Хўжаев Порсо

Порсо Хўжа Ҳасан

(1867 йил, Бухоро – 1937 йил 25 октабр, Тошкент)

Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг намояндаларидан бири, давлат ва жамоат арбоби. Бухорода мадраса таҳсилини олган. 1905 йилдан Бухородаги жадидчилик ва Ёш бухороликлар сафида Янги усул мактаблари очиш ва жадид газеталари чиқариш, кўплаб қироатхона ва кутубхоналар ташкил этишда фаол қатнашган. 1918 йилмартдан Самарқанд, Шаҳрисабз, Қарши, Бухорода амирлик тузумига қарши курашда иштирок этган.

Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилгач, Хатирчи ва Кармана вилоятлари инқилобий қўмитаси раиси (1920-21), БХСР деҳқончилик нозири ва нозир ўринбосари (1921), Бухоро марказий касабалар иттифоқи раиси (1922), БХСР Марказий Ижроия Комитети раиси (1922 йил август -1924 йил ноябр). 1925 йилдан Бухоро шаҳри ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, Бухоро округида ер ислоҳоти бўйича комиссия раиси, 1929 йилдан Тошкентда яшаган, БХСРнинг раҳбар арбоблари билан биргаликда миллатчиликда айбланиб, 1937 йил 14-октабрда отишга ҳукм қилинган, 1962 йил 26 ноябрда оқланган.