Ген муҳандислиги келажак тиббиёти имкониятларини кенгайтира оладими?

«Сайнс» журналининг бир сонида қуйидагилар баён этилган: «1995 йили АҚШ Илмий Кенгаши аъзолари қаршисида 8 ёшли Ашанти де Силва исмли ёқимтойгина қизалоқ пайдо бўлди. Ўша пайтдаги конгрессменлардан бири Жорж Браун уни кенгаш аъзоларига таништирар экан «Рўпарангизда мўъжизанинг тирик исботи турибди», деди».

Хўш, бунда гап қандай мўъжиза ҳақида бормоқда? Маълум бўлишича, бу қизалоқ ирсий касаллик билан оғриган. 1990 йилнинг сентябрида уни ген терапияси усули билан даволашни бошлашган. Натижада орадан бир неча йил ўтгач, Ашанти де Силва соғайиб, тенгдошлари қатори мактабга қатнаб юрибди. Аслини олганда, бу ҳолатни мўъжиза деб аташ ҳам у даражада тўғри эмас. Негаки, эндиликда шундай бир давр келдики, генетика, молекуляр биология, биокимё, шунингдек, техник ва технологик ютуқлар туфайли кенг омма кўз ўнгида келажак замоннинг тиббиётига асос солиняпти.

Шу ўринда савол туғилади: ген инженерияси (муҳандислиги) ёки терапияси номини олган тиббиёт илми аслида нима? Бунда гендан дори воситаси сифатида фойдаланиладими? Ёки зарарланган генни даволаш назарда тутиладими? Умуман олганда, бу каби кўплаб саволлар ген терапияси номини олган кенг қамровли ва бир қарашда улкан истиқболли соҳа борасида фикр юритганда туғилиши табиий. Лекин яна бир жиҳатни унутмаслик даркор: келажак давр тиббиёти, деб юритилаётган ген терапияси айни пайтда инсоният учун катта хавф ҳам туғдириши эҳтимолдан холи эмас.

УМИДБАХШ МУВАФФАҚИЯТЛАР

Илмий манбаларда ёзилишича, ген терапияси — бу ген муҳандислиги (яъни биотехнологик) ва тиббий методлар мажмуи бўлиб, улар касалликларни даволаш мақсадида инсон ҳужайраларидаги ген тизимига ўзгартиришлар киритишга йўналтирилган. Ушбу жадал ривожланаётган соҳа ДНК тузилишида кузатилаётган ўзгаришлар, бошқача қилиб айтганда, мутатсиялар туфайли юзага келган нуқсонларни тузатишга ҳамда ҳужайраларда янгича ишлаш функтсиясини жорий этишга қаратилган.

Ген терапияси «хомашё»си сифатида бактерия ҳужайраси кўрсатилади. Уни ҳосил қилиш учун зарур ташкилий қисмлар маълум бир белгилар асосида сараланади, бунда энг муҳими, улар маълум бирикма(аминокислота, антибиотик модда, гормон ёки органик кислотани)ни ишлаб чиқиш хусусиятига эга бўлиши зарур. Ҳосил бўлган генетик ахборот ташувчи зарралар аслида шаклан ўзгарган вирус ёки микроблардир. Бироқ улар айнан ташиш функтсиясидан келиб чиққан ҳолда ижобий мақсадда қўлланилади. Аниқроғи, зарралар ёрдамида организм­даги ҳужайранинг ирсий генетик тизимига ўзгартириш киритилади. Жараёнда олимлар юзлаб, минглаб микроблар орасидан кўзланган мақсадга қараб энг мақбулларини ажратиб олади.

Соҳа тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ген тузилишини ўрганиш борасида эришилган ютуқлар, қатор ирсий касалликларни юзага келтирувчи генларни муваффақиятли клонлаштириш, биотехнологияларнинг тез ривожланиши 1989 йилдаёқ назарий тахминлар ҳамда ҳайвонлар устида тажриба ўтказиш орқали ирсий касалликларни даволашни илк маротаба амалиётга жорий этишга замин яратди.

Жараёнда маълум турдаги вируслар ёрдамида ҳужайра геноми(генлар тўплами)га янгича генетик маълумотни муваффақиятли киритиш имкони туғилди. Боиси, шу йўл билан зарур ҳолларда зарарланган генларни даволаш ёки уларни янгича функтсиялар асосида ишлашга йўналтириш мумкин эди. Мутахассислар даволашнинг бундай усулини илмий тилда соматик (жисмоний) ҳужайралар генини тузатиш ёки тўғрилаш, деб ҳам таърифлайди. Мазкур йўналишдаги даволаш усуллари эса ўтган асрнинг 80-йилларига келиб ҳаётий реалликка айлана бошлади. Аниқроғи, шу даврдан генетик маълумотни ташувчи вируслар ишлаб чиқилди, алоҳида генларни ҳосил қилишнинг имкони туғилди, тажрибаларда кемирувчи ва бошқа ҳайвонлар генларини «кўчириш» одатий ҳолга айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, агар даставвал ген терапияси фақат ирсий генетик касалликларни даволашга қаратилган бўлса, кейинги давр­ларда унинг кўлами назарий жиҳатдан кенгайиб борди. Натижада бугунга келиб ген муҳандислиги ирсий турдагидан тортиб то инфектсион касалликларни ўзига хос усулда даволашни назарда тутади.

ҲАММАСИ БИРДАН ЮЗ БEРМАГАН…

Тиббиётда ген терапияси йўналиши пайдо бўлгач, унгача даволаш анча мураккаб бўлган касалликларни ҳам муваффақиятли муолажа қилиш борасида фикрлар туғила бошлагани рост. Ҳаттоки, саратон, ОИТС, сил каби қатор касалликлардан шифо топиш мумкинлиги борасида дадил фикрлар илгари сурилди. Аммо ҳар ишда бўлгани каби дастлабки амалий натижалар кутилганидек бўлмади, муваффақиятлар бошиданоқ олимларни хушнуд этмади. Мисол учун, Вестерн Ресерв университети тад­қиқотчилари томонидан 1989 йили инсоннинг клонлаштирилган генларини ҳужайраларга кўчириш тажрибалари ўтказилди. Айтиш керакки, бу инсонни ген терапияси ёрдамида даволашга илк уриниш эди. Френч Андерсон, Майкл Блез ва Стивен Розенберг бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи томонидан меланома туфайли ҳаёти сўниб бораётган беморга нисбатан ген муҳандислиги усули қўлланди. Аммо даво чоралари самарасиз кечди. Бу ҳақда «Википедиа» электрон манбасида батафсил маълумот берилган.

Кейинги йили оғир шаклдаги иммунитет танқислиги касаллигига қарши ген терапияси усуллари кенг миқёсда ишлаб чиқила бошланди. 1993 йилга келиб мазкур турдаги хасталик аниқланган кўнгилли беморлардан бири генетик муолажа методи билан даволанди. Қувонарлиси, унинг организмига сунъий равишда киритилган оққон ҳужайралар яна 4 йил мобайнида муваффақиятли равишда фаолият кўрсатиб турган. Шундан сўнг эса, бемордан қайта муолажадан ўтиш талаб этилди. Яна бироз муддат ўтгач — 1999 йилдан оғир шаклдаги иммунитет танқислиги касаллиги топилган ҳар тўртинчи одам ген терапияси усули билан даволана бошланди.

2003 йилга келиб Калифорния университети тадқиқотчилари гуруҳи шаклан ўзгартирилган генларни бош мия нейронларига кўчиришнинг уддасидан чиқишди. Ҳозир эса мазкур технологияга таянган ҳолда Паркинсон касаллиги(кексаларда марказий асаб тизими хасталиги)га қарши ген терапияси усуллари ишлаб чиқилмоқда.

2006 йили илк марта саратонга қарши ген терапияси ёрдамида самарали курашиш усули намойиш этилди. Мериленд штати(АҚШ)даги Саломатлик миллий институти илмий ходимлари генетик ўзгартирилган зарралардан фойдаланиб, организмида тезкор равишда катталашаётган меланома (ўсма) аниқланган икки нафар беморни муваффақиятли даволаётгани ҳақида маълумот берилди. Худди шу йили Миландаги Сан-Рафаэло Ген терапияси институтининг Луижи Налдини ва Брайн Браун бошчилигидаги олимлари соҳада улкан бурилиш ясагани ҳақида эълон қилди. Мазкур олимларнинг илмий ютуғи туфайли эндиликда иммунитет тизими танага киритилган «ёт» ҳужайраларни осонликча қабул қилиш усули ишлаб чиқилди.

2007 йили Мурфилдс кўз шифохонаси ва Лондон офталмология институти тадқиқотчилари туғма Лебер амаврози (кўз тўрпардасининг зарарланиши ирсий хасталиги)га қарши ген терапиясининг илк синовлари ўтказилганини маълум қилди. Операцияда 23 ёшли британиялик Роберт Жонсон организмига ташувчи вирус киритилди ва якунда муолажа ҳеч қандай салбий акс таъсирларни юзага келтирмагани қайд этилди. 2009 йили ген инженерияси усуллари оғир шаклдаги иммунитет етишмаслиги ва ОИТС билан касалланган беморлар аҳволини яхшилашда муваффақиятли қўлланилди. Қолаверса, Пенсилвания университетида бутун дунё генетиклари иштирокида қатор кам учрайдиган касалликларга қарши ген муҳандислиги методлари ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ген муҳандислигининг муваффақиятини белгилаган яна бир ҳодиса 1990 йили Бетес(АҚШ)да рўй берган. Ўшанда ҳар 100 минг инсондан биттасида учрайдиган касаллик билан оғриган 4 яшар қизалоққа унинг лимфотситлари киритилган. Даволашнинг ижобий самараси бир неча ой давомида кузатилгач, тиббий муолажа қайтадан ўтказилди. Кейинги уч йил давомида қизча яна 23 маротаба шундай муолажадан ўтди. Натижада беморнинг соғлиғи шунчалик яхшиланиб кетдики, у ҳеч қандай инфектсиялардан қўрқмаган ҳолда одатий ҳаёт тарзини кечира бошлади. Кейинги йилларда бундай ташхисли яна қатор беморлар ҳам ген терапияси усуллари ёрдамида шифо топди. Бугунги кунда мазкур хасталикнинг ген терапияси ёрдамидаги тиббий синовлари Италия, Франтсия, Буюк Британия ва Японияда ўтказилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш зарурки, ген муҳандислигига оид кўплаб лойиҳаларнинг аксарият қисми(80 фоизи), асосан, онкологик касалликлар ва ОИТСни даволашга қаратилган. Мазкур соҳадаги тадқиқотлар борасида юқори ривожланиш кузатилаётган мамлакатларда изланишлар ҳисоботлари тегишли идора ва муассасаларнинг мажбурий текширувидан ўтказилади. Хусусан, АҚШда ушбу вазифа Рекомбинант ДНК бўйича консултатив марказ, Дори-дармонлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари бошқармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш миллий институти томонидан амалга оширилади. Кўҳна қитъада эса ҳужжатлар Генларни кўчириш ва ген терапияси бўйича Европа ишчи гуруҳи тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

ДАВОЛАШ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Мутахассислар ген терапияси икки усулда амалга оширилиши ҳақида таъкидлашади. Биринчиси, эх виво, яъни организмдан ташқаридаги муолажа бўлиб, бундай даволаш усули орган ва тўқималар трансплантатсиясига таянади. Иккинчи йўли эса, ин виво орқали организмнинг ўзидаёқ даволаш йўлга қўйилади. Бир қарашда, ген муҳандислигининг ушбу усулларини амалга ошириш у даражада қийинчилик туғдирмайдигандек. Бироқ бу осон иш эмас. Гарчи муолажалар инсон соғ­лиғини тиклаш, шу орқали эҳтимол ҳаётини сақлаб қолиш ҳақида борса ҳам, таваккалчилик қилиш ярамайди.

— Тўғри, энг идеал ҳолатда зарарланган генни организмдан чиқариб ташлаш ва унинг ўрнини соғломи билан тўлдириш мақсадга мувофиқ бўлар эди, — дейди бугунги кунда соҳанинг етакчи мутахассисларидан бири, АҚШ Соғлиқни сақлаш институти илмий ходими Жеймс Макралти. — Аммо ҳозирча маълум сабабларга кўра бу усулни амалга тўлиқ жорий этишнинг имкони йўқ. Шу сабаб кўп ҳолларда касалланган ген инсон танасидан чиқариб ташланмаган ҳолатда қўшимча равишда соғлом ген киритилади, натижада у етишмаётган ҳужайра вазифасини бажаради ёки организмга зарур моддани ишлаб чиқаради.

Олимнинг «Просидингз оф Нейшнл Академии оф Сайнс» журналига маълумот беришича, генларда организмда оқсил молекулаларини синтез қилиш учун зарур ахборот сақланади. Ҳужайрадан маълум бир модда синтезланиб ажралиб чиқиши учун эса ундаги генларни мақсадли равишда ўзгартириш ёки унга янги генларни киритиш талаб этилади. Шу боис тадқиқотчилар барча сайъ-ҳаракатларни инсон учун зарур маълум генларни ҳужайралар таркибига киритиш усулларини ишлаб чиқишга қаратишди. Бунинг учун эса, аввало, керакли генларни ҳосил қилишни ўрганиш талаб этиларди. Эътиборлиси, кўплаб изланиш ва амалий тажрибалар самараси ўлароқ, мутахассислар қисқа фурсат ичида генларни синтезлашни амалиётга кенг жорий этишди. Бугун мазкур жараённи ҳатто компютер орқали амалга оширишга ҳам эришилганки, натижада олимлар амалий тадқиқотларни олиб боришда қатор устунлик ва енгилликларга эга бўлди. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтгач, тадқиқотчилар генни ҳужайрага киритиш методикаси устида бош қотира бошладилар. Бунда асосий қийинчиликлар тайёр синтезланган генни ҳужайранинг ирсий маълумотлар аппаратига киритиш билан боғлиқ бўлган. Аслида айнан шу сабаб, атиги 20 йиллар олдин ҳам ген терапияси муқаррар муваффақиятсиз ва ҳаттоки, ақл бовар қилмас иш сифатида таърифланарди. Боиси, янги ген ҳужайрага шундай аниқ жойлаштирилиши талаб этилардики, якунда у чиндан ҳам керакли моддаларни ишлаб чиқиши ва зарур вазифани бажариши лозим эди. Яна бир томони: организмга киритилган ген «ёт» модда сифатида қабул қилинмаслиги керак. Буларни эътиборга олган тадқиқотчилар айни кунда организмга ёт ДНКни киритишнинг ўзига хосликларини ўрганиш ва генетик заррани танага муваффақиятли киритиш усулларини аниқлаш борасида кўпроқ тажриба ўтказмоқда.

МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИКЛАР ҲАМ БЎЛГАН

Бир қарашда ген терапияси шу пайт­гача давосиз деб юритилаётган қатор касалликлар «даври»га барҳам берадигандек. Лекин ютуқларга қарамай, кутилаётган ижобий натижаларга асосан моделларда эришилган. Инсон эса намуна эмас. Моделларда идеал тарзда кечган жараёнлар инсонда маълум ўзгаришлар билан рўй беришини ҳеч ким инкор этмайди. Бундай ўзгаришлар ҳам ижобий, ҳам салбий бўлиши мумкин. Демак, аслида шифо бериш мақсадида яратилган заррани соғлом ҳужайраларга зарар етказмаган ҳолда етказиш, қолаверса, кейинчалик ҳам унинг таъсирида бирон-бир касаллик кузатилмаслигини таъминлаш асосий вазифалигича қоляпти.

Шу ўринда, ген терапияси ўзининг ривожланиши йўлида йўқотишларсиз, муваффақиятсизликларсиз кечмаганини алоҳида таъкидлаш зарур. Биргина мисол: 2000 йили кузда Пенсилвания университети шифохонасида
17 ёшли бемор Жесси Гелзингер ҳаётдан кўз юмди. Бу ерда у ген терапияси ёрдамида ирсий жигар хасталигидан даволанаётган эди. Текширувлар бемор организмга киритилган ташувчи вирусга иммунитетнинг ўта фаол реактсияси туфайли вафот этганини кўрсатди. Натижада, кўплаб органлар ишдан чиққан ва ўз фаолиятини амалга ошира олмай қолган. Лекин шуниси эътиборлики, Гелзингер ўзи каби қонда аммиак миқдори ошиши билан белгиланадиган бундай касалликка чалинган кўплаб инсонлардан ҳам анча соғлом эди. Ундаги хасталик авж олиб кетишининг олдини кам оқсилли махсус парҳез ва аммиакни организмдан чиқариб ташловчи дорилар билан олиш мумкин эди. Шундан сўнг Жессининг ўлими ген терапияси усулларини жорий этишни бошлаётган кўплаб тиббий марказлар учун жиддий огоҳлантиришдек бўлди. Чунки 30 фоиз ҳолларда генларни организмга киритишда ташувчи аденовируслардан фойдаланилади, деб ёзади сcиэнcедайлу.cом сайти.

Нохуш ҳодиса рўй бергач, мамлакатнинг Дори-дармонлар ва озиқ-ов­қат маҳсулотлари бошқармаси жигарга аденовирусларни киритишга қаратилган навбатдаги иккита муолажани дарҳол тўхтатишни буюрди. Кейинги суриштирувларда мазкур хасталикни даволаш жараёнида иштирок этаётган кўнгиллилар организмига вируснинг жуда ҳам кам миқдорда киритилишидаёқ жигарда заҳарли модда ажралиб чиқиши кузатилгани аниқланган. Бироқ Рекомбинант ДНК бўйича консултатив марказга бу ҳақида хабар берилмаган. Агар марказ вазиятдан хабардор бўлганида у тезкор равишда тажрибаларни тўхтатган ва шу тариқа эҳтимол беморнинг ҳаётини сақлаб қолган бўлар эди. Шунга қарамай, Жесси Гелзингер айнан қай бир сабаб туфайли вафот этгани номаълум. Марказ берган маълумотларга қараганда, Гелзингергача 17 нафар бемордан фақат учтасининг аҳволи яхшилангани сезилган. Нима бўлганида ҳам, беморнинг ўлими ташувчи вирусни организмга етказиш методикасини қайтадан кўриб чиқиш талабини туғдирди.

ФАҚАТ ЭЗГУ МАҚСАД КЎЗЛАНИШИ ШАРТ!

«Нейче биосайнс» журналида келтирилишича, айни пайтда кам учрайдиган ва саратон, юрак-қон томирлари ҳамда иммунитет танқислиги касалликларининг 40та турини даволашда ген терапияси усуллари синалмоқда. Бўй ўсишига халал берувчи геннинг ирсий етишмаслиги ҳам бу турдаги муолажа ёрдамида ижобий ҳал этилиши кутилмоқда. Саратонни даволашга қаратилган ген муҳандислиги методлари юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳам анча жадаллашяпти. Бу касалликни даволаш усули сифатида зарарланган ҳужайраларга уларни нобуд қилувчи оқсилларни ишлаб чиқарадиган генларни киритиш кўрсатилиб, бу йўналишда амалий тажрибалар ўтказиляпти. Аср вабоси дея таърифланаётган ОИТС ҳам ген инженерияси ёрдамида даволанишига олимлар катта умид боғлашган. Бу касалликни даволашда қийинчилик туғдирадиган жиҳат шуки, гарчи бу инфектсия орқали юқадиган бўлса-да, вирус ҳужайра геномига тушгандан сўнг у ерда бутунлай қолиб кетади. Шундан ОИТС, саратон каби геном касаллиги сифатида таърифланади. Айни пайтда айнан шу жиҳат уни ген терапияси ёрдамида даволашга умид туғдиради.

Ҳа, чиндан генларни бошқариш, уларни геномнинг белгиланган қисмларига генетик ахборотни ташиш мақсадида киритишга имкон яратадиган янги технологияларнинг пайдо бўлиши биология ҳамда тиббиёт соҳасида улкан бурилиш бўлди. Натижада, ҳозирнинг ўзидаёқ инсон геноми ҳақида тўпланган маълумотлар асосида қатор жисмоний, руҳий ва интеллектуал кўрсаткичларни назарий жиҳатдан яхшилашга эришилган. Бироқ шу ўринда хавотирли савол туғилади: одамзоднинг ўз геноми устидан тўла ҳукмрон бўла олиши фақат ижобий ҳолатмикан? Тўғри, ген терапияси борасида дастлабки шубҳалар асоссиз экани тасдиқланди, бундай муолажа кўплаб касалликларни даволашда мақсадга мувофиқ экани аниқланди. Аммо барча терапевтик чора-тадбирлар фақат аниқ бир шахс — беморга қаратилиши ва айнан унинг касаллигини даволашга йўналтирилиши масаласи ген терапия­си усуллари қўлланилаётган пайтда ягона ва мажбурий чеклов бўлиши талаб этилади. Ҳар ҳолда, дунё мутахассислари шундай фикрни илгари суришмоқда. Улар шу йўл билан юзага келаётган қатор ишончсизлик ва ҳаттоки, норозиликларга қарши туриб, ген терапияси фақат ва фақат шифо бериш, соғлиқни тиклаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилишига эришмоқчи.

Наргиза Иброҳимова
«Маърифат» газетасидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!