Ху Цзинтао: Минг отли аравани бошқариш сири

Ху Цзинтаога яқин бўлган кишилар унинг ҳофизаси ўта кучли экани, кўп йиллик воқеа ва юзлаб одамларни хотираси сақлаб қола олишини айтишади. Ху Цзинтао ғарбона демократияга қарши кескин қарашлари билан танилган.

Айни пайтда жуда юқори суръатда ривожланаётган мамлакатга бошчилик қилаётган сиёсатдон Шарқ халқлари чуқур тарихий илдизга эга бўлган миллий анъана ва қадриятларга эга экани, Ғарб давлатларининг демократияга асосланган эркинлик ғоялари бу қадриятларга мос келмаслигини урғулайди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао сиёсий фаолиятига назар

Дунёнинг бешдан бир қисм аҳолиси истиқомат қилаётган Хитой давлати бугун халқаро сиёсатни мувофиқлаштирадиган, сайёрамизнинг турли нуқталарида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бевосита таъсир кўрсатадиган бармоқ билан санарли давлатлардан бирига айланди. Албатта, Хитойнинг бу даражага етиши учун мамлакат кўп минг йиллик тарихга эгалиги ёхуд энг кўп аҳоли яшаётган ҳудуд экани кифоя қилмади. Бу борада ҳукумат ва давлат раҳбарлари, хусусан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао катта ўрин тутади. Шу боис, охирги пайтларда улкан бир давлат бошқарувчиси сифатида ушбу сиёсатдон ҳаёти ва фаолиятига бўлган қизиқиш ошиб бормоқда.

Ху Цзинтао 1942 йилнинг 25 декабрьида Хитойнинг шарқий музофотларидан бири Анхойда дунёга келди. Келгусида ҳаётнинг кўп аччиқ-чучугини тотиб кўришга маҳкум бўлган болакай турфа ташвишлар теграсида вояга етди. Беғубор гўдаклик чоғлари ортда қолиб, оқ-қорани таний бошлаган Ху Цзинтао жуда қашшоқ оилада туғилгани, ота-онасининг бор-буди онда-сонда ҳосил бериб қоладиган бир парча ер эканини англаб қолди. Ана шунда ҳали қишлоқнинг содда бир йигити бўлган Цзинтао чуқур илм олиш ва қашшоқликда умр кечираётган оиласи ҳамда яқинларини билим ва ақл воситасида фаровонликка олиб чиқишга аҳд қилди.

Ху Цзинтао ана шу эзгу мақсад ижобати йўлида 1960 йили Хитойдаги етакчи олий ўқув юртларидан бири Пекин университетига ўқишга кирди. Ўша пайтларда Хитойда қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари давом этар ва айнан шу соҳадаги мутахассисларга катта эҳтиёж бор эди. Шу боис ҳам, Ху Цзинтао гидротехника ихтисослигини танлади. Қаҳрамонимиз университетдаги таҳсил йиллариданоқ ташкилотчилик қобилиятини кўрсатди ва жамоатчилик ишларида фаол иштирок этди.

Хитойда бошқа давлатларда учрамайдиган ўзига хос анъана шакл­ланган. Буюк девор мамлакатида кимки юқори давлат лавозимларини эгаллашни истаса, энг аввал коммунистик партияга аъзо бўлади. Шу билан сиёсий фаолиятга йўл очилади, олдда турган тўсиқлар ўз-ўзидан йўқолади. Айни пайтда Хитой Халқ Республикасини Раиси вазифасини бажараётган Ху Цзинтаонинг таржимаи ҳолида ҳам партия иши билан боғлиқ фаолият асосий саҳифани ташкил этади.

Бўлажак давлат раҳбари 22 ёшидаёқ мамлакатдаги етакчи ва ҳукмрон партияга аъзо бўлди. Бу воқеа амалда Ху Цзинтао сиёсий фаолиятини бошлаб берди.

Университетни битирган қайноқ қонли талаба Хуанхе дарёсида бунёд этилаётган ГEС қурилишида иштирок этиш учун Хитойнинг узоғ ғарбий музофотига юборилди. Оғир участкаларда фидойилик билан меҳнат қилиб ўзини кўрсатган Ху Цзинтао кўп ўтмай партия бошқарув идораларига ишга таклиф этилди. Турли бошқарув лавозимларида хизмат қилган ёш арбоб 1980-йилларга келиб Хитойнинг кўзга кўринган сиёсий етакчиларидан бирига айланди.

1984 йили у мамлакатдаги миллионлаб ёшларни бирлаштирган Хитой ёшлар иттифоқига раҳбар қилиб сайланди. Масъул вазифада ўз қобилиятини яна бир карра намоён эта олган арбобга Хитойнинг энг мураккаб вилояти — Тибет музофоти раҳбарлиги ишониб топширилди. Бу пайтга келиб, Ху Цзинтао мамлакатнинг ўша вақтдаги раҳбари Мао Сзедун ишонган ва суянган мансабдорлардан бирига айланганди.

Шу тариқа ўтган йиллар мобайнида турли юқори лавозимларда хизмат қилган арбоб 1998 йили Хитой Халқ Республикаси Раисининг ўринбосари бўлди. Ху Цзинтао бир пайтнинг ўзида мамлакатдаги нуфузли сиёсий идора — Марказий Кенгаш қошидаги Олий мактабга ҳам бошчилик қилди.

Хитойни кўп йиллар идора қилган Мао Сзедун ўз ўрнига шогирдини қолдириб кетишни ихтиёр этди. Ана шу хоҳиш ифодаси сифатида Ху Цзинтао 2002 йили Хитой коммунистик партияси бош котиби этиб сайланди. 2003 йилнинг мартидан эса Хитой Халқ Республикасининг Раиси сифатида иш бошлади.

Хитой ҳали ҳануз коммунистик бошқарув тузумида яшаётгани сабабли, мамлакатда ҳукумат мансабдорлари, давлат раҳбари тўғрисидаги маълумотлар кўпда ошкор тарқатилавермайди. Айниқса, давлат раҳбарининг шахсий ҳаёти ҳар доим ҳам парда ортига яширилади…

Хитой Раиси санъат ва адаби­ётга қаттиқ ихлос қўйган. Бу қизиқиш ва интилиш талабалик давридан мерос: маълумотларга қараганда, Ху Цзинтао университетдаги таҳсил йиллари бадиий ижод билан шуғулланган, ҳатто талабалар рақс ансамбльида ҳам иштирок этган. Театр ва кинога муҳаббат қўйган давлат раҳбари ҳали ҳам қўшиқ куйлаб туради.

Ху Цзинтаога яқин бўлган кишилар унинг ҳофизаси ўта кучли экани, кўп йиллик воқеа ва юзлаб одамларни хотираси сақлаб қола олишини айтишади.

Ху Цзинтао ғарбона демократияга қарши кескин қарашлари билан танилган. Айни пайтда жуда юқори суръатда ривожланаётган мамлакатга бошчилик қилаётган сиёсатдон Шарқ халқлари чуқур тарихий илдизга эга бўлган миллий анъана ва қадриятларга эга экани, Ғарб давлатларининг демократияга асосланган эркинлик ғоялари бу қадриятларга мос келмаслигини урғулайди.

Ху Цзинтао давлат бошлиғи сифатида иш бошлаган дастлабки даврларданоқ коррупция ва порахўрликка қарши кураш сиёсий фаолиятинигн асосий йўналиши эканини эълон қилганди. Дарҳақиқат, айни пайтда Хитойда порахўрлик ўта оғир жиноят саналади ва бу қилмишни содир этганлар ўлим жазосига тортилади.

Ўз навбатида Ғарб мамлакатлари Ху Цзинтаони демократик тамойиллар, матбуот ва сўз эркинлигига қаршиликда айблашади. Шунингдек, Америка ва Европа сиёсатчилари Хитойда ҳукуматни танқид қилгани учун кўплаб оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳибсга олинаётгани ва мамлакат журналистлар қамоқхонасига айланиб қолганидан хавотир билдиришади. Хуллас, Хитой Раиси ҳақида ана шундай бир-бирига зид турфа қарашлар шаклланган.

Қадимги Хитой ҳикматларидан бирида тожу тахтга эга бўлиш, давлатни идора этиш минг от қўшилган аравани бошқаришдан мушкулроқ экани айтилади. Дарҳақиқат, давлатни, боз устига, дунёдаги энг кўп аҳоли яшаётган мамлакатни идора этиш ҳазил иш эмас. Осиёнинг кўзга кўринган сиёстдонларидан бўлган Ху Цзинтао қадимги ҳикматда айтилган ана шу мураккаб ва мушкул вазифани қойилмақом бажаришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди.