Икромов Акмал Икромович

(1898 йил, Тошкент — 1938 йил, 13 март, Москва)

(1929 йил декабр — 1937 йил сентабр)

Давлат ва сиёсат арбоби. Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида мактабдор Икром домла оиласида туғилган. Отасининг мактабида савод чиқарган. Ёшлигидан форс ва араб тилларини пухта эгаллаб, шарқ адабиётини чуқур ўрганган. Тошкент шаҳрида ўқитувчи (1918-1919), “Изчиллар тўдаси” ва “Чиғатойгурунги”аъзоси, Элхон тахаллуси билан шеърлар ёзган. Наманган, Фарғона, Сирдарё вилоятлари партия ташкилотларида турли лавозимларда фаолият кўрсатган (1919-1921). Туркистон Коммунистлар партияси Марказий Кенгашининг котиби ва ташкилий инструкторлик бўлими мудири (1921-1922). Туркистон Республикасида янги иқтисодий сиёсат (НЭП) ни амалга оширилишида ташаббускорлик қилган. 1922-1924 йилларда Москвадаги Коммунистик университетда ўқиди. 1925 йил январдан Тошкент вилояти партия комитети котиби. 1925 йил февралдан Ўзбекистон Коммунистлар Партияси Марказий Кенгаши котиби, биринчи котиби (1929 йил декабр — 1937 йил сентабр). 1931-1934 йилларда Бутун иттифоқ коммунистлар партияси марказий кенгашининг Ўрта Осиё бюроси котиби. Бутун Россия Марказий Ижроия Қўмитаси аъзоси, 1925-1937 йилларда СССР Марказий Ижроия Қўмитаси Президиуми аъзолигига номзод. ЎзССР Марказий Ижроия қўмитаси Президиуми аъзоси (1925-1937).

А. Икромов 1919-1924 йилларда имконияти доирасида ўзбек халқи манфаатлари учун Марказ сиёсатига қарши курашган. У моҳир публитсист сифатида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини, хусусан пахтачиликни ривожлантиришга, маданий қурулишга доир кўплаб назарий мақолалар, илмия асарлар ёзган. Икромов ўз фаолияти давомида Ўрта Осиё бюроси ва Марказнинг кўрсатмаларига амал қилишга мажбур бўлган. 1925-1927 йилларда ўн саккизлар гуруҳи, иноғомовчиликка қарши ғоявий кураш олиб борган. Ўзбекистонда ер-сув ислоҳати, мажбурий жамоатлаштириш, республикада замонавий саноат асосларини қуриш ва бошқа тадбирларга раҳбарлик қилган. Жадидларни “буржуа миллатчилиги” да айблаган. Икромов гарчи болшевистик ғоядан чекинмаган бўлса-са, мустабид тузум қатағончилари уни аяб ўтирмадилар. 1937 йил сентабрда Тошкентда қамоққа олинди. советларга қарши “Ўнг троскийчи блок” деб аталган иш бўйича Москвада суд қилиниб, собиқ СССРни бўлиб юбориш, жумладан, Ўрта Осиё республикаларини ажратиб олиш, давлат тузумини ағдариш, капитализмни, буржуазия ҳокимиятини тиклашда айбланди ва отиб ташланди.

1957 йил 3-июнда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси А. Икромовни айбсиз деб топди ва у оқланди. Икромов хотираси абадийлаштирилиб, Тошкент шаҳридаги туманга, йирик кўчага, маҳаллалар ва мактабларга унинг номи берилган. Тошкент ва Самарқандда ҳайкали ўрнатилган.