Наим Каримов. Атоқли журналист ва дипломат

Ўзбек халқи табиатида ажабтовур хислатлар оз эмас. Ўзбек халқидек бошқа миллатлар билан элакишиб кетадиган, уларнинг вакилларини ўз фарзандидек ардоқлайдиган халқ оз бўлса керак, бу ёруғ оламда.

… 1917 йил Февраль инқилобидан кейин чор ҳокимиятининг ағдарилиши ва Муваққат ҳукуматнинг юзага келиши билан тарих ўзбек халқининг, кўҳна Туркистоннинг мустақилликка эришиши учун муайян шароит яратгандек эди. Мустақиллик орзуси билан яшаган зиёлилар Февраль инқилобининг дастлабки кунлариданоқ “Шўрои ислом” ташкилотини тузиб, халқнинг соғлом кучларини ўз атрофига бирлаштиришга ҳаракат қилдилар. Большевиклар инқилоби билан изма-из Қўқонда Ўлка мусулмонлари IV фавқулодда қурултойини чақириб, Туркистон Мухторият ҳукуматининг тузилганини эълон қилдилар. Бу, ўзбек зиёлилари, умуман, ўзбек халқи орзу қилган, мустамлакачилик йилларида сўлиб-сарғайиб қолган умид гулларининг қайта нафас олиши, тирилиши эди. Аммо буни қарангки, Мухторият ҳукуматига раис этиб дастлаб қозоқ халқининг фарзанди Муҳаммаджон Тинишбоев сайланди; кўп ўтмай, у истеъфога чиққач, унинг бошқа бир миллатдоши Мустафо Чўқаев Мухторият ҳукуматига раис этиб белгиланди. Кимдир ўша пайтда ўзбек зиёлилари орасида Мустафо Чўқаев ёки Муҳаммаджон Тинишбоевга тенг келадиган давлат арбоби бўлмагандир, деб ўйлаши мумкин. Йўқ, ундай эмас. Мухторият ҳукуматига қозоқ миллатига мансуб кишиларнинг раис этиб сайланиши ҳам, мазкур ҳукумат таркибига турли миллат вакилларининг киритилиши ҳам ўзбек миллатининг бағри кенг, байналминал, умумбашарий қадриятлар негизида шаклланган миллат бўлганидан шаҳодат беради. Ўзбек халқи 1917 йилга қадар ҳам, ундан кейин ҳам Туркистон заминида яшаган бошқа барча миллат ва элатларни чин қалбдан ҳурмат қилиб, улар билан аҳилликда тинч-тотув турмуш кечирган ва ҳозир ҳам кечирмоқда.

Умуман, жуғрофий жиҳатдан кичик бир ҳудудда, ҳатто бир мамлакатда яшаган миллат ва элатлар ўртасида нега тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат гуллари чаман бўлиб очилмаслиги лозим?!

* * *

Атоқли журналист, дипломат ва жамоат арбоби Назир Тўрақулов 1892 йили Қўқоннинг Бойбўта-кўприк маҳалласида пахта савдоси билан шуғулланувчи қозоқ оиласида туғилган. Унинг отаси Тўрақул ака ўқимишли ва билимдон кишилардан бўлиб, рус ва маҳаллий тиллардаги газета ҳамда китобларни бемалол ўқиган. Назир ёшлигида отаси ёрдамида савод чиқариб, китобга, маърифатга муҳаббат руҳида тарбияланган. У 1903-1905 йилларда Қўқондаги мадрасаларнинг бирида, сўнгра рус-тузем мактабида таҳсил олгач, отасининг хоҳиш-иродаси билан тижорат билим юртига ўқишга кирган. Назир 1913 йили саккиз синфлик мазкур билим юртини тугатиши билан Москвага бориб, тижорат институтининг иқтисод факультетида ўқишни давом эттирган.

Назир Тўрақулов 1928 йил 10 июнда Ташқи ишлар халқ комиссарлигининг масъул ходими сифатида анкета саволларига жавоб бериб, миллатини “қозоқ”, она тилисини эса “ўзбек” деб қайд этган. Туркистон ўлка партия қурултойи делегатлари учун тузилган анкета саволларига жавоб бериб эса, француз, немис, араб, форс ва турк тилларини билишлигини айтган. Н.Тўрақулов мадрасада уч йил давомида сабоқ чиқарган кезларида араб ва форс тилларини озми-кўпми ўрганган. Эҳтимол, у рус-тузем мактаби ва тижорат билим юртида ўқиган кезларида француз ва немис тиллари билан ҳам озми-кўпми ошно бўлгандир. Аммо Н.Тўрақуловнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақолаларда айтилишича, у Москвадаги талабалик йилларида савдо ва тижорат илмидан ташқари, Шарқ ва Ғарб тилларини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор берган.

Биринчи жаҳон уруши Россия ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборди. Урушда мағлубиятга учраш ва бутун дунё олдида шармандаи шармисор бўлиш хавфи “оқ подшо”ни 1916 йили нафақат мусулмон ўлкаларидаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни мардикорликка олишга мажбур этди, балки Марказий Россиядаги олий ўқув юртларида таҳсил кўраётган мусулмон талабаларнинг ҳам ҳарбий хизматга чақирилишига сабаб бўлди. 1916 йил июлида учинчи курс талабаси Назир Тўрақулов ҳам Минск бўсағасидаги ғарбий фронтга йўриқчи сифатида сафарбар этилди. Ўрта Осиёдан мардикор сифатида келган ватандошларига таржимонлик қилиш, йўл-йўриқ кўрсатиш унинг вазифасини ташкил этди ва у бу вазифани сафарбарлик бекор қилингунига қадар сидқидилдан бажарди.

Н.Тўрақуловнинг отаси узоқ-яқин қишлоқлардан ҳақиқат ахтариб келган бева-бечораларга улар тилидан шикоят ва аризалар ёзиб берар, бундай ғарибу ғураболарнинг арз-додларини эшитавериб, жигари хун бўлган Назир маҳаллий бой ва амалдорларнинг ҳам, чор маъмуриятининг ҳам халққа зулм ўтказиб келаётганини яхши билар эди. Ғарбий фронтдаги мардикор ватандошларининг аянчли қисматларини кўриш Назирдаги чор ҳокимиятига бўлган нафратни алангалатиб юборди. У Туркистоннинг мазлум аҳолисига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Минскда “Вольная степь” (“Эркин дала”) деган ташкилотни тузади. Инқилобий кайфиятдаги ўқитувчилар ва талабалардан иборат бу жамият Туркистон халқларининг миллий-озодлик ҳаракатларига ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Ким билсин, агар 1917 йил Февраль инқилоби содир бўлиб, чор ҳокимияти ағдарилмагани ва мардикорлар ўз ватанларига қайтиб кетмаганларида бу жамият нима қилган, қандай ишларни амалга оширган бўларди — бу бизга қоронғи.

1917 йил Февраль воқеаларидан кейин хизмат вазифасидан бўшаган Н.Тўрақулов ўқишни давом эттирмай, ватандошларига мадад бериш истагини дилига жо қилади. У мардикорлик ишлари бошқармасидаги собиқ хизматдошлари билан бирга 1917 йил июнида Оренбургга, 1-Умумқозоқ қурултойига делегат бўлиб боради. Сўнг қурултойда қабул қилинган қарорга кўра, ўша йилнинг июл ойида Бутунроссия миллий марказлар уюшмаси (“земсоюз”)нинг йўриқчиси сифатида Тўрғай вилоятига йўл олади. Унинг бу ерга келишдан муроди Тўрғай вилояти миллий уюшмасини ташкил этиш эди. Уюшма раҳбарлигига даъвогарлар орасида Н.Тўрақулов ҳам бўлган, аммо қозоқ бойлари ўзаро келишиб, унинг номзодини ўтказишмаган. Шунга қарамай, у 1918 йил апрелига қадар шу ерда ишлайди ва “Қозоқ мунгы” газетасига муҳаррирлик қилади. Ниҳоят, 1918 йил март ойининг охири – апрель ойининг бошларида, Туркистон мухторият ҳукумати аъзолари ва тарафдорлари тазйиқ остига олинган бир замонда Н.Тўрақулов она шаҳрига қайтиб келади.

Бир томондан, большевикларнинг миллий зулм ва зўравонлик сиёсатининг таянчи — чор ҳокимиятини ағдарганларини кўрган, иккинчи томондан, уларни Туркистонга Европа маданиятини олиб келаётган кишилар, деб ўйлаган Н.Тўрақулов ўлкада кечаётган ҳаёт-мамот курашининг асл моҳиятини тушунмай туриб, “ғолиблар” сафига келиб қўшилади. Унинг бундай қарорга келишига Тўрғай чўлидаги қозоқ бойларининг хатти-ҳаракатлари ҳам сабаб бўлади. Хуллас, у Қўқонга келиши билан мухториятчилар эмас, балки большевиклар томонини олади. Шу пайтда уларга маҳаллий халқнинг худди Назир Тўрақуловдек гумроҳ вакиллари сув билан ҳаводек зарур эди. Улар Назирни дастлаб Қўқон шаҳар депутатлар совети қошидаги инқилобий қўмитага котиб ва шу советнинг “Халқ сўзи” газетасига муҳаррир этиб тайинлайдилар (1918 йил, апрел). Орадан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас, у Фарғона вилояти инқилобий қўмитасига раис ўринбосари, сўнг раис этиб тасдиқланади.

Совет давлати шу вақтда большевиклар ва дашноқларнинг Фарғона водийсидаги инсон зоти кўрмаган хунрезликларини унуттириш ва уларнинг Туркистонга гўё маърифатпарварлик миссияси билан келганликларини кўрсатиш учун халқ маорифига эътибор бермоқчи бўлади.

Хуллас, Назир Тўрақулов Фарғона вилояти халқ маорифи бўлимига мудир этиб тайинланади. Н.Тўрақулов бу лавозимда ташкилотчилик қобилиятини намойиш этиб, мактабларга тажрибали ўқитувчиларни жалб этиш, ёш авлоднинг билими ва маданиятини ошириш, саводсизликни тугатиш сингари хайрли ишлар билан бирга, маҳаллий газеталарда “босмачилик ҳаракати”нинг аксилинқилобий моҳияти ва уни тугатиш йўллари ҳақидаги мақолаларини эълон қилади.

Худди шу вақтда Туркистон АССР маориф халқ комиссари С.Эфендиев “Рус халқининг ёрдамисиз халқ маорифини ривожлантирамиз!” деган шиор остида баъзи бир ишларни амалга ошираётган эди. Совет давлати С.Эфендиевнинг бундай қарашларини пантуркизмнинг даҳшатли кўриниши сифатида баҳолади ва 1920 йил апрелида унинг ўрнига Н.Тўрақуловни Туркистон АССР маориф халқ комиссари этиб тайинлади. Н.Тўрақулов маориф халқ комиссари сифатидаги фаолиятини комиссарлик ишини бутунлай қайта қуришдан бошлади. 1920 йил 26 апрелда Н.Тўрақулов раислигида ўтказилган ҳайъат йиғилишида комиссарликнинг янги тузилмаси тасдиқланди. Бу тузилмага кўра, ишлар бошқармасидан ташқари, комиссарликда молия, таъминот, мактаб, мактабдан ташқари таълим, майда миллатлар, тасвирий санъат, театр, мусиқа, фото-кино, нашриёт, статистика, вақф бўлимлари, шу билан бирга архив, ўқитувчилар тайёрлаш, мактаб-коммуналар, ягона меҳнат мактаби, қадимий ёдгорликларни сақлаш, матбуот ва кўчманчи аҳоли ўртасида таълим масалаларини ишлаб чиқувчи комиссиялар ташкил этилди. Н.Тўрақуловнинг саъй-ҳаракати билан ўша йилнинг 22 май – 6 июнь кунларида Тошкентда халқ маорифи бўлимлари мудирларининг 1-қурултойи ўтказилди. Қурултой қатнашчилари Н.Тўрақуловнинг Маориф халқ комиссарлигининг вазифалари, унинг ўринбосари П.Н.Лепешинскийнинг эса комиссарликнинг умумий сиёсати тўғрисидаги маърузаларини тингладилар. Шундан кейин “Туркистонда умумий таълим муаммоси”, “Комиссарлик ва унинг маҳаллий идораларини тузишнинг умумий тамойиллари”, “Мактаб қурилишининг умумий қоидалари ва ягона меҳнат мактаби асосларини амалга ошириш тамойиллари”, “Мактабгача тарбиянинг асосий қоидалари тўғрисида”, “Касб-ҳунар таълими тўғрисида” сингари турли мавзуларда маърузалар ўқилди. Н.Тўрақулов қурултойда халқ маорифи ишини кенгайтириш эмас, балки чуқурлаштириш зарур, деган шиорни ўртага ташлади. У шу лавозимда ишлар экан, очлик, иқтисодий аҳволнинг ёмонлиги, маблағ, бино ва ўқитувчи кадрларнинг етишмаслигига қарамай, нафақат катта ташкилотчилик қобилияти, балки пухта билимга, ўлканинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволи ҳақида аниқ тасаввурга эга эканини ҳам намойиш этди. Н.Тўрақулов мактабларни ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш учун, бир томондан, эски мактаб ўқитувчиларини янги мактабларга таклиф этган бўлса, иккинчи томондан, бу мактаблар учун замонавий билимга ва педагогик қобилиятга эга бўлган кадрларни тайёрлашга киришди. У янги мактабларда хизмат қилаётган ўқитувчиларга маош тўлаш учун қўшимча маблағлар ажратиш ва уларни турли-туман иккинчи даражали ишлардан озод қилиш чораларини кўрди. Н.Тўрақулов хизматдан бўш соатларида фалсафий ва тарихий адабиётни, Шарқ шоирлари ва олимларининг асарларини мутолаа қилди.

Москвада тузилган ва Шарқ халқлари тақдири билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга ўзини ҳақли деб билган Турккомиссия 1920 йил 19 июлда Туркистон Компартияси ўлка қўмитасини тарқатиб юборди ва қурултой чақирилгунига қадар фаолият олиб бориш учун Туркистон Компартияси Муваққат Марказий Қўмитасини тузди. Н.Тўрақулов Муваққат Марказий Қўмитанинг масъул котиби этиб сайланди.

Н.Тўрақулов давр ва лавозим тақозоси билан йилдан-йилга советлашиб, коммунистлашиб борди. Шунга қарамай, халқ ва ўлка манфаати йўлида турли хайрли ишларни амалга оширди. У қаерда хизмат қилмасин, ёрдам сўраб, шикоят қилиб келган кишилар жароҳатига малҳам бўлди, ваъдасида қатъий турди, улар билан мулоқотда шарқона юксак маданият соҳиби эканини кўрсатди, масъул котиб сифатида эса европача барча мактабларда маҳаллий тилларни ўрганишни мажбурий қилиб қўйди. У халқ ва давлат олдида ҳурмат қозонгани учун сентябрь ойининг сўнгги кунларида Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси ҳайъатига раис этиб сайланди. Н.Тўрақулов пайтида Туркистон Марказий Ижроия Қўмитасида ўзбек, қозоқ ва туркман миллий бўлимлари ташкил этилди. Бу бўлимлар гарчанд бирор маъмурий-ҳуқуқий ваколатларга эга бўлмаган эса-да, улар фаолияти туфайли зикр этилган миллатларнинг иқтисоди, маиший турмуши, маданияти ва урф-одатлари ўрганила бошланди. Энг муҳими, бу бўлимлар туфайли маҳаллий халқ вакилларининг совет идоралари фаолиятидаги иштироки сезиларли тус олди. Айни пайтда у Туркистон Компартияси Марказий Қўмитаси раиси вазифасини ҳам бажарди.

Бу, мураккаб давр эди. Бир томондан, янги иқтисодий сиёсат (НЭП)нинг, иккинчи томондан, ер-сув ислоҳотининг амалга оширилиши туфайли ўлкада оғир вазият юзага келган эди. Н.Тўрақулов шундай мушкул бир даврда республикага раҳбарлик қилишга мажбур бўлди. Н.Тўрақулов МИҚ раиси ва партия ташкилоти раҳбари лавозимларида олиб борган ишлари билан Москвага маъқул бўлган бўлса керакки, 1922 йил июлида XI Бутунроссия партия конференциясидан кейин у Москвада олиб қолинди.

* * *

ХХ асрнинг 10-йилларида Назир Тўрақулов билан танишган Заки Валидий ўз хотираларида у ҳақда қуйидаги маълумотни берган: “Туркистонда танишганим шахслар орасида Назир Тўрақулов билан Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) менинг, айниқса, яқин дўстларим эди. Назирнинг отаси Тўрақул Фарғона губернаторининг таржимони бўлган. У баъзи қимматли қўлёзма асарлар тўплаган… Назир ўша пайтда ватанпарвар туркчи эди. Истанбулда чиқадиган “Турк юрти”ни ўқирди. Кейинчалик коммунист бўлди… Турк тили масалаларига бағишланган мақолалар эълон қилди, миллий маданиятга содиқ қолди, шунинг учун ҳам советлар тарафидан қатл этилди”.

Назир Тўрақулов билан 20-йилларда Самарқандда танишган профессор Сиддиқ Ражабов эса устози атоқли журналист ва дипломатни эслаб, бундай деган: “Бу одам новчадан келган, қотма ва бикр, оқ юзли, қирғизқовоқ киши эди. Жуда кўп тилларда сўзлаша оладиган ўткир тилшунос эди; араб билан араб тилида, тожик билан тожик тилида, инглиз дипломатлари билан инглиз тилида бемалол мулоқот қила олар эди”. Сиддиқ Ражабов Назир Тўрақуловнинг инсоний қиёфаси ва ижодий фаолияти тўғрисида баъзи бир умумий маълумотларни бергач, яна бундай деган: “Мен матбуотда мақола ёзиш сирларини шу ҳурматли ва ташаббускор журналистдан ўрганганман”.

Замондошларнинг Назир Тўрақулов тўғрисидаги хотиралари билан танишар эканмиз, Лазиз Азиззоданинг бир қимматли хотирасини ҳам ёдга олиш жоиз. Унинг айтишича, Назир Тўрақулов 1919 йил кузида Мусбюронинг нашриёт ва таҳрир бўлимида мудир, Чўлпон эса унинг ўринбосари бўлиб ишлаган; шу пайтда Мусбюро томонидан Тошкентда “Шарқ” журнали, Олмаотада “Учқун”, Ашхободда эса ўзбек ва туркман тилларида “Сафи фуқаро” газеталари нашр этилган ва бу нашрларга Назир Тўрақулов раҳбарлик қилган. Л.Азиззоданинг бу хотираси илмий адабиётларда ҳам тасдиқланади. Н.Тўрақуловга бағишланган илмий мақола муаллифи Ф.С.Бакировнинг уқдиришича, 1919 йилнинг октябр ойида Мусбюро ўлка қўмитаси қошида таржима ва таҳрир сифатини назорат қилиб туриш учун Н.Тўрақулов раислигида таҳрир ҳайъати тузилган. Шу йилларда Н.Тўрақулов таҳрири остида ўзбек тилида бир қатор китоблар нашр этилган.

Афсуски, таниқли адабиётшунос олимлар Ш.Турдиев ва Б.Дўстқораевнинг айрим мақолаларини истисно этганда, Н.Тўрақуловнинг журналистик фаолияти яхши ўрганилмаган.

Бизга шу нарса маълумки, Н.Тўрақулов юқорида зикр этилганидек, 1918 йил мартида Тўрғай вилоятида “Қозоқ мунгы”, ўша йилнинг декабрида Қўқонда “Халқ сўзи”, 1919 йили эса “Иштирокиюн” газеталарига, 1920 йил май-июль ойларида “Вестник просвещения и коммунистической культуры” (“Маориф ва коммунистик маданият хабарлари”), 1922 йил феврал-сентябр ойларида “Инқилоб”, 1923 йил февралида эса “Темир қозиқ” журналларига муҳаррирлик қилган. У мазкур газета ва журналлардан ташқари, “Қизил байроқ”, “Эл байроғи”, “Туркистон” ва бошқа газеталарда, Москвада нашр этилган “Новый Восток” (“Янги Шарқ”), “Коммунистическая революция” (“Коммунистик инқилоб”) журналлари, “Жизнь национальностей” (“Миллатлар ҳаёти”) каби тўпламларда адабий, публицистик ва илмий мақолалари билан иштирок этган.

Агар тақдир Н.Тўрақуловни сиёсатнинг кирса-чиқмас кўчаларига олиб кирмаганида, у, эҳтимол, таниқли шоир, публицист, адабиётшунос ва тилшунос олим бўлиб етишган бўлармиди. Унинг 1919 йили “Иштирокиюн” газетасида Дарвеш тахаллуси билан эълон қилинган шеърларидан бири буюк немис шоири ва драматурги таъсирида ёзилган бўлиб, унга “Мавзуи Шиллердан” деб изоҳ-сарлавҳа қўйилган. Олти сатрдан иборат бу шеърда Н.Тўрақулов ўзининг ўша кезлардаги кайфият-кечинмаларини бундай ифодалаган:

Кўп қўрқинч, кўп мудҳишдир
Қилса агар ҳамла арслон!
Тошса сув, босса юртни,
Юракларни этар ларзон!
Ундан-да мудҳиш азимдур
Уйғонса тутқундан инсон!

Бу сатрларни бугун турлича талқин этиш мумкин. Аммо шоир, бизнингча, арслон-сув-инсон образларини мудҳиш воқеаларни келтириб чиқарувчи муштарак кучлар сифатида талқин этган. Бу шеър ёзилган 1919 йилда октябрь тўнтариши туфайли “уйғонган” йўқсиллар большевиклар раҳнамолигида мамлакатни вайронага айлантириб юборган, халқ ҳаётидан ҳаловат, дастурхонидан эса файз-барака кўтарилган эди. Н.Тўрақулов, бизнингча, мазкур шеърда ана шу ҳолатни тасвирлаб, инсондаги табиат ва жамиятни вайрон этувчи кучни ҳамла қилган арслон-у юртни босган сувга муқояса қилган.

Н.Тўрақулов “Иштирокиюн” ва “Қизил байроқ” газеталари саҳифаларида “Жонлар орасидан”, “Фақирга”, “Ҳисоби муҳаббат”, “Шоирга”, “Омон бўлсун Фарғона!” сингари бир неча шеърлар чоп этган. У шу даврдаёқ ўзини сиёсат оламининг бандаси, деб ҳис қилган. Шунинг учун ҳам унинг шеърият майдонидаги изланишлари дарвешона кайфият меваси эди. Аммо Н.Тўрақулов самимий, камтар ва кулгисевар кишилар қавмидан бўлгани важидан лирик шеърларгина эмас, ҳажвиялар ҳам ёзган ва бундай асарларига “Дарвеш”, “Намакоб”, “Обнамак”, “Обшур” тахаллусларини бежиз танламаган.

Суронли ва долғали давр Н.Тўрақуловдан ҳаётга, воқеаларга, кишиларга сиёсий кўз билан қарашни, ижтимоий муҳим ва жиддий мавзуларда қалам тебратишни талаб этди. У “Қозоқ ва муҳожир масаласи”, “Қўқон мухторияти”, “Турк тили” (1920), “Нўноқлигимиз”, “Ислом ва коммунизм” (1921), “Жасорат”, “Қиморхона” (турк-юнон уруши муносабати билан), “Ўзбек қариндошларимизнинг диққатларига” (1922) сингари қатор мақолалар ёзди. Бу ва бошқа мақолаларида ўша даврнинг ижтимоий, адабий-бадиий тафаккурига таъсир этувчи муҳим масалаларни кўтаришга интилди. У 20-йилларнинг фаол публицистларидан бири бўлгани учун ўзбек адабиёти ва тили масалалари бўйича Абдулла Қодирий, рус адабиёти ва маданияти муаммолари бўйича эса Юсуф Оқчурин ва бошқа таниқли ёзувчилар билан баҳс-мунозара қилди. Ҳақиқат баҳс жараёнида туғилади, деган ҳикматомиз сўзлар унинг шиорига айланди. У ҳатто ўзларини Туркистон ҳақида ёзишга ҳақли деб билган рус олимларининг Москва журналларида эълон қилинган ғайриилмий ва ғайритарихий мақолаларига қарши кескин раддиялар билан чиқди. Бу билангина кифояланмай, ўзи ҳам Москва нашрларида Шарқ халқлари ҳаёти, дини, тарихи ва маданиятига оид мақолаларини эълон қилди.

Н.Тўрақулов фақат журналистгина эмас, балки давлат ва жамоат арбоби ҳам эди. У арбоб сифатида республика, минтақа ва собиқ иттифоқ миқёсидаги турли анжуманлар, кенгаш ва қурултойларда ўқиган нутқ ва маърузаларида ҳам Туркистон халқлари ҳаёти учун муҳим бўлган масалаларни кўтарди. Н.Тўрақуловнинг бу нутқ ва маърузаларида унинг публицистик мақолаларида олға сурилган масалалар ўз ривожини топган, десак хато бўлмас.

Н.Тўрақулов туркологларнинг 1926 йил 3 мартда Бокуда бўлиб ўтган 1-умумиттифоқ қурултойида сўзга чиқиб, бошқа қатор долзарб масалалар билан бирга араб ёзувидан лотин ёзувига ўтишдаги айрим нуқсон ва мураккабликлар тўғрисида ҳам жон куйдириб гапирди. У нотиқлардан бирининг араб ёзувига ўтишда меҳнатни илмий асосда ташкил этиш ҳақидаги фикрига жавобан бундай деган эди:

“Мен араб алифбосига нисбатан меҳнатни илмий асосда ташкил этиш қандай бўлишини кўрсатиш учун қуйидаги рақамларни келтиришни хоҳлардим. Мен бу рақамларни босмахона ишлари бўйича мутахассис татарлардан олганман ва улар қуйидагилардан иборат: рус миллатига мансуб ҳарф терувчи рус тилида, рус алифбосида кун мобайнида 7.500-8.000 та ҳарф терса, рус миллатига мансуб ҳарф терувчи хорижий тилларда лотин ҳарфлари билан ўша вақт мобайнида 5.500-6.000 та ҳарф теради. Татар миллатига мансуб ҳарф терувчи татар тилида араб ҳарфлари билан кун мобайнида 5.500-6.000 та ҳарф теради, яъни рус ҳарф терувчиси хорижий тилларда лотин ҳарфлари билан қанча ҳарф терса, у ҳам шунча ҳарф теради. Татар ҳарф терувчиси ўзига озми-кўпми яқин бўлган қозоқ ва ўзбек тилларида кунига, ўша вақт давомида 4.000 та ҳарф теради…” Н.Тўрақулов ана шу тарзда турли-туман рақам ва далилларни келтиргач, бундай фикрни айтган эди: “Биз босмахонадаги фаолиятимизда, маданий-оқартув ишларимизда дуч келаётган ва меҳнат маҳсулининг қийматига таъсир этадиган бу рақамлар у ёки бу алифбонинг афзаллигини белгилашда инобатга олиниши даркор. Модомики, алифбо инсон фикрини ифодалаш воситаси экан, бу масалага даставвал у ёки бу восита бериши мумкин бўлган техник қулайликлар нуқтаи назаридан ёндашиш лозим…”

Н.Тўрақулов шу фикрини давом эттириб, алифбони ислоҳ этишда, масалага, биринчи навбатда, техник қулайликлар ва меҳнат маҳсулотининг нарх-навоси нуқтаи назаридан ёндашишни маслаҳат берган.

У миллий масала ва мактаб мавзуидаги маърузаларида ҳам умумий ва фойдасиз гаплардан қочиб, масалага аниқ-тайин мақсад асосида ёндошади, чоризм давридаги ғайримиллий сиёсатнинг устувор йўналишларини рўй-рост кўрсатиб, бу йўналишлар Совет ҳокимиятининг миллий сиёсатидан ўрин олмаслигига умид билдиради. “Чор самодержавиесининг бутун дастури бошқа миллатларга мансуб кишиларни эътиборга олмаслик, уларни ё жисмонан маҳв этиш, ёки руслаштириш сиёсатини ўтказишдан иборат бўлган. Баъзи бир халқлар ўтроқ ҳолда яшашга мажбур қилинган бўлса, бошқаларнинг, масалан, украин, белорус ва бошқа бир қатор миллатларнинг она тилиси борми, украин ва белорусларнинг эса дуономалари борми, барча миллий белгилари тақиқланган. Учинчи бир гуруҳ эса мустамлака тузумининг барча даҳшатларига мубтало этилган. Уларнинг энг яхши ерлари, энг яхши яйловлари тортиб олиниб, ўзлари, Кавказ, Қирғизистон, Ўрта Осиёда бўлганидек, ёввойи дараларга ҳайдаб чиқарилган. Аёнки, бундай шароитда миллатларнинг маданияти тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас…”

Н.Тўрақуловнинг бу сўзлари айтилган 20-йилларнинг бошларида Совет давлатининг миллий сиёсати билан чор ҳокимиятининг миллий сиёсати ўртасида катта фарқ бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу сўзларни бўлажак дипломатнинг сўзлари сифатида, “қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” қабилида айтилган сўзлар тарзида тушуниш жоиз.

…Сир эмас, 20-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда фан ва маданиятнинг турли соҳалари бўйича мутахассислар оз бўлган. Шунинг учун ҳам Н.Тўрақулов 1921 йилнинг куз ойларида Қозондан Шариф Бойчура деган журналистнинг келганини эшитиб, ҳузурига таклиф этган.

Шариф Бойчура кейинчалик ана шу учрашувни эслаб, бундай ёзган эди:

“…Қаршимда бўйи баландроқ, қозоқ-мўғул келбатли, қоратўридан келган, зийрак кўзли, ўттиз ёшлар чамасидаги киши жилмайиб турарди. Ўртоқ Назир Тўрақулов шу экан. Кўришдик. Мени ўтиришга таклиф қилди.

— Сизни журналист деб айтишди. Мен ўзбек тилида сиёсий, ижтимоий, адабий ойлик журнал чиқаришни ўйлаб юрибман. Муҳаррирликни ўз зиммамга олсам керак. Журнал партия Марказий Қўмитасининг органи бўлади. Мана шу журнални ташкил этиб, йўлга солиб юбориш учун матбаа ишлари билан таниш бўлган тажрибали журналист, яъни масъул котибликка лойиқ бир киши керак. Шу вазифага сизни таклиф этмоқчиман, — деди ўртоқ Н.Тўрақулов.

Мен унга 1918-1921 йилларда Москва ва Қозонда татарча “Ишчи” ва “Қизил Армия” газеталари таҳририятларида масъул котиб бўлиб ишлаганимни, инқилобга қадар ҳам журналистика соҳасида бирмунча вақт хизмат қилганимни, лекин бу шаҳарда вақтинча меҳмон бўлиб турганимни айтдим. Бу ерда узоқ туриб қолиш ниятим йўқ. Бундан ташқари, журнал ўзбек тилида чиқар экан. Мен илгариги турк тилини билсам ҳам, араб, форс ва ўзбек тиллари билан бирмунча танишлигим бўлса-да, ҳозирги ўзбек тилида ёзиб кўрмаганман, дедим.

— Тил масаласига келганда, — деди кулиб Тўрақулов, — мен ҳам ўзбек эмасман. Миллатим қозоқ. Туркистонда туғилиб, Қўқонда ўсганман. Яъни бир- мунча ўзбеклашган қозоқман. Ҳар қалай, ўзбек тилини ёмон билмайман, деб ўйлайман. Лекин камчиликларим бўлиши мумкин. Журнал материалларини тил жиҳатидан таҳрир қилиш ва корректура ўқиш учун котиб ёрдамчиси қилиб ёш ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийни ишга олмоқчиман. У лаёқатли йигит кўринади. Ҳозир ишни уюштириб юборишгина қолди…

Шундай қилиб, 1922-1924 йилларда чиқиб турган ўзбекча “Инқилоб” журналининг ишини йўлга қўйиб юбордик. Журналнинг биринчи сони 1922 йилнинг феврал ойи бошида чиқди”.

“Инқилоб” журналининг ташкил этилиш жараёнига махсус тўхталганимизнинг боиси шундаки, Н.Тўрақулов мазкур журналда қисқа муддат ишлаганига қарамай, журналга А.Қодирий, С.Айний, Чўлпон сингари машҳур ёзувчиларни таклиф этди. С.Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” қиссаси, Чўлпоннинг “Ойдин кечаларда”, “Айрилиқ йўли”, “Бинафша”, “Кишан” сингари ҳикоя, очерк ва шеърларини шу нашр саҳифаларида эълон қилди. А.Қодирий қаламига мансуб биринчи ўзбек романи — “Ўтган кунлар”нинг “Инқилоб” журналида нашр этилиши ҳам Н.Тўрақулов номи билан боғлиқ.

* * *

1922 йилнинг октябр ойида Назир Тўрақулов Москвага РКП(б) Марказий Қўмитаси ихтиёрига чақириб олинади ва у СССР халқлари адабиёти марказий нашриёти бошқарувига раис этиб тасдиқланади.

Шариф Бойчуранинг хотирасида Н.Тўрақулов ҳаёти ва фаолиятининг ушбу даври тўғрисида бундай маълумот бор:

“1922 йилнинг сентябрида мен, олдиндан келишиб олганимиздек, оилам билан бирга Тошкентдан Қозонга қайтиб келдим…

Биз Тошкентдан кетадиган кунларда ўртоқ Тўрақуловнинг Москвага чақириб олиниши тўғрисидаги хабар тарқалган эди. Бу хабар кейинчалик тўғри бўлиб чиқди. Қозонга келганимдан кейин Тошкентга, Тўрақуловга хат ёзиб, жавобини Тошкентдан эмас, балки Москвадан олдим. 1922 йил 19 ноябрда ёзилган бу хатда Тўрақулов ўзининг Раҳимбоев ва Отабоев ўртоқлар билан бирга Москвага чақириб олинганини хабар қилган эди”.

Шариф Бойчуранинг бу хотирасига асосланган ҳолда айтиш мумкинки, Н.Тўрақулов билан бир вақтда Абдулла Раҳимбоев ва Қайғусиз Отабоев ҳам Москвага ишга чақириб олинган. Шу нарса ажабланарлики, бу учала раҳбар 1922 йил 25 сентябрда РКП(б) Марказий Қўмитаси ташкилий бюросининг қарори билан бири Туркистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби, иккинчиси ТАССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси, учинчиси эса ТАССР Халқ Комиссарлари Совети раиси лавозимларидан “қўпол хатолари учун” озод этилган эди. Аммо катта ташкилотчилик истеъдодига эга бўлган ва республика аҳолиси ўртасида обрў-эътибор қозонган бу раҳбарларни сиёсат оламидан четлаштириш республикада Совет давлатига қарши норозилик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин эди. Шунинг учун ҳам, бир томондан, ана шу хавфнинг олдини олиш, иккинчи томондан, уларни Москванинг доимий назоратида ушлаб туриш ва партияга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида улар марказга ишга таклиф этилган эдилар. Н.Тўрақуловни СССР халқлари марказий нашриёти раҳбарлигига тавсия этишдан мақсад русийзабон пролетар ёзувчиларининг асарларини қардош халқлар тилларига, қардош халқлар адабиётининг шу руҳдаги намуналарини эса рус тилида таржима ва нашр этиш, шу йўл билан кўп миллатли пролетар адабиётини яратиш ва марксизм-ленинизм ғояларини шу адабиёт ёрдамида кенг халқ оммасига сингдириш эди.

Н.Тўрақулов бошқарма раиси лавозимида хизмат қилар экан, ҳам ташкилотчилик, ҳам журналистлик истеъдодини тўла намойиш этди, бу лавозимдан миллий республикалардаги аҳолининг маърифий ва маданий савиясини кўтариш йўлида фойдаланди. Унинг раҳбарлигида миллий тилларда кўплаб нусхаларда ўқув қуроллари ва кўргазмалари нашр этилди. Лотин ёзувидаги турк-татар тилларида қатор дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва илмий-оммабоп адабиётнинг нашр этилиши янги ёзувнинг бу халқлар маданий ҳаётига кириб боришида муҳим омил бўлди. Нашриёт беш йил ичида 60 миллионга яқин нусхада китоблар чоп этди. Қисқа муддатда 50 тилдаги даврий нашрлар билан бирга, ўқув, илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, бадиий ва қишлоқ хўжалигига оид кўплаб китобларнинг нашр этилиши мисли кўрилмаган воқеа бўлди ва нашриёт китоб маҳсулоти бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди.

У шу йилларда қозоқ тилшунос олими А.Бойтурсунов билан ҳамкорликда биринчи қозоқ алифбосини яратди ва бу алифбо Н.Ф.Яковлевнинг “Алифбо тузишнинг математик формуласи” деган машҳур тадқиқотида юқори баҳоланди.

Кези келганда айтиш жоизки, Чўлпоннинг бир ўзи 1927 йилда Елена Зартнинг “Девона”, “Кўҳи малак”, “Мироб”, А.Мордвинкиннинг “Деҳқон билан большевик, буржувой билан генерал тўғрисида ҳикоя”, П.Орешиннинг “Янги домулла”, А.Серафимовичнинг “Хотин-халаж қишлоғи” ва А.Яковлевнинг “Октябрь” ҳикояларини ўзбек тилига ўгириб нашр этди. Н.Тўрақулов бугун на бадиий, на маърифий қимматга эга бўлган бу асарлар таржимасига Чўлпонни бежиз таклиф этмаган. У бу саъй-ҳаракати билан, бир томондан, шу йилларда Москвада ночор аҳволда яшаётган шоирга моддий мадад берган бўлса, иккинчи томондан, унинг мутаржимлик қаламининг чархланишига имконият яратди.

Н.Тўрақуловнинг марказий нашриётдаги фаолиятидан яхши хабардор бўлган Шариф Бойчура бундай ёзади: “Шундай қилиб, у ўзи яхши кўрган матбуот ва нашриёт ишларига қайтади. Аммо у нашриётда фақат маъмурий раҳбаргина бўлиб қолмасдан, балки туркий (ўзбек, қозоқ ва бошқа) халқлар тилларида чиқадиган адабий асарларни таҳрир қилар, баъзи бир алоҳида эътиборга эга бўлган асарларга сўзбоши ёзиш ишларини ҳам бошқарар эди. Ўзбек ва тожик тилларидаги адабий асарлар билан танилган, кейинчалик Тожикистон Фанлар академиясининг президенти бўлган Садриддин Айнийнинг “Бухоро инқилобчилари” деган асарига ёзган катта сўзбошиси Тўрақуловнинг ана шундай хизматларидан биридир”.

С.Айнийнинг Шариф Бойчура тилга олган асари “Бухоро инқилобчилари” эмас, балки “Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар” деб номланган. Бу ва Фитратнинг “Қиёмат” хаёлий ҳикояси Н.Тўрақуловнинг дебоча сўзи билан 1926 йили Москвада нашр қилинган.

* * *

Назир Тўрақулов марказий нашриётда хизмат қилиш билан бирга, лотин ёзувига асосланган янги турк алифбоси бўйича тузилган комиссия ишига раҳбарлик қилди; 1924 йили Оренбургда ўтказилган олимлар қурултойи, 1926 йил мартида Бокуда ўтказилган туркологлар қурултойида фаол иштирок этди; 1928 йили лотин ёзувига ўтиш бўйича тузилган Марказий комиссия таркибига кирди. 1928 йил 10 июнда эса у СССРнинг Ҳижоз ва Нажд (ҳозирги Саудия Арабистони)даги дипломатия Агенти ва Бош консули этиб тайинланди.

Тарихий адабиётдан шу нарса маълумки, Биринчи жаҳон уруши тугагач, Ибн Сауд Арабистонни бирлаштириш мақсадида 1921 йили Шаммарни забт этгач, 1924-1925 йилларда Ҳижозни Наждга қўшиб олган, 1926 йил январида эса ўзини Ҳижоз қироли, Нажд ва бошқа қўшиб олинган вилоятларнинг султони, деб эълон қилган. 1926 йил 16 февралда Совет давлати янги араб давлатини биринчи бўлиб тан олган ва у билан дипломатия муносабатларини ўрнатган. 1932 йилдан бошлаб Ҳижоз ва Нажд Саудия Арабистони деб атала бошлаган.

Назир Тўрақулов дипломат сифатидаги фаолиятининг дастлабки даврида халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар, ислом таълимоти, Яқин Шарқдаги сиёсий вазият, Ҳижоз ҳамда Нажднинг яқин ва узоқ тарихи, ўша кезлардаги раҳбарлари, уларнинг СССРга муносабати сингари масалаларни пухта ўрганди. Ўша кезларда Англиянинг Яқин Шарқдаги сиёсий ўйинлари натижасида СССР – Ҳижоз муносабатлари ҳийла мураккаблашган ва бу нарса, айниқса, савдо соҳасида сезилмоқда, СССРнинг бу борадаги мавқеи эса тобора заифлашиб бормоқда эди. Шунинг оқибатида Ташқи ишлар халқ комиссарлиги СССРнинг Ҳижоз ва Нажддаги Агенти ва Бош консули Карим Ҳакимовни чақириб олиб, унинг ўрнига марказий нашриётдаги фаолияти билан эътибор қозонган Н.Тўрақуловни Агент ва Бош консул этиб тайинлашни лозим топган.

СССРнинг Ҳижоздаги консуллиги томонидан 1928 йил сентябр ойининг сўнгги кунларида тайёрланган “Матбуот бўйича маълумот-ҳисобот”да мавжуд вазият бундай тавсифланган:

“Ҳижоз-Нажддаги ҳолатни белгиловчи асосий нарса Англия билан Ибн Сауд қироллиги ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ғоят кескинлашганидир. Англиянинг Наждга қараган Ироқ чегарасини қатор брокгаузлар қуриш йўли билан мустаҳкамлаши бу кескинликнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Англиянинг шу йўналишдаги фаоллиги Ироқни Яқин Шарқдаги ҳужум операциялари учун база сифатида мустаҳкамлаш ва бир қисми Нажд чегараси яқинида ўтажак Хайфа-Бағдод темир йўлини қуриш стратегик режалари билан боғлиқ. 1927 йил ноябрида Нажд бедуинларининг бир неча йирик отрядлари Ироқ ҳудудларидан ўтиб, қурилаётган блокгаузлардан бирини вайрон қилиб ташлади. Инглизлар бунга жавобан Нажд шаҳарларига бир неча марта ҳужум қилиб, Ироқни Нажд томонидан бўлажак ҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида Форс кўрфазида анчагина кучларни тўплади. Шу вақтдан бошлаб Англия билан Ҳижоз-Нажд ўртасидаги муносабатларда шу қадар кескинлик вужудга келдики, натижада урушнинг келиб чиқиши муқаррар бўлиб қолди…

15 майда ўрт. Ҳакимов қирол Ибн Сауд билан учрашиб, унга СССР ҳукуматининг Ҳижоз-Нажд билан дўстона муносабатларни шартнома тузиш йўли билан мустаҳкамлаш, шунингдек, вакилимиз мақомини ўзгартириб, уни элчи қилиш ҳақидаги истагини етказди. Ибн Сауд айтдики, у ҳозир Англия билан қарийб уруш ҳолатида, СССР билан шартноманинг тузилиши инглизларни сергаклаштириши ва уларни Ҳижоз-Наждга нисбатан шундай тадбирларни амалга оширишга туртки бериши мумкин ва бунинг оқибатларини башорат қилиш маҳолдир…”

Назир Тўрақулов Саудия шаҳзодаси Файсал ва бошқа дипломатлар билан. Жидда, 1929 йил

Назир Тўрақулов 1928 йил 10 июл куни йўлга чиқиб, 29 сентябрда Жиддага етиб келади ва 3 октябр куни Маккада, дўстона вазиятда қирол ўринбосари Фейсалга ишонч ёрлиқларини топширади. Шундай қилиб, янги Бош консул ўзининг Ҳижоз қироллигидаги фаолиятини Англиянинг Ироқ нефти билан боғлиқ стратегик режалар туфайли Яқин Шарқда вужудга келган сиёсий танглик шароитида бошлайди. У Ҳижоз ташқи ишлар вазири Фуод Ҳамза, унинг ёрдамчиси Юсуф Ясин сингари нуфузли давлат арбоблари билан, кейин эса қирол Ибн Сауд билан учрашиб, суҳбат нишабини СССРнинг асосий дарди — савдо муносабатларини яхшилаш масаласига буради. Аммо қирол мавжуд сиёсий вазиятда бу масаланинг кўтарилиши Ҳижознинг нафақат Англия, балки бошқа Шарқ мамлакатлари билан муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтади.

СССР Ташқи ишлар халқ комиссарлиги Н.Тўрақуловнинг Бош консул сифатидаги фаолиятидан қаноат ҳиссини ҳосил қилмай, унга қуйидаги масалалар бўйича мулоҳазалари ва расмий маълумотни юборишни сўрайди:

“1. Ҳижознинг ҳамма чегаралари бўйича халқаро аҳволи, унинг Англия, Йемен билан ўзаро муносабатларидаги сўнгги аҳвол, Ироқ ва Трансордания чегараларидаги шароитни махсус ёритиш. Шунингдек, форс-Ҳижоз муносабатлари ҳолатини Ҳижоздан туриб ёритиш мумкин бўлганлиги учун бизни бу муносабатларнинг муфассал ҳолати қизиқтиради. Ҳорижий миссияларнинг Жиддадаги сўнгги вақтдаги фаолиятининг муҳим нуқталари.

  1. Ҳижознинг ички аҳволи ҳамда ҳукумат билан қабилалар ўртасидаги асосий муносабат. Ҳукуматдаги ўзгаришлар ва уларнинг сиёсий аҳамияти.
  2. Бизнинг Ҳижоздаги вазиятимиз ва ишимиз, хусусан, савдо тармоқларини кенгайтириш учун янада курашимиз истиқболлари.
  3. Бу йилги ҳаж масаласи.
  4. Агентлигимиздаги иш тақсимоти ва ташқи олам билан алоқа аҳволи”.

Н.Тўрақулов дипломатик фаолиятининг дастлабки даврида ана шундай масалалар бўйича СССР Ташқи ишлар халқ комиссари ўринбосари Карахан ва Яқин Шарқ бўлими мудири Пастуховга мунтазам равишда маълумот-ҳисобот бериб турди; таниқли давлат арбоблари ва хорижий мухбирлар билан учрашиб, бир томондан, Ҳижоз атрофидаги, иккинчи томондан, мамлакат ичкарисидаги вазият билан чуқур танишиб борди. Аммо у Караханга йўллаган хатида ёзганидек, совет-Ҳижоз муносабатлари шундай бир босқичга кирган эдики, бу босқичда Арабистон ва унинг теварак-атрофидаги сиёсий вазият ёмонлашган, советларга ғайрли муносабатда бўлган кучларнинг Ҳижоздаги мавқеи эса кучайган эди. Шунга қарамай, Москва Бош консулдан Совет-Ҳижоз музокараларининг тезроқ бошланиши учун замин ҳозирлашни, Ибн Сауд билан Англия ўртасида бошланган ўта яширин музокаралар ва бошқа кўплаб нозик масалалар бўйича шошилинч равишда ахборот бериб туришни талаб этади. Ҳатто минтақадаги вазиятни тезроқ ўз фойдасига ўзгартириш учун собиқ Бош консул Карим Ҳакимовни савдо миссияси билан Ҳижозга юборади. Ҳижоздаги вазият Совет давлати ташқи сиёсатининг муҳим бир қисмини ташкил этгани ва бунда Н.Тўрақуловнинг хизмати катта бўлгани учун 1930 йил февралида Бош консуллик Дипломатия миссиясига айлантирилиб, Н.Тўрақулов СССРнинг Қирол ҳазратлари ҳузуридаги Фавқулодда элчиси ва мухтор вазир этиб тайинланади.

Н.Тўрақулов фаолияти шу қадар қизғин ва ҳар томонлама кенг тус оладики, ҳатто Озарбайжон давлат илмий-текшириш институтида ташкил этилган Хорижий Шарқ бюроси унга мурожаат этиб, нашр этмоқчи бўлган бюллетенига мухбир аъзо бўлишни, академик И.Т.Крачковский эса академиянинг Этнограф музейига Ҳижоз аҳолисининг ҳаётий даражаси ҳақида тасаввур берувчи маиший турмуш буюмларини сотиб олиб юборишни сўрайди ва ҳ.к.

Н.Тўрақуловнинг дипломатик фаолияти Ўзбекистонда мутлақо ўрганилмаган. Унинг Ҳижоз ва Нажддаги фаолиятида, шубҳасиз, ошкор қилиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган жиҳатлар йўқ эмас. Аммо шу нарса аниқки, у Фавқулодда элчи ва мухтор вазир сифатида Совет давлатининг Яқин Шарқдаги ташқи сиёсатида эътиборли ишларни амалга оширди. У саккиз йил давом этган дипломатик фаолияти билан СССР ва Саудия Арабистони ўртасида дўстона алоқаларнинг ўрнатилишига муҳим ҳисса қўшди. У 1936 йилда Саудия Арабистони қироллигини тарк этар экан, қирол Абдул Азиз Ал Сауднинг шахсан ўзи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни яхши изга тушириб юборгани учун унга чин юракдан миннатдорчилик изҳор этган.

Назир Тўрақулов туғилган куннинг 110 йиллиги арафасида Москвада Тоир Мансуровнинг “Элчи Назир Тўрақуловнинг Арабистондаги эпопеяси” деган китоби рус, қозоқ, инглиз ва араб тилларида нашр этилди. Муаллиф “Труд” газетаси мухбирида шу муносабат билан туғилган саволларга жавоб бериб, бундай деди: “Ўттизинчи йиллар даври ҳозирги кун билан узвий равишда боғлиқ. Мана, шундай боғлиқликка доир бир мисол: савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича асосий ташвишлар юки элчи Тўрақуловнинг зиммасига тушган. У эришган энг ёрқин ютуқлардан бири бензин борасидаги битимдир. Саудия Арабистони қиролининг шахсий илтимосига кўра, у СССРдан ўша ерга нефть маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этган. 1931 йили — бензин бўйича битим тузилган вақтда нафақат Саудия қироллиги, балки бутун Яқин Шарқда “автомобил даври” бошланган эди. Ўша даврда дунёдаги энг бой нефть қазилмаларидан бири — Саудия нефти ҳали топилмаган эди. Шунинг учун ҳам Тўрақулов томонидан ташкил этилган “нефть битими” нафақат иқтисодий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам молик бўлган. Бу нарса пировардида ғарблик анъанавий нефть етказиб берувчилар монополиясининг сусайишига сабабчи бўлган”.

Бу сўзларга илова тарзида шуни айтиш жоизки, шаҳзода Фейсалнинг 1932 йили СССРга қилган ташрифи ҳам Н.Тўрақуловнинг дипломатия соҳасида эришган жиддий ютуқларидан бири бўлиб, томонлар шу ташриф натижасида ўзаро савдодаги барча чеклашларни бекор қилиш ҳақида бир битимга келганлар. Бу, ўша вақтда иқтисодий танглик ҳолатини бошдан кечираётган СССР учун нажот йўлларидан бири эди.

* * *

Назир Тўрақулов Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон сингари машҳур жамоат, фан ва маданият арбобларимиз билан ғоят яқин эди. Аммо у давлат идораларида хизмат қилар экан, истар-истамас улар муҳитидан узоқлаша бошлади. Ҳатто бутун ўзбек халқи Чўлпоннинг доҳиёна таржимасидаги “Ҳамлет”ни ҳурмат ва муҳаббат билан қарши олганида, у “Ҳамлет”га туҳмат” деган мақола билан чиқди. Мунаввар қори унинг Совет давлатига ортиқ даражада ишонгани ва бир куни бу ишончи учун панд ейишини билган.

Чўлпоннинг хотирлашига кўра, Москвага ишга чақирилган Назир Тўрақулов хайрлашиш учун устози Мунаввар қорининг уйига борган. Улар шоҳмот устида гурунглашар эканлар, Мунаввар қори рақиб шоҳига мот эълон қилиб: “Назир, ютқаздинг!” деган. Унинг бу сўзлари Назир Тўрақуловнинг шоҳмотдаги эмас, балки сиёсат тахтасидаги ўйинига қараб ҳам айтилган сўзлар эди…

1936 йили Назир Тўрақулов Арабистондан чақириб олинди ва СССР билан Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатлар узоқ муддатга узилди. Совет давлати Н.Тўрақуловдан Ташқи ишлар халқ комиссарлиги тизимидаги муассасаларда фойдаланишни истамади. У Москвадаги Шарқ халқлари тили ва ёзуви институти ҳамда Ленинграддаги СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим бўлиб хизмат қилди. Таниқли дипломат ва шарқшунос олимнинг бу илмий масканлардаги фаолияти ҳали бирор китоб ёки жиддий мақола билан якунланмаган ҳам эдики, қатағон дарёсининг қонли гирдоби уни ўз домига тортди. Назир Тўрақулов 1937 йил 15 июл куни қамоққа олиниб, ўша йилнинг 3 октябрида Москвада отиб ташланди.

Назир Тўрақулов гарчанд қозоқ миллатига мансуб бўлса-да, Ўзбекистонни ўзининг ватани, ўзбек тилини эса она тили, деб атаган эди. Ўзбекистон ҳам ўз фарзанди хотирасига чуқур ҳурмат билдириб, Тошкент ва Қўқондаги кўчалардан бирига, шунингдек, Тошкентдаги 283-сонли умумтаълим мактабига унинг номини берган.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон