Жаҳон молиявий инқирози тарихидан

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида «жаҳон молиявий инқирози» деган ибора тез-тез тилга олинмоқда. Хўш, бу ўзи нима? Инқироз қаердан келиб чиқади? Сабаблари нима? Унинг ечими қайда? Бугунги инқироз ҳақида сўз юритишдан олдин тарихда юз берган молиявий инқирозларга назар ташласак.

Голландиядаги 1634-1637 йилги инқироз

Уни «лола» инқирози деб атаса тўғрироқ бўлади. Мамлакатдаги молиявий инқирознинг бошланишига лола пиёзига бўлган ўта ортиқча эътибор сабабчи. Лолани асосан зодагонлар сотиб олишлари унинг қимматлашишига сабаб бўлган. Айримлар «Лола пиёзи борган сари қимматлашади ҳамда уни сотиб катта даромад топаман», деган фикрда ҳаттоки мол-мулкларини ҳам гаровга қўйиб, лола пиёзи сотиб олишган. Охир-оқибат, ҳамма лола етиштириш билан шуғуллана бошлагач, бозорда сотиб олувчи қолмаган. Натижада лола пиёзининг нархи оддий пиёзники билан бир хил бўлиб тушиб қолгач, бутун эътиборини лола етиштиришга қаратган мамлакат учун оғир кунлар бошланган. Иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига эътибор қаратмаган Голландиянинг ташқи бозорини уч йил ичида Англия эгаллаб олган.

Франциядаги 1720 йилги инқироз

Бу инқирозга Франция молия назоратчиси Жон Лонинг қарори сабаб бўлган. Франциянинг улкан қарздорлигини бартараф қилиш мақсадида у қимматли қоғозларни бекор қилиб, инфляцияни йўқ қилган. Аммо Лонинг бу уринишида камчиликлар ҳам бўлганлиги боис мамлакат молиявий таназзулга учраган.

1825 йилги халқаро инқироз

Буюк британиялик инвесторлар Лотин Америкасида олтин қазиш ишларига каттагина маблағ киритишган ва қазиб олинган қимматбаҳо металларни Лондон фонд биржасида сотишган. Катта фойда олиш учун айрим қинғирликлар юз бериб, Буюк Британия банк тизимида молиявий инқироз бошланган ва бу Лотин Америкасига ҳам таъсир кўрсатган.

Европадаги 1847 йилги инқироз

Ўша даврдаги технологик тараққиёт темир йўл компанияларининг шиддат билан ривожланишига олиб келган. Инвестицияга бўлган талаб ва олинадиган даромаднинг катталиги турли қинғирликларни келтириб чиқарган. Оқибатда Англия, Голландия ва Германияда молиявий инқироз бошланган.

1914 йилги халқаро инқироз

Биринчи жаҳон уруши, сиёсий ва иқтисодий вазият оқибатида урушаётган мамлакатлар иқтисодиёти ҳарбий йўналишга қаратилганлиги жаҳон молиявий инқирозига олиб келган.

Германиядаги 1920-1922 йилги инқироз

Биринчи жаҳон урушидан кейинги оғир вазият Германия аҳолисининг ёппасига қашшоқлашишига ва гиперинфляцияга олиб келган. Ўша пайтларда иш ҳақини кунига икки марта беришган, чунки кечга бориб пул қадрсизланиши одатий ҳолга айланиб қолганди. Инқироз таъсири Буюк Британия, Голландия, АҚШ, Норвегия, Италия, Данияга ҳам етиб борган.

АҚШдаги 1929-1933 йилги буюк инқироз

Фонд бозорининг синиши ва Америка компаниялари акциялари нархининг жадал равишда тушиб бориши АҚШни инқироз ёқасига олиб келган. Ишлаб чиқаришнинг қисқариши оқибатида америкаликлар нафақат иш жойларидан, балки кун кечириш имкониятидан ҳам маҳрум бўлишган.

1973 йилги молиявий инқироз

«Энергетик инқироз» нефть нархининг ошиб кетишига олиб келган. Бир йил давомида бир баррел нефтьнинг баҳоси 3 доллардан 12 долларга кўтарилган.

1997-1998 йилги молиявий инқироз

Хориж инвесторларининг кетишлари оқибатида Жануби-Шарқий Осиёда инқироз бошланган. Инқироз асосан Жанубий Корея ва Россияга салбий таъсир кўрсатган. Россиянинг асосий валюта манбаи — нефть нархининг тушиши оқибатида мамлакат валютасининг қадри тушиб кетган.

2001 йилги молиявий инқироз

Янги аср бошида технологик янгиликларга бўлган қизиқиш интернет компаниялар акциялари бозорида турли товламачиликларни келтириб чиқарди. Катта даромад топиш илинжида бўлган инвесторлар интернетга озгина алоқаси бўлган компанияларга ҳам маблағ кирита бошлашган. Аммо кутилган даромад келмагач, аксарият компаниялар катта зарар кўришган.

Бугунги инқироз

АҚШда 2007 йилда бошланган инқироз пулни қайтаришга лаёқати бўлмаганларга ҳам кредит берилавериши оқибатида пайдо бўлди. Ипотека инқирози 2006 йилнинг охирида, уй-жой учун олинган кредит маблағларининг оммавий равишда қайтарилмаганлиги сабабли бошланди ва тез орада аввалига Америка молиявий секторига, кейин эса бошқа мамлакатларга ёйилди. Аксарият компаниялар банкрот бўлди ёки жиддий зарар кўрди, бу эса кредитлаш ҳажмининг кескин қисқаришига ва Америка иқтисодиётининг инқирозга учрашига замин тайёрлади. Молиявий инқироз таъсирида АҚШда кўчмас мулк нархи кўтарилмади, янги уй қуриш суръати эса кескин пасайиб кетди. Молиявий ва қурилиш секторлари билан боғлиқ Америка фонд бозори 2007 йилнинг иккинчи ярми давомида пастга «шўнғиб» борди.

ХХИ асрнинг дастлабки йилларида ипотека компаниялари фоиз ставкаларини тушириш ва яна бошқа йўллар билан мижозларни жалб этиш учун ҳаракат қила бошладилар. Ҳаттоки кам даромадли оилаларга ҳам уй-жой кредитларини бериш бошланди. Аср бошида бундай кредитлар ипотека бозорининг 12 фоизини қамраб олган бўлса, 2007 йилда 23 фоизга етди. Аммо кредит олувчилар орасида олинган пулни қайтармайдиганлар ҳам кўп эди. 2007 йилгача АҚШда кўчмас мулк нархи доимий равишда ошиб борди ва бу ипотека кредитлари бозорини мустаҳкам ушлаб турди. Америкаликлар орасида шундай инвестицион услуб тарқалганди — ипотека кредити эвазига уй сотиб олиш ва вақт ўтгач, уни қимматроқ нархда сотиш. Бундай савдодан яхшигина фойда олаётган кредит-ипотека ташкилотлари бор имкониятларини ишга солиб, кредит олувчилар сонини оширишга киришдилар. Улар ҳаттоки кредит олувчининг қарзни тўлай олиш лаёқатига ҳам эътибор бермай қўйдилар. Айрим ҳолларда кредит миқдори сотиб олинаётган уй нархидан ҳам кўпроқни ташкил қиларди. 2004 йил бошида Америка ипотека кредитлари фоизи билан боғлиқ Лондондаги банклараро кредитлаш фоизи кўтарилиб кетди. Катта фоиз тўлаш оқибатида бундай услубдан воз кечишга киришилди. Америка кўчмас мулк бозоридаги кўтарилиш тўхтай бошлади ва уй-жой нархи тушиб кетди. Қарздорлар қарзларини қайтариш учун уйларини сотишга мажбур бўлдилар. Оммавий равишда уй-жойларнинг сотилиши эса кўчмас мулк нархини тушириб юборди ва кўчмас мулк бозоридаги акциялар нархи кескин туша бошлади.

Инқирознинг дастлабки қурбони Америкадаги йирик ипотека компанияларидан бири ҳисобланган Неw Cэнтурй Финанcиал Cорп. бўлди. 2006 йилнинг мартида унинг қарзлари шу даражага етдики, компания кредит беришни тўхтатди ва акцияларини фонд биржасидан олишга мажбур бўлди. Ипотека облигацияларига эга бўлган бошқа компаниялар ҳам шу тарзда инқирозга учрай бошлади.

Ипотека инқирозининг асосий иштирокчилари сифатида Федерал миллий ипотека ассоциацияси (Фанние Маэ) ва Федерал уй-жой ипотека кредити коропорацияларини (Федерал Ҳоме Лоан Мортгаге Cорпоратион) айтиб ўтиш мумкин. Бундан етмиш йил илгари АҚШ Конгресси томонидан ташкил этилган бу компаниялар акциядорлик компаниялари бўлиб, ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади. Уларнинг вазифаси кредиторлардан ипотека кредитларини сотиб олиш ва шу йўл билан янги кредитлар беришга имконият яратишдир. Аммо бу компаниялар кафолатсиз кредитларни сотиб олмадилар ва кредиторлар акцияларини бошқа инвесторларга (асосан Ғарбий Европа ва Шарқий Осиё) сотишга мажбур бўлдилар. Бу эса инқирознинг дунёвий миқёсда авж олишига олиб келди.

2008 йилнинг баҳорига келиб АҚШдаги молиявий компаниялар катта зарар кўрганликларини эътироф этишди. Икки йил илгари бошланган ипотека инқирози Американинг «Катта бешлик» деб аталувчи банклар гуруҳига кирувчи Беар Стеарнс банкини биринчи бўлиб «синдирди». Голдман Сачс, Леҳман Бротҳерс, Меррилл Лйнч ва Морган Станлей банклари эса учликка айланди — Леҳман Бротҳерс банкрот деб эълон қилинди, Меррилл Лйнчни эса Банк оф Америcа банки икки баравар арзонга — 50 миллиард долларга сотиб олди. Бундан ташқари, Америcан Интернатионал Гроуп суғурта компанияси эса молиявий қийинчиликлардан қутулиш учун 85 миллиард доллар ёрдам пули олишга мажбур бўлди.

Ўтган ҳафтада Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) жаҳон молиявий инқирозига қарши тура олиш учун қашшоқ мамлакатларга ёрдам бергани қўшимча 150 миллиард доллар кераклиги ҳақида билдирди. Бу ҳақда ХВФ раҳбари Доминик Стросс-Кан маълум қилди.

Унинг айтишича, молиявий инқироз мамлакатлар иқтисодиётига кутилганидан кўра кўпроқ таъсир ўтказган. 2008 йил охирида ХВФ бир қатор мамлакатларга 50 миллиард доллар кредит ажратганди. Ҳозирда Европа ва Осиёнинг яна бир нечта мамлакатларига кредит ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

ХВФ инқироз оқибатида жаҳон иқтисодиёти 1,4 триллион доллар зарар кўришини тахмин қилганди. Эндиликда эса бу рақамнинг янада ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Голдман Сачс инвестицион банкининг ҳисоб-китобига қараганда эса, ипотека инқирози оқибатида жаҳон иқтисодиёти 1,2 триллион доллар зарар кўради, бунинг 460 миллиард доллари Америка молиявий компаниялари ҳисобига тўғри келади. Шунингдек, экспертлар молиявий инқироз узоғи билан уч йил давом этишини тахмин қилмоқдалар.

Тахминларнинг қанчалик тўғри-нотўғри эканлигини эса вақт кўрсатади…

Дилшодбек Асқаров тайёрлади