Ўғирланган миллий бойликларимиз (1991)

Халқнинг бугунини билиш учун унинг ўтмишига назар ташланади. Қадриятларни белгиловчи мезон — бу, ўтмиш ёдгорликлари бўлиб, уларга санъат, маданий ва тарихий ёдгорликлар каби маънавий ва моддий бойликлар киради. Бу бойликлар ҳар бир халқ томонидан ардоқланиб сақланади, меҳр-муҳаббат билан ўрганилади. Шу туфайли ёш авлод ўзлигини тушуна боради. Хўш, биз, ўзбеклар, бебаҳо ёдгорликларимизни сақлай олдикми, ёш авлодларга етказа олдикми? Шу хусусда бир мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Ўрта Осиё қадимдан ўз заминида бебаҳо моддий ва маънавий ёдгорликларни яратди. Хусусан, дунёга машҳур самонийлар, ғазнавийлар, аштархонийлар, Темур ва темурийлар, шунингдек, Улуғбек, Бойсунқур Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Хива хони Муҳаммад Раҳим, Қўқон хонлари Умархон, Нодира даврида бебаҳо кутубхоналар яратилди. Бу кутубхоналарнинг довруғи Оврупо, Осиё, қолаверса, бутун жаҳонга таралди.

XV асрдан бошлаб Ўрта Осиё — Турон ўлкаларига Оврупо сайёҳлари, элчилари, савдогарларининг келиши кўпайди, нодир қўлёзма ва моддий ёдгорликларни олиб кетиш кучайди. Бу жараён айниқса XIX асрга келиб жуда авж олди. Ташаббус Туркистон босиб олингандан сўнг, Русия қўлига ўтди. Савдо ва иқтисодий алоқалар ривожида маданий ёдгорликлар ва қўлёзмалар тўплаш асосий мақсадга айланди.

Петербург Осиё музейининг директори, шарқшунос олим X. Д. Френ 1834 йили Ўрта Осиёдан излаб топилиши мумкин бўлган шарқ муаллифларига мансуб «Юз асарнинг хронологик рўйхати»ни тузиб чиқди.

Оренбург божхонасига савдогарлар йўллаш ва кўрсатилган қўлёзмаларни Петербургга юбориш ҳақида фармойиш берилди. Бу вазифа буюрилганидан ҳам «аъло» даражада бажарилиб, Петербургга қўлёзмаларимиз «оқиб» кела бошлади. Бу, Ўрта Осиё моддий ва маънавий ёдгорликларининг четга чиқиб кетишининг биринчи босқичи эди. Шу даврдаёқ Оврупо давлатлари ва Русиянинг подшо саройлари ва кутубхоналарида Туркистон ёдгорликлари пайдо бўла бошлади.

Туркистонни забт қилиш даврида моддий ва маънавий хазиналаримиз рус қўшини томонидан ваҳшийларча таланди. 1869 йили Самарқанддан куфий хатида ёзилган VII асрга оид муқаддас китоб — «Усмон Қуръони» ва Шоҳизинда мақбарасининг дарвозаси генерал фон Кауфман томонидан Ҳазрат Олийга совға қилинди. Сон-саноқсиз бойликлар, қўлёзмалар Петербургга жўнатилди. 1870 йили эса Шаҳрисабз ва Китоб бекликларида 97 қадимий нодир қўлёзмалар қўлга киритилди.

Хива хонлигини талаш «илмий» асосда ташкил қилинди. Бу ишга Петербургдаги йирик шарқшунос олимлар Петербургга жўнатилди. 1870 йили эса Шаҳрисабз ва Китоб бекликларида 97 қадимий нодир қўлёзмалар қўлга киритилди.

Хива хонлигини талаш «илмий» асосда ташкил қилинди. Бу ишга Петербургдаги йирик шарқшунос олимлар ва Русия императорлиги Жуғрофия жамияти бош-қош бўлди. Шарқшунос олим П. И. Лерх хонликда нималарга эътибор бериш ва йиғиш ҳақида дастур ишлаб чиқиб, Туркистон генерал-губернаторлигига юборди. Босмахона йўли билан чоп этилган бу кўрсатманома аскар ва офицерларга тарқатилди. Унда Туркистон шаҳарлари, хонлик ерларидан йиғилажак қўлёзма, танга, муҳр, амалий санъат намуналари, осори атиқалар, маҳаллий ҳунармандларнинг юксак санъати мужассамлашган буюмлар, ипак гиламлар, ўймакорлик билан ишланган мис асбоблар, эгар-жабдуқлар, заргарлик, сопол буюмлари, айниқса қимматбаҳо тошлар билан безатилган қилич, пичоқлар ва бошқалар кўрсатилган эди. Хива хони шошилинч равишда қочган бўлиб, сарой ва хазина мулки босқинчилар ихтиёрига қолган эди. Шарқшунос олим А. Л. Куннинг кўрсатишича, Хивага юриш кўп қимматли хазиналарни қўлга киритиш билан якунланди. У саройдан олинган қимматли буюмлар рўйхатини ҳам тузган. Ўлжага олинган хон хазинасининг тафсилоти ҳақида шоир ва тарихчи олим Баёний ўзининг «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида батафсил баён қилган.

Бу бойликлар нималар эди ва улар қаерга жўнатилди, ҳозир қаерда? Шу саволларга қисқача жавоб берамиз.

а)   Саройдан олинган хон архиви 5000 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат бўлиб, булар олтин ҳал билан битилган фармонлар, хон ёзишмалари, битимлар матни, Хива ва Қўқон хонлигининг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига оид бой ҳужжатларни ўз ичига олган.

б)   300 дан ортиқ нодир қўлёзмалар араб, форс ва ўзбек тилларидаги асарлардан иборат эди. Булар орасида миниатюралар билан безатилган хаттотлик санъатининг дурдоналари ҳам кўп эди. Бу қўлёзма ва ҳужжатлар Петербургдаги император кутубхонасига (ҳозирги Салтиков-Шчедрин номли Ленинград Давлат кутубхонасида Ўрта Осиёдан келтирилган ўлжалар асосида шарқ қўлёзмалар фонди ташкил қилинган) жўнатилди.

в)   Моддий ёдгорликлардан беҳисоб қимматбаҳо нодир санъат ва маданият дурдоналари ўлжа олиндики, булар Петербург ва Москва музейларини мисли кўрилмаган даражада бойитиб юборди. Булар орасида Хива хонининг тахти бўлиб, уни илмий тавсиф этган рус олими В. В. Стасов: «Бу тахт Хива усталарининг маҳорат чўққиси, яъни металлга гул солиш санъатининг бетакрор маҳсулидир», деган эди. Бу тахт 1874 йилда Москвадаги Оружейное палатасига топширилган, ҳозир ҳам ўша ерда, дунё кўргазмаларида кўрсатилган. Ўлжалар ичида танга зарб қилинадиган қолиплар, олтин ва кумушдан ишланган 25 хон муҳри, 200 дан ортиқ қадимий тангалар (асосан Темурийлар даврига оид), кўплаб олтин-кумушдан ишланган тақинчоқлар, заргарлик буюмлари, беҳисоб туркман ипак гиламлари, хитой чиннилари, қурол-аслаҳалар, кийим-кечаклар бор эди. Хива хони девонбегиси Матмуроднинг уйидан икки сандиқ заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошлар ташиб кетилган. Бу нарсалар Петербург ва Москва музейларига — Эрмитаж, Царьское село арсенали (қурол-яроқхонаси), Москвадаги Политехника ва Этнография музейлари, бошқа жойларга жўнатилди.

Олинган ўлжаларнинг муайян қисмини рус офицерлари, улуғ князь Романов ва бошқалар Тошкентга келиб ким ошдига пуллашди.

Ўлкадаги бир гуруҳ рус амалдор ва зиёлилари Петербург шарқшуносларининг бевосита илмий раҳбарлигида ва маҳаллий ёдгорликларни йиғувчилар (коллекционерлар) ёрдамида бу ерда энг қимматли нодир қўлёзмалар, санъат ва маданият ёдгорликларини ташкилий равишда марказга жўната бошлади. Петербургдаги йирик олимлар Туркистонга бир неча бор бир-икки йил муддатга келиб, ўлкадаги рус олимлари ва коллекционерлар ёрдамида ҳар тарафлама текшириш ўтказиб, ишни археологик қазилмалар ва бетакрор мақбара ва мадрасалардан бошлашди.

Масалан, Н. И. Веселовский Афросиёбда 4 ой ишлаб террекот ва оссурийлар коллекциясини тузди. Қабрлар устидаги ёзувлар билан ҳам қизиқиб, Гўри Мир, Хўжа Аҳрор, Аҳмад Яссавий қабрларини текширди. Бу талончи олим 1895 йили Амир Темур мақбарасининг нафис безакли, нақшинкор дарвозасини Петербургга олиб кетади (ҳозир Эрмитажда). Мақбара ғарбидаги эшик ҳам ўғирлаб сотилади (ҳозир Лондондаги Виктория музейида сақланади). 1903 йили эса Амир Темур мақбарасидаги ойна қўпориб олинади ва император Александр III музейи учун Петербургга жўнатилди. 1905 йилда эса шу мақбара пештоқидаги ёзувли лавҳа ўғирланди (ҳозир чет элдан Эрмитажга келтирилган). Бу лавҳада «Жаҳонгир Амир Темур Қўрагоннинг қабри, худо уни раҳмат қилсин ва абадий жаннатда бўлсин» деган ёзув битилган. Қабртош устидаги битиклар, Ишоратхона, Бибихоним масжиди, Улуғбек мадрасасининг деворларидан кўчириб олинган нақшинкор парчалар, лавҳалар, кошинлар (ҳаммаси 9 сандиққа жо бўлган), Амир Темур ва Аҳмад Яссавий мақбаралари ичидаги олтин-кумуш аралашмасидан ясалган шамдонлар, Амир Темур мақбараси шифтидаги олтиндан ясалган юлдузсимон шаклли қандиллар ва қурол-аслаҳалар ҳам олиб кетилди. Веселовский ёрдамида Эрмитажнинг нумизматика ва бошқа фондлари Ўрта Осиёдан борган беҳисоб ёдгорликлар билан бойиди.

1883 йили Эрмитажга жўнатилган буюмлар ичида 1202 этнографик буюмлар, 1168 қадимий олтин-кумуш тангалар бўлиб, булар Ўрта Осиёнинг 30 дан ортиқ ҳукмдор сулолаларига, оид, яъни Бақтрия давлатидан то XVII асргача бўлган даарни ўз ичига олади. Дукчи эшон қўзғолони бостирилгандан сўнг унинг кутубхонаси мусодара қилиниб, Тошкент кутубхонасига берилади. Аммо кўп ўтмай, 1899 йили Петербургдан В. А. Жуковский томонидан қўлёзмалар рўйхати тезда жўнатилиши ҳақида топшириқ келади. Оқибатда 1900—1902 йилларда 194 нодир қўлёзмалардан иборат бу кутубхона Петербургга жўнатилади, унда Ғиёсиддин Алининг «Темурнинг Ҳиндистонга юришлари кундалиги» ва «Чингизнома» каби қўлёзмалар бор эди.

Рўйхатга кирган қадимий буюмлар ичида Самарқанддан олинган Юнусов, Ҳожи заргар, Мирза Бухорий, Акрам Асқаров ва бошқаларнинг коллекциялари бор. Тошкентлик ёдгорликлар мухлиси Акром Асқаров Париждаги илмий археология жамиятига аъзо бўлиб, ўзининг умр бўйи тўплаган коллекциясини ҳукуматга топширишни васият қилган. Коллекциянинг катта қисми — 14 000 танга, 200 та қимматбаҳо нодир ёдгорлик буюмлар Туркистон генерал-губернатори А. Б. Вревский фармойиши билан Петербургдаги императорлик археология комиссияси ихтиёрига жўнатилган ва Эрмитажга топширилган. Йирик коллекционерлардан самарқандлик Мирза Бухорий 1202 осори-атиқа буюмлар, 11 тилла, 77 кумуш танга, 18 та муҳр ва бошқаларни Веселовскийга берган. У Петербургга 6 яшик қадимий танга ва нодир ёдгорликларни ҳам юборган. Бухорий уларга ҳеч қандай нарх қўймайди, балки бу топилдиқларни комиссия лозим топган мукофот эвазига хазина фойдасига топшириш истагини билдирган. У ҳаммаси бўлиб жўнатган 6300 осори-атиқаларнинг бир қисми Эрмитажга, қолганлари Осиё музейига топширилган. Самарқанддаги Шайбонийхон мадрасасининг мударриси бўлган Абу Саид Маҳсум Н. И. Веселовский ва В. В. Бартольд экспедицияларида қатнашди.

Биз юқорида қайд қилган ёдгорликларнинг ҳаммаси босиб олинган Туркистон ҳудудида мусодара этилган ва ўлжа сифатида қўлга киритилиб, марказга юборилгандир. Шундай экан, юқорида санаб ўтилган барча бойликлар, тарихий ёдгорликлар, қўлёзмалар, коллекциялар ўз қонуний эгаси бўлган ўзбек халқига қайтарилиши зарур.

Суверен Ўзбекистон давлатининг раҳбарияти ҳам бу масалани Москвадаги раҳбарлар олдига қўйиши ва ўзаро келишув асосида бойликларимизни қайтариб олиб келишга бурчлидирлар.

Ахир урушдан сўнг Дрездендан ташиб кетилган нодир расмлар коллекцияси ўз эгаларига — немис халқига қайтарилди-ку!

1917 йил октябридан сўнг Туркистон ўлкасининг мусодара қилинган бу бойликлари Москва ва Петербургдаги давлат фондига жўнатилди, Бу фонд 1923 йилда жамғариш ишларини якунлаб, бутун мамлакат бўйлаб мусодара қилинган 254200 дона осори-атиқани Москва ва Ленинград музейларига бўлиб берган. Шунингдек, Бухоро амири саройи, арки, Ситораи Моҳи хоса ва амалдорлар қўлида тўпланган, Хива хони ҳамда унинг бекликларида йиғилган бойликлар ва Оқ уйдаги (Тошкент) совғалар ҳаммаси Москвадаги давлат фондига жўнатилган. 1918 йили князь Николай Романов саройи Халқ музейига айлантирилгач, унга давлат фондидан 100 дона экспонат юборилган.

Бутунроссия мусулмонларининг мурожаати туфайли, В. И. Лениннинг кўрсатмаси билан Петербургга чоризм томонидан олиб кетилган (1869 йили) Усмон Қуръони қайтариб берилди. Бу хайрли иш кейинчалик тўхтаб қолди. Шунга қарамай, Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Кеигаши 1921 йил 31 июлда халқнинг маданий хазинасини йўқотиш хавфининг олдини олиш мақсадида санъат асарлари, қадимги ёдгорликлар ва илмий коллекцияларни чет элга олиб кетишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарор кейинчалик унутилди. Музейларимиз томонидан мисқоллаб йиғилган ночор фондлар юқоридан берилган номаъқул буйруқлар туфайли сийраклашиб борди. Масалан, 1941 йил 2 октябрида жумҳурият наркомпросининг № 1573 буйруғига кўра Ўзбекистон халқлари тарихи музейи фондидан Ўрта Осиё хонликларига оид 100 га яқин олтин-кумуш тангалар, заргарлик буюмлари (ҳаммаси бўлиб 5—6 кг олтин-кумуш) Эрмитаж ходимининг иштирокида олиб кетилади. Совет давридаги бундай «босқинчилик» нафақат Тошкент, балки Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Қўқон музейларида ҳам авжига чиқди.

Иккинчи масала. Ўзбекистон жумҳуриятининг заминида дафиналар, ёдгорликлар яшириниб ётибди. Буларни кўпинча археологлар қидириб топади, гоҳида ер қазиш пайтида кишилар ногаҳон қимматбаҳо дафинага дуч келишади. Олтин, кумуш, мис, темир танга солинган хумлар топиб олингани ҳақида матбуотда ёзиб турилади. Бироқ улар тарих музейларига эмас, Москвага (Госхранга) юборилади. Яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ҳудудида ишлаётган, марказдан келган археологик экспедициялар ҳам топилмаларни ҳар доим жумҳуриятда қолдиряпти деб бўлмайди.

Таклифим: Ўзбекистон жумҳурияти Олий Кенгаши қошида «Мерос» комиссияси ташкил қилиниши керак. Бу комиссияга йирик шарқшунос, тарихчи, археолог, адабиётчи олимлар, музей ва архив ходимлари, маданият арбоблари, ёдгорликларни сақлаш жамиятлари, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академиясидан вакиллар кириши керак. У аввало барча ёдгорликлар рўихатини тузиши зарур. Қайси мамлакат музейлари ва кутубхоналарида улардан қандай фойдаланилмоқда? Истанбул, Қоҳира, Вена, Лондон, Париж, Деҳли, Теҳрон кутубхона ва музейларидаги ёзма ёдгорликларимизнинг тўла рўйхатини тузиш ва улардан нусхалар, микрофильмлар кўчириб келиш лозим. Россиянинг марказий шаҳарларига 150 йил мобайнида ташиб кетилган ёдгорликларимизнинг тўлиқ рўйхати тўпламини тузиш ва шу тўплам асосида унинг каталогини яратиш зарур. Бу улкан иш биринчи босқич бўлиб, ёдгорликларни ўз юртимизга қайтаришга замин тайёрлайди.

Нафиса Содиқова, тарих фанлари доктори.

“Фан ва турмуш” журнали, 1991 йил, 9-сон