Бухоро амирлигининг таланган олтинлари

Ўз вақтида ёзиб қолдирилган ҳужжатлар ва тарихий манбалардан, тарихчи олимларимиз кейинги пайтларда олиб борган жиддий тадқиқотлардан аёнки, террорчи қизил имлерия большевиклари Бухоро амири хазинасидан тонналаб қўйма олтин ва кумуш, миллион-миллион сўмлик олтин, кумуш тангалар ҳамда олтин баробар бошқа қимматбаҳо бойликларни ташиб кетганлар. Жумладан, олимларимиздан И. Йўлдошев ва Н. Ҳайдаровнинг «Амир Олимхон хазинаси қаерда?» мақоласида («Фан ва турмуш» журнали, 1991, 10- сон) таъкидланишича, 1914 йилдан олдин амир хонадонига тегишди олтин, кумуш пуллар ва бошқа қимматбаҳо зеб-зийнатлар рўйхатини акс эттирувчи дафтарларнинг ўзи тахминан бир ярим олчин (бир олчин 70 см га тенг) қалинликда бўлган. Мазкур мақолада Туркистон жадидларннинг отаси маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чиқарилган «Ойина» мажалласининг 1914 йилги 25-сонида бир кўчирма келтирилади. «Ҳозир Бухоро амирининг тасарруфида бўлган хазинанинг аҳчаси (олтин ва кўмуш) шу даражада мўлки, ҳеч бир давлат хазинасида бу даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул ёмбилар бўлмаса керак. Бухоро амирининг саройларида сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин, эни 20 олчин ва баландлиги 8 олчин бўлган бир тоғдан иборатдир. Бу хазинадан ташқари 3 олчин катталикда яна бир ертўла хазинаси бўлиб, у рус, Бухоро ва бошқа бир қанча давлатларнинг олтин пуллари билан тўлдирилган. Амирнинг олтин ва кумуш хазиналари, унга қарашли банкларда ҳам сақланган. Масалан, Чоржўй беклигида Амирнинг ўн пуд (160 кг), олтин ва минг пуд (16 тонна) дан ортиқроқ кумуш тангалари бўлган. Шу билан бирга, Бухоро амирлигида олтин конлар бўлиб, хазина улардан аср бошида қазиб олинган олий сифатли олтин эвазига тўлдирилган». Энди шу охирги жумлага эътибор берайлик. Мақолада ёзилишича, Бухорода ҳақиқатан ҳам олтин конлар кўп бўлган. Нурота тоғи ёнбағирларидаги Синтоб, Зармитон, Мурунтов кабн саккизта олтин, кумуш конлари қадим замонлардан буён маълум бўлган. Мурунтовдаги олтин конидан эса асримиз бошидагина эмас, балки неча юз йиллар аввал ҳам фойдаланиб келинган.

Ушбу сатрлар муаллифи камина Мурунтов олтин кони тарихи билан қизиқиб, 1972 йилнинг баҳорида машҳур геолог олим, академик И. Ҳамробоевга: «Бухоро тилласи Совет давридагина маълум бўлдими ёки Мурунтовни илгари ҳам билишармиди?» — деган савол билан мурожаат қилганимда, у киши:

«Бухоронинг шуҳратини оламга ёйган, амирлик қувватини оширган унинг Мурунтовдаги тилласи бўлган. Тилла кони VIII асрда араблар босқини даврида ҳам маълум эди. Фақат у сир тутилганди. Биз, совет олимлари, Мурунтов конини эллигинчи йиллардагина аниқлашга муваффақ бўлдик».

«Бухоро амирининг олтинлари» сарлавҳали мақола муаллифлари Ҳ. Узоқов, С. Холбоев жиддий тадқиқотлар натижасида амир қушбеги томонидан рўйхатга олинган бойликларни аниқладилар: «Бухоро тилласи— 1,148.380 дона, рус тилласи — 4,365.100 сўм, ёмби ҳолидаги Гамбург тилласи— 1,108 пуд (17 тонна 728 кг), ёмби ҳолидаги Гамбург кумуши — 2,844 пуд (45 тонна 404 кг), рус кумуш тангалари —1,385 пуд (22 тонна 160 кг), Бухоро хазинаси — 62,834.780 дона, Бухоро мис тангаси — 731 пуд (5 тонна 50 кг), рус банки кумуши—-864 пуд (13 тонна 734 кг) ва ҳоказо, жами 34 номдаги қимматбаҳо нарсалар рўйхатга олинган.

Амир қушбеги қайд этган хазина бойлиги тахминан қуйидагича баҳоланган: Бухоро тилласи— 5 милллион 741900 сўм, рус тилласи — 4 миллион 378100 сўм, Гамбург кумуш ёмбилари— 1 миллион 706400 сўм, майда рус кумуш тангалари — 346200 сўм. Бухоро тангаси (15 тийинлиги)—9 миллион 425217 сўм, Бухоро мис тангаси 4386 сўм, тилла кукуни 266592 сўм, тилла буюмлар (20458 дона)—9 миллион 883214 сўм, турк тилла лираси — 90420 сўм. Чет эл тиллалари — 18254 сўм, 150 карат бриллиантлар — 1 миллион 730600, қизил ёқутлар — 209176 сўм. марваридлар — 9 миллион 500 минг сўм, бриллиант узуклар ва бошқалар — 230400 сўм. Гамбург кумуш ёмбилари 746590 сўм, тилла парчалари—150 минг сўм, кумуш парчалари — 50 минг сўм, жами 73 миллион 252 минг 380 сўмни ташкил этади.

Амир ва унинг оилаларига тегишли буюмлар қиймати: бриллиантлар — 522 минг сўм, буюмларга қадалган бриллиантлар — 1 миллион 730950 сўм, қимматбаҳо тошлар — 1 миллион 34140 сўмнн ташкил этади».

Шуни айтиш кераккн, Бухоро амирлиги ҳукмдорлари: бош вазир ҳисобланган қушбеги, қозикалон, раис, хазинабонлар, бой савдогарлар ва бошқа амалдорларнинг ҳам катта жамғармалари бўлган. Мазкур мақолада Бухоро амирлигининг қозикалони Бурҳониддиннинг шахсий бойлиги «товар» ишида тўпланган ҳужжатлар асосида ҳисобланган, у қуйидагича:

Гамбург тилласи ёмбилари 38 пуд (608 кг), тилла буюмлар 85 пуд (1 тонна 360 кг), кумуш буюмлар — 30 пуд (1 токна 440 кг) кумуш ёмбилар— 14 пуд (224 кг), бриллиантлар — 920 карат, кимматли тошлар— 14 пуд. Рус тилла тангалари — 86500 сўм, чет эл тилла тангалари — 4468 тўплам (1 тўпламда бир неча — 10, 20, 50, 100, ҳатто 1000 танга ҳам бўлиши мумкин). Бухоро тиллалари 286014 тўплам, Бухоро тангалари— 7 миллион тўплам, Рус банки кумушлари— 128987 сўм (Ўз МДА, ОФ 243-иш, 2-бет). «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1992, 33- сон.

Бу биргина қозининг жамғармаси, холос. Амирлик даврида ҳукмрон бўлган катта-кичик амалдорлар, дарбор аҳлининг ҳар бирида миллион-миллион олтин танга пуллари, зеб-зийнат ва қимматбаҳо бойликлари борлигини ёзувчи Садриддин Айний ўзининг «Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар» номли тарихий асарида муфассал баён этган. Амир ғазабига учраган барча катта-кичик амалдорларнинг мол-мулклари мусодара қилиниб, амирлик хазинасига келтирилган.

Мазкур мақолада махфий ҳужжатнинг «Правители» деб номланган саҳифаларида Фрунзе бошлиқ большевиклар босқини даврида амирнинг Бухородаги хазинасидан Москвага олиб кетилган олтин, кумуш, зеб-зийнатлар, қимматбаҳо бойликлар ўн, ўн учтадан кам бўлмаган қизил ҳарбий вагондан иборат бир неча эшелонни ташкил қилганлиги қайд этилган. Дарҳақиқат, фақат Бухорогина эмас, балки бутун улуғ Туркистон большевиклар босқини даврида хонавайрон бўлди. Юртнинг бебаҳо бойлиги марказга ташиб кетилди.

Халқимизнинг севимли, ардоқли фарзанди Убайдулла Хўжа ўғли Файзулла Хўжа (1896—1938) Бухорода миллионер савогар оиласида дунёга келди. Унинг савдогар отаси ҳамда амакиси Латифхўжа қоракўл тери, пахта ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар билан Россия ва хорижий мамлакатларда савдо-сотиқ ишларини олиб борган. У ўғли Файзуллага тижорат сир-асрорларини ўргатиб, Москвада 5 йилча (1907—1912) таҳсил олишига кўмаклашган. Бироқ ўқишни тугатган ёш Файзулла отаси хоҳлаган тижорат йўлидан бормай, меҳнаткаш халққа кўмак берувчи маърифатпарварлик ва исёнкорлик йўлини танлаган. Файзулла Хўжаев отаси орттирган бойликка бойлик қўшмади, тўғрироғи, тижорат йўли билан бойлик орттиришга қизиқмади. Файзулла Хўжанинг отаси Убайдулла Хўжа 1912 йилда Маккага ҳажга боришни ихтиёр этади. У ёлғиз ўғли Файзуллани ва икки-уч мирзоларини олиб, ҳажга жўнар экан, барча бойликларини укаси Латиф Хўжа иҳтиёрига топшириб кетади. Бироқ бевафо ҳаёт, бебаҳо бойлик унинг ўзига ва ёлғиз ўғли Файзуллога вафо қилмайди. Хажга йўл олган Убайдулла Хўжа Боку орқали Батумига етганида жон таслим қилади. Ота васиятига кўра, ёш ўспирин йигит Файзулла Хўжаев икки-уч мирзолари ҳамкорлигида меҳрибон отаси жасадини юртига отиб келиб, Бухорои шарифга дафн эттиради. Файзулла Хўжаев ота мерос бойликларининг бир қисмини Бухоронинг маърифатпарвар жадидларига харж этади. Жадидлар томонидан хорижга ўқишга юборилган ёшларга ва янги услубдаги жадид мактаблари, маориф ва матбуот ишлари ривожига яқиндан моддий кўмак бериб боради.

Довюрак инқилобчи, давлат ва жамоат арбоби, командарм, ЎзССР Халқ Комиссарлари Советининг биринчи раиси (1925—1938), юрт фарзанди Файзулла Хўжаевнинг отамерос бойлиги тўғрисида турли гаплар юради. Баъзиларнинг айтишича, Ф. Хўжаевнинг отаси Убайдулла Хўжадан қолган бебаҳо бойликнинг бир қисми хорижда, Швейцария банкида сақланар эмиш. Бу гапда қанчалик ҳақиқат борлиги бизга қоронғи. Бироқ, Бухоро инқилобидан икки-уч йил илгари, 1917 ва 1918 йилларда Бухоро амири Сайид Олимхон маъмурлари томонидан Файзулла Хўжаев уни талон-торож қилинганлиги тўғрисида адиб Садриддин Айний ўзининг «Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар» номли асарида анча батафсил маълумот берган. Бу гапларни Ф. Хўжаевҳам ўз мақолаларида мухтасар ёзиб кетган.

Она-Ватан фидойиси, халқимизнинг севимли фарзанди Файзулла Хўжаев ва унинг оиласи бошига тушган фожиалар тўғрисида ўқувчилар ушбу сатрлар муаллифининг «Файзулла Хўжаев» китобидан («Ўзбекистон» нашриёти, 1990) батафсилроқ билиб олишлари мумкин. Дарвоқе, машҳур чех адиби Эгон-Эрвин Киш Файзулла Хўжаев ҳақида: «Ҳоким ғанимлар Файзулла Хўжаев боши эвазига шунчалик кўп олтин ваъда қилган эдиларки, дунёдаги бирор бош бунчалик юқори нархланмаган эди», — деб ёзганди.

Таниқли ёзувчи Душан Файзий «Бормисан, эркинлик» номли мақоласида («Гулистон», 1991,4-сон) Бухоро воҳасида большевиклар томонидан амалга оширилган инқилоб туфайли юрт бойлиги талон-торож қилинганлиги, меҳнаткаш халқнинг иқтисодий аҳволи ночор ҳолга тушиб қолганлиги тўғрисида ёзади: «Саркарда Фрунзенинг ҳарбий қисмлари шаҳарни тўпга тутар экан, қўмондоннинг ўзи Когон шаҳридаги сув тақсимловчи минора тепасида туриб, дурбин орқали Бухоронинг аянчли аҳволини, кули кўкка совурилаётган шаҳар Арки, мадрасаю мачитларни, чанги осмонга чиқаётган уй-жойларни, халқнинг оҳу фарёдини томоша қилиб турарди. Бу қанақа «халоскорлик?» Октябрь инқилобининг «озодлик» нурлари деганпмиз шуми?! Эртаси куни (1920 йил 3 сентябрь) тонготарида думига 13 та юк вагони тиркалган паровоз Когон темир йўл бекатидан Петербургга қараб йўл олди. Бу вагонларда Бухоро Аркидан, амирлик хазинасидан талаб олинган олтин ва олтин буюлар, тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо ашёлар кетаётган эди».

Ёш Бухоро Шўролар Жумҳурияти учун 1921 —1923 йиллар ҳар томонлама оғир давр бўлди. Бухорода зўрлик билан амалга оширилган инқилобдан, «янги ҳур» ҳаётдан одамлар норози эдилар. В. И. Лениннинг шогирди, Туркистон фронти қўмондони М. В. Фрунзе буйруғи билан Бухоро 12 та самолётдан бомбардимон қилиниб, тўпга тутилиб, вайронага айлантирилди, амир хазинаси таланди. Совет мамлакатидаги иқтисодий танглик, ўлкани харобаликларга айлантирган инқилоб ва фуқаролар урушининг вайронагарчиликлари бу ерда ҳам ўзининг салбий асоратини қолдирган эди. Ана шундай нқтисодий қийннчилик даврида марказ ташаббусни ўз қўлига олди, В. Ленин гумашталари Бухорога, Туркистонга юборилди. Бухоронинг собиқ амири Саид Олимхон Аркни тарк этиб, Афғон юртига ўтиб (1921 йил февралида) кетганидан кейин амирдан қолган жуда катта хазина эшелонга ортилиб, Москвага олиб кетилди. Эшелонга юкланган олтин-кумушлар, қоракўл тери ва қимматбаҳо буюмлар, бойликлар хориждан паровоз, вагонлар сотиб олишда, хўжалик вайроналикларини тиклашда қўл келди. Марказга ташиб кетилган бу бойликлар миқдори ҳамон сир тутилмоқда.

Совет ҳукумати оғир кунларни бошидан кечираётган НЭП — янги иқтисодий сиёсат даврида жамоат арбоби Файзулла Хўжаев ташаббуси билан Бухородан Тошкентга темир йўл состави юборилади. Бухоро ҳукмдори амир Олимхон Фрунзе, Куйбишев бошлиқ большевиклар ҳужумидан қочиб юртнни тарк этгандан кейин 1921 йилда амир хазинасидаги катта бойлик ана шу эшелонда Тошкент орқали Москвага олиб кетилади. Бу бебаҳо бойлик ўлкадаги харобалик, очарчиликка қарши курашда катта ёрдам беради (Қаранг: Файзулла Хўжаев, Танланган асарлар, 1-жилд, «Фан» нашриёти, 1976, 40-бет). Файзулла Хўжаевнинг узоқ вақт Сибирь сургунлари азобини тортган ёлғиз қизи Вилоят Хўжаева 1984 йил 15 июнда камина билан қилган суҳбатда ҳикоя қилишича, Ф. Хўжаевнинг отаси Қосимхўжа ўғли Убайдулла Хўжадан, амакиси Латиф Хўжадан қолган катта бойлик унинг ворисларига вафо қилмаган. Амир Олимхон 1917 йил март ойида жадидлар — ёш бухороликлар билан тўқнашув вақтида ва 1918 йилда Ф. Колесов бошчилигидаги большевикларнинг Бухорога ҳужуми пайтида Файзулла Хўжаевнинг уйини тинтув қилдириб, унинг барча бойликларини амалдорлари, руҳонийларига талон-торож эттиради. Амирга қарши бош кўтарган Файзулла Хўжаевнинг ўзи эса қувғин қилинади. Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Бухорода Файзулла Хўжаев оиласидан ташқари Муҳиддин Мақсудов, Убайдулла Хўжа Қосимов, Латиф Хўжа, Жўрабек Арабов, Нарзуллобек Ёқубов, Азизов каби ўнлаб йирик бой савдогарлар бўлган. Ишончли ҳужжатларда (МДА—-Ф—Р, 46. 1-рўйхат, 122-дело, 2-варақ) ёзилишича, Бухоро халқ инқилоби ғалабасидан кейин Файзулла Хўжаевнинг уйи амир Саид Олимхон маъмурлари томонидан талон-торож қилиниб, бутун бойлиги хазинага ўтказилган. Отамерос бойликлардан 25 пуд қуйма олтин, 4,8 миллион тилла танга (1914 йил пул ҳисобида), 5 пудга яқин кумуш танга, 7 миллион атрофида қарз-кредит ва бошқа қимматбаҳо мол-мулкни Файзулла Хўжаев Совет ҳуқумати ихтиёрига топширган. Унинг бойликларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб бўлган большевиклар мулк эгаси бўлган Файзулла Хўжаевнинг ўзини 1938 йил 15 мартда отиб ўлдирдилар.

Инқилобдан аввал Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман Қўқон хони Худоёрхоннинг қирқта аравадаги хазина бойликларини тортиб олиб, ўзини Оренбург турмасига қамаганини эсланг. Файзулла Хўжаевнинг тақдири ҳам шунга ўхшаш бўлди. Бухоро амирининг бекликлардаги, жумладан, Чоржўйдаги махсус хазиналарида сақланаётган бойликлари инқилобнинг дастлабки кунлариданоқ «Бухоро жумҳуриятини муҳофаза қилиш комиссияси» ихтиёрига ўтказилади. Бу комиссия қўлида тўпланган олтин, кумуш, бошқа қимматбаҳо металл за тошлар кўп ўтмай бир неча вагонда Россияга жўнатилади.

Бухоро амири чет давлатлар билан олиб бориладиган савдо-сотиқдан келадиган даромадларнинг катта қисмини ҳам олтин ва кумуш тангаларга айлантириб, ўз хазинасига тўплаган. Масалан, амирликда ҳар йили ўртача 2 миллион донагача қоракўл тери чет элларга сотилган, шу савдодан келадиган даромаднинг 50-60 фоизини олтин ва кумуш тангалар ташкил этган.

Бундан ташқари асримиз бошида Бухоро амирлиги ҳудудида олий сифатли олтин қазиб олинадиган махсус конлар бўлиб, улардан олинган олий сифатли олтин ёмбилар хазинадаги махсус саночларда сақланган. Хўш, бу хазиналарнинг тақдири нима бўлди? Уларнинг кичик бир қисми амир Саид Олимхон томонидан чет элларга юбориб турилди. «Қутулиш» рўзномасининг 1920 йил 2 июль сонида эълон қилинган «Фуқаронинг молини совурманглар» сарлавҳали мақолада шундай дейилади: «…Жаноби олий Ҳиндистон орқали Лондонга 200 туя қоракўл тери юборган. Ушбу терилар билан маълум миқдорда олтинлар, қимматбаҳо нарсалар юборади. Бу қимматбаҳо моллар ва олтинларни Тўрақул даллол, Қора Мизроб Мирохўр, Қори Муҳиддин, Қоровулбегилар Лондонга олиб кетадилар. Фуқаро молидан бўлган бу нарсаларнй амир юртидан қочирмоқда».

Бухоро амири ўз хазинасидаги қимматбаҳо нарсалардан Машҳадга ҳам юбориб турган. Масалан, 1920 йил июль ойи бошларида Саид Олимхон бу ерга уч туя олтин, 16 туя кумуш, 25 туя қимматбаҳо нарсаларни юборади. Инқилоб арафасида илғор маҳаллий зиёлилар Бухоро хазинасининг чет элга юборилишига қарши чиққан эдилар. Шундай кишилардан бири Абдулвоҳид Мунзим «Қутулиш» рўзномасида боеилган мақоласида: «Бухоронинг олтин, кумуш, қоракўл териси ва шунга ўхшаш бойликлари четга чиқарилмасин»,— дея талаб қилади («Фан ва турмуш», 1991, 10-сон, 10—11 бетлар). Юрт фарзандлари Ф. Хўжаев, А. Фитрат ҳам халқ бойлигини четга чиқаришга қаршилик кўрсатади.

XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошларида Губаревич-Радобилский «Экономпческий очерк Бухари и Туниса» (СПБ. 1905) китобида: «Амирликнинг умумий даромади ва харажатлари 7 миллион сўм бўлган, шундан хазинага 4 миллион сўм тушган»,— деб ёзади. С. Айнийнинг «Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар» китобида айтилишича, амирликнинг умумий даромади 1912 йилда 30 миллион сўмни ташкил этган. Инқилобга қадар амирнинг 6 минг сарбози учун 1 миллион сўм, минг нафар эл навкарлари учун тахминан юз минг сўм маблағ сарфланган. Д. Н. Логофетнинг «Бухарское ханство под русским протекторатом» (СПБ. 1869.) китобида ёзилишича, даромадлар 18 миллион сўмни, харажатлар эса, 2,5 миллион сўмни ташкил этган. Бироқ Бухорода Россия сиёсий агентлиги тўплаган маълумотларга қараганда, 1869 йилда Бухоро амирлиги хазинасида 7349,5 миллион сўм бўлган. Амир қушбегининг маълумотига кўра эса, амирликнинг йиллик ўртача даромади 3 миллион 345 сўмни ташкил этган. Бу ва бошқа бири иккинчисига зид маълумотлардан аёнки, Бухоро амирлиги хазинасининг муайян ҳисоб-китоби сақланмаган. Бухоро ҳукмдорлиги хазинасидан бирор-бир ободончилик, мактаб, сув чиқариш, маориф ва соғликни сақлаш ишига маблағ ажратилганлиги ҳақида маълумот йўқ. Ўз даврининг маърифатпарвар олими Аҳмад Дониш Бухоронинг сувсиз ерларига канал орқали Амударёдан сув чиқариш учун хазинадан маблағ ажратишни таклиф этганида амир унга рад жавобини қилган. Машҳур ёзувчи ва олим Абдурауф Фитрат «Ҳинд сайёҳининг қиссаси»да Бухоро ҳудудида соғлиқни сақлаш, маориф ишлари аянчли аҳволда эканлигини куюниб ёзиб, Бухоро ҳукмдори халқнинг хайрли ишларига хазинадан маблағ ажратмаганидан афсусланади.

Маълумки, инқилобий тўнтаришдан илгари чор Россияси қарамлигида бўлган амирлик ҳудудида рус банклари, савдо-сотиқ тармоқлари, Рус-Бухоро ширкатлари акциядорларининг таъсири кучли эди. Россия ҳукумати Бухоро амирлигини иқтисодий томондан янада маҳкамроқ жиловлаш мақсадида бу ерда қоғоз пул чиқаришни талаб қилади. Бироқ Бухоронинг сўнгги ҳукмдори Саид Олимхон русларнинг навбатдаги алдовига учмади. У қоғоз пул чиқаришга шошилмади. В. И. Ленин йўллаган М. Фрунзе, В. Куйбишев бошлиқ большевиклар 1920 йил 2 сентябрда Бухорони ҳарбий куч билан босиб олиб, воҳада Совет тузуми барпо этганларидан кейингина қоғоз пуллар, заёмлар чиқарилди. Бухоро Халқ Қоммиссарлари Советининг раиси Файзулла Хўжаевнинг ташаббуси билан 10 йилга (1923—1933) мўлжалланган 3 миллион сўмлик тилла заём чиқарилдики, халқ хўжалигини ривожлантиришда, халқ фаровонлигини оширишда унинг аҳамияти катта бўлди.

Профессор Ҳ. Собиров Бухоро амирининг олтинлари хусусида шуларни ёзади: «…Бухоро Шўро Республикасннинг оғир аҳволига қарамасдан, РСФСР марказий ҳукумати буйруғи билан ташиб кетилган олтинлар ва бошқа бойликлар Бухоро Республикаси ихтиёрига қолдирилганда, унинг 3 йил давомида кетма-кет тузилган давлат бюджетлари камомадсиз ёки оз камомадли бўлиши, маориф ва соғлиқни сақлаш тадбирларигагина эмас, балкн уйғонаётган миллий иқтисодий пойдеворни мустаҳкамлашга кескин ижобий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Афсуски, бу маблағларга РСФСР ҳукумати эгалик қилиб, ёш республика нмкониятларини чеклаб қўяди». («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1992, 44-сон).

Таассуфки, тарихда бундай адолатсизликлар, зўравонликлар ҳар доим салбий из қолдирган. Биз ҳам Бухоро амирлигининг олтинлари хусусида фойдали мулоҳазалар юритган тадқиқотчилар фикрига қўшилган ҳолда айтмоқчимизки, совет даврида кейинги 74 йил ичида марказга ташиб кетилган бебаҳо олтинлар, беҳисоб бойликлар тақдири тўғрисида ҳам ўйлашимиз керакдир. Бухоро амири Саид Олимхон ўзининг «Бухоро халқининг хасратли тарихи» номли (Т., 1990) рисоласида, «Амир Олимхон хотиралари» — «Хотирахои Амир Олимхон» (Душанбе, «Адиб», 1992) деб номланган китобчасида Бухоронинг табиий жўғрофияси, воҳанинг табиий бойликлари хусусида шуларни ёзади: «Табиий бойликлари — олтин, кумуш, қўрғошин, мис, темир Бухорода кўп миқдорда топилади. Хусусан. шарқий қисмларида 1 маъданлар, ер мойи борки, улар то шу маҳалгача ишлаб чиқарилмаган табиий бойликлар ичида тери, жун, кўмир, гугурт, нашатир бор. Савдо-сотиқ ишида тери, жун, шойи, гиламлар мамлакатнинг ташқарига чиқадиган асосий молларини ташкил этади. Бухоро мевалари дунёга машҳурдир. Бухоро отлари, хусусан, қорабайир зоти 1914 йилги урушда аҳамият қозониб, яхшилигини исботлади. Бухоро амири қанча минглаб отларни Россия давлатига берди» (Амир Саид Олимхон. «Бухоро халқининг хасратли тарихи. Т., «Фан», 1990. 27-бет). Кўриниб турибдики, Бухоро амири салтанатининг довруғини бой олтин, кумуш, маъдан конлари ва бошқа ер ости қазилма бойликлари таратган.

Бухоро Созет Жумҳурияти 1920 йил 2 сентябрь инқилобидан кейин илм-фанга, маориф, ёшларни ўқитишга жиддий эътибор берди. Бухоронинг истеъдодли сиймолари Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Абдулзоҳид Мунзим (Бурхонов), Қори йўлдош Пўлатовлар бухоролик ва туркистонлик ёшларнинг Туркия, Германияга бориб ўқишларига алоҳида аҳамият берадилар. Файзулла Хўжаев, Абдулвоҳид Мунзим ва Абдурауф Фитрат ташаббуси билан 50 дан ортиқ бухоролих ёш 1921 йилда Олмонияга ўқишга юборилади. Бухоро ҳукумати уларнинг 9—10 йиллик ўқиш харажатлари учун олмон банкига олтин ҳисобидан пул ўтказдиради. Бироқ, минг афсуски, 1924 йилда Бухоро Шўролар ҳукумати тугатилгач, бухоролик талабаларнинг Олмонияда Рус-Бухоро банкида сақланаётган пули Москва очқўзлари томонидан тортиб олинади. Моддий томондан қийналган талабаларнинг бир қисми ночор аҳволда СССРга қайтиб келади. Хориждан қайтган талабалар «немис жосуси» ва «антисовет миллатчи», «халқ душмани» сифатида қаттиқ жазоланадилар. Улар сургун ва қамоқларда шаҳид бўлишади. Буни хорижда яшаётган кекса ватандошларимиз, жумладан, таниқли олим ва жамоат арбоби Вали Қаюмхон шундай ҳикоя қилади: «1924—1925 йилларда Москва элчиси барчанинг юртга қайтишини буюради. Талабалар учун банкка қўйилган ақчалар ва Бухоро тижорат ваколатини, барча ашё ва сармоясини, Бухоро хукуматининг уйларини тортиб олади («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1922 иил 24 апрель). Халқ мулкига кўз олайтириш, миллий бойликларни зўрлик билан тортиб олиш билан суяги қотган большевистик тузум ҳукмдорлари турли баҳона ва бўҳтонлар билан қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ястиғини қуритди.

Амирликнинг нуфузли амалдорларидан ташқари хорижий ўлкаларнинг савдогарлари, амалдорлари, беклар томонидан амирга қилинган тортиқлар, совға-саломлар амирликнинг ташрифот ходимлари томонидан қабул қилиниб, амир хазинасига жойлаштириларди. Садриддин Айнийнинг «Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар» асарида ёзилишича, 1917 йил мартда амирга қарши ислоҳот ўтказиш даврида ҳам 1918 йилнинг баҳорида Ф. Крлесов бошлиқ босқинчи большевикларнинг амир салтанатига ҳужуми даврида ҳам, ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнганидек, минг-минглаб бегуноҳ одамлар қони тўкилган. Бухоро шаҳри ва Бухоро амирлигига қарашли вилоят ва туманларда ҳам мннг-минглаб оддий одамлар, бадавлат савдогарлар, амалдор ва бойлар турли баҳоналар билан ўлдирилиб, уларнинг бутун бор мол-мулки мусодара қилинган. Файзулла Хўжаевнинг уйи ҳам айни шу пайтда (1918—1919 йилларда) бир неча марта тинтув қилиниб, барча бойликлари олиб кетилган эди.

Фрунзе, Куйбишев бошлиқ большевиклар Бухорода инқилобий тўнтариш уюштирган пайтда (1920 йил кузида) Бухоро амири Саид Олимхон олтин-кумуш ва бошқа бойликларини ўзи билан чет элга олиб кетганлиги тўғрисида ҳар хил фикрлар мавжуд. Тарихчи олимлардан Н. Йўлдошев, Н. Ҳайдаров, С. Холбоевнинг мақолаларида таъкидланадики, Амир Олимхон ўзи билан юз аравада олтин ва бошқа қимматбаҳо бойликларни олган, шундан 25 араваси Ғиждувон туманидаги Эшонкўприк ёнида 3. Кужало отяди билан бўлиб ўтган жангда большевиклар қўлига ўтади. Қизил армия бундан ташқари амирликка қарши инқилобий юришлари давомида Нурота, Хатирчи, Кармана бекликларида сақланаётган 1013 пуд олтин ва кумуш тангаларни, гавҳар, ёқут ҳамда бошқа қимматбаҳо металларни мусодара қилади.

Чор Россияси даврида, инқилобдан кейинги қизил большевиклар империяси даврида (1840—1991) бутун Туркистон мулки босқинчилар томонидан талон-торож қилиб келинди. ЧК, ГПУ, НКВД, КГБ тўплаган маълумотларга қараганда, Амир Олимхон большевиклар ҳужумидан Бухорони ташлаб чиқиб кетиши пайтида хазинасидан 2000 карат бриллиант ва олтинни, жами 18 қоп бойлигини ўзи билан бирга олиб кетган. («Ўзбекистон адабиёти ва санъати». 1992 йил 14 август).

«Товар» номли ишда бир ҳақиқат бор, — деб ёзади «Бухоро амирлигининг олтинлари» номли мақола муаллифлари.— Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланишини ўтказиш вақти (1924йил)да маҳаллий туркий ҳалқ қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилади — амирлик мулкига меросхўр Бухоро Шўро Социалистик Жумҳурияти тугатилмасдан анча олдинроқ, энди тарғибот, ташвиқотишлари бошланган бир пайтда Москвада марказий шўро ҳукуматининг катта чиновниклари томонидан хазина бойликлари ҳақида қайднома тузилади, ушбу ҳужжатда Бухоро Шўро Социалистик Жумҳуриятидан олинган олтин, кумуш ва ҳар хил қимматбаҳо осори-атиқалар Давлат хазинаси (Госхран) томонидан қуйидагилар қабул қилиб олинган ва сақланган. Бу ерда жами 9 та қайдномадаги маълумотлар умумлаштнрилган ҳолда келтирилади:

1. 332-қайдномада: олтин ёмбилар — 5 пуду 12 фунт, жами олтин ҳисобида— 112233 сўм 36 тийин.

2 520-қайдномада: олтин — 2 пуду 12 фунт, жами 35 минг 687 сўм 29 тийин, олтин парчалари ва олтин буюмлар — 4 пуду 15 фунт, жами олтин ҳисобида — 46997 сўм 16 тийин, мардон — 34 фунт (суммаси аниқ эмас).

3. 500 ва 519-қайдномаларда: кумуш буюмлар — 224 пуду 01 фунт, жами олтин ҳисобида — 61996 сўм 77 тийин.

4. 519 ва 520-қайдномаларда: буюмларга қадалган қимматбаҳо тошлар, жами олтин ҳисобида — 152831 сўм 8 тийин.

5. 322-қайдномада: рус олтин тангалари, жами 239693 сўм 91 тийин; Бухоро олтин тангалари 54 минг 331 сўм 72 тийин.

6. 327 ва ЗЗ1-қайдномаларда: Бухоро тангалари — 199 пуд 39 фунт (нархи кўрсатилмаган) ва бошқалар, юқоридагиларнинг ҳаммаси олтин пул ҳисобида 3 миллион 168 минг 172 сўм 42 тийинни ташкил этади.— ОФ 243 шт, (29-бет).

Таниқли тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобековнинг ёзишича, ўша қимматчилик кезларида бир пуд ун 95 тийин, гуруч 1 сўм 20 тийин, арпа 60 тийин, узум ва туршак 3 сўм 80 тийин, ёнғоқ 1 сўм 70 тийин, писта вз нок 35 тийин, бодом 70 тийин, бир бош семиз қўй 2 сўмгача бўлган. Юқорида санаб ўтилган олтин, кумуш, зеб-зийнатлар ва мислсиз бойликларнинг олтин пул ҳисобидаги баҳосини шунга қиёс қилиб билиб олавериш мумкин. Уларнинг қадр-қиммати ўша даврдаёқ юксак бўлган, ҳозир ҳам ўз қийматини йўқотган эмас. Бу ўринда яқинроқда Бухоро амири хазинасига тааллуқли яна бир янги маълумот тарқалганлигини айтиб ўтиш мавриди келди. «Труд» газетаси 1992 йил 2 июнь сонида «Хазина топилди» сарлавҳали хабар эълон қилди. Қозоғистон жумҳуриятининг Алмати шаҳрида чиқадиган «Осиё» рўзномаси амир хазинаси тўғрисида шов-шув бўладиган янгилик босиб чиқарди.

Рўзноманинг ёзишича, Франция банкларидан бирида 70 йилдан кўпроқ вақтдан бери Бухоро амирлигининг хазинаси сақланаётган экан. Европада амир хазинасига қизиқиш сусайиш ўрнига борган сари кучайиб боряпти. Хазина бир қисмининг тақдири аннқ: Афғонистонда муҳтожликда юрган амир Сайид Олимхон 1928 йилда ўша вақтда 180 миллион олтин франкда баҳоланадиган хазинасини қайтаришларини сўраб, Францня ҳукуматига мурожаат этганида Париждан: «Пуллар фақат Бухоро халқи талаб этган тақдирдагина қайтарилади», — деган аннқ ва қисқа жавоб олади. Борди-ю, «Осиё» газетасининг хабари ҳақиқат бўлса, унда Бухоронинг сўнгги ҳукмдори Саид Олимхоннинг бу бой олтин хазинаси эндиликда Бухоро меҳнаткашларига насиб этмоғи лозим. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, амир қушбеги томонидан рўйхатга олинган олтинлар ичида амирнинг Франция банкига қўйган 180 миллион тилла ҳақидаги маълумотни учратмаймиз. Айни вақтда Ҳ. Узоқов ва С. Холбоевнинг Бухоро амирининг олтинлари тўғрисидаги мақоласида ҳам бу тўғрида ҳеч нарса дейилмайди. Шундай экан, амирнинг Франция банкига қўйган олтинлари хусусидаги гап-сўзлар изланишни, чуқур тадқиқотни талаб этади. Юқоридаги баён юзасидан ҳақли бир савол туғилиши мумкин: Бухоро амирлиги шунчалик беҳисоб бойликни: олтнн, кумуш, зеб-зийнатлар ва қимматбаҳо мол-мулкни қаердан тўплади за қайси бир олтин конидан қазиб олди экан?

Гап манғит амирларининг сўнгги сулоласи Саид Олимхон устида кетаётган экан, унинг замондошлари Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Мустафо Чўқай, -Садриддин Айний ва Абдулвоҳид (Манзум) Бурҳоновларнинг ёзишларича, Саид Олимхон оврупоча савдо-сотиқ юритишда моҳир тадбиркор ва иқтисодчи тежамкор савдогар бўлган. У ўз музофоти бойликларини жаҳон бозорига чиқариб, энг аввало Россия ўлкалари билан очиқ савдо-сотиқ ишларини кенг йўлга қўйган ишбилармон ва тадбиркор ҳукмдор бўлган. Файзулла Хўжаевнинг таъкидлашича, Бухоро иқтисодий жиҳатдан озроқ ҳунармандчилик ишлаб чиқаришига ва урушдан (1914 йилги жаҳон уруши) олдинги вақтда анча ривожланган савдо-сотиққа эга бўлган аграр-чорвачилик ўлкаси эди. Бухорода аҳолининг 10 фоизи савдо (асосан майда ва қисман яримулгуржи савдо-сотиқ) билан шуғулланиб келган бўлиб, йигирмага яқин пахта тозалаш зазодининг асосий мақсади экспорт қилинадиган пахтани ташиш учун ўнғайроқ ҳолга келтиришдан, яъни тойлашдан иборат эди.

Амирлик иқтисодий жиҳатдан ўз хўжалик тизимининг соддалиги ва равшанлиги билан яхши ажралиб турган. Бухородан Россияга қилинадиган экспорт 88 фоизни, импорт эса 90 фоизни, 1850—1860 йилларда 30-40 минг дона қорақўл терини ташкил этган бўлса, 1911 — 1914 йилларда 1,5 миллион дона қоракўл тери экспорт қилинди. Ф. Хўжаев хўжалик иқтисодиётига доир мақолаларида кўрсатишича, Бухоро амири ва унинг амалдорлари савдо-сотиқ ишларига йилига 1 миллион сўмга якин қарз бериб турганлар. Булардан ташқари, Бухорода ишлаб турган еттита хусусий банк экспорт-импорт операцияларини йилига 40 миллион сўмлик кредит билан таъминлаб турган (Ф. Хўжаев. Бухоро Халқ Республикасининг иқтисодий аҳволи. «Бухоро турмуши» журнали. Москва, 1924 йил, 1—2-сон, апрель—май).

Янги Бухоро-Когонда 1894 йилда очилган давлат банки 90 миллион сўмлик сармояга эга эди. Шундан кейин то 1917 йилги инқилобий тўнтаришга қадар Когонда Рус-Осиё бирлашган банки, Москва ҳисобидаги Азов-Дон бирлашган хорижий савдо банки, Рус-Бухоро банки, Ўртоқлик, Катта Ярослав мануфактура савдо уйи за бошқа банк ва савдо-сотиқ тармоқлари ишлаб турган. Шунингдек, Қогонда Шлосберг, Потеляхоз Вадильни, Модвига Габенек ва Данила, Николаев мануфактура маркази, савдо уйлари аҳоли хизматида бўлган. Бухоро инқилобига қадар Россиянинг Бухородаги дипломатик вакиллари Миллер, Введенский, Шульга кабилар маҳаллий бой ва амалдорлардан катта пора олиб, миллион-миллион пуллари, зеб-зийнатларини Рус-Бухоро банкларида сақланганлар. Ёзувчи С. Айний «Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар» номли тарихий асарида, «Эсдаликлар» китобида Қогондаги рус агентлиги иш фаолияти тўғрисида яхшигина маълумотлар келтирган. Бухоро Халқ Шўро Социалистик Жумҳурияти иқтисодий, хўжалик ва савдо-сотиқ ишларига катта аҳамият берган. Файзулла Хўжаев 1923 йилдаёқ ўн йилга режалаштирилган (1923—1933) олтин заём чиқарган эди. Беш фоизлик бу заём 20—30-йилларда енгил саноат, халқ хўжалигини рнвожлантиришда, меҳнаткашларнинг турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Файзулла Хўжаев Бухоро амири қўшни Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Англия, Олмония мамлакатлари билан кенг равишда савдо-сотиқ ишлари олиб бориб, ўз хазинасини бойитганлигини шундай ифодалайди: «Амир фақат давлат раҳбари, ислом динининг бошлиғи бўлибгина қолмасдан, шу билан бирга катта савдо-саноат мулкига ҳам эга эди. У халқ бутунлай ҳуқуқсиз бўлиб қолган шароитда ўзининг ҳокими мутлақлик мавқеидаи оммани шафқатсиз эзишда кенг фойдаланди. Вазирлар ва катта амалдорлар ҳам бу соҳада ундан қолишмасдилар.

Амир миллион-миллион сўмлик маблағларни савдо соҳасида темир йўл компанияларида, рус ва чет эл фирмаларининг саноат корхоналарида ишга солди. Амир ўз хусусий мулкини давлат ва хазина маблағларидан ҳеч қачон ажратган эмас. Мамлакатнинг бутун бойлиги амирнинг мулки, давлат хазинаси деб ҳисобланар эди. У ўзини халқнинг мулкдори, доимий ҳукмдори деб биларди.

Амир ўз шахсий мақсадлари йўлида фойдаланиб келган маблағлар нақадар катта бўлганлигини фақат зеб-зийнатларга, сарой харажатларига, рус амалдорларини пора бериб сотиб олишга, Россиядаги подшо хонадонига совға-саломлар юборишга қилинган сарф-харажатларни, шу билан бирга бошқа кирим-чиқимларни подшо ҳукуматининг Бухоро ҳукумати ҳузуридаги амалдори (Россиянинг Бухородаги агенти — М. Ҳ.) П. Введенскийнинг биз амир архивларидан топган ва унчалик тўла бўлмаган ҳисоботидаги қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатиб турибди. Бу ҳисобот амирлик ағдарилмасдан бир неча ой муқаддам, 1920 йилнинг бошида амир ҳукуматининг талаби билан тузилган эди. Мана шу ҳисоботга қараганда, Файзулла Хўжаев ёзганидек (уч томлик танланган асарларикинг 1-томи), ўша вақтда рус капиталистларининг савдо ва саноат корхоналарига амир томонидан бериб қўйилган маблағлари қуйидагича бўлган[1].

 

Жаноби олийларининг рус корхоналаридаги иштироки

I. Нақд капитал

1. Рус-Бухоро акцияси жамиятида:

а) Нақд пахтанинг қиммати — 4608800 сўм.

2. Шунинг ўзи Рус-Осиё акцияси жамиятида — 25000000 сўм.

3. Шунинг ўзи Бухоро банкида — 500000 сўм.

4. Шунинг ўзи ип йигириш корхоналарида — 30.000000 сўм.

5. Шунинг ўзи темир йўлда— 111250 сўм.

Жами: 3861250 сўм.

II. Товарлардан иборат капитал

1. Рус-Бухоро акциядорлари жамиятида:

а) Мавжуд пахтанинг қиммати — 4008000 сўм.

б) Жун —361500 сўм.

7. Ик меш— 186000 сўм.

г) Қоракўл тери — 635000 сўм.

д) Сахтиён — 184000 сўм.

е) Бошқа товарлар ва материаллар — 80000 сўм.

Жами: 62007500 сўм.

 

Жаноби олийларининг ярим улуши иштирокида — 303750 сўм.

2 Рус-Осиё пахтачилик жамиятида:

а) Мавжуд пахта — 31180900 сўм.

б) Чигити олинмаган пахта— 1144200 сўм.

в) Уруғлик — 3696355 сўм.

г) Линт —245400 сўм.

д) Мато —72190 сўм.

е) Коп-қанор — 57:450 сўм.

ж) Сим — 237600 сўм.

з) Каноп ип— 106000 сўм.

и) Тола— 151511 сўм.

к) Уруғлик — 318820 сўм.

л) Материаллар — 200000 сўм.

Жами: 62295075 сўм.

Жаноби олийларининг ярим иштироки — 3145538 сўм.

III. Умумий якун

1. Нақд капитал — 38612500 сўм.

2. Акцияли икки жамият. Жаноб олийларининг ярим улуши иштирокида —

62151288 сўм.

ЭСЛАТМА: Рус-Бухоро акциядорлар жамиятн ва Рус-Осиё пахтачилик жамиятининг товарлардан иборат сармояси, банкларга тўпланадиган қарзлар ва бошқа харажатлар чиқариб ташланмаган. Капитал узил-кеснл ажратиб олинганидагина буларни чиқариб ташлаш мумкин.

ИЗОҲНОМА:

1. Жаноби олинларининг Бухоро банкига қўйган сармояси бўйича белгиланган шартга биноан фоиз тўланиши лозим.

2. Ип йигириш корхонасига қўйилган сармоя бўйича кафолатланган 7 фоиз тўланиши ёки камида 7 фоиз дивиденд берилиши керак.

3. Бухоро темир йўлига қўйилтан сармоя бўйича дивиденд ёки кафолатланган фоизлар тўланиши керак.

Мазкур жамиятлар ва корхоналардан ташқари резидентликда, собиқ вилоят озуқа бошқармасида ва рус банкларида ҳам Бухоро ҳукуматининг сармоялари бор.

1. 1910—1917 йилга қадар бўлган вақт ичида турли мансаблар учун Бухоро ҳукуматидан резидентликка тушган маблағларнинг рўйхати ушбуга илова қилинади. Кўпгина ҳисоб варақлар бўйича қайтариб берилиши керак бўлган қолдиқлар мавжуд.

2. Собиқ вилоят озуқа бошқармаси ҳисобидаги каниталлар тўғрисида ушбуга маълумоткома илова қилинади.

3. Бухоро сармоялари тўғрисида банкларнинг рўйхатлари ушбуга илова қилинади.

ЭСЛАТМА: Мирзо Мустафо Мирзахурнинг сармоялари ва мулки тўғрисидаги маълумотлар: Мирзо Мустафонинг 1918 йили тақдим этилган ҳужжатлари бўйича унинг Пятигорскдаги ва бошқа жойлардаги рус банкларига қўйган пуллари бор.

Собиқ қушбеги Мирзо Насруллобек томонидан Россияга юборилган олтин захираси тўғрисида менда ҳеч қандай маълумот йўқ, Мирзо Насруллобек даврида Бухоро ҳукумати бу маблағларининг ширкатлари тўғрисида банклар берган маълумотлар ушбуга илова қилинади. Бу маълумотлар Мирзо Насруллобек маблағларининг қаерга юбориб қўйилганлигини яққол кўрсатиб турибди.

П. Введенский, 1920 йил 26 февраль (Файзулла Хўжаев. Танланган асарлар, 1-жилд. Тошкент, 1976, 225— 226-бетлар).

Йирик давлат арбоби Файзулла Хўжаев айни бир пайтда Бухоронинг ижтимоий-сиёсий тарихини яхши билган ва Бухоро тарихига доир қатор асарлар ёзган моҳир муаррих олим эди: «Бухоро ҳукмдори Саид Олимхон банкларда ва товарлар тариқасида сақлаётган маблағлар 100 миллион сўмдан кўпроқдир. Ваҳоланки, бу ҳали ҳаммаси эмас, — деб ёзади Файзулла Хўжаев ўзининг «Тарихий юбилей» асарида. — Масалан, товарлар тариқасида, асосан пахта ва қоракўл тариқасида катта маблағлар 1919 йилда, 1920 йилнинг бошида Англияга юборилганлигини ва амирнинг француз банкларида сақлаб қўйган маблағлари борлигини биламиз. Амир қочиб кетаётганида кам деганда қарийб 10—15 миллион сўмни ўзи билан олиб кетди».

Бухоро амири Саид Олимхон салтанати даврида амирлик хазинасидаги ҳадсиз бойликлар, миллион-миллион сўмлик олтин-кумушлар хусусида Файзулла Хўжаевдан ташқари Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Абдулвоҳид Манзум каби сиймолар ҳам кўплаб ёзганлар. Айниқса, С. Айнийнинг «Дохунда» романида бу даврдаги ҳаёт ажойиб бадиий талқинини топган.

 


[1] Айнан кўчирма.

Мажид Ҳасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило” (Тошкент. «Адолат». 1997) китобидан олинди.