Цилиндр остидаги тафаккур лабиринтлари

Мантиқий масалалар, интеллектуал ўйинлар ақлни чархлаш, фикрлашни янада теранлаштиришга хизмат қилади. Шахмат, шашка, Рубикнинг кубиклари, сонларни кетма-кет йиғиш, аралаш парчалардан яхлит тасвир ҳосил қилиш каби кўплаб қизиқарли машғулотлар одамларни мудом ўзига тортиб келган. Яқинда британиялик олимлардан бири тафаккур оламига яна бир оддий буюм ва унга яширинган ажойиб ўйинни тақдим этди.

У ҳақида журналистлар томонидан билдирилган «энг интригали бошқотирма», «дунёдаги энг қийин ўйин» каби мақтовлар қисқа вақт ичида газета-журнал саҳифаларини эгаллади.

— Бу ПР-акциядан бошқа нарса эмас, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо хулоса чиқаришга шошилманг. Камтар кўринишдаги мазкур ўйинчоқ Рубикнинг кубиклари каби машҳур бўлишни истайди. Бу бежизга эмас, — дейди кашфиётчи Крис Питт.

Босқичма-босқич

Бешта даражадаги мураккаблик мос равишда кўк, яшил, бронза, кумуш ва олтин ранглар билан ифодаланган. Айни пайтда уларнинг учинчи вакили Атлантика уммонининг икки соҳилида оммавий тарзда сотилмоқда.

«Ер шарининг кичигу каттаси бирдек биладиган Эрно Рубикнинг ўйлашга мажбур қиладиган ўйинчоғи ўрнини ХХИ асрда британиялик кашфиётчи Крис Питтнинг ақлдан оздирадиган «Ревомейз» бошқотирмаси эгаллаши кутилмоқда», — деб ёзади «Мембрана» манбаси.

Мазкур янгиликнинг кўк рангли биринчи варианти 2009 йилнинг март ойидан бошлаб Европа, АҚШ ва Канада дўконларига чиқарилганди. Аввалига харидорлар уни «писта пўчоғи» деб ўйлашди. Аммо адашишганди. Ушбу қурилма сийратида чуқур тафаккур ўйинлари акс этган ва чигалликда тенгсиз мукаммал оддийлик намунаси эди.

Сабаби узунлиги 10 см., диаметри 5 см. ва оғирлиги 600 гр. бўлган металл тсилиндр ўртасидаги ғўлачанинг икки тарафи гайка билан маҳкамланган ва уларни асосий корпусга мос равишда бураб, ҳаракатлантириб, ўйинчоқ ичидаги ўқни ташқарига чиқариш анча тер тўкишга мажбур қиларди.

Бор-йўғи шу эмас

Кимдир «бор-йўғи шуми?» дейиши ҳам мумкин. Лекин мақсадга эришиш учун тсилиндр юзасига яширилган ва қийшиқ-қинғир кесимлардан иборат лабиринтни босиб ўтиш лозим эди. Аслида ўйин жозибаси ҳам шунда. Биринчидан, лабиринт тўлиқ кўринмайди: тсилиндр ичида қолдирилган бўш юзани ана шу
«бошоғриқ»қа жавоб топиш билан ўзлаштириш керак. Бунинг учун туйғулар, макон (масофа, юза)ни тахмин қила олиш лаёқати ва хотирани аниқ ҳаракат ҳамда ҳисоб-китоблар билан уйғунлаштира олиш лозим. У боши берк чизиқлар, йўлдаги айрилишлар ва халқаланган қопқон — ҳудудлар билан тўлиб-тошган. Биргина хато қадам ҳаммасини бошидан бошлашга мажбур этади. Бошқотирмани қаттиқ бураш нафақат металл ўзакча, балки айёрона сурилмаларни бошланғич ҳолатига қайтаради. «Бу кашфиётимнинг ўзига яраша нозик жиҳати ёки топилмаси десам хато бўлмайди», — дейди муаллиф.

Режада йил охирида дейилган

«Эштон Питт» компанияси «Ревомейз»нинг бешта моделининг барчасини биргаликда расталарга йил охиригача чиқаришни режалаштирган.

Ҳозирги кунда энг оддий мураккабликдаги «Блу» ва «Грин» сотувда. Унинг корпуси мос равишда кўк ва яшил рангда. Силиндрлардаги мураккаблик нима билан боғлиқлигини ишлаб чиқарувчилар маълум қилишмаяпти. Лекин харидорларнинг айтишича, «кўк» ва «яшил»нинг синоатига логарифмик йўл билан эришиш мумкин ва унинг қийинчилик пункти 50та ҳамда 60та дейишмоқда. Уларнинг таннархи 114 доллар.

Бу ҳали «ҳолва»

Компания айни пайтда бошқотирма ечишнинг уддасидан чиққанлар бу ҳақида интернет орқали хабар беришларини таклиф қилмоқда.

— Ҳар бир тсилиндрдаги индивидуал кодга чигал масалани ҳал этибгина эришиш мумкин ва ана шу рақам бизга онлайн тизимида етказилади, — дейди ташкилот веб-координатори.

Крис Питтнинг айтишича, кўк рангдаги ўйинчоқларни дастлабкилардан бўлиб сотиб олган фанатлар топишмоққа жавоб топиш учун икки кун давомида 8-9 соат вақт сарфлашган. Иккинчи рангдаги қурилма билан кечган курашда енгиб чиқиш учун янада кўпроқ соатлар йўқотилган бўлса-да, ҳеч ким бундан ранжигани йўқ. Ахир улар умрини фойдали нарсани англаш учун сарфлашганини яхши биладилар. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, муаллифнинг ўзи «Блу» сирини 39 сонияда «фош қилди».

Сабаби — бу ёқда «бронза» ва «кумуш» бор

6 июлдан бошлаб 121 долларлик ва 80та мураккаблик пунктини ўз ичига олган «Бронз» (бронза) туркуми сотувга чиқарилди. Олим мазкур бошқотирмани тузиш учун анча излангани рост, боиси у «кўк» ва «яшил» «акалари»дан тубдан фарқ қилади. Шунинг учун ҳам компания ўз веб-саҳифасида орадан тўрт кун ўтибгина бутун Европада фақат бир кишигина «бронза»нинг ечимини топишга муваффақ бўлганини фахр билан эълон қилди. Бугунги кунда учинчи босқичдан ўтганлар сони 20 нафарга етган. Айримлар унга ечим излаш жараёни хусусидаги фотолавҳани интернетга жойлаштиришган. Аммо бу — фойдасиз. Боиси ҳар бир ўйинчоқ такрорланмасдир. Уқув, хотирани тоблайдиган мазкур ўйинларнинг ўзига хос силсиласи тўртинчи авлод вакили — 130 долларлик «Силвер» (кумуш) билан давом эттирилди.

— Унинг мураккаблик рейтинги 90 балга тенгдир. Тахминларимизга кўра, энг уста мухлис «кумуш»нинг кодини қўлга киритиши учун 40-100 соат баҳридан ўтади. Ҳозирча топағон шоввоз топилганича йўқ, — дея таъкидлади Питт.

«Олтин»га етишиш учун ҳали анча бор

Бешинча даражадаги «Ревомейз» одатдагидек «Голд»(олтин) номини олади ва айни пайтда унинг лабиринтларини тузиш ишлари давом этмоқда. «Мазкур ўйинчоқнинг сирини очиш деярли имконсиз бўлиб, унинг коэффитсиэнти 100га тенгдир. «Олтин» модел биринчи расмий туркумнинг чўққиси бўлади «, — деб ёзади «Эштон Питт» компанияси ўз маълумотида.

Сўнгги қурилма келгуси йили 8 апрел куни бошланадиган «The Gadget Show Live NEC Birmingham 2010» кўргазмасида ҳам намойиш этилади.

Таклифлар оҳанрабоси

Айланувчи лабиринт ҳозирча жуда катта миқдордаги ишқибозлар аудиториясини йиғмади, лекин Питт бошчилигидаги компания ўзига тортадиган таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор бермоқда.

Хусусан, кимки бошқотирма ечимидан сўнг қўлга киритилган кодни биринчилардан бўлиб «Ревомазе Чалленге 2009-2010» электрон мусобақаси сайтига йўллаб, рўйхатдан ўтса, у мукофотлардан бири (ўйин приставкалари, камералар, плеэрлар)ни қўлга киритиш имконига эга бўлади. Энг асосийси бу эмас. Изланишлардан чарчамай, беш хил рангдаги ўйинчоқдаги кодларни умумлаштириб, яхлит калит сонга эга бўлган биринчи бахтли инсон 5000 фунт стерлинг миқдордаги «жекпот»ни ўзиники қилиб олади.

«Мембрана»нинг маълумотларига кўра, мукофот эгалари икки ҳудудга бўлинган ҳолда танланади. Биринчиси — «Лондон» гуруҳига Буюк британиялик харидорлар киритилган. Иккинчиси «Лас-Вегас» номини олган бўлиб, у АҚШ ва Канада фуқароларини бирлаштиради. Ушбу рўйхатдан ҳакамлар ҳайъати олдида бошқалардан олдин бошқотирмаларга ечим топишнинг уддасидан чиққан 212 нафар (ҳар бир гуруҳда 106 нафардан) мижоз ўрин олади. Улар чемпион деган номга эга бўладилар.

— Бу билан интеллектуал мусобақа якунига етмайди. Чемпионларга ўз қобилиятларини янада такомиллаштириш учун маълум вақт берилади. Шундан сўнг зўрлар ичра зўрни аниқлайдиган финал баҳсига старт берилади. Кимки ҳал қилувчи баҳс учун махсус чиқарилган «Ревомейз Перпл» (пушти) ўйинчоғидаги кодни биринчи бўлиб топса, улоқ шу кишида кетади, — дейди Крис Питт.

Унга катта миқдордаги соврин жамғармасининг 30 фоизи топширилади. Қолган маблағ «Олтин», «Кумуш» ва «Бронза»ни энг тез бўйсундирган ўн нафар финалчи (икки гуруҳдан беш нафардан) ўртасида тақсимланади.

Ҳам арзон, ҳам енгил, ҳам оммабоп

Иқтисодий нуқтаи назардан ҳам бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилаётганига алоҳида урғу бериш керак. Ташкилотчилар ўйинчоқнинг нархини янада арзонлаштириб, миллионлаб мухлис орттиришни мақсад қилишган. Бу йўлда яқин кунлар ичида елимдан ясалган ва 200 граммлик «Ревомейз Экстрим» туркумидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

«Елим эрмак катта ададда сотилса, Рубикнинг кубикларини ортда қолдириш янада осонлашиши шубҳасиз», — деб ёзади «Эштон Питт» компанияси мутасаддилари. Ҳар ҳолда муаллиф ҳам оригинал лабиринтда роҳат олишнинг гашти узоқ вақт эсда қолишига ваъда бермоқда.

Шунга қарамай, пластмассали тсилиндрдаги лабиринтлар металл муқобилларидек мукаммал аниқликка эга эмаслигини айтиб ўтиш жоиз. «Бу хатолик 0,01 мм. билан тенгдир», — деб ёзади ташкилот ўз электрон манбасида.

«Экстрим» тўрт босқичли мураккабликдан иборат бўлиб, улар ўйин буюмларида мос ранглар ва номлар, яъни «Блу» (кўк), «Грин» (яшил), «Блек» (қора) ва «Ред» (қизил) билан ифодаланган. Туманли албионда уларнинг бошланғич нархи 32 доллар дея баҳоланмоқда. Дўконларда шу йилнинг 30 ноябридан пайдо бўлади.

Яхши қарши олинган янгилик

— Ўйинчоқлар 12 ва ундан катта ёшдагилар учун мўлжалланган. «Ревомейз» ўсмирлар ва катта ёшдагиларнинг тафаккурини синовдан ўтказиш, ўстириш имкониятини беради. Ўз кашфиётимдан фахрланган ҳолда бу йўлда ҳали мукаммаллик сари интилишда давом этишимни ҳам айтиб ўтмоқчиман, — дейди Крис Питт.

Кимдир бу гапларни бозор иқтисодиёти шароитида катта даромад кўриш билан боғлайди, бошқаси ихтирочининг истеъдодига қойил қолиб, унга тасанно айтади. Лекин нима бўлганда ҳам навбатдаги интеллектуал янгилик ижобий кутиб олинди ва у аста-секинлик билан оммалашиб боряпти.

Саиджон Махсумов,
«Маърифат» газетасидан олинди.

 


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!