Муҳаммад Раҳимхон I

(1775-1825)

(1806-1825)

Хива хони. Қўнғиротлар сулоласидан. Тўлиқ исми Муҳаммад Раҳимхон ибн Аваз иноқ ибн Муҳаммад Амин иноқ. Акаси Элтузархон вафотидан кейин тахтга ўтирган (1806 йил). Муҳаммад Раҳимхон I Хива хонлигини бирлаштиришда ижобий натижаларга эришган; бир қанча сиёсий, иқтисодий, маъмурий ислоҳотлар ўтказган. Хон саройи қошида доимий фаолият кўрсатувчи Кенгаш (Девон) таъсис этилган. Муҳаммад Раҳимхон I мамлакатни кенгайтириш учун туркман – човдурлар устига юриш қилган (1808-1809 йиллар). Шу йили Ҳасанбой элини бўйсундириб Қўнғиротга ҳужум қилган, бироқ у ерда қаттиқ қаршиликка учраган. Оймирза ҳукмронлик қилаётган қорақалпоқларнинг бир қисмини Оқ ёшқ деган мавзега кўчирган. Муҳаммад Раҳимхон I Орол бўйи қорақалпоқларини бўйсундириш учун бир неча марта юриш қилиб, 1811 йилда Тўрамурод сўфини енгиб хонликни мустаҳкамлаган. 1812-1818 йиллар давомида Сирдарё бўйи қозоқлари ва Марвдаги така туркманлар устига юриш қилиб, уларни хонликка қўшиб олган. Бу ғалабалар Хива хонлигининг мавқеини мустаҳкамлаб, уни мустақил қудратли давлатга айлантирган. 1822 йилда Марв устидан ҳукмронлигини ўрнатди. 1823-1824 йилларда Бухоро амирлигига тегишли Қоқиштивон, Оғор ва Пойкенд қалъаларига талончилик юришларини қилган. Бухоро амири Ҳайдар билан сулҳ тузган (1825 йил).

Муҳаммад Раҳимхон I даврида Дашти Қипчоқ, Хуросон Хива хонлигига солиқ тўлаб турган. Хонлик ҳудуди жанубда Хуросон, Шимолда Орол денгизи ва Сирдарёнинг қуйи оқимидаги ерлар, шарқда Бухоро амирлигига туташ ҳудудлар, ғарбда Каспий денгизи қирғоқларигача бўлган ерларни ўз ичига олган. Муҳаммад Раҳимхон I ўзи қурдирган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидаги катта хонақоҳнинг тўрига дафн этилган. Муҳаммад Раҳимхон I араб, форс тилларини билган. Илм аҳлига ҳомийлик қилган. Олим, шоир ва донишмандлар билан суҳбатлар ўтказиб турган. Мунисга Элтузархон даврида бошланган “Фирдавс-ул-иқбол” асарини давом эттиришга шароит яратиб берган. 1813 йилда Мунисга “Равзат-ус-сафо” асарини таржимасини топширган. Мамлакатда бир қанча каналлар қаздириб ободонлаштирисга эътибор берган. Аркда зарбхона ташкил қилиб олтин ва кумуш тангалар чиқарган. Муҳаммад Раҳимхон I даврида ичкилик ва бангилик тақиқланган. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси қайта қурилган. Хивада бир қанча мадраса ва масжидлар қурилган. Божхона ва бошқа муассасалар ишга тушган.