Камол Матёқубов. Водий дурдонаси

Водийда 1,5 миллион йиллик кўҳна тарих излари, 3,5-4 минг йиллик қадимиятга боғлиқ нодир осори-атиқалар мавжуд экан, бу ерда ўтмишда шаҳарлар, қалъалар бўлмаганми, давлатлар ташкил этилмаганми, деган саволлар туғилади. Албатта, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги каби водийда ҳам қадимда илк шаҳарлар, қалъалар барпо этилиб, давлатлар мавжуд бўлган. Буни водий бағридаги Косонсой харобалари, Каркидон, Ахсикент, Қува, Қайрағоч вайроналари, Миқтиқўрғон, Куюктепа, Арктепа, Эйлатон, Мингтепа, Симтепа каби шаҳристонларнинг ўрни ҳам тасдиқлайди. Марғилон шаҳри ҳам ана шундай қадимий масканлардан биридир. Шунинг учун 2005 йил 9 ноябрда республикамиз Президенти “Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Шаҳар тўйи фақат мамлакатимиздагина эмас, халқаро миқёсда нишонланадиган бўлди. ЮНЕСКОнинг Парижда ўтган 33-сессиясида ана шу ҳақда қарор қабул қилинди.
Табиийки, бирор шаҳар ёки шахснинг, бирор тарихий обида ёки воқеанинг 1000-2000 ва ундан ҳам кўпроқ саналар билан боғлиқ тўйларининг ўтказилиши, халқаро доирада байрам қилиниши осон иш эмас. Бунинг учун юбилей объектининг тарихи, тақдири, санаси, ҳаёти билан боғлиқ материаллар ишончли манбалар билан исботланиши талаб этилади. Барча материаллар, илмий манбалар, хулосалар халқаро миқёсда қадимшунослар, археологлар, тарихчилар томонидан лабораторияларда ўрганиб чиқилади. Илмий хулосалар тўғри бўлгандагина ўз тасдиғини топади. Шундай экан, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик тарихи, тақдири қандай манбалар асосида исботланди?
Аввало, археологик қазишмалар пайтида топилган осори-атиқалар, буюмлар илмий асосда тадқиқ этилди. 1994 — 1999 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археология институтининг махсус экспедицияси Марғилонда археологик-палегеографик қазишмалар олиб борди. Маълумки, Марғилон 20 аср давомида бир жойда пайдо бўлган ва тараққий этган шаҳар. Шаҳар иншоотлари, архитектура ансамбллари асрлар давомида бузилиб, устига қайтадан қурилиб борган. Шунинг учун бу ерда энг қадимий иншоотлар, қалъалар харобалари учрамайди. Олис тарих излари ер устида қолмаган. Шу сабабли археологлар шаҳардаги қабристонлар, эски мадраса, масжидлар бинолари яқинида, боғлар, хиёбонлар ва қадимий масканларда қазишмалар олиб боришди.
— Археологик қазишмалар шаҳарда мураккаб кечди. Деярли барча нуқталарда бир-икки, баъзи жойларда уч метргача ер остини қазишга мажбур бўлдик. Натижалар ёмон бўлмади, — дейди экспедиция раҳбарларидан бири археолог Адҳам Анорбоев. — Бугунги замонавий Марғилон остида қадимий шаҳар қолдиқлари, ибодатхоналар ўринлари, ҳунармандчилик устахоналари, қалъа деворлари ва бошқа иншоотлар вайроналари борлигини аниқладик. Масалан, Машъад маҳалласидаги қазишмалар чоғида қадимий шаҳар деворлари, ҳукмдорлар саройлари ўринлари, ҳар хил буюмлар қолдиқлари топилди. Уни шартли равишда Машъад шаҳри деб номладик. Бу шаҳарнинг катталиги тахминан 20-25 гектардан иборат бўлган. Топилган буюмлар қолдиқлари, гувалалар, ғиштлар саройлар қурилиши жиҳатдан эрамиздан олдинги  ва милодий  асрларга оидлиги маълум бўлди. Айнан шу даврда Ўрта Осиёда ана шундай шаҳарлар, қалъалар қурилган. Тош тегирмон, темирдан ясалган найза учлари, сопол урчуқлар, хум қолдиқлари, ҳайкалчалар, лойдан ясалган буюмлар бу шаҳарнинг 20 асрлик тарихга эга эканлигини кўрсатди. Шаҳар тарихи ҳақидаги дастлабки тахминлар исботланди.
Марғилонда археологлар қазишмаларни масжидлар, мадрасалар, қабристонлар, зиёратгоҳлар яқинида олиб боришгани сабаби маълум. Чунки қабристонлар қадимий шаҳарлар яқинида ёки устида пайдо бўлгани аниқ. Масжид ва мадрасалар эса шаҳарларнинг энг яхши ёки баланд, қадимий жойларида барпо этилган. Зиёратгоҳлар қадимий масканларда вужудга келган. Демак, шаҳардаги бундай масканлар яқинида археологик қазишмалар ўтказилиши бежиз эмас.
— Шаҳарнинг бошқа бир қисмидан, 2-3 метр тупроқ остидан ибодатхона қолдиқлари ҳам топилди, — дейди археолог Фарҳод Мақсудов. — Ибодатхона махсус платформа, супа устида барпо этилган экан. Оташгоҳ деб тахмин қилинган жойда кулнинг кўплигига қараганда олов доимо ёниб турган. Ибодатхонада зардуштийларга хос идишлар, турли маросимларда ишлатилган буюмлар бўлаклари ҳам бор экан.
Булардан ташқари, Марғилоннинг Қизлар мозор, Кўк мозор, Сафилтўда, Сурхтепа масканларида ҳам археологик қазишмалар олиб борилди. Бу ерларда ҳам 2-3 метр ер остида турли даврларга оид маданий қатламларга дуч келинди. Бронза, темир, мисдан ясалган буюмлар, тақинчоқлар, сопол идишлар шаҳарда ҳунармандчилик ривож топганлигини, шаҳристон атрофида ҳунармандлар устахоналари бўлганлигини исботлади. Катта ҳажмдаги хом ғиштлар, баланд деворлар, сопол идишлардаги нақшлар, ҳунармандчилик буюмлари Кушонлар давлати даврига, эрадан олдинги  асрдан милодий  асрларга хос. Айни пайтда, археологик қазишмалар вақтида Рум, Хитой, Юнон, Бақтр, Сўғд давлатларида ишлаб чиқарилган буюмлар ҳам топилди. Демак, шаҳар эрамизнинг  асрларида Буюк Ипак йўлидаги савдо марказларидан бири бўлган.
Шаҳар ёшини аниқлашдаги яна бир манба — ҳикоятлар, ривоятлар ва афсоналардир. Афсоналардан бири Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарида келтирилади: “Қубод ва Афросиёб вақтида Фарғона бино бўлган бўлса, ҳазрати Сулаймон вақтлари экан. Ҳазрати Сулаймон хилқати Одамдан беш минг йил кейин эди. Алҳолда хилқати Одамдан етти минг тўрт юз йил кўброқ ўтди. Бул ҳисобда Фарғонани бино бўлганига икки минг беш юзларга яқин бўлса керакдур. Барҳарҳол бу Фарғона Қубод, Нўширвон, Афросиёб ва Искандарлардан қолғон эски шаҳарлиги маълум бўладур… “Ажойиб ул-булдон”да мастурдурки, Фарғона иборати “ҳар хона”дур. Ҳазрати Искандар замонларида ақсойи шарқға борганларида Фарғона ерида бир-икки форсистондан муҳожир бўлиб келиб ўлтирган бечора деҳқони бодиянишинлар бор экан. Подшоҳга арзи аҳвол қилмоқ бўлиб, пешкаш учун нону туз ўрниға бисотларидаги товуқларини пишириб ҳазрати Искандарга тутган эканлар. Анда ҳазрати Искандар савол қилубдурларки, бу нимадур, деб. Анда арз қилғувчилар форсий лафзда жавоб берубдурларки мурғу нон, яъни товуқ билан нон деганларида, подшоҳ Искандар, арзларинг нимадир деганларида: “Арзимиз, бул турғон жойимизни шаҳар қилиб берсангиз” деганларида, умаролари ичидан бир бофаросат соҳиби ақл кишини таъйин қилиб, шаҳар қилмоқға амр қилғон эканлар. Ул кишининг оти Фарғона баҳодир экан. Ул киши неча йиллар ҳаракат қилиб, ҳар шаҳардан ва ҳар хонадан одам олиб, ўтқузуб, оти “ҳархона” деб қўюб, “ҳархона”ни Фарғона ўқуб, пархона, парғона деб ўқуб ва ҳам ул муассис кишини исми қавийроқ бўлиб, Фарғона умумий иқлимга исмдур. Чунончи, мунга далил Марғинонда подшоҳ Искандар деган ийдгоҳ мазор бордур, ул киши тушган ерлардур”.
Албатта, бу бир афсона. Ибрат буларни ёзар экан, уни ҳақиқат деб даъво қилмайди. Лекин афсона билан боғлиқ бир ҳақиқат ҳам бор. Бу Фарғона бино бўлганининг 2500 йилга яқин эканлиги, яъни Марғилон шаҳрининг гоҳи пойтахт, гоҳи расмий шаҳар бўлиб, Искандар, Афросиёб, Қубод даврларида барпо этилгани билан боғлиқ маълумотлардир. Ушбу маълумотларни Фарғона шаҳридаги эндиликда йўқолиб кетган Симтепа ва Марғилондаги Машъад шаҳристонларидан топилган нодир осори-атиқалар ҳам исботлайди.
Марғилон номининг келиб чиқиши ҳақида ҳам ҳар хил фаразлар мавжуд. Баъзи олимлар “марғ” — майсазор, ўтлоқзор деган маънони англатади, марғилон — яйловзор мазмунини беради, деган мулоҳазани билдиради. Агар бирор ном жой, халқ, халқнинг фаолияти, тақдири билан боғлиқ равишда юзага келишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу фаразда жон бор. Шаҳар Марғилонсой ҳавзасидаги кенгликда, унумдор заминда пайдо бўлган. Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Юртимиздаги бирор тарихий жой ва унинг номи келиб чиқиши ҳақида сўз кетса, дарров форсий ва арабий сўзлар луғатидан бу сўзларнинг мазмунини ахтара бошлаймиз. Гўё ўлкамизда форслар ва араблар кириб келгунига қадар бирор қишлоқ, шаҳар, қалъа, давлат бўлмаганидек, улар номсиз бўлгандек. Аслида ўлкамиз тарихи кўп минг йиллик тарих билан боғлиқ. Демак, шаҳар ва қишлоқларимиз, давлатларимизнинг ўз номлари бўлган. Чунончи, Марғилон ҳам 2000 йиллик тарих билан боғлиқ экан, унинг номи ҳам қадимийдир. Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида Косонсой шаҳри яқинида 2000 йил илгари муғлар яшаганлиги, улар барпо қилган Муғ қалъаси вайрона ҳолда ҳозиргача сақланиб қолганлиги ҳақида маълумот беради. Марғилон ҳам мана шу халқдан қолган шаҳар бўлиши эҳтимол. Бундан ташқари, Марғилон номи унинг эрамиздан олдинги , милодий  асрларда мавжуд бўлган Кушонлар империяси атамаси билан яқинлиги ҳам унинг номининг келиб чиқиши устида яна мулоҳаза қилиб кўриш зарурлигини кўрсатади.
Марғилон номи турли даврларда ҳар хил айтилган. Тарихий асарларда унинг Марғинон шакли кўпроқ учрайди. Шунингдек, у Мурғинон тарзида ҳам ишлатилган. Лекин нима бўлмасин, бу номнинг келиб чиқиши ҳақида жиддий тадқиқотлар олиб борилиши керак.
Шаҳар тарихи билан боғлиқ ёзма маълумотларнинг Х асрга қадар қисми кам сақланиб қолган. Археологик қазишмалар пайтида топилган сопол буюмлардаги битикларга кўра бу ерда суғд тили ва ёзуви етакчилик қилган. Шунингдек, бошқа ёзувлар битилган ҳунармандчилик буюмлари ҳам учрайди. Бу шаҳарнинг қадимийлигини, у савдо йўлида муҳим аҳамиятга эга қалъа бўлганлигини кўрсатади. Хитой манбааларида Фарғона водийси ва бу ердаги давлатлар, шаҳарларнинг эрамиздан олдинги даврига оид маълумотлар бор. Милоддан олдинги  —  асрларда бу ерда Паркан давлати ҳукмронлик қилган. Хитойликлар уни Даван деб аташган. Хитой тарихчиси Сима Цянь эрамиздан аввалги 104 ва 102 йилларда, эрамизнинг 80-йилларида Хитой ҳукмдорлари Даван ерларини, бойликларини босиб олиш ҳамда бу ердаги учар арғумоқларни, отларни қўлга киритиш учун ҳужум қилганликлари ҳақида ёзиб қолдирган. Хитой элчиси Чжан Цянь Даван давлатида эрамиздан олдинги  —  асрларда ўндан ортиқ воҳалар мавжуд бўлиб, уларда 70дан ошиқ шаҳарлар, қалъалар қад ростлаганлиги хусусида ёзма маълумотлар беради. Шубҳасиз, ўша пайтда водийдаги Косон, Қува, Ахсикент, Каркидон, Қайроғоч, Куюктепа, Арктепа, Эрши, Эйлатон, Мингтепа, Симтепа, Қорадарё каби эндиликда харобалари сақланиб қолган шаҳарлар қаторида Марғилон ҳам бўлган. Ўтроқлашган деҳқончилик маданияти эрта ривож топган ўлкамизда Марғилонсой ҳавзасидаги энг унумдор заминда Марғилондек гўзал шаҳар барпо этилмаслиги мумкин эмасди. Бу шаҳар ривоятларда келтирилгандек, четдан келганлар томонидан эмас, туб миллат вакиллари, аждодларимизнинг яратувчилик қудрати туфайли барпо қилинган. Тарих ҳақиқатлари шундан дарак беради.

Улуғ аллома Муҳаммад ал-Марғиноний “Назм ал-жамъи ал-кабир” асарида “Агар Фарғона водийси Турон ўлкасида тоғлар орасидан униб чиққан, барқ уриб очилиб, қизил ёноқларини офтобга тутган лолага ўхшаса, Марғилон шаҳри лоланинг ёноғига қўнган бир томчи шабнам, яъни водийнинг марваридига монанд”, деб ёзади. Ўрта асрларда яшаб ўтган бу алломанинг ушбу ўхшатиши бежиз эмас. Марғилон шаҳри ўша даврда водийнинг гуллаб-яшнаган шаҳарларидан бирига айланган. Милодий V — V асрларда шаҳарнинг ҳудуди ҳар тарафлама кенгайган. У деворлар билан ўралган. Ҳунармандчилик тараққий этган. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, бу ерда ҳам Бухоро ва Самарқанддаги каби сўғдлар орасидан чиққан худотлар, кейинчалик эфталийлар, туркий хоқонлар ҳукмронлик қилганлар. Марғилон ўз ҳукмдорига эга бўлган алоҳида ҳудуд сифатида шаклланган. Араблар босқинидан кейин ҳам бу ҳудуд муайян даражада ўз мавқеини сақлаб қолган. Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида “Мусулмонлар асрида Марғинон пойтахти Ёрмозор бўлганлиги”ни эслатиб ўтади.
Қорахонийлар даврида Марғилон ҳукмдорлари ўз номларидан танга зарб қилдирганлар. Танга намуналари Марғилонда олиб борилган археологик қазишмалар пайтида топилган. Танга зарб қилиниши Марғилон мустаҳкам мудофаа девори, кириш-чиқиш дарвозалари, ҳукмдорлар саройи, маҳаллаларга эга шаҳар бўлганлигини кўрсатади. Табиийки, ҳунармандчилик бу даврда ниҳоятда ривож топган. Танга зарб этилгани бу ўлкада мис, кумуш, темирдан буюмлар ясаш, уларга ишлов бериш яхши йўлга қўйилганидан далолат беради. Археологик қазишма ишлари давомида пахта ипидан ва ипакдан тўқилган газламалар парчалари, қадимий урчуқларнинг қисмлари ҳам топилди. Эндиликда қорайиб кетган бу буюмлар Фарғона водийсида тўқимачилик қадимдан ривож топганлигини исботлайди. Айниқса, ўрта асрларда бу ерда кулолчилик, шишасозлик, ёғоч ўймакорлиги, мисгарлик, заргарлик тараққий этди. Шойи, атлас Марғилоннинг довруғини оламга ёйди. Миср, Кичик Осиё, Эрон, Хитой, Ҳиндистондан келган савдогарлар Марғилоннинг ипак матоларини дунёнинг энг машҳур бозорларига олиб бориб сотганлар. Х асрда яшаган тарихчилардан бири “Марғилоннинг бир кўйлаклик шойиси Исфаҳоннинг бир йиллик даромадига тенг”, деб ёзганди. Археологик қазишмалар жараёнида топилган сопол идишлар, мисгарлик, заргарлик буюмлари, темирдан ясалган қуроллар марғилонлик устазодаларнинг юксак маҳоратидан далолат беради.
2006 йили Англия ва мамлакатимиз археологларининг узоқ йиллик тадқиқотларидан кейин ўрта асрларда дунёга машҳур бўлган Дамашқ қиличи Фарғонада тайёрланган, деган фикрга келдилар. Уларнинг фикрича, ўша даврда Дамашқда бундай қиличларнинг хомашёси — темирни эритадиган устахоналар ва темирга бой руда конлари бўлмаган. Фарғонада эса, бундай руда конлари ҳам, уларни эритадиган печлар ҳам мавжуд бўлган. Шу боис Фарғонада тайёрланган пўлат шамширлар Дамашқ бозорларида сотилгани сабабли Дамашқ шамширлари сифатида донг таратган. Қолаверса, 1974 йили археологлар Сирдарё бўйидан пўлатдан ясалган энг қадимий дубулға топган эдилар. Дамашқ қиличларининг таркиби ҳам ана шу дубулға таркибидаги пўлатга монанд бўлиб чиқди. Бу олимларнинг юқоридаги фикрга келишига сабаб бўлди. Ҳунармандчилик соҳасида аждодларимизнинг “сири” қайтадан кашф этилди.
Шубҳасиз, шаҳарда исломгача бўлган даврда ва ислом дини ҳукмронлик қилган пайтлари ҳам меъморлик соҳасида йирик иншоотлар барпо этилган. Н.Абдулаҳатов ва Ў.Эшонбобоев “Марғилон ҳақида сўз” китобида “Рус зобити Филипп Ефремов 1782 йили Фарғона водийси орқали Қашғарга ўтиб кетаётиб Марғилон шаҳрини кўришга муяссар бўлади. Ф.Ефремов кейинчалик ўз эсдаликларида Марғилон бозорида айлана шаклидаги баландлиги 40 сажен — 85,3 метр, эни 2,5 сажен — 5,3 метрдан иборат тошминорани кўрганлиги ҳақида маълумот беради”, деб ёзадилар. Бундай миноранинг мавжудлиги 1800-йиллар бошида бу шаҳарга келган ҳинд, татар савдогарлари, рус сайёҳлари томонидан ҳам эътироф этилган.
Рус тадқиқотчиси А.Писарчик XX асрнинг иккинчи ярми — ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган андижонлик моҳир уста Юсуфали Мусаевдан ёзиб олган Марғилон шаҳридаги бир минора тарихи билан боғлиқ воқеани келтиради. Унда айтилишича, қорахонийлар сулоласи ҳукмдори Қизил Арслонхон X асрда 11 шаҳарга минора қуришга фармон беради. Бухоро, Вобкент, Ўзган, Андижон, Марғилон каби шаҳарларда миноралар тикланади. Марғилондаги миноранинг баландлиги 25 қулочдан ортиқ, яъни 37 метрдан баланд бўлган. Бу минора XX асрнинг биринчи ярмида Амир Умархон даврида буздирилган. Уни бузиш ишида Мулло Азамат деган уста қатнашган ва минора тарҳини тўла чизиб қолдирган. Афсуски, бу чизмалар ҳозиргача топилмаган.
Аждодлардан авлодларга оғзаки равишда етиб келган бу тарихни ҳақиқат деб оладиган бўлсак, шу ўринда яна бир ўтмиш ҳақиқати аён бўлади. Маълумки, меъморликда аждодларимиз минораларни якка ҳолатда тикламаганлар. Унинг ёнида бирор масжид, мадраса ёки ҳонақо мавжуд бўлган. Ёки бўлмаса, минора шаҳар маркази, бозор яқинида қад ростлаган. Демак, Марғилонда ҳам бу минора билан боғлиқ катта бир мажмуа мавжуд бўлган. Афсуски, уларнинг бирортаси сақланиб қолмаган.
Шаҳарнинг ўрта асрларга оид тарихи ҳақида ёзма манбаларда турли хил маълумотлар учрайди. Бундай маълумотлар кўпроқ араб тилида ёзилган асарларда мавжуд. Араб географи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Мақдисий “Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма” асарида Фарғона водийсида Х асрда 40 шаҳар ва қишлоқ бўлганини кўрсатиб ўтади. Буларни у уч тоифага — Миёнрудий, Несия, Вағзи шаҳарларига ажратади. Марғилон шаҳрини Ўш, Қубо, Баранг, Риштон, Ванкат, Кент билан биргаликда Несия шаҳарлари жумласига мансуб, деб ҳисоблайди. X асрда яшаб ўтган Абу Саъид Абдулкарим ас-Самъоний “Насаблар ҳақида китоб” асарида “Марғилон — Фарғонанинг энг катта ва ҳунармандчиликда машҳур шаҳарларидан бири, қишин-ёзин табиатида мўътадиллик бор”, деб ёзади. X — X асрларга мансуб тарихчи Ёқут Ҳамавий “Мамлакатлар ҳақида маълумотлар” асарида “Марғилон — Мовароуннаҳрдаги гўзал, аҳолиси кўп, ер-суви яхши, ҳунармандчилик ривож топган шаҳар”, деб таъриф беради.
Марғилон ўрта асрларда тарихчилар асарларида алломалар, шоирлар, улуғ фақиҳлар шаҳри сифатида ҳам эътироф этилган. Шаҳарнинг Машъад маҳалласида Улуғ ота зиёратгоҳи бор. Бу ерга аллома Имом Абдулазиз ибн Абдураззоқ ал-Марғиноний дафн этилган. Шайх Лакҳнавийнинг маълумот беришича, у 1016 йили таваллуд топган. Аввал Марғилонда, кейин Самарқандда яшаган. Мадрасада дарс берган. Умрининг охирида Марғилонга қайтиб келган, шу ерда вафот этгач Улуғ ота қабристонига қўйилган. Алломанинг 6 ўғли бўлган. Ўғилларининг ҳаммаси етук олимлар бўлиб етишган. Тарихчиларнинг ёзишича, ўз даврида улар ҳақида “битта ҳовлидан еттита илмга мафтун бўлганлар чиқди”, деб айтишар экан. Шайх Лакҳнавий унинг ўғилларидан иккитаси — Абулҳасан Заҳириддин Али ва Шамсуддин Маҳмуд ал-Ўзжандий ўз даврининг машҳур кишиларидан бўлганлигини таъкидлайди.
Абу Саъид Абдулкарим ас-Самъоний асарида Марғилоннинг Қандоб маҳалласидан етишиб чиққан яна бир олим ҳақида бундай деб ёзилади: “Абу Муҳаммад Умар ал-Қандобий ал-Марғиноний Марғилоннинг Қандоб маҳалласидан бўлиб, ал-Фарғоний номи билан танилган. У 485(1093) йили таваллуд топган. Самарқандда муфтилик қилган. Фиқҳ илмини қози Маҳмуд ал-Ўзжандийдан ўрганган. Ўз даврининг кучли фақиҳларидан саналган. Улуғ алломалар билан ҳамкорлик қилган”. Самъоний ўзи ҳам ҳадис илмини ана шу алломадан ўрганганлигини эслатиб ўтади.
Абу Саъид Абдулкарим ас-Самъоний бу ердан етишиб чиққан бошқа алломалар номларини ҳам тилга олади. “Марғиноний — Фарғона вилоятининг машҳур шаҳарларидан бўлмиш Марғинон шаҳрига нисбатан берилади. Бу ердан етишиб чиққан илм аҳлларидан бири Абу Юсуф ибн Аҳмад ал-Марғинонийдир. Бу олим фарғоналиклар орасида биринчилардан бўлиб Маккада Абу Али аш-Шофъейдан дарс тинглаган. У ҳақда Муҳаммад ан-Насафий ривоят қилади ва ал-Марғиноний имом ал-Ҳажжожга сўз айтган, дейди. У Сарахс шаҳрида яшаган ва 416(1025) йили вафот этган. Имом Абулмаолий Қайс ал-Марғиноний ҳам фозил кишилардан бири бўлган. У Самарқандда яшаган ва шу ерда мадрасалардан бирида дарс берган. Аллома Самарқанддаги Жомеъ масжидида жума куни мунозарада гапириб турган пайтида 526 йили, шаввол ойининг 19-кунида (1132 йилнинг 31 июлида) вафот этган. Бу пайтда у рўзадор бўлган. Уни Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн қилганлар”.
Ўрта аср алломаларидан бири Боҳарзий тазкирасида араб тилида шеърлар ёзган шоирлар орасида Абул Ҳасан ал-Марғинонийнинг ҳам номини тилга олади. Машҳур уламо бўлган бу инсон зоҳидлик даражасига кўтарилган, латиф шеърлар битган. Боҳарзий тазкирасида унинг араб тилида шеърлар битганини ёзади. Унинг қачон вафот этгани ҳақида маълумот бермайди. Боҳарзий X асрда яшаб ўтган. Абулҳасан Марғиноний у билан ҳамаср бўлган. Демак, бу аллома X асрда яшаганлиги маълум бўлади.
“Алмуто”(“Фатволар калити”) асари ва “Васиятлар” китобини ёзган Ҳасан ал-Марғиноний, Шоҳ Вали ал-Марғиноний кабилар ҳам шу шаҳарда таваллуд топган. Садрлар оиласидан чиққан фақиҳ Ҳисомиддин ас-Садр аш-Шаҳид ал-Бухорий ал-Марғиноний Бухорода ҳоким бўлган. У қорахитойлар билан 1141 йили Самарқанд яқинидаги Катвон даштида кечган жангда шаҳид бўлган. Унинг йигирмадан ортиқ асар ёзганлиги ҳақида маълумотлар бор. Унинг авлодларидан Тожиддин Аҳмад ас-Садр ас-Саъид ал-Бухорий ал-Марғиноний ҳам ислом оламидаги машҳур уламолардан бири. Унинг ҳам кўплаб асарлар ёзганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Афсуски, аллома асарларидан бирортаси ҳозиргача топилмаган.
Абдулазиз ал-Марғинонийнинг ўғли “Фатовайи Заҳириййа” асарини ёзган Заҳириддин ал-Марғиноний ҳаёти ҳам шу шаҳар билан боғлиқ. Тарихчилар уни Заҳириддин Абулмаҳосин номи билан ислом оламига машҳур бўлган аллома, деб ёзадилар. Унинг қабри Марғилон шаҳридаги Машъад маҳалласи ҳудудида. Маҳмуд ал-Марғинонийнинг ўнлаб асарлари орасида “Ал-Муҳит ал-Бурҳоний” асари ислом оламида машҳур бўлган. Низомиддин Бурҳониддин ал-Марғиноний Самарқандда қози ва муфти лавозимларида ишлаган; Муҳаммад аш-Шайбоний асарларига шарҳлар ёзган. “Тазкира ул-атқиё” асарининг муаллифи Муҳаммад Амин ал-Марғиноний мўғуллар истилоси даврида шаҳид бўлган.
Шубҳасиз, ўрта асрларда Марғиноний нисбаси билан ижод қилган, илмий асарлар яратган алломалар орасида Бурҳониддин Марғиноний номи алоҳида ажралиб туради. Унинг ўнлаб асарлари орасида “Ҳидоя” асари мусулмон оламида 800 йилдан бери ислом қонуншунослигининг асоси саналиб келинмоқда. Араб ва ажам мулкидаги барча алломалар “Агар Марғилондан Марғилоний нисбаси билан ўнлаб алломалар, фақиҳлар етишиб чиқмай, биргина Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари яшаб ўтганларида ҳам бу шаҳарнинг довруғини оламга таратишга етар эди”, деб эътироф этадилар. Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий алломанинг илм-фандаги, ҳаётдаги хизматларини таърифлаб бундай деб ёзади: “Имом ал-Марғиноний фақиҳ, Қуръон ҳофизи, муҳаддис, муфассир, барча илму фанни ўрганиб, ўзлаштирган иқтидорли устод, ўткир назар билан текширувчи ва диққат билан иш юритувчи зоҳид, мутаққий, маҳорат ва фазилатлар эгаси, усулий(фиқҳ усуллари илмини чуқур билувчи), илму адабда мисли кўрилмаган адиб ва шоир, илмул хилоф ва мазҳаб соҳалари бўйича юксак салоҳиятга эга бир зот эди”. Бу таъриф Бурҳониддин Марғинонийнинг хизматлари нақадар буюклигини кўрсатади. Алломанинг ўзигина эмас, унинг фарзандлари, неваралари, умуман, авлодлари ҳам илму адабда, фанда машҳур инсонлар бўлиб етишган. Унинг ўғли Имодуддин ибн Бурҳониддин ал-Фарғоний фиқҳ илмида ва шеъриятда юксак истеъдод эгаси бўлган. Невараси Абулфатҳ Зайнуддин Абдураҳим ибни Имодуддин ал-Фарғоний Самарқандда яшаб, илм билан шуғулланган. Унинг 1253 йили “Ал-фусул ул-Имадия” деб номланган асар яратганлиги маълум.
Бурҳониддин Марғиноний асарларидан бирида “Ҳеч қачон илм ўрганиш ишида узилиш рўй бермаслиги керак, негаки, бу катта йўқотишларга олиб боради. Мен илм ўрганиш жараёнида ҳеч қачон узилишга йўл қўймаганим сабабли барча сафдошларимдан ўзиб кетдим”, деб ёзган эди.
Дарҳақиқат, ўрта асрларда марғилонлик алломалар ўртасида илм-фанда узилиш бўлмаган. X асрдан XV асрга қадар бу шаҳарда юзлаб фақиҳлар, муфассирлар, муҳаддислар, мутаққийлар, зоҳидлар, илму адабда иқтидорли, етук инсонлар яшаб ўтганлар. Бу шаҳар номини улуғлаганлар. Айни пайтда, Марғилон моҳир ҳунармандлар шаҳри сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Шаҳарнинг 2000 йиллик кечмиши инсоният тамаддунида энг ёрқин саҳифаларни ташкил этади. Шаҳар тўйининг халқаро миқёсда нишонланиши сабабларидан бири ҳам ана шунда.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 26 ва 30-сонидан олинди.