Завқий (1853-1921)

Завқий — XIX аср иккинчи ярими ва XX асрнинг биринчи чорагида яшаб ижод этган йирик ижодкорлардан биридир. Завқий тахаллуси билан шуҳрат қозонган Убайдулло Қўқон шаҳрида Уста Солиҳ махсидўз оиласида туғилди. Ёшлигиданоқ Уста Солиҳ унинг тарбиясига жиддий аҳамият беради, моддий қийинчиликларга қарамай аввал маҳаллий мактабда, сўнг Мадрасаи Олий ва Мадрасаи Чалпакда ўқитади.

Мадраса таълими ва шахсий тинимсиз мутолаа Убайдулло истеъдодини камол топишига, форс ва араб тилларини эгаллашига, Шарқ адабиётининг буюк намояндалари ижодий меросларини чуқур ўрганишига мустаҳкам замин бўлади. Мадрасада ўқиб юрган даврида биринчи шеърий машқларини ёзган Завқий тез орада Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Муҳйи, Фурқат каби илғор шоирлари даврасига келиб қўшилди, улар билан мустаҳкам ижодий ҳамкорлик ўрнатди.

Завқий то умрининг охирига қадар махсидўзлик ҳунарини ташламади. Аввалига мадраса ҳужраларидан бирида, кейинчалик бозор растасида очган кичик дўконида косибчилик билан ота-онасига қарашди, ўз оиласини тебратди. Бу ҳунар айни замонда Завқийнинг меҳнаткаш халқ билан доимо ҳамнафас яшаб, оддий кишиларнинг турмуш шароити ва орзу-интилишларидан бевосита хабардор бўлишида жуда қўл келган.

Завқий XIX асрнинг 70—80-йилларидаёқ халқчил шоир сифатида узил-кесил шаклланиб, давр адабий ҳаётида қўринарли ўрин эгаллади, шеърият мухлислари орасида шуҳрат топди. Ўз ижодий фаолиятини ишқий ғазал, мухаммаслар ёзишдан бошлаган Завқий тез орада ижтимоий мавзуларда, даврнинг долзарб муаммоларига диққатини қаратди, меҳнаткаш халқ ҳаётидан, шаҳар ва қишлоқнинг эзилган табақаси турмушидан лавҳаларни бадиий таҳлил этишга киришди. Мустамлака воқелигига ва ижтимоий ҳаётдаги салбий ҳодисаларга танқидий баҳо-ёндошув, шахслар фаолияти ва табиатидаги ярамаслик, пасткашлик, нопоклик, фирибгарлик каби белгиларига ҳажвий муносабат шоир асарларининг етакчи ғоявий мазмуни даражасига кўтарилди. Давр миллий адабиётимизда Муқимий бош бўлган ҳажвий йўналишнинг кенг тараққий топишида кўплаб ҳажвий асарлар ёзган Завқийнинг хизматлари жуда катта бўлди.

Шоирнинг ижтимоий мавзудаги ва ҳажвий руҳдаги қатор асарларида чор мустамлакасига айлантирилган ўлка ҳаётининг энг долзарб муаммолари, жумладан, мавжуд жамиятдаги инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва моддий бойликларга эгалик жиҳатидан кескин табақаланиш мавжудлиги ҳамда унинг нақд оқибатлари ҳақида жиддий мулоҳазалар, қатъий хулосалар баён этиладики, бундай асарлар давр адабиётимизда янгилик бўлди.

“Замона кимники?” деб юритилувчи мухаммасида Завқий илғор ижтимоий-сиёсий қарашларини бадиий юксак мисраларда ниҳоятда таъсирчан ва кескин баён этади. Чор мустамлакаси маъмурияти ва маҳаллий зўровонлар ҳукмрон бўлган мавжуд тузумда шоирнинг қатъий фикрича:

…Давлату иззу шарафлар марди бодунёники!
…Бу замона ғарч кавуш кийган силлиқ саллоники!
…Давру даврон ҳама жойда ҳокиму мирзоники!

Худди шу мухаммасда шоир “Хоҳ косиб, хоҳ деҳқон қайға борса бағри қон!”, “Бекасу бечора сўзига киши бермас жавоб. Шу сабабдан беваю бечоралар бағри кабоб!” дея жамиятдаги эзилган табақанинг аянчли ҳаётини ҳаққоний тасвирлайди.

Мустамлака этилган жамиятдаги ҳукмрон адолатсизликни ҳаққоний тасвирлаш мавзуси Завқийнинг яна бир қатор шеърларида ҳам (“Каждор замона”, “Ажаб замона”, “Абдураҳмон шайтон” ва бошқа) худди шундай халқчил руҳда таҳлил этилган.

Завқийнинг “Мунча кўп” радифли ҳамда “Ажаб замонадур, аҳбоб, бош қотиб қодди” мисраси билан бошланувчи мухаммаслари XIX аср бошлари шеъриятимиздаги энг ўткир ижтимоий асарлар жумласига киради.

Замонасидаги адолатсизлик, ҳуқуқсизлик, машаққатли ҳаёт халқчил шоир қалбини ларзага солади, хусусан меҳнат аҳлининг чексиз азоб-уқубатга, кулфат-хорликка маҳкум этилганлигидан қатъий норозилик тиғдай ўткир мисралардан ўқувчи онгига кўчади, унда ҳам ўша тузумга нисбатан нафрат, ўша ночор оммага нисбатан ачиниш ва хайрихоҳлик туйғуларини шакллантиради.

Таъкидлаш лозимки, “Мунча кўп!” радифли мухаммасида савол оҳангидан кўра қатъий тасдиқ, хитоб оҳанги устивор:

Золим фалак бисотида озор мунча кўп!
Инсон шарафли номида хор мунча кўп!
Ҳар кўчаларда қашшоқ ила зор мунча кўп!
Тархи жаҳон биносида бадкор мунча кўп!
Ҳўқанд аро балога гирифтор мунча кўп!

Завқий ижодий меросида қишлоқлар ҳолати, деҳқон аҳли ҳаёти мавзуи ҳам катта ўрин тутади. Бу асло бежиз эмас. Гап шундаки, Завқий Фарғона водийси бўйлаб якка ўзи, баъзан эса Муқимий билан ҳамроҳлиқца бир неча бор саёҳатлар уюштиради. Бундай сафарлар қишлоқнинг аҳволи, деҳқон аҳли-турмуши билан, уларнинг оғир меҳнатлари ва ночор кун кечиришлари билан яқиндан танишиш имкониятини берган. Бу таассуротлар эса Завқийнинг қатор асарларида ўзининг бадиий ифодасини топган.

Бу туркумда “қишу ёз, кечаю кундуз меҳнатда куйиб ишлаётган”, “ғамли куюк кулчасини ҳам умрида тўйиб емаган”, “ориқ, ранги сариқ, қорни очлиқдан шишган” деҳқонларнинг аянчли турмушлари уларга тўла хайрихоҳлик, ҳамдардлик руҳида кучли ачиниш билан тасвирланган. “Янгиқўрғон қишлоғи”, “Сув жанжали”, “Шоҳимардон саёҳати” шеърлари шу туркумга киради.

1898 йилда уюштирилган ана шундай саёҳати чоғида Завқий Андижон қўзғолонини бостириш баҳонасида чор маъмуриятининг бутун халқ бошига балолар келтириб, аёвсиз жазо чораларини кўрганига, қанчадан-қанча кишиларни дорга осиб, таъқиб-тазйиқни кучайтирганига, кўплаб қишлоқларни тўпга тутиб ер билан яксон қилганига жонли гувоҳ бўлди. Худди шу таассуротнинг бадиий меваси сифатида “Эшон” радифли шеър майдонга келди.

Шоир бу халқ қўзғолонининг асл моҳиятини, унинг асосий мақсадини тўғри тушуна олмади. Самимий куюнч билан “Қанча одам ўлдилар, кўп халқ бўлдилар асир!” деб ёзган Завқийни биринчи галда мустамлака маъмурияти кўрган жазо тадбирлари оқибатида оддий халқ аҳволининг янада оғир бўлганлиги, қишлоқ-шаҳарларнинг эса хонавайрон этилгани (“Хонавайрон бўлди бир минг манзилу маъво!”) ларзага солади. Таассуфки, Завқий буларнинг ҳаммасига халқ қўзғолонининг раҳбарини айбдор деб билади.

Шу муносабат билан Завқий таржимаи ҳоли ва ижодининг ҳали тўла ўрганилмаган саҳифалари ҳам оз эмаслигини айтиб ўтиш ўринли. Катта ижод йўлини босиб ўтган шоирнинг адабий мероси афсуски, то ҳануз тўла аниқланиб тўпланмаган. Унинг ўз асарларини девон ҳолига келтиргани тўғрисида оғзаки маълумотлар учрайди, аммо бу девон илмга маълум эмас. Жиддий ижтимоий-сиёсий воқеалар силсиласи юз берган мураккаб даврда яшаб ижод этган шоирнинг дунёқарашида ва унга тўла мувофиқ ҳолда ижодий меросида эса зиддиятли ўринлар оз эмас.

1900 йил аввалида Завқий ҳаж сафарига отланган тоғаси Муҳаммад Сиддиққа ҳамроҳ бўлиб қатор мамлакатларни босиб, Макка ва Мадинани зиёрат қилади. Унинг таассуроти “Ҳужжожи Макка аҳлига чуну чаро деманг” мисраси билан бошланувчи шеърида ўз бадиий ифодасини топган. Завқийнинг асримиз бошларида яратган ижтимоий йўналишдаги асарлари жумласидан “Воқеаи қози сайлов” деб номланган ҳажман каттагина маснавийси алоҳида диққатга сазовор. Халқчил шоир мустамлака маъмуриятининг қаттиқ назорати остида ўтказиладиган қалбаки “сайлов”ларнинг пуч моҳиятини, ундаги порахўрлик ва ҳийла-найрангларни, шунингдек, (сайланувчи) шахсларнинг жирканч башараларини, ифлос қилмишларини ўқувчи қўзи олдида ишонарли фош этади.

Қаҳатлик бўлди бу Фарғонамизда,
Топилмас парча нон вайронамизда —

байти билан бошланувчи маснавийда эса биринчи жаҳон урушининг мустамлакалардаги оғир ҳаётнинг янада аянчли бир ҳолга келгани, очлик ва вабо касалининг меҳнаткаш омма бошига янги-янги кулфатлар солгани ҳаққоний бўёқларда тасвирланган. Бу асар халқ ҳаракатлари каби ижтимоий-сиёсий мавзунинг тўла халқчил руҳда ёритиш бобида Завқий катта ютуқларга эришганини исботловчи ҳужжатдир. Шоир дунёқарашидаги бундай ғояларнинг қатъий шаклланишида асримиз бошларида миллий озодлик ғояларини, илм-маърифат тарғиботини байроқ қилиб кўтарган жадидчилик ҳаракатининг таъсири беқиёсдир. Жадидчилик ғояларини тўла қабул қилган шоир ўз амалий-ижтимоий фаолияти билан ҳам илм-маърифатни, янги усуддаги мактаб-маорифни тарғиб қилди, фан-техникани эгаллашга, замона билан ҳамқадам бўлишига даъват этди. Бу жиҳатдан шоирнинг “Фурсат ғанимат, аҳбоб, миллатга кўз очайлик” мисраси билан бошланувчи мухаммаси алоҳида диққатга сазовор.

1916 йилда ёзилган деб тахмин этилган “Ажаб эрмас” радифли мухаммас, фақат Завқий ижодида эмас, балки XX аср бошларидаги бутун ўзбек ижтимоий-сиёсий шеъриятида катта ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асорати остида эзилаёттан она юртнинг кулфатли кунлари унут бўлиши ҳақида сўз очади, оғир иқтисодий ҳаёт кечираётган халқнинг бахтли тақдири ҳақида, бўлажак катта ижтимоий ўзгаришлар хусусида башорат қилади.

Ўтиб бир қарн ақроним жаҳон обод кўргайсиз!
Жаҳон аҳлини золим зулмидан озод кўргайсиз!
Гирифтори алам эрмас — ҳаммани шод кўргайсиз!

Убайдулло Завқий адабиётимиз тарихидан фақат ижтимоий-сиёсий ва ҳажвий шеърлар муаллифи сифатидагина эмас, балки, айни замонда, истеъдодли юморист ва нозиқдид лирик ижодкор сифатида ҳам ўрин олган. Унинг турмуш икир-чикирлари, кундалик ҳаётда учровчи носозликлар ва кишилар табиатидаги салбий одатлар устидан беғараз кулги, енгил масхара қўзғовчи, илиқ табассум ва ширин ҳазил билан қоришиқ “Таърифи калиш”, “Отим”, “Фонус”, “Сигирим”, “Пашшалар” каби юморлари ўқувчиларда яхши кайфият, қувноқлик уйғотади, айни замонда зийракликка ундайди.

Завқий яратган ишқий ғазал ва мухаммасларнинг кўпчилиги эса ўша даврдаёқ ҳофизлар ижросида халқ қўшиқлари қаторида катта шуҳрат тутган. Хусусан, “Юзунгни кўрсатиб аввал ўзингга бандалар қилдинг”, “Ер келур замона йўқ, келмаса-келмасин, нетай?, “Кулбам аро, эй махлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг” мисралари билан бошланувчи асарлари ҳаёт шавқи ва гўзалликларидан баҳрамандликка ундайди, севги-садоқатни улуғлайди, инсоний ҳис-туйғуларни, нозик кечинмаларни ниҳоятда таъсирчан тарзда равшан ифодалайди.

Абдурашид Абдуғафуров

Мақолалар:

Ўзбек зиёлилари: Завқий (1853-1921)
Завқий шеърларидан намуналар
Завқий. Танланган шеърлар
Биография: Убайдулла Салих оглы Завки (1853-1921) (на русском языке)
Biography: Zavqiy (1853-1921) (in English)