Жаҳон Оро бегим

Жаҳон Оро бегим Шоҳ Жаҳоннинг катта қизи. У 1614 йилда туғилган. Шоҳ Жаҳоннинг тахтга ўтириш маросимида Жаҳон Оро бегим 14 ёшда эди. Отаси унга 40 мннг дона ёқут жавоҳир инъом этиб, яна йилига 600 минг рупия миқдорида нафақа белгилаган эди.

Онаси Мумтоз Маҳал бегим вафот этган чоғда Жаҳон Оро бегим ўн етти ёшда эди. Бинобарин, онасининг васиятига кўра, шоҳ оиласини бошқариш унинг зиммасига тушди. Жаҳон Оро бегимнинг жисми исмига монанд бўлиб, ҳусн-латофатда, ақл-идрокда ва илму одобда табиат унга сахийлик қилган эди. Боз устига, яхшигина ғазаллар битарди.

Шоҳ Жаҳон бу қизига алоҳида меҳр ила қарарди. У Мумтоз бегимдан қолган барча бойлик ва мулкларни шу қизига топширади.

 

Оқила Жаҳон Оро бегим оилада ака-укалар ўртасидаги келишмовчилик, ҳатто отаси билан укаси Аврангзеб ораларида келиб чиқадиган можароларни усталик билан бартараф қилишга моҳир эди. Унинг саройда обрў-эътибори орта бориб, аста-секин онаси Мумтоз Маҳал бегимнинг мавқеини эгаллай бошлади. Зотан, Жаҳон Оро бегим салтанат ишларини бошқариш, ички ва ташқи сиёсат, дипломатия масалаларида отасига фойдали маслаҳатлари билан ёрдамлашар эди. Унда бобокалони Бобуршоҳга ўхшаш меъморчилик ва ободончилик ишларига қизиқиш ва ҳавас катта эди. Бинобарин, Аграда қурилган жомеъ масжидининг тархи (лойиҳа) Жаҳон Оро бегимнинг қаламига мансубдир. У Деҳли, Сурат, Амбола, Беҳал ва Панипат шаҳарларида карвонсаройлар қурдирди, Лоҳурда эса оромбахш катта боғ бунёд эттирди. Жаҳон оро бегим мамлакатдаги ғариб-ғурабо ва фақирларга моддий ёрдам уюштириб, камбағаллар учун уй-жойлар қурдирди. Шунингдек, Кашмирда «Пари Маҳал» (Парилар саройи) номли ажойиб боғ барпо қилди, Шаҳдхонободда Алимарлонхон ариғини қаздириб, нақшкор ҳовуз қурдирди. Жаҳон Оро бегимнинг илм-фан бобида ҳам қалам тебратгани тарихдан маълум. Чунончи «Рисолайи соҳибия» (Дўстлик ҳақида рисола) асари мавжуд.

1658 йили тахт талашган Аврангзеб Оламгир ўз акаси Доро Шукуҳни мағлубиятга учратиб, укаси Мурод Бахшни зиндонга ташлайди. Бемор, хаста отаси Шоҳ Жаҳонни ҳибсга олиб, Аградаги «Қизил қалъа» номли саройда назоратда сақлайди. Укаси Аврангзебнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган Жаҳон Оро бегим мамлакатни ака-укалар ўртасида тақсимлашни, жумладан Доро Шукуҳга — Панжобни, Мурод Бахшга — Гужаротни, Шоҳ Шужоъга — Банголни, Аврангзебнинг катта ўғли (зиндонда эди) Муҳаммад Султонга — Деканни бўлиб беришни маслаҳат беради. Аммо, Аврангзеб бу таклифни қабул қилмайди.

Ота-бола, ака-укалар ва дўстлар орасига тушган низо ва уларнинг фожиали қисмати Жаҳон Оро бегимни қаттиқ изтиробга солади. Дилхаста малика дунё ишларидан қўл ювиб, маҳбусликда кун кечираётган хаста отасига хизмат қилиш билан ўзига таскин беради. У 1658 йилдан то 1666 йилгача «Қизил қалъа қасрида маҳбусликда ётган отаси Шоҳ Жаҳоннинг хизматида бўлади. 1666 йилда Шоҳ Жаҳон маҳбусликда, ғарибона аянчли аҳволда, ўз севикли ёри Мумтоз Маҳал учун қурдирган Тож Маҳал мақбарасидан кўз узолмай, қизи Жаҳон Оро бегим қўлида ҳаётдан кўз юмди.

Жаҳон Оро бегим гарчи шоҳ қизи бўлса-да, табиатан камтар ва олий ҳимматлилиги туфайли бойлик ҳамда шон-шуҳратларга қизиқмаган. У 1681 йилда олтмиш етти ёшида вафот этди. Уни Деҳлидаги Зарзари Бахш қабристонига дафн этадилар. Ҳар ҳолда, ўзининг васиятига мувофиқ бўлса керак, қабрига қўйилган оддий қабр тошига шундай байт ёзилган:

Ба ғайри сабза напўшад касе мазори маро,
Ки қабрпўши ғарибон-ҳамин гиёҳ бас аст.

Мазмуни: «Яшил майсадан ўзга ҳеч ким қабримни ёпмасин, токи ғариблар қабрини ёпмоқ учун шу гиёҳнинг ўзи кифоядир».

Турғун Файзиевнинг “Темурий маликалар” китобидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!