Мунира Шарипова. Муҳаммад Шайбоний ижоди хорижда

http://n.ziyouz.com/images/shayboniy.jpg

Юртимиз илм-фани, маданияти ва санъатига қизиқиш жаҳон миқёсида кучайиб бормоқда. Хусусан, хорижий мамлакатларда ўзбек адабиёти тарихининг тадқиқотчилари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилган. Маълумки, аждодларимиз битиб қолдирган кўпгина нодир асарлар турли сабабларга кўра дунёнинг турли тарафларига сочилиб кетган. Шоҳ ва шоир Муҳаммад Шайбонийхон (1451 – 1510) «Девон»ининг ягона қўлёзмасини тақдир тўзонлари Туркияга элтиб ташлаган экан. «Девон» котиблар томонидан кўпайтирилмаганлиги ва омма орасида кенг тарқалмаганлиги туфайли тўрт аср давомида тарих қатларида номаълумлигича ётган эди.

Ўтган асрда улкан тарихчи ва сиёсат арбоби Аҳмад Заки Валидий Тўғоннинг шарофати билан Шайбоний «Девон»и дунё юзини кўрди. ХХ асрнинг 20–30-йилларида Истанбулда нашр этилган «Янги Туркистон» журналида профессор Тўғоннинг «Шайбонийхоннинг шеърлари» номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада олим биринчи бўлиб Шайбонийнинг Истанбулдаги Тўпқопи саройи кутубхонасида 2436 инвентарь рақами билан усмонли турк султонларидан Аҳмад III муҳри остида сақланаётган «Девон»и ҳақида хабар берган, унинг ҳаёти ва ижодига тўхталган ҳамда ўлими тафсилотларини ёзган. Аҳмад Заки Валидий Тўғон турли манбаларга асосланиб тўплаган бу маълумотларни кенгайтириб, 1947 йилда нашр этилган «Бугунги турк эли. Туркистон ва яқин тарихи» китобида ҳам келтирилган. Шундан сўнг М. Ф. Кўпрулу, К. Эраслон, М. Кафали каби қатор усмонли турк олимлари Шайбонийхон ижтимоий ва адабий фаолиятининг турли қирраларини ёритганлар, «Девон»дан айрим намуналарни матбуотда чоп эттирганлар, ижодини илмий таҳлил-тадқиқ қилганлар. Умуман, Туркияда мумтоз адабиётимизга оид манбаларни ўрганиш, тарғиб-ташвиқ этиш ва юксак нашрий савияда эълон қилиш борасида яхши анъаналар яратилган.

Истанбул университети адабиёт факультетининг турк тили ва адабиёти бўлимида Шайбоний ижоди юзасидан 1968 йилда Акбийик Ўзай, 1971 йилда Темур Хўжа ўғли диссертация ҳимоя қилганлар.

Муҳаммад Шайбоний асарлари устида илмий тадқиқот ишлари олиб борган яна бир турк олими Я. Қорасўй шоир «Девон»ининг лотин имлосига ўгирган нусхасини ўзининг «Шайбонийхон девони» номли докторлик диссертациясига илова сифатида киритган. Я. Қорасўй шоир «Девон»ини асосан тилшунослик нуқтаи назаридан текширади ва Шайбоний асарлари тилининг соддалиги, тарихий воқеаларнинг талқинига хос хусусиятлари билан ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тутади, деб баҳо беради. Олим Шайбоний ижодининг ўзига хос бир қиррасини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бу шоир шеърларида жуғрофий, этник ва шахс номларининг тез-тез учрашидир. Лирик жанрдаги асарларда жой ва шахсни билдирувчи махсус номларни Шайбоний даражасида кенг қўллаган бошқа бирор ижодкорни топиш қийин. Шунинг учун ҳам шайбонийшунос Я. Қорасўй унинг ижодини Туркистон тарихи ва жўғрофиясининг шеърий баёни деб баҳолаган. 1998 йилда Анқара матбуотида Я. Қорасўй Шайбоний ижодини ёритишга бағишлаган кўп йиллик илмий изланиш натижаларини монография тарзида эълон қилди. Олим Шайбоний ҳақида ислом илмлари ва тасаввуф назариясини яхши билган, Эрон адабиётидан воқиф, гўзал санъатларни тушунадиган санъаткор руҳиятли бир инсондир, деган фикрни билдиради.

Муҳаммад Шайбонийнинг ижодий кўлами фақат «Девон» таркибидаги асарлар билан чегараланмайди. Манбаларда шоирнинг бошқа асарлари ҳам мавжудлиги тўғрисида маълумотлар келтирилади. Ҳасанхожа Нисорий «Музаккири аҳбоб» тазкирасида Шайбонийнинг туркий тил қонун-қоидалари бўйича форс тилида китоб ёзганлиги ҳақида хабар беради. Бироқ мазкур китоб ҳозирча топилган эмас.

Профессор Муҳаммад Фуод Кўпрулу Шайбонийхонни «оригинал ва самимий ижод намуналари, Навоий классикаси ёнида яссавийлик адабий анъаналари билан йўғрилган асарларини ҳисобга олганда, ўзбек адабиёти такомилига салмоқли ҳисса қўшган, ўз ўрнига эга бўлган сиймодир» деб таъкидлайди ва «Ислом энциклопедия-си»га ёзган мақоласида Шайбонийнинг фиқҳ илмига оид рисоласи хусусида сўз юритади. 1507 йили ёзилган бу асар шаҳзода Темур Султонга аталган бўлиб, диний йўл-йўриқ ва қоидалардан ташкил топган.

Шарқшунос олим В. В. Бартольд архивини тавсиф этган Н.Н. Туманович маълумотига қараганда, М. Ф. Кўпрулу Шайбонийнинг мазкур асарини 916 (1510) йилда Машҳадда кўчирилган қўлёзма нусхасидан ёзиб олган ва у турк олимининг шахсий кутубхонасида сақланади.

Кейинги тадқиқотларда ҳам мазкур асар тилга олинмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мубаййин» асарининг Истанбул нашрини амалга оширган доктор Танжу Ўрал Сейҳан Шайбонийнинг ушбу насрий асарини «Рисолаи маориф» деб қайд этади ва унинг аниқ манзилини кўрсатади. Бу маълумотга кўра, асар Британия музейи кутубхонасида 12956 рақами билан сақланади, ҳижрий 916 йилда Машҳадда кўчирилган, 46 саҳифадан иборат бўлиб, ҳар саҳифада 10 сатр битилган.

Шайбоний теран фалсафий фикрларни кенг ва батафсил баён қилишда мақбул шеърий жанрлардан бири бўлган қасида жанрига ҳам мурожаат этган. Бизга етиб келган бу асар фалсафий-таълимий руҳдаги «Баҳр ул-ҳудо» («Ҳидоят денгизи») деб номланган қасидадир. Ҳижрий 914 йилнинг муҳаррам ойида – милодий 1508 йил май ойининг 3–14 кунлари Бастом ва Домғон (Хуросон) шаҳарларида ёзилган 260 байт ( 520 мисра)дан иборат мазкур қасиданинг ҳозирча ягона деб ҳисобланаётган қўлёзма нусхаси ҳам Британия музейи кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида Add. 7914 y. рақами билан қайд этилган ва инглиз шарқшуноси доктор Чарльз Ръё томонидан тавсифи берилган йирик мажмуа таркибидан жой олган. Ғоят ноёб бу мажмуанинг микрофильми ва фотонусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.

Шайбоний шахсияти ва ижодий меросига Европа ва Америка олимлари ҳам қизиққанлар. 1982 йилда америкалик олим А. Бодроглигети «Урал-Олтойшунослик халқаро журнали»да Шайбонийнинг «Баҳр ул-ҳудо» қасидасини сўз боши, изоҳ ва луғат билан нашр эттирган. Ношир асарни ўрта аср Шарқида туркий тилда ёзилган энг узун қасида деб ҳисоблайди ва шоирнинг баъзи мавзуларда, айниқса, илм ҳақидаги фикрлари тарқоқ ҳолда берилганлигини назарда тутиб, қасидани кўчирган котиб унинг асл тузилишини ўзгартирган бўлиши мумкин, дейди. Олим асарнинг умумий услуби Саъдий услубига ўхшаб кетади, хусусан қасиданинг Шайбоний насиҳатларидан иборат ўринлари «Гулистон»нинг бевосита таъсирида юзага келган, деган фикрга келади. Шунингдек, А.Бодроглигети мазкур нашрга ёзган сўз бошида Шайбонийнинг «Рисолаи маориф» асарини қайд этади ва бу асар ҳам «Девон», «Баҳр ул-ҳудо» каби шоирни етук билимдон, тақводор мусулмон, раият ва ислом дини ҳақида ғамхўрлик қилувчи инсон сифатида кўрсатади, дейди.

Америкалик таниқли туркийшунос Э. Олворт XIV асрдан бошлаб ҳозирги давр-га қадар ижтимоий-маданий тарихни қамраб олган «Замонавий ўзбеклар» асарида Шайбонийхонни Туркистон тарихи ва маданияти ривожида катта мавқе тутган ҳукмдор сифатида таърифлайди. Француз шарқшуноси Р. Гроссет Шайбонийхонга «камоли эътиборга лойиқ фикр соҳиби» деб баҳо беради. Жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси И. Гаспринский «Тарихи жадиди Туркистон» номли мақоласида Шайбонийхонни «шижоатли шахс» деб таърифлайди.

Шунингдек, мажор олимларидан Ҳ. Вамбери, Я. Экманн, рус шарқшуносларидан В. В. Бартольд, А. А. Семенов, Б. Д. Греков, А. Ю. Якубовский ва бошқалар Шайбонийхон ва шайбонийлар даври тарихи, адабиётини, шу сулоладан етишиб чиққан султон ва хонлар фаолиятини ўрганганлар. Мутахасислар қайд қилишларича, Муҳаммад Шайбоний умрининг кўп қисмини от устида, қув-ғинда, жангу жадалларда ўтказганига қарамай, турли илму санъатларни пухта эгаллаган. Бу ҳақда машҳур шарқшунос А. А. Семенов: «…олимлар Шайбонийхон фақат дарбадарликда кечган ҳаётида қандай қилиб бундай камолотга эришди экан, дея ҳайратланадилар»[1], – деб ёзган эди.

Шайбонийнинг маърифатпарварлиги хусусида сўз борганда унинг фаолиятини яхши ўрганган олим Ҳ. Вамберининг ушбу фикрлари эсга тушади: «…бу уруш одами маориф ва маданият ҳақида ўз даврининг руҳидан тўла хабардор ва замонасидаги тенгдош шоирларнинг аксариятидан ортиқ даражада қалам соҳиби бўлган. Чунки унинг шеърлари, душманлари фикрининг тескариси ўлароқ, буюк бир иқтидор ва гўзал табиатга молик эканини, у ҳам туркий, ҳам форсий, ҳам арабий тиллардан асосли суратда воқиф эканини кўрсатмоқда… У маориф жиҳатидан олдинги Темур шаҳзодаларининг аксаридан паст эмас эди»[2].

Юртимиз илмий-адабий жамоатчилиги шоир «Девон»и ҳақида 1991 йилда хорижлик ўзбек олими Темур Хўжа ўғлининг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг «Ўзбеклар ва дунё» рукни остида Муҳаммад Шайбонийхон таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Турк саройидаги нодир асар» мақоласи орқали (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1991 йил 20 декабр) хабардор бўлди. Мақолада профессор Аҳмад Заки Валидий Тўғон Шайбонийнинг ноёб «Девон»ини Тўпқопи саройи кутубхонасидан топиб, 1927 йилда илм дунёсига дастлаб туҳфа этганлиги эслатиб ўтилади. Темур Хўжа ўғли Шайбоний «Девон»ининг жаҳондаги ягона қўлёзмаси усмонли турк подшоҳлари саройига қандай келиб тушганлиги маълум эмаслигини айтади. Мақолада шоир ижодидан намуналар ҳам ҳавола этилган. Мақола муаллифи, Саккокий, Гадоий, Навоийлар анъанасини давом эттирган Шайбоний шеърларидаги диққатни ўзига жалб қиладиган хусусият шоирнинг Туркистон юртига бўлган чексиз муҳаббатини ҳар доим тилга олиб турганидир, деб таъкидлайди.

Буларнинг барчаси Шайбоний фаолияти ва асарлари ҳар доим чет эллик тадқиқотчилар диққат-эътиборида бўлганлигини ва бу борада бир қанча жиддий ишлар амалга оширилганлигини кўрсатади. Энг муҳими, хориждаги илмий-адабий жамоатчиликнинг Шайбоний ижодига муносабати, таъкид ва қайдлари бир-бирини тўлдирувчи муштарак нуқталарга эга.

Мунира Шарипова, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети катта ўқитувчиси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 4-сон.

—————

[1] Семенов А. А. К вопросу о происхож-дении и составе узбеков Шейбани-хана. –Сталинабад: 1954. –С.70.

[2] Вамбери Х. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1990. –Б.91–92.