Сирожиддин Аҳмедов. Ота-бола Отабековлар

Яқинда “Туркистон вилоятининг газети” муаллифи Н.П.Остроумовнинг фаолиятини ўрганиш баҳонасида Андижон шаҳрининг 1900-1905 йиллардаги қозиси Муҳаммад Отабек ва у кишининг фарзанди аржуманди машҳур селекционер олим ва тарихчи, “Дукчи эшон воқеаси” китобининг муаллифи Фозилбек Отабек ўғлининг “газет муаллифи”га ёзган мактублари ва олган сурати қўлимизга тушди. Мактубдор хат ҳошиясига одати бўйича қора қаламда, 1904 йил август ва 1905 йил 15 август санасини қўйган.

Ниҳоятда гўзал настаълиқда ёзилган бу мактуб мазмунининг таровати ва эгасининг олижаноблиги, муомала маданиятининг мужиблиги билан эътиборимизни тортди. Мактуб, бир томондан, қандай гўзал фазилатли зиёлиларимиз бўлганидан фахр туйғусини уйғотса, бошқа томондан, узоқ муддат маданиятимизнинг ажойиб маънавий-руҳий жиҳатидан айру яшаганимиз кўнглимизни безовта қилди.

Хўш, фахр ва безовталик сабабчиси бўлган бу зотнинг ўзи ким?

Фозилбек Отабекнинг тўлиқ исми Муҳаммад Фозилбек Қози Муҳаммад Отабек шаҳид Убайдуллабек ўғли (1879-1936) бўлиб, Андижон шаҳрида туғилган.[1]

Отаси – Ҳожи ҳофиз Отабек Убайдуллабек ўғли зиёли, мадраса кўрган ва қозилик даражасига эришган инсон бўлиб, унинг Аҳмадбек, Фозилбек, Хизрбек, Тожибек, Маҳмудбек исмли беш ўғли бўлган. Барча болаларини рус-тузем мактаби ва мадрасада ўқитган. Ҳожи Отабек Андижон қозиси сифатида Туркистон, хусусан, Андижон шаҳридаги маориф-маданият соҳасидаги ўзгаришларни қувватлаган. Шаҳарнинг рус маъмурлари, хоссатан, “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири Н.Осторумов билан яқин алоқа ўрнатган. Қози 1903-1904 йилларда Остроумов билан учрашади (1904 йил август битиги шунга ишора). Аммо кейинги учрашув унга насиб этмайди, ўз ҳовлисида қасддан ўлдириб кетилади. Остроумов қадрдони бошига тушган мусибатни бефарқ қолдирмайди. Газетада унинг ўлими ҳақида хабар ва таъзиянома эълон қилади.

“Туркистон вилоятининг газети” 1905 йил 30 апрель, 17-сонида машъум воқеа ҳақида қуйидагича хабар босилади: “23 апрелда Андижон шаҳрининг мусулмония даҳасидағи машҳур ва маълум Отабек қозининг уйиға кечаси йигирма ададга яқин қароқчилар тўфангча ва қилич илан кириб, мазкур Отабек қозини сўюб ва бир ўғлини бошини ярадор қилиб ва хотунини уруб, қаттиғ ярадор қилубдур. Тўфангчани овозини эшитиб, халойиқ йиғилиб келгон вақтда мазкур қароқчилар қочиб кетибдур. Мазкур ҳодисани шаҳар пристави Домбровский тўра эшитиб, дарҳол тафтиш ва таҳқиқ айлаб, мазкур тўра ўғрилардин ўн икки ададини Сеғоза ва Асака бўлостларидин ушлабдур. Таҳқиқ ва тафтишдин шул тариқа маълум бўлар эмиш ким, мазкур қароқчилар пул ва мол учун кирмай бошқа хусумат учун киргандур деб. Мазкур қозини ёнида юз сўмдин зиёда ақчаси йўқ экан”.

Хабарда қози хусуматдан, яъни қасддан ўлдирилгани пристав томони- дан тасдиқланяпти…

Қози Отабекнинг зиёли инсон эканлиги фақатгина ватандошлари орасида эмас, хорижлик мутахассисларга ҳам маълум бўлган. Фикримизни тарихчи С.Жалиловнинг Истанбулда чиқадиган “Дари саодат”[2] газетасининг муҳаррири қозига мактуб йўллаб “Олиму донишманд”, деб мурожаат этган”, деган сатрлари ҳам тасдиқлайди.

“Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири Н.П.Остроумов Отабек қозининг билимидан хабар топгач, у билан учрашиш нияти туғилади. 1903 йилда Андижонга сафарга борганда Отабек қози икки ўғлини юбориб, тўрани меҳмонга таклиф қилади. Фозилбек мактубида ёзишича, уларнинг ҳовлисида ажойиб илмий суҳбат қурадилар ва биргаликда суратга ҳам тушадилар.

Фозилбек Отабек ўғлининг шу кунгача эълон қилинмаган ушбу мактуби мазмунига қараганда, Қози Отабек ниҳоятда билимдон, замон воқеаларини пухта таҳлил қила оладиган, ижтимоий-маданий янгиликларни қувватловчи киши бўлган, ҳаж зиёрати баҳонасида Истанбулда бўлиб, бир неча муддат у ерда яшаб, маҳаллий шарт-шароит билан танишган. Буни Остроумов ҳам тасдиқлайди. У Петербургга, империя ҳудудида яшовчи мусулмонлар масаласини кўрувчи комиссия ишига кетишдан олдин, фожиали воқеадан 15 кун ўтмай, газетада таъзиянома эълон қилади. У таъзияномада Қози Муҳаммад Отабек сиймосини қуйидагича таърифлайди: “Камина муҳаррир газет ул мутаваффий қози хусусида кўп афсус ва надоматлик айлаб ёзаманким, мазкур Отабек қози кўб йиллардин бери Андижон шаҳриға қозилик лавозиматида туруб, ҳукомларға ва фуқароларға ниҳоятда мақбул ва муътабар бўлгон эди ва мундин бир неча йил муқаддам ҳажға бориб, адойи фаройизи ҳаж қилиб, Истанбулда ҳам бир неча вақт туруб, ўшал тарафларнинг расм-қоидалариға омил ва моҳир бўлғон экон. Камина муҳаррир ўтгон йилларда саёҳат қилиб, Андижон шаҳриға борганимда, ул мутаваффий қози маним Андижон боргонимни эшитуб, қўшхонамға икки ўғулларини юборубдур, мени ўз уйлариға таклиф айлаб. Ул куни узр бўлуб бора олмадим. Эртаси қозини ўзлари келиб таклиф айлаб, уйлариға олиб бордилар”. (“Туркистон вилоятининг газети”. 1905 йил 6-май, №18.)

Остроумов суҳбат чоғида Отабек қозининг ниҳоятда билимдон, зиёли ва қаламли одам эканлигига ишонч ҳосил қилади. Сабаби, қози уни ўз кутубхонасига таклиф қилади. Бу даврга келиб “действительний статский советник” унвонига сазовор бўлган Остроумов ўзига хос синчковлик билан кутубхона билан танишади ва қуйидагиларни баён қилади: “Хусусан, камина шунга хурсанд бўлдим ким, Истанбул, Эрон ва Ҳиндистондин ҳар хил мусулмонча газет олор эконлар. Ўшал газет муаллифларидин юборилган ҳар хил китобларни ҳам жамъ қилғон эконлар ва беш ўғуллари бор экон… лекин ҳама ўғуллори Русия хати ва забониға ниҳоятда олим ва моҳир экон… охир умурларида шаҳид бўлуб, худованди карим шаҳидлик даражасини ато қилиб охиратлари ҳам обод бўлди, дегон жазм ва умидни қиламиз”(ўша манба).

Газета муҳаррири суҳбат асносида хонадаги китоб ва газетлар савлатга қўйилмаганига тўла ишонгач, Туркистон тарихи ҳақида фикр алмашади. Мезбонга муфассал Туркистон тарихини ёзишни маслаҳат бериш билан кифояланмай, уни нашр этиш масаласида ёрдам бермоқчи бўлиб, “Туркистон вилоятининг ҳеч бир муфассал тарихи йўқ-ку, агар ман муҳибби билсам эдим, бир умр саъй кўзи бирлон қарор эдим”, дейди. (Ф.Отабек мактубига қаралсин.) Андижон шаҳри тарихи билан қизиқиб, шаҳар тарихи борми, йўқми, деб сўрайди. Агар бор бўлса топиб, юборишини илтимос қилади. Қози ўзбекка хос тарзда, “меҳмон отангдай улуғ” мақолига амал қилиб, илтимосни бажаришга киришади, аммо Андижон тарихини ҳеч ердан излаб тополмайди. 1904 йил 10 августда Остроумовга мактуб йўллаб: “Аммо Андижон тарихини ҳар ердин сўроғлаб ва тафтиш айлаб тополмадим. Яна ҳам сўраб кўраман. Агар тополмасам, ўз фаҳмим етганча бироз мухтасар тасвид қилуб юборуб, хидматлариға манзур қиламан. Истеъжол тариқасида айтқон фотоғрафларидан 2 дона юборилди”.

Ҳурматли тўра кетгач, мўътабар меҳмоннинг сўзи ерда қолмасин қавли- да иш тутган Муҳаммад Отабек қози “Муфассал таворихи Туркистон” китобини ёзишга киришади. Китобнинг 185 саҳифаси ёзилганда, юқорида айтилган фожиали воқеа содир бўлади – қози ўз ҳовлисида шаҳид этилади ва асар тугалланмай қолади.

Газетада муҳаррирнинг таъзияномаси босилгандан кейин бирин-кетин шоир Мирзо Муҳйи Ҳўқандий (1905 йил 2 июль) ва Мавлавий Йўлдош Хўқандийларнинг (1905 йил 9 июль) Қози Муҳаммад Отабекка бағишлаб ёзилган марсиялари чоп этилади. Мавлавий Йўлдош ҳажман ихчам марсиясида:

Баногоҳ шаби к аз раббиял аввал,
 Баҳораш рамид ва жамолаш чамид

– деб қозининг вафот этган фасл, вақт, ойини айтиб кейинги мисраларда йилни абжад ҳисобида кўрсатса, шоир Муҳйи марҳумни “Алломаи мулки Турон, қудваш уламо ва фузалои Андижон” ва ҳоказо деб сифатлайди ҳамда уни мазлумона, яъни жабр йўли билан ёвуз армани томонидан ўлдирилганини таъкидлайди:

Ҳукон армани хўйи каргон одами рўй,
 Ҳам кеши шумар малъуни манхус бадрак шум.

Ҳар икки шоир марсияда Отабек қозининг ниҳоятда пок, адолатли, донишманд, маърифатли инсон эканлигини таъкидлаб, унинг шаҳид бўлгани- дан афсусда қолганликларини билдиришган ва оиласига сабри жамил тилашган.

Қози Муҳаммад Отабекнинг ўлими кўп жиҳатдан сирли. Бироқ бизнинг фикри ожизимизча, бу буюртма қотиллик ва тагида сиёсат борга ўхшайди, чунки 1890-1916 йилларда Туркистон вилояти, Бухоро амирлиги, Хоразм хонлигининг хорижий мамлакатларга борган ва чет эл нашрларини оладиган барча газетхон ва китобхонлари чор охранкаси – махфий хизматининг рўйхатида турган. Чор маъмурияти маҳаллий аҳолининг зиёли, тараққий- парвар қисмини хориж билан алоқа қилиши у ёқда турсин, ҳатто хориж матбуоти ва адабиёти таъсирида ижтимоий-сиёсий тафаккурини уйғонишига тиш-тирноғи билан қарши турган. Шу боис Қози Муҳаммад Отабекнинг ўлимига унинг хорижий нашрларнинг муаллифлари, яъни муҳаррирлари билан алоқаси сабаб бўлиши мумкин. Негаки, қози улар билан хат орқали алоқа қилиб турган. Остроумовнинг: “Истанбул, Эрон ва Ҳиндистондин ҳар хил мусулмонча газет олор эконлар. Ўшал газет муаллифларидин юборилган ҳар хил китобларни ҳам жамъ қилғон эконлар” сўзи фикримизга далил. Мактубларнинг манзили эса почта маъмурлари орқали тегишли идораларга маълум қилинган. Чунки 20 адад босқинчининг қозининг уйи­га тўппонча ва қилич билан бостириб кириб, бир одамни ўлдириб, икки кишини оғир ярадор қилиб, сариқ чақа олмай, чиқиб кетиши ғайритабиий ҳолат. Бинобарин, қари мусулмон қозисининг босқинчи армани билан бирон нарса талашмоғига сабабнинг ўзи йўқ. Шу боис пристав Домбровскийнинг “қароқчилар пул ва мол учун кирмай, бошқа хусумат учун киргандур” таҳқиқи фикримизни ҳар жиҳатдан тасдиқлайди. Агар эътибор берилса, генерал Жўрабек Қаландаровнинг “Таржимон” газетасининг обуначиси ва тарқатувчиси эканлиги охранкага маълум бўлгач, орадан бироз вақт ўтиб, у ҳам Нерсес деган бир армани томонидан ўлдириб кетилган…

Энди Фозилбекнинг ўзига келсак. У қозининг иккинчи фарзанди бўлиб, асари ва мактуби мазмунидан келиб чиқсак, мадраса таҳсилидан ташқари рус-тузем мактабида ўқиган, араб, форс, усмонли туркчадан хабардор, рассом, фотограф, созанда ва хаттотликда ўхшаши йўқ, ўз замонининг том маънодаги зиёлиси. Остроумов у ҳақда: “Хусусан бир ўғли мошина бирлон (яъни фотоаппарат) тасвиротларни ниҳоятда хушсурат ва зебо олмоққа моҳир экон. Яхши, хушнавис хатларни мошина бирлан олиб, меҳмонхона деворига тўлдируб ёпишдирубдур. Ўшал бола танбур ва дутор машқини ниҳоятда яхши билар экон”, деб ёзади (ТВГ.№18. 30.4.05).

Фозилбекнинг Остроумовга ёзган хати ҳам юқоридаги фикрларни тўла тасдиқлайди. Унинг “Дукчи эшон воқеаси” китобига чизган расмлари ҳамда мактубида “Эдинсун” ҳикоясини таржима қилиб, “мусаввар, қўл бирлан қилдим“, деб ўзи расм чизганини таъкидлаши шундай фикр билдирмоққа тўла асос беради. Фозилбекнинг умр йўлдоши Саодат аянинг мактуби туфайли олим фаолиятини кенгроқ ўрганган тарихчи Сайфиддин Жалилов “Унутилаёзган олим” сарлавҳалик заминдор мақоласида (“Фан ва турмуш” 1979 йил, №7) ёзишича, Фозилбек Отабек 1923-1928 йилларда Москвадаги К.Темирязов номидаги қишлоқ хўжалик академиясида таҳсил олиб, Қовунчидаги (Тошкент) уруғчилик-саралаш сусанида (станция, эски ўзбек атамаси) илмий иш бошлаб, пахта навларини етиштириш билан шуғулланади. Бироқ давр босимиданми ёки укаси Маҳмудбекнинг қатағон қилиниши туфайли олиб борилган текшир-текширданми, хуллас, 1936 йилда тўсатдан вафот этади.

Фозилбек тиниб-тинчимас, кўп нарсага қизиқувчан киши бўлгани боис отаси бошлаган ишни давом эттиришга аҳд қилади. Отасининг дафн маросимини ўтказиб, оиласида тинчлик қарор топгач, қўлёзмани қайта ўрганиб чиқади. Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарини топиб ўрганиш билан кифояланмай, рус тилида ёзилган Ўрта Осиё тарихига оид манбаларни ҳам тадқиқ қилади ва шундай ёзади: “Ва филжумла ороми хоса бўлғонимиздан сўнгра “Таворихи Туркистон”дек муфид китоб нотамом қолғониға афсус айлаб, чунончи, “Бобирнома”, “Равзат ус-сафо” ва русиё тарих китобларин топиб, ниҳоят, саъйни ҳадди балуғ бирла эътимомиға еткурдим”.

Натижада, Фозилбек Отабекнинг 382 саҳифалик “Муфассал таворихи Туркистон” китоби майдонга келади. (Бу асар Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланмоқда.) Тарих фани нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этган “Қўқон хонлиги тарихидан” тадқиқотининг муаллифи, машҳур тадқиқотчи олим, тарих фанлари доктори Рашид Набиев бу асар билан таниш бўлган. “Қози Отабекнинг “Муфассал тарихи Туркистон” асари компелятив асар, аммо ўзига хос янги маълумотлар билан тўлдирилган”, деб ёзади.

Мактуб мазмунига қайтсак: Муҳаммад Фозилбек исми жисмига мос фозил инсон эканлиги маълум бўлади. У Остроумовга отаси бошлаган китобни ниҳоясига етказгани, нашр этишга ёрдам беришини сўрар экан, шахсан ўзи нашрга тайёрлаган асл ва таржима асарлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтади.

Ажойиб олим ҳақиқатни яширмай рўйи рост ёзади. У андижонлик фотоҳаваскор ва ўзбеклар орасида биринчи бўлиб, фотография ҳақида 253 саҳифадан иборат расмлик “Илми фотоғраф” китобини (иккинич бўлиб тошкентлик педагог Рўзи Ҳусанов ёзган ва 1930 йилда лотин алифбосида чоп эттиргани маълум – С.А.), русча “Сборник задач” тўпламини таржима қилиб, 381 саҳифалик “Илми ҳисоб” – мисол ва масалалар тўпламини тайёрлайди, тасвирли ҳикоя ва турли ҳикоялардан иборат расмларга бой бир тўплам-мунтаҳаб таржимани амалга оширади ва ўзи расмлар билан безайди. Олим ва таржимон юқоридаги ишлар билан кифояланган эмас. Селекция соҳасида ҳам самарали ишлаган. Тарихчи Сайфиддин Жалиловнинг ёзишича, “Янги усул парникларда аъло навли ипак тусли пахтани кўклатиш” (асар), “Андижонда ипакчилик” (мақола) ва бундан ташқари ғўза селекцияси ҳақида, асаларичилик тўғрисида ҳам асар ёзганини таъкидлар экан, “Арабча-ўзбекча изоҳли луғат” тузгани ва муаллифда сақланишини маълум қилади. Хат мазмунига кўра, Фозилбек “Тарихи умм” (“Умумий тарих”) номли китоб ёзишни ният қилган. Лекин ушбу асарнинг тақдири ҳанузгача номаълум.

Тиниб-тинчимас олим Фозилбек Отабек ўғли тарих соҳасидаги изланишларини давом эттириб, болалигида ўзи гувоҳ бўлган 1898 йил қўзғолони воқеаларини маҳаллий халқ вакиллари қўлига тушмаган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган суд жараёни материаллари, харита ва чизмаларни ўрганиб китобига илова қилади. Рус журналистларидан А.Сальков, Н.Ситняковский, А.Романович каби кўпгина қаламкашларнинг шовинис­тик чиқишларини, рус матбуоти ва архив материалларини пухта ўрганади. Ҳозир китобда келтирилган айрим ҳужжатларни архивлардан топиб бўлмайди. Муаллиф шундай ёзади: ”Бундан яримгина аср муқаддам Русиянинг қаҳрлик истибдоди ва чор ҳукуматининг панжайи зулмига ўтуб, ўшандан бери улар кўзларимизни очирмай, ҳама вақт бошимизға муштлаб келди. Ҳаммани саводсизлиқ балосига мубтало қилиб, қора кунларда асорат занжири билан қўл-оёқларимизни чирмаб олмоқ фикрида золим тўралари ва хоин губернаторларини тепамизга бир соҳиб ихтиёр ва қаҳрамон қотил кўрсатиб идора қилиб келди. Ўз истибдоди сармоясини қувватлантирмоқ учун ҳам биз, Туркистон халқини доимо асиру залил ва қул қилиб, ишлатиб келмак мақсади билан кўзимизнинг очилишиға қарши турди”.

Китобни 1927 йилда ўндан ортиқ оригинал ва кўчирма расмлар, тарҳлар билан безаб, кичик кириш сўз билан Тошкент-Самарқандда чоп эттиради. Муаллиф воқеанинг жонли гувоҳи. Дор атрофидаги ҳодисаларни ўз кўзи билан кўрган ва тасвир этган. Воқеага чуқур таассуф ва ғамгинлик ҳамда андак танқидий ёндошган. Собиқ совет ҳокимияти Туркистон халқининг миллий озодлик ва эрк учун кураши ва унинг намояндалари фаолиятини салбий баҳолай бошлаган бир даврда Фозилбек Отабекнинг тарихий ҳодисага холисона баҳо бера олгани ва китоб ҳолида нашр эттиргани эътиборга лойиқ ва тарихий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Ушбу асар мустақиллик шарофати билан (С.Аҳмад, У.Долимов, Ш.Ризаев томонидан) қайта нашр қилинди ва Муҳаммадали халфа Собир ўғлининг терма байтлари тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний қалами билан табдил этилиб, китобга илова қилинди.

Юқорида айтилганидек, Фозилбек фотография билан ҳам шуғулланган ва ўзининг кичик студиясига эга бўлган. У Остроумовга отасининг мактуби билан бирга ўзи, отаси ва тўра бирга тушган суратни ҳам қўшиб жўнатган. Суратнинг орқа томонига ўша давр одатига хос тарзда босма ҳарфда “Фотог­рафия Ф.Атабекова. 1904 г”, деб ёзилган. Бинобарин, қўлимиздаги суврат Н.Остроумов уларнинг ҳовлисида 1903 йилда қисқа муддат бўлиб, шошилиб келиб-кетган пайтда олинган. Остроумовнинг ўзи таъзияномада “ўтган йилларда” сўзини ишлатганига қараганда, Андижонда 1903 йил, тахминан август ойида бўлган. (Суратда Н.Остроумов (стулда ўтирган ҳолида), унинг орқасида Ф.Отабек ва отаси Қози Отабек муҳрланган).

Остроумов ушбу хатни эҳтиётлаб сақлаган, (унга жавоб ёзганми, буни аниқлай олмадик. Хат нусхаси сақланмаган) аммо конверт йўқолган. Сувратни архивга олиш жараёнида ёки кейин, унинг кўпгина жойларига мовий ва зангори сиёҳ сачраган. Шунингдек, ота-боланинг мактублари ва суврат бошқа-бошқа йиғма жилдлардан ўрин олган.

Қози Муҳаммад Отабек шаҳид Убайдуллабек ўғли ва фарзанди Фозилбекнинг илк бор эълон қилинаётган мактублари фақат тарихий жиҳатдан эмас, балки миллий зиёлиларимиз ҳамда маданиятимиз тарихини, ўзбек ва рус зиёлиларининг ўзаро алоқаларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Илм-маърифат миллат танламаслигини ва турли ақидалардан устун туришини кўрсатувчи далил, деб ўйлаймиз.

 

МАКТУБЛАР

ФАЗИЛАТЛУ БАЛАНД ДАРАЖАЛИК “ТУРКИСТОН ВИЛОЯТИНИНГ ГАЗЕТИ” МУАЛЛИФИ ЖАНОБ ОСТРОУМОВ ТЎРА ХИЗМАТЛАРИҒА ДУОГЎЙЛАРИ АНДИЖОН
ШАҲРИНИНГ ҚОЗИСИ ҲОЖИ МУҲАММАД ОТАБЕКДИН

Зиёда арз ва ихлос адосидин сўнгра маъруз ул ким сиз баланд даражалукизни кулбамизга қадам муборакингизни етгониға бениҳоят масррума мақҳур ўлдим, аммо бироз кунни хидматларида бўла олмағоним тўғрисида зиёда афсус қиламан. Чунки истеъжол бирлан жўнаб кеттилар. Келгонларини билмай қолубдурман. Суҳбатларидин кўпроқ мустафид бўлмоқ орзусида эрдим. Умид қиламан ким, соир муҳаррир дуогўйлари қаторида хотирларин фаромуш қилмасалар экон деб, аммо Андижон тарихини ҳар ердин сўроғлаб ва тафтиш айлаб тофолмадим. Яна ҳам сўраб кўраман, агар тофолмасам, ўз фаҳмим етгонча бироз мухтасар тасвид қилуб юборуб хидматлариға манзур қиламан. Истеъжол тариқасида айтқон фотоғрафларидан 2 дона юборилди. Камина роқим маҳжурдин Олимхўжа эшон ҳақлариға даъвот вофиро мувассул ўлғай. Муҳлиси қадимий ва дуогўй самимийлари

Қози Муҳаммад Отабек, 10 сунбула, 1904 йил.
Муҳр: Ҳожи ҳофиз Муҳаммад Отабек
ибни Убайдуллабек қози шаҳри Андижон

 

“ТУРКИСТОН ВИЛОЯТИНИНГ ГАЗЕТИ” БОШ СОҲИБ ИМТИЁЗИДАН ОСТРОУМОВ ТЎРА ХИДМАТЛАРИҒА

1905 йил 15 август

Маълум қиламан ким, 1903 йилинда Андижон шаҳриға шарифи қудум қилиб, ҳам бизларни ҳовлиларимизға гузарлари сабаблу жаноб падарибузрукворим бирлан мусоҳиб бўлуб, ул жанобни фазлу камолатларидин хабар топуб, шул тариқада афсус қилиб, айтиб эдингиз ким, “Туркистон вилоятининг ҳеч бир муфассал тарихи йўқ-ки, агар ман муҳибби билсам эрдим, бир умр саъй кўзи бирлон қарор эдим, деб ва бу жумладин илтимос қилиб айдингиз ким, сиз агар таҳрир қалами бирла саъй қилсангиз, Туркистон халқиға ёдовар тарих қолдирсангиз керак”, деб.

Бас, жаноб падарибузрукворим сиз жанобни илтимосингиз идорасидин сизни номингиз била “Муфассал тарихи Туркистон” ном бир китоб таҳририға сабаб дар рўзи жистижў қилур эдилар. Ҳануз тамом 185 саҳифаға етконда Худойи таолийнинг карами бирла бошимизға не тамаълу балолар ёғилиб басе кулфатларға қолиб, жаноб падарибузрукворимиздин маҳрум қолдик. Ва филжумла ороми хоса бўлғонимиздан сўнгра “Таворихи Туркистон”дек муфид китоб нотамом қолғониға афсус қилиб, китоб қадийматини жамъ айлаб, чунончи, “Бобирнома”, “Равзат ус-сафо” ва русиё тарих китобларин топиб, ниҳоят саъйни ҳадди балуғ бирла эътимомиға еткурдим, 312 саҳифадин мураккаб бир китоб бўлди. Ва бир мартаба кўздин кечургон ўзум, бешак. 899 нчи йилдан 1288 нчи йилғача ўтғон воқеотлар, чунончи, бўлуб ўтмиш хонлар, муддати салтанат, элчили(к), каломи хавойинин ва пирлар, шуаролар, шеърлар, улуғ тарихлар, бинолар, ғазал ва нисфи эҳсону мурувват, ширин абёт ва мадҳу санам, тариқи бинойи Хўқанд, мадраса ва масожидлар, муҳри Заҳириддин Бобирдин тортуб, то полковник Смирновни ва генерал губернатор Кауфманни охир умриға маълум бўладур.

Ҳеч мумкин эмас ким, жаҳонда бунинг назрида яна бир китоб бўлғай ва эътимомиға қилгон жистижўйим сиз жанобға кўрганларидан сўнгра маълум бўлса керак деб ва ҳам яхши қоғозға таҳрир айлаб, ҳалли иқнон бирла ёзилиб муқовва қилдируб қўйдум. Марҳамат қилиб олдурмоқни хоҳлатсалар ненавъ бирла хабар қилсалар, амрингизни бажо келтурсам керак ва сиз жанобдан умид шулки, ўз матбаангизда хуруфот бирлан оро беруб, ўзингиздан ёдвор қолдируб “Муфассал таворихи Туркистон”ни машҳури жаҳон қилсангиз экон деб.

Ва мундин бошқа тўрт адад китоби беназир вужудға келтурдим: 1 нчи “Илми фотоғраф” ким, 253 саҳифадин мураккаб, мусаввар; 2 нчи “Илми ҳисоб”и фаройиз тариқи, 381 саҳифадан мураккаб, “Сборник задач”дин айна таржима; 3 нчи, ҳикоя – “Эдинсун”, мусаввар, қўл бирлан қилдим. 152 саҳифадан мураккаб; 4 нчи, ҳикоёт ғайр матбуғ мунтаҳаб таржима, 147 саҳифадин мураккаб, мусаввар, ҳар тўрти ҳам беназир китоблардур. 1903 нчи (йилда – С.А.) генерал остафной Смирнов тўра кўриб, манзур айлаб, ҳаёт губернаторға кўрсатуб, подшоҳлик матбаада бостируб машҳури жаҳон қиламиз деб турган ҳолда губернатор Арендоренко Фарғонадан кетиб қолиб, ўзимда қолғон эрди. Ва ушбу замонда мусаввар “Тарихи умм” ном бир китоб таҳрирға жистижўйим бордур. Ман қарийб эътимомиға еткурсам керак. Албатта, бул китоб ҳам сиз жанобни номингизға таъйин қилинса керак деб.

 Ва ҳар ҳолда амрингизга мунтазирман.
 Муҳаммад Фозил бин Қози Муҳаммад Отабек шаҳид.
Андижон.
 Адрес ушбудур: “Г.Андижан, Фер. обл. насл.нар. судьи Атабека
 Фотограф любитель Фазилбека Атабекова”.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 2-сон

[1] Укаси Маҳмудбекнинг тергов материалларига қараганда, туғилган йил санасида фарқ борга ўхшайди, фамилия ҳам шевада “Ибайдуллабек”, деб ёзилган.

[2] “Дари саодат” – “Дорул саодат” бўлса керак, чунки ХIХ-ХХ аср манбаларида Истанбул шаҳри “Дорул саодат Исломбул”, деб ёзилган. Бинобарин, хат муаллифи газетани эмас, балки шаҳарнинг номини тилга олган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!