Шерали Турдиев. Муштарак тақдирлар

ХХ аср бошларида Эрон ва Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалари

Ўтган асрнинг бошларида Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва араб мамлакатларида ҳам миллий инқилобий ҳаракатлар пайдо бўлди. Уларнинг таъсирида Туркистонда ҳам мазкур мамлакатлар, жумладан, Эрон билан ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалар кучайди. Худди шу даврда, 1908 йилги Эрон инқилобидан кейин, Бухоро ва Туркистонда Калькутта шаҳрида нашр этилаётган “Ҳаблул матин”, Мисрда чиқа бошлаган “Чеҳранома” каби форс тилидаги илғор фикрли газеталар ҳамда Зейнал Обиддин Марағонийнинг “Иброҳимбекнинг саёҳати” романи кенг тарқалди. Айниқса, “Иброҳимбекнинг саёҳати” романида Эрон шоҳларининг мамлакатдаги зулм ва зўрликлари, давлатни идора қилиш усулидаги бошбош­доқликлар оқибатида мамлакат бошига тушган оғир кулфатлар аёвсиз фош қилинган эди.

Бу роман Эрондагина машҳур бўлиб қолмай, балки Бухорода ҳам кенг тарқалган ва амир истибдодига қарши бўлган илғор фикрли ёшларнинг дунёқарашига кучли таъсир кўрсатган эди. Бу ҳақда кекса адиб Садриддин Айний шундай ёзади: “Рус-япон уруши бошланди. Бу уруш сабабли ора-сира чиқиб турғон “Таржимон” газетаси Бухорога келиб тарқала бошлади. Ҳиндистондан “Ҳаблул матин”, Мисрдан “Чеҳранома”, “Парвариш” деган форсий газеталар келиб, уруш хабарлари учун газета ўқимоқчи бўлганларга бошқа фикрлар ҳам берарди.

Лекин аҳвол бундай турмади. 1905 йилдан 1908 йилга келиб аҳвол ўзгарди. Ушбу икки йил муддатда Қозон, Истанбул, Миср, Ҳиндистон матбуоти Бухорода яхшигина ривожланди. Хусусан, бу борада форс тилидаги “Саёҳати Иброҳимбек” Бухорога тарқалди. Ушбу китоб Эрон аҳволига доир ёзилган бўлса ҳам танқид қилинган жиҳатлари айнан Бухорода ҳам бор эди. Шунинг учун китобнинг мутолааси ҳам Бухорода баъзи фикрларнинг ўзгаришига сабаб бўлди”.

Эрон ҳаётига доир воқеалар фақат Эрон матбуоти ва адабиётларидан ташқари Тифлисда чиқа бошлаган озарбайжон ҳажвий журнали “Мулла Насриддин” орқали ҳам Бухоро ва Туркистон аҳолисига етиб кела бошлайди. Журнал саҳифаларида босилган Эронда ҳукм сурган шоҳлик зулми ва Русия ҳамда Англиянинг бу ердаги маккорона колониал сиёсатини аёвсиз фош этувчи асарлар босилди. Жумладан, Жалил Муҳаммадқулизоданинг “Эронда инқилоб”, А.Ҳақбердиевнинг “Оға Муҳаммад Гажар” асарлари, Мирза Алиакбар Собир, Муҳаммад Ҳоди шеърлари ҳам Бухоро ва Туркистондаги тараққийпарвар адибларнинг мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва маданий аҳволга танқидий назар ташлашга ундади. Жумладан, 1911 йилда Сидқи Руҳулло бошчилигидаги озарбайжон артистларининг Бухоро ва Самарқандда кўрсатган театр ўйинлари пайтида озарбайжон драматурги ва жамоат арбоби Наримон Наримоновнинг Нодиршоҳ ҳақидаги тарихий драмаси қўйилиши катта маданий ҳодисага айланди. Унда ўрта аср Эрон салтанатидаги фожиали аҳволни кўрсатиш орқали янги Эрон подшоси Муҳаммад Али ва Бухоро амири Амир Олимхоннинг ярамас усул-идораси, халққа нисбатан жабр-зулми мазкур мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий аҳволини тобора оғирлаштирганига ишора қилинган эди. Бу асарлар ўз навбатида Бухоро ва Туркистонда фаолият кўрсатаётган Беҳбудий, Айний, Фитрат, Саидризо Ализода каби маърифатпарвар адибларнинг ижтимоий-сиёсий қарашларига таъсир этмай қолмайди. Жумладан, Фитрат 1911 йилда Туркияда ўқиб юрган вақтларида Истанбулда форс тилида ёзган “Мунозара” (1911) публицистик асарида Бухоро амири Олимхоннинг мамлакатдаги идора усули яроқсизлигини ва у амирликнинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий жиҳатдан орқага кетишига сабаб бўлаётгани, нодон, жоҳил амир амалдорлари, мутаассиб дин арбобларининг қиёфаларини аёвсиз фош қилиб ташлайди. Улар ҳақиқий исломдан мутлақо бехабарликлари туфайли муқаддас исломни оёқости қилаётганликларини афсус ва надомат билан кўрсатиб беради. Фитрат мазкур асарида Эрон инқилобчилари Сатторхон ва Боқирхонларни, Туркия инқилобчилари Анварбек ва Ниёзбекларни чуқур ҳурмат билан тилга олиб, уларни мамлакатнинг ислоҳоти ва мустақиллиги учун ҳақиқий курашчилар сифатида олқишлаш орқали улардан ибрат олишга даъват этгандек бўлади. Масалан: “Фаранги (мударрисга): –Зеро, бу замон маданият замонидир. Маданият дегани мувозанат (ўзаро бир-бирига ёрдамлашиш) демакдир.

Тасаввур қилинг: Ниёзбек, Анварбекларнинг Истанбул Машрутаси (Конституцияси) учун қилган меҳнатлари тараққийпарварлик бўлмай, нимадир. Эрон машрутасини сўраб чиққан Сатторхон ва Боқирхоннинг ўз жонини қўлларига олиб, ҳар тарафга югуришлари элнинг осойишталиги учун бўлмай, нима эди”.

“Ай, ғафлатдагилар! Токайга тажоҳул? Инсонни ғариб кунга солдинг.

Ай, бехабарлик водийсининг гумроҳлари, магар қисқа муддатда Арабистондан тортиб, то Ҳинд, Тотористон, Туркистон, Рум, Эрон, Андалузни маданият нури билан равшан этган бу ислом эмасмиди? Ислом маданияти қани? Илмга нима бўлди?”

Бу асар кейинчалик Ҳожи Муин томонидан туркийга ҳам таржима қилиниб, алоҳида китоб шаклида Эрон, Афғонистон, Туркия ва ички Россиядаги Қрим, Татаристон ва бошқа ерларга тарқалади. Булардан ташқари Афғонистон, Туркия, Ҳиндистон каби Эронга ҳам Бухорода нашр этилаётган янги туркий ва форсий адабиёт ҳамда газеталар етиб боради. Бу ҳақда кейинчалик Ҳожи Муин Шукруллаев ўзининг “Самарқанд матбуоти тарихи” (1925) мақоласида шундай хотирлайди: “Эрон газеталарининг Теҳронда чиққан “Тарбият” билан, Калькуттада чиққан “Ҳаблул матин”ни биз фақат рус-япон уруши вақтларидагина кўрдук. Бу рўзномалар бунда баъзи Эрон савдогарлари орқали олинар ва тарқатилар эди. “Оина” мажмуаси Туркистондан бошқа Татаристон, Қофқоз, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Мисрга тарқалар ва ҳар ерда суюб ўқишар эди.

1919 йилда вилоят фирқа қўмитаси томонидан ҳафталик форсча “Шуълайи инқилоб” мажмуаси чиқарилиб, унинг муҳаррирлигига Саидризо Ализода тайин этилди. Бу мажмуа Бухоро, Эрон, Афғонистонгача тарқалар эди. Мажмуанинг доимий ёзишғувчилари Саидризо билан Айний афанди эдилар”.

Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан туркий ва форсийда нашр этила бошлаган “Оина” (1913–1915) журнали анча машҳур бўлиб, журнал саҳифаларида Туркистон ва Бухоронинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий-адабий ҳаёти билан бирга Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон, Туркия, Россия, Эрон ҳаётига доир ҳам турли қизиқарли материаллар босилиб турарди.

Журнал ўзининг “Эронда” номли мақоласида мамлакатда тинчликни таъминлаш учун ўзининг расмий жандарм солдатлари сонини кўпайтириб, уларни мамлакатнинг турли вилоятларига тарқатажаги, уларга қўмондонлик қилиш учун Сибирия ва Англиядан бир қанча офицерлар таклиф қилинажаги хусусида ёзади:

“Эрон давлати мамлакат осойишиға маъмур жандармаларни 25 минг нафарға етказмоққа қарор берубдур. Алар энди мунтазам аскарлар ўрнини олиб, Эрон ичидаги барча вилоятларга тақсим бўлиниб борурлар. Мазкур жандармаларга қўмондонлиқ ва машшиқлик қилмоқ учун Сибириядан бир неча зобит муаллим келтирмоқликка қарор берубдур” деб ёзади (Қаранг: “Эронда”, “Оина” журнали, 1914 йил, 31-сон). У ўзининг “Эрон жаридалари” мақоласида Эронда аввал таъқиб этилган айрим матбуот нашрлари қайта чиқа бошлаганлигига тўхтаб ўтади.

Маърифатпарвар Саидризо Ализода 1917 йилги февраль инқилобидан сўнг муваққат ҳукумат даврида Туркистондаги мавжуд иқтисодий танглик, халқнинг оғир аҳволи, ҳукумат маҳаллий идораларининг бепарволиги, савдогарларнинг эса бу ғам ва ташвишлардан бегоналиклари ҳақида ачиниб ёзади. (Масалан, “Боғишамолда очлик”, “Ҳуррият” газетаси, Самарқанд, 1917 йил, 3 июл ва ҳоказо) У 1916 йилда ўзбекча “Агент телеграфлари”, 1917 йил февралдан сўнг форсий “Варақайи телеграф” варақаларини чиқаради, улар Туркистон ва Бухоро ҳамда Эрон ва бошқа жойларга ҳам тарқалади. Ўзи Самарқанддаги янги усул мактабларда муаллимлик қилиб, улар учун “Алифбо” китоби ҳам ёзади.

Туркистонда ўқиган эронлик маърифат шайдолари айрим хабар ва мақолаларни Бухородан Қоҳирада форс тилида чиқадиган “Чеҳранома” газетасига юбориб турганлар. Жумладан, улардан бирида “Табризда шу кунларда бойлар чайқовчилик билан шуғулланиш билан банд, бу ерда эса на бир мактаб, на бир газета, на бир тараққиёт бор”, деб ёзган эди. Эрон инқилоби арафасида эълон қилинган шунга ўхшаш мақолаларнинг ўзиёқ ўша вақтларда Туркистонда яшаб турган Эрон фуқаролари ўз мамлакатларининг шоҳлик тизими ва империалистик мамлакатлар қарамлигидан қутқариш борасида қанчалик қайғурганлигини кўрсатади.

Эрон инқилоби енгилгандан кейин кўплаб мужоҳид ва фидойилар Ўрта Осиё ва Кавказ ортида паноҳ топдилар. Масалан, 1912 йилда Тошкентга Эрондан келган эронлик фуқароларнинг сони бу ердаги бошқа хорижликларга қараганда кўп эди. Шу билан бирга Туркистон ва Бухоронинг Эрон билан 1905–1917 йиллар орасида бўлган ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалари чоризмнинг Туркистондаги мустамлака бошқарув идорасини тобора ташвишга сола бошлайди. Жумладан, бу ҳақда Туркистон генерал-губернаторининг идора бошқармаси, ҳатто 1905 йил биринчи рус инқилобига қадар ҳам Туркистонга Калькуттадан келиб турган форс тилидаги илғор фикрли “Ҳаблул матин” ҳақида фикр сўраб миссионер Н.П.Остроумовга 1902 йил 7 мартда шундай мактуб йўллайди: “Николай Петрович жаноби олийлари, Бухородаги сиёсий агентликнинг бошлиғи генерал-губернаторимизга мактуб йўллаб, Калькуттада форс тилида чиқадиган “Ҳаблул матин” газетаси Туркистонда тақиқланганми ёки йўқлигини аниқлаб беришни сўраяпти.

Эрон инқилоби бостирилгандан кейин анча йил ўтгандан кейин, 1916 йил феврал ойларида ёзилган Россия сиёсий агентлигининг Бухородаги айрим махфий хатларида ҳам Эрон билан Туркистон ўртасида бўлаётган ўша вақтдаги айрим алоқалардан чўчиш, уларни Россиянинг Эрон ва Туркистондаги сиёсий манфаатларига зид деб баҳолаш, бу борада зудлик билан чоралар кўриш лозимлиги таклиф қилинади. Бу ҳақда 1916 йил 23 февралда Ашхобод шаҳридан жаноб Ротмейстр Фиркс мутлақо махфий тамғаси остида, ўз хўжайини, ички ишлар министри ўртоқ Беленковга шундай ёзади: “Агентура маълумотларига қараганда, 1915 йилда Бухородаги форс агенти Миралихоннинг яширин хабарига кўра, Боку орқали Қорабоққа кўп форслар келишган. Ҳозир бизнинг қўшинларимиз Эрон ҳудудига кирган эканлар ва русларнинг Эронга таъсири шунчалик кучая бошлаган экан, Эрондаги Россияга нисбатан очиқ норози бўлганларни банди қилиб, уларни казаклар қўли билан у ердан чиқариб юбориш пайти келди. Бундан ташқари, мен яна шу нарсани ҳам таклиф қилишга ботинаманки, ҳозирги пайтда аҳвол Каспийорти вилоятидан Ашхободдаги форс савдо агентлигини тугатиб юборишга тўла имконият беради”.

Туркистоннинг Эрон билан бўлган бундай ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалари, 1917 йил феврал инқилоби ва Октябр тўнтаришидан кейин, айниқса, совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидан бошлабоқ янги бир ижтимоий-сиёсий ва ғоявий йўналишга дучор бўлди.

1917 йил феврал инқилобидан сўнг Туркистонда ҳам мустақиллик ва эркинлик учун кураш ҳаракатлари жонланиб кетди. Шу муносабат билан Самарқанддаги “Ҳуррият” газетаси, Тошкентдаги “Улуғ Туркистон” (1917–1918) ва бошқа матбуот саҳифаларида мазкур ғоялар тарғиб ва ташвиқ қилинди. Ҳатто шу даврларда Эронда Россия элчиси вазифасида ишлаб турган ватандошимиз самарқандлик Абдураҳим Фарҳодийни ҳам Туркистондаги миллий мустақиллик учун кураш ишларига раҳнамо бўлишга даъват этувчилар бор эди:

Россиядаги 1917 йил Октябрь тўнтаришидан кейин ўрнатилган большевиклар ҳокимияти умуман бутун мазлум мустамлака Шарқи каби Эронга нисбатан ҳам ўзининг янги ғоявий-сиёсий маслагини ўтказиш йўлларини излай бошлади. Шу мақсадда 1919 йилда “Шарқда байналмилал тарғибот кенгаши” тузилди. Бу кенгашнинг ғоявий-сиёсий таъсирида Туркистонда ҳам Эрон билан ҳам янгича ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалар йўлга қўйилди. Самарқандда чиқа бошлаган форс тилидаги “Шуълайи инқилоб” (1919–1920 йиллар), Тошкентдаги “Шарқ” (1919), “Инқилоб” (1922) каби журнал саҳифаларида босилган С.Айний, Н.Тўрақулов, С.Ализода, Фитрат, Иброҳим Тоҳирий, Чўлпон ва бошқаларнинг мақолаларида Афғонистон, Ҳиндистон, араб мамлакатлари, Туркия каби Эрондаги ижтимоий-сиёсий аҳвол ва бу ерлардаги миллий мустақиллик учун бўлган ҳаракатлар кенг ёритилиб, уларга хайрихоҳлик изҳор этилди. Айниқса Фитрат ва Чўлпоннинг мақолаларида собиқ Россия ва Англиянинг Эронга нисбатан тутган мустамлакачилик сиёсатлари, Эрон миллий истиқлолчилари ва ватанпарварларини қатли омга учратиб, мамлакат мустақиллигига қилган таҳдидлари ва бу йўлда Муҳаммад Али каби қўғирчоқ шоҳлардан фойдаланганликларини кескин танқид қилиш руҳи алоҳида бўртиб туради. Жумладан, Чўлпоннинг “Эронда гуруҳ жанжаллари” (1923) мақоласида Эрон шоҳи Муҳаммад Алининг ўз халқига нисбатан сотқинлиги, Россия, Англия ҳукуматларига малайлик қилиб, мамлакат ва халқ моддий бойликларини уларга талатиб қўйганлиги қаттиқ танқид қилинади. Шоир Эрон миллий истиқлолчилари Одесса шаҳрига қочганлигини ҳажвий бўёқларда беради.

Совет давлатининг дастлабки йилларида Туркистон билан Эрон орасида бўлиб турган ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалар коммунистик режимнинг ғоявий назорати кучайиши билан аста-секин сўна бошлади. Бора-бора Туркистонда фаол иш олиб борган ўзбек ва тожик тараққийпарвар зиёлилар чет эл агенти, Туркия, Афғонистон ёки Эроннинг жосуслари бўлган, Туркистонда совет тузумига қарши ташвиқот олиб борган деган сохта айб билан қатағон қилиб юборилди.

Жумладан, Саидризо Ализоданинг оғир қисмати бунга яққол мисол бўла олади. У 1913–1915 йилларда “Оина” журналида, 1917 йилда “Ҳуррият” газетасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муинлар билан, 1918 йилда “Шуълайи инқилоб” журналида С.Айний, Ҳожи Муин ва бошқалар билан бирга самарали иш олиб борди. Маърифатпарвар Туркистонда ўзбек ва форс тилида чиқадиган матбуот нашрларида фаолият кўрсатиш билан бирга, бу маҳаллий нашрларнинг хорижий Шарқ мамлакатларида, жумладан, Эронга тарқалишида, шунингдек, чет эллардаги илғор матбуотнинг Туркистонда кенг ёйилишида муайян роль ўйнаган эди. Адиб 1938 йил 5 февралда қамоққа олинади. Унга Самарқанддаги эронийлар маҳалласида советларга қарши тарғибот-ташвиқот олиб борган чет эл жосуси, жадид деган сохта айблар қўйилади. С.Ализода бу айблар асоссизлигини исботлашга уринади. Жумладан, 1939 йил 3 мартда бўлган терговлардан бирида ундан Самарқанднинг Боғишамол мавзеидаги эронликларни Эрон фуқаролигига ўтишга ёрдамлашганман деб кўрсатма беришни талаб қилишади. Шунда у терговчига: “Мен совет ҳукуматига қарши хат ёзганим йўқ ва маҳаллий эронийларни ҳам Эрон фуқаролигига ўтишга илтимос қилган эмасман” деган қатъий рад жавобини беради.

Саидризо Ализода Ички ишлар халқ комиссарлигининг 1941 йил 16 сентябрдаги мажлис қарори билан советларга қарши тарғибот олиб борган чет эл разведкаси агенти сифатида 5 йилга қамоқ-сургунга юборилади. У 1945 йил 24 декабрда Россиянинг Владимирск шаҳридаги қамоқхоналардан бирида вафот этади.

ХХ аср бошларида Туркистон билан қўшни мамлакатлар орасидаги маданий, ижтимоий-сиёсий алоқалар мавзуи ҳали чуқур тадқиқ этилган эмас. Бу борада кўпдан-кўп ҳужжатлар, ўқилмаган саҳифалар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди. Тарихимизнинг номаълум саҳифаларини ўқиш ва холис ёритишдек қутлуғ анъана давом этмоқда.

Шерали Турдиев, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 10-сон