Наргиза Собирова. Маърифат қалдирғочларидан бири

http://n.ziyouz.com/images/jadid.jpg

Мамлакатимизнинг XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги мураккаб тарихини ўрганиш Туркистондаги барча йирик шаҳарларда ва Бухорода аҳолининг миллий онгини уйғотиш ҳамда миллий мафкура ғоясини тарқатиш учун катта хизматлар қилган жадидлар фаолиятини тўғри ёритиш масалалари билан бевосита боғлиқ. Шу мақсадда мазкур мақолада ХХ аср бошида Ўзбекистонда халқ таълимини ривожлантириш тарихига доир айрим муаммоларга тўхталиб ўтамиз.

Маълумки, Октябрь тўнтаришидан кейин ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олган большевиклар ички ва ташқи омиллар таъсирида эски миллий зиёлиларни ҳамда вояга етиб келаётган янги авлод вакилларини сиёсий-ижтимоий-иқтисодий фаолиятга жалб этишга мажбур бўлдилар. Сабаби, асрлар оша шаклланиб келган миллий-маънавий, диний қадриятларга таянмасдан туриб, туб аҳоли орасида обрў-эътибор қозониш ҳам, асл мақсадларини амалга ошириш ҳам мумкин эмас эди. Ана шу мақсадда совет ҳокимияти биринчи навбатда маориф ва мактаб таълимини қўлга олишга катта эътибор берди. Бу борада Туркистонда совет ҳукуматининг дастлабки йилларида бир қанча жиддий тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, халқ таълимининг анъанавий усулларини қисқартириш ва Ислом аҳкомларига таянган эски таълим тизимини йўқотиш учун қуйидагаи вазифаларни бажариш қаттиқ талаб қилинди:

– Содда, ҳаммага тушунарли бўлган араб графикаси асосидаги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш, араб графикасидаги баъзи бир ҳарфларни қишлоқ ва шаҳар шеваларига мослаб соддалаштириш. Бу янги таълим тизимига хос услубиётнинг асосини ташкил этар эди.

– Ўқувчиларга билим бериш учун янги талабларга мос келадиган дарслик ва қўлланмалар яратиш, катталар учун ҳам алифбо қўлланмаси тузиш.

– Мактаб ёшидагилар ва катталар учун янги услубий қўлланмалар ва кўргазмали воситалар ишлаб чиқиш.

– Қисқа муддатда малакали муаллимлар тайёрлаш.

– Янги типдаги мактаблар қуриш.

Жуда кўплаб зиёлилар қатори таниқли маърифатпарвар Шокиржон Раҳимий ҳам мазкур ишларга жалб қилинди. Бу масъулиятли вазифани бажариш учун Шокиржон Раҳимий араб алифбосини ҳозирги замонга мослаб соддалаштириш, шунга мувофиқ ҳарфларнинг ёзилишини ҳам осонлаштириш, ўзбек адабий тилини қишлоқ ва шаҳар шеваларига мослаштириш лозим деган талабни илгари сурди.

“Савод чиқаришнинг калити алифбодадир” деб ҳисоблаган Ш.Раҳимий ана шундай дарслик яратишга киришди ва тез орада “Совға” деб аталган алифбо қўлёзмасини яратди. Янги усулдаги бу алифбо ҳалигача мутахассис олимлар эътиборидан тушмай келади. (Бу борада Сотимхон Холбоевнинг ишлари диққатга сазовор). Шу муносабат билан қуйидагиларни таъкидлаш зарур:

“Совға” алифбоси араб графикаси асосидаги биринчи алифбо ҳам ёки унинг илк варианти ҳам эмас. Бу борада татар олимлари ва жадид маърифатпарварларининг, жумладан Мунаввар Қорининг (1906) дарсликлари мавжуд эди. “Совға” алифбосини тузишда 1907 йилда очилган “Раҳимия” мактаби ҳамда Ш. Раҳимийнинг шахсий педагогик тажрибаси асосий таянч воситаси бўлиб хизмат қилди.

Болалар учун биринчи китобни тузишда у Мунаввар Қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ашурали Зоҳирий, Элбек, Ғози Олим, Қаюм Рамазон, Авлоний, Гаспрали ва бошқа машҳур жадидлар ҳамда Европа маърифатпарварларининг илмий-услубий асарларидан фойдаланди.

Мазкур дарслик 1924 йилда ўз даврининг таниқли олим ва педагоглари томонидан муҳокама қилиниб, маъқулланди. Бухорода ўтказилган маслаҳат кенгаши қарори асосида у ниҳоятда зарур дарслик деб эътироф этилди. Ўша даврнинг машҳур зиёлиларидан бири Сулаймон Азим шундай деб ёзган эди:

“Совет тузумининг биринчи кунларидан бошлаб, то 30-йилларнинг охиригача ёшу қари Шокиржон Раҳимийнинг дарслиги туфайли саводхон бўлди. Бу дарслик бир неча марта қайта нашр этилди. “Совға”да болалар руҳиятига мос кичик мақолалар ва ҳаётий лавҳалар берилган”.

1919–1936 йилларда ҳам Шокиржон Раҳимий кўплаб дарсликлар яратди, бошланғич мактабларнинг барча синфлари учун тил-имлога қўлланмалар тузди. Бундай китобларнинг сони ўнтадан ортиқ эди.

Шокиржон Раҳимий боланинг миллий онгини уйғотиш ва уни миллий анъаналар руҳида тарбиялашни биринчи синфдан бошлаб амалга ошириш зарур деб ҳисобларди.

“Совға”лар такомил қиладир” мақоласида (“Аланга” журнали, 1927 йил, 6-сон)у шундай ёзади: “Болаларнинг онгига миллий руҳ алифбо орқали сингдирилиши керак”.

Ўша давр болаларининг тайёргарлиги ва тасаввурларини ҳисобга олган ҳолда у қишлоқ ва шаҳар болаларига алоҳида-алоҳида алифбо дарсликлари яратди. Шунингдек, катталарнинг саводхонлигини оширишга қаратилган махсус қўлланмалар тузди. Бу китоблар “Ўзбекистон Миллий Шўроси китоблар комиссияси”нинг 1930 йил 23 июндааги қарорига асосан нашр этилган эди.

Моҳир педагог 1926 йилда “Ўзбек ишчи-деҳқонларининг календари” тақвимини ҳам тузди. У янгича таълимий асарлар яратиш жараёнида маърифатпарварлик ғояларини илгари суришга, миллий тилни юксалтиришга, миллий маданият ва дунёқарашни, қадимий анъаналарни сақлашга ҳар доим катта аҳамият берган эди.

20-йилларнинг ўрталарига келиб, мактабларнинг 1- ва 2-босқичлари учун бир қатор бошқа дарсликлар ҳам эълон қилинди. Уларнинг кўпчилиги русча дарсликлардан сўзма-сўз қилинган таржималар эди. Авлоний, Фитрат, Элбек, Ш.Раҳимий ва бошқа етук миллий зиёлилар бу ҳаракатнинг салбий жиҳатларини тез тушундилар ва янгидан ёзиладиган дарсликлар миллий руҳда бўлиши ҳамда халқнинг миллий онгини, маданиятини юксалтиришга, миллий тилни ривожлантиришга хизмат қилиши керак деган фикрни илгари сурдилар.

Ш. Раҳимий мактабдаги таълим жараёни моҳияти ҳақида шундай ёзади: “Мактаб болаларни фақатгина ўқитиб қолмай, уларнинг маънавий дунёсини ва жисмоний қувватини ривожлантириши, дунёқарашини миллий қадриятлар, тарихий анъаналар руҳида шакллантириши, ўз Ватанини юракдан севган фаол фуқароларни тарбиялаб етиштириши зарур”.

Ўқувчилар онгида миллий дунёқарашни шакллантириш унинг асосий ғояси эди. Олимнинг ҳаётий ва илмий фаолияти мазмунини “Туркистон шўролар жумҳуриятидаги маорифпарвар ёшларга хитоб” дастурида очиқ кўриш мумкин.

1923 йилда Мунаввар Қори раҳбарлигида “Нашри маориф” жамияти ташкил этилди. Ш.Раҳимий бу жамиятнинг Тошкент вилояти Эски шаҳар бўлимини бошқарди ва Боку ҳамда Германияга иқтидорли ёшларни ўқишга жўнатиш ташаббускорларидан бири бўлди. Эски мактабларни ва “Исҳоқия” кутубхонасини таъмирлашда унинг хизмати катта.

Ш.Раҳимий қатор илмий жамиятлар ва қўмиталарнинг фаол аъзоси сифатида ҳам танилган эди. У Туркистон табиий ёдгорликлари, санъат, тарих, шунингдек, музей ишлари комиссиясининг аъзоларидан бири эди.

Ш.Раҳимий 1918–1924 йилларда эски шаҳар маориф бўлимини бошқарди, сўнг Тошкент вилояти маориф бўлимига раҳбарлик қилди. У 1920 йилда мусулмонлар университетининг ташкил топишида ҳам фаол иштирок этди ва Мунаввар Қоридан кейин бу илм масканига раҳбарлик қилди.

Тошкентдаги биринчи Аёллар Педагогика билим юрти бевосита унинг ташаббуси билан очилган эди. 1922 йилда Халқ таълими Республика қўмитасининг йўлланмасига мувофиқ у Тошкентдаги ишчилар факультетида директор лавозимида ҳам ишлаган. Бу ўқув даргоҳи жуда кўп ёшларнинг олий ва малакали таълим олишига ёрдам бергани маълум.

Шокиржон Раҳимий 1928 йилда Маориф институтини ҳам бошқарди, “Ўзбекистон” нашриётида бўлим бошлиғи ва муҳаррир лавозимида ишлади, 1930 йилда эса Москвага хизматга жўнатилди. Халқ таълими комиссариятининг йўлланмаси билан маориф ва театр гуруҳининг раҳбари этиб тайинланди. Бу гуруҳда таниқли ўзбек артистлари ва маданият арбоблари Аброр Ҳидоятов, Маннон Уйғур, Сора Эшонтўраева ва бошқа санъат намояндалари таълим олганлар.

Олим Москвадалиги вақтида Мунаввар Қори бошчилигидаги бир гуруҳ жадидлар қамоққа олинади. Ш.Раҳимий Тошкентга қайтгандан кейин унинг устидан ҳам тергов бошланади. Таниқли маорифчи 1938 йил август ойида Давлат хавфсизлиги қўмитаси томонидан қўлга олинади ва 1938 йил 5 октябрда СССР Олий Судининг 58 (давлат тўнтариши), 64 (террористик акт), 67 (контрреволюцион ташкилотда қатнашгани учун) моддаларига асосан, жиноий жавобгарликка тортилади ва отишга ҳукм этилади.

Таниқли иқтисодчи Ҳикмат Собиров шундай хотирлайди: “Янглишмасам, 14 ёшимда 1937 йил 18 июлда амакимни Тахтапулдаги уйимиздан олиб кетишди. Яна уйимиздаги китоблар ва қоғозларни ҳам мусодара қилишди. Дадамнинг сафдошлари, ҳамфикрлари Абдулла Қодирий, Элбек, Фитрат, Чўлпон, Ғози Юнусларнинг ҳаммаси бир кунда ҳибсга олинган. Ш.Раҳимий ва унинг маслакдошларига нисбатан фақат туҳматдан иборат сохта айблар қўйилган.

Ўзбек миллий мактабшунослигининг асосчиларидан бири, жуда кўп дарсик, қўлланмалар муаллифи, фидойи маорифчи Шокиржон Раҳимий ноҳақ тузум қурбони бўлди”.

Ш.Раҳимий сингари фидойи шахслар истиқлол ва мустақиллик ғоялари йўлида курашган эдилар. Афсуски, улар эзгу мақсадларини амалга ошира олмадилар.

Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришига кўра, 1937–1939 йилларда Ўзбекистонда 6920 та шахс айбсиз қатл этилган. Шулардан 1571 киши адабиёт, маориф ва маданият соҳасининг таниқли вакиллари эдилар.

Зулмат қанчалар қоронғи бўлмасин, ёруғлик барибир тантана қилади. Ниҳоят, юртимиз мустақилликка эришди, адолатсизликлар барҳам топди. Халқимиз ўз қадр-қимматини, маънавий қадриятларини англашга ва ардоқлашга ўрганди.

Миллий руҳ билан суғорилган дарслик ва қўлланмалар яратиб, ёш авлоднинг маънавий дунёсини шакллантиришга, ўзлигини англатишга, маданиятимизни юксалтиришга катта ҳисса қўшган Шокиржон Раҳимий сингари фидойи инсонларнинг порлоқ хотираси миннатдор авлодлар қалбида барҳаёт яшайди.

Наргиза Собирова, Ўзбекистон Миллий университети аспиранти

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 11-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!