Механик цивилизация ажойиботлари

Илм-фаннинг тараққиёти башарият дуч келадиган қийинчиликларни енгиб ўтишига хизмат қилиши, шубҳасиз. Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда одамларнинг оғирини енгиллаштираётган роботлар ва уларнинг хилма-хил олами ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш одат тусига кирди. Робот аслида чех тилидаги “робота” сўзидан олинган бўлиб, эрксиз ишчи маъносини беради. Унга энциклопедияда шундай изоҳ берилган: “инсоннинг ҳаёти учун хавф­ли шароитлар, бориш қийин бўлган обЪектлар (сув ости, космос)да киши функциясини қисман ёки тўла бажарувчи машина”.

Бундай машиналарни ясаш саноати Япония ва Германияда ўз чўққисига етган дейишади.

Яқинда ертўласида ётган эски скутер (моторли пойга қайиғи), уй сигнализацияси деталлари ва автомобилнинг эски чироқларидан ўзига хос қўриқчи роботни ясаган олим ўз ижод маҳсулини ўртоғига совға қилди. Энди «темир одам» янги эгасининг кафесини безорилардан қўриқлайди. У одамлар билан гаплашиш, зарурат туғилса, уларни иссиқ сув отадиган қуроли билан қўрқитиш қобилиятига эга. Бу энг содда робот турларидан бири. Шу маълумот орқали йирик илмий лабораторияларида яратилган роботлар қай даражада мураккаб вазифаларни бажара олишини тасаввурда гавдалантириш мумкин.

Илгарилари фантаст ёзувчилар фақатгина хаёлларини ўз китобларига туширган бўлса, бугун тад­қиқотчилар ана шу ўйларни ҳақиқатга айлантиришмоқда. Улар ясаган темир дастёрларини ихтиёрий мақсад сари йўналтира оладилар. Масалан, роботлар бугун сув ҳавзасини тозалаш, қорни курашдан тортиб, футбол ўйнашни ҳам уддалашмоқда. Мазкур янгиликнинг айримлари ҳозирча тажриба нусхаси бўлса-да, баъзиларини, жумладан, И-Кйбие русумидаги робот-кучукни дўконлардан харид қилаётганлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда.

Робот-ҳайвонлар

И-Кйбие бозор расталарига анча олдин чиқарилган бўлиб, у доберман нас­лидаги кучукчани эслатади. Ўз қилиқлари билан табиий нусхадошидан қолишмайдиган робот-ит ўз хўжайинини таниши, буйруқларни бажариши, ҳуриши ва шунга ўхшаш жараёнларни бекаму кўст бажариши мумкин. И-Кйбие дастлаб ўзини кучукчалардек тутса-да, вақт ўтиши билан дастур асосида ўсиб, ўрганиб боради. Махсус датчик (қабул қилувчи ва узатувчи қурилма) орқали темир уй ҳайвонининг фаолияти тартибга солиниб, унинг баланд жойлардан йиқилиб тушиши, тўсиқларни четлаб ўтиши ва бинода бемалол ҳаракатланиши таъминланади. Агар у йиқилиб тушса ҳам туриб йўлда давом этиб, бошқа темир дўстлари билан мулоқотга кириша олади.

Унинг энг яқин таниши Япониянинг Сонй компанияси томонидан 1999 йил яратилган Аибо роботидир. Айнан Аибо роботларнинг ­янгича оламига тамал тошини қўйиб берган, дейиш мумкин. Бугунги кунда унинг турли хиллари мавжуд бўлиб, уларнинг орасида бир нечта кучук наслларининг қиёфадошлари бор. Шулардан энг сўнггиси 180 тагача овозли буйруқларни бажаради. Аибога бўлган эҳтиёж кутилганидан зиёда бўлиши тадқиқотчиларни электрон-мушук ясашга ундади. Натижада майин жун билан қопланган НеКоРо робот-маллавой дунёга келди. Қулоғи ва кўзи атрофига ўрнатилган тактил-сенсорлар унинг ҳаракатларини янада табиийлаштиришга хизмат қилади. Эгаси робот-мушугини қанча кўп эркаласа, унинг ёқимли қилиқлари шунчалик бойиб боради. Акс ҳолда НеКоРонинг содда ўйинчоқдан фарқи қолмайди.

И-Кйбие, Аибо ва НеКоРо ёқмаганларга Робораптор электрон динозаврини синаб кўриш тавсия этилмоқда. Икки оёғида ишончли югуриш, сакраш ва тишлаш имконига эга бўлган кўҳна ­йиртқичнинг робот варианти уч, яъни ов қилиш, ниқобланиш ва ўйнаш тизимида ишлайди. У хўжайинининг истагига қараб ўз ҳаракатларини ўзгартира олади.

Механик кучук, мушук ва динозаврлар кўнгил очиш, ҳордиқ чиқариш воситаси бўлса, роботқушлар жамоатчилик учун фойдали ишларни бажаради. Улар аеропорт, чиқиндихоналар ва голф майдонлари яқинида ўралашиб юрган ҳақиқий қанотли рақибларини ҳайдаб юборади. Робот-лочин ва робот-қирғийларнинг қанот қоқиши, думи рул вазифасини бажариши табиийликка яқин. Айни пайтда Амстердам аеропортида шу каби робот-қанотлилар синовдан ўтказилмоқда.

Баъзи махсус хизмат тизимларида ҳам робот-йиртқичлардан фойдаланиш одат тусига кириб боряпти. Масалан, Бостон Дйнамикс компаниясига тегишли Биг Дог робот-кучуги турли юкларни ташиш чоғида ўз мувозанатини турли шароитларда, хусусан, кучли зарбалар (масалан, портлаш тўлқини) қабул қилганда ҳам сақлай олади. Унинг ўргимчак инини эслатиб юборадиган панжалари ҳар қандай баландликни ишғол этиш имконини беради. Биг Догни бугунги кунда Пентагон айрим операцияларида қўллайди.

Робот-одамлар

Робот ишлаб чиқарувчи мутахассисларнинг энг асосий орзуси инсонга ўхшаш темир машиналарнинг энг мукаммалини яратишга қаратилган. Кўплаб саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳалигача улар бу борада ёрқин натижага эриша олмаганлар. РЕЕМ-Б русумидаги робот-ёрдамчилар кўплаб фойдали функцияларга эга бўлса-да, унга юқоридаги темир ҳайвонларда мавжуд бўлган табиийлик етишмайди. РЕЕМ-Б одамларни таниши, предметларни олиб бериши, харитани кўздан кечириб, керакли манзилга етиб бориши мумкин. Яқин келажакда олимлар бу борадаги ишларини янада такомиллаштиришни мўлжаллашган. Япониянинг Тоёта контсерни мазкур соҳага катта эътибор қаратиб, ҳозиргача робот-мусиқачини яратишга муваффақ бўлди. “Юлдузлар ­жанги” кинотуркумидаги андроидни эслатувчи роботлар сурнай ва скрипка чалишга “ўргатилган”. Робот-санъаткорларнинг нозик бармоқлари машҳур мусиқачиларникидан намуна қилиб олинган. Айни пайтда Тоёта раҳба­рияти тобора кексайиб бораётган япон халқининг қарияларига яқиндан ёрдам бе
радиган робот-ёрдамчиларни яратиш борасида танлов эълон қилган. Бошқа бир автомобил контсерни Ҳонда ҳам робот-одам ясаш йўлида изланишлар олиб бормоқда. Унга тегишли бўлган АСИМО роботи горизонтал йўналишда эркин ҳаракатланади, зиналардан кўтарилади, юк ташийди, саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашади, инсон нутқини тушуниб, саволларга жавоб беради.

Роботларнинг интеллектуал сало­ҳияти ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Роботлар ўртасида футбол бўйича РобоКуп турнири ўтказиб келинаётганига ҳам кўп бўлгани йўқ. Мазкур мусобақа ҳар йили ташкил этилади. Ушбу турнир савияси роботларнинг сало­ҳиятига боғлиқ равишда ошиб бормоқда. Илк бор 1997 йили ўтказилган чемпионатда роботлар коптокни зўрға топишарди. Бугунги кунда улар майдон бўйлаб тўп билан бемалол ҳаракатланиши, тактик-стратегик усуллар ва финтларни амалга ошириши мумкин. Мазкур беллашувлардан кўзланган глобал мақсад 2050 йилга бориб робот-футболчилардан иборат клублар ҳақиқий профессионал жамоалар билан баҳслашишидан иборат.

Роботлар тамаддуни

Роботларнинг даражаси унчалик мукаммал бўлмаса-да, уларнинг турфа хиллиги таҳсинга лойиқ. Олимлар яратган нусхалар ичидаги робот-ўргимчак бош қисми одамникига ўхшайди. Яна бир робот-йиртқич эса шиллиққурт-моллюскаларни тутиб, уларни қайнатиш орқали электрқувват ишлаб чиқаради. Қор курашга ихтисослаштирилгани эса йиғиб олган қордан куб шаклида музлар ясаб, музлатгичлар учун керакли детал етказиб беради.

Бу каби кўп хилдаги мўъжиза-машиналар келажакда қандайдир фантастик дунё вужудга келиши мумкинлигига ишора қилаётгандек кўринади. Айтганча, Буюк Британияда роботларнинг тамаддун моделини яратиш устидаги тажрибалар аллақачон бошланиб кетган. Унда турли роботлар электрон қишлоқларда яшаб, бир-бирлари билан мулоқотга киришади. Механик тсивилизациянинг робот-фуқаролари бир-бирларининг одатларини ўзлаштириш, нусха олиш орқали янгича маданият ёки таъбир жоиз бўлса, микроеволюцияга замин яратиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳозир турли кинофилмлар ва мулт­филмларда акс этган тасвирларда ҳам ана шу олимлар билан маслаҳатлашганлик яққол сезилиб туради.

Саиджон Махсумов
“Маърифат” газетасидан олинди.