Аваз Ўтар (1884-1919)

Аваз Ўтар ўғли 1884 йилнинг август ойида Хива шаҳрида, сартарош оиласида дунёга келди. Шоирнинг отаси Полвонниёз Ўтар Гадойниёз ўғли халқ орасида «уста» номи билан машҳур бўлиб, замонасининг машҳур шоир ва санъаткорларидан Огаҳий, Комил, Баёний кабилар билан қалин дўст бўлган. У саройда сартарошлик қилган.

Аваз дастлаб мактабда, кейин эса Мадамин Иноқ мадрасасида таҳсил олади. Авазнинг адабиётга ҳаваси жуда эрта уйғониб, мадрасада ўқиб юрган давридаёқ Шарқ адабиёти мумтоз вакилларидан Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Алишер Навоийларнинг ижоди билан якиндан танишди ва уларга эргашиб машқий шеърлар ёза бошлади. Аваз тез орада халқ ўртасида танилиб, шеърлари созанда ва хонандалар томонидан куйга солиниб қўшиқ бўлиб айтила бошланади.

Шоирнинг устозлари Баёний, Табибий, замондоши Жуманиёз Хивақий, дўсти Ҳасанмурод Қори — Лаффасий ва бошқалар унинг истеъдодига юксак баҳо берганлар. Ёш шоир Аваз Ўтар ҳақидаги бу хилдаги маълумотлар Хива хони Муҳаммад Раҳим соний — Феруз қулоғига етиб боради ва Авазни саройга чақиртириб, Табибийга шогирд қилиб топширади. Табибий жуда кўп илм аҳлига ғамхўрлик қилганидек Авазга ҳам ахлоқ, илм ва шеърият бобида кўп нарса ўргатади. Шунинг учун шоир турли даврларда ёзилган шеърларида Табибийни ўзига устоз билиб зўр ҳурмат билан тилга олади.

Не ғам эмди, Аваз, назм илмида бўлсанг Табибийдек,
Ки дерлар, кўрган эл назмингни устодишта салломно[1].

Аваз камолотга етган бир пайтда сил касалига чалинади ва даволаниш учун Кавказга (1905—1906) боради. Аваз Ўтар Кавказга бораётиб Бокуда бир оз муддат тўхтайди. Бокуда шоир озарбайжон демократлари билан учрашиб дўстлашади ва улар билан кейин ҳам ижодий алоқада бўлади. Кавказ сафари Аваз ижодида алоҳида аҳамиятга эга бўлди. У сафар давомида Русия ва Кавказ халқлари ҳаёти, маданияти, адабиёти ва бошқалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди, озарбайжон халқининг илм-фан, маданият янгиликлари билан қизиқди. У рус, озарбайжон, татар тилларида чиқадиган газеталарни мунтазам равишда кузатиб борди. Тошкент ва Самарқандда чоп этилган матбуот билан бевосита алоқада бўлиб, ёзган ғазалларидан баъзиларини уларда нашр ҳам эттирди.

Шоир ижоди жуда ҳам ранг-баранг бўлиб, қамрови ниҳоятда кенг эди. У мумтоз адабиётимиздаги ғазал, мухаммас, мустазод, мусамман, мураббаъ, муламмаъ, таржеъбанд, соқийнома, рубоий, қитъа, фард каби турларида ижод қилди. Аваз Ўтар ниҳоятда қисқа умр кўрди. У 1919 йилда 36 ёшда вафот этди. Унинг бу қисқа умри ҳам машаққатлар, фожеалар билан ўтди.

Аваз Ўтардан бизга бой поэтик мерос қолди. У ҳаётлик вақтидаёқ шеърларини бир жойга жамлаб девон тартиб қилди ва уларни «Саодат ул-иқбол» («Бахтли иқбол») деб номлади. Шоир тузган девонларини 1908 йилда хаттот мулла Болтаниёз Қурбонниёз ўғлига бериб кўчиртирган. Шоирнинг бу девонлари ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланмокда. Бундан кейин ҳам Авазнинг шеърлари тўпланиб, улар девон ҳолига келтирилган. Унинг ғазаллари Хивада литография усулида ҳам ўзи ҳаёт вақтидаёқ чоп этилган эди. Аваз ижодидан намуналар Хоразмда кўчирилган турли хил баёз ва тазкиралардан муносиб ўрин олди. Шоирнинг асарлари «Ойна», «Вақт», «Мулло Насриддин» каби вақтли матбуот саҳифаларида чоп этилган. Инсон ва ҳаётни, севги ва садоқатни ўз ижодининг асоси қилиб олган Аваз севгини садоқатсиз, меҳрни оқибатсиз тасаввур қилол-майди. Бу эсапюир лирикасининг етакчи ғоявий асосини ташкил килади. Аваз Ўтарнинг Фузулий, Мунис, Огаҳий, Комил, Феруз ва бошқа шоирларнинг ғазалларига боғланган тахмислари ҳақида ҳам шу хилдаги фикрларни айтиш мумкин. Шоир озарбайжон адабиётининг буюк сиймоси Муҳаммад Фузулийнинг ҳур муҳаббат ва шахс эркинлиги масаласига бағишланган «Ёзмишлар» радифли ғазалига гўзал мухаммас боғлайди. Мухаммасда шоир инсонларнинг бахтли бўлишлари ижтимоий тузум билан ҳам мустаҳкам боғлиқ деган хулосага келади.

Маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш Аваз Ўтар ижодига хос хусусиятлардан биридир. Бу унинг «Тил», «Мактаб», «Халқ», «Фидоий халқим», «Топар экан қачон?» деган шеърларида яққол кўринади:

Ҳар тилни билув энди бани одама жондур,
Тил воситайи робитайи олами ёндур.

Ғайри тилни саъй қилинг билгали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар биланки ондин аёндур.

Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг фойдали кондур.

Бу ғазал бугун ёзилгандек, давр кун тартибига қўйган буюк ишлар ҳақида фикр юритаётгандек бизга хизмат қилади.

Аваз Ўтарнинг ҳажвий асарларида эса чор чиновниклари ва маҳаллий амалдорлар, давлат орттириш йўлида алдамчилик, риёкорлик килувчи бойлар, судхўрлар ва шуларга ўхшаш разил шахсларнинг қилмишлари фош этилган.

Аваз Ўтар бир қатор асарларида ижтимоий тенгсизликни ва унинг кескинлашиб бораётганлигини ҳаққоний тасвирлаб, фалакни «ғаддор», замонани эса «каж» деб атайди. Шоир ижтимоий руҳдаги шеърларида ўзининг озодлик, бахтли ҳаёт ҳақидаги қарашларини баён қилган. «Ҳуррият», «Сипоҳийларга», «Халқ», «Топар экан қачон?» «Фидойи халқим», «Уламоларга» каби қатор асарларида Аваз Ўтарнинг келажак хусусидаги фикрлари ўз аксини топган.

Аваз Ўтар ижтимоий шеърияти замирида зулм ва зўравонлик ҳисобига тўпланган бойликларга нафрат, икки томонлама зулм остида қолган меҳнаткаш халқ ҳаётига ачиниш туйғуси ётади. Шоир ўша жамиятда яшаб турган кишилар ўртасидаги тафовутларни, қарама-қаршиликларни рўй-рост очиб ташлайди.

Чор Русиясининг биринчи жаҳон урушига қўшилиши хоразмликлар бошига ҳам янгидан-янги кулфатларни ёғдирди. Меҳнаткаш халқ аҳволи баттар оғирлашди, солиқларнинг кўплигидан хал-қнинг тинкаси қуриди. Аваз Ўтар оч-яланғоч аҳволга тушиб қолган халқ ҳаётини қўриб қаттиқ ачинади:

Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ,
Зулм тиғи бирла бўлған бағри юз минг пора халқ…
Эй, Аваз, бўлмас шунингдек барҳо оввора халқ.

Аваз Ўтар ўз ижодининг дастлабки даврларида халқнинг азоб-уқубатда яшаганлигини кўриб зорланган ва озодликка чиқиш йўлларини тушуниб етмаган бўлса, энди икки томонлама зулм ва қолоқликдан қутулиш мумкин эканлигини англади. Унинг ижодида озодлик, эркин-фаровон ҳаёт ҳақидаги фикрлар биринчи ўринга чиқди. Хивада 1917 йил апрел ойида халқ озодлик учун чоризм сиёсатига қарши курашга отланди. Аваз Ўтар бу воқеаларга бағишлаб ўзининг «Ҳуррият» шеърини ёзди:

Сиёсат маҳв бўлди, яшасун оламда ҳуррият,
Бори эл иттифоқ ила жаҳонни айласун жаннат…

Шоир шеърда ҳуррият натижасида халқ бошига тушган кулфатни, адолатсизликни куйиниб куйлайди. Исфандиёрхон ҳуррият натижасида «содиқ фуқароларима идораи машрутия бердим. Олар ўзлари тилаганча мамлакатни идора қилсун, ҳам фуқароларнинг маслаҳати билан сайлов қшшб ҳуқумат ишларини халқ тилаган одил одамларни тайин қилсунлар» деб фармон чиқаради. Лекин чоризм бунга қарши генерал Мирбадалов қўшинларини Хивага юборди ва улар Идораи машрутага сайланган вакилларни маҳв қилдилар, қўзғолон кўтарган халқдан қаттиқ ўч олдилар. Бунда Аваз халқ манфаатларини ҳимоя қилиб шеърлар ёзди. Элнинг орзу-умидларини ҳамма нарсадан юқори қўйди. Халқ саодати учун курашишни бахт ва эзгулик деб бидци. Бу эзгу иш учун жонини қурбон қилишга ҳам тайёр эди:

Фидойи халқим ўлсун танда жоним,
Бўлуб қурбон анга руҳи равоним,

Гар ўлсам дарбадар мазлумлар учун,
Булдур мақсади қалби нотавоним.

Мани солса фано йўлига даврон,
Юрур устимдан авлоди замоним.

На яхши ўйлаким маъқулу манзур,
Аваз, халқим учун тўкулса қоним.

Аваз Ўтар ўзининг бутун ижодий кучини халқига хизмат қилишга бағишлади. Шоир кишиларга бахт-саодат, озодлик ҳақида ёниб куйлади. Шу боисдан бўлса керак, ўзининг девонига рамзий маънода «Саодат ул-иқбол» деб ном қўйди. У вафотидан сал илгари ёзган шеърларидан бирида:

Хуш ул кўнглум, келар бир қун бахт боғидаги раъно,
Кўкаргай мавж уруб, қирларда лола бўлгуси пайдо.

Мани ёд этгай авлодим, мозоримни ўраб гулдин,
Ишончим шундадир бўлғай мозарим бир зиёратгоҳ.

Қабиҳ онларда эркин куйладим, дўстлар, биродарлар,
Эзилган элга, бўлғай бу замон иқбол ёруқ даргоҳ.

Аваз, ўлган билан жисминг, қолурки ўчмагай номинг,
Ва кому истагишта ғов бўлолмас бўлсада Доро!

— деб ёзганида тамоман ҳақ гапни айтган эди. Шоирнинг бу истаги ва ёниқ орзулари бизнинг давримизда рўёбга чиқди. Унинг номига мактаб, муассаса, жамоа ва давлат хўжаликлари, кўча ва хиёбонлар қўйилган. Шоир юбилейлари ўтказилиб, китоблари қайта-қайта нашр этилмоқда, ғазаллари созанда ва гўяндалар томонидан ашула қилиб айтилмоқда, адабий мероси олимларимиз томонидан ўрганилмоқда, ижоди мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилмоқда.

профессор Н. Қобулов

[1] ЎзР ФА ШИ, қўлёзма, инв. № 7102, 8-саҳифа. 24-К-67Ю 369

Мақола ва китоблар:

Ўзбек зиёлилари: Аваз Ўтар (1884-1919)

Ўзбек мумтоз шеърияти: Аваз Ўтар (1884-1919)

Лирика: Аваз Отар-оглы (на русском языке)

Биография: Аваз Отар-оглы (на русском языке)

Аваз Ўтар. Сайланма. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1984.

Аваз Отар. Избранные произведения. Ташкент, Издательство Академии наук УзССР, 1951.

Саъдулла Сиёев. Аваз (роман). Тошкент, «Ёш гвардия» нашриёти, 1987.