Шомаҳмудовлар оиласи

Шомаҳмудовлар оиласи  — инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила. 2-жаҳон уруши даврида тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов (1890—1970) ва унинг хотини Баҳри Акрамова (1903—87) турли миллатнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини фарзандликка олиб, таълим-тарбия берган.

Тошкент шаҳри аёлларининг Ўзбекистон аёлларига қарата қардош халқларнинг етим қолган ва эвакуация қилинган болаларини тарбияга олиш ҳақидаги 1942 йил январь мурожаати уларни шаҳардаги 17-болалар уйига олиб келди. Улар бошпанасиз қолган, турли миллат вакиллари бўлган 13 бола ва урушдан сўнг яна 3 болани ўз тарбияларига олишган.

Булар: Ҳабиба, Вова, Шуҳрат — рус, Ҳамидулла — украин, Рафиқ, Раҳматулла — татар, Холида — молдаван, Самуғ — чуваш, Йўлдош, Эргаш — яҳудий, Ҳалима — қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек — ўзбек.

Шомаҳмудовлар оиласи  самарқандлик Самадовлар оиласи каби инсонпарварликни улуғловчи оила сифатида катта жасорат, қаҳрамонлик кўрсатди. Ёзувчи Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи, «Ўзбекфильм» киностудиясининг «Сен етим эмассан» бадиий фильми яратилишига Шомаҳмудовлар оиласи ҳаёти асос бўлган. Бу оила шарафига Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида Халқлар дўстлиги монументи ўрнатилган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!