Ўттиз йилдан сўнг…

Инсониятга хизмат қилиб келаётган минглаб касб-ҳунарлар асрлар давомида шаклланиб, ривожланган. Баъзи касб-корлар авлоддан-авлодга ўтиб, сулолалар пайдо бўлади. Янги касблар-чи? Тараққиётнинг нақадар тезлашганини қарангки, эндиликда ҳар чорак, ҳар ойда янги касб пайдо бўлиб, таомилга кирса-да, биров ҳайрон бўлмайди. Кўпчиликнинг эсида: бундан атиги йигирма йил аввал биз ҳозир яхшигина ўрганиб қолган кўплаб касблар умуман йўқ эди.
Масалан, тизим маъмури ёки ПК-менежери сингари касблар шулар жумласидан. (Бу рўйхатни ўзингиз ҳам анча-мунча давом эттиришингиз мумкин.) Ғарбда эса ўшанда нанотехнология ва 3Д аниматори касбларининг бўлажак эгалари энди-ендигина шахсий компютерлар билан «тиллашиш»ни ўрганаётгандилар.
Энди нигоҳимизни келажакка қаратайлик: бир неча ўн йилдан сўнг одамлар қандай касблар билан тирикчилик қиладилар? Қандай янги касблар пайдо бўлиб, қайсилари йўқолиши мумкин?

Водород ва темиртанлар

Мутахассисларнинг фикрича, автоматлаштириш ва роботлаштириш жараёни ҳаётимизга кенг жорий этилиши натижасида биз ўрганган жуда кўп касблар бутунлай йўқолиб кетиши мумкин экан. Масалан, дўконларда ҳисоб-китоб тўлиқ автоматлаштирилиши оқибатида кассир деган ходимга ўрин қолмайди. Шунингдек, хат ташувчи ва қирувчи самолёт учувчиси касблари ҳам ўтмишга айланади. Чунки 2036 йилларга келиб, одамлар хат-хабар ва ҳужжатларни тўлиқ электрон почталар орқалигина жўнатишга ўтиб кетади. Ҳавода эса учувчисиз самолётлар муросасиз сўкишаверадилар. Роботлар ҳаммаёқни чиннидек тозалайвергач, фаррошларга ҳам ҳожат қолмайди.
Сезаётган бўлсангиз, киномеханик касби барҳам топади. Тўғри, ҳозир кинотеатрлар яна томошабинлар билан тўлиб боряпти. Лекин яқин келажакда барча филмлар ишқибозларга интернет орқали узатилади. Инсоният «парник эффекти» оқибатида «иссиқ уриши»нинг олдини олиш мақсадида, ёнилғи сифатида водороддан фойдаланишга ўтади. Шунингдек, қуёш, сув ва шамол энергиясидан ҳам кенг фойдаланилади.

Қайси касбнинг бошини тутмоқ керак?

Хавотирга ҳожат йўқ. Маталда айтилганидек, «ишловчига иш, еювчига ош» доим топилади. Негаки, йўқолган касб ўрнида янгиси албатта пайдо бўлади. Йўқса, инсоният ишсизлик ва бекорчиликдан аллақачон эерикиб, худбинлашиб кетарди. Хўш, мутахассислар яқин йигирма-ўттиз йиллардан сўнг қандай касблар туғилишини башорат қилишмоқда?
Масалан, ирсият муҳандислари касби пайдо бўлиб, уларга талаб юқори бўлиши мумкин. Чунки улар иш берувчиларга бўлажак ходимнинг ДНК занжирини «ўқиб», жамийки фазилатлари-ю камчиликлари ҳақида аниқ маълумот берадилар.
Темиртан (робот)лар ҳар қанча мукаммал бўлмасин, барибир уларни Ҳазрати инсон ясайди. Бинобарин, бу темир қавм бузилса, уни таъмирловчиларга эҳтиёж туғилади. Шунинг учун темир-терсак ва электроника буюмларини кавлаштиришни хўш кўрувчилар хавотирланмаса ҳам бўлади: уларга иш етиб ортади. Фақат баъзи механик ва электрончилар озгина малака оширсалар бас, олам гулистон.
Машиналар водородда юргач, ёниғли шаҳобчалари ходимлари ҳам касбларини жиндек ўзгартирадилар. Шу билан бирга, кўриниб турибдики, водород ёнилғисини ишлаб чиқариш бўйича янги технологиялар пайдо бўлади. Бу ўз навбатида, янги корхоналар ва хизмат кўрсатиш тизимларини барпо этиш демакдир. Мана сизга истаганча иш!
Касбни ўзгартириш масаласида қирувчи самолётларнинг учувчилари ҳам ташвишланмасалар бўлади. Улар дирижаблларни бошқаришга ўтишлари мумкин. Келажакда катта умид билдирилаётган бу учиш воситалари аслида янгилик эмас. Дирижабллар ўтган ХХ асрнинг 30-йилларида кашф этилган эди. Мутахассисларнинг фикрича. ҳаво нақлиётининг адолатсиз унутилган бу тури яна осмон кенгликларини забт этиши эҳтимоли жуда катта.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ
«Ҳуррият» газетасидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!