Жастин Мароззи: Ислом шамшири ва жаҳон фотиҳи ҳақида

Буюклар ҳамиша жаҳон нигоҳида. Уларнинг амалга оширган ишлари бир халқ ёки миллат чегарасида қолиб кетмайди, балки умумбашарий аҳамиятга эга бўлади. Буюклар шахсияти ўз жозибаси инсонларни ўзига жалб қилаверади. Ўз халқини жаҳон миқёсига кўтарган ва оламшумул ишлари билан дунё аҳлини ҳайратга солган шахслар ҳақида турли-туман гаплар айтилган ва бундан сўнг ҳам айтилади. Аммо бу фикрлар қандай руҳда эканидан қатъий назар, унинг замирида ўша буюк шахсга нисбатан юксак эҳтиром мужассам бўлади. Бобомиз буюк Соҳибқирон Амир Темур тарихда миллати ва ўзи учун шонли саҳифаларни очиб кетган улкан шахсиятдир. У кишининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳам бир-биридан фарқ қилувчи мулоҳазалар минглаб китобларда юзлаб миллат вакиллари томонидан баён қилиб келинмоқда. Ана шундай китоблардан бири италиялик Жастин Мароззининг дастлаб 2004 йилда, кейинчалик 2007 йилда қайта нашр қилинган китоби «Tamerlane: Sword of Islam, Conqueror of the World» (Темурланг: Ислом шамшири ва жаҳон фотиҳи) деб номланади.

Жастин Мароззининг кўплаб китоблари саёҳатлари ҳосиласидир. Хусусан, ушбу китобни ҳам диёримизга сафар қилиб ёзган. У Самарқанд ва бошқа вилоятларда бўлиб, буюк бобокалонимиз ҳақида эшитган кўп ривоятлардан ҳам ушбу китобда фойдаланган.

Жастин Мароззи «Самарқанднинг… ҳаёти жумбоқлар ва сирларга бой бўлган императори босган издан саёҳат қилиб… шафқатсиз, аммо такомил ва қудратга етган жангчининг ҳаётини» сўзлаб беришга ҳаракат қилади. Китоб Амир Темурнинг Анқара шаҳрида Йилдирим Боязидга қарши тўплаган аскарлари ва ўғилларининг ҳар бир қанотда амир вазифасида бош бўлиб мардонавор жангга кираётгани тасвири билан бошланган.

Китоб давомида муаллиф қарама-қарши фикрлар гирдобида қолиб кетганини сезасиз. Бир қасангиз, бобомизни мақтаб осмонларга олиб чиқади. Бошқа сафар эса буткул ўзи айтган ижобий хулосаларни унутиб қўйгандек туюлади. Масалан, Амир Темур шахсиятини тасвирига бағишланган ўринларда муаллифнинг ҳаяжони яққол кўринган. У бобомиз лашкарнинг жангга тайёргарлиги ва жасурликларини эътибор билан таъкидланган. Амир Темурнинг жанг усуллари, аскарларни жангга тайёрлаш услублари ва, шунингдек, одамлар билан бўлган муомаласи атрофлича ёритилган.

Амирнинг ботирлиги, ўлимдан қўрқмаслиги, тўғрисўзлиги, одиллиги ҳурмат билан тилга олинган. Аммо бирдан у шундай давом этади: «Темурланг (1336–1405) дунёнинг энг буюк истилочилари бўлмиш Чингизхон ва Александр Македонский билан бир қаторда туриб, армияси ваҳший эди. У бутун Осиё, Африка ва Европага қўрқув солган. Темурнинг армияси бамисли аланга бўлиб, Осиё бўйлаб ёнғин каби шаҳарларни куйдирган, аҳолини ҳалок қилган. Асирларга озор берган, душманларини қирғин қилган. …Кимда-ким Темурлангга қарши чиқишга ҳадди сиққудек бўлса, боши танасидан жуда қилинган».

Жастин Мароззи шу каби фикрларин китобнинг турли бобларида баён қилиб, давом этади: «Умрининг охирига келиб Амир Темур ўзининг темир қонуни ва мукаммаллаштирилган маданиятини Суриядан Ҳиндистонгача, Сибир Ўрта денгизгача чўзилган жуда катта ҳудудга қабул қилдирди».

Мароззи: «Амир Темур Боғдодни қўлга киритганида ўз аскарларига тўқсон минг душман кишининг калласидан пирамида қуришни буюрган», – деб ҳикоя қилади. Буюк Амир ўз хотираларида Боғдодда ҳақиқатдан ҳам кўп киши ҳалок бўлганлигини айтиб ўтган, аммо нима шунча одам кўз юмганини, нима сабаб бўлганлигини барчасини ётиғи билан тушунтирган («Мен – фотиҳ Темур»).

Ёзувчи ва сайёҳ бўлган Мароззи Амир том маънода Чингизхон изидан бориб «Москвадан Ўрта денгизигача, Деҳлидан Дамашққа»гача чўзилган қиролликни қурган бўлса-да, Буюк Темур Ғарб дунёсида кўп танилмаган шахс бўлиб қолаётганини айтиб ўтади. Шунинг учун ҳам мураккаб ва Ғарбга кам маълум бўлган бу мавзуни ва буюк саркарданинг ҳаётига боғлиқ тафсилотларни Мароззи ўз билганича етказиб беришга ҳаракат қилган.

Унинг Буюк Амирни раҳм-шафқатсиз золим деб тасвирлар экан, бобомиз ўзи учун суюкли бўлган Самарқанднинг маданияти ва архитектураси ривожи учун тинмасдан ҳаракат қилганини айтиб ўтиб, бу ишлари мақтовга арзигулик деб фикр билдирган. Хусусан, адиб ёзади: «Амир Темур Чингизхон сингари шаҳарларни вайрон қилишга ўрганган бўлса ҳам, қайта қуришга ҳам катта эътибор берди ва бунда у юқори билимга эга эди. Айнан Буюк Темурнинг даврида исломий санъат ва архитектура гуллаб-яшнаб, юксак равнақини топган».

Мароззи Ўзбекистонга келганида Совет ҳукумати кўп зиёратгоҳ жойларни, муқаддас иморатларни ва миллий бойликларни вайрон қилгани ва бузғунчилик ишларини амалга оширганига гувоҳ бўлганини таъкидлаган.

Китобни ёзишда Жастин Мароззи Шарқнинг энг кўзга кўринган тарихчилари ва ёзувчилари қаламига мансуб қимматли манбаларидан ҳам фойдаланган. Хусусан, Аҳмад ибн Арабшоҳнинг “Темурланг ёки Буюк Амир Темур” (Ж.Ҳ. Сандерс томонидан таржима қилинган), Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Аҳмад Ҳасаннинг “Темур мероси”, Муҳаммад Қосимнинг “Ҳиндистондаги Муҳаммадий ҳокимиятнинг юксалиши тарихи”, Отамалик Жувайнийнинг “Жаҳон истилочисининг тарихи”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Ибн Батутанинг “1325-1354 йиллардаги Осиё ва Африкага саёҳат”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” китобларидан фойдаланган. Ғарб қўлёзмаларидан Бойлнинг “Чингизхон ўринбосари”, Александр Борннинг китобларидан, Клавихо де Гонсалеснинг “1403–1406 йилларда Темурланг мамлакатида элчилик” каби асарларидан фойдаланган.

Ушбу китоб ҳақидаги кўплаб илиқ фикрлар билдирилган. Мана, биз китобнинг умумий мазмуни билан қисқача танишиб чиқдик. Кўрдикки, муаллиф бобомиз ҳақида гапиришда “ўз назарида” холис, аслида эса анча жиддий камчиликларга йўл қўйган.

Нега?

Чунки у аввало, бобомиз Амир Темурнинг эътиқодини юрагидан ҳис қила олмаган. У “Темур – сирли” деган хулосага келган. Бу сирнинг тагига етиш учун ҳаракат қилиб ҳар сафар адашиб кетаверади: “Темур – қонхўр, аммо у бунёдкор. Темур – шафқатсиз, аммо у адолатли ва шерюрак. Темур – босқинчи, аммо эътиқоди мустаҳкам мусулмон”. Мароззи зиддияли сифатлар бир одамда қандай мужассам бўлган экан деб бош қотиради. У бобомизни салбий рангларда тасвирлашга мойиллик билдиради, лекин ҳар сафар Амир Темур даҳоси олдида ҳаяжон босиб, мақтовли сўзлар айтиб юбораверади. Бобомизни тўлиқ қоралаб юборишга виждони йўл қўймайди, ижобий тасвирлашга эса… ҳасадми, ёки шунга ўхшаш боқа бир ҳиссиётми, йўл бермайди. Шунинг учун китоб бир-бирини инкор этувчи маълумотларга тўлиб-тошиб ётибди.

Биз бу китобни бобомиз ҳақидаги асар бўлгани учунгина ўқидик ва қабул қилдик. Ғарбда бобомиз ҳақида нималарни ўйлашар экан деб қизиқдик ва бу ҳақда билиб олдик.

Тарих миллатнинг бугуни ва келажагини белгилаб беради. Тарих – илдиз. Илдизсиз дарахт бўлмайди, тарихсиз миллат. Дунё, хусусан, Ғарб бизни тарихимизга қараб танийди. Ғарб онгига тарихимиз, буюк шахсларимиз ҳақида хато фикрлар сингиб қолган. Бу фикрларни ўзгартиришга бугунги авлод бурчлидир. Бунинг учун, аввало, ўзимиз ўз тарихимизни чуқур билишимиз керак. Қадимги тарихчиларимизнинг, хусусан, Жувайний, Мирзо Улуғбек, Давлатшоҳ Самарқандий, Мирхонд, Абдураззоқ Самарқандий, Хондамир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абулғозихон каби олимларнинг тарихга доир китобларини керак бўлса, эски қўлёзмада – оригинал вариантларини ўқиш шарт. Уларни ўзаро қиёслаб, ишончлиларини саралаб, ҳақиқатга яқин бўлган асл тарихни тиклаш лозим. Кейин Ғарб олимларининг ёндашувларини жиддий ўрганиб, улар рад эта олмайдиган фактлар билан ҳақиқатни исботлаб бериш мақсадга мувофиқ ишдир. Айни пайтда муаллифлари Жастин Мароззи каби фикрлаб, худди унинг китобидек ёзилган минглаб асарларни ҳақиқатдан йироқ деб қанчалик бонг урмайлик, фикрларимиз асосга эга эмасдек кўринади ва ҳеч нарсани ҳал қилиб бермайди.

Даставвал бобомиз Амир Темурнинг буюк шахсияти, валийликка хос бўлган хислатларини аввал ўзимиз ўрганиб, юракдан ҳис қилайлик. Кейин бизнинг бобомиз ва биз ҳақимизда ҳам ҳар қандай одам ўйланиб, мулоҳаза қилиб гапиришга мажбур бўлади.

Муаллиф ҳақида

Жастин Мароззи (Жустин Мароззи) 1970 йилда туғилган англиялик тарихчи ва журналист ва сайёҳ ёзувчи бўлиб, мусулмон олами бўйлаб кенг саёҳат олиб борган. Журналист сифатида “BBC”, “Financial Times”, “Economist”да фаолият олиб борган. Ҳозиргача унинг бешта китоби нашр қилинган. Булар қуйидагилар: “Ваҳшийликдан жанубда” (South from Barbary), “Темурланг: Ислом шамшири ва жаҳон фотиҳи” (Tamerlane: Sword of Islam and Conqueror of the World), “Тадқиқот юзлари” (Faces of Exploration), “Тарихни яратган инсон: Геродит билан саёҳат қилади” (The Man Who Invented History: Travels with Herodotus), “Боғдод: Тинчлик шаҳри, қон шаҳри” (Baghdad: City of Peace, City of Blood).

Аммо унинг “Темурланг: Ислом шамшири ва жаҳон фотиҳи” номли асари жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди ва Англиянинг “Sunday Telegraph”и томонидан “Йилнинг энг яхши китоби” деб таърифланди. Айни пайтда Лондонда истиқомат қилади.

Жалолиддин КАБИР,

талаба


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!