Хулоса (Сўнгсўз ўрнида)

Икки дарё — Сирдарё ва Амударё оралиғидаги ўлка жуғрофий-табиий хусусиятлари жиҳатидан инсон жамоасининг ривожи учун энг қулай бўлган маконлардандир. Серсув водийлари, кўм-кўк қирбағирлари, дарахтзорлари, ер ости бойликлари одамларнинг яшаши, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчиликнинг ривожи учун табиий имкониятларни вужудга келтиргандир. Шу сабабдан ҳам Мовароуннаҳр, Ўрта Осиё, Туркистон, Марказий Осиё каби номлар билан юритилувчи бу маконда иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, маданият тараққийси, давлатчиликнинг шаклланиб, кучайиб бориши милоддан олдинги бир неча асрлар аввал бошланганлиги илм-фанда аллақачонлар исботлангандир. Унинг бойликлари милоддан аввал ҳам, бизнинг милоднинг 2000 йиллик тарихи давомида ҳам ташқи душманларни ўзига тортиб, жалб этиб келган.

Масалан, Эрон шоҳлари Аҳмонийлар мил. аввал VI—IV асрлар давомида бу ўлка халқлари — Турон билан узлуксиз жанглар олиб бориб, уларни ўз тасарруфларига қаратганлар. Милоддан аввал IV асрларда қадимги Юнонистон императори Александр Македонский — Македонияли Искандар юртимизнинг довруғини эшитиб, араб, Эрон ўлкаларидан ўтиб, ҳозирги Хўжанд шаҳригача босиб келган. Лекин бу жангларга, тўқнашувларга қарамай ерли халқнинг маданияти аста-секин ривожланиб, ўз намуналари билан дунёга юз тута борган. Шунингдек, ерли халқ давлатчилиги ҳам шаклланиб, маданий ривожланишнинг сиёсий-ижтимоий асосларини мустаҳкамлаб борди.

Олимларнинг таъкидлашича, энг йирик қадимги динлардан бўлмиш зардўштийлик шу Марказий Осиё — хусусан, Хоразм ўлкасида шаклланган. Унинг асосий қоидалари ифодаланган китоб “Авесто” ҳам шу ерда вужудга келган. Марказий Осиёдаги давлатчилик тарихи ҳам эрамиздан аввалги Хоразм подшоҳлигидан бошланади. Эрадан аввал VIII—VII асрларда “Катта Хоразм”, “Бақтрия подшоҳлиги” каби давлатларнинг мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Амударё қирғоқларида ёйилиб ётган турли катта-кичик қўрғонларнинг қолдиқлари, улардан топилаётган турли археологик ашёлар — бу ерлардаги қадимги шаҳарлар ва уларда ривожланган маданият ҳақида гувоҳлик беради. Қадимги маданиятимиз тарихини ўрганиш асосан археологик қазишмалар билан боғлиқдир. Ёзма адабиёт деярли етиб келмаган. “Авесто”дан терига ёзилиб қолинган айрим парчалар, хоразм, сўғд ёзувларининг айрим намуналаригина бизга маълум. Милоднинг бошларида бу ерларда Чағониён, Сўғдиёна, Марғиёна, Паркана, Бақтрия, Хоразм каби ўлкалар мавжуд бўлган, уларда деҳқончилик, савдо-сотиқ кенг ривож топган. Бу даврда Ғарб билан Шарқни — Узоқ Шарқ мамлакатлари билан Ўрта ер денгизини боғловчи буюк савдо йўли — “Ипак йўли” ривожланиб, маданий бойликларни алмашув маданий тараққиёт ишида муҳим аҳамият касб этган.

Хуллас халқимизнинг милодий VII асрга қадар бўлган маданияти тарихи асосан археологик қазишмалар ёрдамида аниқланиши мумкин.

VII асрларда Саудия Арабистонида сўнгги дунёвий дин — ислом дини вужудга келиб, у арабларнинг бирлашуви ва ягона давлат — араб халифалигининг шаклланувида ҳам асосий аҳамиятга эга бўлди. Халифалик ислом байроғи остида аста-секин бошқа ўлкаларни босиб олабошлади, ўзига қаратилган ерларда ислом динини изчиллик ва қатъийлик билан жорий қилаборди. VIII аср бошларида Кутайба ибн Муслим бошчилигидаги араб қўшинлари Эрон ва Хуросондан сўнг икки дарё оралиғи — Мовароуннаҳрни забт этишга киришдилар. Бу ерда зардўштийлик ва бошқа динлар сиқиб чиқарилиб, ислом дини, унинг муқаддас китоби “Куръон” қоидалари ва у билан бирга араб ёзуви хамда араб тили ўрнатила борди. Ислом аста-секин маданият ва маънавиятнинг барча соҳаларида устунликка интилди. Араблар бу йўлда ерли халқнинг маданий бойликлари, маънавият намуналарини, динлари, ёзувлари, урф-одатларини бутунлай йўқотиб юборишга ҳаракат қилдилар.

Араб босқинчилигига қарши кўтарилган халқ қўзғолонлари шафқатсиз бостирилди. Мовароуннаҳр, Марказий Осиё Араб халифалиги таркибига киритилди. Бу Марказий Осие маданияти тарихида янги давр, янги саҳифанинг шаклланишига олиб келди, маданиятнинг энг муҳим қисмлари бўлмиш дин, ёзув, илм ва сиёсатнинг ўзгариши маданият, маънавиятнинг умумий йўналишига ҳал этувчи таъсир кўрсатди.

IX асрлардан бошлаб Мовароуннахрда араб ёзувида ёзилган ёдгорликлар вужудга келабошлади. Араблар истилосидан, яъни VIII асрдан то XX аср бошларигача Мовароуннаҳр, жумладан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини ва араб ёзувига асосланган маданий-маънавий ривожланиш ҳукм сурди.

Бу маданиятни тўрт даврга бўлиш мумкин:

1) IX—XII асрлардаги маданий юксалиш, 2) XIV— XV аср — Темур ва Темурийлар даври маданий кўтарилиши, 3) XVI—XIX аср ярмида маданият ва 4) XIX асрнинг иккинчи ярми ХХ аср бошларида рус мустамлакачилиги даврида маданий ҳаёт.

Биринчи давр сиёсий жиҳатдан араб истилосига қарши узоқ йиллик кураш натижасида Марказий Осиё ерларида ерли халқларнинг мустақил давлатларининг вужудга келиши билан характерланади.

IX асрнинг бошларидан бошлаб халифа Маъмун Мовароуннаҳр ва Хуросонда араб халифалигининг ҳукмдори бўлиб турган вақтда шаҳар ва ўлкаларга исломга, халифаликка содиқ ерли халқ задогонларидан ҳокимлар тайинлай бошлаган эди. Шулардан Сомонийлар IX асрнинг охирига келиб ўзларини халифатдан мустақил деб эълон этдилар. Лекин турли сулолаларнинг ҳукмронлигига асосланган ерли давлатларнинг вужудга келиши бу сулолалар ўртасидаги кескин курашлар, аёвсиз жанглар жараёнида амалга ошди. IХ—ХII асрнинг 20-чи йилларига қадар Марказий Осиёда Сомонийлар, Қорахонийлар, Маъмунийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар ҳукмронлик қилганини кўрамиз. XII асрга келиб Марказий Осиёда, умуман, Ўрта Шарқда катта ҳудудни ўзига қаратган Хоразмшоҳлар империяси ҳукмронлик қилди. Лекин бу мустақил давлат 1220 йилдаги Чингизхон бошлиқ мўғул ҳужуми натижасида тугатилди.

Иқтисодий жиҳатдан бу давр муносабатлари, турли Шарқ ўлкалари, хусусан Яқин ва Ўрта Шарқ, Ўрта ер денгизи бўйи давлатлари билан савдо алоқаларининг кучайиши, давлатчиликдаги бошқариш усулларининг кенгайиши билан характерланади.

Маданий-маънавий жиҳатдан бу даврда ислом Марказий Осиёда ўз мавқеини мустаҳкамлаб, маънавий ҳаётнинг турли соҳаларига кириб бориши билан муҳимдир. Шу билан бирга халифаликка кирган халқларнинг, айниқса, арабчага таржима этилган қадимги юнон илмий-фалсафий меросининг таъсирида ислом доирасида турли оқимлар, фикрлар, талқинларнинг маълум жиҳатдан хурфикрлиликнинг юзага келиши ва уларнинг Марказий Осиё шаҳарларида ҳам тарқалишини кўрамиз.

Маълумки, IX асрнинг бошларида халифа Маъмун даврида (813— 838) халифаликнинг маркази Бағдодда илм-фан, маданият тез суръатлар билан ривож топди, қадимги юнон илмлари кенг миқёсда ўрганилиб, юнон олимларининг асарлари кўплаб таржима этилди, айниқса табиий фанлар, фалсафа илмлари соҳасида катта ютуқлар қўлга киритилди. Илм-фаннинг таъсири остида исломда турли оқимлар, талқинлар кучайди, хусусан, тафаккурни табиий илм ва дунёвий фалсафага йўлловчи мўтазилия давлат мафкураси даражасига кўтарилди. Бу давр Ғарб шарқшунослик адабиётида “араб Ренессанси” сифатида ўз талқинини топди. X асрлардан бошлаб халифаликда диний илмлар, анъанавий оқимлар кучайди.

Х—ХII асрларга келиб Марказий Осиёда мустақил давлатларнинг устунликка эришуви, халифалик таъсиридан қутилиш бу ерда илмий-маданий ривожланиш, турли ноанъанавий исломий оқимлар исмоилия, мўтазилия, карматлар ҳаракатлари, тасаввуф кабиларнинг ҳам ёйилишига имкон яратди.

Илмий-маданий юксалиш Бағдоддан Мовароуннаҳр, Хуросон ерларига кўчди, бу давр турли илм, адабиёт соҳасида буюк сиймоларни етиштирди. Бу маданий тўлқин Мовароуннаҳрни бутун ислом дунёсида илмий-маданий Марказ сифатида ном қозонишига олиб келди. Бу даврни Марказий Осиё Уйғониш даври — Ренессанси деб, аниқроғи, бу Ренессанснинг илк даври деб атамоқ мумкин. Бу давр маданият ютуқлари Ғарбий Оврўпо мамлакатлари маданияти ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Уердаги ХV—ХVI аср Ренессанси, маданий юксалишида муҳим омиллардан бўлди.

1220 йилда бу маданий Уйғониш — Ренессанс бирдан узилиб қолди, мўғуллар хужуми 2—3 йил орасида бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонни вайронага айлантирди, шаҳарлар, сув иншоотлари барбод этилди, олим-фозиллар ўлдирилди, қолганлари турли ўлкаларга тарқаб кетдилар.

XIV асрнинг иккинчи ярмидан Мовароуннаҳрда мўғулларга қарши курашнинг кескин ҳаракати мустақил давлат яратишга бўлган интилишнинг авж олишига олиб келди. Ниҳоят Амир Темур бошлиқ ҳаракат мўғуллар устидан ғалаба қозониб, Мовароуннаҳрда Марказлашган давлат вужудга келди.

XIV аср охири, айниқса XV аср маданияти соҳасида Марказий Осиёда — Ренессанс даврининг иккинчи, энг авжга чиққан даврини ташкил этди. Бу даврни Марказий Осиё маданияти тарихида янги мустақил иккинчи давр сифатида талқин этиш лозим. Табиий ва исломий илмлар, санъат, адабиёт бу даврда бутун мусулмон Шарқи учун машҳур бўлган натижаларга эришди. Унинг довруғи Ўрта аср Оврўпосида ҳам кенг тарқалди.

Сиёсий жиҳатдан бу маданий юксалиш мустақил ва ягона Амир Темур давлати асосида шаклланди. Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хуросонга қўшни ўлкаларни ҳам қаратиб, ўз юртининг осойишталиги ва равнақи учун имкон яратди, бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларни кучайтирди, давлатчиликни, давлат бошқарувини мустаҳкамлади.

Иқтисодий жиҳатдан Темур ва Темурийлар институтларининг ижобий томонларини ривожлантиришга, руҳонийлар, дин, тасаввуф вакилларидан сиёсий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш ишида фойдаланишга интилдилар. Савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ривожланди, бозорларга, бошқа мамлакатлар билан мол алмашувга эътибор кучайди. Бу масалалар “Темур тузуклари”да ўз ифодасини топгандир.

Маданий-маънавий жиҳатдан ислом, унинг қонун-қоидаларидан, арбобларидан тинчликни сақлаш, давлат фаравонлигини ошириш ишида фойдаланиш, уларнинг бирлаштирувчи кучига асосланиб иш олиб боришга эътибор берилди. Тасаввуф, айниқса, унинг Мовароуннаҳрда шаклланган йўналиши — Нақшбандия маънавий жиҳатдан эркин ақлий меҳнатни таъминлашда муҳим ғоявий асос бўлиб хизмат қилди.

Туркий — ўзбек тилининг мавқеи кучайди, бадиий, табиий-илмий асарлар форс ва туркий тилларда яратилди. Бу даврда ободончилик ривожланди: мадрасалар, йўллар, турли иншоотлар кўплаббарпо этилди. Илмнинг турли соҳаларида катта ютуқлар қўлга киритилди. Бу даврда Марказий Осиё — Мовароуннаҳр ва Хуросон дунёнинг энг ривожланган ўлкаси сифатида машҳур бўлди.

Бу даврдаги илмий-маданий ютуқлар олдинги IX—XII асрларда эришилган маданий бойликлар асосида тез суръат билан амалга оширилиб, уларни ижодий ўзлаштириш, ривожлантириш натижасида юз берди.

Тасаввуф соҳасида бу ворислик XII асрларда аста-секин вужудга келабошлаган нақшбандиянинг XV асрга келиб кенг ривожи, маънавий эркинлик, маданий юксалишда ҳал этувчи етакчи аҳамият касб этиши, унга ғоявий асос бўлиб қолишида ўз ифодасини топди.

Шунинг учун бу давр Марказий Осиёда X асрда бошланган ва кескин равишда узилиб қолган Маданий Уйғониш — Ренессанснинг чўққиси, якунловчи босқичидир.

Марказий Осиё маданиятининг учинчи даври — бу ерда Темурийлар давлатининг мағлубияти, 1405 йилда Ҳусайн Бойқаронинг мағлубиятидан сўнг давлатнинг парчаланиб кетиши, демак, олдинги маданий юксалишнинг инқирозга юз тута боришидан бошланди. Олим-фозиллар турли ўлкаларга тарқаб кетдилар, қурилишлар тўхтаб, маданият бинолари харобаларга айлана борди, ўзаро низолар, ҳокимият учун кураш кучайди.

Темурийзода Мирзо Бобурнинг XVI аср бошларида ўз юртидаги муваффақиятсиз ҳаракатларидан сўнг Ҳиндистонда темурий давлатини барпо этиб, унинг авлодлари даврида Марказий осиёлик олим-фозил, шоир, рассомларнинг кўплари у ерда паноҳ топдилар. Марказий Осиё маданияти Ҳиндистон ерида ривож топди, сўнгрок аста-секин ҳинд маданияти билан қоришиб, унга катта таъсир кўрсатди.

Мовароуннаҳрда ҳокимият учун узоқ йиллик урушлар, ички низолар кучайиб кетди. Сиёсий тушкунлик авж олди, бу мамлакат иқтисодига катта таъсир кўрсатди, ташқи олам, ўзга мамлакатлар билан ҳам алоқалар сусайиб кетди. Ва ниҳоят XVI асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр ҳудудида мустақил давлатлар Бухоро хонлиги ҳамда Хива хонликлари шаклланиб ўзларини тиклай бошладилар. XVIII асрнинг охирида узоқ урушлардан сўнг мустақил Қўқон хонлиги ташкил топди. Лекин бу давлатлар ўртасида таъсир доираси учун ҳар доим урушлар, низолар давом этиб турди. Умуман XVI—XIX асрнинг биринчи ярми, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётда, халқаро муносабатларда олдинги ютуқларни йўқотиш, кўп соҳаларда ортга кетиш билан тарихда маълумдир.

Сиёсий ҳаёт майда мустақил давлатлар вужудга келиши билан характерланса-да, бу факторнинг ўзи маданий юксалиш учун етарли эмас эканлигини намоён этди.

Иқтисодий ҳаётда ҳам ўзаро урушлар, низолар, ҳунармадчилик, деҳқончилик, савдо-сотиқ ишларига катта зарар келтирилди, ташқи савдо алоқалар сусайиб кетди.

Маданий ҳаётда анаънавий ислом, ақидапарастликнинг таъсири кучайди, маориф, маърифат соҳасида ҳам асосан диний таълимотлар устунликни эгаллай бошлади, олдинги маънавий ютукқларнинг таъсири сусайди, диний илмлар етакчи ўринга чиқди. Лекин шунга қарамай маданий ҳаётда қатор ижобий натижалар юз берганини ҳам кўрамиз. Хусусан, адабиёт, тарихий илмлар, санъатнинг айрим турлари соҳасида йирик адиб, шахслар етишиб чиқди. Тасаввуф ҳам ўзининг олдинги аҳамиятини ўзгартириб, ижтимоий ролини йўқота борди. Ўзбек тилининг мавқеи кучайиб, у адабиётда борган сари кенг ўрин эгаллаганини кўрамиз. Форс ва ўзбек тиллари адабий тил сифатида кенг фойдаланила бошланди. XIX асрнинг биринчи ярмида ҳар уч хонликда маданият, хусусан, адабиёт ва тарихнавислик соҳасида муҳим жонланиш вужудга келди.

Туркистон маданиятининг тўртинчи даври — XIX асрнинг 60-йилларида бу ерда Русия ҳукмронлигининг ўрнатилиши билан бошланди. Русия Туркистонни қурол, қақшатқич уруш ёрдамида босиб олди. Қўқон хонлиги тугатилди. Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги Русиянинг вассалига айланиб қолди. Туркистонда тўлиғича мустамлакачилик сиёсати ўрнатилиб, иқтисод, маданият ҳам шунга бўйсундирилди. Лекин бошқа Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтаётган маърифатпарварлик ва мустамлакачиликка қарши ҳаракатлар таъсирида Туркистонда ҳам ҳукмрон рус мустамлакачилиги тузуми хоҳишига зид ҳолда маърифатчилик ҳаракати ривож топди, аста-секин ундан маърифий масалалар билан бирга сиёсий масалаларни ҳам олға сура бошлаган жадидчилик ҳаракати келиб чиқди. Туркистон губернияси, Бухоро амирлиги, Хива хонлигида жадидчилар ҳаракати кучайиб, мавжуд тузум учун хавфли кучга айланиб борди.

Мавжуд сиёсий, иқтисодий ва маданий тузум 1917 йил феврал воқеаси, сўнги Октябр инқилоби натижасида тугатилиб, тамоман бошқа — социалистик йўналишга буриб юборилди.

 

* * *

Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви сиёсий-иқтисодий, маданий соҳаларда тамоман янги давр бошлаб берди. Халқимизнинг 10 асрлик маданияти тарихини кузатиш мустақиллик маданияти, маънавиятини шакллантиришда тарихдан кўп сабоқлар олиш мумкинлигини ва бу сабоқлар келажак учун шубҳасиз фойдали эканлигини кўрсатади.

— Авваламбор, ҳақиқий маънавий юксалиш, маданий тараққиёт учун халқимиз мустақил давлатга эга бўлиши, қарамлик сиқувидан озод бўлиши зарурдир. Қарам бўлиб яшаган халқ маънавий эркинликка, тараққиётга эриша олмайди, у ўзлигидан, ўз руҳий қудратидан маҳрум бўлади.

Ҳозирда мустақилликка эришган Ўзбекистон ўз миллий маданиятини юксак даражада ривожлантиришнинг — энг муҳим шартини, омилини қўлга киритди ва бу мустақиллик йўлида иккиланмай қадам ташлаб, шиддат билан бормоқда.

— Мустақилликка эришув зарур сиёсий, иқтисодий муаммоларни ечишни талаб этади, лекин маданий-маънавий ривожланишсиз сиёсий-иқтисодий тараққиёт умумий ижтимоий масалаларни ечишга, сўнгги мақсад — етук инсон ва жамоани яратишга ожиздир. Шунинг учун маданий-маънавий масалаларга ҳокимият, давлатнинг махсус эътибор бериши, уларни ҳал этиши, маданий ривожланиши учун, маънавий ривожланиши учун, маънавий қадриятларни кучайтириш, уларни яратиш ва яратувчиларга кенг имкониятлар қидирмоғи, талаб этилади. Ҳозирги Ўзбекистонда бу йўналишда ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

— Ҳар бир халқ маданиятининг асослари, ўзига хослиги, хусусиятлари, унинг тарихи, ривожи давомида шаклланиб, “тахланиб” боради ва уларнинг мажмуи ушбу маданиятнинг миллийлигини белгилайди. Шунинг учун халқимиз маданиятининг ўзига хос томонлари, мазмунини билиш, унинг тарихини, ўтмишдаги ривожланиш даврларини ўрганишни талаб этади. Ҳозирги тарихни билиш, уни объектив ёритишга бўлган талабнинг кучайиши миллий маданиятимизнинг тўлиқ мазмунини, тарихини, ютуқларини ўрганишга ҳам бевосита оиддир. Бу — миллий маданиятимизнинг жахон маданияти тарихидаги роли ва ўрнини аниқлаш учун ҳам зарурдир.

— Маънавий маданият, маънавият ютуқлари аксари маданий юксалиш жараёнида вужудга келувчи ва уни ифодаловчи олим-фозил, донишманд, адиб, дин арбоблари ва улар фаолияти, ёзиб қолдирган мероси кабиларда акс этиб, муҳрланиб қолади. Албатта турли анъаналар, археологик ёдгорликлар, буюмлар ва бошқаларда ҳам халқ маънавияти ютуқлари ифодаланади, лекин ёзма адабиёт, қўлёзмалар бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ўтмишдаги буюк сиймолар, алломалар, адибларнинг фаолияти, асарларини ўрганиш, уларни ҳозирда нашр этиш, тарғиб қилиш, юбилейларини ўтказиш, маданият тарихини — маънавий бойлигимизни чуқур билиш ишида ниҳоятда муҳим ва катта роль ўйнайди.

— Алломалар, сиймолар мероси Марказий Осиёда ўтмишда илм-фан, маданиятнинг барча соҳалари, тармоқлари ривожлангани, уларнинг ижодлари кўпқиррали бўлганлиги, фаолиятида илм-фан билан бир қаторда дин, ахлоқ, инсоннинг маънавий дунёси, жамоанинг ҳамжиҳатлиги, уни одилона бошқариш, саодати масалалари муҳим ўрин тутганлигидан далолат беради.

— Уларнинг мероси ва маданият тарихи яна илм-фан ва диний қоидаларнинг бир бутунлигини ташкил этиб, умумий маънавият ривожи учун хизмат қила олишини, фойдали бўлишини исботлайди. Фан ва дин халқ маданиятининг турли соҳалари, қисмлари бўлиб, ягона мақсадга қаратилган ҳолда бир-бирини тўлдириши, халқни шу ягона мақсадга йўналтиришга хизмат қилиши мумкин. Диний таассубнинг илм-фан ҳисобига кучаюви ижтимоий ривожланишга, маданиятнинг кучайишига зарар келтиришини маълум тарихий даврларда юз берган жараёнлар ўзида ифодалайди.

— Маданий ривожланишда миллий маънавий бойликни бошқа халқлар, мамлакатлар маданияти ютуқларидан баҳраманд бўлиш, маданий алоқаларни кучайтириш, миллий қобиғда ўралиб, умумий халқаро алоқалар тизмасидан четда ажралиб қолмаслик, миллий маданиятнинг умумжаҳон маданият ютуқлари билан доимо бойиб боришида ниҳоятда катта роль ўйнайди.

Бу айниқса ҳозирда жаҳон мамлакатларининг умумийлик, ҳамжиҳатликка интилиши ортиб бораётган бир шароитда муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан хулоса чиқарган ҳолда ҳозирда ёшларда мустақиллик маънавиятини тарбиялаш барча тарихий-маданий бойликларнинг асосий томонларини ўрганиш, миллий маданиятимиз ривожи, даврлари, тараққиёт қонуниятлари, маънавий бойликларни яратган йирик сиймолар, донишманд адибларнинг меросини ўзлаштириш, бошқа ривожланган мамлакат маданияти ютуқларини ўрганиш, уларга ҳурмат-иззатда бўлишни, бу масалалар бўйича кенг таълим, ўқув-ўқитув ишларини олиб бориш талаб этади. Бу мустақиллик шароитида ёш авлодни миллий-маданий бойликларини яхши билган, миллий ғурур, ватанпарварлик ҳисси билан йўғрилган, дунё маданий ривожланиш даражасидан хабардор бўлиб етишувида етакчи омил бўлиб хизмат қилади.

академик М. М. Хайруллаев,
«Маънавият юлдузлари» китобидан.