Мозий усталари сирлари

ХХI аср кўплаб кутилмаган воқеалар, қатор янги кашфиётларга бой бўлиши билан биргаликда бир ҳақиқатни яна бир маротаба тасдиқлади. У ҳам бўлса, замонавий илм-фан ютуқлари аслида инсоният қачонлардир эга бўлган қадимий ва деярли унутилган билимларининг қайсидир жиҳатдан такомиллашган акси эканлигидир. Мазкур фикрга дарҳол эътироз билдиришдан аввал бироз шошилманг. Эҳтимол, қуйида мисол тариқасида келтириладиган ўтмиш замон илмий муваффақият намуналари ишончли далил бўлиб кўринар.

Илк батарейкалар

«Саентифик рисерчес» (СР) илмий нашрида келтиришича, 1938 йили ҳозирги Эрон давлати ҳудудида асрлар олдин барпо этилган Салавкия антик шаҳрида олиб борилаётган қазилма ишларида археологлар бир қанча кичик сопол кўзалар топишган. Уларга темир ўзакли мис тсилиндрлар жойлаштирилганди. Бу идишларни кавшарлаш учун замонавий электротехникада қанча бўлса, шунча миқдордаги қўрғошин ва қалай эритмаси қўлланилган экан. Шунда олимлар кутилмаган тахминни ўртага ташладилар: эҳтимол, бу галваник ёки электролит (электролиз йўли билан олинадиган) элементлар қолдиқларидир. Кейин мазкур қадимий буюмларнинг нусхалари тайёрланиб, уларга электролит – мис купороси қуйилади. Натижада идишларнинг қисқичларида 6 волтга тенг кучланиш ҳосил бўлди.

Шумерликлар 2 минг йил илгари мазкур турдаги ток манбаларидан қай мақсадда фойдаланганликларини ҳалигача археологлар аниқлай олмадилар. Топилмалар билан яқиндан танишган физик олимлар ўз навбатида улар электр энергияси манбалари бўлган бўлса, унда электр токи ёрдамида ишлайдиган қурилма ва асбоблар ҳам яратилган бўлиши керак, деган фикрни илгари суришди.

Деҳли устуни

Ҳиндистон пойтахтининг чеккароқ ҳудудида баландлиги тахминан 7 метр ва асосдаги диаметри 40 сантиметрга тенг қадимий устун бор. Маҳаллий аҳоли бу устун инсоннинг ҳар бир ниятини ижобат этиши мумкинлигига қаттиқ ишонади. Бунинг учун бир дақиқа давомида унга бел қисм билан суяниб туришнинг ўзи кифоя. Аммо олимларни унинг ғайритабиий хусусиятлари эмас, балки мазкур ёдгорлик қандай материалдан ишлангани кўпроқ қизиқтиради. Негаки, устун 1600 йил олдин соф темирдан барпо этилган бўлиб, шу давр мобайнида коррозияга асло учрамаган, соддароқ қилиб ­айтганда на занглаган, на чириган.

Кимёгарларнинг фикрича, коррозия кузатилмаслиги ҳодисаси Деҳли ҳудудидаги ўзига хос иқлим шароитлари билан изоҳланади. Гап шундаки, бу ерда металнинг устида юпқа ўзига хос қатлам ҳосил бўлиб, у темирни занглашдан сақлайди. Лекин, шу ўринда бир савол юзага келади: нега унда Ҳиндистон пойтахтидаги темирдан ясалган қолган барча буюмлар жуда тез суръатларда занглаб кетади?

Архимеднинг «ўлим келтирувчи нур»и

Ўтмиш афсоналарининг бирида ­машҳур астроном, математик ва техник олим Архимеднинг тилга олинган «ажал келтирувчи нур»и ҳозиргача тад­қиқотчиларга тинчлик бермаяпти. Маълум бўлишича, мазкур нур ёрдамида олим она шаҳрига хавф туғдирган бутун бир денгиз флотини йўқ қилиб ташлашга эришган.

Ривоятга кўра, милоддан аввалги 212 йили Сиракуза шаҳри қуршовга олиниб, қуруқликда римлик легионерлар, денгиздан эса галералар (кўп эшкакли кемалар) томонидан қамал қилинади. Айни пайтда Сиракузадаги палахмонлар (харсанглар отишга мўлжалланган қадимий қурол тури) ҳам ўша давр техникаси мўжизаларидан бири ҳисобланса-да, кемаларга қарши курашда бас келиши амримаҳол эди. Шунда Архимед қуёш нурлари ва шаҳар қалъаси деворига ўрнатилган қандайдир буюм ёрдамида душманнинг флотини ёқиб юбориб, яксон қилишга муваффақ бўлади. Бу воқеадан кейин Рим консули Мартселл геометрия илми олими, яъни Архимедга қарши мазкур урушни тўхтатиш ҳақида фармон беради. Бу ҳақда кўплаб тарих китобларида ҳам ўқиш мумкин.

Архимед, тарихий афсонада баён қилинишича, қалъа деворларида Сиракузанинг барча аёлларини йиғади, қизиғи, уларнинг барчаси ялтираб тарашланган бронза қалқонлар билан келишади. Олимнинг буйруғига биноан улар галма-гал қалқонларга тушаётган қуёш нурларини душман кемаларига йўналтирадилар, натижада бироз муддатдан сўнг флот ёна бошлайди.

Қадимги Юнонистон математигининг афсонавий саъй-ҳаракатларини бир неча йил аввал Массачусетс технологик университети тадқиқотчилари Сан-Франтсиско кўрфази атрофида такрорлашга уриниб кўришган. Университет веб-сайтида ёзилишича, кўрфаз четларига бронза ва шишадан ясалган, умумий майдони 300 квадрат метрга тенг нур қайтаргичлар ўрнатилади. Улардан 45 метр масофа узоқликда жойлашган эски балиқчилар қайиғи эса ҳеч ҳам ёнмасди. Шунда массачусетслик профессорларнинг Аризона университетидаги ҳамкасби Билл Дюкенен ойналарнинг ўзгача конструктсиясидан фойдаланишни таклиф этади. Мутахассислар ойналарни айлана бўйлаб жойлаштириб, парабола шаклидаги улкан нур қайтаргични ҳосил қилишади. Марказга эса «х» шаклидаги ойнак ўрнатилади ва ундан тушадиган нур асосий нишонга айланади. Охир-оқибат қайтаргичлардан тахминан 23 метр узоқликдаги масофада бўлган қайиқда олов пайдо бўлади. Демак, «Архимеднинг ўлим келтирувчи нури» ҳақиқатда ҳам мавжуд экан!

Фиръавнлар чироғи

Пирамидалар, Миср эҳромларини ўрганаётган олимлар вақт ўтгани сари янада кўпроқ янгидан-янги кашфиётлар қилишмоқда. Мана, масалан, бир неча вақт олдин Тутанхамоннинг дафн этиш бўлмасини топган археологларни нафақат у ердаги инсон қўли тегмаган зеб-зийнатлар, балки сағанани безаб турган девордаги ажойиб расм­лар (фрескалар) ҳайратга солди. Бироқ ушбу ёрқин ёзувларда одатда чироқлардан қоладиган қурум ёки тутун изининг мутлақо йўқлиги тадқиқотчилар олдига мантиқий саволни ташлади: қадим усталар ўзларининг иш жойини нима билан ёритган эканки, натижада улардан ҳеч қандай из қолмаган?

Мазкур ҳодисадан сўнг тарихий манбаларни янада синчковлик билан ўрганишни бошлаган мутахассислар қизиқ фактларга дуч кела бошладилар. Аниқланишича, узоқ ўтмишда мисрликлар электр токи ёрдамида ёритиш мосламаларини яратган бўлишлари мумкин экан. Бу ҳақда милоддан аввалги 450-354 йилларда яшаган авлиё Авгус­тин гувоҳлик беради. У ўз асарларида Изида ибодатхонасида «шамол ҳам, сув ҳам ўчира олмайдиган» ғайриоддий чироқни тилга олади. Мозийнинг яна бир файласуфларидан бири Плутарх ҳам Амон Ра худоси бутхонасининг кириш йўлида ёниб турган чироқ ҳақида фикр юритади. Унинг сўзларига қараганда, «Ибодатхона руҳонийлари бу чироқ бир неча юз йиллар давомида ўчмай ёниб келаётганини айтишган».

Тўғри, юқоридагиларнинг барчаси қўлёзма манбалар, холос. Аслида пирамида қурувчилари чиндан ҳам электр токи билан ишлаганликларига моддий далиллар ҳам бормикан?

Дендера шаҳрида (у Нил дарёсининг шарқий соҳилида жойлашган) Хатор маъбудаси ибодатхонасининг деворларидан бирида ноодатий барелъеф (текис юзага ишланган бўртма нақш) топилган. Унда одамлар ва уларнинг ёнида ҳозирги чўғланма чироқларга ўхшаш улкан колбалар аниқ акс этган. «Чироқлар»нинг ички қисмида «тўлқинсимон илонлар» тасвири кўринади. Балки, бу чўғланма симларининг рамзий тасвирларидир? – дейди тад­қиқотчилардан бири. Илонларнинг ўткир думлари шаффоф колбанинг ингичка қисмига киритилади. Бир қарашда бу бизга одатий бўлиб қолган чироқ ўрнатиладиган мослама (пат­рон)га ўхшайди. Нақшда, шунингдек, бу ускунани электр токи тақсимланадиган асбобга ўхшаш мослама билан боғлайдиган ўзига хос сим ҳам тасвирланган.

Электротехника соҳасининг энг етакчи мутахассисларидан бири В. Харн Жед устунлари номини олган бу қурилмаларда жойлашган «илонли шаффоф колбалар» ҳозирда кенг қўлланиладиган юқори даражадаги кучланиш изоляторларига ўхшайди деган фикрда. Агар унинг гапи ҳақиқатга яқин деб қабул қилинса, бу «илонлар» спиралсимон газ чироғини акс эттираётганлигидан далолат берарди. Олим ўз қарашини исботлашга қатъий киришди ва ёй шаклида нур таратиб турадиган чироқ учун генераторнинг амалдаги моделини яратишнинг уддасидан чиқди.

Мураккаб жарроҳлик операциялари… асрлар олдин?!

Кўп йиллар мобайнида Миср мў­миёларини ўрганиш давомида ақл бовар қилмас кашфиёт қилинди: 4000 йил илгари мисрлик жарроҳлар замонавий шифокорлардан-да маҳоратли ва тажрибали бўлишгани тахмин қилинмоқда. Ҳар ҳолда доктор Ҳабиб Ал-Ҳофиз шундай нуқтаи назарнинг муаллифи сифатида илм аҳлига ўзини танитди. Унинг изланишлари натижаси ўлароқ, юракни шунтлаш (бунда венанинг бир қисми аортага улаб қўйилади, натижада қон айланиши юракнинг зарарланган қисмини четлаб ўтади), юзнинг пластик операциялари каби жарроҳлик операциялари амалга оширилганига ишонч ҳосил қилинган. Бу узоқ ўтмиш шифокорлари техника тараққиёти юксак деб тан олинаётган бугунги кунда ҳам инсоният амалга ошира олмайдиган даволаш тадбирлари ва ишлари, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, мураккаб жарроҳлик операцияларини ҳам амалга оширган дегани.

– Қадимда шифокорлар ҳозирги олимларга нисбатан инсон организми ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишган, деган фикрдаман, – дея таъкидлайди доктор Ал-Ҳофиз.

Унинг милоддан олдинги 2700-1250 йилларга алоқадор дея тахмин қилинаётган 231та қадимий мўмиёлар устида олиб борган икки йиллик тад­қиқотлари натижаси археологлар ва тарихчилар оламида ҳақиқий шов-шув бўлди.

Гап шундаки, изланишлардан мў­миёлардан бирида трансплантатсия операцияси ўтказилганлиги маълум бўлди. Бу ўз навбатида ўтмиш шифокорлари организмнинг иммунологик ҳужайралари ўзга тана тўқимасини қабул қилмаслигининг қандай қилиб олдини олишни жуда яхши билган дегани. Энг ҳайратланарлиси, ҳозирча ўта мукаммал деб тан олинган асбоблар ёрдамида ҳам замонавий медитсина бу каби операцияларни ўтказишга қодир эмас. Доктор Ал-Ҳофизнинг фикрича, милоддан аввалги 1900 йиллардаги Қадимий Миср тиббиёт технологияси жуда юксак даражада бўлган. Юқорида санаб ўтилган даволаш усуллари ва хизматлари фиръавнлару бадавлат мисрликларга кейинги асрларда ҳам кўрсатиларди. Лекин Миср Буюк Искандар томонидан забт этилганидан сўнг улар унут бўлган. Гарчи бизгача мисрликларнинг тиббиёт соҳасида қўлга киритган ютуқлари борасида бирорта ёзма маълумотлар сақланиб қолмаган бўлса-да, Миср шифокорлари кўплаб даврлар давомида табобат илмининг етакчи дарғалари эканлигига мўмиёлар холис гувоҳлик бериб келмоқда.

Наргиза Иброҳимова,
«Маърифат» газетасидан олинди.