Турғун Файзиев. Соҳибқироннинг сўнгги кунлари

Ўтрор… Неча-неча жангу жадаллар, даҳшатли қирғинларни бошидан кечирган қадимий улкан шаҳар. Бир вақтлар хоразмшоҳлар давлатининг энг йирик савдо ва маданий марказларидан бири бўлган обод ва гавжум Ўтрор Чингизхон истилосидан сўнг култепага айланган, гўё унинг борлиқ шон-шуҳрати харобалар остига абадий кўмилгандек. Мана, ҳижрий 807 (1405-милодий) йилнинг қаҳратон қиш фасли. Бу кўҳна шаҳар яна бир тарихий воқеанинг тилсиз шоҳиди бўлиш арафасида эди.

Соҳибқирон Амир Темур кўрагон (кўрагон — мўғулча «куёв» маъносиии ифодалайди) ўзининг энг сўнгги юриши — Хитойга қарши машҳур юришга тараддудланиб, 23-жумод ул-аввал 807 (1404 йил 27 иоябрь)да Самарқанддан чиқиб, Ўтрор томон йўл олади. У Оқсулот мавзеига келиб, 28 кун туради. Темур ўз беклари ва амирларидан кўпчилигини қишлаш учун Шоҳрухия, Тошкент ва Сайрамга жўнатган эди. Ҳукмдорнинг қароргоҳида фақат амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳмалик ва амир Хўжа Юсуфларгина қолган эдилар. Шунингдек, катта қўшиннинг ўнг қаноти ҳисобланган йирик ҳарбий бўлинма ҳали Тошкент, Шоҳрухия ва Сайрамда қишламоқда эди. Мазкур ҳарбий бўлинмага Темурнинг набираларидан Халил Султон Мирзо (Мироншоҳнинг ўғли) ва Аҳмад Мирзо (Умар Шайх Мирзонинг ўғли) бошчилик қиларди. Қўшиннинг чап қаноти (жувонғир) Туркистон ва Саброн шаҳарларида қишламоқда эди. Бу қўшинга Темурнинг Оға бегим исмли қизидан туғилган иабираси Султон Ҳусайн Мирзо бошчилик қиларди. Темур раҳбарлигидаги марказий қўшин эса Оқсулотда турганди.

21-жумод ул-охир 807 (1404 йил 25 декабрда) амир Темур Оқсулотдан йўлга чиқиб, 12-ражаб 807 (1405 йил 14 январь) чоршанба куни Ўтрорга келиб тўхтайди. Амир Темур Ўтрорда 35 кун туради ва шу муддат ичида қандайдир сабабларга кўра 4 шаъбонда (5 февраль) пайшанба куни бундан буён нард ва шахмат ўйнамасликка онт ичади.

1404—1405 йилнинг қиши ўта совуқ келиб, Амударё ва Сирдарё кечиклари муз билан қопланади. Гарчи Темур қариб қолган бўлса-да, йўл машаққатларию совуқни писанд қилмас, руҳан тетик ва жисмонан бардам кўринади. Шарафуддин Али Яздийнинг маълумотига кўра, Темур Ўтрорда Олтин Ўрданииг собиқ хони Тўхтамишнинг элчисини қабул қилади ва унга «Хитой уруши тугагач, Олтин Ўрдага қарши юрнш қилиб, тахтни Тўхтамишхонга қайтариб олиб беришни ваъда қилади. Аммо, кўп ўтмай, Темурнинг мижозида касаллик ҳуружга келиб, кундан-кунга аҳволи оғирлашади. Тиб илмининг билимдони мавлоно Фазлуллоҳ Табризий бошчилигида бир неча табиблар ҳукмдорнинг касалига хилма-хил муолажалар қилардилар. Аммо хасталик кундан-кунга кучайиб борарди.

Амир Темурнинг касалланиш сабаби ҳақида «Темурнома» муаллифининг берган маълумоти диққатга сазовордир. «Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳузурларига чопар келиб, қалмоқлар бош кўтарибдилар, деб хабар келтирди. Ҳамма жангга отлансин деб буюрдилар. Беклар ва амирлар ҳаво совуқлиги туфайли йўлга чиқмасликни маслаҳат кўрдилар. Ул вақт қишни тўқсони эрди. Амир ғайратларига чидолмай ўрдадан ташқарига чиқдилар. Вақтиким шаъбон ойининг еттиси сешанба куни ўрданинг равоқида сартарошга сочларин олдириб ўлтириб эрдилар, ўшал замон амирга бир боди муҳолиф (ёқимсиз шамол) келиб тегди. Аҳволлари ўзларига маълум бўлиб, соати ўтмай ранг ва туслари тағйир топди». Машҳур шарқшунос олим, академик В. Бартольд «ҳар ҳолда Темурнинг касали ва ўлимига бевосита сабаб, совуққа қарши баданни бир оз иситиш мақсадида меъёридан ортиқ май тановул қилганидир», деган фикрни билдиради. Ҳолбуки, тарихий манбаларга қараганда Темур майхўрликни хуш кўрмаган ва майхўрликка ружу қилганларни эса, ким бўлишидан қатъи назар, мансабидан азл қилиб, қоралаган. Бизнингча, Темур майни фақат шифобахш дори сифатида қабул қилган. Зеро шарқ табиблари, шу қаторда Ибн Сино ҳам бир неча тур шаробларни муолажа учун қўллаганлар.

Амир Темурнннг касалланиш жараёни анча илгаридан давом этиб келган бўлиши эҳтимол. 1404 йилнинг кузида Темур етти йиллик юришдан қайтгач, Конигилда катта анжуман ўтказади. Бу анжуманда Испания элчиси Рюи Гонзалес де Клавихо ҳам қатнашади. Клавихонинг маълумотига кўра, Темурнинг чеҳрасида анча ҳорғинлик аломатлари зоҳиран кўриниб турган. Дарҳақиқат, етти йиллик юришдан қайтган ҳукмдор ақалли беш ойгина ҳам дам олмай, яна янги юриш тараддудига тушиб, Хитой сари йўл олади. Узлуксиз йўл машаққатлари қартайган ҳукмдорга зимдан ўз таъсирини ўтказган ва ниҳоят «Темурнома» муаллифининг маълумотига амал қилинса, бошни шамоллатиш натижасида касаллик ботиндан юзага чиққан. «Зафарнома» муаллифи Шарафуддин Али Яздийнннг ёзишича, ҳар куни янги-янги касаллик аломатлари зоҳир бўла бошлаган. Нақлга кўра, Темурнинг ёнида фақат Сароймулк хонимгина туришга ҳақли эди. Ҳукмдорнинг қўзғалишга мадори етмас, бинобарин Сароймулк хоним унинг аҳволидан кечаю-кундузи хабар олиб турарди. Тунларнинг бирида толиққан Сароймулк хонимнинг уйқуси ғалаба қилиб, пинакка кетадию, шу заҳоти сесканиб уйғонади. Хоним уйғонгани ҳамон ҳукмдор ётган тарафга ўгирилади. Қайси кўз билан кўрсинки, тўшакда ҳеч ким йўқ эди. Сароймулк хоним сапчиб ўрнидан туриб, ташқаридаги посбондан ҳукмдорни сўрайди. Посбон таъзим нла қоронғулик томонга ишора қилади. Сароймулк хоним ўша томон елиб бораркан кичикроқ тепалик устида турган қора бир гавдани кўради. Бу жаҳонгир Темур эди. У елкасида чопон, чуқур хаёлга чўмган ҳолда қоронғуликка тикилиб турарди. Сароймулк хоним ҳаяжонда: «Бу қандай гап, улуғ амир! Қаҳратон қиш, изғиринли тунда касал ҳолингиз билан бу ерда туришингизда не ҳикмат бор!» — дер экан, амирни ўрдугоҳ томон бошлайди. Темур ўрдугоҳга келиб, ўрнига ётгач, Сароймулк хоним бу ғайри табиий аҳвол сирини яна сўрайди. Амир Темур хўрсиниб, оҳ тортгач, шу кеча кўрган тушини сўзлайди: «Ҳар икки чеккаси баланд қамишлар билан ўралган катта йўлда отимни елдириб кетаётган эдим, тўсатдан йўл четидаги қамишлар шитирлаб қолди, мен ўша томонга қарадим. Қарадиму ҳайратдан жиловни тортиб тўхтадим. Қамишзордан падари бузрукворимиз шитоб ила чиқиб келар эдилар. Мен ҳайрат ичида отдан тушиб, ота истиқболларига юрардим. Аммо падари бузруквор менга илтифот қилмай, олдимдан ўтиб бориб, отимнинг эгар-жабдуқларини ечиб олдилар ва келган йўлларига қайтиб тўқайда ғойиб бўлдилар… Мен катта йўл устида гарангсираб, яланғоч от ёнида турганим ҳолда уйғондим… Ҳушёр тортгач аъзойи баданим титраб, қизиб кетаётган эди. Бу хосиятсиз туш даҳшатидан ташқарига чиққанимни сезмай ҳам қолибман… Паймона тўлғонга ўхшайдир…

—  Яхши ният қилинг, амирим, дард бошқа ажал бошқа, шукур, саломатлигингиз тузук — дея тасалли берарди кўзлари нам Сароймулк хоним.

—  Йиғидан не фойда хоним. Тақдирни табдил қила бўлмас… Шукур, тонг ҳам ёриша бошлади. Посбонга буюринг, амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳмалик ва амир Хўжа Юсуфлар эрталаб ҳузуримга кирсинлар.

Амирлар ва беклар соқибқирон қароргоҳига кирганларида, у тўшакда беҳол ётарди. Сароймулк хоним ҳукмдорга яқинлашиб, амирлар ташрифи ҳақида секингина шивирлагач, у нурсиз кўзини оҳиста очиб, яқинроқ келиб ўлтиришларига ижозат берди. Амирлар қисқагина ҳол-аҳвол сўрашишгач, ҳукмдорнинг оёқ томонида — пойгоҳдан жой олиб, бутун вужудлари қулоққа айланган ҳолда ерга қараб ўлтирардилар. Ҳукмдор оҳиста кўзини очиб, амир ва бекларга бир-бир разм солгач, энтикиб-энтикиб сўз бошлади:

—  Маълумотингиз бўлғайким Жаҳонгир Мирзонинг фарзанди Пир Муҳаммад Мирзони валиаҳд этиб тайинлайдурмен, токи Самарқанд тахти ва аркони давлат анинг ҳукми-фармонида бўлғай. Мамлакат ва миллатнинг осойишталиги, қўшин салоҳиятининг мукаммаллиги, раиятнинг хотиржамлиги борасида фойдали тадбирлар кўрсин. Бинобарин, сизлар ҳам итоат ва эҳтиром борасида унга байъат билдириб, салтанатни бошқаришда, эл-юртнинг тинчлиги, мусулмонларнинг осойишталиги учун ҳамжиҳат бўлиб, кўмаклашмоғингиз лозим. Чунончи, сизларнинг ҳамжиҳатлик ва иттифоқ билан қилган ишларингиз узоқ-яқиндаги дўст-душманларга кўриниб турсин, токи ўзаро низоларга ўрин қолмағай. Билъакс ўзаро низолар вужудга келиб, барҳам топгай. Инчунин, менинг кўп йиллик саъй-ҳаракатларим зоъега кетгай… Амир Темур қолсизланиб кўзини юмади. Бу унинг васияти эди.

Амирлар, беклар ва юртнинг катталари ҳамда шу ерда ҳозир бўлган шаҳзодалар, маликалар ҳукмдорнинг васиятини мукаммал бажаришга қасамёд қилишгач, амир Шайх Нуриддин оҳиста сўз бошлайди:

—  Агар амри олий вужудга келса Тошканд, Самарқанд ва Ҳиротга хабар юборсак, токи фарзанди дилбандларингиз — шаҳзодалар зудлик билан етиб келиб, жаноби олийларининг ҳусни таважжуҳларидан баҳраманд бўлиб, гавҳарфишон насиҳатларингизни ихлос қулоғи билан тинглаб, итоат белларига боғласалар фойдадан холи бўлмас эрди.

Амир Темур аста кўзини очиб, амирларга мунгли назар соларкан, аввал кўрсаткич бармоғини, кейин ўрта бармоғини қўшиб кўрсатди-да, қўлини тушириб, кўзини юмиб олади. Амирлар ҳукмдорнинг имо-ишорасига тушунолмай, саросимага тушиб, ҳаммалари Сароймулк хонимга савол назари билан қарайдилар. Шу аснода ҳукмдор амирларга қараб: — вақт танг, бир ёки икки кунлик умр қолди. Афсус, уларни кўриш насиб бўлмайди. Энди дийдор кўришмак қиёматга қолди, деб кўзини юмади.

Дарқақиқат, эртаси 17-шаъбон (1401 йил 18 февраль) чоршанба куни шом билан хуфтон намози ўртасида жаҳонга машҳур саркарда соҳибқирон амир Темур кўрагон ҳаётдан абадий кўз юмди.

Темурнинг ўлими ҳаммадан сир тутилиб, тунда махсус безатилган аравада амир Хўжа Юсуф бошчилигида Самарқандга жўнатилади. Шундан сўнг амир ва беклар ҳарбий кенгаш ўтказиб, узоқ-яқиндаги барча шаҳзодаларга хабар юборишга, соқибқироннинг вафотини вақтинча сир тутишга, токи салтанат душманлари оёққа туриб, иғво ва фасод йўлига кириб, исён кўтармагайлар, деган қарорга келадилар.

Бинобарин, Тошкент ва Сайрамда турган Халил Султон Мирзога бўлган воқеа муфассал баён қилиниб, хабар юборилади. Шунингдек, Туркистон ва Сабронда турган Султон Ҳусайн Мирзога ҳам хабар юборадилар. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Ғазнада турган Пир Муқаммад Мирзонинг ҳузурига мактуб билан Ҳизир қавчинни жўнатадилар. Мактубда соқибқироннинг ўлиш олдидан қилган васиятига кўра, Пир Муҳаммад Мирзо тезлик билан Самарқанд тахтгоқига етиб келиб, салтанатни ўз тасарруфига киритмоғи лозим эканлиги таъкидланади. Шунингдек, Ҳиротда Шоҳрух Мирзога Бағдодда Мироншоҳ Мирзога, Табризда Умар Мирзога ҳамда форс ва Ироқдаги бошқа шақзодаларга хабар юборилади.

Бироқ, Темурнинг ўлими қанчалик сир тутилмасин, эртасигаёқ шум хабар қанот ёзиб узоқларга парвоз қилган эди. Қўшин орасида парокандалик вужудга келади. Тошкент ва Сайрамда қишловда турган қўшиннинг бошлиғи Халил Султон Мирзо бобоси вафоти ҳақида хабар келгач, ўз қўл остидаги қўшинни олиб, Самарқандга қараб юради. Туркистон ва Сайрамда турган Султон Ҳусайн Мирзо ўз қўл остидаги қўшиндан ўзига ишончли бир минг аскарни олиб, зудлик билан тахтни эгаллаш мақсадида Самарқандга қараб йўл олади. Ҳали Темурнинг жасади совумасданоқ темурий шаҳзодалар, ҳарбий бошлиқлар ва аркони давлат орасида парокандалик бошланиб кетади. Соҳибқироннинг васиятларига содиқ қолишга қасамёд қилган темурий шаҳзодалар, тез кунда васиятдан юз ўгириб, тож-тахт пайида бўладилар, ҳарбий ва маъмурий бошлиқлар эса гуруҳбозликни авжига чиқарадилар. Маврусий салтанатни бошқаришда темурий шаҳзодалар саҳройи чингизий шаҳзодаларидек ҳамжиҳатлик билан бирлаша олмадилар. Аксинча, ўзаро қонли низолар келиб чиқди ва мамлакат жанггоҳга айланди.

Темурнинг жасади Самарқандга жўнатилгач, бир кундан сўнг маликаларга ҳам Самарқандга қайтишга рухсат берилади. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, амир Хўжа Юсуф Темурнинг жасадини 22 шаъбон (23 февраль)да Самарқандга етказиб келади ва ўша кечасиёқ марҳум Муҳаммад Султон Мирзо хонақоҳига дафн қилинади. Маликалар Самарқандга етиб келганларида Темурнинг ўлими ҳақидаги хабар ҳаммаёққа тарқалиб бўлган эди.

Самарқанд шаҳрининг ҳокими Арғуншоҳ шаҳар дарвозаларини беркитиб, то ҳақиқий валиаҳд келиб, тахт масаласи ҳал бўлмагунча шаҳарга ҳеч кимни киритмаслигини эълон қилади. Фақат давомли музокаралар сўнгида Сароймулк хоним бошчилигида айрим маликалар ва ёш шаҳзодаларгагина шаҳарга киришга ижозат берилади. Маликалар, шаҳзодалар ва шаҳар аъёнларининг хотинлари Муҳаммад Султон Мирзо хонақоҳига бориб таъзия маросимини бошлайдилар. Бу маросимда шаҳзодалар, шаҳар ичида бўлган аъёнлар, ҳатто шайхулислом Абдул Аввал ва Исомиддинлар ҳам фаол қатнашадилар. Шаҳардаги барча расталар ва дўконлар ёпилади.

Рамазон ойининг 16-сида (1403 йил 18 март) душанба куни Халил Султон Мирзо ҳеч қандай қаршиликсиз Самарқандга кириб, тахтга ўтиради. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Самарқанд шаҳрининг бошлиқлари Аргуншоҳ ва Ўтрордан қайтиб келган амир Хўжа Юсуф Халил Султон Мирзо билан музокара юритиб, шаҳар калитини унга топширган эдилар. Икки кун ўтгач, Халил Султон Мирзо Муҳаммад Султон Мирзо хонақоҳига бориб, мотам маросимини янада улуғворроқ ва тантаналироқ ўтказади. Маросимда фақат шаҳзодалар, маликалар ва аркони давлатгина эмас, балки бутун шаҳар халқи иштирок этади. Темур руҳига хатми Қуръон қилиниб, бева-бечораларга хайр-эҳсонлар улашилиб, бир неча кунгача от, ҳўкиз ва қўйлар сўйилиб, фуқарога об-ош тортилади.

Маросим охирида йиғиси билан Темурнинг махсус жанг ноғорасини ўртага опиб кирадилар ва бир лаҳза чаладилар-да, шундан сўнг «у энди бошқа кишига хизмат қилмасин учун», уни тилимлаб ёриб ташлайдилар. Бу удум мотам маросимининг тугалланиши эди.

Ибн Арабшоҳнинг маълумотига қараганда, Темурнинг жасади Муҳаммад Султон мадрасасидаги даҳмага дафн этилган бўлиб, даҳманинг деворларига Темурнинг кийимлари ва қурол-аслаҳалари илиб қўйилган. Мазкур буюмлар қимматбаҳо тошлар ва олтин билан безатилган бўлиб, эиг кичик бир бўлаги бир вилоятнинг бир йиллик ҳирожига тенг келган. Мақбара ичига катта-катта олтин қандиллар ўрнатилган бўлиб, улардан бирининг оғирлиги 4000 мисқолга теиг эди. Мақбара саҳнига ипак гиламлар тўшалган. Темурнинг жасади эса шерозли моҳир уста тарафидан ясалган пўлат тобутга солиниб, дафн этилган.

Орада тўрт йил ўтди. Ҳижрий 812 йилнинг муҳаррам ойи (1409 йил май) Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзо Халил Султон Мирзодан Самарқанд тахтини тортиб олгач, Муҳаммад Султон хонақоҳига келиб, ота қабрини зиёрат қилади. Мусулмончиликка қаттиқ риоя қилувчи Шоҳрух Мирзо мақбарадаги шариат қонун-қоидаларига зид келадиган Темурнинг кийимлари, қурол-аслаҳалар ва барча қимматбаҳо безакларни хазинага қайтаради. Шунингдек, Темур ва Муҳаммад Султон Мирзо жасадларини мадраса хонақоҳидан кўчириб, пўлат тобут ўрнига ёғоч тобутга солиб, ҳозирги Гўри Мир мақбарасига дафн эттиради. Жасадларнинг пўлат тобутдан ёғоч тобутга солиб дафн этилиши шариат ҳукмига мувофиқроқ бўлса керак (Бу тахмин таниқли олим А. Якубовскийга тегишли). Бироқ Шоҳруҳ Мирзонинг жасадларни кўчириб қайта дафн эттириши Самарқанд аркони давлатида анча шов-шувларга сабаб бўлади, айниқса ҳарбий бошлиқлар орасида норозилик кучаяди. «Шунигг учун бўлса керак, — деб ёзади академик В. В. Бартольд, — Темурнинг дииий раҳнамоси Сайид Бараканинг ҳоки Андхуйдан олиб келиниб, Темурнинг бош томонига дафн этилади».

Дарҳақиқат, 1941 йилда Гўри Мир мақбарасида Темур ва унинг набираси Муҳаммад Султон Мирзонинг қабрлари очиб текширилганда, ҳар икки жасад ҳам арча ёғочидан ясалган тобутга солиб дафн этилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, машҳур шарқшунос А. А. Семёнов ва археолог В. А. Шишкинларнинг фикрича, ҳар иккала тобут бир хил ёғочдан, улар ичига тўшалган матолар ҳам бир хил, яъни парчага ўхшаш матодир.

Баъзи маълумотларга кўра, Темур 9 марта уйланган. Соҳибқирон вафот қилганда, унинг хотинларидан тўрттаси — Сароймулк хоним, Туман оғо хоним, Тукал хоним ва Руҳпарвар оғо хонимлар ҳали ҳаёт эдилар. Шунингдек, Шарафуддин Али Яздий ва Фасиҳ Ҳавофийнинг берган маълумотларига кўра, амир Темур вафот қилган вақтда ундан 2 ўғил 19 невара ва 15 чевара қолди, жами 36 шаҳзода ҳаёт эди. Булардан ташқари, соҳибқироннинг кичик қизи — Султон Бахт бегим ва катта қизи Оға бегимдан туғилган ўғил — Султон Ҳусайн Мирзо номли невараси ҳам бор эди.

“Фан ва турмуш” журнали, 1990 йил, 11-сон