Ўктам Султонов. Кўкалдош мадрасасининг қадимий вақфномаси ва унинг асосчиси

Кўкалдош мадрасаси Тошкентдаги ҳозиргача сақланиб қолган асосий архитектура ёдгорликларидан бири бўлиб, XVI асрнинг 60 йилларида Чорсу майдонида қурилган (умумий ўлчами 62,7 х 44,9 м, баландлиги 19,73 м). Дастлаб уч қаватли бўлган мадраса масжид, 38 та ҳужра, миёнсарой ва бошқа таркибий қисмлардан иборат бўлиб, унинг қиёфаси кейинги 400 йилдан ортиқроқ давр мобайнида деярли ўзгариб кетган1. Унинг бунёд этилиши эса XVI асрнинг икки таниқли шахси – Шайбонийлар ҳукмдори  Абдуллахоннинг (1553-1599) вазири Қулбобо кўкалдош2 ва Тошкент ҳокими Дарвишхон3 номи билан боғлиқ. Бироқ, ўтган асрда юзага келган мадрасанинг Қулбобо кўкалдош ёки қандайдир бир Кўкалдош тарафидан қурдирилган деган хулоса кейинги йиллардаги аксарият илмий нашрлар ва оммабоп адабиётларда, шу жумладан, энциклопедияларимизда ҳам мустаҳкам ўрнашиб қолган4.

Ҳозирда “Кўкалдош мадрасаси тарихий ҳужжатларда” номли китоб устида изланиш олиб бораётганимиз сабабли ушбу мақолада фақатгина мадрасанинг қадимий вақфномаси ва шу баҳонада унинг бунёдкори ҳақида айрим фикр-мулоҳазаларни ўртага ташламоқчимиз.

Вақфноманинг мавжудлигини айрим муаллифлар эслатиб ўтган бўлса-да, чуқур ўрганилиб таҳлил этилмаган5. Вақфноманинг умумий ҳажми 14,8х29,2 см, матни 13,5х21 см бўлиб, 56 қаторда йирик настаълиқ хатида ёзилган. Ҳужжат кейинги даврда маҳаллий матога ёпиштирилган. Вақфнома юқоридан ўнг томонида “Дарвиш Баҳодир султон 977/1569” жумласи битилган бодомий шаклда Дарвишхоннинг муҳри, охирида эса қозихона амалдорлари муҳрлари билан тасдиқланган. Ҳужжат матнида эса унинг 977 йилнинг ражаб ойида (1569 йил декабр) Тошкент қозихонасида тузилгани қайд этилган6.

Ҳужжатга кўра, Дарвиш Муҳаммад Баҳодир султон ибн Баҳодир Бароқхон Кўкалдош мадрасаси яқинида, Ҳазрат Уккоша мавзеида жойлашган ўз мулки  бўлган ерда (дар арсаи мулки холис) ички ва ташқи ҳужралардан иборат бир сарой (сарой-и хужраро ки муштамал аст бар хужрот-и даруни ва бируни), дўконлар (дaкокин) ҳамда отхона (ахтахона) ва туяхона (уштурхона) қурдириб мадраса фойдасига вақф қилган. Бундан ташқари, шаҳар ташқарисидаги Қорасув ариғи ва Аччи мавзеидаги 300 таноб ер ҳам мадрасага вақф қилиб берилган. Воқиф шартига кўра, мутавалли этиб домулла Охунжон валади Охун Ғойибназар аълам, ундан сўнг эса мутаваллилик унинг ўғил авлодларига ўтиши белгиланган.

Вақфномадаги айрим қайдлар унинг мадрасага қилинган биринчи вақф ҳужжати эмаслигидан дарак беради. Масалан, унинг 22 қаторида эслатилишича, вақф объекти – саройнинг жанубида жойлашган катта ариқ мадрасага вақфномада кўрсатилган 1569 йилдан олдин вақф қилинган. Бу маълумот Дарвишхоннинг 1569 йилдан олдинги хайрия ишлари ҳақида ҳам ўйлаб кўришга ундайди. Масалан, Дарвишхоннинг 965/1557-58 йилга тегишли бир ёрлиғида Шайх Зайниддин мозорига вақф қилинган ерлар солиқ ва тўловлардан озод қилингани ҳақида сўз боради7.

Мазкур вақфнома ва Дарвишхоннинг Тошкент шаҳрида олиб борган ободончилик ишлари бизни Кўкалдош мадрасасини ким қурдирганлиги ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришга ундайди. Маълумки, ҳукмдорлар ёки юқори табақа вакиллари ҳомийлигида қурилган иншоотларга анъанага кўра, мазкур шахс тарафидан вақф мулклари ҳам тайинланган. Шунинг учун ҳам улар ушбу муассаса ва вақф маъмуриятининг асосчиси бўлган. Масалан, ўз даврининг таниқли давлат арбоблари Рашидиддин Фазлуллоҳ Ҳамадоний (тахм. 1248-1318) ёки Алишер Навоий (1441-1501) томонидан олиб борилган қурилиш ишлари ва уларнинг вақф хўжалигининг ташкил топиши шулар жумласидандир. Бу каби мисолларни сўнги 500 йил давомида юзлаб амалдорларнинг бунёдкорлик ишлари ва уларга ажратилган вақф мулкларида ҳам кўриш мумкин. Қулбобо кўкалдош ҳам мадрасани қурдирган шахс сифатида унга вақф мулклари ажратиш имкони бор эди. Р.Г.Мукминованинг қайд қилишича, у ўз даврида Бухорода кўплаб савдо-хунармандчилик иншоотларига эгалик қилган8. Умуман олганда, тадқиқотларда Қулбобо кўкалдошнинг шахсий маблағидан Бухоро, Балх, Самарқанд ва Тошкентда 4 та мадраса қурдиргани айтилади9. Афсуски, улар орасида ҳозирда фақатгина Бухородаги мадрасаси вақф ҳужжати маълум холос10.

Тошкентдаги мадрасанинг Қулбобо кўкалдош томонидан қурдирилиши масаласида бир қатор чалкашликларни кўрамиз. Масалан, мадраса бунёд этилган йилларда Тошкентда амалда Дарвишхон мустақил ҳукмдор эди. Тошкентнинг Бухорога тўлиқ бўйсундирилиши 1582-1583 йилларга туғри келади. Агар Дарвишхон Кулбобо кукалдошга Тошкентда мадраса куришга рухсат берганида вакфномада албатта бу ҳақда у ёки бу даражада маълумот келтирилган бўларди. Қолаверса, Қулбобо кўкалдошнинг Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасини қурдиргани ёки вақф ажратгани ҳақида маълумот берувчи манба ёки бевосита ишга алоқадор ҳужжат ҳалигача топилгани йўқ. М.Е.Массоннинг фикрича эса, мадрасани қурдириш ташаббускори Қулбобо кўкалдош эмас балки, Тошкент ҳокимлари – Бароқхон ёки Дарвишхоннинг бизга номаълум кўкалдоши бўлиши мумкин11. “Тарихий Тошкент. ХIХ – ХХ асрларга оид фотосуратлар” номли фото-альбом муаллифлари эса тўғридан тўғри мазкур кўкалдошни Дарвишхоннинг вазири бўлганлигига ишора қиладилар12.

Эътиборли томони, Тошкентнинг ХIХ – ХХ аср бошларига мансуб деярли барча расмий-ҳуқуқий (ҳукмдорлар ёрдиқлари, қозихона ҳужжатлари) ҳужжатларда мадрасанинг асл номи Дарвишхон экани, аҳоли орасида Кўкалдош номи билан машҳурлиги қайд қилинган. Хўш бундай қайдлар қанчалик асосли? Шу сабабли келинг айрим фактларни таҳлил қилиб кўрамиз.

Дарвишхон отаси Бароқхон13 каби Бухорода олий ҳокимиятни эгаллай олмаган бўлса-да, Самарқанд, Балх каби хонликдаги марказий ҳокимиятга қарши тураоладиган Тошкент удели ҳокими сифатида Абдуллахон саройи олдида муносиб обрўга эга эди. Ҳатто, Тошкентдаги қурилиш ишларига катта эътибор билан қараган Дарвишхоннинг ободончилик ишлари ўша давр тарихий асарларидан кўра кўпроқ шаҳар аҳолиси хотирасида то ХХ аср бошларига қадар сақланиб қолган. Тошкентлик муаллиф Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадида-йи Тошканд” асарида келтирилишича, Бароқхон Чорсу бозорида, Ҳазрат Уккоша мозори яқинидаги эски Намозгоҳ ўрнида янги Намозгоҳ қурдирган. Дарвишхон даврида Намозгоҳнинг қурилиш ишлари якунланиб, Намозгоҳда пишиқ ғиштдан катта масжид қурилган ва ён-атроф ободонлаштирилган. Бу иншоот кейинчалик «Бароқхон ийдгоҳи» ва «Дарвишхон ийдгоҳи» номлар билан ҳам машҳур бўлган. Ушбу муаллифнинг қайд қилишича, Намозгоҳдаги масжид ва Кўкалдош мадрасаси Дарвишхон томонидан якунига етказилган14.

Таъкидлаш жоизки, Шайбоний султонларнинг ўз удел марказларини ободонлаштириш ишларида мадрасалар бунёд қилиш муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, Тошкентда Бароқхон, Балҳда Кистан Қаро султон, Ўратепада Абдулатиф султон бу борадаги ишларнинг ташаббускори ва ҳомийси эди. XVI асрнинг 20-70 йилларда эса Тошкентда Суюнчхўжахон15, Келди Муҳаммад султон16, Бароқхон ва Дарвишхон ана шундай ободончилик ишларини олиб бордилар ва бу билан бошқа шайбоний султонлар ва марказий ҳокимият олдида ўзларининг сиёсий ва иқтисодий қудратини кўрсатишга интилдилар. М.Е.Массоннинг фикрича, Тошкентда бунёд этилган Суюнчхўжахоннинг Кайкобус боғи (1525 й.), Бароқхон мадрасаси (XVI асрнинг 20-50 йй.), Келди Муҳаммад Султоннинг Суюнчхожахон учун қурдирган мақбараси (иншоот кейинчалик Гумбази Бароқхон деб ном олган, 1531-1532 йй.) ҳамда Кўкалдош мадрасаси ҳашамати ва улуғворлигига кўра Темурийлар даврида Самарқанд ва Ҳиротда олиб борилган бунёдкорлик анъаналари билан узвий боғлиқдир17.

Хулоса қилиб айтганда, тахминан 1551-1556 йилларда отаси даврида ҳамда 1557-1578 йилларда Шайбонийлар давлатида ўзининг муносиб сиёсий мавқеига эга бўлган Дарвишхон ҳокимлиги даврида Қадимий Намозгоҳ ва унинг атрофини ободонлаштириш вақтида бир мадраса қурдириши учун барча имкониятлари бор эди. Бундан ташқари, Дарвишхон Бароқхон каби мадраса қурдирган ёки отаси даврида бошланган мадраса қурилишини охирига етказган бўлиши ҳам эҳтимолга яқин. Албатта бу ўринда Бароқхон ва Дарвишхон даврида Тошкентда, айниқса Чорсу бозори атрофида олиб борилган ободончилик ишларини ҳам эътибордан қочирмаслик лозим бўлади. Демак, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси асосчиси сифатида Қулбобо кўкалдошни ишонч билан кўрсатишга, илмий-оммабоп нашрларда якуний фикрларни билдиришга ҳали эрта. Умид қиламизки, келгуси изланишларда масалага янада ойдинлик киритилади.

т.ф.н. Ў.А.Султонов

ЎзР ФАШИ катта илмий ходим-изланувчиси

 Султонов Ў.А. Кўкалдош мадрасасининг қадимий вақфномаси ва унинг асосчиси хусусида // «Имом Бухорий сабоқлари» илмий журнали. – Тошкент, 2012. – №2. – Б. 134-137.

Изоҳлар

  1. Булатова В.А., Маньковская Л.Ю. Памятники зодчества Ташкента XIV-XIX вв. – Т., 1983. – С.103-106.
  2. Қулбобо кўкалдош/кўкалтош ­– Аб­дуллахон II нинг кўкалдош иниси сифатида дастлаб садр, кейинроқ кўкалдош мансабида, хоннинг Ҳиротдаги ноиби бўлган. Қулбобо кўкалдош шоир, олим ва санъаткорларни қадрлаган ҳамда уларга ҳомийлик қилган. Ўзи ҳам «Муҳиббий» тахаллуси билан шеърлар ёзган, Балхда бой кутубхонага асос солган. У отаси вафотидан сўнг сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш ниятида бўлган Абдулмўминхон (1598-99) буйруғи билан 1598 йилда қатл этилган.
  3. Дарвишхон (1556-1578) – шайбонийлардан, 1556-78 йилларда Тошкент ва Туркистон ҳокими. 1578 йилда Абдуллахон сиёсатига мойиллиги сабабли акаси – Туркистон ҳокими Бобо султон тарафидан ўлдирилган.
  4. Тошкент. Энциклопедия. – Т., 1992. – Б.165-166; Тошкент. Энциклопедия. – Т., 2009. – Б.296; Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. – Т., 2003. 5-жилд. – Б.168-169.
  5. Қаранг.: Массон М.Е. Прошлое Ташкента (Археологическо-топографический и историко-архитектурный очерк) // Известия Академии Наук Уз ССР. №2. – Т., 1954. – С.123; Булатова В.А., Маньковская Л.Ю. Памятники зодчества Ташкента. – С.103; Давидовыч Е.А. Корпус золотых и серебряных монет Шейбанидов XVI век. – М., 1992. – С.159; Набиев Р.Н. Вакфное хозяйство Кокандского ханства. – Т., 2010. – С.515.
  6. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви. 17-тарихий жамғарма. 1-рўйхат. 32601-йиғма жилд. Док.№2.
  7. Афсуски ёрлиқнинг асл нусхаси эмас, шундай ҳужжат борлиги ҳақида XX аср бошида ёзилган қисқа маълумотнома сақланган.
  8. Мукминова Р.Г. Социальная дифференциация население городов Узбекистана в XV-XVI вв. – Т., 1985. – С.93-94.
  9. Сухарева О.Д. Квартальная община позднефеодального города Бухары (в связи с историей кварталов). – М., 1976. – С.183.
  10. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви. 323-тарихий жамғарма. 1-рўйхат. 1-йиғма жилд.
  11. Массон М.Е. Прошлое Ташкента – С.123.
  12. Тарихий Тошкент. ХIХ – ХХ асрларга оид фотосуратлар. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида. – Т., 2009. – Б.10.
  13. Бароқхон – Наврўз Аҳмадхонн ибн Суюнчходжахон, 1533-1551 йилларда Тошкент удели ҳокими, 1551-1556 йилларда эса Шайбонийлар давлати олий ҳукмдори.
  14. Мухаммад Солиходжа. Тарихи жадидайи Тошканд. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмаси, №11073. – 200аб варақ.
  15. Суюнчходжахон ёки Севинчакхон (тахм. 1454-1525) – Абулхайрхоннинг (1428-1468) ўғли, 1503-1525 йилларда Тошкент удели ҳокими, 1510 йилдан Шайбонийлар давлати олий ҳукмдори.
  16. Келди Мухаммад султон – Суюнчходжахоннинг тўнғич ўғли, 1517-1525 йилларда Шоҳрухия ҳокими, 1525-1533 йилларда Тошкент удели ҳокими.
  17. Массон М.Е. Прошлое Ташкента. – С.113.