифокорга мурожаат қилишдан аввал қуйидаги тадбирларни бажариб кўриш керак:

— ҳафтасига уч марта ярим соатдан (югуриш, сузиш, велотренажёр ҳайдаш) жисмоний машқлар билан шуғулланиш;

— чой, кофе, шоколад, куч-қувватни оширувчи бошқа воситаларни чеклаш; Кофеин 4-6 соат, кексаларда эса 8 соат қўзғалишга сабаб бўлади.

— уйқу вақтини камайтириш; агар тез-тез уйғонсангиз уйқу юзаки бўлади ва организм чарчоқлар ўрнини тўлдира олмайди;

— тўшакда 15 дақиқадан ортиқ ухлолмай ётманг, уйқу келмаса ўрнингиздан туриб, то мудрай бошламагунингизча ётманг;

— уйқу режимига риоя этинг, яъни қанча ухлаганингиздан қатъи назар бир вақтда туришга ҳаракат қилинг. Агар иш кунлари соат 6 да туриб, дам олиш кунлари 12 га қадар ётсангиз организмни янглиштирасиз. Натижада дам олиш куни уйқусизликдан қийналасиз;

— икки-уч ҳафта мобайнида кунига уч маҳал валерянка, арслонқуйруқ ва шунга ўхшаш ўт-гиёҳлар дамламасидан ичиб юриш ҳам уйқуни меъёрга солишга ёрдам беради.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!