Мансурхон Тоиров. Шаҳризоданинг суюкли қаҳрамони

Ҳорун ар-Рашид 23 ёшида халифалик тахтига ўтириб, 23 йил давомида ва шундан 17 йилини бармоқийлар авлодидан иборат вазирлари билан ҳамжиҳатликда давлатни бошқарган бўлса, кейинчалик, умрининг қолган қисмида танҳо ҳукмронлик қилади. Айнан унинг ҳукмронлиги араб халифалиги учун иқтисодий ва маданий жиҳатдан энг ривожланган давр ҳисобланади. Ўз даврида у Бағдодда катта мадраса ва кутубхона барпо қилади, илм-фан, шеърият ва мусиқа санъатининг ривожланишига алоҳида эътибор қаратади. Қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо- сотиқ ва маданият, айниқса, адабиёт мисли кўрилмаган даражада ривожланган. “Минг бир кеча” туркумидаги эртаклар шарофати билан Ҳорун ар-Рашид мусулмон оламининг энг машҳур ҳукмдори сифатида жаҳонга танилади.
Бундан 1251 йил аввал, милодий сана билан 763 йилнинг 17 март куни Райс шаҳрида халифа Муҳаммад ал-Махдий оиласида Ҳорун ар-Рашид учинчи ўғил бўлиб дунёга келган. Ҳоруннинг онаси Ҳайзуранни ал-Маҳдий қулликдан озод этиб, ўзига хотин қилиб олган эди. Онаси ўғлининг тақдирида ҳал қилувчи рол ўйнаган. Бармоқий авлоди аъзолари ислом динини қабул қилишгач, ўз қобилиятларига муносиб равишда халифаликда энг мартабали ўринларни эгаллаган, бинобарин, Холид ва унинг ўғиллари ал-Фадил ва Яҳё амалда давлатни бошқариб борган. Ал-Ҳайзуран Яҳё билан бирлашиб, халифа ал-Маҳдий ўғли Ҳорунни ўзининг биринчи валиахди қилиб тайинлашига кўндиради.
Махдийнинг васиятига биноан, 23 яшар Ҳорунни халифа кўтарадилар. Ҳорун ар-Рашид тахтга 170 ҳижрий йили жума куни ўтиради. Шу куни унинг ўғли Маъмун оламга келади. Тарихда бир кечада халифа ўлиб, бошқа халифа тахтга ўтириб ва учинчи халифанинг оламга келиши бир маротабагина шунда кузатилган.
Бу даврда айни юрт савдогарлари Хитойдан Шарқий Африкагача бўлган ўлкаларда бемалол савдо-сотиқ билан шуғулланган ва бу ҳам халифанинг номи бутун жаҳон бўйлаб машҳур бўлишидаги бош омиллардан саналади. Буюк Карл ва Ҳорун ар-Рашид бир-бирларига совға-саломлар юборишгани ҳамда Карлнинг савдогарлари учун Қуддусда имтиёзлар берилгани ҳақида ривоятлар бор. Халифа Буюк Карл билан мактуб ёзишиб турган. Хитой императори билан элчилар алмашган ҳамда амалдаги расмиятчиликда Хитойдан ташқарига эндигина чиқа бошлаган қоғоздан фойдаланишни йўлга қўйдирган.
Ҳижрий 165 йилда (милодий 781 йил) Бағдодда ал- Хулд (Азалий ва абадий) номли саройда халифалик тахти вориси Ҳорун ар-Рашид ҳамда малика Умм Жаъфар Зубайданинг тўйи бўлиб ўтади. Келинчакка оламдаги бирор-бир малика олмаган тенгсиз туҳфалар қилинади.
Ҳорун ар-Рашид ўз ҳукмронлигини бошлагач, 17 йил мобайнида халифаликни бошқаришни бармоқийларга топшириб қўяди. Вазир Яҳё ўз ўғиллари ал-Фадл ва Жаъфар билан биргаликда империянинг ички ва ташқи сиёсатини юритишда чекланмаган ҳуқуқларга эга бўлишади. Жаъфар қандай лавозимда бўлганлиги бизгача етиб келган манбаларда кўрсатилмаган. Фақат “Минг бир кеча” эртаги ва баъзи ривоятларда Жаъфар халифа Ҳорун ар-Рашиднинг вазири тарзида кўрсатилади. Ҳар қалай Жаъфар Ҳорун ар-Рашиднинг доимий ҳамроҳи сифатида халифага таъсири жуда кучли бўлгани ҳақидаги маълумотлар ишончлироқ. Жаъфар гапга уста, саводи ўз даври учун юксак даражада бўлган. Қисқаси, ҳукмдорни ўзининг қизиқ- қизиқ ҳикоялари билан маҳлиё қиладиган, кези келганда, ўринли маслаҳатлар бера оладиган, дастурхон атрофида, машваратларда ўрни сезиладиган одам бўлган.
Ҳорун ар-Рашиднинг онаси ал-Ҳайзуран (789-790) оламдан ўтгач, бармоқийларнинг халифаликдаги мавқеи секин-аста пасайиб борган. Ҳорун ар-Рашид бошқа маслаҳатгўйлар таъсирига туша бошлаган бўлса, ажаб эмас. У онаси ўлгач, орадан кўп вақт ўтмай, Жаъфарнинг қўлидаги давлат муҳрини олиб қўйишни буюрган. Бармоқийларнинг ағдарилиши замондошлари ўйлаганича бир зумда содир бўлмай, узоқ муддат давомида тайёрлаб борилган, деб ҳисобланади. Ҳорун ар-Рашид онасининг вафотидан сўнг, кимларнингдир маслаҳати биланми ёки ўзининг хоҳиши биланми, ҳукмронликни тўлалигича ўз қўлига жамлашни истаб қолади.
Ҳорун ар-Рашиднинг сиймоси унинг давлатида ҳақиқатда мавжуд бўлган ҳолатлардан кўра кўпроқ “Минг бир кеча” эртаги қаҳрамони сиймосида инсоният томонидан қабул қилиб келинган,
Ҳорун ар-Рашид сиймосига нисбатан бўлган ушбу зидаиятли ҳолатни бартараф қилишга француз шарқшуноси Андре Кло астойдил киришади ҳамда қатор асарларини афсонавий халифанинг ҳақиқий сиймосини инсониятга очиб бериш учун бағишлайди. Унинг маълумотларига қараганда, Ҳорун ар-Рашид ўзининг Бағдоддаги саройида канизаклар ҳамда мусиқачилар қуршовила ҳаётдан лаззатланишни ёқтирувчи нозик, эрка ва инжиқ ҳукмдор бўлмай, аксинча, ёшлигидан ҳаёт ва хукмдорлик учун курашишга мажбур бўлган сиймодир. Халифа Муҳаммад ал-Маҳдийнинг ҳамда Яман канизагининг кенжа ўғли бўлган Ҳорун акаси ҳукмронлиги даврида бир амаллаб бошини омон сақпаб қолади. Халифа бўлгач ҳам, кўплаб қийинчиликларга дуч келади.
Турли миллатлар яшаётган улкан империяни сақлаб туриш унга осон бўлмаган. Лекин қийинчилик Ҳорун ар-Рашиднинг матонатига матонат қўшган. Ўз замондошларига у, авваламбор, Византия империяси устидан ғалаба қозониб, жанг қилган ҳамда қаттиққўллик билан ички исёнларни бартараф қила олган омадли қўмондон сифатида танилган. Халифа Ҳорун ташқи душманларга қарши курашни ўйлаш билан бирга, сарой фитналаридан ҳам эсон-омон сақланиб қолиши лозим бўлган. 17 йил садоқат билан хизмат қилган бармоқийлар оиласини сотқинликда гумон қилгач, халифа ҳеч иккиланмай Жаъфарни жаллод қўлига тутқазади.
Ҳорун ар-Рашиднинг санъат ва фан ҳомийси бўлгани эсланмаса, халифанинг сиймоси тўла очилмай қолади. Айни шу халифа Бағдоднинг маданий ривожига кучли туртки берган, дея ҳисоблайди олим. Унинг даврида Бағдод жаҳондаги энг аҳолиси кўп шаҳарга айланади. Ҳорун ар-Рашид даврида пойтахт жадал суръатларда ривожланади, савдогарлар ва денгизчилар Бағдодни жаҳоннинг иқтисодий марказига айлантириб, Европа ва Осиёнинг энг йирик бозорлари билан алоқа ўрнатади.
Ҳорун ар-Рашид ҳукмронлик қилган даврни жаҳон халқлари араб халифалигининг “олтин асри” дея хотирлайди. У 809 йипи лашкарбошиларидан Рафи ибн Лайс томонидан кўтарилган исённи бостириш учун йўлга чиққанида, бехосдан хуруж қилган оғир касаллик туфайли Тус шаҳрида 46 ёшида вафот этган.
Ҳорун ар-Рашид қандай инсон, қандай шахс бўлмасин, вақтида ўз халифалигини дунёга танитган эди. Зеро, у бежиз Шаҳризоданинг суюкли қаҳрамони бўлмаган. Бу эртакларни эса севиб ўқимаган, тингламаган одам бўлмаса керак.

Мансурхон ТОИРОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор
“Гулистон” журнали, 2014 йил, 2 сон (март-апрель)