Бароқхон

Наврўз Аҳмадхон ибн Суюнчхожа

(?-1556, Самарқанд)

(1551-1556)

Шайбонийлар сулоласидан бўлган хон. Абулхайрхоннинг невараси, Тошкент ҳокими Суюнчхожанинг кичик ўғли. Отаси вафотидан сўнг Тошкент ҳокими (1525-1551-й) сўнгра Мовароуннаҳр хони (1551-1556-й.). У ёшлигида Восифийдан шеърият, мусиқа, ашула, вазн ва назмдан таълим олган. Айни вақтда чавандозлик ва ҳарбий машқлар билан кўпроқ шуғулланган. Бароқхон ХVI аср ўрталарида Бухоро хонлигида кучайиб кетган феудал курашдан фойдаланиб, Мовароннаҳрни қўлга киритиб олди. Сўнгра қўшин билан Шайбонийхоннинг жияни Муҳаммад Раҳимни Бухоро устига отлантирди. Лекин Муҳаммад Раҳим йўлда тўсатдан вафот этди. Унинг ўғли Бурхон султон отасига қарашли ҳарбий қисмлар ва мулозимлари билан Бухоро остонасига етиб келди. Айни шу вақтнинг ўзида Бароқхон Тошкентдан, Абдулатифхон эса Самарқандда Бухоро устига қўшин тортиб, охир-оқибат уни эгалладилар (1540). Бароқхон Бурхон султонни Бухорони бошқаришда вақтинча ҳукмдор бўлиб турган Муҳаммадёр султонга шерик қилиб қўйди. Иттифоқчилар (Бароқхон ва Абдулатифхон) Бурхон султонни ҳам ўзларига қўшиб Миёнкол ҳукмдорлари Искандархон ва Абдуллахонга қарши юриш бошладилар. Абдуллахон миёнколни Бароқхонга қолдириб, Балхга кетишга мажбур бўлди ва у ердан туриб амакиси Балх хони Пирмуҳаммадхоннинг ёрдами билан Бароқхонга қарши уч марта (1553,1554,1555) қўшин тортди, лекин ҳар гал мағлубиятга учради. Бароқхон Абдуллатифхон вафотидан кейин 1551 йилда Самарқандни ҳам эгаллади.

Шундай қилиб, 1551-1556 йиллари Бароқхон Мовароуннаҳрни Наврўз Аҳмадхон номи билан идора қилди. У ўз номидан пул зарб эттирди. Мовароуннаҳрнинг кўпгина шаҳарларида унинг номи хутбага қўшиб ўқилди. У ободончилик ишларига эътабор берган, мадрасалар қурдирган(“Бароқхон мадрасаси”-1531/32-ХVI асрнинг 2-ярми). Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ,,Абдулланима” асарида қайд этилишича, Бароқхон 1556 йилда Зарафшон дарёсидан бошланган Дарғом каналининг бош иншооти – Равотхожа тўғонини тузаттириш учун келган ва шу ерда тўсатдан вафот этган. Унинг даврида Мовароуннаҳр билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой, Сибир ўртасида савдо-сотиқ, элчилик муносабатлари ривожланган.